Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Карим Зарипов номидаги Республика Эстрада ва цирк техникумининг директори, профессор, "Дўстлик" ордени, "Вафо ва садоқат учун" медали, "Маданият ва санъат фидокори" кўкрак нишони, Корея давлатининг "Халқлар дўстлиги" ордени соҳибаси – Карима Фахритдиновна Зарипова Зариповлар сулоласининг учинчи авлод вакиласи, Холида Каримовна Зарипованинг қизи. Карима Зарипова 1960 йилнинг 28 Декабрь куни Тошкент шаҳрида цирк артистлари оиласида дунёга келган. 1978 йил Ўзбекистон Хореография билим юртининг "Ансамбль артисти" мутахассислигини тамомлаган. 1979 йил Чавандозлик олий мактабида чавандоз сифатида иш фаолиятини бошлаган. 1986 йил Тошкент давлат Маданият институтининг "Режиссёрлик" факультетини мазкур мутахассислиги бўйича таҳсил олган. 1977–1998 йиллар "Акробатлар роликларда" ва "Чавандозлик олий мактаби" томошаларининг раҳбари сифатида ишлаган. 1998 йил Карим Зарипов номидаги Республика Эстрада ва цирк коллежида "Цирк санъати" кафедраси мудираси вазифасида фаолият юритган. 2000 йил "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист" унвони билан мукофотланган. 2005 йилдан ҳозирга қадар Карим Зарипов номидаги Республика Эстрада ва цирк техникум (аввалги коллеж)ининг директори лавозимида ишлаб келмоқда. 2009 йил "Дўстлик" ордени билан тақдирланган. Карима Зарипова кўплаб истеъдодли ёшларни касб бўйича тайёрлаган. Унинг шогирдларининг кўпчилиги бугунги кунда ўзбек цирк санъатининг довруғини дунёга танитишда хизмат қилиб келишмоқда. У кўплаб хориж мамлакатларида гастроль сафарларида бўлган. Карима Зарипова томонидан 40 га яқин ўқув дастурлари ишлаб чиқилган. У еттита китоб, 3 монограмма ва 7 та ўқув қўлланмаларининг муаллифидир. Шунингдек, цирк санъатига доир бир қанча илмий ва публицистик мақолалари юртимизда ва хориж матбуотида ёритилган.