Тўлқин Тожиев вафот этди
Ўзбекистон халқ артисти, театр ва кино ҳамда дубляж актёри – Тўлқин Тожиев вафот этди.
Маълумот: Тўлқин Жўраевич Тожиев 1936 йилнинг 13 Апрель куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган.
1959 йил Тошкент Театр ва рассомлик санъати институтини «Драма театри ва кино актёри» факультетини тамомлаган.
Ўзбекистон халқ артисти – Жўра Тожиев хонадонида ўсиб, вояга етган Тўлқин Тожиев ижодий фаолиятини жуда эрта бошлаган.
1947 йилдан “Ўзбекфильм” киностудияси ва республика радиосида ишлай бошлаган. Оиладаги ижодий муҳит унда театр санъатига илк меҳрини уйғотган эди. Актёр бўлиб етишишида отасининг хизмати жуда катта бўлган. Биринчи устози ҳам Жўра Тожиев эди.
Шунингдек, Шариф Қаюмов, Александр Гинзбург, Тошхўжа Хўжаев, Шукур Бурҳонов, Саъдихон Табибуллаев каби устоз санъаткорлардан кўп нарса ўрганган.
1961 – 1963 йиллар Қўқон шаҳар мусиқали драма театри актёри;
1963 – 1996 йиллар – Ҳамза (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театри) актёри вазифасида ишлаган. У Ўзбек миллий академик драма театрида юздан ортиқ ранг-баранг ролларни ижро этган.
1979 йил “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони;
1988 йил “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвони;
1997 йил “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.
Тўлқин Тожиев кинода ҳам кўплаб ролларни ижро этиш баробарида дубляж соҳасида фаолият юритиб, 500 дан ортиқ фильмларга овоз берган.
Устоз санъаткорнинг оила аъзолари, қариндошлари, ҳамкасблари ҳамда мухлисларига чуқур таъзия билдирамиз.