ЭЗОТЕРИК ПСИХОЛОГИЯ НИМА?
ЭЗОТЕРИК ПСИХОЛОГИЯ НИМА ВА У ИНСОНГА ҚАНДАЙ БИЛИМЛАР БЕРАДИ?
Кейинги пайтда ижтимоий тармоқларда эзотерик психология ҳақида турли-туман маълумотларга дуч келяпмиз. Шундай усул ёрдамида одамларга ёрдам бераётган эзотерикларнинг интернет тармоқларида турли каналлари ва онлайн дарслари ҳам пайдо бўлаяпти. Шу боис, ушбу билимлар ҳақида кенгроқ тушунча олиш мақсадида эзотерик психологлардан бири - Гулҳаёни суҳбатга тортдик.
- Гулҳаё, эзотерик психология нима ўзи? Бу қандай усул ва у инсонларга қандай ёрдам беради?
- Эзотерик психология, бу - инсоннинг ички ҳолати ва қалбини англатувчи илм. Бу юнонча сўздан олинган бўлиб, ички билим ва ички ҳолат, деган маънонини билдиради. Бу ичимиздаги аслиятни англаш усулидир. Бу усул ёрдамида инсонларнинг қалби очилгани сари, ҳаёти енгиллашади ва бу оламда қийинчиликсиз яшайди. Инсоннинг аслияти бу бошқаларга ва ҳаётдаги турли вазиятларга нисбатан шартсиз севги ҳолатида бўлишидир. Яъни, ҳеч кимдан ҳеч нима кутмай яшаш, бошқаларга бўлган меҳр-муҳаббати эвазига улардан товон тўлашни истамаслик, нимадир бергани учун нимадир таъма қилмаслик қа қалбан хотиржам яшашдир. Агар инсон ўзининг ички ҳолатини англаса, бу унинг ҳаётида акс этишни бошлайди. Яъни ўзини англагани сари, бошқаларга нисбатан муносабати шартсизлашади, уларни борича қабул қилишни ўрганишни бошлайди. Ён-атрофидаги одамлар у истагандек бўлмаслигидан изтироб чекмайди, ғазабланмайди ёки “бу яхши”, “у ёмон”, дея ҳеч кимни ажратмайди.
ИНСОН ЎЗГАРСА ОЛАМ ЎЗГАРАДИ
- Эзотерик психологиянинг анъанавий психологиядан фарқи нимада?
- Фарқи - эзотерик психологияда инсоннинг ҳолати билан ишланса, анъанавий психологияда кўпроқ амалий машғулотлар – ҳар хил тестлар ва қанақадир шакллар орқали инсон психологияси ўрганилади. Эзотерикада инсоннинг гап-сўзлари, ўй-фикри, хатти-ҳаракати ва воқеа-ҳодисаларга муносабати орқали ўз ҳаётини қандай яратаётганига эътибор қаратилади. Масалан, бизнинг қабулимизга келган инсоннинг ҳолатига қараб, унинг ҳаёти қандайлигини бемалол таҳлил қилиш мумкин. Чунки инсон нимагаки ишонса, ўша ишонч орқали у ўз ҳаётини яратади. Эзотерик психология бу анъанавий психологиядан тубдан фарқ қилади ва биз ҳар бир вазиятга, инсонларга муносабатимизни, фикримизни, ишончимизни ўзгартирганимиз сайин, ҳаётимиз ҳам ўзгариб бораверади. Анъанавий психологияда фақат бир хил қолип бор. Масалан, характер тушунчаси бор ва у тўртга бўлиб ўрганилади. Эзотерикада эса характер билан ишлаш йўқ. Аслида, бу оламда характер, деган тушунчанинг ўзи йўқ. Биз қайси инсонга қандай муносабатда бўлсак ва бунга ишонсак, у худди шундай бўлади, яъни биз бу ҳолатни яратамиз. Ҳеч кузатганмисиз, ота ўз фарзандларига ва аёлига меҳрибону, аммо бошқаларга нисбатан ўта қўпол ва ғазабда. Хўш, нега шундай? Албатта, бу бесабаб эмас. Отада бошқаларни қабул қилмаслик, тан олмаслик ҳисси бор. Оилада эса фарзанди ва аёли унинг яқини бўлганлиги учун меҳрибонлик қилади. Акс ҳолда уларни ҳам қайсидир томонларини тан олмайди. Отанинг наздида ҳамма унинг истагидаги инсон бўлиши шарт. Агар кимдир унинг бу истакларига тўғри келмаса, у буни қабул қилолмайди. Ғазабланади ёки ўша инсондан хафа бўлиб, унга нисбатан кек сақлайди. Демак, ота комил инсон эмас, яъни ўзини англамаган кимса. Унинг табиатида ҳам худди ўша ёмон кўрган инсонларидаги табиат борлиги учун уларни қабул қилолмайди.
СЎФИЗМ ТАЪЛИМОТИ БИЛАН БИР ХИЛМИ?
- Ҳозирги кунда эзотериклар чет давлатларда жуда кўп. Бизда эса энди-энди ривожланяпти. Аслида, ушбу илмлар аввал шарқда пайдо бўлмаганми? Масалан, сўфизм таълимоти эзотериканинг ўзидек назаримда.
- Тўғри, ҳозирги кунда эзотерик психологлар чет давлатларда жудаям ривожланган. У ерда ўзини англаётган ва ўзлигига интилаётган ҳамда уйғонаётган одамлар кўп. У ерда ҳар бир оиланинг ўз эзотерик психологи, қалбшуноси бор. Бизда эса бу энди-энди шаклланяпти. Бунинг боиси, илмларнинг берилиши инсонларнинг тайёргарлик даражасига боғлиқ. Олдинлари бизда кимдир психологга мурожаат қилса ёки психолог ҳузурига бордим, деса бу жудаям нотўғри тушуниларди. Психологга мурожаат қилган одамнинг ақлий томондан муаммоси бор, деган фикрга бориларди. Бизнинг қарашларимиз шундай эди. Аммо ҳозир бу ҳолат ўзгаряпти. Олдин анъанавий психология кириб келган бўлса, мана энди аста-секин эзотерик психология ҳам бизда ривожланаяпти. Кўпчилик эзотерикани табиий қабул қиляпти ва бундан жудаям мамнун. Негаки, уларнинг ҳаёти ўзгаряпти. Оилалар тикланяпти ва инсонлар ўртасидаги муносабатлар яхшиланаяпти. Энг муҳими, осон яшаш сирлари ўрганиляпти. Албатта, эзотерик психологиянинг сўфизм таълимоти билан боғлиқ жиҳатлари ҳам бор. Аммо чуқур аҳамият берилса, фарқли томонлари ҳам бор. Мен эзотерик психологияга қизиқадиганларга Жалоллиддин Румийнинг “Ичингдаги ичингдадир” китобини ўқишни тавсия этган бўлардим. Бу китобда эзотерик билимлар ҳақида ҳам жудаям яхши маълумотлар бор. Сўфизм билан боғлиқлик жиҳатларига келсак, барчамизнинг қалбимизда Аллоҳ борлиги ва унга ҳар доим назар солишимиз лозимлиги, нафақат ўзимизнинг қалбимизда, балки ер юзидаги барча инсонларнинг қалбида ҳам Аллоҳ борлигини тан олишимиз кераклиги уқдирилади. Биз кимдандир хафа бўлдикми, аввало Аллоҳдан хафа бўлишимизни, кимгадир ғазабимизни сочсак, Аллоҳга ғазаб қилишимизни англашимиз кераклиги сўфизм таълимотида ҳам бор. Ҳақиқатдан ҳам, биз кимнидир қабул қилолмасак, энг биринчи навбатда Аллоҳни қабул қилмаган бўламиз. “Бу ёмон”, “бу ёлғончи”, дея одамларни ажратишимиз эса Аллоҳга нисбатан исёндир.
АУРА ТОЗАЛИГИ МУҲИМ
- Эзотерика билан шуғулланишни истаган одамлар, энг аввало қалбини, ўй-хаёлларини ва аурасини ҳар хил иллатлардан тозалаши керакми? Сизга мурожаат қилаётган инсонларга бу борада қандай маслаҳат бера оласиз?
- Эзотерик психологияга қизиққан инсон қалбида шу истакнинг уйғонишин ўзи-ёқ унда қалбга қайтиш жараёни бошланганлигидан далолат беради. Бу жудаям яхши ҳолат. Инсон қандай ҳолатда бўлишидан қатъи назар, унинг қалбига қайтишга уриниши катта хурсандчиликдир. Масалан, у олдин ўғри ёки каззоб одам бўлган бўлиши мумкин, лекин ўзини англаса албатта, қалбига қайта олади. Эзотерика билан шуғулланмоқчи бўлган инсон аввало, ҳаммани кечириши керак. Ҳаётидаги ҳар бир вазиятни қабул қилишни билиши шарт. Кечириш дегани, бу - кимнидир қачондир хафа қилган бўлса, ўша инсоннинг олдига бориб, узр сўраши керак, дегани эмас. Аввало, нега шу вазият юз берганлигини англаши ва уни хафа қилган одамни қалбан кечириши ёки ундан хафа бўлган одамлардан қалбан узр сўраши керак. Бу қалб йўлига тўла-тўкис ўтишни англатади. Инчунун, биз ҳар бир инсонда фақат қалбни кўришимиз керак, ундаги ғазаб, жаҳл, алам ва кекни эмас. Ҳар бир инсон, бу - буюк қалб эканлигини ҳис қилсак, биз қалб йўлида яшашни бошлаймиз ва ўшандаги бу ҳаётда яшаш завқи нима эканлигини ич-ичимиздан ҳис қиламиз. Бу ҳолат эзотерика билан шуғулланмоқчи бўлганлар учун вақт давомида шаклланиб борадиган туйғудир. Менга мурожаат қиладиган одамларга биринчи навбатда ўз қалбини ва бошқаларнинг ҳам қалбини чуқурроқ ҳис қилишини таъкидлайман.
ОЛДИНДАН КЎРА БИЛИШ ВА ҲИС ҚИЛИШ ҚОБИЛИЯТИ
- Эзотерика инсоннинг қалбини очиш билан бирга, унда олдиндан кўра билиш, ҳис қилиш, ўзгаларнинг фикрини ўқий олиш, воқеа-ҳодисаларга таъсир ўтказиш қобилиятини ҳам ривожлантирар экан. Шу ҳақда ҳам батафсилроқ тушунча берсангиз.
- Тўғри, эзотерика бизга олдиндан кўриш ва ҳис қилиш қобилиятларимизнинг очилишида катта ёрдам беради. Зеро, биз ана шундай қобилият билан яратилганмиз. Бироқ ҳаёт давомида қалбни эмас, кўпроқ ақлнинг истаклари билан яшаганимиз учун, бу қобилият бизда ёпилиб қолган. Хўш, унда нега бу қобилият фақат эзотерикларда намоён бўлади, деган савол туғилиши мумкин. Жавоби оддий. Биринчидан, эзотериклар бунга телбаларча ишонади. Иккинчидан, унинг аураси тоза. Унда ғазаб ва алам каби иллатлар йўқ ва ҳар қандай воқеа-ҳодисаларни хотиржам қабул қила олади. Эзотериклар учун бу оламда кечирилмаган инсоннинг ўзи йўқ. Улар юз фоиз Худога ва бўлаётган жараёнларга ишонади. Ана шу билимлардан йироқ инсонлар эса, бунга ҳеч қачон ишонмайди. Улар кўпроқ ақлга таяниб иш тутадилар. Ақли нима деса шунга ишонади. Шунинг учун уларда қалб йўли борган сари ёпилиб бораверади. Масалан, болаларда ҳамма нарсани олдиндан билиш ва ҳис қилиш қобилияти бўлади. Ундан катта бўлганингда ким бўласан деб сўрасангиз, у бу дунёга қайси вазифа билан келган бўлса, ўшани айтади. Масалан, ўқитувчи бўлиш учун келган бўлса, ўқитувчи бўламан, дейди. “Устоз бўламан” ёки “Болаларни ўқитаман”, дейди. Аммо биз боргани сари уни ақл билан яшашга мажбур қиламиз. “Ақлингни ишлат”, “Калланг йўқми” Ўйлаб гапир”, деган танбеҳларимиз билан боланинг қалбини ёпиб қўямиз. Соддароқ қилиб айтганда, уни қалбидан бошига чиқариб қўямиз, яъни фақат ақлига таяниб яшайдиган қиламиз. Бу қандай бўлади? Масалан, унинг қалби ўқитувчи бўлишни истаётган бўлса-да, у ақлини ишлатиб, бу унчалик фойдали касб эмаслигини, бу касб билан обрў қозонолмаслигини, аксинча судья ёки прокурор бўлса, одамлар уни кўпроқ ҳурмат қилишини ва ҳаёти ҳам тўқ-фаровон бўлишини ўйлай бошлайди. Кейинчалик ўзини мажбурлаб бўлса-да, шу касбни танлайди ва бутун умр қалбига қарши яшашни бошлайди. Қалбига қарши яшаган инсонларда эса турли касалликлар ривожланади. Эзотериклар кимнинг қандай касаллиги борлигига қараб, унинг ҳаёти қандай эканлигини бемалол айта олади. Агар инсон қалби билан ишлашни бошладими у психолог бўлиши ё бўлмаслидан қатъи назар, унда ҳам олдиндан кўра билиш ва ҳис қилиш қобилияти очила бошлайди. Лекин воқеа-ҳодисларга таъсир ўтказишдан кўра, эртанги кунни танлаш, бу кун қандай бўлишини хоҳлаш муҳимроқдир. Биз жараёнларга таъсир ўтказолмаймиз, балки яхши вазиятларни яратишга ҳисса қўшамиз, холос.
БУ ИЛМЛАР НЕГА СИР САҚЛАНГАН?
- Бир пайтлар бу илмлар жудаям сир сақланганлиги ҳақида нима дея оласиз? Масалан, шоҳлар, император ва ўзларини олий насабга мансуб деб билган кишиларга бу илм хуфиёна ўргатилган экан. Бунинг ўзига яраша сабаблари бўлган, албатта. Аммо ҳозир бу илмнинг кенг оммага маълум қилиниши қайсидир маънода хавфли эмасми? Масалан, кимдир ундан ёвуз мақсадларда фойдаланиши мумкин-ку, деган тахминлар ҳам йўқ эмас..
- Албатта, олдинлари бу каби билимлардан жуда озчилик хабардор этилган. Бу ўй-фикрлар орқали инсон ўз ҳаётини яратиш илми бўлганлиги учун ҳам уни дуч келган одамга ўргатиш мумкин эмас, деб ҳисобланган. Ўзини англаган, қалби очилган ва комилликка интилган одамларгина бу илмни ўзлаштиради ҳамда буни яхшилик, эзгулик йўлида қўллай олади. Олдинлари етук инсонлар, подшоҳ ва амалдорлар мана шу йўл орқали ҳам ўз ҳаётини, ҳам давлатни бошқаришга эришганлар. У пайтлар ҳамма инсонларнинг онги бунга тайёр бўлмаган. Бу илмлар инсоният тайёр бўлгандагина бериладиган илмдир. Агар ҳозир ҳам кимки бунга тайёр бўлмаса, унга бу илмлар ҳеч қачон ошкор қилинмайди. Қандайдир йўл билан ёпиб қўйилади, барибир. Қалби очилмаган инсон, бу - илмларни нотўғри томонларга йўналтириб юбориши мумкин. Бу эса, аввало, ўша одамнинг ўзига салбий таъсир ўтказади. Ҳаётдаги барча воқеа-ҳодисалар бумеранг кабидир, нима қилсак ўзимизга қайтиб келади. Агар биз кимнидир “ундай бўлсин”, “бундай бўлсин”, дея лаънатласак, аввало, бу тилакни ўзимизга айтаётган бўламиз. Яъни фикрларимиз ўз-ўзимизни барбод қилувчи кучга эга. Тўғри, бу билимлар ҳозир ҳаммага очиқ. Лекин буни ҳали ҳамма юз фоиз тушуниб етганича йўқ. Энг асосийси, бунга ишонмайдиган ва ўз ҳаётида қўллаб кўришни ҳам истамайдиган инсонлар ҳалиям кўпчиликни ташкил этади. Масалан, ўзимнинг энг яқин инсонларим ҳам “Бундай бўлиши мумкин эмас, бу шунчаки сафсата”, дея инкор қилган пайтлари ҳам бўлган. Бу билимларни ўрганишни ҳеч қандай хавфли томони йўқ. Аксинча, биз эзотерик билимлар орқали ўз ҳаётимизни осонлаштирамиз ва қисқа умримиз давомида ҳеч нарсадан ғам чекмай яшашга муваффақ бўламиз.
- Суҳбатингиз учун ташаккур!
Суҳбатдош - Гулруҳ ЁРМАТОВА.
2021 йил.