Малика Қаюмова вафот этди
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Муқимий номидаги Ўзбекистон Давлат мусиқали театрининг устоз санъаткори, актриса - Малика Қаюмова оламдан ўтди
Устоз санъаткорнинг вафоти муносабати билан оила аъзолари, ҳамкасблари ва шогирдларига чуқур таъзия билдирамиз.
Малика Қаюмова театр санъатида ўзига хос ўчмас из қолдирган ноёб истеъдод эгаси, ўз касбига садоқатли ва фидойи санъаткор сифатида қалбларимизда мангу яшайди.
Маълумот: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист - Малика Қаюмова 1954 йилнинг 1 февраль куни Тошкент вилоятида таваллуд топган.
2011 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони билан мукофотланган.
Маълумоти олий. 1976 йили Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини битирган.
Институтни битиргач, ўзбек драма театрида ўз фаолиятини бошлаган. 1993 йилдан бошлаб Муқимий номидаги мусиқали театрда фаолият кўрсатиб келган.
Бу театрда Малика Қаюмова ёш бўлишига қарамасдан, оналар ролини ижро этиб, театр жамоасини ишончини қозонган. Малика Қаюмова ўз ижодий фаолияти давомида театрда саҳналаштирилган 30 дан ортиқ спектаклларда бош қаҳрамон роллари ва характерли образларни юксак маҳорат билан ижро этиб, репертуарни бойитган. Жумладан, “Тақдир”да амма, “Девона”да Она, “Фотима ва Зуҳра”да Она, “Алпомиш”да Кунтуғмиш, “Пари қишлоқ”да Она, “Ўлдинг, азиз бўлдинг”да Она “Хонума”да Текле, “Тошкентнинг нозанин маликаси” да Хайри, “Суперқайнона-2” да Ҳожар, “Ойонам-қайнонам” да Қумри, “Қизи борнинг-нози бор”да қуда каби образлари мутахассислар томонидан юқори баҳоланган. Айниқса, унинг “Ой онам қайнонам” спектаклида яратган Қумри образи ўзининг ички кечинмаларга бойлиги, ўзбек аёли тимсолида унинг меҳрибонлик хислатларини намойиш қилганлиги кўпчиликка маъқул бўлган.
Малика Қаюмова телеэкран орқали ҳам бир қатор видеофильм ва телетуркумларда самарали ижод қилиб келган.