ЖУРНАЛИСТ БЎЛИШ УЧУН ТУҒИЛГАН ЙИГИТ


ЖУРНАЛИСТ БЎЛИШ УЧУН ТУҒИЛГАН ЙИГИТ

   Менинг ғамхўр, ажойиб укам Музаффар Муҳаммадназарни таваллуд топган куни билан табриклайман! Бу  йигитни нафақат мен ва  менга ўхшаган журналистлар, балки республика аҳли яхши танийди, десам муболаға бўлмас. Чунки у кўп йиллардан буён турли матбуот нашрларида ўзининг ҳикоя ва суҳбатлари, долзарб мавзудаги чиқишлари билан танилиб улгурган, ижод оламида, адабиёт оламида ўз сўзига, ўткир қаламига эга журналистларимиздан биридир. 
   Нима учун бу йигитни қадрлайман? Музаффар одамшаванда инсон. Муомала маданияти инсон ҳаётида муҳим ўрин тутади. У ҳамма сизни унутиб қўйган, бироз тушкун кайфиятда юрган лаҳзаларда тўсатдан қўнғироқ қилиб, камтарингина ижодингизга самимий баҳолар бера бошлайди, саломатлигингизни сўраб, илиқ сўзларини аямайди. Кўнглингиз тоғдек кўтарилади, касбдошларингиз орасида шундай инсонлар борлигидан қувониб кетасиз. Бугун газета ва журналлар буткул йўқолиб кетаётган бир паллада у  ўзининг Muzaffar.uz сайтини очиб, шоиру ёзувчиларнинг ижод намуналарини  ва суҳбатларини мунтазам равишда қўйиб боради, ҳаммамизни хурсанд қилади.
   Аллоҳ ҳар бир бандасини ўз касби кори билан яратган. Музаффар журналист бўлиш учун туғилган. Ўзим журналист бўлганим учун айтаман: бу соҳа инсонга катта даромад, маблағ олиб келмайди. Ҳамма гап ижод завқида. Музаффар фаол журналист. Қўлига фотоаппарат ва диктофон тутган бу йигитни семинарларда, театр ва кино тақдимотларида учратиб қолганимда кузатганман. Ҳамма нарсани унутиб, ўзини фидо қилиб ишлайди.   Укамиз жилмайиб кириб борган давраларда уни таниганлар хурсандчилик билан қаршисига пешвоз чиқади. Демак, Музаффар уларнинг меҳнати, ижоди ҳақида кўнгилни қувонтира оладиган нималардир ёза олган, ахир сенинг бу ҳаётга келиб қилган озми-кўпми ишларингга баҳо беришса, эътибор беришса, қадрлансанг - инсон учун асл бахтиёрлик шу эмасми? Музаффар шуларнинг уддасидан чиқаяпти.
   Музаффарни нима учун ҳурмат қиламан?
   У тинимсиз ҳаракатда. Оламдаги ҳар қандай жараён ҳаракат туфайли содир бўлади. Инсон ҳаётидаги ҳар қандай янгиликлар, ўзгаришлар ҳаракатдандир. Юқорида айтганимдек, журналистика катта даромад олиб келмайди, аммо укамиз  учун бу муҳим ўрин тутмаган. Тангрим тўғри юриб, тўғри турган одамизодга баракасини, ризқини беради. Музаффар тафаккури кенг, кўпни кўрган инсон сифатида буни теран ҳис этади ва шунинг учун ҳам эл дуосини олишга, кимларнингдир ҳожатини чиқариб, яхшиликлар қилишга интилади. Музаффардек ижодкорларнинг борлиги ўзбек журналистикасининг бахти. 
   Музаффар зиёли оилада таваллуд топган. Раҳматли ота-онаси ҳақида сўзлаганида уларнинг энг яхши фазилатларини тилга олади. Онаси таниқли журналист Малоҳат опадан ижодга бўлган муҳаббатни, ички ишлар тизимида, юқори лавозимларда фаолият юритган падари бузруквори Муҳаммадназар акадан қатъиятлилик ва бир сўзлиликни мерос қилиб олган. Бир таниқли олим туни билан диссертация ёқлаш учун мақолалар ёзиб чиқар, кам ухлар экан. Унинг ўғли келгусида жуда катта ютуқларга эришган инсон бўлиб вояга етибди. Интервъю олишганида шундай  деган экан:” Мени отамнинг қия очилган эшиги орасидан ғира -шира чиқиб турган чироқ нури тарбиялади”. Музаффарнинг уч ўғли бор: ўғиллари келгусида  ўз касби корининг ортидан ҳурмат-иззат қозонган дадалари  ҳақида фахр билан сўзлашларига ва ундан меҳнатсеварликни, ўз устида ишлашни мерос қилиб олишларига ишончим комил ва илоҳим шундай бўлсин.
   Ярим асрлик умр... Бу  ёшда аслида ҳаёт кўз ўнгимизда янада қадрлироқ, янада ғаниматроқ  тарзда акс эта бошлайди. Чунки бу ёшда инсон яхши-ёмонни, оқу қорани танийдиган паллага етади. Бу ёшда ақлимиз тўлишиб, ҳаёт янада гўзаллашиб, мукамаллашиб  бораверади. Мана шу гўзаллик, мукаммаллик сизни асло тарк этмасин. Қутлуғ ёшингиз муборак бўлсин, Музаффар!

Ҳурмат билан - Меҳринисо ҚУРБОНОВА.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот