МУҲАББАТ


 

 Ҳаёт мендан аямади неъматларини,
Не истасам берди доим, ҳеч бир тонмайман.
Фақатгина бир ғам ўртар юракларимни,
Мен муҳаббат тақдиримдан мақтанолмайман.


Болаликдан ўтиб мен ҳам, бўй етиб секин,
Гоҳо пинҳон, гоҳо асов дарёдай тошиб,
Бир ёш йигит севганчалик севдиму, лекин
Бошқалардай толе менга бўлмади насиб.


Кўнгил шишам бир сўз билан қолганда дарз еб,
Қаламимдан илк мартаба тўкилди ғамлар.
Сен бўлмасанг дунё ўзи менга надир, деб
Ичдим ҳатто талай-талай шеърий қасамлар.


Ўтар экан ҳамма нарса, йўқ экан турғун,
Хатто севги неларгадир бўларкан таслим.
Бугун ҳаёт нималиги, севги йўриғи –
Бари маълум, ҳаммасига етади ақлим.


Юрагимда севги изи топилмас асло,
На бир афсус, на бир алам чиққайдир ундан.
Шоир сатрин такрорлайман секин, бепарво:
“Қайтмас энди, умид қилма кетган тўлқиндан...”


Сокингина бўлиб қолган юрагим шундоқ,
Ўкинмайман у кунларни сўкиб, қоралаб.
Энди менга барибирдир, дейману шу чоқ
Ўзга оташ ахтараман ҳаёт оралаб.


Ёлғиз туриб юлдузларга боқаман гоҳи,
Ё ўзимча туш кўришнинг сирин ўйлайман.
Кайфиятим кўтарганда, тушса нигоҳим,
Тўғри келган ҳар нарсани шеър деб куйлайман.


Баъзан узоқ қишлоқдаги кекса онамга
Юбораман маъниси йўқ, пала-партиш хат.
Ҳамма нарса гоҳо эрмак туюлар менга,
Ҳамма нарса гоҳо осон кўринар фақат.


Баъзан эса ўз-ўзидан кетаман тўлиб,
Титрайман ҳам оҳангларни тинглаб жимгина,
Ўртоқларим ўраб олар юпатмоқ бўлиб:
- Айтгин ахир, нима сенга етишмас, нима?!


Йўқ, йўқ, ҳаёт аямади неъматин мендан,
Тўрт мучам соғ, дўстларим бор ҳавас қилгулик,
Нолигайман на келажак, на ўтмишимдан,
Иродам бор – келса агар бирор кўргулик.


Фақатгина бир куч бордир, фақат угина
Зор йиғлатар, қилолмайман мен унга тоқат.
Ҳаётимда чақнамайсан фақат сенгина,
Толеимда сен бўлмадинг, бахтли муҳаббат.


Кимга шошай, кимни қўмсаб, кимга сиғинай,
Фариштам деб оқ ювибу оқ тарай кимни?!
Кимни Лайлим, Шириним деб, бахтим деб атай,
Ҳаётим, деб чўққиларга кўтарай кимни?!


Йўқ, йўқ, ўтган муҳаббатни қўмсамайман ҳеч,
Нима керак кулни титиш, бўлмаса учқун!
Наҳот қайта севолмасам!Наҳот энди кеч!
Наҳот энди кўнгил узсам севгидан бутун?!


О, қалбимга сен ҳам ошно бўлсайдинг, севгим,
Айрилиқмас, висол куйлаб қолсайдим ғамда.
Ҳар қандайин аянчни ҳам улуғлар эдим,
Мен ўзимни бахтли дердим ҳар қандай дамда.


Йиғласам-да кулар эдим мағрур ва осон,
Севгим билан зарб берардим ҳар қандай ғамга.
Яна қайта севарманми? О, гар севолсам,
Майли, ҳаёт, бор-йўғигни ташла елкамга.


Ромеодай ўлимга ҳам тайёрман у кез,
Қотиллик ҳам қилай майли, Отелло монанд,
Фақат сен кел, юрагимда армон бўлган ҳис,
Сенсиз ҳаёт пуч бир нарса, эрмак, омонат..


Абдулла Орипов (1965 йил).










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот