«АЁЛ — ҲАЁТНИНГ ЭНГ КУЧЛИ ҚАҲРАМОНИ»
«АЁЛ — ҲАЁТНИНГ ЭНГ КУЧЛИ ҚАҲРАМОНИ» тадбири металлург аёлларга куч бағишлади!
Жуда кўпчилик юртдошларимиз оғир металлургия саноатида аёллар ишламайди деб ўйлайди. Бироқ яқинда «Ўзметкомбинат» акциядорлик жамиятида аёлнинг жамият ва оиладаги ўрни, унинг матонати, фидойилиги ва ҳаётдаги беқиёс қадриятларига бағишланган «Аёл — ҳаётнинг энг кучли қаҳрамони» номли маънавий-маърифий тадбир давомида бу ерда икки мингдан зиёд хотин- қизлар энг масъулиятли жойларда меҳнат қилишаётганига гувоҳ бўлдик. Улар орасида 20 метр баландликда кран ҳайдаётганлар ҳам, электромонтёр, оператор ва цехларда қўл меҳнати билан шуғулланаётганлар ҳам, иқтисодчилару муҳандислар ҳам бор. Аёллар фақат кабинетда эмас, цехларда, ишлаб чиқариш майдонларида ҳам фаол меҳнат қилишмоқда
Тадбирда таниқли санъаткор ва ижодкор-зиёлилар — шоира Назира Ас-Салом, Ўзбекистон халқ артисти Раъно Ярашева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Лола Элтоева, Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети профессорлари Марҳабо Собирова ва Нодира Акаева, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Маъпура Набиева иштирок этди.
Ушбу тадбирда “Ўзметкомбинат” АЖ Бошқарув раиси – Бош директор Баҳодир Абдуллаев сўзга чиқиб: “Металл совуқ, лекин у аёлларимизнинг қўлларидан ўтиб, чойнак, қозон, лаган бўлиб, хонадонларимизга киряпти. Оғир саноат ичида ҳам аёлнинг диди ва меҳри, нафосати сезилиб турибди. Режа ҳам, натижа ҳам керак. Лекин ҳар бир натижанинг ортида инсон туради. Азиз опа-cингиллар, Сиз ўзингизга ишонинг ва чиройли орзулар билан яшанг. Ҳар доим ҳаракатда бўлинг! Сизнинг орзуларингиз биз учун муҳим!” деди.
Шоира Назира Ас-Салом, Ўзбекистон халқ артисти Раъно Ярашева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Лола Элтоева, Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети профессорлари Марҳабо Собирова, Нодира Акаевалар сўзга чиқиб, бу даргоҳда фаолият юритаётган металлург аёлларга эътибор ҳамда эҳтиром кўрсатишди ва уларнинг машаққатли ҳамда шарафли меҳнатларига юксак баҳо беришди.
Меҳмонлар тадбир давомида эмаль цехига ташриф буюришди ва бу ерда ишчиларнинг меҳнати, ҳаётий тажрибаси ва касбий фаолияти билан яқиндан танишишди.
Раққоса Афсона Ашурова, “Санам” рақс ансамбли раққосалари ва бошқа ёш ижрочиларнинг чиқишлари кўтаринки кайфиятда ўтган тадбирга ўзгача завқ бағишлади.
Санъат ва адабиёт намояндалари томонидан металлург аёлларга берилган жуда кўплаб мотивация бағишловчи фикрлар билан бирга ушбу учрашувда хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлиги, ўз ҳақ-ҳуқуқини билиши ва ҳаётда ўзини ҳимоя қила олиши тўғрисида ҳам сўз юритилди.
Маъпура НАБИЕВА – журналист.