Телевизион образлар эволюцияси
Нилуфар УМРЗОҚОВА
Телевизион образлар эволюцияси
Телевизион образлар – жамиятдаги ўзгаришлар билан боғлиқ бўлиб, ўша давр сиёсатини телелойиҳаларда акс этувчи қаҳрамонлар ва иштирокчилар орқали намоён этиб, инсонлар онгига кириб боради. Образнинг таъсир кучи ички дунёмиз ва ҳаёт тарзимизни ўзгартириш қудратига эга.
Телевизион образлар эволюциясини уч босқичда кўриб чиқамиз:
1. Собиқ Иттифоқ даври 1956 – 1985 йиллар.
2. Қайта қуриш йиллари 1985 - 1991 йиллар.
3. Мустақиллик даври 1991 йилдан ҳозиргача.
Ўзбекистон телевидениеси – ўша давр мафкурасига кўра, 15 та республика қаторида собиқ Иттифоқ билан бевосита боғлиқ бўлган. Офлайн режимида ишга тушган ҳар бир республика телевидениеси ягона тизимда фаолият олиб бораётганлигини ҳис қилган ва шундай йўл тутган. Тадқиқотчи В.В. Егоровни таъкидлашича, «Совет телевидениесининг негизи коммунистик партия томонидан телевидение олдига қўйилган вазифалар билан белгиланган»{1}. Бу ҳозирги МДҲ давлатларининг барчасига тегишли бўлган. 1956 йил 5 ноябрда ватанимизда оқ-қора тасвирда ойнаи жаҳон ўз ишини бошлаган бўлса, эфир вақти 2 соат бўлиб, бадиий ёки ҳужжатли фильмлар ва ёзиб олинган концертлар намойиш этилар эди. 1960 – йиллардан бошлаб, аста-секинлик билан телелойиҳалар тайёрлана бошланди. Қолип (такрор бўлса ҳам айтамиз) собиқ Иттифоқ республикалари учун деярли бир хил бўлган. Телевидение дунёда ва ўз ҳудудида бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида реал маълумот бериш билан эмас, балки мамлакат сиёсатини тарғиб қилиш билан шуғулланган. Телевизон образлар ҳам шу сиёсат асносида яратилган ва тақдим этилган.
Мамлакатимизда телевидение ташкил этилган дастлабки йилларда ишга қабул қилинган ходимлар телевидение соҳаси бўйича махсус маълумотга эга бўлмаган, унинг сир-асрорларини тушуниб етмаган мутахассислар эди, жумладан, илк директордан тортиб муҳаррир ва режиссёрларгача, ҳатто, дикторлар ҳам бошқа соҳа вакиллари эди{2}.
Телебошловчи сифатида аввалига радиодан дикторлар таклиф қилиниб, махсус танловдан ўтиб эфирга чиқишган. Зангори экран хонадонларга кириб борган йиллари бу тарздаги танлов ҳозирги МДҲ мамлакатларининг барчасида кузатилган. Телебошловчи образи ҳам деярли бир хил қолипда бўлиб, мумтоз услуб ёзилмаган қоида сифатида кўрилган. Нутқда адабий тил нормаларига, ҳарфлар ва сўзлар дона-дона талаффузига, ифода воситаларининг барчасига қатъий риоя қилинган. Ҳар бир диктор телеканалнинг «юзи» бўлибгина қолмай, балки мамлакат имижи сифатида экранда намоён бўлган. Чунки қайта қуриш давригача деярли ҳар қандай телелойиҳа, ахборот дастурларидан тортиб ижтимоий-сиёсий, бадиий-драматик, кўнгилочар дастурларгача дикторлар томонидан тақдим этилган.
• Мен космонавтлардан интервью олганман, Шостакович, Плицеская, Вишневская, Мухтор Ашрафий, Тамарахоним, Ўзбекистоннинг машҳур ёзувчилари ва шоирлари билан суҳбатлашганман{3}.
Олий тоифали сухандон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, кўпчилик дикторларнинг устози Галина Мельникованинг бу хотиралари собиқ Иттифоқ даври билан боғлиқ. Яна олимлар ва ишчи-хизматчилар, пахтакорлар билан бўлган давра суҳбатларини ёдга олади. Табиийки, айнан шу рўйхат кўрсатувлардаги «қаҳрамон»лар образидир. Телелойиҳада кўрсатув «қаҳрамон»и – ҳамиша ҳам қайсидир соҳадаги ғолибга нисбатан эмас, балки ўша контент иштирокчисига нисбатан ишлатилади.
Собиқ Иттифоқ даври мафкурасига кўра одамлар онгида ижобий ва салбий образлар шакллантирилган. Телевидениеда акс этган қиёфалар ҳам шу йўналишни тарғиб қилган. Илм-фан фидоийлари, ишчи-хизматчилар ижобий образда кўрсатув персонажи сифатида намоён бўлган.
70-йилларнинг охирида рангли телевидение томошабинлар учун лойиҳаларини тақдим эта бошлади. Ўзбекистон телевидениесидаги илк катта телелойиҳалардан бири телеспектакллардир. Улардан мақсад – аҳолини яъни кўп сонли томошабинни адабиёт билан янада узвий боғлаш. Ҳафтанинг ҳар душанба куни жонли телепостановка намойиш этилган. Телеасардаги ижобий ёки салбий образ орқали вафо-садоқат, ватанпарварлик ва меҳнаткашликка тарғиб қилиш асосий мақсадлардан бири бўлган. Чунки экран орқали асардаги қаҳрамонлар образини гавдалантираётган актёр ўз имкониятларини ишга солиб, китоб саҳифаларидаги яширин «сир» ни томошабин қалбига олиб кирадики, бу телевидениенинг ўзига хос имкониятларидан яна бир далолатдир{4}. Сўнг телеспектакллар ўрнини Телевизион миниатюралар театри, «Оталар сўзи – ақлнинг кўзи» каби лойиҳалар, «Баҳор қайтмайди», «Гирдоб» каби кўп қисмли видеофильмлар эгаллай бошлади. Телевидение маҳсулоти бўлган бу асарлардаги ижобий қаҳрамонлар томошабин онгига шундай сингдирилганки, кўча-кўйда, ҳатто, ўз оила даврасида ҳам ижобий образга тақлид қилиш урфга кирган. Шу тарзда телевизион образлар жамиятдаги инсонлар ҳаётига таъсир қилиб, одамлар ўзларидаги камчиликлардан уялиб, бу қусурлардан қутилишга ҳаракат қилишган. «Улуғбек хазинаси», «Тўмарис» каби телеасарлардаги тарихий образлар томошабинларда ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилган.
«Оқ олтин» деб таъриф берилган, мамлакат қишлоқ хўжалигининг асосий «юзи» ҳисобланган пахта, пахтакорлар ҳақида кўрсатувлар тайёрланган. Телевидениеда пахта образини идеаллаштириб, «Пахтаой» номли ансамбллар, ғўза ва пахта экинлари биринчи планга олиб чиқилган кўрсатув ва видеофильмлар тайёрланган. А. Есиннинг 1975-йил нашрдан чиққан китобида бу ҳақда қайд этилган: «Республика телевидениеси ва радиосида пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришни комплекс механизациялаш масалаларини ёритишга алоҳида эътибор қаратиляпти»{5}.
Ўзбекистон телевидениеси 1960-1970 йиллардан бошлаб телелойиҳалар сонини кўпайтириб борди. Телевизион образ сифатида илм-фан фидоийлари, турли соҳадаги ишчи-хизматчилар ҳам биринчи планга чиқарилди. XХ асрнинг 60-йиллари Турсуной Охунова пахта териш машинасига ўтирган биринчи ўзбек механизатор аёли телеэкран қаҳрамони сифатида йиллар давомида улуғланган. Шу образ орқали мамлакатдаги бошқа хотин – қизлар ҳам механизаторликка даъват қилинган ва натижада минглаб аёллар пахтани машинада тера бошлаганлар. Биринчи механизатор аёлнинг образи шу қадар идеаллаштирилганки, ўшанда «Турсунойчилар» умумиттифоқ ҳаракати шаклланган. Собиқ Иттифоқ мафкурасининг тарғиботига кўра, икки карра Иттифоқ бўйича Меҳнат Қаҳрамони, 1960-йилда 322 тонна «оқ олтин» терган Турсуной Охунова ҳамиша бахтли, соғлом қиёфада кўрсатилган. Шифокорларнинг хулосасига кўра, 47 ёшида пахта далаларидаги кимёланган чангдан заҳарланиш натижасида ўпка касалланиши туфайли оламдан ўтган бу «қаҳрамон» ҳақидаги ҳақиқатлар кейин ошкор бўлди. Ўша давр сиёсатига кўра, давлат даражасида намуна сифатида намойиш этилган ва тарғиб қилинган бу образ мутлақ идеалга яқин ва соғлом бўлиши керак эди.
Ўзбекистон телевидениесидаги телевизион образлар эволюциясининг биз тадқиқ этаётган босқичларнинг барчасида фаолият олиб борган телевидениенинг устоз журналисти, режиссёри, телевидениенинг 1956 – 2021 йилларини қамраб олган «Телевидениенинг назарий ва методолик асослари» номли 580 бетдан иборат асар муаллифи Марат Асадуллаев қайта қуриш давригача меҳнаткашлар телевизион образ сифатида илгари сурилганини таъкидлайди. Марат Асадуллаев 1976-йилларда эфирга узатилган «Сенинг замондошинг» туркум кўрсатувининг асосий қаҳрамонлари пахтакорлар бўлганлиги, оддий деҳқондан раис даражасига кўтарилган 27 ёшли Зоир Зиётов образининг таъсир кучини муаллиф китобида қайд этилган: «Қаҳрамонимнинг ютуқларини экран орқали кўрган Ўзбекистон комсомол ёшлар марказий комитети ўша йилиёқ унинг номзодини Бутуниттифоқ комсомол ёшлари мукофотига тавсия қилди ва у мукофотни қўлга киритди. Шу тариқа ёшгина ўзбек деҳқони бутун собиқ Иттифоққа танилди»{6}. Муаллиф «қаҳрамоним» деб ўша кўрсатувнинг асосий иштирокчиси ҳақида ёзяпти. Қайта қуриш давригача бўлган кўрсатувларда, асосан, оддий ишчилар ва меҳнаткашлар телевидение образлари бўлганлиги ҳақида мисоллар келтирдик.
Энди тузум ўзгарди, давр ўзгарди, жамият ўзгарди, мухбирнинг кўз қараши, нигоҳи ўзгарди{7}. Аввалгилардан фарқли, кўрсатувларда танланган диктор эмас, телелойиҳани тайёрлаган журналист ҳам бошловчилик қила бошлади. Аммо дикторларга ҳам эҳтиёж тўхтамади. Асосан информацион дастурларда уларнинг ўрни сақланиб қолинди. Аввалги йилларда кузатилмаган сиёсий арбоблардан тортиб, тадбиркорлар, ҳаваскор ижодкорларнинг фаолиятини ёритишни бошлаган муаллиф ва бошловчи бўлган журналист образи орқали миллионлаб томошабинлар мамлакатдаги ҳар жабҳадаги ўзгаришларни чуқур ҳис қила бошладилар. Телевидениедаги кўрсатувларга янги «ҳаво» кириб, тижорий лойиҳалар ҳам секин-аста ўз ишини бошлади. Табиийки, ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар телеконтентдаги образи орқали оммага танила бошлади. Ёшлар мавзуларига кенг ўрин берилди.
Реклама дастурлари секин-аста шакллана борди. Энди, моддий маблағи кўп инсон образи салбий эмас, мақтовли қарашларга сазовор бўлиб, тарғибот мавзусига айлана борди. Янги телелойиҳалар туфайли одамларнинг дунёқараши ўзгара борди. Кўрсатув иштирокчилари турли соҳадаги оддий одамлардан иборат бўла бошлади. Жонли эфирлар бошланиб, томошабинлар билан интерактив мулоқотга киришиш, ҳар соҳада уларни фикрини эшитиб, муҳокама қилиш долзарб тус ола бошлади.
Қайта қуриш даврида телелойиҳа сифатида тақдим этилган бир нечта кўрсатув мисолида кўрамиз. Ўша дамлар ойнаи жаҳон юзини кўрган «Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари» кўрсатувининг «қаҳрамон»лари оддий деҳқондан тортиб, амалдоргача, тадбиркордан тортиб ноҳақ судланганлар, оддий қишлоқ аёллари ва яна қатор бошқа касб-ҳунар эгаларидан иборат бўлган. Ушбу кўрсатувнинг «Умид» деб номланган саҳифасида обком котиби Ислом Абдуғаниевич Каримов билан суҳбат уюштирилади{8}. Ўша давр мамлакат раҳбарининг «Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари» кўрсатуви муаллифи ва бошловчиси Дадахон Ёқубов билан бўлган норасмий суҳбатидан сўнг, томошабинлар И.А. Каримовга яна ҳам кўпроқ ишонч билдирадилар. Суҳбатда «пахта иши» бўйича қамалган инсонни оқлаш ҳақида сўз боради. Маҳкумларнинг ҳаммаси ҳам жиноятчи бўлмаслиги томошабинларга етказилади. Бир шу дастур мисолида ҳам сиёсий арбоблар, ҳам маҳкумлар, ҳам тадбиркор, санъаткор ва оддий ишчилар кўрсатув қаҳрамонлари сифатида ёритилган.
Ўзбекистон телевидениесининг тарихида илк бор 1990 йил 21 мартда 24 соатлик жонли «Наврўз» хайрия телемарафони ўтказилади. 24 соат деб эълон қилинган бўлсада, 25 соат 9 дақиқа давом этди. Дадахон Ёқубов бошчилигидаги бу телелойиҳага қатор мухбирлар, муҳаррирлар, режиссёрлар ва бошқа ходимлар жалб қилинган эди. Телемарафондаги лавҳаларда жонлантирилган беморлар, муҳтожлар, кам таъминланган, ижтимоий-жисмоний нуқсони бўлганлар орқали раҳм-шафқатли ўзбек халқининг образи жонланиб, моддий маблағ ҳисобига хайрия фонди кўрсатув давомида жонли тарзда тўлиб борди. Мамлакат раҳбарининг бу лойиҳани қўллаб -қувватлаши натижасида, у томошабинларда яна бир карра ижобий образда намоён бўлиб, ишончга сазовор бўлди. Телевидение орқали шаклланган бу образ – сайловларда танланишга кафолат ҳам эди.
1990 йил 20 июнда мамлакатимизда Мустақиллик декларацияси қабул қилингач, 1991 йил 31 августда 1 сентябрь Мустақиллик куни деб эълон қилинди. Мустақиллик туфайли маданий мерос ва анъаналаримизга муносабат ҳам тубдан ўзгарди. Илгари қораланиб келган шахслар, тарихий обидалар, китоблар ўзининг ҳақиқий эгаларига қайтариб берилди. Аҳмад Яссавий, Навоий, Бобур, Машраб каби буюк зотлар ижодини янгича ўрганишга киришдик{9}. Таниқли тележурналист, телевидение эволюциясининг барча босқичларида фаолият олиб борган Ўрол Ўтаев жонли равишда ўзи иштирокчиси бўлган воқеалар тафсилотини телевидение ҳақидаги нашрида ёритган.
Истиқлол давридаги телевизион образлар эволюциясини уч босқичга ажратамиз:
а) 1991-2016-йиллар.
Бу даврни биринчи президент билан боғлаймиз. Ҳар бир давлат раҳбарининг мамлакат бошқаришида ўз сиёсий йўли бўлиб, бу албатта, барча оммавий ахборот воситалари каби зангори экранга ҳам, ундаги кўрсатувлар ва персонажларга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди.
б) 2016-2020 – йиллар.
Бу давр Шавкат Мирзиёевнинг президентлиги билан бошланади. Давлат раҳбарининг стратегик йўналишларини телевизион образларга таъсири ҳақида сўз боради.
в) 2020 йил 15 мартдан ҳозиргача.
Бутун дунёни ларзага солган КОВИД – 19 нинг бошланиши нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёга, шу жумладан, жаҳон телевидениесига таъсирини ўтказганлиги ва бу айрим вазиятларда ҳозиргача давом этаётганлиги ёритилади.
Мустақиллик мамлакат тарихи учун муҳим воқеа бўлган, бутун олам ҳодисалар ривожига кўз тикиб турган вақтда, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов шиори, янгисини қурмай туриб, эскисини бузмаймиз эди. Бу ёзилмаган, аммо айтилган «қоида» барча соҳа каби, телевидениега ҳам тегишли бўлган. Мамлакат раҳбари экран орқали ўз фикрларини халқига, жаҳонга баён этар экан, миллионлар кўз ўнгида президент образи шакллана бошлаган.
Зеро, ҳар қандай давлат ва давлат раҳбарининг шаклланган имижи ана шу давлат ва халққа нисбатан ўзаро ҳурмат доирасидаги муносабатда, муомалада билинади{10}. Истиқлолимизнинг илк йилларида ижтимоий ҳаётнинг деярли барча жабҳаларида янгиланиш ва туб ўзгаришларни бошдан кечирдик.
Одамлар онгини манипуляция қилишнинг энг самарали усулларидан бири телевидениедир{11}. Кўрсатувда намойиш этилган образ – таъсири нуқтаи назаридан инсон тақдирини ўзгартириш қудратига эга. Чунки зангори экрандаги визуал ва аудиовизуал лойиҳалар инсон фикри ва хулқи атвори, ҳатто, эътиқодига таъсир қилади.
Аввалига телеканал 2 та бўлган бўлса, кейин 4 та бўлди. Мустақилликдан кейин давлат телеканаллари сони ортиб, хусусий телеканаллар ҳам фаолият бошлашди. Табиийки, телелойиҳалар ҳам турли тус олишни бошлади. Жаҳон телевидениеларидан ўрганиш имконияти вужудга келди. Ток-шоулар, интерактив, интеллектуал лойиҳалар ўз ишини бошлади. Бундай дастурлар муаллиф ва бошловчи бўлиб экранда намоён бўлаётган журналист образини мустаҳкамлашга хизмат қилди. Халқимиз журналистлар образи орқали уларнинг исм фамилияларини ёдида сақлаб, қайси муаммо бўйича кимга мурожаат қилишда ўзи учун қарор қабул қила бошлади. Масалан, журналист Асрор Аброрхўжаев муаллиф ва бошловчилигидаги «Меҳр кўзда» кўрсатуви Россия телеканалларидаги «Жди меня» кўрсатувининг муқобили бўлиб, бу телеканаллар орасида шартнома тузилган. «Меҳр кўзда» кўрсатуви бир-бирини йўқотган, йўқолган одамларга бағишланган бўлиб, телелойиҳа қаҳрамонларининг баъзан фақат фотоси кўрсатилган. Кўрсатув қаҳрамони бевосита иштирок этмаган, у ҳақида маълумот айтилиб, сурати кўрсатилган, оқибатда бундай образлар кўрсатувдан кўрсатувга «қаҳрамон» сифатида намойиш этилиб, ижодкорлар томонидан излаб топилганда, томошабинларга тақдим этилган.
Мустақиллик палласида мамлакат аёлларининг ижтимоий ҳаётда эришаётган муваффақиятлари ва сиёсатда тутаётган ўрни ҳақида ҳикоя қилувчи хотин-қизлар ҳақидаги дастурлар орқали Ўзбекистон аёлларининг телевизион образи юзага чиқа бошлади. Масалан, журналист Нафиса Зоҳидова муаллиф ва бошловчилигидаги «Ажаб саодат эрур», Умида Усмонованинг «Азизим», Нилуфар Умрзоқованинг «Бегойим» номли кўрсатувлари бунга мисол. Телелойиҳаларда аёллар образи турли равишда тақдим этилган. Бош вазир ўринбосаридан бошлаб, фаррош аёлгача кўрсатув қаҳрамони сифатида ёритилган. Нозима Воҳидова муаллиф ва бошловчилигидаги «Мезон» кўрсатуви мамлакатдаги иқтидорли ёшларга бағишланган бўлиб, ҳар соҳада ютуқларга эришаётган ўсмир ёшидаги йигит-қизларнинг образи намуна сифатида тақдим этилган, ота-оналар шу кўрсатув «қаҳрамон»ларини фарзандларига ибрат қилиб кўрсатишган ва шундай бўлишга ундашган. Жисмоний нуқсонлари туфайли имконияти чекланган инсонлар ҳақидаги «Мурувват» номли кўрсатув турли ногиронлиги бўлган инсонларни ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилиб, ногиронлик образи яратилди. Беллашув ва баҳс-мунозалар асосидаги «Балли, қизлар», «Қувноқлар ва зукколар» телелойиҳаларида мамлакатдаги илм-фан, спорт ва ҳунарда етакчи йигит-қизларнинг умумий қиёфасини тасаввур қилиш мумкин бўлган.
Янги авлод билимдонларининг телевизион образи вужудга келишида «Заковат» интеллектуал телелойиҳасининг ўрни беқиёс. Кўрсатув муаллифи ва бошловчиси Расул Абдуллаев Россия телеканаллари орқали эфирга узатиладиган «Что? Где? Когда» кўрсатувидан рухсат олиб, дастурни бошлаган. «Что? Где? Когда» 1975 – йилдан ҳозиргача томошабинларга тақдим этилаётган бўлса, «Заковат» интеллектуал ўйини 2001 – йилдан бери аудиториясини кенгайтирмоқда. Телевизион образлар эволюциясининг иккинчи ва учинчи гуруҳларига кирувчи бу интерактив дастур билимдон ва иқтидорли ёшлар образини оммага олиб чиқиб, ҳозиргача тарғиб қилаяпти. Билимдонлар образи ҳеч қачон «эскирмаслиги» ва урфдан қолмаслигига «Заковат» мисол бўла олади.
2006 йил 27 декабрда Ўзбекистон республикаси президентининг «Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги» қарори эълон қилингач, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси Ўзбекистон МТРК деб қайта ташкил этилиб, техник жиҳатдан рақамлаштириш бошланди. Аммо мазмунга кўра, яқин тарих ҳақида, ҳатто, фотосуратлар, воқеаларда хотирлаш тақиқланди. Иккинчи Жаҳон уруши, Афғон уруши ҳақидаги фильмлар «қора рўйхат»га тушди. Ўша даврни эслатувчи орден-медаллар ҳам «ўзи билмаган ҳолда» тақиққа учради. Уруш давридаги ҳарбийлар образи телевидение каналларидан олиб ташланди. Ислом Каримов давригача бўлган Ўзбекистон раҳбарлари ҳам тилга олиниши мумкин эмаслиги туфайли, гўёки Ўзбекистон тарихида биргина сиёсий образ – биринчи президент қолди. Телеканалларда динни тарғиб қилувчи кўрсатувлар камайди. Экранлардан ҳижоб услубидаги либос кийган аёллар ёки соқол қўйган эркаклар кадрлари тозаланди. Исломий қиёфа телеобраз шаклида гавдалантирилишига чек қўйилди.
2016 йил Шавкат Мирзиёев президентликка сайлангач, Ўзбекистон яна бир янги даврни бошдан кечира бошлади. Ўзбекистон аҳолиси учун юрт раҳбари образи ижобий тус ола бошлади. Президент Мирзиёев ўз фуқароларини 2017-йил кириб келиши арафасида телевидение орқали табриклади. Бу ҳолат 1992-йилдан буён зангори экранда кузатилмаган, янги йил кириб келишига саноқли дақиқалар қолганида президент номидан матнни дикторлар рус ва ўзбек тилида ўқиб берар эдилар. Мамлакатимиз раҳбари биринчи муддатга сайланганидаёқ, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак деб таъкидлади ва сиёсий арбоблар халқ олдида ҳисоб берадики, фуқаро раҳбарларни таниши керак, деди маърузаларида. Президент оммавий ахборот воситаларига, шунингдек ижтимоий тармоқлардаги фаолиятга ҳам эркинлик бердики, блогерлар образи пайдо бўлди. Блогерлар мамлакатдаги вазиятни ошкора ёритиб, халққа яқинлаша бошлади. Ток-шоу, интерактив дастурларда вазирлар, депутатлар чиқишлари орқали сиёсий арбоблар образи яна экранларга қайтди.
Муаммоларни очиқ айтиш бор, раҳбарларга халқни қийнаётган масалалар ечимини сўраб микрофон тутиш бор, жавобни рандалаш йўқ, вазиятни борича олиб чиқиш бор{12}. Оммавий ахборот воситаларининг барча турлари газета-журналлар, радио-телевидение ва ижтимоий тармоқлар бу ҳақда турли мавзулар орқали мулоҳазаларини баён қила бошладилар.
Шавкат Мирзиёев 2017 йил 30 март куни ўтказган видеоселекторда телевидение фаолиятини танқид қилиб, «Ахборот» кўрсатувини янгилаб, журналистлар «ура-урачилик»дан воз кечиши лозимлигини айтди. 2017 йил 24 июлда илк эфирини томошабинларга тақдим этган «O‘zbekiston 24» телеканалининг вазифаси ҳам мамлакатдаги ички ва ташқи сиёсатдан аҳолини ҳабардор қилиб, шу мавзуга алоқадор шахсларни очиқ-ойдин мулоқотга чорлаш эди. Раҳбарларнинг экранлардаги чиқишлари орқали халқ ўзи учун ижобий ва салбий образ ярата бошлади.
КОВИД-19 бутун дунё одамларини ҳаётини ўзгартирган бўлса, оммавий ахборот воситаларига ҳам бевосита, ҳам билвосита таъсир қилди. Жаҳон телевидениеси қайта ислоҳ қилинганидек, фақат тиббиётга алоқадор чиқишлар қила бошлади, шу жумладан, Ўзбекистондаги телевидениелар ҳам. Кўрсатув бошловчилари, иштирокчилари ва қаҳрамонлар ҳам саломатлик билан боғлиқ контентларда сўзлай бошладилар. Жонли эфирлар ҳам асосан савол-жавоблар асосида бўлиб, асосий қаҳрамон шифокорлардан иборат бўлди. Пультни олиб телеканални ўзгартирсанг ҳам, шифокор ва бемор образи қолади. Вазиятлар бўлдики, телевидение журналистлари яшаш манзилларидан кўрсатувлар тайёрладилар. Журналист образи бошловчи, иштирокчи ва кўрсатув қаҳрамони қиёфасида бошқа бир шаклда намоён бўлди. Яна телевидение тарихида бўлмаган контент: мактаблардаги дарслар кўрсатув шаклида ўқувчи-томошабинларга етказилди. Онлайн дарс орқали педагог телеобраз қиёфасида ҳар куни зангори экран орқали дарс ўта бошлади. Телеканаллар ўз дастурларини ўзгартирдилар. Короновирус ҳақидаги маълумотлар жонли эфирлардан мунтазам берилди. Жинсидан, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар телеканаллардаги контентлар тиббий ниқоб иштирокида узатилди. Кейинги авлод телевидениенинг бу даврини телеобразлар ниқобларда деб эсласа, ажаб эмас.
Карантиндан аста-секинлик билан чиқа бошладик. Аммо 2021-йилгача ҳам шифокорлар билан боғлиқ кўп телелойиҳалар, ҳатто, бугунги кунгача ҳам сақланиб қолинди.
Телевизион образлар томошабинга таъсир қилиб, уни ҳаётини ўзгартириш қудратига эга бўлиши билан бирга, мамлакат имижи ҳақида ҳам сўзлайди. Ўзбекистон ҳақида тасаввурга эга бўлишни истайдиган мамлакат ташқарисидаги томошабин зангори экрандаги кўрсатувлар, телесериаллар, улардаги образларга қараб мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳолати ҳақида хулосага келиши мумкин.
Телевизион образлар эволюцияси шуни кўрсатяптики, инсонларни мулоҳазага чорловчи, реал ҳаётдан сўзловчи интеллектуал дастурларнинг умри узоқ бўлади. Худди, информацион кўрсатувлар, «Заковат» билимдонлар телелойиҳаси каби. Аммо маълумот оқими инсон онгини эгаллайвергач, эҳтиёжга қараб жанрлар ҳам ўзгача тус олиб, образларга ўз таъсирини кўрсатади.
Фойдаланилган манбалар:
1. Егоров В. В. Теория и практика советского телевидения. М.: Высшая школа, 1980. – С.10.
2. Хаджаев А., Ҳайитов Ш. Радио ва телевидение: Ўқув-услубий қўлланма. – Т.: ИЖОД-ПРЕСС, 2022. – Б.74
3. Мельникова Г.В. Галина Мельникова: независимость дала Узбекистану большие возможности. Т.: Спутник. 2016.17.08. 11:17
4. Ўтаев Ў. Телевидение – табаррук маскан. – Т.: “Ўзбекистон”, 2010. – Б.11-12.
5. Есин А. Радио и телевидение Узбекистана: рост, достижения, проблемы. – Т.: Узбекистан, 1975. – С.95.
6. Асадуллаев М. Телевидениенинг назарий ва амалий асослари. – Т.: МУМТОЗ СЎЗ, 2021. – Б. 151-152.
7. Маҳамедов М. Умр лаҳзалари. Режиссёрнинг ҳаёт кечинмалари. – Т.: Адабиёт учқунлари. 2018. –Б.30.
9. Ўтаев Ў. Телевидение – табаррук маскан. – Т.: Ўзбекистон. 2010. – Б.201.
10. Алимов Б.С. Мамлакат медиа имижини ривожлантиришда миллий оммавий коммуникация воситаларининг ўрни: назарий ва амалий аспектлар. Илмий-назарий қўлланма. – Т:. 2015. – Б.13.
11. Попова А. Манипуляции на телевидении как фактор формирования общественного мнения.ScienceTime. Журнал. 2016. – С.38.
12. Асроров У. Ўзбекистон телевидениеси: кеча ва бугун. Янги Ўзбекистон. 2020. 5 ноябрь