Ҳамид Тўхтаевга табрик
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театрининг устоз санъаткори – Ҳамид Тўхтаевни таваллуд топган куни билан муборакбод этамиз!
Ҳамид Тўхтаевга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ижодий ишларига улкан ривож тилаймиз!
Маълумот: Ҳамид Тўхтаев 1960 йилнинг 16 Февраль куни Бухоро вилоятида туғилган. 2001 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони билан мукофотланган.
Маълумоти олий. 1982 йили Тошкент Театр ва рассомлик санъати институтини битирган. Ушбу театрда 1982 йилдан буён самарали ишлаб келмоқда.
Ҳамид Тўхтаев ўз ижодий фаолияти давомида театрда саҳналаштирилган кўплаб спектаклларда турли характерли образларни юксак маҳорат билан ижро этиб, репертуарни бойитиб келмоқда. Жумладан, “Ака-ука совчилар” спектаклида Нортой, “Алпомишнинг қайтиши”да Қоражон, “Юсуф ва Зулайҳо”да Юсуф, “Нодирабегим”да Мадалихон, “Девона”да Ёдгор, “Севги нидоси”да Нодир, “Оқибат”да Жасур, “Топталган туйғу”да Матлаб, “Бу телба хонадон”да Хилми каби образлари мутахассислар томонидан юқори баҳоланган. Айниқса, унинг “Фотима ва Зуҳра” спектаклида яратган Ҳамидулла образи ўзининг ички кечинмаларга бойлиги, синглиси ор-номуси учун ўз ҳаётини қурбон қилган ака сиймоси томошабинлар қалбини ларзага солган.
У театр билан бир қаторда кино ва телевидениеда ҳам сермаҳсул ижод қилиб, эл-юртнинг эътиборига тушган. Жумладан, “Кўнгил кўчалари” видеофильмида милиционер, “Мирзо Улуғбек”да Ҳусайн, “Жалолиддин Мангуберди”да Амир, “Янги ой чиққан кеча”да шифокор, “Ўч”да режиссёр, “Талваса” фильмида прокурор, “Муҳаббат синовлари”да шифокор, “Тақдир зарбаси”да йигит каби роллари томошабинлар ёдида қолган.