Турғун Бекназаровга табрик


   Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист,  Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат академик мусиқали театри ва кино актёри, “Меҳнат шуҳрати” ва "Дўстлик" орденлари соҳиби, устоз санъаткор – Турғун Бекназаровни таваллуд топган куни билан табриклаймиз!
    Турғун Бекназаровга соғлик, узоқ умр, ижодий ва ижобий ютуқлар тилаймиз.

   Маълумот: Турғун Бекназаров 1956 йилнинг 6 Июнь куни Қашқадарё вилоятидаги Яккабоғ туманида туғилган.
   1997 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” фахрий унвони, 2012 йили “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.
   Маълумоти олий. 1978 йили Тошкент Театр ва рассомлик санъати институтини битирган.
   1977 йилдан буён ушбу театрда ишлайди.
   Турғун Бекназаров ўз ижодий фаолияти давомида театрда саҳналаштирилган 100 га яқин спектаклларда бош қаҳрамонлар роллари ва характерли образларни юксак маҳорат билан ижро этиб, репертуарни бойитиб келмоқда. Жумладан, “Лайли ва Мажнун”да Қайс, “Мангулик”да Масъуд, “Нурхон”да Ҳайдар, “Бобур”да Хондамир, “Тақдир”да Бўрон, “Тоҳир ва Зуҳра”да Ҳофиз, “Айрим нусхалар”да Сухсуров, “Тошболта ошиқ”да Тешавой, “Муҳаббат навоси”да Раҳмат, “Гул ва Наврўз”да Наврўз, “Алпомишнинг қайтиши”да Ултонтоз, “Ўлдинг, азиз бўлдинг”да Султон Мавлонович, “Хонума”да Микич, “Гулбаҳор қани”да Илҳом, “Гулсара”да Қодир “Мавлоно Муқимий”да Муқимий  “Нурхон”да  Ҳайдар, “Тошболта ошиқ”да Тешавой, ”Лайли ва Мажнун”да Мадҳий, “Тоҳир ва Зуҳра”да Хоразмшоҳ, “Дилдаги доғ”да  Раҳим ота, “Уйғониш”да Хоким каби ролларини  ижро этган.
   Абдулла Қаҳҳорнинг 100 йиллик юбилейи муносабати билан саҳналаштирилган “Тобутдан  товуш” спектаклида Суқсуров образини юқори маҳорат билан ижро этиб, томошабинлар меҳрини қозонган. 
    1990 йил Марказий Осиё Театр Арбоблари фестивалида «Мушкул савдо» спектаклидаги Остон роли учун ва 2017 йил сентябрь ойида Бишкек шаҳрида ўтказилган АРТ-ОРДО халқаро театр фестивалида адиб ва драматург – Қўчқор Норқобил асари асосида саҳналаштирилган “Дилдаги доғ” спектаклидаги Раҳим ота роли учун «Энг яхши эркак» роли мукофотини қўлга киритган. 
    У комедия, трагедия  ва  драматик  ролларни ҳам маромига етказиб ижро этади. Радионинг олтин фондида сақланаётган “Шукрона”, “Истиқлол муборак, ҳур Ўзбекистон”, “Она”, “Сумалак”, “Суюклигим”, “Қалпоқ тиккан кўлингдан”, “Қўшчинор” каби 50 дан ортиқ  қўшиқлари  мунтазам радио тўлқинларида янграб келади.
   Турғун Бекназаров нафақат театрда, кино ва телевидениеда ҳам самарали ижод қилиб келмоқда. Улардан: “Остона”да – Капитан Собиров, “Ўртоқ Бойкенжаев”да – Бош инженер, “Воиз”да – Домла, “Чархпалак”да – Раис, “Кўнгил кўчалари”да – Ҳамзабек, “Ҳақиқий эркаклар ови”да – Майор Пардаев, “Кўргилик”да – Менежер, “Дадам бетоб”да Ота, “Пайшанбадан Пайшанбагача”да Қуда, “Садоқат”да Воҳидов, “Элпарвар”да Мўғул савдогари ролларини таъкидлаб ўтишимиз мумкин. Телевидениеда мунтазам намойиш этилаётган 10 дан ортиқ реклама роликларида ҳамда “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатувида ҳам ранг-баранг образларни яратиб келмоқда.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот