“БУГУНГИ КУНЛАР” I-IV боблар.
Дадахон ЁҚУБОВ.
“БУГУНГИ КУНЛАР” (роман).
I бўлим “ЗАФАР”
Мазкур романда ҳикоя қилинган воқеалар ҳаётдан қандай бўлса, шундайлигича кўчириб олинган, ўз бошимдан ўтган мавзулардир.
Ўтмиш ва келажакни бугунги кунлар боғлаб туради.
Муаллиф
1. Чорасизлик
2. Зафар
3. Ўтган асрнинг 70 йилларида
4. Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари
5. Унутилган қўшиқ
6. Излаганлар
7. Биз ёдгормиз бир биримизга...
Чорасизлик
—Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм,–деб қўлини дуога очган Зафар отасини олис ва кутилмаган сафарга кузатиш олдидан кўз ёшлари билан дуо қиларди: —Ой бориб, омон қайтинг, яна келинг, Музаффар отажон!
— Иншооллоҳ, ўғлим, айтганинг келсин. Ёшим бир жойга бориб қолганда менга ҳам осон эмас. Умрингдан барака топ, — дея қўлини дуога очган Отабек йиғлаб юборди.
— Ла ҳавла, ва ла қуввата илла биллаҳил, алийил азим, — дея дуога қўлини очган Ферузабону ўзини йиғидан тия олмасди. У эрини бегона юртларга кузатар экан, энтикиб сўзларди:
— Мени фарзандлар билан ёлғиз қолдирманг! Сиз одамлар учун, эл-юрт учун бир инсон қиладиган ишларни қилдингиз. Нега энди қочиб кетишингиз керак? Чорасизлик шунчалар ҳам оғир дард бўладими? Ахир катталаримиз”ўлимдан бошқасининг чораси топилади, дер эдиларку!? Ўзингизни асранг, яна соғ-саломат дийдорлашайлик! Сиз болаларингиз учун кераксиз, отажониси!
— Аллоҳу акбар,–Отабек юзига фотиҳа тортди Отабек. – Айтганингиз келсин! Эсон-омон кўришиш насиб этсин! Болаларни сизга, сизни Худонинг паноҳига топширдим!
Улар анчагача бир-бирларини қучоқлаб хайрлашдилар. Ферузабону латта халтага кийим-кечак, озиқ-овқатлар солиб, эрига тутқазди. Отабек ярим тунда уйдан чиқиб кетди. У кўчада ёлғиз кетаркан, аллақаёқдан итларнинг ҳургани эшитилар, эндгина ёғиб ўтган ёмғир йўлларни шалаббо қилиб улгурган эди. Ҳаво очилиб, осмонда юлдузлар чарақлар эди. Гўё улар Отабекка ҳамроҳ бўлишиб, унинг ортидан эргашиб бораётгандек. Отабек автобус бекати ўриндиғига келиб ўтирди. Кўчада машиналар қатнови камайган, аҳён-аҳёнда киракаш машиналар ўтиб қоларди. У бўш такси кутиб бекатда ўтирарди. Бошига тушган воқеаларни эсларкан, диққати ошар, иложсизликдан хўрсинарди. Ўғли Зафарнинг армонли ва мунгли юзи унинг кўз ўнгидан сира кетмасди. Болага ҳам осон эмас. У отасининг кексайиб қолганида ўз уйини ташлаб кетаётганидан, аниқроғи, ташлаб кетишга мажбур бўлганидан таассуфда қолди. Чорасизлик ниҳоятда оғир дард экан, ўлиб ўлмайсан, қолиб қолмайсан. Бутун ҳаётингни ағдар-тўнтар қилиб юборар экан. Уни устамон одамлар қарзга ботиришган. Энди у емаган сомсасига пул тўлайди, тўлай олмаса, бадном бўлади. Фирибгар,майда ялоқхўр одамларнинг сиртмоғига илинган. Улар энди уни ҳам қонуний йўл билан, ҳам зуғум йўли билан унга ҳужум қилишяпти. Бутун олам фирибгарлар томонида бўлар экан. Қани энди маблағи бўлса-ю, уларни ўртакаш юлғичларга бериб, инсондай яшашга чора топса?! Наҳотки чорасизлик, қашшоқлик, қарздорлик унинг бошини хам қилса? Агар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи коррупционерлар таъқиб, ноқонуний ҳаракатлари билан уни қўрқитиб қўймаганида, уй-жойини сотиб бўлса ҳам, бу офатни даф қилган бўлар эди. Афсуски, чорасизлик ҳаётий хавф–хатарга айланди.Энди у бундай муаммолар олдидаёлғиз қолди. Фақат куч йиғиш, адолатни тиклаш учун курашиш лозим. Ҳозирча бунинг имкони йўқ. Баъзан чекинишни ҳам кураш услуби дейишадику?!
Отабек ана шундай ўйлар билан автобус бекатида ўтираркан, унингхаёлига ҳаётидаги бахтиёр онлари тушдек бўлиб туюлар эди. Ёдига Зафар дунёга келган бахтиёр онлар тушгач, қоронғилиқ ичра ёруғ нур таратаётган туйнук кўрингандай бўлди.
***
Зафар
Саксонинчи йилларнинг ўрталари эди. Отабекнинг ўғил фарзанд кўриши Аллоҳ томонидан инъом этилган, кутилмаганда берилган қувонч эди. Унинг иккинчи қизи Нодира уч ойлик бўлмай онасини эммай қўйди. Қизалоқни докторга олиб бордилар, уни текшириб кўришгач, соппа-соғ дейишди. Сўнгра Ферузабонуни доктор кўригидан ўтқазишга тўғри келди. Маълум бўлишича, у яна ҳомиладор бўлиб қолган экан. Отабек куну тун иш билан машғул эди. Тележурналистликнинг ўзигахос қийинчиликлари бор. Ўшакунларда буюк ғалабанинг қирқ йиллиги нишонланаётган бир пайт эди. Отабек Ўзбекистон телевиденияси буюртмасига биноан “Ғалабанинг умид юлдузи” номли телеочерк тайёрлади. У шакл жиҳатидан шу давргача тайёрланган кўрсатувлар ичида бутунлай янгича эди.
Отабек негадир ўғли Зафарни ўйлар экан, унинг дунёга келиши, исм қўйилиши ҳам ўз ижоди билан чамбарчас боғланиб кетганлигини тасаввур қилди. Инсоннинг энг бахтиёр онлари ҳам асли–болалик. Болаликни севиш, эртаклар оламини ардоқлаш катталарнинг ҳаёт мазмунига айланиши табиий.
Абу Лайс ас-Самарқандий (Аллоҳ ундан рози бўлсин) айтади: “Абу Ҳурайра (Аллоҳ ундан рози бўлсин) Пайғамбаримиз(с.а.в)дан ривоят қилади: “Отанинг ўғлига қиладиган ҳаққи учтадир: Туғилса, яхши исм қўйиш; ақл кирса, Қуръони Каримни ўргатиш; балоғатга етса, уйлантириш”. Отабек шуларни ёдига оларкан, ўғлига яхши исм қўйганини, Аллоҳ буюрган уч фарздан бирини адо этганини шукроналик билан эслади. Зафарбек, Музаффарбек, бу номлар Отабек тайёрлаган бир қатор кўрсатувларда достон бўлган эди.
“Ғалабанинг умид юлдузи” кўрсатувининг номини ўзида эзгулик йўлида музаффарлик сўраб, жангга кириб, шаҳид бўлган халқимизнинг азиз фарзандлари жасоратини ёдга олиш мақсадида кичик лавҳа кўрсатилади. Ёши саксонни қоралаб қолган Олияхон онанинг хонадони. Хонадонда Олияхон она ва мухбир Отабек суҳбатлашиб ўтирар эдилар. Қуръон тиловат қилингач Олияхон она болаларининг отаси Воҳидхон Валиев ҳақида ҳаяжон билан сўзлар, унинг урушдан олдин ўқитувчи бўлганини, ҳам дунёвий, ҳам диний билимларни яхши билган олим эканлиги айтиб бермоқда. У урушдан аввал мактабда адабиёт фанидан дарс берган. Урушга кетгач Олияхон она ҳам ўқитувчилик қилган. Уларнинг уч фарзанди бўлиб, болаларига исмни отасининг ўзи қўйганини эслаб, кўзига ёш олади. Катта ўғлининг исми Боситхон,у ҳозир 70 ёшдан ошган.
Отаси урушдан қайтмади. 1942 йилнинг қаҳратон-қиш кунларининг бирида Олияхон онанинг эридан қора хат келди. У хатни сақлаб қўйган экан. Эскириб кетган кичик сандиқни очиб, бир неча хатни Отабекка узатади. Учбурчак қилиб букланган мактубларни қўлга олган Отабек дастлаб қора хатни ўқий бошлайди. Хат рус тилида ёзилган бўлиб, қуйидаги мазмунда эди: “Муҳтарам Олияхон Валиева, Сизнинг турмуш ўртоғингиз Воҳидхон Валиев 1942 йилнинг январь ойида Сталинград остонасидаги жангларнинг бирида қаҳрамонларча халок бўлди…”.
Иккинчи мактубни эса урушдан кейин жангчи дўсти Дилбарали Мақсудов исмли йигит олиб келиб берган экан. Сталинград остонасидаги жангларнинг бирида Воҳидхон Валиев ва унинг қуролдош дўстлари душман аскарлари билан қаттиқ жанг қилган. Кутилмаганда, орқадан пойлаб келган душман ханжар билан унинг қовурғасига пичоқ солади. Шу пайт дўсти Дилбарали орқадан келиб, винтовка учидаги найза билан душманни ер тишлатади. Икки, уч қадам нарида жароҳатланган Воҳидхон ака ётарди. Ён-атрофдаги оппоқ қор қип-қизил қонга беланган эди. Дилбарали дўстининг бошини кўтаради. Дўсти чап чўнтагидан бир энлик номани олиб унга тутқазади ва хатни турмуш ўртоғи – Олияхонга етказишини илтимос қилади. Бир оздан сўнг эрининг жони узилади. Ўшанда у қирқ ёшларда эди, холос.
Отабек ушбу мактубни қўлга олди.Унга теккан қон йиллар ўтиши билан сарғайиб кетган. Араб алифбосида ёзилган хатни Отабек ўқий олмади. Сўнг Олияхон онага узатди. Ушбу қоғозда Воҳидхон аканинг сўнгги шеъри битилган эди.
Боситхон ўғлим, соғиндим сени,
Болалигим, жаннатим, соғиндим сени.
Алҳамдулиллоҳ, бор сизлар, сизлар,
Аллоҳнинг паноҳига ёр сизлар, сизлар!
Эҳ, ширин кунларим ёдимга тушса агар,
Хаёлларим чўлғонади, чўлғонади дарбадар.
Бола ширин экан, дўстлар бола ширин шу қадар,
Бола учун жангга кирди, неча миллионлаб падар.
Сени соғиндим, юртим, соғиндим сени!
Олияхон она ушбу мисраларни ёд айтиб берди ва бир неча сония сукут сақлади. Отабек ҳам жим қолди. Хонадаги сокинликни кинотасвирчи АбдусатторДалабоевнинг овози бузиб юборди:
— Суратга олинди. Яхши, яхши! Ушбу кўрсатув ғалаба байрами куни намойиш қилинди. Уни миллионлаб томошабинлар юқори баҳоладилар.
Олияхон она каби садоқатли ёр, меҳрибон она, бир умр ёлғиз ўтган бева-бечоралар қанчадан қанча эди. Бу урушда жабр кўрмаган на бирорта хонадон, на бирон оила қолмаган, юртнинг ҳар уч кишисидан биттаси урушга сафарбар қилинган эди. Фронт ортида ғалабани кутишиб, миллионлаб одамлар меҳнат қилишган, жабру жафо чеккан эдилар.
Отабек йўл бўйидаги бекатда ҳануз ўй суриб ўтирарди. Болалик, болалик! Воҳидхон аканинг фарзандлари ота меҳрига тўймай катта бўлишди. Ўзи ўша уруш кимга керак эди? Мамлакатлар ўртасидаги муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилишнинг иложи йўқмиди? Бугунги кунларда уруш туфайли етим қолган болаларни ўз ҳимоясига олиб, вояга етказган, уларга меҳр берган Шораҳмат Шомаҳмудовлар оиласи, аниқроғи, ўзбек халқи бағрикенглиги ва болажонлиги учун қўйилган ёдгорлик нима сабабдан Тошкентнинг четига чиқариб ташланди?
Ҳа, майли. Замонлар ўтаверар, одамлар ўзгараверади. Лекин халқнинг эзгу фазилатлари ҳайкал бўлиб эмас, авлоддан-авлодга меърос бўлиб қолаверади.
Ҳа, ўзбекларда оила, бола-чақа, қариндош-уруғчилик ришталари ҳар бир инсоннинг қон-қонига сингиб кетган. Отабекнинг ҳам бутун ўй-хаёли оиласида ва ўғли Зафарнинг келажаги тўғрисида эди. Ўша музаффар кунларда, аниқроғи, Отабек ўз ижоди билан музаффар бўлган онларда Аллоҳ унга ўғил фарзанд инъом этди ва унинг номини Зафар деб атади.
***
Ўтган асрнинг 80 йилларида
Ўтган асрнинг 80 йилларида Ўзбекистон телевидениясида “Янгиликлар”, “Ахборот” кўрсатувлари энг асосий томошабоп дастурлар ҳисобланган. Ўша даврнинг руҳидан келиб чиққан ҳолда, пахтакорларнинг кундалик юмуш ва муваффақиятларини акс эттирувчи «Олтин водий» кўрсатуви асосий сиёсий-публицистик дастур эди. Уни қишлоқ хўжалиги муҳарририяти томонидан тайёрланарди. Ўзбекистон телевидениесида қишлоқ хўжалиги, адабий-драматик, «Ёшлик», «Болалар», «Мусиқа», «Кино» ва ўқув кўрсатувлари муҳарририятлари мавжуд бўлиб,«Ёшлик» студияси томонидан тайёрланган «Қишлоқ ёшлари», «Студентлик олтин даврим» кўрсатувлари намойиш қилинар, уларда ўша даврнинг масалаларини ёритадига энг яхши дастурлар эди.
Бадиий-публицистика кўрсатувлари тайёрлашга уриниш Элбек Мусаев, Муҳаммаджон Обидов, Мираббос Мирзааҳмедовлар томонидан яратилган «Оталар сўзи – ақлнинг кўзи», телевизион «Романтика театри» каби туркумларнинг пайдо бўлишида кўзга ташланарди.
Адабий-драматик кўрсатувлар муҳарририяти томонидан ёзувчи ва санъаткорлар ҳақидаги портрет-телеочерклар, театр ҳаётини акс эттирувчи кўрсатувларда публицистика бўлмаса ҳам бадиийлик намоён бўларди. Айниқса «Ёшлик» студиясининг «Телевизион миниатуралар театри» ҳажвий кўрсатуви, айтиш жоиз бўлса, “Ўзбекфильм“томонидан яратилган “Наштар” ҳажвий киножурнали саҳифаларида ҳажвий-юмористик лавҳалар, телекинофельетонлар берила бошлади. Ўша даврдаги камчилик ва нуқсонлар, муаммолар бироз бўлсада ҳажв остига олинди. Кино кўрсатувлари муҳарририятида ҳам бадиий-публицистик кўрсатувлар яратиш сари илк қадамлар қўйилди. Чунки кино асарининг ўзи бадиийликни таъминлаш имкониятларини туғдирарди. Киношунос олим, профессор Ҳамидулла Акбаровнинг «Кино оламида» кўрсатуви, адабиётшунос олим Наим Каримовнинг «Кўзгуда ҳаёт» ҳужжатли фильмлари асосида тайёрланган теледастурларда бадиий-публицистик кўрсатувларнинг дастлабки учқунларини кўриш мумкин.
Тўғрисини айтганда, бадиий-публицистик жанрлардаги кўрсатувларнинг юзага чиқишида ҳужжатли фильмлар тўғрисидаги тақризлар туртки вазифасини ўтаган.
Айниқса, кинофильмлар ёрдамида тайёрланган кинорежиссёр Собит Саидов, журналист Баҳодир Муҳамедов ва Отабек Юсуповларнинг «Оламга саёҳат», биолог Зафар Эгамбердиевнинг “Ҳайвонот оламида…”, киноҳаваскор Борий Хўжаевнинг «Киносаёҳатчилар клуби» каби туркумлари энг томошабоп телекўрсатувлар ҳисобланган.
Мусиқали кўрсатувлар муҳарририяти томонидан тайёрланадиган Анорбой Рўзиматовнинг «Марҳабо, талантлар», таниқли шоир ва бошловчи Анвар Исроиловнинг «Таъзим» кўрсатувлари ҳам жуда катта муваффақият қозонган эди.
Ўша ўтган асрнинг 80 йилларида телевидениядаги асосий кўрсатувлар матни журналистлар томонидан ёзилиб, сухандонлар томонидан олиб бориш урф бўлган эди. Ўктам Жобиров, Даврон Зуннунов, Георгий Ирлин, Галина Мельниковалар телевидениедаги кўрсатувларни олиб борувчи, яъни экранга чиқиш ҳуқуқига эга бўлган асосий шахслар ҳисобланар эдилар.
Техникавий жиҳатдан ҳам бадиий-публицистик кўрсатувлар тайёрлаш масаласида анчагина муаммолар бор эди. Кўрсатувлар асосан студияларда суратга олинар, кичик ҳажмдаги 16 миллиметрлик, оқ-қора тасвирдаги киноплёнкаларда акс эттирилиб,кўп ҳолларда асосий воқеа ва ҳодисалар тасвири техник носозлик туфайли экран юзини кўрмай қолаверар эди.
Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари охирларида бир гуруҳ ёш журналистлар ва телеижодкорлар ўзига хос янги телевизион шаклларни қидира бошладилар. Журналист Отабек Юсупов режиссёр Соли Раҳимқулов билан ижодий ҳамкорликда «Наштар билан учрашув» деб номланган кўрсатув тайёрладилар. Кўрсатув «Наштар» ҳажвий киножурнали суратга олиш майдонидан репортаж тарзида олиниб, унга киножурналнинг ҳажвий лавҳалари материал сифатида ишлатилди.
Ҳажвчи адиб Мухтор Худойқулов, ёзувчи Саид Аҳмад, кинорежиссёр Ғиёс Шермуҳамедов, комик актёрлар Ражаб Адашев, Бахтиёр Ихтиёров, Омина Фаёзова ва бошқалар суратга олиш майдонида мухбирларга интервью берардилар. Ушбу майдон телевизион студияда ташкил қилинган эди. Чунки кино суратга олиш майдонига ўта катта ҳажмдаги телевизион дастгоҳларни олиб боришнинг иложи йўқ эди. Ёзилган мукаммал сценария, ундаги сюжет ва композиция, яъни воқеаларни ташкил этиш ҳамда уларни бир-бирига боғлаш, жонли сўзлаш, мухбирнинг кутилмаганда берган саволлари ва журналистик таҳлили кўрсатувнинг ғоявий-бадиий жиҳатини мукаммал қиларди. Телевизион режиссура ва монтажнинг мукаммаллиги ушбу бир соатлик кўрсатувга катта муваффақият олиб келди. Албатта, бунда сифатли кинолавҳалар ва видеомагнитафоннинг дунёга келиши, айниқса, муаллиф-журналистнинг биринчи маротаба мутахассис сифатида экранга чиқиши катта омил бўлган эди.
Саксонинчи йилларнинг бошларида, “қайтақуриш”дан олдинроқ собиқ Совет Иттифоқида сифат ва интизом масаласи кўтарилган эди. Отабек бир қатор телефельетонлар тайёрлаб, жамиятдаги нуқсон ва камчиликларни фош этди. “Меҳмонхонадаги машмашалар” деб номланган телекўрсатув Тошкент шаҳар меҳмонхона хўжалигида давлат мулкини толон-торож қилиш, порахўрлик каби иллатлар очиб ташланди. Кейин эса “Калаванинг учи”, “Трамвай депога боради”каби фельетонлар томошабинларнинг эътирофига сазовор бўлди.Чунки юқорида таъкидлаганидек, энди сухандон ёки мутахассисгина эмас, балки экранда биринчи марта воқеа жойидан ҳикоя қилувчи, воқеаларни таҳлил қилувчи тележурналист пайдо бўлган эди.
1985 йилда Ўзбекистон телевидениясига «Бетакам» русумли замонавий видеокамера олиб келинди. Унгача «БЦН» русумли кўчма кичик станция ишлар эди. Унинг оғирлиги юз килограммга яқин бўлиб, мухбир ва тасвирчиларга ноқулайликлар туғдирарди. Ундан ташқари, ёритиш ва овоз ёзиш жиҳозларибилан 10 нафарга яқин ижодий ва техник ходимлар суратга олиш жараёнларида қатнашишга мажбур бўлардилар.
«Бетакам»нинг келиши энди қаҳрамонни студияга эмас, мухбир қахрамоннинг хонадонига ёки қахрамон ишлайдиган манзилларга бориш ва суратг аолиш имконини яратди. 1985 йил янги йилга бағишланган «Янги йил оқшомида» деб номланган мусиқали бадиий-публицистик кўрсатув муаллиф ва олиб борувчи Отабек Юсупов, режиссёр Наби Раззоқов эдилар. Кўрсатув воқеалари сирдарёлик чўлқуварлар хонадонидан, ҳажвий қахрамон Маржонхоланинг саргузаштларидан, хонанда НуриддинҲайдаровнинг «Қайлардасан менинг Насибам?» дея куйлаган клипи ва бошқа тасодифий воқеалардан иборат бўлиб, бадиий-публицистик кўрсатувнинг жанр хусусиятларини амалга ошириш имкониятини яратди.
Ўзбекистон халқи бугунги кунларда ўзининг буюк ёзувчи ва шоирлари, режиссер ва актёрлари, адабиётшунослари ҳамда етук журналистлари, таниқликинорежиссерлари ва киномунаққидлари билан фахрланса, арзийди. Уларнинг кўпчилиги Москва ва чет элларда тахсил олишган, ҳатто Тошкент давлат университети “Журналистика”факультети минглаб ушбу касб соҳибларини етиштирган. Ўнлаб институтларда адабиёт ва санъат соҳасини битирган мутахассислар оммавий ахборот воситаларини юксак чўққиларга кўтарган эдилар.
Лекин бу касбий ўзига хосликми ёки миллий менталитетми ёки тузум шуни тақозо қилар эдими? Телевидение соҳасида журналистлар ҳамиша орқа планда бўлар эдилар.
Отабекнинг ахборот дастуридаги «Ўрик», «Она», «Хоразм ғужумлари», «Алданган бодом» каби телелавҳалари, «Ҳаёт чашмаси», «Хотиралар дарёси» каби бадиий-публицистик кўрсатувлари ва ниҳоят журналист Ўғилой Юсуфжонова, режиссер Мели Маҳкамов, тасвирчи Рафаэль Камоловлар билан ҳамкорликда тайёрлаган «Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари» кўрсатувлари журналистни, аниқроғи, Отабекни соҳада биринчи даражага олиб чиқди. Чунки замонавий техник воситалар ёрдамида кино ва телевидение санъатининг тасвир, режиссура, мусиқа, шовқин, монтаж каби унсурларидан кенг фойдаланиш, қолаверса, тележурналистнинг ҳодиса ва воқеалар руҳига кириши, уларни таҳлил қилиши, муаммоларни кўтариш, ечиш масалаларида ҳам ижодий услуб билан ёндашиши сюжет ва композиция масалаларига эътибор ва муваффақиятлар гарови бўлди. Унинг бадиийлиги, турли жанрлардаги турли фактларни бир мавзу ва ғоя атрофида бирлаштириши тамошабинлар учун кутилмаган воқеага айланди. Қолаверса, одамларни қизиқтираётган, тамошабинларни ташвишга солаётган масалаларнинг дадил акс эттирилиши унинг ғоявий таъсирини янада кучайтирди. Ўша даврдаги ижтимоий зиддиятлар ҳужжатли, публицистик асарни драматургия даражасига олиб чиқди.
***
Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари
“Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” туркумидаги кўрсатувлардан бири Қашқадарё вилоятида суратга олинган эди. Ушбу кўрсатувда энг долзарб масалалар образлилик ва бадиийлик билан талқин этилган. Негадир Отабек ушбу кўрсатувни ва унинг суратга олиш жараёнларини тез-тез эслар, ҳатто тасвирлар кўз ўнгида жонланар эди.
Чархпалак…, унинг ҳаракати ҳеч ҳам тинмайдигандек туюлади. Чархпалак ёрдамида ариқ суви деҳқон даласига йўл олади. Ушбу кўрсатув беш саҳифадан иборат бўлиб унинг ғоявий мавзуси, “Умид” тушунчасига бағишланган эди.”Палахмон тоши” деб номланган саҳифасида қуйидагича образлилик бор: “Бильярд таёғи зарбидан соққалар яшил мовут ёпилган стол устида ҳар томонга сочилиб кетди. Яна бир зарб – соққалар кейинги зарбни кутиб, ҳар томонда қотиб қолишди. Ниҳоят ўйинчининг маҳоратига қараганда кўпроқ эҳтимоллар назарияси иш бердими, бир соққа беихтиёр чуқурчага бориб тушди.
Қашқадарё областидаги «Ўзбекистон комсомоли 50 йиллиги» совхозининг собиқ ҳисобчиси Карим Шарипов, ана шу хўжалик бўлимининг собиқ бошқарувчиси Саман Камолов, яна бир собиқ раҳбар – Эгамберди Умаровлар турғунлик йилларидаги ўз тақдирларини раҳбарлар ўйновчи бильярд тошларига қиёслашга ҳаракат қилиб кўрдилар. Бильярд ўйини манзарасида кадрлар, кишилар ўта бошлайдилар.
Карим Шарипов: “Пахтани қўшиб ёзишлар туфайли қамоққа тушдим. Лекин менга тиқиштирилган 90 минг сўмдан бир тийин ҳам ўзлаштирган эмасман. Уйимни, қандай турмуш кечираёттганлигимни ўзингиз келиб кўринг! ”Телекамера қаровсиз ҳовлини, дарвоза олдида мўлтираб турган, енгил-елпи кийинган болаларни, кўзлари ёшга тўла аёлни кўрсатди. Бильярд чуқурчасига эса навбатдаги соққа келиб тушди.
Саман Камолов: “Виждонан яшашга, пахтани ведемостларга қўшиб ёзмасликка, ҳосилнинг ҳақиқий миқдорини тўғри кўрсатишга ҳаракат қилдим. Тунда мени олиб кетишди. Сохта ҳужжатларга имзо чекмагунимча ўн кеча кундуз авахтада ушлаб туришди.
Яна телеэкранда бильярд тахтаси:
Ўқлов билан урилган соққа думалаб келиб,”лоп”этиб тўрга тушди.
Эгамберди Умаров: “ Хўжайинлар нима буюрса, ўшани қилганман. Шу тариқа жиноятчига айланиб қолдим”.
“Пахта иши” деб номланган, қатағон авж олган кунларда минглаб одамлар бегуноҳ қамалаётган бир пайтда, журналист ушбу ишга қўлуришининг сабабларини қуйидагича изоҳлайман: «Дарҳақиқат, кичик амалдорлар бильярд тошига ўхшайди. Уларни отганларида, албатта чуқурчага бориб тушади. “Пахта иши”нинг оддий пахтакорга, меҳнаткашларга алоқаси йўқ. Уларни оқлаш учун ҳақиқатни аниқлаш лозим эди.
“Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” кўрсатувининг ушбу сони Қашқадарё вилоятига бағишланган эди. Ушбу кўрсатувнинг “Умид” деб номланган саҳифасида обком котиби Ислом Абдуғаниевич Каримов билан суҳбат уюштирилади. Суҳбат тугагач, И.Каримов мухбир Отабек Юсуповга юзланиб: “ Сиз муҳбирларга ҳайронман. Ўзбек халқини ноҳақдан боқиманда десалар, ўғри десалар, кўзбўямачи десалар, қараб тураверасизларми? Мен ҳозир бир хонадонни кўрсатаман, юқоридаги гаплар туҳмат эканлигини ўз кўзингиз билан кўрасиз. Қўлингиздан келса, ушбу масалани чуқур ўрганиб, оддий пахтакорларни оқлаб чиқинг!Мен ҳам сизга ёрдам бераман! “– дейди. Шу тариқа, обком секретари берган мавзу ва қўллаб–қувватлаши боис мазкуркўрсатувда ўта долзарб муаммо тилга олинади.
“Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” кўрсатуви қатта муваффақият қозонади.
Саксонинчи йилларнинг ўрталарига келиб тоталитар тузум нурай бошлади. Жамиятдаги ўзгаришлар, демократик ҳаракатлар, муаммоларни ёритиш ва ҳал этиш йўлларини излаш каби масалалар журналистлардан жанговорликни ва долзарбликни талаб қиларди. Ўша давр матбуотида ҳам кўплаб тақризлар пайдо бўлди. АПН мухбири Темур Низаев “Мухбир” журналининг 1988 йил 9 сонида қуйидагича ёзади: «Вақтли матбуотда Отабек Юсуповнинг “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” туркумидаги деярли ҳар бир кўрсатувига бағишланган тақризлар эълон қилинмоқда. Бу табиий ҳол. Чунки ушбу кўрсатув ўзбек телевидениесида кўзга кўринарли воқеа бўлди. Менинг назаримда тележурналистларимиз бадиий-публицистик жанр воситаларидан фойдаланган ҳолда Республикадаги “қайта қуриш" жараёнини мушоҳада қилишга илк маротаба уриниб кўрдилар. Бу кўрсатув билан бир қаторда тура оладиган бошқа кўрсатувлар умуман йўқ “.
Отабек тайёрлаган кўрсатувларда республикадаги ижтимоий, демографик, экологик муаммолар кенг кўтарилди. “Бухорога лайлаклар келди, “Дашнобод анорлари”, “Жийда гуллаганда Фарғонага келинг!”каби ҳужжатли теленовеллаларни тилга олиш мумкин.
“Журналист” журналининг 1989 йил 5 май сонида тарих фанлари доктори К.Норматовнинг «Об этом говорит вся махалля» деб номланган мақоласида ўзбек халқи бошига тушган тоталитар тузум мусибатлари ҳақида ушбу кўрсатувдан билдик, деб ёзади. “Долзарб мавзу” рукнида берилган ушбу мақолада олим халқ бошига тушган мусибатлар, “Пахта иши”қатағонлари, Оролнинг қуриши, Тожикистон альюминий заводи муаммолари, ўзбек халқининг бағрикенглиги, унинг орзу-умидлари, урф-одатлар ойнаси орқали ёритилганлигини таъкидлайди.
Ўзбекистон телевидениясидаги 80 йилларнинг охиридаги бадиий-публицистик кўрсатувлар миллий қадриятлар тантанаси “Наврўз” узлуксиз кўрсатувида жам бўлди ҳамда оммавийлик касб этди. 1990 йилнин “Наврўз”и ва 24 соатлик ойнаи жаҳон кўрсатувини Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши янги сайланган Республика Президенти Ислом Каримов томонидан қўллаб-қувватланиши сиёсатимизни тубдан ўзгартирувчи халқимиз миллий қадриятлари, ўзлигини англаши, урф-одатлари, умуман, инсонийлик, меҳр-мурувватни юксак баҳоловчи раҳбар келганлигидан далолат берди.Аниқроғи, Отабекнинг наздида шундай туюлди.
***
Унутилган қўшиқ
Инсон яшар экан, доимо ўтган ҳаётини сарҳисоб қилади. Отабекнинг ижоди, қаҳрамонларининг тақдири унинг ҳаёти билан бирлашиб кетгандек. Отабек мамлакатнинг энг машҳур тележурналисти деб тан олинган онларида “Унутилган қўшиқ” деб номланган телеочеркни намойиш қилган эди. “Эй, музаффар пахтакорлар, офарин!”, деб бошланадиган бу қўшиқни таниқли хонанда Зайнаб Полвонова уруш йилларида куйлаган эди. Унинг матнини шоир Туроб Тўла ёзган. Мазкур ашула халқ ичида маълум ва машҳур бўлган.
Ҳатто оддий деҳқонлар ҳам уни хиргойи қила олганлар. Сўзларини ёддан билишган. Пахтакорлар пахта режасини бажарганларида бу қўшиқ уларни шарафловчи мадҳияга айланиб кетган эди. Турғунлик деб аталган совет даврининг сўнгги йилларида ушбу қўшиқ унутилиб кетган, хатто унинг ижрочиси бўлган Зайнаб Полвонова тўғрисида ҳам, унинг тақдири, ҳаёти ҳақида ҳам ҳеч қандай аниқ маълумотларни топишнинг имкони бўлмади. Ушбу телеочерк қўшиқ ҳақида эмас, унинг қаҳрамони, уруш йилларида ўз меҳнати билан, халқнинг офаринига сазовор бўлган инсон, пахтакор-звенавой Музаффар ота ҳақида эди. Бу меҳнаткаш, камтарин инсон 30-йилларда Намангандан Сирдарё вилоятига бориб қолган экан. Унинг уч фарзанди бўлиб, улар урушга кетдилар. Ота уч ўғлонидан ҳам навбатма-навбат қора хат олади. Навқирон ўғилларини йўқотган, кексайиб қолган ота душманга нафратини меҳнат орқали билдиради. Урушнинг ғалаба билан тугаши учун меҳнат қилади ва ҳар гектар ердан 50 центнердан пахта ҳосили кўтаради. Уруш йилларида унинг бу фидойи меҳнатини давлат юқори баҳолайди ва у “Социалистик меҳнат қаҳрамони” унвонига сазовор бўлади. Унга бағишлаб “Эй, музаффар пахтакорлар, офарин!” деб номланган қўшиқ яратилади. Аммо йиллар ўтиши билан бу қўшиқ ҳам, унинг қаҳрамони Музаффар ота ҳам бутунлай унутилади. У кексайганда фарзандларидан жудо бўлиб, азоб-уқубатлар билан дунёдан кўз юмади. Отабек ушбу телеочеркда Музаффар отанинг тилларда достон бўлган жасорати ва тақдири ҳақида ҳикоя қилар экан, ўзбек халқининг буюк меҳнати ҳам унутилган қўшиқ мисоли кўпчиликнинг ёдидан ўчиб кетаётгани, инсоннинг эзгу ишларини унутган жамият таназзулга юз тутиши мумкинлиги ҳақидаги пиарларни олға суради.
Отабек ижодининг асосий йўналиши адолатни тиклаш, инсон қадр-қимматини улуғлаш каби масалалардан иборат эди. Ўша даврларда Совет империясида Михал Сергеевич Гарбачёв исмли раҳбар саҳнага чиққан, бутун мамлакатда “қайта қуриш” деб номланган сиёсат амал қиларди. Россияда, Болтиқбўйи давлатларида, Грузияда “қайта қуриш” аллақачон “қайта бузиш”га айланиб борарди. Шу билан биргаликда, демократик ўзгаришлар ҳар бир совет фуқаросининг кундалик ҳаётидан ўрин ола бошлаган бир палла эди. Таниқли грузин ёзувчиси Нодар Думбадзенинг “Надомат” деб номланган асари Грузияда “шов-шув”га сабаб бўлди.
…Кекса грузин аёл йўлда борарди, кўча тўла одамлар ҳар томонга шошмоқдалар. Кекса она одамларни тўхтатиб сўрайди: “Болам, бу йўл қаёққа олиб боради?”. Йўловчиларнинг кўпчилиги: “билмасам, билмаймиз”, деб жавоб берадилар. Шунда кекса аёл: “Бу йўл ибодатхонага олиб борадими?” деб сўрайди. Йўловчилар билмасликларини айтадилар. Таажжубга тушган она ўзининг бир неча дақиқа адашиб қолганини сезади ва “Воажаб, ахир, бу йўлларнинг бирортаси ҳам ибодатхонага олиб бормаса, бундай йўлнинг кимга кераги бор.Ибодатхонага олиб бормайдиган йўл ҳалокатга олиб боради, адашибман! Одамлар ҳам адашибдилар!”, деб ўз ўйи ва таажжубига жавоб топади.
Дарҳақиқат, совет даврида фуқароларнинг аксарияти ибодатхона йўлларини унутган, бизнинг элимизда мачитларнинг кўпи бузиб ташланган, меъморий обидалар аллақачон вайронага айланиб бўлган эди…
***
Излаганлар
Отабек йўл бўйидаги бекат ўриндиғида ҳамон хаёл сурарди. Сал кам уч миллионли аҳолиси бор шаҳарнинг қоқ ўртасида тунгги сокинлик. Йўл четидаги чироқлар остидан одам шарпаси кўринди. У яқинлашган сари қандайдир мунгли қўшиқни куйлаб келарди. Бу одамнинг кийимлари юпун, ҳатто кўйлаклари йиртилиб кетган эди. У секингина Отабекнинг ёнига келиб ўтирди. Отабек унга салом берди. У бир қараб қўйдида, қўшиғини давом этаверди. Ёши элликлардан ошган бу савдойи одам Отабекка ғалати туюлди.У девона мисоли қўшиғини давом эттирарди: Мен олисларга кетяпман,Сени излаб, сени кўзлаб, гўзал ёр! Гўзал ёрим, кўринсангчи йўлимда, Сенга айтар армонларим хўп, бисёр! Сени қувлаб етолмайман, кўринсанг ҳам,Олислардан боқиб, қочиб қоласан.Ортингдан ҳеч келолмайман, уринсанг ҳам,Ўн саккизда мангу қолган қиз боласан! У Отабекка юзланиб, йўқолган нарсасини топиб олгандек, шодланиб гапира кетди:
—Ана у менинг гўзалим, ана, у қоронғуликни кўрсатиб, сакраб ўйинга тушди-да, ўша томонга югуриб кетди. Қўшиғини давом этар, орада кимдир уни чақираётганини такрорларди. Узоқлашган сари овози ҳам йўқолиб борарди…
— Ё тавба, астағфируллоҳ, Аллоҳнинг синови бу деган сўзлар
Отабекнинг тилидан беихтиёр чиқиб кетди. –Бу одамнинг бошига оғир мусибатлар тушгани аниқ. Шу боис телба бўлиб қолган бўлса керак. Аллоҳ ҳар бир инсонни йўлидан, ақли-ҳушидан адаштирмасин! Менга қолса, уйимдан узоққа ҳеч қачон кетмасдим. Йўллар, йўллар. Уларнинг бошланиши маълум, ниҳоясини Яратганнинг ўзи билади. Умуман, инсон ҳаёти ҳам мана шу йўлларга қиёс. Бу йўл текис, равон эмас. Унинг ўнқир-чўнқирлари, тошу чақирлари, чанг-тўзонлари бор. Ижодкорлик ҳам шундай. У баъзан юксакликка, баъзан эса адашувга олиб келиши ҳеч гап эмас. Отабек
қоронғулик ичра кўздан ғойиб бўлган ҳалиги савдойи одамни бир неча марта кўрган. Одамларнинг айтишларича, у севган ёридан жудо бўлгач, ақл ва ҳушини йўқотиб, шу ҳолга келиб қолган экан. Ижод ҳам ана шу ошиқни эслатади. Уни йўқотган одамнинг аҳволига вой.
Ҳа, Отабек ҳам адашиб қолгани аниқ. У ижод билан биргаликда нисор қалбларга ёрдам бериш орзуси билан яшарди. Хайрия ва саховат ишларида фаол иштирок этарди. Баъзан ижодидаги қахрамонларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилар, улар билан танишган муштарийлар ҳис этишлари учун, идрок қилишлари, уларнинг дарду армонларини ўзларининг дардлари, халқимизнинг армонлари эканлигини томошабинларга етказиш ниятида ўзи ҳам ана шу кўйга кирар эди. Экранда қаҳрамон кулса-кулар, йиғласа, қўшилишиб йиғларди. У фақатгина экранда эмас, ҳаётда ҳам мардона бўлишга интиларди. У ўзи учун жонкуяр журналист Отабек Юсупов образини – қиёфасини яратиб олиб, ана шу қиёфанинг руҳий қобиғидан чиқиб кета олмас, ўзини ҳам қаҳрамонлари каби кўпинча нисор сезарди, улар каби эзгулик ва яхшиликка интиларди. Кўпинча ғолиб ҳам чиқарди. Ўғли Зафарга ҳам ана шундай жасурликни, мардлик ва адолатпарварликни ўргатишга, унинг қалбида ватанга ва одамларга бўлган чексиз муҳаббат уйғотиш ишқи билан ёнарди. Аммо бугунги кунларда замон тубдан ўзгариб кетган эди. Ўғли Зафар ва унинг тенгқурлари шу замонга тез мослаша олишар, кўп воқеа ва ҳодисаларга шубҳа билан ёндашар, ўзларини ҳимоя қилишни билишар эдилар.
Отабекнинг ёши олтмишларга яқинлашиб қолган бўлса ҳам эски қолипда, китобларда ўқиган, ота-боболардан ўрганган эзгу фазилатлар қолипидан чиқа олмас эди. Кўп ҳолларда ўғли Зафар ҳам отасидаги ўта кўнгилчанликни сезар, ҳаммага ҳам ишонавериш, болаларга хос самимий хислатларидан панд еб қолиши мумкинлигини айтгиси келарди. Аммо у ҳеч қачон отасининг райига қарши бора олмасди. Шу туфайли кўп нарсаларни ичига ютарди. Унга гап қайтармас, фикр ҳам билдирмас эди. Чунки отаси ўғли Зафар учун ижодкорларга хос кўп фазилатлари билан ибрат эди. У отасидан университетларда эшитмаган, журналистик фаолиятнинг ўзига хос сир-асрорларини болалигиданоқ руҳига сингдирган эди. Аммо тижорат, хайрия, пул ва молияга алоқадор ишлар ўғлига ёқмас, отасининг чоратрофини фирибгар, ёлғончи, очкўз ва худбин одамлар ўраб олганлигини билиб, жаҳли чиққанда икки оғиз сўз билан “фириб” ёки “фуфло” деб қўяр эди.
Зафар телевизион ижодга болалигидан қизиқар, отаси мухбир бўлиб ишлаган пайтларида унинг ёнида юришни, суратга олиш жараёнларини томоша қилишни яхши кўрар эди. Оилавий альбомларида бир сурат сақланиб қолган экан. Уни фотомухбир Асқар Саматов суратга олган бўлиб, Отабек сайёҳ журналист Тошмамат Рўзибоевга микрафон тутиб, ундан интервью олмоқда. Тасвирчи Рафаэль Камолов буни суратга туширяпти. Беш ёшлар чамасидаги болакай томоша қилиб турибди. У Отабекнинг ўғли Зафар эди.
– Ота, мен ҳам журналист бўлсам, мухбирлик қилсам бўладими? – деб
сўради болакай.
– Бўлади, албатта бўлади, – деди Отабек ўғлига тушунтирар экан. — Аммо бу оғир ва жуда кўп меҳнат талаб қиладиган касб. Машаққати бор, машаққати кўп, ўғлим.
– Машаққат нима?
– Ўғлим, биз бугун ана шу машаққатни суратга олаяпмиз.
Ўшанда Отабек Тошмамат Рўзибоев ҳақида “Излаганлар…” деб номланган телеочерк тайёрлаган дамлар эди. Сайёҳ журналист Тошмамат Рўзибоевнинг ўзига хос саёҳати ўз даврида улкан жасорат деб баҳоланган. Тошмамат Рўзибоев 1969 йилда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари Шароф Рашидов номига В. И. Лениннинг 100 йиллиги муносабати билан “Ленин изидан…” деб номланган саёҳатга чиқиш нияти билан мурожаат қилади. Унинг истаги ҳукумат томонидан қўллаб-қувватланади. Тошкентда уни катта тантаналар билан кузатишади. У Қозоғистон орқали Сибирга, сўнгра Қозон, Нижний Новгород, Москва, Ленинград, Выборг, Ульяновск каби шаҳарларга пиёда саёҳатга чиқади. У ёлғиз ўзи тахминан ўн минг километрча масофани босиб ўтиб, йўл очеркини ёзади. Унинг бир неча йўл очерклари, таассуротлари ёш журналист Шароф Убайдуллаев таҳрири остида “Совет Ўзбекистони” газетасида чоп этилиб туради. Тошмамат Рўзибоевга ушбу саёҳат муваффақият олиб келмади. У яқинларидан узоқлашади. Оилавий муаммолар пайдо бўлади. Аниқроғи, оиласи барбод бўлди. Сафар чарчоқлари билан йўл азобини бошидан кечирган ижодкор учун ижодий изланишлари ҳам кўнгилдагидек натижа бермайди. Унинг устига, давлат ҳам омадсиз одамни ҳамиша ҳам қўллабқувватлайвермаслиги аниқ бўлиб қолди. Катта “шов-шув” билан бошланган тадбир тез фурсатда унутилади. Орзулар саробга айланади. Совет империяси идеологияси найрангларидан қанчадан-қанча нисор қалблар азият чекди. Улардан бири “Совет Ўзбекистони” газетасининг мухбири Тошмамат Рўзибоев эди. Отабек ўшанда унинг оила аъзолари билан учрашиб, рафиқаси билан яраштиришга уриниб кўради. Кўрсатув намойиш қилингандан сўнг, одамлар яна шундай фидойи инсонлар борлигини билдилар. Бир неча йиллардан сўнг Отабек яна Тошмамат аканинг хонадонига борган эди.
Маълум бўлишича, у оиласини қайта тиклай олмабди. Сайёҳ журналист Тошмамат Рўзибоев Сирдарё вилоятининг қишлоқларидан бирида ёлғиз яшаб, дунёдан кўз юмибди. Бутун бир жамиятнинг инсон тақдирига шунчалар бефарқ қараганлиги Отабекни чуқур ўйга толдирган эди, ўшанда.
“Излаганлар…” деб номланган ушбу телеочеркдан қолган ягона хотира, ана шу сурат. Бу юртдан не-не журналистлар чиққан. Ҳамма ҳам Шароф Рашидов каби таниқли ёзувчи, журналист ва давлат арбоби бўлиб етишавермайди.
Айтишларича, бу касбдан оғир касбнинг ўзи йўқ. Турли бахтсиз ҳодиса сабабли ҳалок бўлган шахтиёрлар сонидан ҳалок бўлган журналистларнинг сони кўпроқ экани қайд этилган. Бу оғир касбни Отабекнинг ўғли ҳам танлади. Зафар ҳам бир сўзли, қатъиятли. Лекин унга ўхшаган журналистларга талаб кам. Миллий университетнинг магистратурасини тугаллаган бўлса ҳам, ҳали тайинли иш топгани йўқ. Отабекнинг ўзи ҳам кейинги йигирма йиллар давомида бирорта таҳририятдан кўнглига ёққан, аниқроғи, қўлидан келадиган иш топган эмас. Ўзбекистон телерадио компаниясига, Кино агентлигига, ҳужжатли фильмлар студиясига ўз лойиҳаларини тақдим этиб, ўн йиллар давомида кўп марталаб оддий иш сўради. Аммо хеч ким унга эътибор ҳам қилмади. Бу идораларда ўшандан буён раислар, бошлиқлар алмашаверди. Отабекка боғлиқ муаммо эса ечилмай қолаверди, ечилмади. Унга ҳам алам қилади. Отаси Ёқубжон ота бот-бот такрорлаган гапни эслайди: “Ўғлим, иложини топсанг, телестудиядан қетма, ҳатто қоровул бўлиб ишласанг ҳам розиман!” Бўзчи белбоққа ёлчимас, деган мақол журналистлар учун айтилган бўлса ажаб эмас.
***
Биз ёдгормиз бир биримизга...
Ҳаёт шунақа экан. Қанча сувлар оқиб ўтди. Отабекнинг ота-онаси ҳам дунёдан кўз юмиб кетишди. Ишни деб, олис Тошкентдаги телевизион ижодни деб, ота–онасидан узоқда яшади. Уларга қариганида кўпроқ эътибор керак эди. Афсус энди кеч. Инсон барҳаётми йўқми, барибир бир бирларига ёдгор бўлар экан. Тирик одам ҳеч кимни, ҳеч нарсани, яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам унутмас экан.
1990 йилнинг 21 март куни Ўзбекистон телевидениесида биринчи марта “Наврўз” узлуксиз телемарафони ўтказилган эди. Ушбу кўрсатув ўзбек халқининг меҳр-шафқат чақириғи бўлиб, бутун элни бир мақсад сари бирлаштирди. Ёрдамга муҳтож қариялар, бева-бечоралар, кўп болали оилалар, етим-есирлар, ногиронлар ва беморлар учун, энг аввало, меҳр рамзи сифатида миллионлаб сўм маблағ йиғилди. Одамларни савобли ишларга чорловчи умумхалқ бонги, айтиш жоиз бўлса, жамиятни ғафлатдан уйғотувчи “азон” бўлди. “Наврўз” кўрсатуви йигирма беш соату, тўққиз дақиқа бетўхтов давом этди. Кўрсатув муаллифи ва олиб борувчиси Отабек эди. Унга катта шон-шуҳрат ва муваффақият келди, элнинг улуғ олқишига сазовор бўлди. Ўша кунларнинг бирида унинг хонадонига ўнлаб мухбирлар келишди. Унинг ғарибона кулбаси одамлар билан гавжум бўлди.
Мухбирлардан бири суратга олиш жараёнида унинг оила аъзолари билан суҳбатлашди. Хотини Ферузабонуга мухбир саволлар билан мурожаат қилди:
— Турмуш ўртоғингизнинг бу муваффақиятида сизнинг ҳам улушингиз бор деб ўйлаймиз, шундайми?
— Билмадим, мен уч фарзанд билан уйдаман. Ўзим туғруқхонада доя бўлиб ишлайман. Эрим қувонса, қувонамиз, изтироб чекса, куямиз. Албатта оғир пайтлар ҳам бўлган. Худога шукур, эримнинг ютуқлари кўп, бу унинг йиллаб қилган ижодий ишланишлари, бедор тунларининг ҳосиласи бўлса керак,–дея Ферузабону йиғлаб юборган эди, ўшанда. Сўнгра мухбир микрафонни беш ёшдаги Зафарга тутиб:
— Ўғил бола, сен катта бўлсанг ким бўласан, ким бўлмоқчисан?
— Мен Отабек Юсуф бўламан, –деб жавоб берган эди у. Унинг бу сўзини миллионлаб томошабинлар кўрдилар. Баъзилар бу гап болакайга атайлаб ўргатилган, деган фикрга ҳам келган. Аслида бу ўйламасдан, кутилмаганда айтилган жавоб эди. Онаси уни шифокор бўлиши хоҳларди.
Мен ўғлимнинг ҳуқуқшунос бўлишини истардим. Унинг назарида отаси энг яхши одам, эзгу ишларни қилувчи инсон. Тоғаси Шуҳрат заводда муҳандис бўлиб ишларди. – Сени даданг “жиннича” телестудияда ишлайди, нима иш қилиши аниқ ҳам эмас. Иш вақти ҳам белгиланмаган, кеч тунда уйга кириб келади. Баъзан неча кунлаб келмайди ҳам. Дабдурустдан сафарларга кетиб қолади, – дерди. Зафарнинг Отабек Юсуф бўламан, деган нияти унинг вужуди билан улғайиб, руҳи билан юксалиб борди. Шу ният сари интилди.
— Зафар, ўғлим, – деди Отабек бир куни. –Сен бошқа касбни танламайсанми? Журналистликдан бойиб кетган бирор кимсани билмайман.
Ҳеч бўлмаса сартарош, чилангар ва чеварликни ўрганиб қўйсанг, ҳаётда асқотарди. Мен ҳам Тошкент зилзиласи йилларида, талабалик вақтимда қоровул бўлиб ишлаганман, қурилишда плиткачи бўлиб ҳунар ўрганганман.
Журналистнинг иши осон эмас. Баъзан керак бўласан, баъзан эса, кераксиз.
Кунларнинг бирида Миллий университет журналистика факультети талабалари билан Отабекнинг учрашуви бўлди. Учрашувда талабалардан бири унга савол билан юзланади:
– Ҳурматли устоз, сизга анъанавий савол билан мурожаат қилмоқчиман. Қайта дунёга келсангиз яна, албатта, шу касбни танлармидингиз?
– Саволингиз ўз жавоби билан эканлигини сезганга ўхшайсиз. Кеча телевизорда Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова билан ижодий мулоқот бўлди. Кўпчилик кўрган бўлса керак. У “Яна қайта туғилсам, албатта, яна хонанда бўламан”, деди. Аллоҳ таоло яна қайтадан яшаш имконини берса мен бошқа касбни танлар эдим. Чунки журналист сифатида мен қўлимдан келганича хизмат қилдим.
Талабалар Отабекнинг сўзини давом эттиришга йўл қўймадилар.
Кўпчилик бу жиддий жавобдан таажжубга тушса, кўпчилик шунчаки ҳазил жавоб деб қабул қилдилар. Талабалар ўз саволларига аниқроқ жавоб кутардилар. –Унда айтингчи, қайси касбни танлаган бўлар эдингиз? “Мен прокурор бўлар эдим”. Отабекнинг бу жиддий жавобни, барча журналист талабалар тушундилар. Улар бу жавобдан қониққан эдилар.
Ўғли Зафар масаласига келсак, у ҳам ана шундай руҳда тарбияланган, қолаверса, улғайган эди. У отасининг саволига, – мен миллионлаб одамларга телевизор орқали беш ёшимдаёқ Отабек Юсуф бўламан деб ваъда берганман.
Демак, журналист бўлишим керак. Сизнинг ишингизни давом эттиришим ҳаётимнинг мазмунидир. Аллоҳ ҳар бандани ўзи яратади, ўзи ризқлантиради. Бир амаллаб болаларимни боқиб оларман, – дея жавоб қайтарарди. – Иншааллоҳ болам, орзуларинг ўшалсин. Мени ва касбимни улуғлаяпсан, сени Аллоҳ улуғласин, эл-юрт эъзозласин, ижодий ютуқлар сенга ҳамиша ёр бўлсин, – дея Отабек ўғлини дуо қилди.
Отабекнинг ўғли ҳам Миллий университетнинг журналистика факультетида таҳсил олгани учун бўлса керак, доим отасини огоҳлантирарди:
— Дада, “фалон” фандан дарс берувчи ўқитувчи талабалардан баҳо эвазига пора олади. Уни ҳеч ким ҳурмат қилмайди, дерди.
— Нима, сен мени шундай тубанлик қилишим мумкинлигига ишонасанми? Биласанку, мени!,– Отабек ўғлини койирди.
— Йўқ. Ишонаман, аммо ўртада шайтон бор. Ахир менинг ўқишим учун шартнома маблағини ҳам бир амаллаб тўлаяпсиз, оиламизда фақат ўзингиз ёлғиз ишлайсиз. Онам ишламаса. Менинг аҳволимни ўзингиз кўриб турибсиз.
— Ғам қилма ўғлим, мен келажакдан пора оламанми ёки сенинг юзингни ерга қаратаманми?
Буюк ёзувчи Чингиз Айтматовнинг катта ўғли Санжардан газета мухбирлари сўраб қолишади: “Отангизнинг дунёда машҳур асарларидан қандай фалсафа ёдингизда қолган?”. У жавоб беради: “Сиз мендан отамнинг фалсафасидаги умуминсоний қадриятларни куйлагани, дунёнинг миллат ва чегара билмас адибига айлантирди, деган жавобни кутмоқдасиз. Аммо мен унинг “Фудзиямага кўтарилиш” пъесасидаги “бугунги кунларда инсон қандай қилиб инсон бўлиб қолиши керак!”, деган ҳитобининг мағзини чақишга интиламан. Асарда илгари сурилган ғоянинг қудрати ҳам шунда”–деган эди Санжар Айтматов.
Ҳа, инсон инсонлигича қолиши керак.
Абу Лайс ас-Самарқандий “Танбеҳ-ул ғофилин” деб номланган асарида касб офати ва ҳаромдан ҳазар қилиш деб номланган бобида шундай айтади: “Бу гапни бир зоҳид тафсир қилган: Амирлар халқнинг тартибини сақлашади. Олимлар пайғамбарларнинг меъросхўрлари. Улар халққа охиратни англатиб туришади ва одамлар уларга эргашади. Қуролли аскарлар Аллоҳнинг аскарлари. Улар мусулмонлар тинчлигини сақлаш учун керак.
Аммо чўпон бўрига айланса, подани ким боқади, ким сақлайди? Олимлар илмни ташлаб, дунё билан шуғулланиб кетишса, халқ кимга эргашади?
Аскарлар юқори мансабга интилса ва таъма учун чиқса, халқини душмандан қандай ҳимоя қилади? Касб эгалари ҳиёнат қилсалар, одамлар улардан қандай омонлик топишади?”
Истайсизми, йўқми, журналист бу – олим, олим бўлганда ҳам ҳар куни, ҳар он, ҳар лаҳза кашф қилувчи олим. У одамларни эзгу ишларига бошлайди.
Эзгулик манзили томон етаклайди. Гоҳида амирлар мисоли ўз ижоди билан халқ тартибини сақлайди, одамларни ҳалолликка чорлайди. Керак бўлса, эл бошига иш тушганида кўкрагини қалқон қилади. Чўпонларнинг бўри бўлмаслиги учун қайғуради. Агар улар ўз касбларини ташлаб кетишса, халқ кимга, нимага эргашади. Ҳақни, ҳақиқатни, адолатни топиш осон эмас. Бу йўл, ҳавф-хатарли йўл. Аммо жаннат йўлидир. Аллоҳнинг ўзи бу йўлда мададкор бўлсин. Барча ёмонликлардан ўзи асрасин. “Ўғлим Зафар муродига етсин! Иншаллоҳ, элнинг севимли ижодкори бўлсин”. Отабек шуларни ўйлаб ўтирар экан, унинг ёнига бир такси машинаси келиб тўхтади. У машинага ўтиргач ҳайдовчига “Қўйлиқ” томонга деди. Машина радиосидан Анна Герман ижросидаги “Эхо” қўшиғи таралар эди. Отабек уни руҳан ўзбек тилида ижро этилаётгандек тингларди. Шоир Роберт Рождественский сўзларини ҳаёлан таржима қилар, изтиробдан унсиз йиғлар эди...
Юлдузлар сочилмиш осмон - фалакка,
ва шоҳларни ўйнар шамоллар.
Минг чақирим олисдан эшитгум якка.
Мен – садо, Сен – садо.
Биз акс–садо бир–биримизга.
Узоқда бўлсанг ҳам, олисда юрсанг ҳам,
боғлайди қалбимизни хаёллар.
Иккимизни чорлагай муҳаббат мудом.
Мен-ошиқ, сен–мошиқ.
Биз ишқ–вафо бир–биримизга.
Тим қаро жар тортса гирдоб домига,
узлат ютар бўлса ҳам магар,
биламан, иккимиз биргамиз-бирга,
Мен – ёдгор, сен – ёдгор.
Биз ёдгормиз, бир–биримизга.
( Биринчи боб тугади)
II бўлим. ФЕРУЗАБОНУ
ОСМА СОАТ...
Деворга илиниб қўйилган осмасоат занжири анча пастга тушиб улгурган. Унинг бир учига илинган оғир темир урчуқ лаҳза сари пастга интилади. Гўё у ҳаёт давом этаётганлигидан Ферузабонуни огоҳ этиб турганга ўхшарди. Зафар отасини кузатганидан кейин хонасига кириб, компьютерда бироз ишлади. Чироқни ўчириб, ўзини кароватига ташлади. Ферузабону эса хона ўртасида мижжа қоқмай ўтирарди.
Одамнинг иши чаппасига кетса, тўхтамай пастга қараб тортиб кетаверар экан. Худди деворга осиб қўйилган соатнинг урчуғига ўхшаб. Соат ишлаши учун занжирнинг иккинчи учини тортиб, мурувватни тепага кўтариб қўйилади. Ферузабону кўзини соатдан олиб, фикрларини жамлашга уринарди. Бугун содир бўлган воқеаларга ишонгиси келмасди.Хонадаги осма соат бетўхтов чиқиллар, гўёки ўтган умр ҳақида суҳбатлашаётганга ўхшарди.Ферузабону ўйга толди.Энди у кимдан ёрдам сўрайди? Мана,энди болаларининг отаси олисларга кетди. У ўзи билан бошига тушган ташвишларни олиб кетдим, деб ўйлайди. Аммо тақдир чигаллари шунчалик маҳкам тугилганки, уни ечишга фақат Яратгангина қодир.
Осма соат занжири доим пастга қараб урчиқни тортиб тушаверади. Такрор,такрор ва такрор. У бунунги кунларни лаҳзаларга тақсимлаб, умр ўтаётганлиги ҳақида огоҳ этувчи “чиқ-чиқ”ини давом эттираверарди. Ферузабону соат рақамларига қаради. Уни хаёл олиб қочди. Ҳали бомдодга анча вақт бор экан. Эри аллақачон Тошкентдан узоқлашиб кетгандир. Энди унинг ётиш-туриши, ейиш-ичиши нима бўлади? Қамоқдан чиққанидан сўнг, бир ой давомида касалхонада даволанди. Шунча синовларга юраги бардош берармикин? Яна хуруж қилиб қолса нима қилади? Унинг таъбири билан айтганда, Ўзбекойим, шахсий табибим, шифокорим, ошпазим, меҳрибоним, жафокашим. Сиз бўлмасангиз мен бу дунёда яшаб нима қиламан, деб эъзозловчи яқин кишиси йўқ! Энди нима бўлади? Бу уй-ҳовли Отабексиз Зафар иккаласини ютиб юбораётгандек. Бошига иш тушса, инсон ёлғиз қоларкан. Қани эрининг дўстларию, акалари?Ижоди гуркираб, амал пиллапояларидан кўтарилаётганида парвона бўлиб, этагига ёпишган таниш-билишлари қаерда? Ёнида ўралашиб юрувчи сартарошусураткашлар, қатор ҳайдовчилар қани? Ҳеч бўлмаса, қариндош-уруғлари қаёққа ғойиб бўлишди? Улар ҳам кўчиб кетишганми? Ҳатто бир неча марта милициядан одам келиб суриштирганидан ваҳимага тушган қўшнилар ҳам ўзни олиб қочадиган бўлиб қолишди. Менимча, бу балоларнинг асосий сабаби Отабекнинг ўта кўнгилчанлиги, одамларни фарқлай олмаслиги, аниқроғи, одам ажратишни билмаслиги эмасми?
“Саховат” дастурини амалга ошираман деб хайрия жамғармаси тузганида, унинг меҳнати ва шон-шуҳрати туфайли миллионлаб маблағлар топганида, “Гадоларнинг подшоҳи” дея улуғладилар. Атрофига йиғилган устамонлар маишату ҳузурини кўришди. “Гадоларнинг гадоси” бўлганида ҳатто ҳеч ким танимай ҳам қўйди. Жамғармада юзага келган иқтисодий таназзулни бартараф этиш ниятида оилавий ашъёларгача сотиб, бизни ҳам қашшоқ қилдилар. Ахир у 10 йилдан ортиқ давр мобайнида милицияма–милиция, судма–суд юравериб, баъзан ҳақиқат тантанасига эришиб, баъзан хўрликларни бошидан кечирди. У каби тушкунликка тушмай, доимо яхши кунларга умид қилиб юрувчи, сабр тоқатли одамлар кам учраса керак. Яна ҳам метиндек иродаси бор экан бу одамни. Бўлиб ўтган ишларни ўйлаб, уйингга етолмайсан киши. Лекин мен ундан мингдан-минг розиман. Болаларимизнинг ҳаммаси олий маълумотли бўлишди. Қизларимизни ҳам ўқитиб, топган-тутганимизни йиғиб, турмушга узатдик.
Янги турмуш қурганимизда бир неча йил ҳовли сотиб олгунимизга қадар отамнинг уйида турганмиз.Ўша пайтларда мен туғруқхонада ишлар эдим, Отабек бўлса, доим ижод билан банд эди. Кечалари болалар боғчасида қоровуллик қилар, эрталаб фаррошликни ҳам ўзи эпларди. Менинг топганим рўзғорга кетарди. У эса ҳовли сотиб олиш орзусида маблағ йиғар эди. Унинг “Москва” деб номланган ёзув машинкаси бўлиб, уни доимо уёқдан буёққа кўтариб юрарди.Шу тариқа телекўрсатувлар матнини ва ижодий ишларини қоровулхонада ёзарди. Шундай қилиб, кичикроқ ҳовли сотиб олдик. Кейинчалик у ҳовлини ҳам сотиб, ота-онам яшайдиган маҳалладан мана шу ҳовлини олиб, кўчиб келдик. Отам кўп йиллар бетоб ётди. Уни юрак хасталиги олиб кетди. Кейин эса онам инсульт бўлиб, йиллар давомида тўшакка михланиб қолди. Уларни оқ ювиб, оқ тарашимга эрим Отабек акам барча имкониятларни яратиб берди. Яхшиямки шу маҳалладан уй-жой олган эканмиз. Мен эримдан минг марта розиман. Аммо Андижонда яшайдиган қанота-қайнонамнинг хизматини қила олмадим. Улар ҳам бирин-кетин оламдан ўтдилар. Бир армоним шу – уларнинг олдидаги келинлик бурчимни яхши бажара олмадим. Уларни Оллоҳ раҳмат қилсин! Улар меҳнаткаш, меҳрибон, яхши инсонлар эдилар ва ҳамиша менинг кўнглимга қарашар эдилар. Ота-оналаримиз биз учун эртак, тенгсиз ибрат тимсоли бўлиб қолди. Яхшиямки, Аллоҳ таоло буюрган беш вақт намоз бор. Ундан нажот сўрайман. Бу улуғ инсонларга яратгандан махфират сўраб, дуо қиламан. Ферузабонунинг хаёлига Отабек акаси билан боғлиқ хотиралар от солиб кела бошлади.
Ферузабону Отабекнинг сабр-тоқатига доим тан берарди. Улар иккиси танишганида у эндигина Андижон вилоятидаги “Ойим” қишлоғидан келиб, ТошДУнинг журналистика факультетида ўқир эди. Ферузабону 13 ёшларда, тўлачадан келган, боқишлари жиддий бўлгани учунми, Отабек уни катта қиз деб ўйлаган эди.
– Исмингиз нима?, – деди Отабек автобуснинг олдинги ўриндиғида кетаётган Ферузабонуга. Қиз ҳайрон бўлди: “Бу қишлоқдан келган йигит нега исмимни сўраяпти? Ғалати экан, йигит ҳам шунақа ориқ бўладими?”. Отабекнинг юзларига доғ тушган, қўллари ёрилиб кетган эди. Ферузабону жавоб қайтариш ўрнига Отабекка бир ўқрайиб қаради-да, автобусдан тушиб кетди. Аслида ҳеч ким, ҳеч қачон, айниқса, йигитлар унга гап отмаган эди. Ферузабону мактабдан қайтаётганида Отабек унинг йўлини пойларди. Йигит уларнинг қўшниси Эркин Ҳайитбоевлар хонадонига тез-тез келиб турарди. Эркин ака партия тарихи институти архивида раҳбар бўлиб ишлар, унинг рафиқаси Дилбар опа эса Ферузабонунинг отаси Ўткир Фозилович билан лойиҳа институтида ҳамкасб эдилар. У шу тариқа Отабек билан танишишган. Аниқроғи, у Ферузабонунинг йўлидан тез тез чиқиб турар, Фозиловлар оиласи Тошкентнинг марказида бўлган Навоий кўчасида яшар эдилар. Зилзила туфайли уларнинг уйлари ҳам вайрон бўлди. Ўшанда Ферузабонуни вайроналар ва чанг-тўзон ичидан отаси топиб чиққан эди. Уни худо сақлаган. Улар янги ҳовлига, Октябрь даҳасига кўчиб ўтишди. Ферузабону Отабекни бошқа кўрмади. Мактабни битирди. У жуда-жуда шифокор бўлишни орзу қиларди. ТошМИга ҳужжат топширди. Аммо ўқишга кириши учун етарли балл тўплай олмади. Онаси Раъно Тиллаева мактабда биология ўқитувчиси бўлиб ишларди. У кейинги йили қизини кимё фанидан қаттиқ тайёрлади.
— Дадаси, ахир, қизимизнинг бали фақат озгина етмабди,— деди Раъно опа. – Минг сўм беринг, ана Наргизанинг бали ҳам Ферузанинг бали билан тенг. Унинг отаси “гаплашибди”, қизининг ишини тўғрилабди.
— Бўлиши мумкин эмас. Бизнинг институтларимизда порахўрлик йўқ,–деди қатъийлик билан Ўткир ака, – бекорчи гапларни бошқа гапирмаларинг! Бу йил ўқишга кирмаса, янаги йил албатта, киради. Дўстим Зокиржон болалар касалхонасида бош шифокор бўлиб ишлайди, қизимизни ҳамшира қилиб ишга олади.
Онасининг ҳар қанча талаби ва койишига қарамай отаси номақбул ишга кўнмади. Пул бергиси келмаганидан эмас, албатта. Ўткир ака Тошкент “Ҳудудий қурилиш илмий текшириш институти”да оддий лойиҳачиликдан, директор ўринбосари лавозимигача ўз меҳнати ва илми билан кўтарилган. Унинг раҳбарлигида ишланган лойиҳалар бир қатор кўрик-танловларда ғолиб чиққан. Яхлит темир-бетон қурилмалари ва зилзилабардош лойиҳалари Тошкент меъморчилигида кенг қўлланилган. “Ўзбекистон” меҳмонхонаси томини замонавий яхлит темир-бетон қурилмаси билан ёпиш лойиҳаси ишлаб чиқаришга татбиқ этилган. Унинг ихтиролари Давлат мукофотига тавсия этилди, аммо мукофот рўйхатига киритилган номлар, аниқроғи, ҳаммуаллифлар сони кўпайиб кетди. Дастлаб институт директори, сўнг шаҳар ижроия қўмитаси раиси, кейин Фанлар Академиясидан ҳам илмий раҳбарлар мазкур иш бўйича муаллифлик рўйхатига тиркалди. Шундан сўнг, Ўткир ака ўз номзодини қайтариб олди. У жуда қатъиятли ва ор-номусли одам. У бундай ноҳақликка чидай олмади. Ферузабонунинг отаси зилзиладан сўнг оиласи учун ажратилган ерда ўз қўллари билан уй-жой солишган. Бино тархини ҳам ўзи чизди.
Ўша йили Ферузабону ўқишга эмас, болалар касалхонасига ҳамшира бўлиб ишга кирди. У ўз ишидан ниҳоятда мамнун эди. Ахир бемор болаларнинг инжиқликларини кўтариш, уларга меҳрибонлик қилишдан савоблироқ иш борми, дунёда. Уларнинг соғайиб, юзларига табассум югурганини кўришдан ширинроқ ҳиссиётнинг ўзи бўлмаса керак. Ҳамшира вазифасига кирмайдиган, ёзилмаган вазифалар ҳам бор.Бола барибир бола-да. У ҳатто беморликда касалхонада ҳам ўйнагиси келади.Ферузабону болаларни дам олиш соатида касалхона боғчасига олиб чиқар, улар билан турли ўйинлар ўйнарди.
ҚИШЛОҚИ ЙИГИТ
Баҳор кунларининг бирида Ферузабону иш вақти тугагач, автобус бекатига чиқди. У ерда бир йигит автобус кутиб турарди. Йигитнинг кўзи Ферузабонунинг кўзига тушгач, негадир безовталана бошлади.У ҳам ўзини ўнғайсиз сезди. Тезроқ бу ердан жўнаб қолиш мақсадида бекатга келиб тўхтаган автобусга ўзини урди. Ҳалиги йигит ҳам шу автобуснинг орқа эшигидан чиқиб олди. Йигит ҳамон одамлар орасидан унга термуларди. Ферузабону ҳам аста унга қўз қирини ташлади. Йигит маъюс, аммо келишган эди. Унинг устига, мўйлов қўйиб олибди. Эгнидаги либоси ҳам замонавий эмас. Йўл-йўл шим, йўл-йўл кўйлак кийиб олган эди. Ферузабону “Тошкентлик бўлмаса керак, қишлоқи йигитга ўхшайди,шаҳарлик йигитлар бундай кийинишмайди” деб хаёлидан ўтказди.Унинг чеҳраси танишдек туюлди. “Ким бўлди бу йигит? Юзи, кўзи танишга ўхшайди. Қаерда кўрган экан-а уни?”, у ҳеч эслай олмади. Йигит эса мўралаб-мўралаб унга қарар, одамлар орасидан унинг ёнига ўтиб олишга интиларди.Ферузабону бир амаллаб бу қишлоқи йигитдан қутилишга қарор қилди. Кўкча мавзесига келганида шартта автобусдан тушиб қолди. Йигит эса транспорт тиқин бўлгани учун тушишга улгуролмади. Ферузабону “Кўкча” бекатида тўхтаган 8-трамвайга чиқиб олди-да, ўз йўлига кетди.
“Ғалати бола экан-а, нега менга бундай термулади. Балки ўғридир!? Йўғ-э, унақага ўхшамайди. Юзларидан самимийлиги сезилиб турибди. Энди мени топа олмайди”, – деб ўйлади у. Қизнинг негадир йигитга раҳми келиб кетди. Трамвайда кетаркан, унинг хаёлидан ана шундай фикрлар ўтди.
— Кечирасиз, – дея сўз бошлади Отабек тўсатдан трамвайда пайдо бўлиб.Қиз чўчиб тушди. Беихтиёр унга гаприб юборганини ўзи ҳам билмай қолди.
— Ия, сиз автобусда кетган эдингизку?
— Кейинги бекатда мен ҳам тушиб, трамвайга чиқиб олдим, –деди Отабек тортиниб. – Сизни албатта, шу трамвайда кетаётган бўлсангиз керак, деб ўйлагандим.
— Массивда ишингиз борми,– сўради қиз.
— Йўқ, сизнинг ортингиздан эргашиб келдим.
— Нега?
— Мен сизни танигандек бўляпман. Исмингиз Мунира бўлса керак-а?
— Йўқ, Мунирани қаёқдан танийсиз? Мен унинг опаси Ферузаман.
Шу пайт, гап чала қолди. Қиз манзилига етиб келди.
— Сиз боғчада ишлайсизми,–дея охирги саволини бериб улгурди Отабек.
— Ҳа, – деди қиз трамвайдан тушар экан. Отабек трамвайойнасидан термулганича қараб қолди. Негадир Ферузабону ўша нотаниш йигит билан бўлган воқеани тез тез эслар эди. У шошилинчда ўз манзилини йигитга айтмаганди. “Бечора йигит, у мени энди ҳеч қачон топа олмайди. Исми ким эди-я?”, –дерди ўзига ўзи.– “Ҳа, ўша болалигида танишган талаба эди-я! Ўшанда ҳам автобусда унга гап отган, қўшни бола, қишлоқдан ўқишга келган йигит. У мени шунча йил ўтса ҳам унутмабди. Манзилимни айтсам ҳам бўларкан !”
Дам олиш куни ҳам ўтди. Душанбада у яна ишга борди. Одатдагидек, шифокор бемор болаларни кўрикдан ўтказди. Ферузабону ҳамшира сифатида шифокор берган барча топшириқларни бажарди. Ҳордиқ олиш вақти бошлангунга қадар у болаларни касалхона боғчасига олиб чиқди. Касалхона атрофи темир панжаралар билан ўралгани эди. У не кўз билан кўрсинки, панжарадан ўша йигит унга қараб турарди. У чўчиб тушди. Болаларни чақираман деб бурилган ҳам эди-ки, тойиб кетиб, ерга йиқилди.Буни кўрган йигит дарҳол панжарадан ошиб тушди-да, қизнинг қўлидан тутиб, ўрнидан турғазиб қўйди.
– Раҳмат,– деди қиз. Уялганидан унинг юзлари қизариб кетган эди.
– Лат емадингизми?”, –деди йигит, – узр, негадир сизни кўргим келди. Шунга бу ерга эрталаб келгандим. Боғчада болаларингиз оз экан-а?
— Бу ер боғча эмас, касалхона, – деди қиз ерга қараб.
— Боғчада ишлайман, деган эдингизку?
Қиз жавоб бера олмади, сўнгра қизара-бўзарадеди:
— Барибир топибсиз да? Исмингизни ҳам билмайман.
— Ҳа, топдим. Сизнинг отингиз Феруза, тўғри топдимми?
— Ҳа, сизникичи?
— Отабек, номим Отабек!
— Хурсандман.
— Энди сизни ҳеч қачон йўқотмайман. Мен шу атрофда ишлайман.
— Қаерда ишлайсиз?
— Телестудияда.
— Ишхонамиз яқин экан.
Шу тариқа улар тез-тез учрашадиган бўлиб қолишди. Учрашолмай қолишса, почтадан сўраб оладиган қилиб, бир-бирларига хат қолдиришарди. Отабек унга бутун оламни ҳадя қилишга тайёр эди. У шундай мактублар битардики, уларни ўқиган тош ҳам эриб кетарди. “Севги мактубларига ишонма, бундай муҳаббат фақат китобларда бўлади”,–дер эди қизнинг дугоналари. Лекин қиз ўз ҳаётини шу йигитсиз тасаввур эта олмай қолди. Отабек ҳам уни бир кун кўрмаса бўлмасди. Улар учрашганларида узундан узун сўзлар, ўз ҳиссиётларини орзуларга тўла ширин сўзларга жойлар эди. Кунларнинг бирида Отабек унинг қўлларидан ушлаб олди. Ферузабону титраб кетди. Қизга ақл ўргатадиганлар ҳам кўп бўлди. Баъзи дугоналари: “Бу қишлоқини бошингга урасанми, Тошкентлик йигитлар қуриб қолганми?”, – деб унинг жаҳлини чиқаришарди. Одатдагидек, тушлик пайтда Отабек касалхона панжаралари ёнига келди. Унинг қўлида икки дона музқаймоқ бор эди.
— Салом Феруза, – деди Отабек ўнг қўлидаги музқаймоқни унга узатиб.
Негадир қизнинг кайфияти яхши эмасди. Жавоб қайтармай бошини имлади.
— Нима бўлди, бону, сизни ким хафа қилди?
— Йўқ, ўзим, – деди қиз ўйчан ҳолатда.
— Узоқ ўйлаб кўрдим. Мен сизга турмушга чиқа олмас эканман. Уйимиздагилар онамнинг жиянига мени унаштириб қўйишмоқчи.
Шу пайт касалхона ичидан оқ халатли ўрта ёшдаги аёл чиқиб келди.
— Ҳа, ука? – Отабекка юзланди у. Отабек сўз тополмай довдираб қолди. Аёлнинг оғзи тинмасди: – Ферузани мен укамга олиб бермоқчиман. Сен қишлоқи, кўрпангга қараб, оёқ узатсангчи! – Бу кутилмаган ҳолдан йигит эсанкираб қолди. Бир ҳалиги аёлга, бир қизга қарарди. Қўлларидаги музқаймоқлар эриб, панжалари орасидан оқиб тушди.
— Феруза, Ферузабону, бирор нарса денг, ҳаммаси сизга боғлиқ, – деб илтижо билан боқар эди у.
Қиз жанжал босилишини бир оз кутиб турди. Энди ҳалиги аёл ҳақорат қилишга ўтди: – Ҳозир милиция чақираман, – деб айюҳаннос соларди у. Ичкаридан ёши элликлардан ошган киши чиқиб келди. У тўғри келиб, ҳалиги аёлга қараб деди: – Боринг, ишингизни қилинг! Ферузанинг ўз ақли бор, ўз масаласини ўзи ҳал қилади! Бу киши касалхона бош шифокори Зокиржон ака экан. Қиз ҳам ўта ноқулай аҳволда қолди.
— Майли, гаплашиб олинг-да, кейин ишингизни қилинг!,– деди жиддий оҳангда у. Сўнгра Отабекка бироз қараб турдида, қатъий овоз билан деди: – Ука, сиз ҳам иш пайтида ҳалақит берманг, бу ерга бошқа келманг!
Отабек ўнг қўли билан ушлаб турган музқаймоқлар оқиб кетиб ерга тушди. Унинг пешонасидан совуқ тер чиқиб, кўзларини ачиштириб юборди. Юздаги томчилар кўз ёшми, терми, тушуниш қийин эди. Қиз вазиятнинг шундай бўлишини кутмаган эди. Бирга ишлайдиган аёл ўз укасига уни мўлжаллаб юрган экан. Отабекни кўп марта шу ерда кўргач, адабини бериб қўймоқчи бўлди. Боз устига, у аёлга Ферузабону “Бир йигит орқамдан юради, унга уйдагилар мени барибир турмушга беришмайди, у тошкентлик эмас, буни қандай қилиб унга тушунтирсам экан”, –деб ёрилиб қўйган эди.Ферузабону йигитга яқинлашиб, секингина сўз бошлади:
— Мени кечиринг, энди сиз билан учраша олмайман. Кечиринг, хайр!
У шу гапларни айтишга айтдию, дили қақшаб, йиғлаб юборай деди. Қиз орқасига бурилиб, касалхона ичкарисига кириб кетди. Хона эшиги олдига борганида Отабек томонга қайрилиб қаради. У ҳалиям турган жойида тошдек қотиб турарди. Касалхона дарвозасига етиб келган тез ёрдам машинаси қаттиқ сигнал чаларди. Қоровул дарвозани очди-да, югуриб бориб йигитнинг қўлтиғидан тортиб, чеккага чиқариб қўйди.
Шу тариқа орадан бир йил ўтди. Ферузабону Боровский номидаги медиина билим юртига имтихон топширди. Ўқишга қабул қилишгач, талабалар қатори пахта теримига кетди. У Отабекни унутолмас эди. Унинг хатларини қайта-қайта ўқир, юраги орзиқар, уни кўргиси келарди. Қизбола балоғатга етгач, унинг уйи бозор бўларкан. Совчиларнинг оёғи тинмас эди. Уйидагилар “қизимиз ҳали ёш, ўқиши керак”, – деб совчиларни қайтариб юборишарди. Отабекдан эса дарак йўқ. “Агар чиндан севганида, албатта, излаб келади” дерди қизнинг қалби. Бир куни Ферузабону курсдош дугоналари билан бирга “Панорама” кинотеатрига борди. Кинодан чиқишгач, улар “Пахтакор” метро бекати томон юришди. Телемарказ биносининг ёнидаги фаввора қизларнинг диққатини тортди. У шундай чиройли отилар эдики, ботаётган қуёшнинг заррин нурларида жилваланиб, қуёш нурларида камалак ҳосил қиларди. Ферузабону қўлларини фавворага узатиб, гўёки камалакни тутиб қолмоқчидек унга интилди. Қизлар ҳам томчилардан шалаббо бўлишди. Фавворанинг нариги томонида бир йигит атлас кўйлак кийган хушбичим бир қиз билан гаплашиб турарди. Уларга эътиборсиз боққан Ферузабону бирдан сергакланди.У қай кўз билан кўрсинки, қизнинг ёнидаги йигит Отабек эди. Унинг орзу-умид ва хаёлларини банд қилган ўша йигит... Қиз эсанкираб қолди. “Кетсаммикан ёки унинг ёнига борсаммикин?!” У хаёлига келган ниятидан қайтди. Метро бекатигача курсдошлари билан биргалашиб борди. Улар билан хайрлашгач, яна изига қайтди. Гўё у Отабек ва нотаниш қизга эътибор бермаётгандек, фавворага термулганича бироз турди. Уларга яна ҳам яқинроқ борди. Отабек билан ҳалиги қиз нималарнидир гаплашар, қиз шундай чиройли кулардики, Ферузабонунинг назарида улар бахтиёр эдилар. Ферузабону руҳиятида кечаётган ҳиссиётларни жиловлашга ожиз қолган эди. Бевафо десин-ми, номард десин-ми, уни нима десин? Бунинг устига, ўзи Отабекни ўзи ҳайдаб юборган, севгисини рад этган эди-ку? У шундай хаёллар билан бу ердан кетишга ҳозирланган эди ҳамки, шу пайт Отабекнинг кўзи унга тушиб қолди.
– Салом Ферузабону! Бу қиз Муҳаббат, бирга ишлаймиз”, – деди оғриқни олдини олган бўлиб Отабек. Хижолат бўлганидан уларни бир-бири билан таништирар экан. – Бу – Ферузабону. Муҳаббатхон, мен ҳозир кираман, сиз ажратиб қўйилган матнларни оққа кўчириб туринг!
– Яхши,– деди Муҳаббат Ферузабонуга назар ташлар экан. Отабек бироз ўйланиб турдида, Ферузабонуга деди:
– Яхши юрибсизми? Мана ёз ҳам, куз ҳам ўтди. Учраша олмадик. Ўзингиз...
— Биламан, мени кечиринг! Ўшанда бироз қўрққан эдим. Ўзингиз биласиз, – деди Ферузабону. У яна нимадир демоқчи бўлдию тилига на сўз, на бирор фикр келди. Отабек гина қилиб ўтирмади.
— Йигирма бешга кириб қолдим, — деди Отабек. – Оиламизда мендан кейин яна саккиз нафар ука-сингилларим бор. Яқинда сингилларимдан бирини турмушга узатдик. Куни кеча отам келиб кетди. Маҳалламиздан бир қизни уйдагиларимга кўрсатишибди. Унинг отаси Москвага юк таширкан. Ҳарбийда пайтимда Қозон вокзалида уларни учратиб қолган эдим. Ўшанда кичик бир қизча менга ҳавас билан қараб турарди. У мени ёқтириб қолган экан. Оилада ягона қиз эмиш. Отаси савдогар, бой-бадавлат экан. Унга осмондаги ойни сўра, олиб бераман деркан. Улар бу ҳақда ота-онамга оғиз солишибди. Отам ҳам ҳурсанд бўлибди. У қизнинг отаси “Агар куёв бола Тошкентда яшайман деса, уй ҳам олиб берамиз”, — дебди. Катта поччам мени роса қистади “Э, қўйинг, бойлиги ҳам қурисин”, — деб эътироз билдирдим. Маҳалламиздаги энг обрўли хонадон. Қизи ҳам чиройли, одобли. “Ишқи сен тентакка тушибдида”, – деб отам койиб бердилар мени.
— Рози бўла қолмабсизда, – деди Ферузабону киноя билан.
— Мен ҳозирги қизни, Муҳаббатни отамга кўрсатдим.
— Нега Муҳаббатни?
— Ахир, Муҳаббат билан ишлаймиз, унинг устига, у ёқимли қиз, – деди Отабек ўйчан овозда. – Ундан менга турмушга чиқасизми, деб сўрадим. У эса уйдагилар билишади, деди. Одобли қиз шундай бўлади, тўғрими? Ўша куни отамни муҳарририятимиз жойлашган хонага олиб кирдим. Телевизион минеатюраларда чиқадиган артист Садир Зиёвуддинов борку? У киши кинокўрсатувларда режиссер бўлиб ишлайдилар. Отам билан менинг ҳақимда гаплашиб, унга тушунтирдилар: “Отабекни уйлантиришга шошилманг, у иқтидорли бола, ундан яхши журналист чиқади”, дедилар. Отам у кишининг мухлиси, дарров кўндилар. Сиз шундай десангиз, биз ҳам “уйлантираман” деб туриб олмаймиз, мени жуда хурсанд қилдингиз! Мен сизнинг бу қулоқсиз болага ишонганингиздан хурсанд бўлдим. Ўзингиз тарбиялайсизда энди,–деди отам. Отам Тошкентда ишлаб қолишимга рози бўлдилар.
— Сиз нима дедингиз? – сўради Ферузабону. – Мен ҳақимда ота-онамга айтганман деган эдингиз. Гапингиз ёлғон эканда?
— Йўқ, отам мени енгилтак деб койиб бердилар. Олдин бошқа қизнинг расмини кўрсатган эдинг, энди эса бу қизни кўрсатяпсанми, ҳали ҳам болалигинг кетмабди деб норози бўлдилар.
— Мен сизга ишониб юрибман, ёзган мактубларингиз ёлғон эканда, – деди Ферузабону хафа бўлиб.
— Ёлғон эмас, чиндан, чин юракдан ёзганман, – деди Отабек, – ахир, ўзингиз рози бўлмадингиз-ку? Зорим бору, зўрим йўқ эди-да! Сиз нима қилдингиз, ТошМИга ўқишга кирдингизми?
— Йўқ, Баровский тиббиёт билим юртига, фельшер-акушеркалик бўлимига ўқишга кирдим. Пахтага ҳам бориб келдик. Сизнинг хатларингизни ўқиб, овундим. Эҳ сиз.... уйга совчилар келишяпти. Тошкент одатига кўра, бир йигит билан учрашувга олиб чиқишди, аммо менга ҳеч ким ёқмаяпти.
— Мен ҳам сизга ёқмадим-ку, ўшанда, – деди Отабек модговсираб.
— Сиз менга ёқар эдингиз, ёқасиз, десам ҳам бўлади!
— Менга турмушга чиқасизми?
— Ўйлаб кўраман, уйдагилар нима деса, шу!
Отабек нимадир демоқчи бўлдию гапини ичига ютди. У юраги қизнинг жавобидан “дук-дук” қилиб тез урар эди. Қиз у билан ҳайрлашиб, кетар экан, хаёлини аллақандай хавоти қамраб олган эди: “Отабек нега менинг соволимга аниқ жавоб бермади? Балки уни Муҳаббат билан унаштириб қўйишгандир? Балки мен рад қилгач мендан умидини узгандир? Наҳотки энди у билан бошқагаплаша олмайман. Ўзи йигитлар шунақа бўладими?! Яхшиси, Муҳаббат билан кўришсам, шунда ҳамма нарса маълум бўлади.“
Ферузабону эртасига Муҳаббат билан учрашди.
— Нима ишингиз бор эди, – сўради Муҳаббат. – Ҳа, Отабек ака ҳақида гаплашмоқчимисиз?
— Ҳа. Чиндан ҳам уни севасизми?
— Ничего, ёмон бола эмас. Ортимдан юрибди. Бизникилар мени унга беришмайди,–дея жавоб қайтарди Муҳаббат,–у ҳали сизнинг ҳам бошингизни қотирганмиди?
— Сиз уни қанчадан буён биласиз?– сўради Ферузабону.
— Уч ойдан бери, бирга ишлаймиз. Пахтада ҳам бирга бўлдик. У менинг учун ҳам нормани дўндириб қўярди. Қишлоқиларнинг барчаси яхши пахта теради, – деди Муҳаббат Ферузабонуга бошдан оёқ назар соларкан.
—Демак, сиз уни севмайсиз?
— Йўқ, мен айтмоқчиманки, уйдагилар қарши бўлишса керак!
— Ўзингизни фикрингиз йўқми?
— Фикрим бор, у менинг фикрим. Уни ҳеч кимга айтмайман,–деди у, бир нарсани сир сақлаётгандай ўзини кўрсатиб, – у ўта романтик, тўқиган эртакларига ўзи ҳам ишонади. Сал мақтанчоқ ҳам. Бир қарасанг, сухандонлар кўрик-танловида қатнашади. Бир қарасанг, сценарийлар бўйича ўтказилган кўрик-танловга. Телевизион театрларнинг оммавий саҳналари ҳам уники, минглаб одамлар ичида, уни ким ҳам эслаб қоларди. Куни кеча ишга келмади, хайфсан олди. “Ўзбекфильм”да “Сени кутамиз, йигит” деб номланган фильм суратга олинаётган экан. Бош қаҳрамон образини машҳур артист Отабек Ғаниев ижро этган экан. Бизнинг Отабек акамиз ҳам машҳур киноактёр бўлиш ниятида. Икки кун автобус ичидаги йўловчи бўлиб, оммавий саҳналарда иштирок этиб қайтибдилар. Бу саҳна яхши чиқмабди, шекилли, якшанба куни яна киностудияга борар эмишлар. Ишхонамизда Тоҳир Дўстмуҳамедов деган муҳаррир Отабекни “довдир” деб масхара қилади.
— Тоҳир Дўстмуҳамедов дедингизми?
— Ҳа, Тоҳир ака.
— Тоҳир ака бизнинг қариндошимиз бўлади. Сизларда Карим Мақсудхўжаев деган тасвирчи ҳам ишлайдими?
— Ҳа, Карим ака Ўзбекистон телевидениясининг биринчи оператори, телестудияни ташкил қилган кишилардан бири.
— У киши ҳам яқин қариндошимиз, – деди Ферузахон фикрини жамлаб, – демак, Отабек акага турмушга чиқасиз.
— Йўқ, сизга инъом этдим уни!.
— Ферузабону бошқа ҳеч нарса демади. Отабекни мендан бошқа ҳеч ким тушунмайди. Унинг болаларга хос фазилати фақат менга ёқади дея хаёлидан ўтказди у. Ундаги қизиқиш ва қобилият, соддалик ва меҳрибонлик, умуман борлигича уни ёқтиради. Отабек фақат уники, энди уни ҳеч кимга бермайди.
Бир неча кун Отабекдан хабар бўлмади. Телестудияга яқин жойда ўн биринчи сонли почта жойлашган бўлиб, у ерда сўраб олинадиган хатларни қолдириш мумкин эди. Улар иккиси танишганларидан буён шу почта ҳизматидан фойдаланар эдилар. Балки бирор нома келиб қолгандир, деб ўйлаган Ферузабону таваккал у ерга кирди. Кутганидек бўлиб чиқди. Отабекдан мактуб бор экан:
“Ассалому алайкум Ферузабону. Соғлиғингиз яхшими? Одатимизга кўра, сизга мактуб ёзишга қарор қилдим. Ўйлаб кўрсам, сизсиз яшай олмас эканман. Мен сизни яхши кўраман, аммо сизнинг олдингизда ниҳоятда ожиз эканлигимини тасаввур қиляпман. Нега ўшанда сизга ўз истакларимни айта олмадим. Ўзингиз ҳам бунга имкон бермадингиз. Ҳалиги аёл ким эди, нега мени ҳайдаб юборди? Мен ўша воқеани ўзингиз ташкил қилган бўлсангиз керак, мендан қутулишнинг ягона чораси шу бўлса керак деб гумон қилдим. Анчагача ўзимга келолмадим. Севмаганга суйкалма деганларидек, ўзимни четга олдим. Тушкунликка тушдим. Кейин мени пахтага жўнатиб юборишди. У ерда Муҳаббат билан танишдим. У ҳам самимий, чиройли қиз экан. У билан дўстлашдик. Пахтадан қайтганимиздан сўнг, унга уйингизга совчи юборсам майлими, деб сўрадим. У “билмадим, уйдагилар кўнишмаса керак”, деб жавоб қайтарди. Ҳали у билан муносабатларимиз чуқурлашиб кетгани йўқ. Эшитишимча, сиз у билан учрашибсиз. Нималар деганингизни билмайман-у, лекин у мен билан бутунлай тескари бўлиб қолди. Бунга мен ачинмайман ҳам. Ҳатто у “дон Жуан, номард”, деб мени ҳақорат ҳам қилди. Мени кечиринг, сизнинг кўзларингизда менга нисбатан меҳрни кўрдим. Агар ёзувчи бўлсам, биринчи китобимни сизга бағишлардим. Кеча телевизорда Ўткир Ҳошимовнинг “Баҳор қайтмайди” деб номланган телевизион-романтика театри бўлди. Уни режиссер Мираббос Мирзааҳмедов тайёрлаган. Жуда зўр. Мен ҳам ана шундай романтика театрлари ёзиб берадиган ёзувчи бўлсам, дейман. Алимардон Тўраев образини Лутфулла Саъдуллаев ижро этмоқда. Қойил қолдим. Мен ҳам оммавий саҳналарда қатнашган эдим, аммо кўринмай қолибман. Ушбу асар Чингиз Айтматовнинг “Сарвиқомат дилбарим” қиссасига ўхшаб кетар экан. Мен ҳам Тошкентда қолиб, телевиденияда ишласам дейман. Сиз билан бирга бўлсам, деб орзу қиламан. Агар мени кечира олсангиз, зудлик билан уйингизга совчи юборган бўлур эдим. Сизнинг тиббиёт билим юртига ўқишга кирганингиздан хурсандман. Аёл киши учун шифокорликдан шарафлироқ касб борми? Мен бахтимни сизда кўряпман. Сиз гўзал ва меҳрибонсиз, сиз менинг орзуимсиз. Яратгандан сизга етишишни илтижо қилиб сўраб қоламан!
Сизни жондан севучи, айбдорингиз Отабек.”
Ферузабону хатни ўқир экан, қўллари қалтирарди. Кўнгли алланечук бўлиб кетди. Отабекнинг мактубини уйдагилари кўрмаслиги учун беркитиб қўйди. Лекин барибир ҳамма ёқни ковлаштириб юрадиган синглиси Мунира ушбу мактубди топиб олди.
— Турмушга чиқсанг, шу йигитга чиқ, – деди Мунира Отабекнинг хатини кўз-кўз қилиб, – зўр йигит экан, яна журналист! Ёзганларини қаранг, ҳаммаси чин юракдан ёзилган!
— Нега хатимни олдинг, бер буёққа, бировларнинг хатини ўқишга уялмайсанми, ойим кўриб қолса нима бўлади, бер деяпман сенга!?
Опа-сингиллар хатни талашиб, уни йиртиб юборишди. Талашиб-талашиб Мунира мактабга кетди, Ферузабону уйда ёлғиз қолди. У хат бўлакларини бир-бирига елимлаб ёпиштираркан, ширин хаёлларга берилди: Нима қилсин, Отабекка розилик билдирсинми ёки шошиляптими? Онасига унинг севгисини ва унга турмушга чиқишини қандай айтсин?
Кунлар ортидан кунлар, ойлар ортидан ойлар ўтди. Ҳар доим Ферузабону ўқишдан чиқди, дегунча Отабек унингёнига шошар, қизнинг ҳаёли ҳам доим унда эди.
— Сиз телестудияда нима вазифада ишлайсиз, уйдагилар қизиқишяпти, нега телевизорда чиқмайди деб сўрашяпти, сўради бир куни Ферузабону Отабекдан.
— Мен кичик муҳаррир бўлиб ишлайман. “Оламга саёҳат”ни кўришадими, ўша кўрсатувга муҳаррирман.
— Муҳаррир нима иш қилади, – сўради яна Ферузабону.
— Муҳаррир киносаёҳат, табиат масканлари, ҳайвонот олами, шаҳарлар, мамлакатлар, одамлар ва урф-одатлар, дунё мўъжизалари ҳақидаги кинофильмларни намойиш қилиш учун танлайди, уларни ўзбек тилига таржима қилади, – деди Отабек. – “Оламга саёҳат”ни таниқли кинорежисер Собит Саидов олиб боради. Ҳайвонот олами саҳифасини Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институти ўқитувчиси Зафар Эгамбердиев олиб борадилар. Фильмларга ўзбек тилидаги овозни бош муҳарриримиз Баҳодир Муҳамедов берадилар. У киши менинг устозим. Мен ҳам бир неча марта овоз бериб кўрдим, лекин улар каби равон ва ишонарли ўқиб беролмадим.
— Сизнинг овозингиз ҳам ёқимли-ку!– деди Ферузабону нозланиб. — Сиз қачон кўрсатув олиб борасиз?
— Мен ҳам албатта, чиқаман. Ҳозир журналистика факультетининг кечги бўлими 5-курсида ўқияпман, ўқишни битирсам, рухсат тегса ажаб эмас. Айтгандек, Собит Саидовнинг овозини яхши танийсиз, эсингиздами? Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романи, унинг фильми муқаддимасида муаллифнинг “Мозийни унутмаслик хайрли дейдилар, мавзуни мозийдан, тарихимизнинг энг оғир ва қора кунларидан, ўтган кунлардан белгиладим”, деган сўзларини, ўша фильмда Собит ака овоз берганлар. Ҳақиқий зўр роман, ҳақиқий зўр фильм бўлган.
Ферузабону орзулар қанотида баланд баландларга парвоз қиларди. У гўё ўз ўй хаёлларига сиғмас, нотаниш ва сирли ҳислар унинг кичкина юрагини ёриб чиқиб кетгудек бўларди. Отабекни кўрмаса, соатлар кунлардек, кунлар эса йиллардек туюлар, вақт тўхтаб қолганга ўхшарди.
Куни кеча Отабекка унга қўнғироқ қилиб, кечга телевизорга чиқишини айтиб қўйди. “Тошкент” каналида “Жаноб олийлариннг адютанти” деб номланган кўп серияли фильм намойиш қилинар экан. Фильм бошланишидан олдин, кичик ҳикоя бўлиши, уни Отабек олиб бориши айтилди. Ферузабону бу хабарни аввал синглисига, синглиси онасига етказди. Яқин дугонаси Махфузага ҳам Отабекнинг телевизорда чиқишни айтиб, уни “куйдириш”ни эсдан чиқармади. Чунки дугонаси Отабекни“қишлоқи йигит, мақтанчоқ ва ёлғончи” деб кўп гапирар эди. Фильм олдидан Отабек экранга чиқди, у бурро-бурро сўзлаб, фильмнинг яратилиши, унинг ижодкорлари билан таништирди. Беш-олти дақиқали кириш сўзи қизнинг қалбида қанчалар ишонч уйғотганини сўз билан таъфирлаш қийин. Айниқса, уйдагилари, дугоналари олдида ҳам унинг мавқеи кўтарилди. Энг муҳими, Отабекка нисбатан фахрланиб сўзлагиси келар, бунга унинг қизлик ғурури йўл қўймас эди. Учинчи куни Отабек экранда кўринмади. Фильмнинг учинчи қисми белгиланган пайтда кўрсатилди. Бир неча кундан сўнг қизнинг хонадонига Отабекнинг совчилари келишди. Тошкент одатига хос бўлмаган ҳолда фақат эркаклар совчилар келишган эди. Улар учун меҳмонхонага дастурхон ёзилди. Дастурхонга қўйилган ноз-неъматлар ичида Ферузабону ўз қўли билан пиширган ширинликлар ҳам бор эди. У ҳеч кимга айтмаса ҳам, ўзининг пазанда эканини меҳмонларга намойиш қилгиси келган эди-да. Совчи бўлиб келганларни нариги хонадан Ферузабону кузатиб турар эди. Улар “Оламга саёҳат” кўрсатувининг олиб борувчиси, кинорежиссёр Собит Саидов, биолог олим Зафар Эгамбердиев ва журналист, кинокўрсатувлар муҳарририяти бошлиғи Баҳодир Муҳамедов, киноминиатюралар театрининг машҳур артисти ва режиссёр Садир Зиёвуддиновлар эди. Уларни қизнинг бобоси Фозилхўжа ота, отаси Ўткир ака ва маҳалла оқсоқоли Шожалил акалар билан суҳбатлашиб бўлгач, сўнг муддаога кўчдилар. Устоз ва ҳамкасблар Отабекнинг қандай йигит эканлиги тўғрисида гапирдилар. Ростини ошириб, нуқсонини яширдилар. Ота-онаси ҳақида ҳам қиёмига етказиб гапиришди. Шунда қизнинг отаси гап бошлади:
— Собитхон, дўстим, – деди Ўткир Фозилович босиқлик билан. – Кўнгилга олмайсиз, Отабекнинг оиласи серфарзанд деяпсиз, оилада ўн нафар фарзанд эканлар. Бундай кўп болали оилада туғилган болалар меҳнаткаш ва тартибли бўлиши табиий. Аммо уларни боқиш ва шароит яратиш учун маблағ зарур. Қишлоқда бўлғуси қудаларнинг уй-жойлари, шароитлари қандай экан?
— Менимча яхши, – деди Баҳобир Муҳамедов, – Отабек ҳеч нолимаган. Отаси Ёқубжон акани яхши биламан. Ишхонамизга кўп марта келган. Ўзи бригадир бўлиб ишлайди, миришкор-пахтакор,томорқаларида мевали боғлари бор.
— Нимасини айтасиз, “Тешиктош”, “Ойим”қишлоқлари шундай дарёнинг бўйида жойлашган. Девзира гуручнинг макони. У киши ҳар сафар Тошкентга келганларида ўша гуручдан кўтариб келадилар.
— Мен икки оғиз Отабек ҳақида гапирай, – деди Зафар Йўлчиевич, – уни тенгдошларига солиштирсак, улардан фарқли ўлароқ, зийрак ва қобилиятли, ҳаракатчан. Қишлоқ йигитлари ақлли, тартибли бўладилар. Мен унин гичгани ёки чекканини кўрган эмасман. Ҳужжатли фильмларни рус тилидан ўзбек тилига ағдаришга ҳам қўли келиб қолди. Ундан яхши таржимон чиқади.
— Яхши журналист, ёзувчи деяверинг, – деди Собитхон ака.
— Яхши бола экан, мен ҳам жиянимдан суриштириб билдим, –деди Фозилхўжа бобо, – менинг жияним ҳам телестудияда ишлайди. Унинг исми Карим Мақсудхўжаев.
— Э, отахон, – деди Баҳодир Муҳамедов. У киши телевидениени ташкил қилганлардан бири ҳисобланади-ку.
— Яхши-яхши, раҳмат, –деди Ферузабонунинг отаси. –Яна бир саволим бор. Билишимча, Отабек ижарада яшар экан. Уларга уй-жой масаласи қандай, янги оила қаерда яшашади? Тўғрисини айтишим керак, биз қизимизни узоққа юборолмаймиз.
— Тўғри айтасиз, Отабек сизга куёв эмас, балки ўғил бўладиган йигит, – деди Собитхон ака.
— Мен телевидениеда профкомман, –деди Баҳодир ака, – яқинда ишхонамиз учун қурилаётган уйлар битади. Уларни уч хонали квартира билан таъминлашни мен ўз бўйнимга оламан. Бизда ёшларга эътибор яхши.
— Тўй кунини белгилаймиз, Баҳодиржон, бизга сўз беринг,– деди Зафар ака, – қачон уй олишлари мумкин?
— Менимча, октябрь ойларигача битса керак, – жавоб берди Баҳодир ака, уйчан овозда, албатта, ёш оилаларни турар жой билан таъминлаймиз.
— Гапингизга қараганда, куёв болага ишонса бўлади, шундайми?, – деди Фозилхўжа бобо, – келажаги бор кадр экан. Қизимиз ҳам дўхтир бўлади, бир-бирига муносиб экан. Энди биз ҳам маслаҳатлашайлик. Саксонни қоралаб қолган қудам бор. Келинимнинг отаси – Одилхўжа ака билан ҳам маслаҳатлашамиз. Дарров жавоб айтсак бўлмас.
— Тўғри айтасиз, — деди маҳалла оқсоқоли Шожалил ака, – куёв боланинг ота-онаси билан ҳам учрашсак дегандик?!
— Тўғри, биз катталарнинг асосий вазифамиздан бири, ёш оилаларнинг тинчлиги, улар учун яратиладиган шароитлар ҳақида қайғуриш, – деди Фолзилхўжа бобо, – бизга ҳам ота-оналаримиз ёрдам беришган. Биз ҳам қараб турмаймиз, қудалар билан ҳам бир гаплашиб кўрсак!
Яхши, раҳмат, — деди Собитхон ака, — энди қариндош бўламиз. Биз куёв орқали жавобимизни етказамиз.
— Тўғри-тўғри, албатта, — деди Баҳодир ака, — ҳали яна қанча талаб қилинса, шунча келамиз.
Дастурхонга дуо қилишди, меҳмонлар ташқарига чиқишди. Мезбонлар дарвоза ёнида совчиларни кузатиб қўйишади. Уларга аниқ жавоб берилмади. Ферузабону ҳам ҳайрон эди, лекин нима ҳам дерди. Ота-оналари қандай чора белгилашса, шу бўлади.
* * *
Ферузабонунинг ота томондан бобоси Фозилхўжа ота бошқача инсон. Саксон ёшни қоралаб қолган бу отахон ўта умидли, болаларга хос фазилатларга эга, кенгфеъл. У кўп йиллар раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Унинг битта-ю битта ўғли бўлган Ўткир ака – Ферузабонунинг падари бузруквори. Ферузанинг олти нафар аммаси бор. Унинг ота томондан бувиси Хадича ойи оламдан ўтгач, Фозилхўжа бобо фарзандларни ўзи вояга етказди. Олти қиз, бир ўғилга қайси ўгай она ўз онасидек бўла олади? Шунча ташвишни кўтара олган хотинни қаердан топсин? Ҳеч бир аёл болаларнинг онасига ўхшамасди. У мушфиқ ва меҳнаткаш аёл эди. Ўша дамларда Тошкентда зилзила содир бўлган, барча уй-жойларини қайта тиклаш билан овораи сарсон, қалблар жароҳатланган. Фозилхўжа отанинг хонадонига ҳам уй қуриш учун ер ажратилди. Бир томондан ўғли Ўткирнинг ҳам беш нафар фарзанди бўлиб, у ҳам оиласига уй қурар, отаси унга ҳам ёрдам берарди. Ана шундай кунларнинг бирида Хадича ойи бир усталарнинг емоқ-ичмоғидан хабар олар, кези келганда яна ҳовлини тозалар, ҳатто қурилиш ишларига ҳам қарашиб кетаверар эди. Ниҳоят уй деворлари кўтарилиб, тўсин ташлай бошлашди. Усталардан бири деворнинг устига чиқиб, ёғочни елкасига олиб, уни кўтаришга ҳаракат қиларди. Ёғоч жуда оғир эди. Аксига олиб бир ўзи ишлаётган эди. У ёғочнинг бир учини арқонга боғлаб берсангиз, дея ойидан илтимос қилади. Иш яримлаб қолганда ногоҳдан арқон узилиб кетди ва ғўланинг бир томони ёрдам бераётган аёлнинг кўксига келиб тушди. Бу жафокаш аёл анча вақт бетоб ётди. Аёл жароҳатланган жойидан саратон касаллигига учраб, кўп ўтмай вафот этди. Хадича ойи элликни қоралаб қолган бўлсада, дуркун, баланд бўйли, келишган, полвон аёл эди. Унинг орзуси уй-жой битса, қизларни жой-жойини топиб узатиш эди. Бу ҳодиса хонадоннинг оғриқли армонига,зилзиладан қолган оғир хотирага айланишини ким ҳам ўйлабди.
* * *
Совчилар келиб кетишган куннинг эртасига, тонг саҳарда Ферузабонуларнинг хонадонига она томон бобоси Одилхўжа ота ва ўгай бувиси Санобар опа кириб келди. Тақдирни қаранг ки, она томон бувиси Норпошша ойи вафот этгач, бобоси шу аёлга уйланган экан. Бу оила ҳаёти билан боғлиқ қанчадан қанча воқеалар бўлиб ўтган. Уларни Ферузабону онасидан эшитган, аммо катталар ўртасидаги муносабатларни у яхши тушунмаган экан.
Ферузабону Санобархон опани “катта ойи” деб чақирар ва уни жуда яхши кўрарди. Одилхўжа бобонинг тақдири ҳам ўзига хос қайғули. Бобоси бир умр устачилик билан кун кечирган. Норпошша ойи билан турмуш қурганларидан сўнг уч қиз дунёга келган. Уруш йилларида Одилҳўжа бобо Бекобод металлургия комбинати қурилишида ишлаган. Қизларини еру кўкка ишонмаган. Ферузабонунинг онаси Раънохон унинг тўнғич қизи бўлиб, Зуҳра ва Дилдора исмли сингилларига онаси вафот этгач ўзи қаради, катта қилди. Бир йил ўтмай отаси Санобархонга уйланди. Қизлар билан ўгай она ўртасида жанжал чиқар, у қизлардан шикоят қилиб, эрига чақарди. Секин-аста қизлар оиладан бездилар. Ферузабонунинг онаси Раънохон турмушга чиқиб кетди. Фозилхўжа бобо уларнинг хонадонига совчи бўлиб борганда, ўйлаб ҳам ўтирмай, Ферузабонунинг отасига турмушга чиқишга розилик берди, ўшанда. Аммо Одилхўжа бобо камбағал жойдан келган совчиларга қизини турмушга беришга рози бўлмади. Лекин Фозилхўжа бобо ўз сўзида туриб олди. Шу тариқа, Раънохонни тўй қилиб, ўғлига олиб берди. Одилҳўжа бобоси эса анча вақт куёви Ўткиржон билан аразлашиб юрди. Аммо болалар туғилгач, ярашиб кетишди. Зуҳра исмли қизи уйдан чиқиб кетиб, дом-дараксиз кетди. Уни анча қидиришди, аммо унинг дараги чиқмади. Кенжа қиз –Дилдорахонни Тожикистондан топиб келишди. Маълум бўлишича, у ўша ерга турмушга чиқиб, етти ўғил ва бир қиз кўрибди. Шу тариқа Одилхўжа бобо турмуш икир-чикирларига эҳтиёткорлик билан ёндашадиган бўлиб қолган. У ўта қаттиққўл одам эди. Шу билан бирга, ўта меҳнаткаш ҳам эди. Ғишт теришда унинг олдига тушадигани йўқ. Ферузабонинг ота-онаси қурган янги уйнинг ғиштини ҳам бобоси териб берган. Маҳалладаги энг бежирим уй ҳам уларники. Одилхўжа бобо иккинчи қизи дом-дараксиз йўқолгандан сўнг,Қатортолдаги уйини сотишга, у ердан кўчиб кетишга қарор қилади. Одилхўжа бобонинг опаси, Ферузабонинг катта аммаси бор эди. У ҳам саксондан ошган бева қизи Карима ва набираси Ёдгор билан яшар эдилар. Унинг қизи Каримахон тўқимачилик фабрикасида тикувчи бўлиб ишларди. Уларга ишхонадан уй қуриш учун ер майдони ажратиб берилди. Одилхўжа бобо улар билан келишиб, ана шу ер майдонига ҳар икки оилага мослаб уй солишга қарор қилди. Сийлаи раҳм ҳам кўнгилдагидек бўлмади. Уй битгач, Санобархон билан улар ўртасида жанжал чиқди. Опа-ука юз кўрмас бўлиб кетишди. Шунда Одилхўжа бобо “Уйинг ўзларингга буюрмасин” деб қарғаб чиқиб кетди. Бошқа ердан кичикроқ ҳовли сотиб олиб, Санобархон “катта ойи” номига хатлатиб, ўша ерда яшай бошладилар.
Ферузахониннг онаси Раънохон отаси билан турмуш қуриб, эл қатори яшаб кетишди. Одилхўжа бобонинг қолган икки қизининг тақдири турлича кечди. У ёш хотини Санобархон опа билан ёлғиз қолди. “Катта ойи”нинг қистови билан кексайиб қолганда улар “қариганимизда суянчиқ бўлар” деб туғруқхонада ташлаб кетилган бир чақалоқни ҳужжатлаштириб, фарзандликка олишди. Чақалоқнинг исмини Меҳри деб номлашди. Ферузабони бобсиникига тез-тез борар, чақалоқни парваришлашга кўмаклашиб турарди. Ўшанда онаси бобосидан қаттиқ хафа бўлган эди. “Ахир шунча набираларингиз туриб, қариганда чақалоқ боқасизми? Агар бола керак бўлса, Ферузани қиз қилиб олинг ёки Дилдоранинг бирорта боласини Тожикистондан олиб келиб боқиб олсангиз, зора кетиб қолмасмиди?”, – дея отасини койирди. Санобархон опа эрининг бирорта зурриётини яқинлаштиришни истамасди. Унинг бир укаси бўлиб, кайфу сафога берилган эди.
Ўзбек миллатининг қизиқ одатлари бор. Болалар вояга етишиб, уларни уйли жойли қилиш, қиз бўлса турмушга бериш, ўғил бўлса, уйлантириш мавриди келганида, қариндошлар ўртасида яшириниб ётган муаммо ва зиддиятлар юзага чиқаверади. Арининг ини минг танга бўлиб, болалаб кетган муаммолар чақиб олади. Ана шу ташвишлар гирдобида умр ўтиб кетганини сезмай қоламиз. Бир куни тонг саҳардан Ферузабонуникига Одилхўжа бобоси ва “катта ойи”си кириб келишди. Раънохон отаси ва ўгай онасини қарши олди.
– О, куёвлар муборак бўлсин!,– деди киноя билан Санобар опа. – Биз билан маслаҳатлашмай ишни пишитибсизларда-а?
— Йўғ-ей, сизлардан маслаҳат олмай бирор иш қилмаймиз-ку, – деди Ферузабонунинг отаси Ўткир ака, – Бугун Раънохон билан сизларникига ўтмоқчи эдик. Биз совчиларга аниқ жавоб айтганимиз йўқ.
Одилхўжабобо қовоғини солиб “ҳмм..” деганча жим ўтирарди. Уйдагилар уларнинг олдига дастурхон ёзди.
— Биз совчиларнинг келишини эрталаб эшитдик, улар тушдан кейин келишди, сизларга хабар беришга улгурмадик,–деди Раънохон,– Уларнинг барчаси куёв бўлмишнинг ишхонасидан экан.
— Артистлар эканми?, – сўради қаттиқ қараш билан Одилхўжа бобо. Сўнгра Санобрхон опага юзланиб, – ҳалиги телевизорда чиқадиган жиянинг Тоҳир нима деган эди?
— Нима дерди, – деди депсиниб Санобар опа, – қизинг телевиденияда ишлайдиган бир қишлоқи йигит билан юрармиш. Қулоқсиз қиз, беандиша..
— Ундай деманг, ойи! Сизнинг гапингизга кириб сингилларим нима бўлди, бутун бир оила нима бўлди?
— Сен овозингни ўчир, – деб Одилхўжа бобо, – ойингнинг гапига кирмай нима бўлдиларинг, яна озми-ди, шунча кўргулик!?
— Ота, келган совчилар маънили одамлар. Унинг устига, куёв бўлмиш одобли, келишган, истеъдодли йигит экан. Бу йил университетни тамомлаб, Тошкентда ишларкан.
— Эшитдик, эшитдик,–деди Одилхўжа бобо, –Андижоннинг қайсидир қишлоғидан экан.
Санобар опа қизишиб кетди.
— Қишлоқи, анди экан-да! Сизларга Тошкентдек шаҳри азимдан куёв топилмабди да? Дилдора ҳам Тожикистонга қочиб кетиб, бир мелисага тегиб олган эди. Унинг куйдиргани етмайдими?
— Ойи, сиз куймай қўяқолинг,–деди Ферузабонунинг онаси. Одилхўжа бобо унинг гапини кесди.
— Опам ҳам ўлиб кетди ҳайҳотдек ҳовлида Карима биттагина ўғли билан яшайди. Ферузани ўшанга узатсанглар ҳам бўлардику!
— Уни гапирманг, – деди Раънохон, – ўзингиз уларникига ойда, йилда бир бормайсизу! Карима опа ҳам, ўғли ҳам сил касалига йўлиқишган. Яқинда куёвингиз уларни касалхонага ётқазиб, даволатди. Ёдгор ичавериб “алкаш” бўлиб қолибди. Карима опа ҳам ичар экан. Қўйинг, уйи қурсин!
— Бўлмаса, менинг укам Неъматилланинг ўғли ҳам йигитмисан йигит бўлган. Унга Ферузани олиб берсак, мана шу уй-жойлар унга қоларди. Гўримизга олиб кетмаймизку!–деди “катта ойи”.
— Анави, “алкаш” укангизми, – деди Раъно опа тутақиб, – олдинига мени тиқиштирмоқчи эдингиз.Энди қизимни тиқиштиряпсизми? Кўнгил деган гаплар ҳам бор. Қизимни “чулчут” бўлса ҳам ўзи ёқтирган йигитга бераман!
— Уялмайсанми, Раъно,– деди чол ғазабини яшириб, – Санобар жиянинг Тоҳир нима деяётганди?
— У боланинг на уй-жойи, на мавқеи бор экан. Телестудияда оддий ташкачи, яъни юк ташувчи бўлиб ишларкан. Яшаш жойи қоровулхона. Яқинда бир амаллаб қайсидир ёзувчи, ҳа, Саид Аҳмаднинг ёрдами билан кичик муҳаррир бўлиб олибди. Ўзига ўхшаган дангаса, хаёлпараст Эркин деган дўсти билан қаёқдаги ишларни қилиб юраркан. Куёвнинг оти нима эди-я, ҳа, Отабекни ҳеч кимдан сўрамай телевизорга чиқарибди. Бир ўзини зўр одам қилиб кўрсатгиси келганда. Ишхонада иккаласини муҳокама қилишибди. Чоғимда, уларни ҳайдаб юборишса керак!
— Йўғ-э,–деди Ўткир ака, – ахир совчиликка унинг раҳбарлари келишиб, уни жуда истеъдодли йигит деб мақташдику?
— Ўзингиз куёв болани кўрганмисиз, – сўради катта ойи, – бир балога йўлиқиб ўтирманглар, буни умр савдоси дейишади.
— Баҳодир Муҳамедов телестудиянинг профкоми экан, яқинда Отабекка уй беришармиш, –деди Раъно опа истеҳзо билан.
— Мен Карим акамлардан ҳам суриштирдим, “яхши йигит” деб айтдилар.
— Уни қўйинг, отангизнинг жияни ҳам бетайин,–деди чол, –бетайин бўлмаса, бир умр оператор – тасвирчи бўлиб ишлайдими? Сенинг жиянинг Тоҳирни айтяпман, ёлғончи! Ўзи артистларнинг ҳаммаси бетайин. Сиз тўғри тушунинг ўғлим, Тошкентда уй-жой қилишнинг ўзи бўлмайди. Мана, ўзингиз ҳам иморат соламан деб неча йиллардан бери лой тепасиз. Менинг ҳам бу иморатга қанча меҳнатим сингди. Тоҳир ҳам телестудияда ишлагани билан камбағал йигит. Ўн йилдирки, иморати битмайди. Сувоғини мен қилиб бердим. Ярим пулини тўлашга ҳам кучи етмади. Куёв бола студент бўлса, ота-онаси ҳам серфарзанд экан. Тоҳирнинг айтишича, улар оилада ўн фарзанд эмиш. Унга берсак, қизингизнинг боши ишу ғурбатдан чиқмайди. Йўқ, бўлмайди, йўқотинглар уни!
Шу пайт Фозилхўжа бобо кириб келди. Салом-аликдан кейин баҳс яна давом этди.
— Қуда, ҳадеб ваҳима қилаверманг, – деди Фозилхўжа бобо, – мана, мен ҳам раҳматли Хадичадан кейин бир ўзим қолдим, қизларимни узатдим. Бири олдин, бири кейин. Худо ризқини беради. Ҳаммалари бинойдек ўз рўзғорларини тебратишяпти. Мусулмончилик аста-секинлик билан бўлади. “Ўғлингиз камбағал бўлса,уйлантиринг, Худо баракасини беради”, деган гап бор. Менга шу бола ёқди. Улар албатта, бахтли бўладилар, иншаалоҳ! Қуда, қизингиз Раънохонни турмушга беришда ҳам кўп хархаша қилгансиз.
— Аллоҳу акбар! Тур хотин, кетдик,–деди Одилхўжа бобо.
— Тўхтанг, тўхтанг, – қайтаришга уринди Фозилхўжа бобо, – ғазабни орқага қўйинг, ёшларни дилини оғритмайлик. Бунинг устига, фарзанд меники, менинг дуоимни олса бас. Мен ундан мингдан-минг розиман. Қиз болани тенги чиқса, узатиб юбориш керак.
— Ота тўхтанг, энди овқат тайёр бўлганди-я, – ичи тўлиб Раънохон йиғлаб юборди. Ферузабону ҳам нима қилишини билмас, ростдан ҳам, хато қилдиммикин, энди ҳаммаси барбод бўлса-я? деб ўйларди. Фозилхўжа бобо бироз жим турди да, Ферузабонуни ёнига чақирди.
— Хафа бўлма қизим, Одилхўжа бобонг ўзи шунақа, ёнади-ю ўчади. Санобар яна янги бир машмаша ўйлаб топгандир. Э, у хотиннинг гапига кириб, бошимизга нима ишлар тушмади. Сени хафа қилдириб қўймайман. Отабек чиндан ҳам сенга ёқадими? Феруза розилик имосини қилиб, бошини қимирлатди. Сўнгра келини Раънохонни чақирди. Отаси Ўткир ака эса сукут сақлаб ўтирарди.
— Бу ойимлар бошимизга шунча балони солгани етмай, энди қизимизни ҳам бахтсиз қилмоқчи чоғи. Мен розиман, шу йигитга розимиз.
— Сен нима дейсан?, – Фозилхўжа бобо ўғлидан сўради. Ўткир ака дудмалланиб “Сиз нима десангиз шу” - деди.
Фозилхўжа бобо қўлини очиб, набирасининг бахтини сўраб дуо қилди. Кўзига ёш олиб “Раҳматли Хадича бувинг тирик бўлганда қанчалик қувонган бўларди. Сен худди бувингга ўхшайсан, қизим”, дея Ферузанинг пешонасидан ўпди.
Ўша куни қиз туни билан ухлай олмади. У Отабек билан бирга бўлса бас, тош келса кемиришга, сув келса симиришга тайёр. Ярим тунда уйғониб, ошхонага кирди. Қоғоз-қалам олиб, севгилисига мактуб ёза бошлади:
“Салом Отабек ака! Совчилар келиб кетганига ҳам бир ойдан ошди. Биламан, уйдагилардан розилик жавобини кўзингиз тўрт бўлиб кутяпсиз. Сизлар билан ишлайдиган Тоҳир ака сизни қандай қилиб телевизорга чиққанингиз, ишхонадан уй берилиши бўлмаган гаплиги ва бошқа анча гапларни катта ойим орқали уйдагиларга етказибди. Мен барибир сизни дейман, сизга ишонаман. Бизникилар ота-оналарингизни таклиф қилишди, кутамиз. Ҳамма рози! Руслар айтганидек, “с милым и в шалаше рай”( севганинг билан чайлада ҳам бахт топасан). Бизга саройлар ҳам, бойлик ҳам керак эмас. Бирга бўлсак бас...”
Бир неча кундан сўнг Отабекнинг отаси– Ёқубжон ота, тоғаси– Халилжон тоғалар келишди. Улар билан бирга иқтисодчи олим– Ноҳидхон Ниёзов ва унинг турмуш ўртоғи Ойиста опалар ташриф буюришди. Улар Андижондан Тошкентга ўқишга келишиб, кўп йиллардан буён шу ерда истиқомат қилиб қолишган. Отабек таътил пайтида Ноҳидхон аканинг уй ишларига қарашиб, баъзан уларникида ҳам яшаб қолган кунлари бўларди. Бу хонадон зиёлилар оиласи бўлиб, Ноҳидхон аканинг отаси ва амакиси Ҳасан-Ҳусан Ниёзийлар биринчи ўзбек математик ва химик олимлари бўлишган. Улар ҳам минглаб ўзбек зиёлилари қатори қатағон қилинган. Ойиста опа эса Андижондаги Киров номли колхоз раиси Сайфиддин Ашуровнинг қизи эди. Унинг кўмагида Ноҳидхон ака ҳам оталарининг ишларини давом эттириш имконига эга бўлиб, иқтисод фанлари доктори, профессор даражасига чиққан одам эди. Ойиста опа Тошкент урф-одатларини яхши билар, борди-келдиларни қотириб қўяр эдилар. Уларнинг келиши Ўткир акани ниҳоятда қувонтирди. У институтни тугатгач, Оққўрғон туманида ишга юборилган ва Ноҳидхон ака билан бирга ишлаган, ҳатто бир хонада яшашган эканлар. У Ёқубжон отани ҳам биринчи марта кўриши эди. Аёллар ичкаридан уларнинг суҳбатига қулоқ тутишарди. Ферузабону эса кўзини қирини Ёқубжон отага ташлади. Самимий, кўзлари катта-катта, камтар инсон эканлиги билиниб турар эди. У тортишиб, аҳён-аҳёнда гапга қўшилиб қўярди. Улар ушбу мажлисни оқ ўрар, фотиҳа тўйи деб атадилар. Тўй куни белгиланди. Отабек билан Ферузабонунинг тўй бутунлай бошқача бўлди. Барча сарпо-суруғлару кийим-кечакларни иккала ёш ўзлари биргаликда бозордан харид қилишди. У кам, бу кам, деган сўзлар бўлмади. Ўшанда ЗАГСдан ўтиш маъросимига алоҳида эътибор қаратилди. Бу маъросимга Ойиста опа ўз хонадони болахонасини ажратиб берди. Отабекнинг дўстлари ва ҳамкасблари келишди. Ферузабону дугоналарини таклиф қилди. Аммалар ҳам четда қолишмади. Синглиси Мунира, дугонаси Маҳфуза ва курсдош дугоналар ташриф буюришди. Ферузабону усти очиқ “Чайка” машинасида боришни орзу қиларди. Буни ҳам Отабек муҳайё қилди. У телевиденияда ишлагани боис, ҳамкасб дўстлари тасвирга олдилар. “Қизил майдон”га гуллар қўйишди. Ойиста опанинг болахонаси торроқ бўлгани учун меҳмонларнинг бир қисми сиғмай қолган эди, ўшанда. Тўй маъросими Ферузабонуларнинг хонадонида ўтказилди. Ўша онларда юз берган бахтиёр лаҳзалар унутилмас воқеага айланди. Уларнинг тўйига Эргаш Каримов ва Роза Каримовалардан тортиб, минатюра театри артисти Садир Зиёвутдинов, кўзга кўринган хонандаларгача келишди. Улардан бири, энди танилиб келаётган Соат Шарипов тўйда давракашликни олиб борди.
Эртаси куни эрталаб Фозилхўжа бобо бошчилигида, Анжижондан келган меҳмонлар, Отабекнинг яқин қариндошлари, Ойим қишлоғига йўл олдилар. Камбағалнинг ишини худо ўнглабди, деганларидек, Ўзбекистон телевидениеси раҳбари, Ўзбекистон санъат арбоби Убай Бурхоновнинг битта қўнғироғи билан автомобиль транспорти вазирлигига келган “Паз” автобуси ажратилди. Ферузабону олисга, Андижон томонларга келин бўлиб кетяпти. Автобус ичида бораркан у онасининг юзига термулди. Эътибор бермаган экан, унинг сочларига оқ оралабди. Унинг ёнида мудраб бораётган Фозилхўжа бобо ҳам ярим уйқу, ярим уйғоқ ҳолда нималарнидир ўйларди. Отабекнинг опаси Шарофатхоннинг юзларига ҳам ўттизга кирмай ажин тушибди. Автобус йўловчилари асосан Ферузабонунинг ва Отабекнинг қариндошларидан иборат эди. Қизнинг дугона ва курсдошларига йўл узоқлиги ва уйдагилари жавоб беришмагани боис келишмади. Ким ҳам узоқ жой бўй етиб қолган қизларини ишониб юборишарди? Бир ҳисобда яхши ҳам бўлди. Маҳфуза келганида тўйдан яна бир камчилик топарди. ЗАГС маъросимини ҳам у масхара қилганди: “Умрим бино бўлиб, бундай маросимни кўрмаганман”, деб.
Отабек усти очиқ “Чайка”ни фақат икки соатга ижарага олганди. Маросим яхши ўтди. Иштирокчилар хурсанд бўлиб тарқалишди.
Ферузабону вояга етгунча Тошкентдан четга чиқмаган, ҳеч қачон бировнинг уйида ҳам қолмаган эди. Тўғри, отаси аспирантурада ўқиётган пайтда, онаси билан бирга Москвага борган. Ўшанда у 2-3 ёшларда бўлиб, отасидан ётсираб, йиғлагани эсида. Энди эса узоқ юртларга келин бўлиб келяпти. Автобус Бекободдан ўтгач Каттақўрғон сув омбори соҳили бўйлаб чўзилган йўл билан кетарди. Қанчалар катта уммон. Охири кўринмайди. Отабек келинбола билан орқа ўриндиқда ўтирар, иккиси ҳам ҳаяжон оғушида эди. Одамларга сездирмай унинг қўлларини маҳкам тутган Отабек унинг қўлларини меҳр билан силар эди. Сўлим Фарғонанинг шаҳар ва қишлоқлари ортда қолди. Кеча Тошкент шаҳрида, келиннинг уйида бўлган тўйда иштирок этиб чарчаган меҳмонлар ва мезбонлар мудраб боришар, ҳатто автобус силкинишини ҳам сезмасдилар.
Фозилхўжа бобо эса ўйчан ҳолда борарди. Унинг Андижон билан борди-келдиси бор. Синглиси Шафоатхон Андижонда яшайди. Отаси Носирхўжа эшон 30-йилларда ИНКВДдан қочиб, шу томонларга яширинган.Андижондан уйланиб, шу ерда қолиб, бола-чақали бўлиб, шу ерда вафот этган. Шу боис, Фозилхўжа бобо андижонликларга алоҳида меҳр билан қарайди. Ҳар сафар шу томонларга келганида болалигининг ўша олис суронли кунларини эслайди. Ўзининг яқинларини топгандек бўлади.
Тошкентдан келин тушириб келаётган автобус бир томони баланд қирлар, иккинчи томонида шовуллаб оқаётган дарё ёқалаб чўзилиб ётган йўлдан қишлоққа кириб келди. Отабекнинг момоси ва амакисининг хотини Тожихон ая ёр-ёр бошлаб юборди:
Андижонда ўт ёқсам,Ўшда чиқар тутуни,
Бу дунёда бормикан,юрак бағри бутуни.
Йиғлама қиз, йиғлама, тўй сеники ёр-ёр,
Остонаси тиллодан, уй сеники ёр-ёр.
Қишлоққа оқшом чўкмоқда. Автобус келиб тўхташи билан катта гулхан ёқилди. Ҳамма автобусдан тушди. Автобус ичида келин ва унинг яқинлари қолди. Расм-русумлар бошланди. Қудалар келинни бермай туриб олишди. Отабек маҳалла йигитлари билан келин ўтирган автобус томонга келди. Карнайлар наъра қилди. Бу томонларда қўшноғора ўрнига барабанлар чалинаркан. Сўнгра дўмбиралар гумбурлади. Қишлоқ йигитлари ҳайқириқ билан куёв навкар бўлишиб, автобус эшигига яқинлашдилар. Эркаклар ёр-ёрни бошладилар:
Куёв келар гуп-гуп, навкар келар топ-топ,
Суюнчими, хўп-хўп,бахт келтирсин қоп-қоп.
Ҳоввасса жуфт-жуфт, ҳоввасса жуфт-жуфт...
Жуфтланмаса жуфт, жуфт!
Вақти-вақти билан йигитларнинг ҳайқириғи тўхтар, йўлтўсарларга совғалар инъом этилгач, яна давом этарди. Отабек йигитлар ичидан чиқиб келинга яқинлашаркан Ферузабонунинг юрагига “ғулғула” туша бошлади. Унинг жуссаси нозик кўринса-да, суяги оғир эди. Назарида Отабек уни кўтара олмайдигандек. Андижонликларнинг одатига кўра, куёв келинни кўтариб, гулхан атрофида айлантиргач,уй ичига, чимилдиққа олиб кириши лозим эди. Ферузабону Отабекнинг қулоғига шивирлади: – Мени кўтармай қўяқолинг! Тошкентда етаклаб киришади!,– деди. Отабек ҳам буни йўлини топди. Уни кўтариб ерга туширди-да, гулҳан атрофида етаклаб айлантирди. Улар икки томонга сафланган ёшлар даврасидан ўтиб боришарди. Уларнинг бошларидан гуллар ва тангалар сочишарди. Йигитлар дўмбира ва барабанлар садосида “анжанча”сига ўйнар, “ҳой-ҳой, ёр ёр”лашиб ўйинга тушишарди. Бир нафас шовқин тинди. Дарвоза остонасига гиламча, устига оқ поёндоз солинди. Ичкаридан Отабекнинг волидаси–Эътиборхон ая бир тўп аёллар билан чиқиб келдилар. Ферузабонунинг пешонасидан ўпаркан, “Ўз уйингизга хуш келибсиз, қизим!,– дедида, табассум ила севинч ёшлари билан келинчакни бағрига босди. Уларнинг ҳар иккиси учун ҳам бу лаҳзалар ўта ҳаяжонли эди. Эътиборхон аянинг кўзлари худди Отабекникига ўхшар, ҳатто табассуми ҳам такрорланарди. Ферузабону бу аёлнинг чеҳрасида нурни кўрди. Табиий меҳрни, гўзалликни ва самимийликни кўрди. Ҳаётда шунчалар истарали одамлар борлигига, Аллоҳ мўъжизасига иймон келтирди. Эътиборхон ая ўрта бармоғидаги мис узукни ечди-да, Ферузабонунинг қўлига тақди. Бу узук ёдгорлик бўлиб, турмушга чиқаётганида отаси совға қилган эди. У мис узукни онаси Тўтихон ая сандиғида сақлаб келар ва Тўтихон онага турмушга чиқаётганда акасининг ўзи ясаб, тақиб қўйган экан. Бу оилавий ёдгорликни аслида Этиборхон ая қизларига бериши мумкин эди. Чунки бундай зебу зийнатлар фақат қизларга қолдирилган. Эътиборхон аянинг етти нафар қизи ва уч ўғли бўлиб, қаҳрамон она унвонини олган. Унинг зебу зийнати шу ягона мис узук ва “Қаҳрамон она” медали эди. Отабек унинг иккинчи фарзанди. Катта қизи Шарофатхон ва Отабекдан кейинги Қория ва Олия қизларини ҳам ая турмушга узатган. Бугун келин туширишга бўлган улкан орзуси ҳам рўёбга чиқмоқда. Эътиборхон ая қуда бўлмиш Раънохон опа билан кўришар экан, меҳмонларга “хуш келибсизлар”, деди. Кейин келинни етаклаб, поёндоздан ўтдилар. Шу заҳоти йигитлар поёндозни талашиб, тортқилай кетишди. Ҳатто бу талашувда гиламча ҳам парча-парча бўлакларга бўлиниб кетди. Андижонликларнинг одатига кўра, ким поёндоз парчасини қўлга киритса, орзулари ўшалади. Ферузабону юзидаги ҳарир тўсқич остидан атрофга назар ташлади. Тўйга йиғилган тумонат одамлар ҳовлига сиғмас эди. Болалар чор атрофдаги лой томларнинг устига чиқишиб, тўйни томоша қилишарди. Тўйга Тошкентдан артистлар келишади, деб яқин атрофдаги қишлоқлардан ҳам айтилса-айтилмаса, ёшлар қатор-қатор бўлиб келишга эди. Ферузабону пастқам, яқиндагина оқланган, пештоқлари яшилга бўялган уйга кирди. Уй деворларига палаклар осилган. Эътиборхон ая келини учун нима сарпо қилган бўлса, барчаси деворга илинган. Аёллар ёр-ёр айтишиб, келинни безатилган уйда тўсилган чимилдиққа олиб киришди. Ташқаридан эркак кишининг овози келди:
— Тўхтанглар, келин Отабекка никоҳ қилинганми? –деди саксон ёшлардаги бир отахон Ҳамма жимиб қолди. Отахоннинг бошида қалампир нусха дўппи бор эди. Отабекнинг айтишича, бундай дўппини Фарғона ва Марғилонда кийишади. Чол қари бўлишга қарамасдан соч-соқоли қоп-қора эди. Отахоннинг ёнида келган ўрта ёшлардаги кишини Ферузабону дарров таниди. У Отабекнинг тоғаси эди.
— Хуш келибсизлар, меҳмонлар, – сўз бошлади Халилжон тоға, – азиз қудалар! Мен совчиликка борган куёвнинг тоғаси бўламан. Бу киши эса қудангиз Ёқубжон аканинг тоғаси Домлажон бобо бўладилар. Ёшларга дуо бериш учун Фарғонанинг Олтиариқ деган жойидан атайлаб келибдилар. Келинимизни даврага олиб чиқишдан олдин никоҳлаб қўйишни изн қилдилар. Уларнинг сафига куёвнинг амакиси Юсуфжон ака ҳам қўшилди. У кеча оқшом Тошкентдаги тўй маросимида қатнашиб, автобусда қудалар билан бирга қайтган эди. Келин билан куёвни никоҳлашдан олдин Халилжон тоға икки оғиз сўз айтди:
— Қуда, мен Отабекка ҳам, келинимизга ҳам битта савол бераман: болам, сен келин билан умрингнинг охиригача яшаб кета оласанми?
Иккаласи ҳам “ҳа” деб жавоб беришди.
– Отабек болам, – сўз бошлади бувиси Тўтихон она, – бир куни бобосини кўргани келди. Ёнида келинимизнинг сурати бор экан. Уни бобосига кўрсатиб, шу қизга уйлансам бўладими, деб сўради. Бобоси “ Дадаёр ўғлим, (уни шундай деб эркаларди) сиз Тошкентдек шаҳри азимдан ўзингизга муносиб қиз танлабсиз. Албатта, бўлади-да!”, деди. Отабек мендан, “Эна бобом билан сиз бахтни қандай тушунасиз?”, деб сўраб қолди. Мен эса чолим доим гапирадиган бир гапни айтдим: “Эр баланд келганда хотиннинг пастроқ бўлиши, хотин баланд келганда, эрнинг пастроқ туриши”.
Домлажон бобо дуога қўлини очди:
— Бисмиллаҳир роҳманир роҳим, куёв яқинроқ ўтириб олинг!
“Бир хотин пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ёнларига келиб айтди: — Эй, Аллоҳнинг элчиси, эрнинг хотини устидаги ҳаққи нима?
Ҳасан Басрий разиаллоҳу анҳу пайғамбаримиз (с.а.в)дан ривоят қиладилар: “Хотинлар билан яхши муомалада бўлинглар! Чунки улар сизларнинг олдиларингизда ёрдамчи, нафслари учун ҳеч нарсага молик эмаслар. Уларни Аллоҳнинг омонати деб олингизлар. Авратларини Аллоҳ таолонинг сўзи билан ўзингизга ҳалол қилингизлар”.
Зикр қилардиларки, Умар ибн Ҳаттоб олдиларига бир киши хотинидан шикоят қилиш учун келди. Эшикнинг олдига етганида Умар ибн Ҳаттобга хотини Умму Гулсумнинг қаттиқ гапиргани эшитилди. Ҳалиги киши: “Мен хотинимдан шикоят қилиши учун келгандим. Бу кишида ҳам менга ўхшаган ғам бор экан”, деб ўйлаб ортига қайтди. Умар ( р.а.) уни кўриб қолдиларда, олдиларига чақириб, нима учун келганини сўрадилар. Ҳалиги киши “хотинимдан шикоят қилиш учун келган эдим, аммо хотинингизнинг сўзларини эшитиб, ортга қайтдим”,деди. Шунда Умар (р.а) айтдилар: “Менда унинг ҳаққи бўлгани учун қилмишларини кечириб юбораман. Аввало, у мен билан дўзах орасини тўсади, у туфайли қалбим ҳаромни хоҳламайди. Иккинчидан, у менинг хазинабоним, агар уйдан чиқсам, қўриқчимдир. Учинчидан, у менинг кийимларимни ювиб тозалайди. Тўртинчидан, у менинг фарзандларимни тарбия қилади. Бешинчидан, у мен учун нон пиширади, овқат тайёрлайди”. Кейин ҳалиги киши “меники ҳам сизники каби, сиз кечирибсиз, мен ҳам кечираман”, – деди.
Дарҳақиқат, болаларим, Тўтихон она айтган гапда ҳикмат кўп. Аҳиллик оилага барака келтиради. Келин қизим – ақлли. Бу гапларнинг мағзини чақади. Сиз ўғлим, ҳеч қачон унга қўл кўтармайсиз. Белгиланган маҳрини доим муҳайё қиласиз.
— Отабек Ёқубжон ўғли, сиз бўтам, Ферузабону Ўткиржон қизини тан маҳрамликка олишга розимисиз?
— Ҳа ...
— Ферузабону Ўткиржон қизи, сиз Отабек Ёқубжон ўғлининг тан маҳрами бўлишга розимисиз?
— ...
Домлажон бобо шу сўзларни учинчи марта қайтарганида эшитилар эшитилмас, “ҳа” деган товуш чиқди.
— Қизим, гувоҳлар ҳам эшитиши лозим, розимисиз?
— Ҳа.
Бу сафар Ферузабонунинг товуши мамнунликка тўла оҳанг эди.
Тўй бўлса, ғойибидан бераркан. Мўъжазгина ҳовлида қўлбола қилиб ясалган стол-курсиларга уч юз нафардан ортиқ одам жойлашди. Сиғмаганлар тик туриб, иштирок этишди. Болаларнинг “Ана, Садир ака, ана, Соат Шарипов ...!”,- деган хитоблари тинмасди. Тўй қандай ўтди, кимлар сўзга чиқди, кимлар қўшиқ айтиб ўйнади, бир-бирларига суяниб ўтирган икки севишган қалбнинг қулоғига ҳеч нарса кирмасди. Улар бир неча кундан бери келин-куёв тахтида ўтиравериб ҳолдан тойишган эдилар. Тўй яхши нарсада. Қишлоқ болалари, ёш-ялангларнинг қувончини айтмайсизми? Ёқубжон ота тўйни айнан август ойига белгилаганининг сабаби бор. Далада меҳнат қилганлар пахта теримига тушишдан олдин бирор ҳафта дам оладилар. Қишлоқ тўйлари асосан ана шу кунларда ўтказилади.
Эрта-саҳардан яна карнай-сурнай садолари янгради. Андижонликларнинг таомилига кўра, “юз очди”, тошкентликлар одатича “келин салом” бошланди. Ферузабонуга атлас кўйлак, лозим ва ковуш махси кийдиришиб, бошига оқ шойи рўмол ташлашди. Унинг остидан дуррачанинг юз томони тўқилган рўмолчалар осилди. Аслида, бундай рўмолчаларни Андижон, Марғилон тарафларда сеп учун қизлар тўқийди. Рўмолчаларни Отабекнинг сингиллари тўқиб, тўйга тайёрлашган эди. Аёллар ёр-ёр айтиб, келинпошшани олиб чиқдилар. Ҳовли ўртасида у тўпланганларга таъзим қилди. Унинг икки томонидаги аёллар ёр ёр бошлашди.
Синалмаган йигитга, синглим тушди ёр-ёр...
Ёр ёр эй, синглим тушди ёр ёр...
Йиғилган хотин-халажлар “Келин муборак, келин муборак!” деб қутлашди. Кейин келинсаломни бошладилар.
Маҳалланинг сардори,
Хонадоннинг боғбони,
Бахт-иқболнинг посбони
Қайнотасига бир салом,
Ёқубжон отага бир салом!
Ёқубжон ота катта араби гиламни кўтариб чиқиб, келиннинг ёнига қўйди. Қўлини келиннинг пешонасига теккизиб, “Бахтли бўлинг,қўша қаринглар!” деди. Сўнгра Эътиборхон ая ўз совғасини инъом этиб, тилакларини билдирди. Хонадоннинг барча фарзандлари, қариндош-уруғлар, амма-холалар ўз атаганларини келиннинг бошига ташладилар. Келинсалом пешингача давом этди. Ферузабонуни уйга олиб киришди. Негадир Раънохоннинг кўнгли ёришмасди. Бунинг устига, Ферузабонуни билан келган хотинлар “Қизингизни қаерга бериб қўйдингиз!”, деб дашном беришарди. Қудаларнинг уй-жойи кўримсизлиги, чекка қишлоқдаги одамларнинг яшаш шароити унча яхши эмаслиги, серфарзанд оилада уйларнинг камлиги, кўримсизлиги уларни жиддий ташвишга солиб қўйган эди. Тошкентга жўнаб кетиш олдидан Раънохон опа Отабекни ёнига чақирди. У кўзларида ёш билан “Қизимни сизга, сизни эса Худонинг паноҳига топширдим” деб ҳўнграб йиғлаб юборди.
* * *
3-БОБ. МОҲЛАРОЙИМ...
Қадим замонларда бир улкан шаҳар бўлган экан. Шаҳарнинг чор атрофи тош деворлар билан ўралган, бир томони баланд қирлар, иккинчи томонида эса сершовқин катта дарё оқаркан. Дарё суви қиш палласида тўлиб-тошиб оқарканки, ҳатто дарё қирғоқларигача сув етиб келар экан. Аммо унинг суви ниҳоятда қоп-қора ва лойқа экан. Дарёнинг икки томонида лойқалар йиғилиб,унумдор тупроққа айланиб, ўсимлик ва буталарга жон бағишлар экан. У ерларга овчилар боришмаса, одамлар қадам босолмас, чунки атрофлари ўтиб бўлмас тўқайзорга айланиб, сиртлон ва чиябўриларнинг уяси, ҳатто одамютар илонларнинг макони ҳисобланар экан. Кунлардан бир куни шаҳар ҳокими, ўз навкарларини олиб, овга чиқибди. Бир чодир тиктириб аҳли аёнларини ҳам сайрга олиб чиқибди. Унинг якка-ю ягона дилбар қизи бор экан. Макнуна тўққиз ёшда экан, аммо Қуръоннинг анча қисмини ёд билар, ўзбек ва форс тилларида мукаммал ёзишни, ўқишни яхши ўзлаштириб олган экан. Ҳатто ҳеч кимга билдирмай, бувисининг ёрдамида мусиқа ва рақс тушишни ҳам ўрганиб олибди. Унинг муаллимаси қўшиқ ва лапар айтишда, аёллар ичида машҳур санъаткор экан. У Бадахшон томонлардан қул қилиб олиб келинган бўлиб, тез орада туркий тилини ҳам ўзлаштириб олган экан. Мутафаккирларимиз бўлган –Лутфий, Алишер Навоий, Жомий, Саъди Шерозий ҳазратларининг китобларини урду тилига таржима қилиб, у Макнунага адабиёт сирларини ўргата бошлабди. Унинг отаси Раҳмонқулбий шаҳар ҳокими бўлиб, шеърият ва мусиқа илмидан хабардор, диний илмлар соҳасида ҳам олим одам эди. У ов қилишни севар, аммо ўзи бирорта жонзотга зиён етказган эмас, тўқайзорлардаги тустовуқларни тўр билан ушлашга ишқибоз эди. Навкарлар эса “хай-я, ҳай-я” қилишиб, тўқайзорлар ичидаги турли ҳайвонларни отишар, от билан қувиб бориб, уларга найза урардилар. Шаҳар Ҳокими чодир тиккан жой “Олтин омоч” деган баландлик бўлиб, у ерлар “ёмон адир” қирлари деб юритиларди. Дарё ва тўқайзорларнинг нариги томонида “Бўр тоғ” кўриниб турарди. “Бўр тоғ” томонга ўтиш мушкул эди. Тешик тош, Кувама, Қўқонқишлоқ ва Қашқар қишлоқ аҳолиси ҳар йилги дарё тошқинидан азоб чекишар, баҳор келди дегунча, дарё ўзанига сепоялар ташланар, ёғоч учамаклари орасига қоятошлар, дарахт шохлари босилиб, сув олиб кетиш хавфи камайтирилар эди. Қора дарё суви лойқа бўлганлиги учун шох-шаббалар бир-бирига ёпишиб, баланд сув тўсиш иншоатига айланиб кетган эди. Раҳмонқулбий чодир тиккан тепаликдан ҳаво очиқ кунлари чор- атрофдаги баланд тоғлар, кампиробод қирлари, ҳатто узоқлардан Жалолобод шаҳри белгилари ҳам кўзга ташланарди. Ёмон адирнинг “Оламушук” қирлари томонидан Ўш примгача 50-60 чақирим, Жалолободгача ҳам шунча масофа бўлиб, Андижон билан ўша тураржой масканлари ўртасида ўтроқ халқлар яшар эдилар. У томонлар анча ўзлаштирилган бўлиб, кўпинча суғориладиган майдонларга Оқ бўра дарёсининг суви етмас, ёз ойларида Андижоннинг жанубий дарвозаси томонидаги қир ёнбағрида ташкил этилган мевали боғлар қуриб қолар эди. Хакан ва Оламушук адирларни ўраб турган бу кичик водийда аҳоли анча қалин яшарди. Аммо Қорадарё ўзани, яъни Андижондан Жалолободгача бўлган ҳудуд 30 чақирим атрофида бўлсада, шимолий водий, Қорадарё водийсининг табиати ўша даврга қадар ибтидоий табиат маскани, инсон оёғи етмаган жой эди. Икки қир орасида Хонободдан Тешиктошгача бўлган майдон ботқоқлик, тўқайзор ва чакалакзорликлардан иборат эди.
Раҳмонқулбийнинг буйруғи билан Ёмонадир бойларга бўлиб берилиб, у ерларга лалми буғдой экилар, нўхот ҳам ёмғир суви билан июнь ойигача пишар, кейин эса ўт-ўланлар, буғдойзорулолазорлар қуриб, сарғайиб кетарди. Ўз навбатида, бойларнинг ерларига Қўқон, Шаҳрихон, Наманган, Қўқонқишлоқ томонлардан чорикорлар келишиб, деҳқончилик қилишар, адир тупроғи ўта қуруқ ва майин бўлгани боис, деҳқон-чорикорлар ўзларига ертўла қазишиб, бола-чақаси билан ўша ерга истиқомат қилишарди. Бу ертўлалар ёзда салқин, қишда эса иссиқ бўларди. Чорикор дегани, ер ва уруғ бойлардан, меҳнат эса деҳқондан бўлиб, етиштирилган ҳосилнинг чорак қисми уларга қоларди холос. Шу сабабли чорикорлар зўр-базўр кун кўришар, ҳаво салқин келган йилда уларнинг омади кулиб боқар, қуруқ келса, оч қолиш ҳеч гап эмасди. Қорасув қишлоғининг Қорадарё сувлари етмаган томонидан яна майда булоқлар бошланарди. Деҳқон ва чорикорлар ҳайвонларга ем бўлишдан қўрқмасдилар, чунки ҳосил бўлмай қолса ҳам ғам емасалар ҳам бўларди. Тўқайларнинг четларидан ер очишиб арпа, шоли экардилар. Унинг гуручини девзира деб аташар, ундан ташқари, тўқайзорларда паранда-дарранда сероб бўлиб, балиқларни жанубий соҳилда, сув тагида ҳам бемалол кўриш мумкин эди. Негадир жанубий соҳил, Ёмонадирни ювиб турадиган дарёнинг шу қисмида сув ўта ширин ва тиниқ эди.
Олис ўтган замонларда Далварзин тепа деб номланган қалъа бўлиб, унинг ғарбий-шимолий томонларини шу икки дарё ўраб турган. Дарёнинг ўзанлари ботқоқ ва қамишзорлардан иборат бўлиб, ўта мустаҳкам мудофаа иншооти саналган. Шарқий дарвоза эса, қуруқлик бўлиб, у томонини қадимий қабила аскарлари қўриқлаб туришган. Чин Мочин томондан, тоғлар оша ёвлар бостириб келган. Қалъа мудофаачилари билан ёвлар ўртасида оғир жанглар бўлган. Қўлга қилич, ёй, камон, найза, ўроқ ушлай олган ёшу қари, аёлу эркак борки, жанг қилишган. Аммо қўллар тенг эмас эди. Босқинчилар ҳаммасини қиличдан ўтказа бошлаган. Қалъа ичида қариялар ва болалар қолган. Қабиланинг энг қари, кекса отахони бўлиб, у болаларни чор атрофига йиғиб, шундай дейди:
– Болаларим, биз қариялар ёшимизни яшаб, ошимизни ошаб бўлдик. Сизлар ҳали норасидасизлар. Сизлар жон сақлаб қолишингиз керак!
Болалар мўлтирашиб, чолнинг сўзига қулоқ тутардилар. Унинг бир набираси бўлиб, 9-10 ёшларга кирган ўта зийрак қиз бўлиб, исми Ойларойим эди.
– Ойларойим,- деди бобо набирасини ёнига чақириб. Қизим, сен зийрак ва ақлли қиз бўлиб етишдинг. Бу болаларга иккимиздан бўлак ҳеч ким ёрдам бера олмайди. Ҳамма отларни душман билан жанг қилаётган йигитларимиз миниб кетишган. Оғилдаги тойчоқ ҳали ёш, аммо сенинг гапингга киради. Сени тушунади. Ахир унга ўзинг қарайсан-ку, тўғрими?
– Ҳа, бобо, – деди Ойларойим бобосининг сўзини тасдиқлаб, – Уни яхшилаб тўйдирганман бобо! Қора ғунонни ҳали ҳеч эгарламагансизку? У миндирармикан?
– Миндиради, жонивор жуда ақлли, унга подшоҳ ишқибоз бўлиб қолган эди, бермадим. Чунки мен уни сенга элчи сифатида боқиб парваришлаётган эдим. Турмушга чиқсанг сенга энчи бўлади. Бўлғувси куёвнинг қаноти, оиламизнинг яқин дастёри бўлади. Уни урушга олишмоқчи бўлди, лекин бирорта чавандоз уни жиловлай олмади. Асов, асов у. Аммо сен уни дарёга чўмилтиргани олиб борганингда, у қирғоқдан бу қирғоққа сузиб ўтишга ўргатганингни биламан.
– Сиз уришиб берасиз деб, сизга бу сирни айтмагандим, – деди қиз ўзини гуноҳкор санаб.–Қора ғунон, жуда ақлли, ҳамма айтганимни қилади. Бир куни тўқай ичида бир гала ёввойи отларни кўриб қолди-да, улар томонга ботқоқни кечиб ўтди. Ботиб қолмасмикан деб, қўрқиб кетдим. Кейин “Қора ғунон қайт орқангга, деб бақирдим. Қулоқ солмади, энди бобомга нима дейман?, деб йиғлаб юбордим, у менга қаради-да, бир икки кишнаб, орқасига қайтди.
– Яхши қизим, энди навбат сен билан менга келди, – деди бобо, кўзларида ёш, хавотир тўла овозда, – Болаларни икки-учтадан отга миндириб, дарёга тушир, дарёнинг нариги қирғоғида “Ёв кессак” деган қишлоқ бор. У ер хавфсизроқ. Менинг назаримда Далварзин қалъасини энди ушлаб қололмаймиз.
Кун ботиб борарди. Ойларойим Қора ғунонни етаклаб чиқди. Дарё ёнига бориб, болалардан уч нафарини отга миндирди. Улар отнинг бўйнидан маҳкам қучоқлаганча бир-бирларига қапишиб, от билан дарёга сакрадилар. Қора ғунон болаларни, дарёнинг нариги соҳилида қолдириб, ўзи яна Ойларойимнинг ёнига қайтди. Туни билан шу ҳаракат кўп марта такрорланди. Қабиланинг ўнлаб, юзлаб болалари шу тариқа жон сақлаб қолдилар. Қора ғунон қаттиқ чарчади. Сўнгги бор Ойларойимнинг ёнига келганда, оғзидан кўпик чиқиб, ерга гурс этиб йиқилди. “Чарчадинг, жонивор. Раҳмат сенга,-дея Ойларойим отни эркалаб бошларини силади. От шу куйи анча ётди. Тонг ота бошлагач қалъа ёна бошлади. Босқинчилар қарияларни қиличдан ўтказар, хотин ва болаларни тутиб қўлларига кишан солиб, қулликка олиб кетиш учун йиғишар эди. Ойларойим ерда ётган Қора ғуноннинг бўйнини маҳкам қучоқлаб, “Тур жоним, кетдик”, навбат бизга келди деди. Мадорсиз от туришга ҳаракат қиларди, аммо кучи етмас эди. У ранги шунчалар қора эди-ки, қоронғиликда унинг фақат ёнаётган кўзлари кўринар эди, холос. Душманнинг икки отлиқ сарбози, чопиб уларнинг ёнидан ўтиб кетди. Ёнаётган уйлар шуъласида уларнинг қўлларидаги қиличлари ярақлаб кўринар эди. Ёвлардан бирининг оти ўз-ўзидан қаттиқ чўчиб тўхтади.
– Бери кел, – деди душман сарбози, ёнидаги шеригини чақириб, – от ҳуркиб кетди. Дарё бўйида кимдир борга ўхшайди.
– Одам,– деди иккинчи сарбоз ва ҳайқирди.- Аёл киши. Ёш қизчага ўхшайди. Ё тавба ёнидаги қоп-қора қимирлаётган нарса нима? Қора ғунон фалокатни сезди шекилли, Ойларойим юзига қаради. Унинг кўзлари мунгли ва қандайдир сирли эди. От ўзига эмас, негадир Ойларойимга раҳм кўзлари билан боқарди.
– Тур жонпм, кетдик, – деди Ойларойим. Маҳкам отнинг ёлига ёпишди. Қора ғунон сакраб ўрнидан турди. Шу пайт отнинг дум томонига қилич урди. Дарё соҳилига келиб, икки душман сарбози, у ёқдан бу ёққа отни ниқтаб, бақира бошладилар. Қалъа ичидаги ёнғин авжига чиққан сари, одамларнинг дод-войи билан, душман сарбозларининг “қиё-қиё” деган бақириқлари қалъа таслим бўлганлигидан далолат берарди. Қора ғунон дарёда балиқдек сузиб борарди. Ойларойим эса отининг бўйнини маҳкам қучоқлаб олган эди. Унинг қалин ва узун сочлари қоп-қора бўлиб, тонг отаётганда ботган оймомодек, чақнаб кўринарди. Шу пайт душман сарбози қўлига ёйни олиб, унга ўқ узди. Камондан отилган найза учиб бориб Ойларойимнинг орқа томонига санчилди. Дарёнинг ўртасига борганда, Ойларойимнинг қўллари аста-секин бўшашиб, от ёлини қўйиб юборди. Дарё юзида тонг палласи ботаётган ойнинг сувдаги акси ҳамда жон таслим қилаётган Ойларойимнинг оппоқ кулча юзлари оқиб бораётгандек эди. Қора ғунон Ойларойимнинг мурдаси орқасидан сузиб борар, гоҳ унинг юзларига кўзи тушар, гоҳ дарёда акси кўриниб турган ботаётган ойга қарарди. Бир неча дақиқадан сўнг, қай бири ойю, қай бири инсон юзи эканлигини ажрата олмай қолди. Ҳар икки ой ҳам кўздан йўқолиб, дарё қаърига ғарқ бўлди. Қора ғунон эса ҳушини йўқотиб дарёда оқиб кетди..
Ўша ўша бу дарё шовуллаб оқар, қора от оқшом тушиши билан дарёнинг оқимига қарама-қарши юриб, дарё кечади. Эрталаб эса орқасига қайтади. Эгаси Ойларойимни қидирарди. Топа олмай сарсон. Минг йилларки, Қорағунон деб номланган бу дарё кечалари қаттиқ шовуллайди. Унинг шовуллаши олислардан эшитилиб туради. Чорикорлар Қорағунон атрофидаги адирларга буғдой экадилар. Улар ҳосил қандай бўлишидан қатъий назар, шу ерга интиладилар. Дарё балиқлари, тўқайзор ўрдагу, ғозлари кони хазина. Аҳён-аҳёнда ёввойи отлар галасини кўрадилар. Улар ўзларига одамлари яқинлаштирмайди. Қорағунон эса дарё сувини сақловчи қўриқчидир. У кечалари дарёни шовуллатиб ўтади. Қорағунонни кўрган одам, дарёдан ойна устидан ўтгандек нариги соҳилга, этик ечмай ўтиб кетар эмиш.
Кун ботиш олдидан олтин рангига кирган Қорағунон дарёси Моҳларойим томоша қилиб ўтирган Олтин омоч қирларидан янада ёрқинроқ кўринар экан. У ов билан машғул бўлаётган навкарларнинг ҳайқиришларидан осмонга кўтарилган ўрдакларни, ғозларни кўрди. Уларни камон билан отиб, баъзиларини ерга қулатишарди. Қир ён-бағирларидаги унгурларга бургутлар ин қўйишибди. Уларнинг ҳар бир қаноти икки қулочдан келади. Ҳатто одамларга ҳам ҳужум қилармиш. Мроҳларойимга яқинроқ жойдаги ботқоқликдан бир жуфт лайлак кўтарилди. Бургутлар галасини кўриб, улар ўзларини тўқайга урдилар. Бургутлар тумшуғи билан кўзга илинган нарсани илиб кетишарди. Аммо бир бургутнинг оғзида катта балиқ, уни инидаги полапонларига олиб келаётганлиги аниқ. Моҳларойим ва саройдан келган ошпаз аёллар, хизматкор хотинлар чодирлардан анчагина олислаб кетдилар.
Табиатнинг бу гўзал масканлари баҳор келиши билан ороланиб, гулларга кўмилади. Ям-яшил қир-адирлар турфа рангларга безалган адрас матоларини эслатади. Чўғ бўлиб ёнаётган лолақизғалдоқлар, сиёҳ рангидаги сирға гуллар майин шамолда тўлғониб, гўё она ер бағрига жон киргандек, кишини мафтун қилади. Паға-паға осмонда сузиб бораётган оқ булутлар ҳам, мовий осмонга шунчалик чирой касб этганки, сўз билан таърифлаш қийин. Моҳларойимнинг хаёлига “Қора ғунон”, Қора тойчоқ, Ойларойимнинг оппоқ юзлари, душмандан омон қолган болалар табассуми, қайта қайта келаверади. Бу ривоятни унга отаси Раҳмонқулбий сўзлаб берган. Унга ҳам бобоси ҳикоя қилиб берган экан. Моҳларойимнинг назарида қачонлардир қора от минган шаҳзода уни узоқ-узоқларга олиб кетади. Мана шу муқаддас эртаклар жонланадиган ерга келишни ҳамиша орзу қиларди. Мана отаси уни ҳам ўзи билан сайрга олиб келди. Тўқайзор ичида қаттиқ шовқин кўтарилди. Навкарлар ёввойи отлар тўдасини учратиб қолдилар. Уларни ушлаш ниятида қир этакларидаги сиқилган ғовак тошлардан иборат унгурлар томон ҳайдадилар.
Отлар тўдаси уч томони тоғ қоялари билан тўсилган унгурлар ичига қамалди. Навкарлар уларнинг бўйнига арқон ташлашар, от ҳатто бир навкарни эгардан юлиб чиқиб кетди, у арқонни танасига боғлаб олган экан. Арқон узилиб кетмаганда, у тошларга урилиб чил-парчин бўлиб кетарди. Худо сақлади. Иккинчи қирда туриб, воқеаларни кузатиб турган Раҳмонқулбий овни тўхтатиб, чодирга қайтишни буюрди. Лекин бақир-чақир, отларнинг дупур-дупурида навкарлар яхши англамадилар. Унгурлар устида томоша қилиб турган аёллар чодир томонга қайта бошладилар. Моҳларойим томоша қилиб турган адиргача беш-олтита зинапоя мисоли тепалик бўлиб, ҳар бир тепаликнинг баландлиги уй томи баробар келарди. Овчилар итларни қўйиб юборишди. Бир гала овчи итлар отлар томонга вовиллашиб, чопиб кетишди. Отлардан бири бир тепишда итни йиқитди. Ҳалиги ит тап тортмай ўлди. Отлар шу даражада қаттиқ қўрқиб кетишдики, том баробар баландликларга навбатма-навбат сакрай бошладилар. Хотин-халажлар фалокат юз беришини сезишди чоғимда, чодир томонга, қирга кўтарила бошладилар ва ўзларини хавфсиз жойга урдилар. Галадаги ёввойи отлар қоядан-қояга сакраб, унгурлар устидан кўтарила бошлашди. Гўёки улар, қўниб, яна кўтарилаётган сорларга ўхшаб шиддат ва тезлик билан Моҳларойим турган тепаликка кўтарилишарди. Бир неча ёввойи от чап томондан, бир нечтаси ўнг томондан учиб ўтиб кетишди. Бирдан ўнлаб отлар бир-бирига сиқилиб, у томонга чопиб кела бошладилар. Орқадаги отлар, олдидаги отларни суриб боришар эди.
– Вой дод! Моҳларойимни от босиб кетди-ку, дея Раҳмонқулбий, ўша томонга, иккинчи қирдан унгурлар устига от солди. Унинг ортидан бир неча навкарлар ҳам эргашди. Пастдан сакраган от Моҳларойимнинг ёнига келиб тушди. У қаттиқ қўрқиб кетганидан юзини икки қўли билан бекитиб олди. Раҳмонқулбий узоқдан отлар галаси ичида қолган қизини аниқ кўрди. Унинг ёнида бир бия қора от кўндаланг туриб, бошқа чопиб келаётган, жон ҳолатда олдинга ташланаётган отларни иккига бўлиб, ўз танаси билан Моҳларойимни от уриб кетишидан сақлаб турарди. Моҳларойим эса икки қўли билан юзини бекитганича ўтирар эди. Отлар галаси чопиб ўтиб кетди. Раҳмонқулбий қизи ёнига етиб келганда, ҳалиги қора бия ҳамон жойидан қимирламай турарди. Ота қизини маҳкам қучоқлаб олди.
– Жоним қизим, лат емадингми?-деди Раҳмонқулбий, – қўрқмадингми?
– Йўқ,– дерди Моҳларойим, танаси дир-дир титраб. У тутилиб, дудуқланиб отасига мурожаат қилди.– Ота, отларни қўйиб юборинг!
– Хўп она қизим, – деди у унгурлар устидан пастга қараб. Раҳмонқулбий қизи Моҳларойимни маҳкам қучоқлаб, кўтариб олган эди. У ҳам пастга қаради. Пастда навкарлар икки-уч ойлик тойчоқни ушлашга уринишарди. Унгир устидаги она от эса у ёқдан бу ёққа кишнаб югурар, ўнг оёғи билан ерни “қарс-қарс” тепиб, сакрар эди. От ўзини пастга ташлашга, тойчоғини қутқариш учун чоғланарди. Раҳмонқулбий, қизининг юзига қаради. У йиғлаганча отасини маҳкамроқ қучоқлаб олган эди. От ўзини пастга отса борми, тилка-пора бўлиб кетади, хаёлидан ўтказди Раҳмонқулбий ва пастдаги навкарларга қараб бақирди.
– Тойчоқни қўйиб юборинглар! Раҳмонқулбий яна қўли билан ҳам“бас” деган имо-ишорани қилди. Навкарлар орқага қайтишди. Ҳолдан тойган тойчоқ, ўрнидан туриб, тўқайзор томон чопиб кетди, тўқай ва бутазорлар ичида кўздан йўқолди. От эса боласи хавфсизроқ жойга етиб олгунча, пастга қараб қотиб турди. Кўзларидан оққан ёш чанг билан аралашиб, аниқ кўринарди. У боласини маҳкам қучоқлаб турган Раҳмонқулбийга қаради. Ота пинжидан туриб Моҳларойим ҳам отга кўз ташлади. У худди ўша афсоналарда сўзланган Ойларойимнинг отига ўхшар, эртак ёки ривоятдан чиқиб, унинг қаршисига пайдо бўлганга ўхшарди. Унгурларга ин қўйган сорлар, бургутлар узун қанотини ёзиб, инлари устида айланишар, ўз полапонларини хавф-хатардан сақлашни кўзлаб, учар эдилар..
Раҳмонқулбий қизи Моҳларойимга юзланди:
– Ана қизим, ана от! Тойчоқни қўйиб юбордик. У Қорағунон томонга кетди. Сен ҳам бор энди, жонивор! Биз одамларни кечир,-деди-да ўз отига минди. Навкарлардан бири Моҳларойимни кўтариб отасининг отига миндириб қўйди. Бия ҳам, бир хўрсиниб уларга қаради ва тўқайзор томонга, тойчоғининг ортидан оғир қадам ташлаб, кўздан ғойиб бўлди.
Кун ботиб борар,оқшом тушган сари,кўз қорайган сари, олис-олислардан чиябўриларнинг увиллаши, отларнинг кишнаган товушлари эшитиларди. Олис олисларгача Қорағунон дарёсининг шовуллаши эшитилиб турарди. Ўша тунда сайрдан чарчаб келган Моҳларойим босинқираб чиқди: Туш кўрди: “Қорағунон” дарёси тошиб кетган эмиш. Дарё юзида Моҳларойим оқиб кетаётганмиш. Орқасидан Қора ғунон сузиб келармиш. Унинг бўйнини маҳкам қучоқлаб, қирғоққа чиқай деганда, уйғониб кетади. Уни иситма босиб, алаҳсирарди. Қора от сувларни шовуллатиб, оқим томонга кечиб борар, уни тополмай яна орқасига қайтармиш. У Яна чўчиб уйғонди, бутун вужуди титраб оғриди. Энага унинг пешонасига ҳўл латтани босарди. Иситмаси, ҳарорати баланд. Раҳмонқулбийни уйғотиб, уни ёнига олиб кирдилар. Онаси Ойишабегим қизини юзларидан оқаётган совуқ терни артар, йиғларди.
– Йиғлама, – деди Раҳмонқулбий,– кеча сайрда қаттиқ қўрқиб кетган кўринади. Юраги тушиб қолди чоғи, табибларга кўрсатишимиз керак. Қиз табибларга кўрсатилди. Улар ҳам аниқ ташҳис қўя олмадилар. Аммо табиблардан бири унинг қаттиқ қўрқиш натижасида хаста бўлганини айтди. Нафаси ўткир домлаларни олиб келиб ўқитишди. Бўлмади. Кундан кунга Моҳларойим сўлиб борарди. Шу тариқа бир неча ой ўтди. Ёз ойларининг охирларида унинг муаллимаси Моҳларойим билан, турли туман ҳодисалар, дунё ва охират тўғрисида суҳбатлашиб ўтирарди. Моҳларойим муаллимасига савол бериб қолди.
– Ая, инсон жониворларга ҳам раҳмдил бўлиши керакми,– деб сўради Моҳларойим, – жониворларга азият етказиш ҳам гуноҳ саналадими?
– Ҳа, – деди муаллима ая. – Ҳа, бўтам. Аллоҳ раҳм-шафқатли, инсон ҳам раҳм-шафқатли бўлиши лозим. Жониворларга инсонни масъул қилиб қўйган, агар уларга овқат берилмаса, суғорилмаса, нима бўлади? Албатта, уни тутқун ушлаб турган инсоннинг зиммасига гуноҳ юклатилади.
– Улар ёввойи бўлса-чи?, – сўради Моҳларойим, – Улар табиат бағрида яшайдилар-ку.
– Уларга ҳам меҳр-шафқат, раҳмдиллик зарур. Албатта, Оллоҳ таоло инсонга ақл-идрок берган, шу боис улар ҳақида қайғуриш ҳам инсоннинг яхши ишларидан саналади.
Абу Ҳурайра (р.а.) Пайғамбар (с.а.в.)дан ривоят қиладилар. “Бир аёл ўзининг мушуги туфайли дўзахга кирди. У уни уйига қамаб қўйди, овқатлантирмади, суғормади, қўйиб юбормади. Мушук ўлгунча ердаги хашакларни еди, кейин ўлди.
– Ёввойи отнинг боласини қўйиб юбориб тўғри иш қилибмиз, – деди Моҳларойим. Бу хабардан муаллима воқиф эди. “Қора ғунон” ривоятини эса Муаллима ая Моҳларойимнинг ўзидан эшитган ва таъсирланган эди. Улар ҳамиша номоз ўқиганларидан сўнг, суҳбатлашишар, Моҳларойим тушунмаган ишларда, албатта ечим топар, уни исломий билимларини ошиб боришига ёрдам берарди. У қизнинг ниҳоятда кўнгилчан ва меҳрибонлигини сезар, ундаги зеҳн ва хотира тиниқлигидан лол қоларди. Бола барибир бола-да, унинг онгини толиқтириб қўйишдан чўчир эди. Моҳларойим Қуръони Карим ва ҳадисларда берилган масалаларни яхшироқ тушунишга интиларди. Унинг баъзи саволларига жавоб топишга муаллима ая ҳам баъзан қийналар эди.
Ҳаётда кўплаб пайғамбарлар ўтганлиги, улардан сўнгги пайғамбаримиз бўлган Муҳаммад Мустафо (с.а.в)нинг қайси фазилатлари устун эканлиги, уни қиздан нима учун деб сўраганида, қизалоқнинг жавобидан сўнг унинг кенг тафаккурини сезиб, бир куни унинг ҳам олима бўлиб етишишига умид боғлаган эди.
– Қизим, барча пайғамбарлар Аллоҳ томонидан раҳмдиллиги учун пайғамбар этиб тайинланганлар. Ривоят қилишларича Мусо алайҳиссалом “Эй, Аллоҳим, қайси нарса учун мени танлаб олдинг?” дедилар. Яратган мен яратган жонзотларимга раҳмдиллигинг учун,-деб жавоб етказди Аллоҳ. Нуҳ пайғамбар ҳақидаги ривоятни ҳам эшитгансан, дунёни сув тўфони босганда, ҳар бир жонивордан бир жуфтдан ўз кемасига йиғиб, сақлаб қолган эканлар.
Пайғамбар (с.а.в.) айтдилар: “Қайси пайғамбар ўтган бўлса, подачилик қилгандир”, Сиз ҳам қўй боққанмисиз, деб сўрашди. “Ҳа, боққанман, дедилар у зот. Ушбу мисралар Ал Фақиҳ, Абу Лаис Ас Самарқандийнинг араб тилида чоп этилган “Танбеҳ ул-Ғофилин” асаридаги далиллар асосида келтирилади ва муаллима ая Фақиҳнинг фикрлари билан фикрини тўлдиради.
“Пайғамбарларнинг қўй боқишидаги ҳикмат, Аллоҳ таоло уларни аввало ҳайвонлар билан имтиҳон қилди, ҳатто уларда махлуқотларга нисбатан меҳр-шафқат зоҳир бўлди. Холбуки, Аллоҳ уларни яхши биларди. Уларни ҳайвонларга нисбатан меҳр-шафқат топса, кейин одам фарзандларига набий ва дин ишларига эга қилиб қўяди.
Моҳларойим яна сўради:
– Ая, сиз менга Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг қайси фазилати олий эканлигини айтмадингиз.
– Ул зотнинг ҳар бир фазилати, ҳар бир сўзи олий. Аллоҳ мени кечирсин, тавба қилдим, деди муаллима она, – мен ҳам фикри ожизимча сўзлайман. Барча ўтган пайғамбарлар, ўзларига берилган Аллоҳ имтиёзини бу дунёда сарфлаганлар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўз умматларининг барчаси учун Аллоҳ берган ўз қудратини, раҳм ва шафоатини қиёмат куни қўллаш ниятида асраб қўйганлар. Унинг умматлари, яъни сиз билан мен ҳам дўзахда куймаслигимиз учун унинг шафоатига ҳамма мўмин ва мўминалар муяссар бўлиб, азоб чекмаслигимиз учун сақлаб қўйганлар. Шу боис, тирикликларида кўп жабру жафолар чексаларда, дин йўлида сабр-қаноат билан, Аллоҳнинг расулига айланганлар.
Абу Ҳурайрадан (р.а.) ривоят қилинади: Пайғамбар (с.а.в.)нинг: “Одамларнинг қайсиларига балолар қаттиқроқ келади?”,деб сўрашди. Айтдиларки: Пайғамбарларга, кейин солиҳларга, кейин уларга ўхшаганларга.
Қиёмат кунида яхши амаллар – номоз, рўза, садақа, ҳаж ибодатларини қилган одамлар келтирилиб, амаллари тарозига қўйилади. Кейин бало юбориб синалган кишилар келтирилади, аммо уларнинг амаллари тарозига қўйилмайди, китоблари ҳам очиб кўрилмайди, уларга ажру савоблар, сон-саноқсиз тўкиб юборилади. Қуръони Каримнинг “Зумар” сурасидаги “Сабр қилувчиларнинг савоблари ҳисоб-китобсиз, тўла-тўкис қилиб берилади” деган. Аллоҳ таолонинг сўзини далил қилиб ўқийдилар. Моҳларойим ва муаллима ая қўлларини дуога очиб, ният қиладилар. Моҳларойимнинг тез кунларда шифо топишини тилаб, дуо қиладилар.
Моҳларойим кундан-кунга шифо топа бошлади. Табиблар ҳам, дуогўй одамлар ҳам Раҳмонқулбийга қизингиз анча ҳовойи бўлган. Уни узоқ жойларга олиб бориб, ҳаво алмаштиришини маслаҳат беришди. Раҳмонқулбий ўз ҳокимлиги қарамоғидаги ерлардан хабар олгани сарой ходимларидан уч-тўрт кишини, Моҳларойимни ва унинг волидаси Ойишабегимни, муаллима аяни ва хизматкор аёллар, табиб ва ошпазлардан олиб, Ўш пирим томон йўл олдилар. Айтишларича, Ўш шаҳри зиёратгоҳ маскани бўлиб, Сулаймонтоғ деган жойни зиёрат қилинса, одамларнинг мушкуллари осон бўларкан. Беморлар шифо топаркан, фарзанд доғида бўлганларнинг орзулари ушаларкан. Тоғ ёнбағрида Бобур Мирзодан қолган “Оқ сарой” бўлиб, Моҳларойим бундай чиройли бинони ҳеч қачон кўрмаган экан. Раҳмонқулбий ва унинг одамларини шаҳар аъёнлари кутиб олишди. Муҳташам қилиб қурилган карвонсаройнинг, юқори табақали одамлар учун ажратилган алоҳида қисми уларга ажратиб берилди. Зиёфат тортилди. Аёллар ички хоналарда, эркаклар ташқи айвонларда ҳордиқ чиқардилар. Ўш пиримда Муғанни исмли бир шоир бўлиб, унинг ғазаллари ҳаммани мафтун қилди. Карим исмли ҳофиз қўшиқ куйлаганда ҳатто тошлар ҳам эриб кетди. Моҳларойим ички хонадонда мезбон дугоналар даврасида ўзининг дастлабки машқларини ёдлаб берди. Бомдод намозига чорлаб, чақирилаётган азон овози тоғ томондан келди. Моҳларойим Сулаймон тоғига қаради. Одамлар чумолидек қаторлашиб, қирга кўтарилиб боришарди. Тоғ сўқмоғи икки қатор бўлиб, ҳар бир қаторда ҳар бир сафдан одамлар юриши мумкин эди. Намоздан сўнг улар ҳам тоққа кўтарилдилар. Аммо энг юқорисидаги ғоргача чиқа олмадилар. Сарой аёллари ўзларини тутишлари, кийим-кечак ва зебу-зийнатлари билан ажралиб турардилар. Уларнинг атрофида тиланчилар ниҳоятда кўпайиб кетди. Улар ўзлари билан олган тилла, мис ва кумуш тангаларини ҳам тарқатиб бўлишди. Таомилига кўра, Моҳларойим “жаннатариқ”да юзини ювди. Бошқа аёллар ҳам ният қилишиб юзларини ювдилар, сочларини ҳўлладилар. Болалар елкаларига мешкоп осиб олишган, қўлларида сопол идишда чанқаган кишиларни суғорар эдилар. Тоғ ёнбағрида ҳунармандлар, сартарошлар ва косиблар ўз маҳсулотларини сотишар, ният қилиб кокил қўйган ўспирин болаларнинг кокилларини олар эдилар. Шарқ томони Қашқаргача, Ғарб томони Олтойгача, Хоразму, Бухорогача мусулмонлар Ўш пиримни зиёрат қилгани ташриф буюрар эди.
Айниқса, Хитойдан қатнайдиган карвонлар турли ранглардаги шойи матолар ва чинни буюмларни олиб, Ўш шаҳрида савдо қилишга келардилар. Моҳларойим жуда чарчади. Бошқа аёллар ҳам карвонсаройга қайтдилар. Эртаси куни эрталаб улар Қорасув қишлоғига ўтдилар.
– Қизим, сенга сафаримиз ёқдими?, сўради Ойишабегим қизидан, – Мен сенга атаб Хитой чиннисидан ясалган идиш-товоқлар сотиб олдим. Мана бу олтин занжирни бўйнингга осиб қўяй, кел!. Сенга эсдалик бўлсин!
– Қорасувдан кейин, Андижонга қайтамиз. Хон хазратларидан чопар келди, – деди Раҳмонқулбий.
– Отажон, сиз Қорағунон дарёси шундоқ пастки Қорасувдан бошланади, деган эдингиз, – деб сўради Моҳларойим, у ўтириб кетаётган араванинг ёнига отаси яқинлашганда.
– Қўқон араваларни узоқ сафарлар пайтида қўшиш айни муддаода, – мамнун сўзларди Раҳмонқулбий хотини Ойишабегимга қараб.
– Тўғри айтасиз, деди у, Моҳларойимга ҳам жуда ёқди. Унинг ғилдираклари шу даражада каттаки, унинг баъзан айланаётгани ҳам сезилмайди, – деди Ойишабегим. – Отаси, Ёрқишлоқ орқали Далбарзин томонларга борса бўлади, чоғимда.
– Албатта бўлади, – деди Раҳмонқулбий, – демак Қорағунон томонларга борамиз. Ўша сайрга чиққанимизда, аввалги йили баҳорда Ёмонадирнинг шимолий томонидан борганмиз. Моҳларойимни бир Худо сақлаган эди.
Раҳмонқулбий отига қамчи уриб, олдинда кетаётган қўриқчиларга етиб олди. Улар яйлов ва буғдойзорлар оралаб, ўтган Ёрқишлоққа кириб бордилар. Ақраб ойи эди. Йўлнинг икки бети, тол ёғочлар билан қурилган ишкомлар бўлиб, ҳусайни узумлар ғарқ пишган пайт эди. Бу қишлоқ ўзининг соҳибкорлари билан довруғ таратган. Олтин рангларида товланаётган узум шингиллари кўзни қамаштиради. Қишлоқдан чиқиш жойида бир тепалик бўлиб, тепаликнинг устигача узум ишкомлари эди. Моҳларойимнинг кўзи ана шу ишкомларга тушди. У деҳқонларнинг соҳибкорлигига қойил қолди. Онасидан сўради.
– Аяжон, мана шу тепаликка сув қаердан олиб чиқилади,- деб сўради Моҳларойим. – Узумларни қандай суғоришган, демоқчиман.
– Челаклар билан сув ташиб суғоришган бўлса керак, – деди Ойишабегим.
– Сиз нима деб жавоб айтасиз, сўрайди Моҳларойим муаллима аядан.
– Менимча сув ташиб, то кузгача суғориладиган челак билан етказиб бўлмаса керак, менимча мешқопларда суғорилган, – дея жавоб беради муаллима ая.
– Бунинг бошқа сири бўлса керак, – деди Моҳларойим. Ойишабегим аравачига хўжайинни чақириб беришни илтимос қилди. Қатор бораётган орқадаги уч арава ҳам тўхтади. Шу заҳоти саватларда узилган ҳусайни узумларни кўтарган ўспирин болалар чопиб араваларни ёнига келди. Раҳмонқулбий ишорат қилган эди, ҳар бир аравага бир саватдан узум идиши билан берилди. Моҳларойим бир бош ҳусайни узумни қўлига олди. Чап қўли билан узум бошини ушла, айлантириб томоша қилдида, ўнг қўли билан бир дона ҳусайни узумни узиб олди ва оғзига солиб,ўртасидан тишлади. Шарбатга тўлган узум қобиғи ёрилиб кетди. Шарбатлар Моҳларойимнинг кўзларига сачради. Узум ниҳоятда ширин эди. Раҳмонқулбий мана шу тепаликда узумзор яратган одамни ёнига чақирди. Уларнинг сўзлашуви чодирли араванинг ичида ўтирган аёлларга ҳам эшитилар эди.
– Узумларингиз жуда ширин, серҳосил бўлибди, – деди Раҳмонқулбий, сўнгра қўйнидаги ҳалтачадан бир неча тилла тангани олиб, боғбонга узатди,- Мана узумларингиз ҳаққи, барака топинг!
– Раҳмат,-деди ўзини исмим Қодир Али деб таништирган миришкор,- узумчилик отам раҳматлидан қолган касб, ахир, бизда ишкомдан узум сотиш одати йўқ-ку. Бу меҳмонларга тортиқ.
– Йўқ, йўқ, олаверинг. Бу сизнинг санъатингизга мукофот, – деди Раҳмонқулбий. Аммо бир саволимиз бор! Бу баланд тепаликда қандай қилиб узумзор яратгансиз? Бу кўчатларни қандай қилиб суғоргансиз. Сув ташиб улгуриб бўлмаслиги аниқ.
– Тўғри айтасиз, ҳоким ҳазратлари, – деди Қодир Али мамнунлик оҳангида, – Бундан беш-олти йил муқаддам шу тепаликнинг чор атрофига узум кўчатлари ўтказдик. Хомток пайтида отам раҳматлик кўчатнинг учта шоҳини қолдиришимни, яхши етилган шохларни қишда шу тепаликка қараб ётқизишимни айтдилар, баҳорда эса фақат учки қисмини очиб қўйишимни тайинладилар. Шу тариқа порғома услубида узум кўчатлари қирга чиқиб кетишди. Сувни пастдаги томирдан олади.Узум кўчати, жонивор тек қўйса бир чақирим ҳам ўсиб кетиши мумкин экан. Шундоқ тақсир.
– Э яшанг, – деди Раҳмонқулбий, – ёнидаги ҳисобчилардан бирини чақириб, яна бир неча тилла, кумуш, мис тангаларни олиб, Қодир Алига узатди.
– Бу нега тақсир, – ҳайрон бўлиб қаради Қодир Али тортиниб.
– Нега бўларди,- деди Раҳмонқулбий ҳазил аралаш, хохолаб кулиб. – Бу сизнинг миришкорлигингиз учун. Тепаликнинг қолган қисмини ҳам боғ қилинг.
Қуллуқ, тақсир, – деди Қодир Али, инъомни қабул қиларкан. Раҳмонқулбийнинг ёнидаги ҳисобчилардан бири унинг елкасига камҳоб тўн ташлади. Унинг ёнидаги 9-10 ёшлардаги қизча воқеаларни кузатиб турарди. У чопиб бориб, бир сават Каттақўрғон номли узумдан олиб келди. Ишора билан у аравада ўтирган чодир ичидаги аёлларга тортиқ қилинди. Бу сават ҳозиргина унга тепаликдан узилганлиги сезилиб турарди. Моҳларойим ҳар узум донаси ёнғоқдек келадиган бир бош узумни кўтариб, ичкаридаги бошқа саватга солди. Беш бош узум билан қизнинг савати тўлган эди. Ойишабегим Хитой чиннисидан тайёрланган буюмлардан бир жуфтдан тахлади-да, саватга солиб қизчага қайтарди. Қизча саватни қўлига олиб, отасига қаради.
– Ол қизим, сенга сеп бўлади, – деди Раҳмонқулбий, – бу менинг Моҳларой қизимдан сенга туҳфа,- деди. Қодир Али, таъзим қилиб, миннатдорлигини билдирди.
– Қуллуқ тақсир, энди қайси томонларга йўл олмоқчисизлар, – деб сўради Қодир Али.
– Биз Маъмурободдан ўтиб, Қорағунон дарёси бошланадиган булоқларни кўрмоқчимиз.
– Жуда хайрли, жуда яхши тақсир, – деди Қодир Али, – Далварзин тепага яқин жойдан янги бир кичик қишлоқ ва боғ ташкил этилган. Ўша ерга менинг устозим Раҳмон бобо, бола-чақалари ва қариндошлари билан бориб, тўқайзорлар четидан ер очишган. Айтишларича, тўқайзорлар ичида қадимий анорзор ва анжирзорлар бўлиб, улар сақланиб келган экан. Анжир дарахтини жаннат дарахти дейдилар. Мўъжизани қаранг-ки, Қорағулон булоқларининг тобидан қишда ҳам совуқ урмабди, уларни. Анжирлар бир-бирига илонга ўхшаб чирмашиб, ўсаверибди, ўсаверибди. Томири чорак-чорак чақирим нарида бўлса ҳам, ер бетидаги танаси, мевали шохлари, чакалакларни ёриб, қуёшга интилаверган. Унинг мевалари шифобахш дейдилар. Ҳозир ғарқ пишган, кўриб кетсангиз баҳри дилингиз очилади, Аллоҳ яратган мўъжизаларига яна бир бор, таҳсинлар айтасиз!
– Раҳмат тақсир, – деди Раҳмонқулбий, – Хазинабон!
– Йўқ, тақсир, – деди Қодир Али, – энди бунга ҳақ олинмайди. Буниси текин. Яна хазинангиз бўшаб қолмасин.
– Деҳқон бобо ҳақидаги ривоятдаги ҳикмат ёдингизга тушди, чоғимда, – хохолаб кулди, Раҳмонқулбий.
– Раҳмат, миннатдорман! Агар, кўнглингизга олмасангиз, бир хабарни айтиб қўярдим, – деди Қодир Али унга яқинроқ келиб, овозини пасайтириб, аста шивирлади. Раҳмон бобо, ўзлари табиб, қизингиз шифо топса ажаб эмас.
– Раҳмат, – деди Раҳмонқулбий, жиддийлашиб. Улар хайр-хуш қилишгандан сўнг йўлларга тушишди. Ниҳоят, Раҳмон бобо хонадони ёнига келиб тўхтадилар. Юқори табақали, азиз меҳмонлар келаётганлиги ҳақидаги хушхабар, меҳмонлардан олдинроқ етиб келган эди. Раҳмон бобо саксонларни қоралаб қолган бўлиб, бола-чақа, невара-чеваралари билан шу жойларга кўчиб келган экан. Ёввойи анжирлар бута шаклига кирган. Ҳовлининг охиригача, четан билан тўсилган девордан ташқарида ҳам ёввойи анжир шохлар бир-бирини қучоқлаб, ер бағирлаб ўсиб ётарди. Ерда-ю шохда анжир мевалари, уларни болалар териб олишар, офтобда қуритишар эди. Боғ ичида илон изи қилиб ковланган ариқда тиниқ сувлар оқарди. Тўқайлар ичидан ўрмалаб чиқиб, четанларнинг ёриғию орасидан ўтган тошбақалар сув ичиш илинжида ариқ ёнига ўрмалаб келишарди. Уларнинг баъзилари ариққа тушиб оқиб кетарди. Келган меҳмон аёллар мезбон аёллар билан бу мўъжизаларни томоша қилишар эди. Бир типратикан юриб келди-да, Моҳларойимнинг қаршисида тўхтади. У шунчалар чиройли эдики, гўё у билан саломлашаётганга ўхшарди. Шохдан-шохга сакраб,ўйин тушаётган олмахонлар, думини бошига ёпиб, чиройли мўйна либосини кўз-кўз қиларди. Қумри ва булбулларнинг сайраши бир-бирига қўшилиб, сирли товушларга айланарди. Гердайиб юрган товуслар патини ёйганида етти хил ранглар кўзни қамаштирарди. Ҳар тўкисда бир айиб, деганларидек уларнинг сайраши ёки товуши ўта ёқимсиз ва ваҳимали эди. Боғ устидаги осмонда, дарахтлар орасидан сорларнинг учиб, ўлжа қидираётганлиги кўриниб турарди. Сор-бургут тўқайзордан оқ қуёнчани қувлаб келди. Қуёнча ўзини боққа урди. Ҳатто у одамлардан қўрқмади ҳам. Сўнгра Раҳмон бобо Моҳларойимнинг дардини кўриб қўйишини айтди. Ичкари хонага онаси Ойишабегим билан қизчани олиб киришларини сўради. Табиб унинг қўллари ва тирноқларини диққат билан қаради. Сўнгра кўзини ва оғзини кўрди. Кейин қўли билан унинг томоғи, бўйнини ияги остини аста ушлади. Сўнгра:
– Бўлди бўтам, сизлар чиқаверинглар, – деди-да, Раҳмонқулбийни хонага таклиф этди. Тақсир, қизингиз хаста. Дард берган Аллоҳ, шифосини ҳам беради. Андижон, Марғилон ва Қўқон томонлардан асосан қизлар ва ёш жувонлар шу касалга кўпроқ мубтало бўлишяпти.
– Нима экан, тақсир, – деди Раҳмонқулбий хавотирланиб, ташвишли оҳангда.- Давоси борми, тақсир?
– Ҳа, давоси бор, – деди Раҳмон бобо, – менга Аллоҳнинг ўзи шу дарднинг даъвосини топишни дилимга солганми, сабабчи қилганми, кўпчилик қўлимда шифо топди. Қизингиз қаттиқ қўрққан, асаби таранглашиб, мудраб ётган дарди қўзғалиб кетган. Менинг ҳам қизларимдан бири шу касал билан хасталанган эди. Мана шу ерларга кўчиб келганимизлан сўнг, шифо топди. Қилмаган малҳамим қолмаган эди. Кўҳна китобларни ҳам қарадим. Баъзи китобларда типратикан шўрвасини ичиш лозим, дейилса, баъзиларида тошбақа шўрваси дейилган. Бир китобда эса кўлвор илонни қуритиб, талқонини ичириш лозим, деб ёзилган. Қўйинг-ки, қанчадан-қанча шифобахш гиёҳлардан тайёрланган малҳамларим ҳам кор қилмади. Шу ерда қўним топдик-у, тузалиб кетди. Анжир, анорлар малҳам бўлдими, деб ўйладим. Қиш палласида Ўшга, шаҳар ҳовлимизга қайтиб ўша ерда, беморларни қабул қилардим. Улар бир неча марта келишар, баъзилари шифо топишар, баъзилари эса, бу ўсмадан қутила олмас эдилар.
– Ўсма, бўқоқми?, сўради Раҳмонқулбий хавотирга тушиб, пешонасидан оқиб тушган терни артаркан.
– Ҳа, бўқоқ, умуман одамларнинг бўғинларида қандайдир шишлар пайдо бўлади. У асабни ишдан чиқаради. Бўқоқ ҳам шундай. Асаб таранглашган сари у каттариб бораверади. Қизингизнинг буқоғи ички томонга қараб ўсиб чиққан. Ҳаво етмаслиги, юраги сиқилиши ўшандан.
Менинг ўзимга ҳам шу табиат масканлари ёқади. Саксондан ошиб қолдим, бир ёғи қаричилик, аммо мен шу ерга келсам, ўзимни бардам сезаман. Ҳозир беморлар шу ерга ҳам хабар топиб излаб келишмоқда. Анчадан бери шифо топмай, азоб чекаётган беморларни мана шу хонада даволадим. Худонинг қудратини қарангки, ҳатто малҳамларни ишлатмасам ҳам шифо топиша бошладилар. Секин аста бу сирни аниқладим. Гап булоқларда, гап Қорағунон сувининг шифобахшлигида экан. Демак, сув таркиби даво бўлади. Ҳатто тери хасталикларига, ҳар хил тузалмас яра ва темиратки касалликлари билан хасталанганларга ҳам шу сувлар шифо бўляпти, чоғимда.
– Яхши, Худога шукур, – бобо деди Раҳмонқулбий, қанча ҳаракат бўлса биз тайёрмиз. Қизимиз шифо топса бас. Шу тариқа Моҳларойим, бир неча ой шу ерда қолди. Раҳмон бобо қўлида шифо топди. Унинг шарафига шу масканда шифо саройи қурилди. Юзлаб одамлар дардларига малҳам топдилар. Ўша даврларда қазилган Шаҳрихон сой, Андижон боғларига ҳаёт бахшида этди. Унинг қурилишида иштирок этган қуллар ва асирлар Қорағунон дарёси соҳилида қурилаётган уй-жойларда ишладилар. Бу янги масканга одамлар кўчиб кела бошладилар. Раҳмонқулбий хон билан келишиб, қул-асирларни озод қилди. Янги қишлоқдаги бунёд этилган уйларни бўлиб берди. Моҳларойимга ҳурмат, Аллоҳ шукронаси сифатида бу янги қишлоқни “Ойим” деб номладилар. Ўзи форсий бўлган Муаллима аяга ҳам хизматкорлар ажратилган янги иморат ҳадя этдилар. Ўзбек ва қирғизлардан иборат бу қишлоқдан, форс тилида сўзлашувчи озод кишилар ҳам маскан топдилар. Моҳларойим билан хайрлашиш олдидан, муаллима ая унинг қулоғига бир нарса айтди, бу Моҳларойимнинг беморлигида кўрган туши таъбири эди. – Сизни, Ойим, – деди муаллима ая, дарёдан олиб ўтган Қора от, Қоруғунон дарёси, шифоланиб кетишингиз дараги эди. Кейин бургут кўтариб, баланд-баландларга олиб чиққани, сизнинг малика бўлишингиз дарагидир. Қора бургут – сорлар эса, сиз улуғ салтанатнинг ўлжаси бўласиз”. Аммо сиз ерга йиқилмайсиз, сизнинг раҳмдилигингиз сизни Маликаи Даврон қилади, сизнинг кўнгилчанглигингиз бутун бир салтанатни вайрон қилади, меҳрибончилигингиз эса, қуёшдек нур сочиб, мискин ва кичик қалбларни ёритади, дилларда достон этади. Сиз миллатнинг Нодираи Даврон онаси бўлиб, дилларга имон ва эзгулик улашаверасиз.
Бу таъбирни Моҳларойим – Нодира ҳеч қачон, ҳеч кимга айтмади. Унинг болалиги, ёшлиги тўғрисидаги ривоятлар ҳар хил бўлиб, авлоддан-авлодга ўтиб келади. Қай бири чин, қай бири мавзу бўлганлиги ҳам аниқ эмас. Фақат Нодиранинг мунис ғазаллари тафаккур оламига нур сочиб туради.
Хусни ганжинг, закотин бер манга,
Сен ғанийсан, менда бисёр эҳтиёж...
Отабек бу ривоятни ўзи тўқиган. Қизи Моҳларойим эсини танигандан буён отасидан битта эртак, ривоят ёки афсона эшитмаса, асло ухламайди.Ўзи рус мактабда ўқиса ҳам, эртак ва ривоятларни ўзбекча айтишни талаб қилади. Унга эртак топаман деб, отаси китоб қидиргани қидирган. Яна фақат отам айтиб берсин, деб хархаша қилгани қилган. Раънохон шуларни ўйларкан, ётоқхонага кириб, Моҳларойимнинг устини ёпди. Вақт ҳам алла маҳал бўлиб қолибди. Моҳларойим онасини кўрди-да, атайлаб бир кўзини очди, кейин иккинчисини.
– Отам бугун ҳам келмайдими, – деб хўрсина бошлади, Моҳларойим.
– Отангни нима қиласан, – сўради Раънохон.
– Менга эртакни ким айтиб беради?
– Кел болам, эртага мактабга кеч қоласан, ухла. Мана мен айтиб бераман, – деди Раънохон қизчасини бағрига босиб.
– Сиз айтганингиз бўлмайди. Сиз айтиб берган эртакни кўрмайман!
– Нима, отанг сўзлаб берса, кўрасанми?
– Ҳа, кўраман, – деди Моҳларойим, – ҳатто отам билан бир хил кўрамиз. Мана мен ҳозир кўзимни юмаман, сиз ҳам юминг. Энди тасаввур қилинг. Баланд қирлар. Осмонда оппоқ булутлар сузиб юрибди. Биз лолазорда отам, мен, сиз қўл ушлашиб чопиб кетяпмиз. Пастда эса дарё, Қорағунон!
– Э, қўй э, яна шу ривоятми? Раънохон ҳам ўзининг тасаввуридан чўчиб тушди. У ҳам кўзини юмгач, ана шу манзараларни тасаввур қилгандай бўлди.
– Отамни соғиндим, – Моҳларойим яна инжиқлик қила бошлади. Мен ҳозир у ҳақида ўзим эртак ўйлайман.
Отаси кетгандан буён ҳар оқшом шу жанжал. Отаси ўзи шунақа. Болани ҳам хаёлпараст қилиб қўйди. Отасини соғинса эртак сўрайди. Эртак эшитгиси келса отасини қўмсайди. Шу Қорағулон ривоятини бир ўн марта қайта-қайта сўзлаб беришини отасидан сўрарди.
Мен “Ойим” қишлоғига бормаганман. Тойчоқ қандай эди, бургутларнинг қаноти неча метр, ҳозир улар борми?, дея сўрайвериб унинг ҳоли жонига қўймайди. Менинг исмимни Моҳларойим, деб номлаганингизнинг сабаби нима?, сўрагани-сўраган. Раънохон уйларни тартибга солар экан шуларни ўйларди. Бир йилча бўлиб қолди, Моҳларойимнинг қўлига қандайдир темираткига ўхшаш яра чиқди. Шифокорлар турли ташхислар қўйишди. Ҳозир унинг ўрни анча кичиклашди. Отаси Моҳларойим билан Қорағунонга борамиз, унинг сувлари шифобахш, роса чўмилади, тузук бўлиб кетади, дерди. Энди отасини кутмоқда, у эсон-омон қайтиб келса, ота юрти Андижонга олиб борамиз. Отабек туғилган Ёвкессак қишлоғини, Ойимни ва сирли дарёни кўрамиз. Моҳларойимга боши қоронғу бўлганида, эри ундан сўраган эди.
– Бола узоқ-узоқлардан келяптими, ёки яқинроқ замонлардан?
– Менимча, яқин ўтган кунлардан, – деб жавоб қайтарди Раънохон.
– Унда Моҳларойим бўлади. Агар узоқдан деб жавоб қайтарганингизда Беҳзод бўларди, – деди.
Отабек ўта хаёлпараст ва бор оламни ижодий рангларда кўради. Аммо башорати тўғри чиқди. Моҳларойим дунёга келди. Раънохон ётоқхонага кирди, қизчаси ширин уйқуга кетибди. Балки тушида отаси билан сайрга чиққандир, дея ўйларди Раънохон...
... Минг йилларким, Қорағунон деб номланган бу дарё кечалари қаттиқ шовуллайди. Унинг шовуллаши олислардан эшитилиб туради...
Умр ҳам оқар сув мисоли ўтиб кетавераркан. Раънохоннинг катта қизи Моҳинур ҳам ўн еттига кирибди. Мактабни олий шаҳодатнома билан тугаллаб, дипломатик лицейида ўқимоқда. Кичиги эса ўзгача, у отаси каби санъатга ружу қўйган. Мактабдан кейин мусиқа тўгарагига қатнайди. Пианино чалиш жони дили, қўшиқ куйлайди. Отаси қўярда қўймай миллий рақс гуруҳида қатнашишни талаб қилади. Ахир қиз бола бўлса-ю, миллий рақс услубларини билмаса, мукаммал бўлолмайди, дейди. Ўзбекларда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист (марҳум) Учқун Ғаниев ва Ўзбекистон халқ артисти, балетмейстер Қодир Мўминовларни ҳисобга олмаса, эркаклар рақси маромига етган эмас. Тўғри, водий томонларда “Дилхирож”, “Дучава” ва Андижон полкасига рақсга тушадиган, қийиб юборадиган йигитлар кўп, аммо улар ўзларини санъаткорлик касбига урган эмаслар. Улар байрам, тўй маросимларида ўзаро беллашиб, рақс ташлашади. Қизболанинг ўрни бошқа, санъаткор бўлмаса ҳам миллий рақсни биладиган қизлар ҳам жисмоний соғлом бўлади, ҳам чиройли бўлади, дейди отаси. Унинг устига Моҳларойим тўққиз ёшга кирган бўлсада, ушоққина. Тез-тез хасталаниб туради. Йўқ, рақсга берганидан бери анча саломатлиги яхшиланди, бўйи ўсди.
– Мен қандай туғилганман, – сўрайди Моҳларойим.
– Сени лайлаклар саватда олиб келиб, ташлаб кетган, дейди отаси.
– Йўқ, йўқ. Ойим туққанлар, – деб эркалик қилади, Моҳларойим. “Билмадим, болани ота кўпроқ яхши кўрадими, онами? Лекин отаси мендан ҳам кўпроқ яхши кўрса керак” деб хаёлидан ўтказарди ҳамда тақдирдан қочиб қутулиб бўлмаслигига Раънохон ҳам имон келтирар эди... Отабек акага турмушга чиққанида йигирма уч ёшда эди, мана энди қирқни қил ёрай деб қолибди. Эндигина ҳаёт нима, эр нима, фарзандлар кимлар? Уларни қандай тарбиялаш зарур, ота-она ким, деган саволлар ҳақида ўйлайдиган бўлиб қолди. Отабек ака унинг иккинчи оиласи. Аниқроғи у Отабекнинг иккинчиси. Қайси тентак аёл иккинчи хотин бўлиб тегишни орзу қиларкан. Отабекнинг ҳам хотин устига хотин оламан деб кўзи учиб тургани йўқ эди. Ўзининг севимли хотини, бир-биридан ширин фарзандлари бор эди. Бизнинг ўзбегимизнинг ўзига хос одатлари бор, агар эри билан борди-келди бўлса бас, дарров минг хил гап чиқади. Хотинларнинг маломатга қолиши осон. Ундай деб ўйласак, баъзан эркаклар ҳам гап-сўзга учрар экан, агар у машҳур бўлса, ёки бой-бадавлат бўлиб кетса, ёки сиёсат билан шуғулланса. Ҳеч бўлмаса тижоратчи ёки банкир бўлса. Қандай қилиб бир амаллаб, тилини қисиқ қилиб олишса бас. Дунёда ким кўп, омадсиз одамлар кўп, ким кўп, майдагаплар. Улар ўз муаммоларини ечиш, одамларга яхшилик қилиш ўрнига, ундоқ эмиш, бундоқ эмиш, деган гап тарқатишгани тарқатишган. Одамлар ичида обрў топиш ниҳоятда оғир, уни сақлаб қолиш эса, минг чандон оғир бўларкан. Кунлардан бирида Раънохон, курсдош ўртоғи Умида билан Радио студиясига боришди. Рус ва ўзбек тилларини мукаммал биладиган суҳандонлар учун кўрик-танлов эълон қилинган эди. Бир омадларини синаб кўрмоқчи бўлишди. Ўша кунлари у эндигина қизчасини боғчага жойлаштириб, ўзига муносиб иш қидириб юрган пайтлари эди. Институтда ўқиб юрган пайтларида Журъат исмли курсдоши бўларди. Охирги курсда ўқиётганларида у Дипломатия институти янги очилганлиги, ўша ўқув масканида ҳуқуқшунослик куллиёти борлиги, бир курс пастда бўлса ҳам, ота-онаси уни ўша ерга кўчирмоқчи эканлигини айтиб қолди. Улар ҳарқалай озми-кўпми, дўстлашиб юришди. Қандайдир ичи узилгандек бўлди. Ҳатто Журъат унга уйланиши мумкинлигини ҳам айтди.
– Онамни юбораман, уларга ҳам ёқасан, – деди Журъат.
– Мендан сўрадингизми? Сизга тегаманми-йўқми? Раънохон жавоб қайтарди.
– Қаёққа ҳам борардинг, менга тегмай кимга тегардинг.
Журъат ўз ўқишини Дипломатия институтига кўчирди. Албатта, уларнинг қўли узун, улар ўқимай, ким ўқисин, ундай жойларда. Онаси ахир Педагогика фанлари доктори. Профессор Тўти Ғайбуллаевнанинг боласи ўқимаса қандоқ бўлади. Отаси ҳам олим одам. Улар, албатта, ўғлини жойлайдилар. Айниқса – Журъатнинг онасини ҳамма танийди. Улар болалар тарбияси бўйича ҳар хил мавзуларда телевизорга чиқиб турадилар. Айниқса, қизларни оилага тарбиялаш мавзуси у кишининг асосий иши, жони-дили. Раънохон рус тили ва адабиёти мутахассислиги бўйича ўқишини давом эттирар эди. Аммо унинг ўқитувчи бўлишга иштиёқи йўқ. Ахир, болалар тарбияси ўзи бўладими? Ундай ўта жиддий масъулиятни у ўз бўйнига ололмайди. Раънохоннинг онаси – Мавлуда опа ҳам бир умр болалар тарбияси билан шуғулланган. У биолог, аммо кўп йиллар болалар боғчасида тарбиячи, мудир бўлиб ишлаганлар. Улар ўз соҳасини жуда севадилар, болаларнинг ҳар қанча ташвиши бўлса кўтара оладилар. Раънохон Журъат билан учрашиб туришди.
–Уйингга совчилар боришади, – деди Журъат, онамлар айтдилар.
– Қачон келишади, қайси вақтда, – сўради Раънохон.
Онамларнинг айтишига қараганда...
– Яхши, мен ҳам ойимга тайинлай, маслаҳатлашиб, жавобини айтамиз, – деди Раънохон.
– Йўқ, ойимлар якшанба куни дедилар!
– Ойимлар. Онамлар айтди, дейсиз, – деди Раънохон ҳазиллашиб, – Менинг онам нима деркинлар...
– Хўп, марҳамат, дейдилар-да. Ахир ичмасам, чекмасам, Дипломатияда ўқисам, яна нима керак, ойингга?
– Мақтанманг!
– Мақтанганим йўқ. Ўзинг менга тегаман деб жон деб турибсан.
– Ким айтади!
– Онам айтдилар, – деди Журъат. У онасининг якка-ю ягона ўғли эди. Бир қизи рассом. У Францияда яшарди. Бир қизи эса руҳий касал бўлиб, уни доим одамлардан бекитишар, бу ҳақда Раънохон Умидадан эшитган эди.
Якшанба куни эрталаб Журъатнинг онаси Тўти Ғайбуллаевна, Францияда турмушга чиқиб кетган қизи, яна бир аёл билан кириб келишди. Раънохоннинг онаси Мавлуда опа совчи кутиш маросимини отаси (Сайфуддин бобо хонадонига белгилади. Бу хонадон Тошкент яқинидаги қишлоғига жойлашган бўлиб, хонадонлар асосан соҳибкорлик билан шуғулланганликлари учун узум ишкомлари, турли-туман мевалар ғарқ пишган эди. Мавлуда опанинг ўт ўчириш ташкилотида ишловчи укаси Неъматилло ҳам, ана шу хонадонда турарди. У янги уйларни битказиб, меҳмон кутса, арзигулик қилиб қўйган эди. Қишлоқда ўзи одамлар шунақа, меҳмон келса борми, қаерга ўтказишни билмайди. Яқин қариндошлар, холалар, невара чеваралар дегандек.
– Ўзим қиз қилиб оламан, – деди Тўти Ғайбуллаевна. Раънохонни ўғлимдан ҳам, мен кўпроқ яхши кўрдим.
– Менинг энг тўнғичим, бир синглиси, бир укаси бор, – деди онаси Мавлуда опа, – буларни ҳам ота, ҳам она бўлиб боққанман. Отаси Тошкентда яшашга қўймай Фарғонада қолиб кетган. Катта додалари социалистик меҳнат қаҳрамони Хамидов деган одам эдилар, раҳматли.
– Сиз ғам қилманг, – деди Тўти Ғайбуллаевна, – ўзим ўқитаман, кандидат қилиб оламан. Мен билан ишлайди Фанлар Академиясида. Раънохон яхши билади, биз зиёлилар оиласимиз. Отаси ҳам олим. Ўзи Дипломатияни битиряпти. Буларнинг переспективаси олдинда.
– Раҳмат, энди биз ҳам бир қариндош уруғлар билан маслаҳатлашайлик, кейин бир гап бўлар, – деди Мавлуда опа, – мен ҳам педагогман. Кўп йиллар Фарғонада болалар боғчасининг мудири бўлиб ишладим. Ҳозир Бектемир туманидаги РайОНОда ишлаяпман.
– Яхши, айни муддао, – деди Тўти Ғайбуллаевна. Оилаларимиз ҳам бир-бирига муносиб экан. Келинглар, бувиси ва бобосини чақириб, фотиҳа қилиб қўя қолайлик. Ёшлар бир-бирини яхши билишади. Биридан кам, биридан кўп, мен бошқаларга ўхшаб униси бор, буниси йўқ деб ўтирмайман.
– Билмасам, сал ўйлашиб кўрсак бўлармиди?
– Қиз берсангиз, шундай оилага берасизда, айланай. Қани энди қизим бўлганда Тўти Ғайбуллаевнанинг ўғлига, Журъатбекка узатардим. Бирам келишган, ичмайди, чекмайди. Маҳалламиздаги энг яхши йигитлардан бири. Онасининг гапидан чиқмайди, иншолло бахтли бўлишади, – деди совчиликка келган меҳмон аёллардан бири. Шу тариқа бобо, буви, қариндошлар бўлдилар, Раънохонни Журъатбекка унашиб кетдилар.
Қудалар билан беллашаман деб, онаси Мавлуда опа не қийинчиликларни бошидан кечирди. Мебель дейишди, мебель бўлганда ҳам ё Румин, ё Италияники бўлиши лозим. Майда чуйдалар, дегандек. Отасидан дарак йўқ,у бошқа оила қилиб, яна уч-тўрт болани ошириб олган. Аввалгидек ичишни қўймайди. Мавлуда опа бутунлай келтирмай қўйди, кейинчалик ажрашиб кетадилар. Мавлуда опа қизи Раънохон учун йўқни бор қилди. Укаларини ҳам тинч қўймади, ишхонадагилар ҳам қараб туришмади. Бир кунлик тўй ўтди, кетди. Расм-русумлар ҳам Тошкентчасига дўндирилди. Барибир бир аёл боши билан қиз чиқаришнинг ўзи бўладими? Яна бу ёқда иккитаси етилиб турибди. Унинг устига кундан кун соғлиғи ёмонлаша бошлади. Бундан бир неча йил муқаддам йиқилиб, умуртқа поғонасидан лат еб касалхонада ҳам даволаниб чиққан эди.
Раънохон ўқиш билан банд. Ҳали ниститутни битирмай туриб, турмушга чиқиш ниҳоятда оғир. Бир томонда эрининг кўнглига қараш лозим, иккинчи томондан Тўти Ғайбуллаевнадек қайнонани қаердан топсин. Унинг устига эгачиси вафот этгач, унинг бир қизчасини боқиб олишган. Қизча инжиқлик қилар, унинг кўнглини топиш қийин эди. У томонда эса бемор онаси икки вояга етмаган укалари билан туради. Уларнинг кўнглини олиш ҳам Раънохоннинг зиммасида. Тўйдан ҳеч қанча ўтмасдан, таомилига кўра, куёвни чақириб олиш лозим. Бу сафар онаси Мавлуда опа қуда томонни Қўйлиқдаги уч хонали уйига таклиф этди. Мавлуда опа икки қаватли ғиштли уй бўлиб, биринчи қаватидаги уч хонани сотиб олган эди. Албатта ҳали кўнгилдагидек таъмирланмаган, тўй бошланиб қолганлиги сабабли оқлаб-кўклаб қўйилган эди. Аслида бундай ишларни Мавлуда опа яхши билар, ахир кўп йиллар болалар боғчасида мудира бўлиб ишлаган пайтларида хўжалик ишларини яхши ўрганиб олган эди. Аммо қўли калталик қилиб, уйни сотиб олишга олишди-ю, таъмирталаблигича қолган эди. Раънохон куёви Журъат билан уй ортидаги кичик ҳовличага чиқишди. У ерда ўғли Зафаржон ўзи боқиб семиртирган хўрозлардан иккитасини сўйиб, тозалаётган эди. Албатта, дастурхонга янги сўйилган товуқ гўшти яхши бўлади-да. Унинг ёнига келган Журъат почча ҳам ёрдам бергиси келдими, товуқни қўлига олиб, патларини юла бошлади. Жонсарак она – Тўти Ғайбуллаевнанинг кўзи унга тушиб қолди.
– Товба, янги куёвга, товуқнинг патини юлдиряптими, булар, – кўнглидан ўтказди у. Маросимдан сўнг, уйга қайтгач, Раънохонни койий кетди. Секин-аста қайнона жанжални кўпайтира бошлади. Бу ишингиз бундоқ, буниси бундоқ. Жиянингизни хафа қилибсиз, шу бир етимчанинг кўнглини топа олмайсизми? Турли баҳоналар топиб, ўғли Журъат билан уруштириб қўярди. У хотинининг ёнида ёлғиз қолганларида бир оз кўнглини оларди. Секин-аста у ҳам эътиборини сусайтирди. Онамдан сўра, онам биладига чиқиб олди. Хотин билан бутунлай иши йўқ. Унинг устига Раънохон ҳомиладор эди. Боши қоронғу дегани шунақа бўлади, чоғи, кўнгли озиб, сўнгра янада оғирлашди. Тез-тез кўрикдан ўтишга тўғри келди.
– Фақат сиз туғинг экан-да, – деди Тўти Ғайбуллаевна, – дўхтирга қатнаганингиз қатнаган. Кеча меҳрибон ойингиз машина юборибдилар. Ёт эркак кишининг машинасига ўтириб, дўхтирга бориб келибсиз.
– Ойим, кичик тоғамни юборибдилар,– деди Раънохон ўзини оқлашга уриниб, – ахир йўлда бошим айланиб йиқилиб қоляпман-ку. Ўғлингиз имтиҳонлар билан банд бўлса.
– Яна гап қайтаради-я, – деб Тўти Ғайбуллаевна эшикни ёпиб, бошқа хонага чиқиб кетди. Албатта эндигина ўн тўққиз ёшга кирган қиз, турмуш икир-чикирларини қаёқдан билсин. Тўти Ғайбуллаевна ўз китобларида болаларга ва ёшларга қандай сабоқ берса, шундай талаб қилар эди. Ҳолинг қандай бўляпти? Уйингдагилар қандай? Умуман тушунтириш, инсон кўнглига қараш, – бу ҳам бошқа бировнинг фарзанди-ку, дейдиган одамнинг ўзи йўқ. Ўғлига эса, хотинингни олдида бўшашма, латта бўлсанг бошингга чиқиб олади, дейишни қўймас эди. Қайнонасининг яна бир фазилатини сезиб қолди, қандай соҳа, ким бўлишидан қатъий назар, одамларга, оламга, умуман ҳамма нарсага қайнонасининг нуқтаи назаридан келиб чиқиб, унинг муносабатидан келиб чиқиб гапиришга тўғри келарди. Тўғриси, Раънохон ўйламасдан ёки ўз фикрига кўра, ҳеч нарсага муносабат билдира олмас эди. Янги келин бўлиб тушган дамларда, қайнонаси Тўти Ғайбуллаевнанинг фикри мутлоқ фикр деб ўйлар эди. Ўшанда қайнонаси муаллифлигида босмадан чиқарилган китобчалардан бирига, ўз исми шарифига Раънонинг исми шарифини ёзиб, чоп эттирган эди. Ҳали институтни тугатмасданоқ, икки ой қайнонасининг ишхонасида ишлаб, Фанлар Академиясида китоб чоп эттирди ҳам. Раънохонга бундай илтифотнинг ёки имтиёзнинг кераги ҳам йўқ эди. У ўзининг имконияти ва қобилиятини билар, аммо ҳамма ҳам мана шундай, ўз соҳасидан даромад топса керак деб ўйларди. Кейинчалик эса, ойижон, мени ундай “муаллифлик” ишларига аралаштирманг. “Қалам ҳаққи”га имзо чекаётганимда Абдуғаффор домла “қалам ҳаққини она-бола олаяпсизларми, яхши!” деб киноя қилганлигини айтган эди. Қайнонасининг педагогик қўлланмалари замонга мос келмаётганлиги, қотиб қолганлиги ҳақида мажлисда ҳам гап бўлганди. Раънохон ўзини ўнғайсиз сезган эди, ўшанда. Кейин эса ишга бормай қўйди. Ҳомиладор бўлгандан буён, кўчага чиқиш,агар шифохонага боришга тўғри келмаса, камайди. “Кеча нега балкондан, қўшниларнинг уйига қарадингиз! Анови летчикни уйда ҳеч ким йўғлигида, телефондан фойдаланиш баҳонасида уйга киргизибсиз”, каби танбеҳлар ошиб тушди.
– Ойижон, ахир ҳомиладорман. Ўғлингизнинг ўрнига ҳам сиз рашк қиладиган бўлиб қолдингиз? Эътироз билдирди Раънохон.
– Тилингиз чиқиб қолибди? Сизга ҳам гап борми? Деди Тўти Ғайбуллаевна, – кеча мен йўғимда онангиз Мавлудахон келиб кетибдими?
– Ахир, энди онам ҳам келмасинми? Мени юбормаётганингиздан кейин ўзи келиб кетди-да.
– Яна ёт эркак биланми? Ёт эмас, тоғамнинг ўртоғи, онамнинг синфдоши Анвар ака-ку! Ундан машинасида олиб боришни илтимос қилган экан.
– Э ўша Анвар, доиракашми? Қўшни домда туради, – деди ғазаб билан қайнонаси, – топган ҳайдовчисини қаранг!!! Доиракаш!!!
– Доиракаш бўлса нима?
– Онангиз ўша билан!
– Қўйинг ойижон, Анвар ака яхши одам. Бола-чақами, қуда-андами, тоғам билан бирга санъаткорлик қилади, – деди Раънохон.
– Қайси тоғангиз?
– Лутфилло тоғам...
– Ҳа, Лутфилло тоғангиз қўшиқ айтадими, у ахир дурадгор-ку.
– Мактабдан бери иккиси бирга. Тоғам чалади, Анвар ака доира...
– Ўзбекистоннинг куни дурадгор ҳофизга-ю, таксичи Анвар доиракашга қолибди-да.
– Ундай деманг! Улар...
– Тоғаларингиз билан мунча мақтанасиз. Биттаси пожарный!!!
– Бобом ҳам ўт ўчирувчилик касби билан пенсияга чиққан. Икки тоғам ота касбини олган.
– Э...
– Неъматилло тоғам, яқинда полковник унвонини олдилар...
– Бўлди, қўрқдик, уни ўрнига уйларни тартибга келтиринг. Уйда келин туриб мен қилайми? Анови телевизор зормандани ўчиринг! Ҳозир ойижон, Нуриддин Ҳамроқулов куйлаяпти. Жуда зўр санъаткор!
– Шу ҳам қўшиқчи бўлди-ю. Жаҳл билан бориб, қайнона телевизорни ўчириб қўйди. Умуман Раънохон нима сўзласа, эътироз олавериб чарчади. Эри Журъатга айтса, ўзинг ойимларнинг тилини топ!, дейди. Шундай кунларнинг бирида Раънохон қизчалик бўлди. Уни Моҳинур деб номладилар. Исмини ҳам қайнонасининг ўзи танлади. Бола туғилгач, қайнонаси билан яна ҳам яқинроқ бўламиз деб ўйлаган эди. Йўқ, онанг ундоқ, онанг бундоқ, деб фисқи-фасод гапларини қўймас эди. Синглиси Барнохон болага қарашишар, Раънохон эса, шу тариқа бир амаллаб институтни тамомлаб олди. Оилада эса борган сари совуқлик ошиб борарди. Журъат бир марта жияним оч қолди деган баҳона билан юзига тарсаки тортиб юборди. Индамади, ичига ютди. Буёқда она бемор. Укалари бор. Умуман масала шунга келиб тақалдики, онасидан юз ўгириши, борди-келдини бутунлай тўхтатиши кераклиги талаби қўйилди. Гўёки, бола чақалоқликдан тарбияланар экан, онаси тарбияни бузиши мумкин эмиш. Бу хонадон боласи Тўти Ғайбуллаевнанинг педагогик изланишлари усулида тарбияланиши лозим эмиш. Раънохон онасининг ёнига бориб, тўйиб-тўйиб йиғлагиси, бошига ёстиқ қилса ҳам онажониси ёнида қолгиси келарди. Эри Журъат эса онасининг чизиғидан чиқмас эди. Тўғри, она азиз, лекин оилали одам тизгинни тенг ушлаши лозим. Аммо у ҳам борган сари уйга кеч келар, нима қиляпсан, бола қандай деб сўрамас ҳам эди. Унинг устига у ҳали институтни тугатган эмасди. Талабанинг ҳаёти маълум, келади-ю, ухлаб қолади. Эрталаб ҳамма нарса муҳайё, ўқишга шошади. Чақалоққа қарашнинг ўзи бўлмас экан. Тўти Ғайбуллаевна ижодий ва илмий изланишлар билан банд, учрашувлар, телекўрсатувлар, умуман жамоат ишлари қалашиб ётибди. Қайнота эса доимо уйда йўқдай, барча фармонлар фақат Тўти Ғайбуллаевнаники, бу хонадонда аёллар салтанати. Раънохоннинг онаси ҳам улар болалигида отаси билан ажрашиб кетишган. Раънохон кўпроқ бобосиникида Тошкентда улғайди. Укалари эса ота-оналари билан Фарғонада яшашган. Уларникида бобоси нима буюрса шу бўлади. Тоғаларининг кўзига қараб туришади. Бир куни бола шамоллаб қолган экан, Раънохон у билан овора бўлди. Кеч кириб қолганини ҳам сезмай қолибди. Ишдан биринчи бўлиб, Тўти Ғайбуллаевна қайтиб келди. Ошхонага кириб тарақа-туруқни бошлади.
– Бирорта таом тайёрламабсизда?
– Бола билан бўлиб...
– Бола баҳона хаёл суриб ёткансизда, деди қайнонаси киноя билан, – Йўқ ойижон Моҳинурнинг иситмаси баланд. Дўхтирга олиб бормасак бўлмайди.
– Энди шу етмай турган эди, – деди қайнонаси, – бу ёшлар бола қарашни ҳеч билмайдилар. Раънохон болани ухлатгач, ошхонага, қайнонасига ёрдам бериш учун чиқди. Қайнонаси ошхонада қуймоқ пишириш ниятида сковороткани қўлига олди. Музхонадан иккинчи қўли билан икки-учта тухумни ун қўли билан стол устига қўйди. Раънохон ликопчани ювиб, кейин столга қўймоқчи бўлиб турган эди, тухумлардан биттаси стол устидан думалаб, пастга полга тушди. У чилпарчин бўлиб, ҳар томонга сочилиб кетди. Қайнонаси қўли билан йиғмоқчи бўлган эди, тухум шилимшиғи бармоқлари орасидан оқиб тушди. Раънохон бу холни кўриб, ҳайратдан қотиб қолди.
– Нега анқайиб турибсан, – деб бақирди қайнонаси, – йиғиштириб ол!, деб скавороткани қўлига олиб, газ плитасига яқинлашди. Ғазабини яшира олмай, у билан Раънохоннинг бошига урди.
– Мана, мана, – деб қайта-қайта Раънохонни скаворотка билан урар эди. Бир амаллаб у қайнонасининг қўлидан скавороткани тортиб олди. Кўз олди қорайиб, ошхона бурчагига йиқилди. Раънохон ўзини қўлига олди, аввал хўрлиги келиб йиғламоқчи бўлди, лекин оғриқ зарбидан кўзидан ёш ҳам чиқмади. Латтани хўллаб пешонасига босди. Сўнг хонасига кириб, ухлаётган қизчасини кийнтирди-да, уни олиб уйдан чиқиб кетди. Мавлуда опага қанчалар алам қилган эди ўшанда. Эри бир-икки марта Раънохон билан болани кўргани келиб, кўчадан нари кетди. Уларнинг орқасидан олима қайнона ҳам, олим қуда ота ҳам бошқа келмади. Ҳатто болани ҳам бирор марта бўлса ҳам йўқлаб қўйиш ҳеч кимнниг хаёлига ҳам келмади.
Қорағунон дарёси қош қорайиши билан янада қаттиқ шовуллай бошлайди. Унинг шовуллаши олис-олислардан эшитилиб туради. Дарёнинг қаттиқ оқадиган, сув ости харсангларига урилиб, янада шиддатлироқ кўринадиган қисми энига тор бўлиб, худди шу ерда кўприк қурилган. Сув кўпайган баҳор палласида уни йил ора дарё ювиб кетади. Яна одамлар кўприк қурадилар, у яна оқиб кетади. Шу тариқа такрорланаверади. Қишлоқ болалари шу кўприкдан ўзларини сувга отиб, чўмиладилар. Улар бемалол дарёнинг у ёғидан бу ёғига сузиб ўтишиб ўзларининг маҳоратларини намойиш қиладилар. Отабек эса кўприкдан сувга сакрай олмайди, у негадир қаттиқ қўрқади. Уларнинг хавфлиси худди шу кўприк ёнида бўлиб, пастқам дарё қирғоғидаги чакалакзорлар ўша ўтган асрнинг 30-йилларида бобоси Мир Усмон Юсуфхожи болаларини олиб, Қатағон бўлишдан қўрқиб, шу ерларга қочиб келгач, уй солган эди. Замонлар анча тинчигач, бошқа болаларига ҳам шу Ёвкессак қишлоғидан уй солиб, уларни уйлаб жойлаган эди. Дарё бўйидаги ҳовли жойни ўғли Ёқубжонга қолдирган. Отабек шу дарё бўйида туғилган. Она овозидан ҳам олдин эшитган биринчи сас, шу дарё шовуллаши бўлса ажаб эмас.
Она дарё. У ҳамиша тушларига киргани кирган. Тушида сув кўрса, ёруғлик бўлади дейдилар. Болалигида кўприкдан ташлаб, болаларга ўхшаб, нариги қирғоққа сузиб ўтишга қўрқар эди. Ўшанда у ҳам бир ўзини кўрсатиб қўймоқчи бўлди. Кўприкдан нариги қирғоққа ўтдида, секин сувга тушиб, болалар турган қирғоққа сузиб ўтмоқчи бўлди. Сув кўпайиб кетган эканми, сузишга улгуролмай қолди. Асов дарё уни оқизиб кетди. Томоша қилиб турган болалар дарё соҳили бўйлаб чопиб, “оқизди, Отабек оқиб кетяпти!” деб бақиришарди. Қўрқиб кетишганидан болалар нима қилишларини билишмасди. У билан биргаликда оқиб кетганлардан бири қўшниси Анорбой бўлиб, у эгилиб турган тол шохига сакради. Қўллари билан маҳкам ёпишди, соҳилдаги болалар уни тортиб олишди. Отабек эса ҳамон оқиб борарди. У сув остига кириб бир кўринмай қолар, яна сув бетига чиқиб кўриниб қоларди. Болалар дарё соҳили бўйлаб унинг ортидан чопиб боришарди. Дарёнинг шовқинли қисми тугагач, пастроқда бурама из бўлиб, у ерни гирдоб дейишарди. Ўша ерда балиқлар кўп бўлгани учун шаҳардан келган овчилар ҳам қаттиқ қўрқишларининг боиси яқинда бир овчи балиқ тўрига ўралиб қолиб, чўкиб ўлган эди. Отабек ҳамон дарёда оқиб борарди. Сув остига кирганда сув ютар, тиниқ бўлгани учун кўзларини катта очиб, сув остида ҳолдан тойиб бораётганини ўзи ҳам сезиб турарди. Сузишга, ўзини ўнглаб олишга ҳаракат қиларди, лекин тез оқаётган дарёда бунинг иложи йўқ эди. У сўнгги кучини йиғиб “дод” солмоқчи бўлди. Аммо оғзи бурнидан кираётган сув уни аллақачон ҳолдан тойдириб қўйган эди. Инсон сўнгги мадори қолгунча яшашга интиларкан. Шу пайт ўнг оёғининг панжалари юмшорқ нарсага теккандек бўлди. У иккинчи марта типирчилаб оёғи билан тепган эди, ҳалиги юмшоқ нарса яна ҳам тепароқда туйилди. Учинчи мартасида уни қандайдир куч сувнинг юзига олиб чиқди ва мувозанатини тиклаб олди, сузиб қирғоққа чиқди. Уни қандайдир мўъжиза омон қолишига сабаб бўлди. Болаларга бу воқеани сўзлаб бераркан, улар ҳаяжон билан бўлиб уни эшитмадилар ҳам, эътибор ҳам бермадилар. Бўлган воқеани онаси Эътиборхон аяга айтиб беришди.
– Оҳ, болам, сени Худо сақлаб қолибди, болам, – дея йиғлар экан Эътиборхон ая, – мен сизларга дарёга борманглар, деб айтардим-ку. Отангга ҳам кўп марта айтганман, дарёдан узоқроқ ерга уй солайлик деб. Отамдан қолган деб, кўнмади. Қайнотам раҳматли ҳам бизга ажратилган уйни дарё яқинидан қуриб берган эди. Ҳозир зах бўлиб ётибди. Сен ҳам шу уйда туғилгансан. Яна у киши бизга васият қилган, келинлардан қай бири мен ўтганимдан кейин ўғил туғса, Отабек деб ном қўйинглар, менинг давомчим бўлади, деган. Худо сақлади, болам, отангга айтмай қўяқолайлик, бўлмаса, бизни қаттиқ койийди-я...
Ҳа, ўшандан буён қанча сувлар оқиб ўтди, қанча йиллар ортда қолди. Отабекнинг тақдирида ўша воқеа ўчмас из қолдирди. Ҳамон такрор-такрор тушларига Қорағунон киради. Уни сувда оқизиб кетади. Қора тойчоқнинг бўйнини қучоқлаганича у дарёдан сузиб ўтармиш...
***
Ҳаёт ва умрнинг ўзи дарёга, асов дарёга ўхшайди. У бизнинг ихтиёримиздан ташқарида оқаверади. Гоҳ у юксак марралар сари етаклайди, гоҳ бўшатилгач жамғарма раиси сифатида иш бошлаган Отабек бир неча марта телевидение раҳбариятига мурожаат қилди. У мухбирлигини давом эттиришни истарди. Аммо негадир унга эътибор кам бўлди. Аниқ жавоб ололмагач, бор кучини жамғармани янада юксалтириш, ёрдамга муҳтож одамларга саховат кўрсатишни янада кўпайтиришга бағишлади. Энди у аввалгидек президент ёрдамчиси, машҳур журналист ва жонкуяр инсон сифатида эмас, оддий жамғарма раиси сифатида фаолият юргиза бошлади. Энди олдингидек ишлар ўз-ўзидан юрмас, ўн-юз чандон кўпроқ ишлашга тўғри келар, натижа эса олдинги даражада эмасди. Олдингидек телевизорда унинг кўрсатувлари намойиш этилмаса, матбуот нашрларида бир-икки мақола билан иш битмаслиги аниқ бўлиб қолди. Аммо тез фурсатда жамғарма салоҳиятини анча баландга кўтарди. Барча вилоятларда, катта шаҳарларда бўлимлар очди. Чет элларда ҳам жамғарманинг ваколатхоналари очилди.
Телевидениеда кўп йиллар ижод қилган, эл орасида танилган одамларнинг экранда кўринмай қолиши турли-туман миш-мишларга мавзу бўларкан. Отабек ҳақида ҳам ана шундай гаплар урчиди, кўпайди. “Эшитдиларми, уни ўлдириб кетишганмиш, жамғарманинг маблағини еб қўйиб, қамалиб кетганмиш, катталар билан келишмай қолиб, чет элга қочиб кетганмиш”деган гаплар болалади.
Отабек уларга эътибор бермади. Кейинчалик бундай миш-мишлар жамғарма обрўсига путур етказа бошлади. Шундан сўнг уни телевиденияга бутунлай таклиф қилишмай қўйишди. Доимгидек унинг ҳамкасбларига Худо берди. “Сулаймон ўлди, девлар қутулди”.Гуё Отабек кўрсатув олиб бормаса, экран уларга бўшаб қоладигандек. Шундай кунларда уни жамғарма раиси сифатида Наврўз байрамига тайёргарлик кўриш, жамғарма режалари юзасидан радиога суҳбатга таклиф қилиб қолишди. У бунга бажонидил рози бўлди. Суҳбатни ёзиб олишгач, эшиттириш муҳаррирлари билан савол-жавоб бўлаётган эди, хонада икки нафар қизлар ҳам бор эди. Улардан бири нигоҳи назарида танишдек туюлди.
– Исмингиз нима, синглим! Сиз ҳам шу ерда ишлайсизми?,- сўради Отабек.
– Йўқ, – деди ҳалиги қиз, – бу ерда ишламайман. Сухандонлар танловида қатнашгандим. Ғолиб бўлдим, аммо бир йил шу ерда ишлаб, тайёргарлик кўрасизлар, дейишяпти.
– Яхши, мен ҳам кўп йиллар муқаддам телевиденияда сухандонлик кўрик танловида қатнашганман, – деди Отабек. – Қизиқишим яхши!
– Сиз ҳам ғолиб бўлиб, ишга олинганмисиз?
– Йўқ, мен йиқилганман, сухандонликнинг талаби рус ва ўзбек тилларини мукаммал билиш лозим.
– Бизга ҳам шу талаб қўйилди. Менинг исмим Раъно, бу ерда бизга иш беришлари даргумонга ўхшайди.
– Маълумотингиз қандай? - сўради Отабек.
– Маълумотим олий. Рус тили ва адабиёти институтини тамомлаганман.
– Яхши-ку, синглим, – деди Отабек ўйланиб туриб, агар ишга кирмоқчи бўлсангиз, бизга келинг, сизга муносиб иш топиб бераман.
– Телевидениягами?
–Йўқ, мен ҳозир “Наврўз” хайрия жамғармасида ишлайман. Бизда ҳам ижодий ишлар кўп, – деди Отабек хайрлашиб чиқиб кетаркан. Орадан бир неча ой ўтгач, Раъно жамғарма идорасига кириб келди. Жамғармага олий маълумотли ташкилотчи жуда зарур эди.
– Келинг, синглим, – деди Отабек у билан суҳбатлашаркан, – Бизда айнан сизга ўхшаган олий маълумотли кадрлар керак. Сизни ташкилотчи лавозимига оламиз. Ижодий иш. Ҳаммаси ўзингизга боғлиқ. Маошимиз ҳам эл қатори.
– Эплай олармиканман?!, – деди ийманиб Раънохон.
– Албатта, эплайсиз, – котибамиз Лолахон сизга ёрдам беради.
Раънохон раис хонасининг кираверишида турарди. Отабек унга назар ташлади. Унинг ўрта бўй, кўзлари қора, атлас кўйлаги жуссасига ёпишиб турган хушбичим қиз эканлиги кўриниб турарди. Бунинг устига радио-телевидениедан хабари бор. Тадбирларимиз боп кўҳлигина қиз экан, дея хаёлидан ўтказди Отабек. Унинг вазифаси жамғарманинг тадбирлари “Наврўз” ва “Мустақиллик” байрамлари куни ўтказилиб, турли кўрик-танловлар, ногиронлар, болалар ва меҳрибонлик уйларида турли-туман тадбирларни ташкил этиш, маросимларда иштирок этиш кабилардан иборат эди. Бу ишларни асосан Отабек ташкил этар ва олиб борарди. Албатта, бундай давракашлик ёш йигит-қизларга ярашади. Раънохон ишга берилиб киришди. Ўзини тез кунларда кўрсата олди. У белгиланган режаларни сидқидилдан бажарар, барча ишларга ижодий ёндашарди. Янги келган ходима бўлишига қарамай, Раънохон жамғарма фаолиятига тез мослашиб кетди. Масъул котиб Илҳомжон Фозилов негадир Раънохоннинг келишини ёқтирмадими, у мажлисларда Раънохонни кўп танқид қилар, унинг ишларидан нуқсон топиб, тез-тез раисга етказиб турарди. Жамғармага негадир аҳоли ва фуқаролар томонидан хайрия маблағлари тушмай қўйди. Шу боис, концертлар, кўргазмалар ташкил этилиши, турли тадбир орқали маблағ топиш режалари қайтадан ишлаб чиқилди. Телевидение орқали “Ким топди?” хайрия лотарея ўйини ташкил этилди. Негадир чипталарини тарқатиш ҳам жуда оғир кечди, ўша кунларда. Шу боис Отабек ҳар бир ходимнинг зиммасига маълум миқдорда чипталарни тарқатиш вазифасини юклади. Ой якунига кўра, белгиланган режалар бажарилмади. Аммо Раънохон ҳаммадан кўп бу ишларни уддалашга эришди. Мажлис пайтида Отабек Раънохонни барчага ибрат тариқасида гапирди ва унга бир ойлик маош миқдорида мукофот пули ажратилганлигини эълон қилди. Маълум бўлишича Раънохоннинг онаси Мавлуда опа Бектемир тумани маориф бўлимида ишлагани боис навбатдаги “Ким топди?” кўрсатувининг ҳомийлари ўқитувчи ва мураббийлар бўлишди. Отабек ҳаётида аввал раҳбар лавозимларида ишламаганлиги боис ёки алоҳида ўрнак кўрсатган ишчиларни рағбатлантириш яхши натижалар беришини тушунди. Жамғарма фаолиятини ўз шахсий ишидек қилаётган Раънохон тез кунлар ичида масъул лавозимга ўтказилди. Маоши анча кўпайди. Албатта бу баъзи хизматчиларни таажжубга солиши аниқ эди.
– Энди ҳужжат ишларини Раънохон бажарадими,– сўради Илҳомжон. – У варақаларни тўлдиришда чалкашликларга йўл қўйибди.
– У янги келди, синзнинг тажрибангиз кўп, ўргатинг, – деди Отабек масъул котиб Илхомжон Собировга.
– Ўргатишга-ку, ўргатаман, лекин менга қулоқ солмай қўйди, ўртоқ бошлиқ, – деди Камолиддин ҳам.
– Мен жамғарма ташкил этилгандан буён хўжалик бўлими мудириман, маошим ўзингизга маълум. Ҳамма нарса Раънохонга бўлиб кетмасинда.
– Ия, нима деяётганингизни биласизми? Ўтган ой қайси ходим Раънохончалик ишлади, у ҳар якшанба куни ҳам ишга келди. Тадбирни зўр ўтказди. Қизил Ярим Ой жамиятидан раҳматнома олдик.
– Энди бизнинг ишимиз кўринмайдиган бўлиб қолди-да, – деди Камолиддин норозилик билдириб. Ахир мени ҳам икки болам бор, ижарада яшайман, бу маош билан нима қилиш мумкин.
– Унга ҳам эл қатори тўланяпти, фақат ой якунига кўра, тадбирлар режасида белгилангандек, у биринчи ўринни олди. Ана профком, Наримон акадан сўранг, у киши тавсия қилди-ку буни.
– Нега энди масжлисда жим ўтирдинглар, – деди касаба қўмитаси раиси Наримон Орифжонов, – энди гапирасизларми? Сизлар ҳам ишланглар! Раънохоннинг ҳам оиласи, ёш боласи бор. Шунга қарамай ҳаракат қиляпти-ку?!
– Уни оиласи нима қилади, – деди Илҳомжон, ажрашиб кетганку. Ишлашга вақти бўлади-да.
— Унинг оиласи билан нима ишингиз бор, бу унинг шахсий иши, ғийбат қилиш яхши эмас. Оиласи, битта қизчаси борлигини айтган. Шахсий варақасида ҳам шундай ёзилган. Ишингизни қилинг! Камолиддин сиз доим норозисиз. Ундан кўра, хоналарни тартибга келтириш лозим. Кўчиб келганимизга ярим йил бўляпти. Баъзи ходимларимизнинг ўтиришга жойи йўқ.
— Раънохон ҳеч нарсага эътибор бермай аввалгидан ҳам яхшироқ ишлар, ўз вазифаларини бекаму кўст бажарарди. У ташкилий ишларга қобилиятли эди. Тадбирларни ўта дид билан ташкил этарди. Жамғарма яна аввалгидек мавқеини тиклай бошлади. Отабекнинг эса бундан ҳам кўнгли тўлмас, у ижодий ишларини қўмсар, куни бўйи телевидениега бориб, ҳамкасблари билан ижодий режалар тузарди. Душанба куни эрталабдан Отабек учун фуқароларни қабул қилиш куни қилиб белгиланган эди. Бош ҳисобчи Саидғаффор ота Жабборов хонага кириб келдилар.
– Отабек, – деди у, – аризалар тўпланиб қолибди. Бир кўриб чиқсак, яхши бўларди. Кейинги пайтда ёрдам сўраб қилинган аризалар кўпайиб кетди.
– Вилоятлардан келган аризалар-чи,- сўради Отабек.
– Йўқ, бу аризалар Тошкент шаҳридан тушган. Бу Мирзакатта Хурсандовичингиз фуқароларнинг аризалари юзасидан эътиборни камайтириб юборган. Шу боис ҳамма Марказий девонхонага келишяпти. Буни эшитган Отабек дарҳол телефон гўшагини кўтариб, Мирзакатта Хурсандовичга сим қоқди.
– Ассалому алайкум!
– Ваалейкум ассалом! Лаббай раис бобо, сизни эшитаман, – телефон орқали жавоб қайтарди Мирзакатта Хурсандович.
– Тошкентдан аризалар жуда кўпайиб кетибди, кўриб чиқсангиз. Яхшиси идорага бирорта ходимингизни жўнатсангиз. Фуқаролардан келган аризаларни бериб юборамиз. Зудлик билан ёрдам ташкил этмасангиз бўлмайди.
– Яхши, албатта. Аммо ўртоқ раис, тўғри тушунинг! Бу фуқаролар боқимандаликка ўрганиб қолишди. Улар гадодек жамғармаларни кезиб, ёрдам сўраб юришади. Масалан, Солиева дегани биздан минг сўм олган эди, кейин яна “Маҳалла” жамғармасига борибди. У ердан ёрдам ололмагач, яна менга келди. Минг сўм билан ишим битмайди, дейди.
– Ҳокимият, маҳалла қўмиталарининг тавсияси борми?- сўради Отабек.
– Борликка бор....аммо, – деди чайналиб Мирзакатта Хурсандов, –улар ҳам аризачини ўзидан нари қилиш учун ёзиб бераверади-да.
– Майли, у ёғи билан ишингиз бўлмасин. Сиз аризаларни чуқур ўрганиб, энг муҳтожларининг талабларини қондиринг!
– Яхши. Аммо мен Чустий номли маҳаллада “Наврўз” байрамини ўтказишим лозим. Шунинг учун маблағларни тежаяпман. 19 март кунига сизларга таклифнома юбордим, албатта келинглар! Сизни алоҳида айтяпман, вақтини белгилаб қўйсангиз! “Умр” деган шеърингиз бор-у, ўшани ўқийсиз, бир мириқиб эшитамиз, – деди Мирзакатта Хурсандов.
– Раҳмат,унда қатнашамиз,–деди Отабек жиддийлашиб, – Чустий маҳалласи ўзингизники, сиз у ерда ҳам ишлайсиз шекилли?Аммо Тошкент катта шаҳар, бошқа туман, бошқа маҳаллаларнинг илтимосини ҳам инобатга олиш лозим. Янги йил байрамини ҳам “Чустий” маҳалласида ўтказгандингиз.
Отабек телефон гўшагини қўйган эди ҳамки хонага Раънохон отилиб кирди.
– Узр, Солиева фамилияли аёл раисга кираман деб тўполон қиляпти, шунга... – деди Раънохон ҳаяжон билан, – кирсинми?
– Ҳа, кирсин! – деди Отабек. Сиз ҳам аризаларни,жамғармага келган хатларни менга олиб киринг!
– Ўзи Мирзакаттангиз, жамғармани отасининг чорбоғи қилиб олди. У “Чустий” маҳалласининг раиси бўлиб олган. Турмуш ўртоғи Мўътабар Хурсандова хотин-қизлар ишлари бўйича ўринбосар, роса маҳаллани гуллатишяпти-да, – деди Саидғаффор ота. Янги йил байрами, Наврўз бўлди дегунча, болалар ижодиёт марказида тадбирлар ўтказади. Жамғарманинг анча маблағларини исроф қиляпти.
– Ҳамкорлик яхши-ку, қайтага яхши эмасми? – деди Отабек, – тўғри,болалар ижодиётига ҳам ҳомийлар керак.
–Тўғрику-я, – деди чайналиб Саидғаффор ака, – аммо у жамғармани отасининг чорбоғи қилиб олди. Болалар ижодиёт маркази раҳбари, у кишининг турмуш ўртоғи Муътабархон. Яқинда ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги қарорингизни ҳам ўзига мослаштириб олибди. “Саховат” корхонасини ҳам шаҳар тасарруфига ўтказиб берган эдик, Дилшодхон Алиев билан тил бириктириб, корхонага анча маблағ ўтказибди. Фақат харажат, фойда кўринмайди. Қизи Сайёрахон номига “Хурсандёр сервис” фирмасини очиб, фоизсиз кредит ўтказиб бериш тўғрисида лойиҳа олиб келди. Мен имзо чекмадим. Қандай қилиб маблағ ўтказган, буни билмадим. Менинг фикрим Отабекжон, бўлимларга қарор берсангиз! Ҳар хил тадбирлару дастурхонлар ёзиш ўрнига, муҳтожларга аниқ манзилли ёрдам берсак, савоби каттароқ бўлармиди? Умуман фақат биз эмас, бошқа жамғармалар ҳам исрофгарчиликка чек қўйишса, халққа ҳам ҳақиқий ёрдам бўлар эди. Нима дейсиз?!
Шу пайт улар ўтирган хонага ёши элликдан ошиб қолган аёл отилиб кирди. Гап ҳам бўлинди. Унинг ортидан қўлида ҳужжатларни олиб, Раънохон кириб келди. Отабек уларни қарши олди. Саидғаффор ака ҳам қолган гапи оғзида қолиб, ўрнидан турди.
– Келинг, онахон,- деди Отабек аёл билан саломлашаркан.
– Мен сизни учратолмай юргандим, Худога шукур шу ерда экансиз, – деди аёл ҳаллослаб – Мен ариза билан мурожаат қилганман.
– Раънохон, бу опанинг аризаси қани?, – сўради Отабек.
– Мана, марҳамат! Ўн беш кундан ошди, ҳал қилиш рўйхатига тиркаб қўйганман. Ёлғиз, бева, кам таъминланган оила эканлиги тўғрисида маҳалла қўмитаси ҳужжат қилиб, ёрдам беришимизни сўраб, тавсиянома ҳам берибди.
Раънохон яна қўшимча қилди: Онахон ҳозир яна бир ҳужжат олиб келибдилар. Бу ҳужжат Республика хотин-қизлар қўмитасидан экан. Дилбар Ғуломованинг шахсан ўзлари имзолаган.
Раънохон ҳужжатларни столга олиб келиб қўйди. Ҳали чиқиб кетмаган Саидғаффор ака бир нима демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган эдики, онахон унинг сўзларини бўлди:
– Отабек, ука, – деди аёл кўзларига ёш олиб. Мен ҳужжатларни тайёрлаб, шу отахонга келиб учрагандим. Сизлар шаҳарга қарайсизлар деб, мени хат билан Мирзакатта акага юбордилар. Ўғлим, 14 ёшга кирган бўлсаям, ҳеч касалдан чиқмайди. Ёрдам сўрагандим, минг сўм бериб чиқариб юбордилар. Ахир минг сўм унинг битта дорисига ҳам етмайди-ку?!.
– Мен шаҳар бўлимига, ўрганиб чиқиб аниқ амалий ёрдам беришини тайинлаган эдим, деди каловланиб Саидғаффор ака.
– Отабек, ука, биз сизни телевизорда кўрганмиз, яхши таниймиз. Ҳавас қиламиз, қани энди ўғлимиз ҳам шундай одам бўлса, деб. Сиздан илтимос, менга ёрдам беринг. Хотин-қизлар қўмитаси ўғлимнинг Туркияга бориб даволаниб келиши учун йўлланма берди. Мен уни ёлғиз жўната олмайман. Унга ёрдам керак. Ким унинг еган-ичганидан хабар олади? Биттаю битта фарзанд бўлса?! Мен бирга боришим, у ерда бирга бўлишим учун 30 минг сўм атрофида маблағ керак. Боримни сотиб, маблағ жамладим, камлик қиляпти. Худо хайрингизни берсин, мартабангиз бундан-да улуғ бўлсин, менга ёрдам беринг!
– Саидғаффор ота, – деди Отабек, – бу опага албатта, ёрдам бериш керак. Хазинада маблағлар қандай?
– Бор, бор! Хизматчиларнинг бир йиллик маошлари миқдоридаги маблағларимиз заҳирада турибди, – деди Саидғаффор ота.
– Майли маошни бир амаллармиз. Раънохон буйруқ тайёрланг. Онахоннинг Туркияга бориб келиши учун “Аэропорт”га чиптага бугуноқ буюртма беринг! Қолган маблағларни даволаш муддати қанча бўлса, шунчага тақсимланг!
Хонадан аёл хурсанд ҳолда миннатдорлик билдириб чиқди. Ўша куни Саидғаффор ака Раънохон билан бирга фуқароларни қабул қилишди. Ёрдам сўраб келганларнин гкўпчилиги ёлғиз, қария ва ногиронлар бўлиб, қолганлари кўпфарзандли оналар эди. Уларнинг моддий томондан қийналиб қолганлигини далилловчи ҳужжат ва аризалар мавжуд эди. Вилоятдан келган фуқароларга жамғарма хазинасидан ёрдам пуллари ажратилиб, расмийлаштирилди. Аниқ амалий ёрдамлар ҳақида буйруқлар тайёрланиб, вилоят ва шаҳар бўлимларига юборилди. Ҳужжатлар тайёр бўлгач Раънохон уларни имзолашга олиб кирди. Отабек барча буйруқларга имзо чекди ва кўнгли хотиржам бўлди.
– Раънохон, – деди Отабек унинг чиқиб кетаётганида, – мен бировларнинг оилавий ишларига аралашмайман, бунга ҳаққим ҳам йўқ. Аммо сиз оилали, бир қизчангиз борлигини менга айтган эдингиз, шундайми?
– Ҳа, шундай. Қизчам 2 ёшга киряпти. Нима эди? – сўради Раънохон.– Энди унга ойимлар ҳам қараяптилар.
– Қайнонангиз-чи?
– Қайнонам зиёли, олима аёл. Илмий ишлари билан бандлар, – деди Раънохон кўзларида ёш жилваланиб.
– Биз Саидғаффор ака билан бирга бориб, оилангиз билан яраштириб қўймоқчимиз. Аразлаб кетиб қолган экансиз,– деди Отабек. Қайнаонангиз билан яхши танишмиз. Тўти Ғайбуллаевна, кўзга кўринган обрўли аёллардан. Хотин-қизлар қўмитасининг аъзоси. Сиз турмуш ўртоғингиз билан учрашинг, кечирим сўранг!Икки ёш келишиб олинглар, қолганини Саидғаффор ака гаплашади. Ахир, болангиз бор, уят бўлади, синглим!
– Қайдам, яхши бўлармикин? – деди Раънохон. – Мен оилавий масаламни ишхонада билишларини истамасдим. Котибангиз Лолахонга айтиб қўйгандим. Мана, сизга ҳам маълум бўлибди.
– Ҳаммаси яхши бўлади, – деди Отабек Раънохоннинг кўнглини кўтариб. Отабек иложи борича бу меҳнаткаш, изланувчан қизга яхшилик қилгиси келарди. Унинг онасининг ногиронлигини, яна икки нафар вояга етмаган укаси билан бир амаллаб кун кўраётганлигини ҳам биларди. Аммо ёш аёлдаги фазилатлар, саранжом-саришталик, тиришқоқлик, интилиш, ўзига хос гўзаллик ва ёқимтойлик унга ёқарди. Бир куни “Раънохон каби эпчилроқ бўлсаларингчи”, деб ошхонада дастурхон солаётган ўз қизларига танбеҳ берганида негадир турмуш ўртоғи, Ферузабонунинг жаҳли чиққан эди.
Шундай кунларнинг бирида ишхонага келган Отабек Раънохоннинг келмаганига ҳайрон бўлди. Котиба қиз ҳам қабулхонада шумшайиб ўтирар, бошқа ходимлар кўринмасди.
– Раънохон қани, – сўради Отабек ва бошқа хоналарга ҳам бош суқиб қаради. – Илҳомжон ҳам, Камолиддин ҳам йўқ. Саидғаффор ака одатдагидек банкка кетган бўлса керак, а?
– Ҳа, Саидғаффор ака банкка кетди. Камолиддин билан Илҳомжон Ферузабону келинойини кузатгани чиқишди, – деди Лолахон кўнгилсиз воқеалардан бехабар раисга воқеани сўзларкан.
– Келин аянгиз нега келибди?
– Нега бўларди, – деди Лолахон. – Раънохон билан уришдилар. Бир баланд бўйли қайнисинглингиз бор экан, Раънохонни роса дўппослади.
– Нега, Раънохон нима иш қилибдики, улар билан жанжаллашади. Ахир уйдагиларим уни танишмайди-ку.
– Кимдир келинойимга “Раънохон билан Отабек ака юради” деб телефон қилибди. Келинойимнинг жахли чиқибди. Раънохон “бўлмаган гап, менга туҳмат қиляпсизлар, мен оилали аёлман”, деганига қарамай қайнисинглингиз дўппослай кетди. Раънохон уларнинг қўлидан чиқиб, зўрға қочиб қолди. Келинойим анча вақт сизни кутди. Илҳомжон ва Камолиддин ака уларни тинчитиб, Қудратнинг машинасига чиқариб, жўнатиб юборишди. Ўзлари Раънохондан хабар олгани кетишди. Ўзингиз ҳам кейинги пайтлар Раънохонга меҳрибон бўлиб қолдингиз-да.
– Йўғ-е? Мен ҳаммангизни бир кўз билан кўраман. Бошқалар билмаса ҳам, сиз яхши биласиз-ку!
– Мен-ку биламан, аммо Раънохон бошқаларни менсимайди. Фақат сизга ўзини ишлаётган қилиб кўрсатади.
– Тўғрисини айтинг! Энди мени ҳам айбламоқчимисизлар? Ўзи аёлларни ишга олмаслик керак экан. Энди ходим керак бўлса, фақат йигитларни ишга оламиз. Ундай десам, ҳақиқатни айтинг! Раънохон икки-уч ташкилотчи йигитнинг ишини бир ўзи бажаряпти-ку, ёлғонми?Бунинг устига, ҳужжатларни тайёрлашни ҳам дўндираётган ўша. Кейинги пайтда ходимга ёлчидим, деб юрувдим. Бу ғийбат кимга керак экан, ҳайронман?
– Билмадим, – деди Лолахон, – қайнонаси Тўти Ғайбуллаевна ҳам бир неча марта телефон қилиб, сизни сўраган эди. Келинойим уни ишдан ҳам ҳайдатаман, деб кетдилар.
Отабекнинг дили хуфтон бўлди. Лолахон чой дамлаб хонага олиб кирди. Отабек, нафасини ростлаб, энди чойни пиёлага қуйган эдики, уйдан хотини телефон қилиб қолди. Отабек телефон гўшагини маҳкам тутганча шундай деди:
– Эшитаман, - жаҳлини билдирмасликка ҳаракат қилди у .
– Қаерларда юрибсиз, – деди Ферузабону, – кўрдим ўша мақтайдиган ходимангизни. Юзи қурсин, қаёқдагиларни ишга оласиз. У қайнонасини дўппослаб, ҳайдалиб кетган саёқ хотин экан.
– Нималар деяпсиз, мени шарманда қилиб кетибсизку, – деди Отабек норози оҳангда, ахир у ҳали ёш бўлса...
– Ёш бўлса ҳам балонинг ўқи экан. Синглим унга кўрсатиб қўйди.
– Ферузабону, менинг ҳам, Раънохоннинг ҳам ҳеч қандай айби йўқ. Билиб қўйинг, судга берса ёмон бўлади менга ҳам, сизга ҳам...
– Сиз мени қўрқитманг,-деди Ферузабону овозини баландлатиб, – ишхонангиздагилар ҳам уни яхши дейишмади. Қайнонаси – Тўти Ғайбуллаевна уйимизга телефон қилиб, унинг кимлигини айтиб берди.
– Телефонимизни қаердан топибди. Қайнонасининг сиз билан сирлашишдан бирор мақсади бўлса керак, – деди Отабек норози бўлиб, – баъзан ўйламай ҳар хил ишларни қилиб қўясиз. Мен энди емаган сомсага пул тўлайман шекилли.
– Мен ҳеч нарсани билмайман. Уни ишдан ҳайдайсиз, вассалом! Бўлмаса ўзингиз ҳам уйга келмай қўяверинг, – деди-да телефонни узиб қўйди хотини.
Отабекнинг кўнгли ғаш бўлди. Ўзи Раънохон ишга бир ҳафтадан бери келмаётганди. У котибага унинг уйига қўнғироқ қилиб вазиятни билишни, тугатилмаган ҳужжатларни у билан келишган ҳолда тартибга келтиришни топширди. Мустақиллик байрамига бағишлаб Туркистон саройининг ёзги биносида “Ватан ягонадир...” деб номланган хайрия кечасининг ташкилий ишлари ҳам Раънохонга юклатилганди. Режага кўра, кечани Отабек ва Раънохон олиб боришлари келишилиб, иккиси анча тайёргарлик кўришлари лозим эди. Ушбу тадбирда янги қўшиқлар танлови, миллий либослар кўргазмаси каби ижодий жараёнларни ташкил этиш, қатнашувчиларни таклиф қилиш каби ишлар белгиланган эди.
“Ўзбекнаво” эстрада ишлаб чиқариш бирлашмасидан, бетакрор ва бадиий раҳбар Анор Назаров, енгил саноат бирлашмасидан Муқаддас Алиева, “Совпластдеталь” қўшма корхонасидан Мелкумов раҳбарлигида ҳомийлик тадбирлари кенг-кўламда ташкил этилиб, телевидение орқали кўрсатилиши белгиланганди. Отабек бор имкониятларни ишга солди. Тадбирни бир ўзи олиб борди. Кўпдан бери кўрсатувлар ташкил этмагани учун анча қийналди. Кўрсатув ўртамиёна бўлганлиги боис, телевидения раҳбарияти талабни ошириб юборди. Ўша пайтда раис ўринбосари лавозимига Марказий телевидениянинг “Время” мухбири Шаҳноза Ғаниева тайинланган бўлиб, у кўрсатувни телевидения дастурида намойиш этиладиган кун олиб ташлади. Ўрнига ҳужжатли фильм намойиш этилди. Аммо тадбир томошабинларнинг ҳам, иштирокчи меҳмонларнинг ҳам ёдида қолди. Жамғарма заҳирасига анча маблағ келиб тушди. Отабек барча ижодкорларга хос фазилат – таъбирига ишонадиган одатга эга эди. Балки “Раънохонни хафа қилганимиз, ноҳақдан унинг дилини оғритганимиз учун шундай бўлгандир”деб ҳам ўйлади. Лекин Шаҳноза Ғаниеванинг мухбирлик пайтида ҳайдовчи бўлиб ишлаган чироқ устаси Дилшодхон Алиевнинг “каромати” эканлигини кейин англади. Чунки у Мирзакатта Хурсандов билан бирга “Саховат” фирмасини юргизаётган эди. У билан оддий чироқ устаси бўлиб ишлаётган пайтида, телемарказда дўстлашиб қолган эди, жамғарма ташкил этилгач, уни ўзи билан янги ишхонага олиб келиб, бўлим бошлиғи лавозимига ишга қўйган эди.
Маълум бўлишича, Раънохон оғир зўриқиш натижасида касалхонага тушган экан. Отабекнинг хавотири ошди. Келинойиси билан жанжал қилишганида бирор жойи лат еган бўлса-чи, энди нима бўлади, -деган хаёл унинг ўйида чарх урарди.
– Раънохон тузук эканми?,- сўради котибадан Отабек.
– Уйларига қўнғироқ қилгандим, – деди Лолахон, – Онаси ҳам оғир бетоб экан. Бироз ўзимга келсам, Отабек ака билан ўзим бориб гаплашиб келаман,- деди онаси Мавлудахон ая. Ёлғиз, орқасида одам йўқ деб дуч келган одам менинг қизимни хўрлайверадими? Мен уларни қандай қилиб катта қилганим ўзимга аён. Отабекни телевизорда кўриб, ҳавас қилардим. Бу иш жуда ошиб тушди, деб Раънохоннинг онаси жуда хафа бўлди, сиздан.
“Яхши иш бўлмади”, ўйларди Отабек. Энди гап-сўз кўпаяди, ишнинг юришмагани шу бўлса керак. У юрганда-турганида шуларни ўйлайдиган бўлиб қолди. У Раънохонга ўрганиб қолган эканми, унинг қайтиб келишини жуда-жуда истарди. Аммо хотинининг талабини бажармаса, яна жанжал давом этаверади. Ишдан сўнг, ҳайдовчига бозордан майда-чуйда, бемор учун керак бўладиган, сара мевалардан олиб келишни илтимос қилди.Тушдан кейин Раънохон ётган касалхонага борди. У ётган хонада ёши олтмишлардан ошган яна бир онахон даволанаётган экан. У ҳам Отабекни кўриб дарров таниди. Ҳамшира чопиб келиб, Отабек билан саломлашди ва унинг елкасига оппоқ халатни ташлади.
– Ассалому алайкум, тузукмисизлар?,- Отабек палатага киргач қўлидаги нарсаларни стол устига қўяркан, онахонга қараб деди. Сиз ҳам яхшимисиз, онахон!.
– Раҳмат болам! Сизни анчадан буён телевизорда кўрмаяпман. Ҳаётда учрашаман деб ўйламагандим. Раънохон анча яхши, бу ерда биз сиз ҳақингизда кўп гаплашамиз. Раънохон кроват четида ўтирарди. Отабек стулни унга яқинроқ суриб қаршисига ўтирди. Улар бир-бирига қараб ўтиришаркан, онахоннинг гапи тугай демасди. Буни унинг ўзи ҳам сезди шекилли: “Вой, эсим қурсин, ҳамширага учрашишим керак эди-ку” дея ташқарига чиқди.
– Ажойиб онахон экан, – деди Отабек Раънохонга қараб, – Ўта самимий суҳбатлашар экан.
– Ҳа, жуда хушчақчақ аёл эканлар, – деди Раънохон кўзини пастга тикиб, уялганидан, – Сиз билан бирга ишлашимни эшитгандан бери, таништириб қўясиз, неварамни ўғил тўйига таклиф қиламан, дея бошимни қотиргани қотирган. Беш ёшга кирган невараси бор экан, ўғил тўйи қилишаркан. “Наврўз” телемарафони куни туғилган экан, исмини ҳам Отабек деб номлашган экан, сизга ҳавас қилишиб.
– Ўзингиз тузукмисиз?,- сўради Отабек. – Ўша куни ишхонада анча кўнгилсиз воқеалар бўлибди. Келинойингиз ўзи қизиққонроқ, кейинги пайтларда асабий бўлиб қолган. Иложи бўлса, унинг учун узр сўрайман.
– Нега сўрайсиз, – албатта ҳар қандай аёл ҳам рашқ қилиши мумкин. Энди ўзимга муносиб иш топган эдим. Мен ҳам фақат сиз билан ишлашни истайман, урсангиз ҳам кетмайман, деди ерга тикилганча Раънохон.
– Сизни ким ҳам кетгиза оларкан ишхонадан, – деди Отабек кулимсираб.
– Келинойимлар бир кун ҳам ишлатмайман, дедиларку. Менинг гапларимга қулоқ ҳам солмадилар. Мен барибир шу ерда ишлайман, ҳеч қаерга кетмайман, дегандим асабийлашиб кетдилар. Сингиллари ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, мени ура кетди.
Отабек кулиб қўйди. Хонага бемор онахон кириб келди. Отабекнинг касалхонага келганлигини эшитиб, навбатчи шифокор ҳам кирди. Залда Отабекнинг келганини эшитган бир гуруҳ беморлар уни кўриш учун залга йиғилиб олган эдилар. Доимгидек, Отабек одамларга ширин сўзини аямади, уларга шифо топишларини тилаб, Муҳаммад Юсуфнинг “Ўзбекнинг аёллари” деб номланган шеърини ўқиди.
Ухламайди тунлари, ой нурлари таралган.
Ўзбекнинг аёллари, фарзанд учун яралган...
Отабек ҳам, Раънохон ҳам вазиятни яхши тушунди. Улар кўз уруштиришиб хайрлашдилар. Унинг ортидан эргашган беморлар касалхона ҳовлисигача бориб, сўнг хайрлашдилар. Дарвоза ёнида жамғармада ташкилотчи бўлиб ишловчи Дилшод деган йигит касалхона кийимида турарди.
– Ие, Дилшод, сизга нима бўлди, укам! – деб сўради Отабек ҳайрон бўлиб.
– Бироз тобим қочиб қолди, – деди Дилшод соғлиғидан шикоят қилиб. Ишхонага хабар қилолмадим. Ошқозонимда яра бор экан. Раънохон билан ҳам кўришиб турибмиз. Уни кўргани келибсиз-да...
– Ҳа, деди Отабек, – сиз ҳам тузалиб қолинг. Омад ҳам, ташвиш ҳам баробар келаркан. Шу ишхонада ишлаб, сотиш учун ажратилган лотореянинг ўзингиз учун олиб қолган қисмига “Дамас” русумли автомобил ютиб олибсиз, деб эшитдим, шу ростми?
– Шундай бўлди, раис! Бир омадимиз келди-да,- деди Дилшод ерга қараб.
– Менга Мирзакатта акангиз айтдилар, – деди Отабек. Ҳа, ўз ходимларига омад келиб катта ютуқ чиқади-ю, у хурсанд бўлмайдими? Бунинг устига, у Новқат томонлардан келиб қолган, ижарага яшайди, яхши бўлди,- деб хаёлидан ўтказди у.
Тузалиб, аҳволи яхшиланган Раънохон яна ишга чиқди. У ўзини ҳеч нарса бўлмагандек тутарди. Олдингидан ҳам кўпроқ ҳаракат қилар, жон-дили билан ишларди. Аммо Отабекнинг хотини сўзида туриб олди. Жанжал ва майда гаплар кундан-кунга озайиш ўрнига, кўпайиб борарди. Отабек бўлса, Раънохоннинг яна азият чекишини истамасди. Хотин-қизлар қўмитаси ўринбосари Диловар Насимовна Отабекдан қизларингизни икки ҳафтага бизга юборсангиз, ҳисобот даври яқинлашяпти, фуқаролардан келган хатларни ўрганиб чиқиб, тартибга солишга кўмаклашиб юборишсин, деб сўраганди. Унга бу қўл келди, Раънохонни икки ҳафтага хотин-қизлар қўмитасига ёрдамга жўнатди. У ерда ҳам Раънохон эпчиллиги билан ўзини кўрсата олди. Қўмита раҳбариятининг миннатдорлик хатини олиб, икки ҳафтадан сўнг яна ишга қайтди.
– Яшанг Раънохон, – деди Отабек уни қарши оларкан. Яхши ишлабсиз, улар миннатдор бўлишди. Сиз билан бир нарсани маслаҳатлашмоқчи эдим. Мен Диловар Насимовна билан гаплашдим, хотин-қизлар қўмитасининг хатлар бўлимида сиз боп иш бор экан. Шу ерга йўлланма бермоқчиман. Нима дейсиз?
– Ҳал қилган бўлсангиз, нима ҳам дердим, у ерда бўлса, ишлайман, – деди қиз.
– Ўзингизга маълум, келинойингиз менга тинчлик бермай қўйди. Касалхонага борганимни ҳам эшитибди. Ўзингиз ҳеч кимга гапирмаганмидингиз?
– Ўша куни сизни Дилшод кўрган экан, – деди Раънохон, менга пичинг гаплар қилганди.
– Эркак киши ҳам хотинларга ўхшаб майда гап бўларканда, эсиз, – деди Отабек жаҳли чиқиб. – Сиз ҳам қуруқ туҳматга қолдингиз. Қайнонангиз Ферузабону билан учрашибди. Қандай мақсадда, ман билмадим.
– Айтганча, сиз куёв бола билан учрашдингизми?
– Учрашдим...
– Нима дейди, – сўради Отабек.
– Нима дерди, – деди Раънохон тушкун кайфиятда. Ўзинг кетгансан. Агар кетиб қолмаганингда ҳаммаси яхши бўларди, деди. Раисинг билан номинг чиқибди, сенга ўхшаганлар ёлғиз қолмайди, дарров кимнидир топиб олади, -деди менга ачитиб.
– Бу жанжал уларнинг қулоғига ҳам етиб борибди-да?
– Менимча бу машмашани қайнонам ўйлаб топганга ўхшайди. Менинг назаримда уларнинг мақсади яраштириш эмас, мендан бир амаллаб қутулиш, – деди Раънохон, – Сизни бадном қилиш учун нега бунчалик ҳаракат қилаётганлигини тушунмаяпман. Феруза келинойимлар ҳам қайнонамнинг ноғорасига ўйнаяпти шекилли. У кишига ҳам айтиб қўйсангиз яхши бўларди. Мен хотин-қизлар қўмитасига ўтиб ишлашга розиман.
Раънохон хотин-қизлар қўмитасига хатлар бўлимига ишга олинди. Ўн-ўн беш кун ўтгач хотин-қизлар қўмитаси томонидан жамғарма раҳбариятига йўлланган мактубларни кўтариб, жамғармага келди ва у ишидан мамнунлигини, ходимлар билан яхши ишлаётганлигини котибага айтиб, миннатдорлик билдириб кетди. Бўлимда Мирзакатта Хурсандовичнинг лоторея бўйича муовини Абдуваҳоб Абдуллаевнинг хотини Латофатхон билан бирга ишлар экан. Шу нарса Отабекнинг кўнглини бир оз ғаш қилди. Чунки айланиб, ўргилиб танишлар чиқаверса ҳам гап кўпаяверади. Бир куни Раънохон Отабекка қўнғироқ қилди. У имкон топиб Отабек билан учрашиши зарур бўлиб қолганлигини айтди. Иш вақти тугагач улар унча узоқ бўлмаган автобус бекатида учрашдилар. Раънохон эгнида кул рангдаги кастюм, оқ кофта, баланд пошнали эди, кийимлари ўзига ярашиб турарди. Унинг бўйни узун, жуссаси ихчам бўлганлигидан худди мактаб ўқувчи қизларидек кўринарди. У бироз ғамгин ва ташвишли бўлишига қарамай, Отабекнинг кўзига ўзига ром этувчи кино маликаларидек кўриниб кетди. Яширмаслик керакки, Отабек ҳам ёши анча улғайиб қолганига қарамай, ҳаяжонланар, ширин энтикиш уни ўз домига тортаётганга ўхшар эди. Раънохон ўзига яқин инсон, акаси ёки ишонган одами сифатида Отабекка интилаётганлигини сездириб қўйган эди.
– Яна келинойимлар....
Раънохон йиғлаб юборди. Бугун Феруза кенойим Роза опа деган дугонаси билан бизнинг ишхонага келдилар. Кейин раҳбаримиз Диловар Насимовна мени ўз хонасига чақиртирди ва “.....шу ростми”, деб сўрадилар.
– Сиз нима дедингиз, ахир Ферузабону сизнинг ишхонангизга нега борибди ўзи? Кимнинг устидан арз қилиб борибди? Иккимизнинг устимизданми?
– Ҳа, яна эски гап! Менинг сиз билан, сизнинг оилангиз билан нима ишим бор. Ўтган гап ўтди-кетди. Мен ишлашим керак. Бу ёқда онам бетоб,кеча яна касалхонага тушиб қолдилар. Нима қилишимни ҳам билмай қолдим.
– Нима бўлди, – сўради Отабек. Бирор ёрдам керакдир?
Раънохоннинг кўзлари жиққа ёш эди. У Отабекнинг саволига жавоб қайтармади.
– Мана буни олинг, – деди Отабек Раънохонга ёнидан бир тахлам пул узатиб. Раънохон аввал пулни олмасдан бироз уйланиб турдида, пулни олди.
– Раҳмат, бугун онамни операция қилишади, ҳамма қариндош-уруғларимиз касалхонада, мен бугун ишхонага жанжал бўлгани туфайли бора олмадим.
– Ишхонангизда нима гаплар бўлди?
– Ферузаопам Диловар Насимовнага “сизнинг янги ходимангиз – “Раъно менинг эримни йўлдан уряпти, уни ҳайдаб юборинг” деб дағдаға қилибди. Раҳбаримиз “Балки сизнинг эрингиз Раънохонни йўлдан ураётгандир. Хоҳласангиз муҳокама қиламиз”, дебдилар.
– Иккаласини ҳам адабини бериб қўйинг! Ахир хотин-қизлар қўмитасида шундай аёллар ишласа, бу нима деган гап, шу ярашадими?, – дебди Феруза опам. –– Унда муҳокама қиламиз, чорасини кўрамиз. Кўринишдан ақлли аёлга ўхшайсиз. Яқинда вилоят раҳбарларидан бири котибаси билан гап бўлди. Хотини уларнинг устидан ариза билан мурожаат қилибди. Катта раҳбар ишдан олинди, хотини билан ажрашиб кетди. Шарманда бўлганлари қолди. Эрингиз Отабекни яхши биламиз. У бундай номуносиб ишларни қилишдан уяладиган ориятли одам. Раъно билан ҳам гаплашдим. У ақлли, тартибли қиз. Энди 22 ёшга кирган жувон бўлса. Тўғри, эри билан орасида бироз гап ўтган экан, аммо у эри билан ярашишни истайди. Ҳаммаси яхши бўлади, синглим,- дея келинойимни алдаб-сулдаб чиқариб юбордилар.
Раънохонни шундай кейин ҳам тинчитишмади. Бир неча кундан сўнг Диловар Насимовна уни яна хонасига чақириб, ҳужжатларни чалкаштириб юборишда айблади. Ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ, сабабсиз ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёзиб беришини талаб қилди. Раънонинг нималар бўлаётганига ақли етмасди. Бир вақтлар хотин-қизлар ташкилоти фаоли бўлган қайнонаси Тўти Ғайбуллаевна Раънохоннинг хотин-қизлар қўмитасида ишлаётганлигидан хабар топган эди.
Одамзод қизиқ мавжудот. Баъзан у ҳамма нарса қўлимдан келади, деб ўйлайди. Ҳаётни ҳар бир инсон ўз қаричи билан ўлчайди. Ҳамма нарса Яратганнинг измида эканлигини унутиб қўяди. Шу боис кўп қийинчиликларга дуч келади, ёруғ кунлардан ҳамиша умид қилади. Балки ўшанда Отабек Раънохонни кўриб қолиб, ишга таклиф қилмаганида шунча муаммо юз бермасмиди? Ўзи майликуя, ёш аёлнинг бошига шунча маломатлар ёғилгани ёмон бўлди.Қанча миш-мишлар тарқалди. Балки шу тариқа иккисининг тақдири ҳам алғов-далғов бўлгандир. Нима бўлганда ҳам Раънохонга ёрдам бериш керак.
Отабек ўйлай-ўйлай ўйининг охирига ета олмасди. Уйда ҳам оилавий жанжаллар авжига чиқди. Ферузабону Тўти Ғайбуллаевна билан бирлашиб, Раънохоннинг таъзирини бериб қўйишга киришган эди. Отабек шунда ҳам руҳан ўзини ёлғиз сезмас, борган сари Раънохон билан янада яқинлашиб борар эди. Шунча омадсизликлардан кейин Отабек билан у сирдош ва ҳамфикр бўлиб қолган эди.
Раънохон камситиш ва хўрликлардан энди қандай қутилса, қаёқларга бошини урса экан. Балки Отабек билан бутунлай алоқани узса, мушкули енгилроқ бўлармикин, деган хаёллар билан яшарди. Шундай чорани қўллади ҳам. Раънохон Паркент бозори маъмуриятига ходим кераклиги тўғрисидаги эълонни ўқиб, у ерга иш сўраб борди. Ишга жойлашди. Аммо бир неча ҳафтадан кейин улар ҳам ҳаммага маълум ва машҳур – Отабек ва Раъно афсонасини эшитганликларини маълум қилишди. Бунинг устига ижодий иш билан машғул бўлган одамнинг янги ишга кўникиши осон эмаслигини тушуниб етди. Шунча ташвишу ғавғоларга қарамай Раънохон Отабекни кўргиси келар, унга томон интилар, аниқроғи, уни тинимсиз ўйлайдиган бўлиб қолган эди. Отабекнинг руҳида ҳам ўзгаришлар юз берган, у ҳам Раънони қўмсар эди. У аламини шеърий машқлардан олиб, янги-янги шеърлар битар эди.
Сен ҳақингда миш-миш кўп,
Мен ҳақимда ундан ҳам,
Кўзга яқиндирсан хўп,
Кўпларга қилар алам...
Отабекнниг хаёлида ва руҳида ҳаётга бўлган чексиз муҳаббат, инсон гўзаллиги ва ожизлиги, Раъно образи, қийинчиликларни енгиб ўтувчи муҳаббат рамзи сифатида гавдалана бошлади. У ишга кўмилиб ётсада, дил изҳорларини тўкиш, дардларини енгиллатиш учун шеърлар ёзар, тенгсиз илхом бахш этувчи гўзал ҳис-туйғулар ичида яшар эди. Шундай кунларнинг бирида у “Ибо” деб номланган шеърий мактубни ёзди.
Мен сени соғиндим, дил тўла ҳижрон,
Сен буни билмайсан, на ёруғ жаҳон.
Кўнгил гулзорлари бўлдилар хазон,
Бунча қийнамасанг руҳимни ибо.
Муҳаббат дегани шумикан асли,
Унинг баҳоридир, менда куз фасли.
Жаннатдан қувилган, одамзод насли,
Бунча қийнамасанг, руҳимни ибо...
Отабек кўп йиллар давомида ўзининг муаллифлик кўрсатувлари учун ёзган шеър ва қўшиқларини жамлаб “Муҳаббат мавсуми” деб номланган тўплам тайёрлади. Уларни яқин дўсти Муҳаммад Юсуфга кўрсатди. Машқлари унга ҳам маъқул келди. – Шеърларингизда ҳикоя баёни, сюжет бор, бу ижобий ҳодиса, айниқса менга “Қалдирғоч” шеърингиз ёқди, – деди таниқли шоир.
Менсимадинг, боқмадинг,
Дилимга ўт ёқмадинг.
Қўшни бола қорасоч,
Баланд учган қалдирғоч...
Ёмғир ёғди тўйимда,
Болалигим, уйимда.
Еган эдим кўп қирмоч,
Хайр энди қалдирғоч...
Ушбу шеърни хонанда Юлдуз Усмонова танлаб олиб, қўшиқ қилиб куйлади. Кейинчалик ўзбек эстрадаси юлдузи бўлиб етишган Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмоновани энг яхши қўшиқларидан бирига айланди. Янги тўпламни Отабек “Чўлпон” нашриётига олиб бориб, чоп этиш учун топширди. Нашриёт раҳбари, ёзувчи Нурали Қобул тўпламни қабул қилиб оларкан, унга маслаҳатлар берди. Отабекка ижодий ва маънавий томондан кўмаклашиб, китобни катта нусхада чоп эттирди.
– Энди ўз йўлингизни топибсиз, – деди у. Депутатлик, жамғарма деганлари, сиёсатчиликнинг охири вой. Мен ўз ҳаётимдан келиб чиққан ҳолда айтаяпман. Амал кетади, пул тамом бўлади, обрў қўлнинг кири, у ювилиб кетади. Инсондан авлодларга қоладигани ижод, китоблар. Энди бошладингизми, тўхтамай ижод қилинг! Сизнинг иқтидорингиз бор. Тележурналистикада гап бўлиши мумкин эмас. Соҳада ўзингизни кўрсата олдингиз, ижод қилиш ҳам қўлингиздан келади, ёзинг! Қоладигани шу, бошқа ҳаммаси ўткинчи.
– Раҳмат, Нурали ака! Сиз каби ёзувчиларга ҳавас қиламан, – деди Отабек.
– Ҳавас қилманг, Отабек, – деди Нурали Қобул. Мана бу мақолани ўқинг! Нурали Қобул унинг олдига “Адолат” газетасида босилиб чиққан “Қаллоблик ёҳуд ун операцияси” деб номланган Олим Бўриев муаллифлигида эълон қилинган мақолани ташлади.
Ие, – деди Отабек ҳайрон бўлиб, – Олим Бўриев менда ишлайди-ку?! Убизда матбуот бўлимининг бошлиғи, бу ерда нега аралашиб юрибди?
– Сиз уни ишга олдингизми? Жуда чакки бўлибди, бошингизга бало, маломатни олибсиз. Мен ундан бир амаллаб қутулган эдим. Ичи қора, ҳасадчи одам.
– Китоблари чиққан шоир-ку, – деди соддаларча Отабек.
— Э, фитна қилавериб, бошимни оғритмасин деб таржималарини “Чор девон” номи билан нашр этгандик. Сотилмай ётибди.
– Э, бизга ҳам минг дона олиб келганди, сотиб беринг деб. Пулини қилиб бердим, – деди Отабек ҳайрон бўлиб. – Китобларини ҳайрия тариқасида фуқароларга тарқатдик. Мен унинг қандай инсон эканлигини билмайман. Чунки уни Абдуқаҳҳор Иброҳимов, яъни таниқли ёзувчи тавсия этгандан кейин ишга олган эдим.
– Афсус, бошингизга мушкулот тушибди Отабек, дўстим, – деди Нурали Қобул, – Мана шу тўпламингиз учун беш юз минг сўм нашриётимизга ўтказиб бердингиз, тўғрими? – Қанча фойда олдингиз?
– Менимча, икки миллион сўмдан ортиқроқ фойда келди. Яна қанча фуқароларга учрашувлар пайтида дастхат билан тарқатилди. Муҳими, мухлисларнинг хурсанд бўлганлигини айтмайсизми?, – деди Отабек мамнуният билан.
– Мен ҳам нашриёт қошида кичик корхона очганман, – деди Нурали Қобул, – у тижорат билан шуғулланади. Тушган фойданинг бир қисмини нашриёт манфаатлари учун ишлатамиз.Шунинг учун ҳам савдо-сотиқ, ҳам тижорат орқали нашриётнинг ишларини ҳам изга солиб олдик. Бу ёғи бозор иқтисодиёти деганларидек, ҳаракат қилиб ётибмиз. Мен унинг қилмишлари учун ишдан бўшатиб юборсам, баъзи раҳбарларнинг буюртмасига кўра, шу мақолани ёзиб, чиқартириб юборибди. Қизиғи, у қандай қилиб аппаратдаги Мавлон Умрзоқовнинг пинжига кириб олди экан? Шу сабабли Абдуқаҳҳор ака бекорга мендан илтимос қилиб, “ишга олгин” деган эканда?! Ҳа, майли ёмондан ҳазар. Сизга анчагина қалам ҳаққи ёзилган, ҳисобхонага кириб олиб кетсангиз...
– Ие, ҳали пул ҳам тўлайсизларми?
– Китобингизнинг адади катта, – деди Нурали Қобул, – ўшанга яраша қалам ҳаққи ҳам бўлади-да!
– Муҳаррирингиз Шоҳидахон, кўринмайди?,- сўради Отабек Нурали Қобулдан.– Китоб тайёр бўлгунча у кўп ҳаракат қилди. Баъзи камчиликларни тўғрилаб, шеърларни ўзлари маромига етказибдилар. Ҳа, айтганча, ўринбосарингиз Турсунбой Адашбоевга ҳам раҳмат. У киши ҳам сидқидилдан ёрдам бердилар.
– Шоҳидахоннинг бошига ташвиш тушиб қолди, ҳозир уйида, – деди Нурали Қобул. –Турмуш ўртоғи вафот этди.
– Э, ёмон бўптику. Бетобмиди?
– Йўқ, фалокат қурсин, – деди Нурали Қобул хўрсиниб, – Томни таъмирлайман деб томга чиқибди. Туникага электр сими тушиб қоган экан, ток урибди. Боши билан ерга йиқилиб тушибди. Кўргилик-да!
– Аллоҳ раҳмат қилсин! – деди Отабек юзига фотиҳа тортиб. –Маросимлари қачон экан, биздан қандай ёрдам ёки кўмак керак?
– Биз моддий ёрдамлар қилдик, – деди Нурали Қобул, – бўйига етиб қолган қизи бор эди. Тақдири азал шу экан. Иложини қилсангиз, жамғармадан бироз кўмак уюштирсангиз, яхши бўлар эди.
–Унда, мана буни Шоҳида опага бериб қўясиз, – деб Отабек қоғозга ўралган ва ҳозиргина нашриёт хазинасидан олган пулларини стол устига қўйди.
– Бу қалам ҳаққингиз, йўқ, йўқ,– деди Нурали Қобул, – бу кўплик қилади.
– Мен розиман, – деди Отабек, – дилдан розиман. Озгина бўлсаям уларнинг корига ярасин. Бандачилик,Аллоҳнинг олдида биз ожиз бандамиз. Фақат дуо қилиш ва ҳамдардликдан бошқа қўлимиздан ҳеч нарса келмайди.
Отабек йўлда кетар экан, хаёлидан ўтган нарсаларни идрок қилар, мағзини чақар эди. Бугунги кунлар ҳам ўтиб кетади. Келгувси кунлар Яратганнинг измида. Шу боис инсон умид билан яшайди, яратгандан бахт, умрига, ризқига барокат сўрайди. Борига шукур қилади. Худога шукур! Нега мен орзу-ҳавасга ҳирс қўйишим керак. Ижодда анчагина муваффақиятларга эришган бўлсам. Амалдор бўлиб ҳам кўрдим. Меҳрибон хотиним, ширин-шакар фарзандларим бўлса. Ҳаётимни уларсиз тасаввур қила оламанми? Балки ўзим ўйлаб топган мавзуларим, образларим қуршовидан чиқиб кета олмаяпман, чоғи. Ҳаёт бошқа, ижод бошқа. Ҳаётнинг ўз қонуни, мезонлари, ташвишу қувончлари бор. Ижодничи? Қаҳрамонларимни-чи? Ҳаммага баробар яхшилик қилиш мумкинми? Ҳамманинг севимли кишиси бўла оламанми? Бу хато! Инсон зоти бировни йўқотади, бировни топади. Бировга яхшилик қилади, аммо бу билан бошқа одамга зулм қилаётганлигини билмайди ҳам. Ёки мен ақлдан озиб қолганман ёки менга кўз тегдими, шайтон йўлдан урдими? Абдулла Қодирий ҳазратларининг “Ўтган кунлар” романида Отабек Кумушни ўйлаб, отасига қуйидагича жавоб берган эди:“Кўра била туриб, бировнинг боласига шунча зулм, шунча азиятми? Болам, биз ҳам онанг билан қариб қолдик. Бизнинг ҳам сендан бошқа орзу ҳавасимиз йўқ”. Шу тариқа у Зайнабга ҳам уйланишга мажбур бўлган эди. Балки замона зайлидир. Аммо мен у Отабек эмасманку?!. Отам ҳам Юсуфбек ҳожи эмас. У бундай бўлишига йўл қўймайди. Норози бўлади. Мен эса Кумушимни ташлаб, Зайнабга, Раънохонга интиляпманми? Миллатимиз тарихидан маълумки, бундай оилалардан тарқаган болалар ҳеч қачон ўзаро иноқ бўлмаган, улар мол-дунё учун талашиб, ҳатто улкан салтанатларни вайрон қилганлар. Адолат пасангисини тенг ушлаш осонми? Мерос талашиб жабру жафо, балоларга гирифтор бўлганлар. Ферузабонунинг юзига қандай қарайман. Болаларга нима дейман? Йўқ бунга йўл қўймайман. Унда Раънохон нима бўлади. Майда-чуйда гап бўлиб, унинг оиласи вайрон, ишлари айрон бўлди-ку. Шунча гап-сўздан кейин у қандай бош кўтариб юради? Онаси ногирон бўлса, укаларини ким боқади? Ўзим айбсиз айбдор, оила бузувчига, ахлоқсиз кимсага, бебурд амалпараст, ярамас одамга айланиб қоляпманми? Одамлар орасида шармандаю шармисор бўлсам-чи? Улар мендан юз ўгирсалар-чи? Мен кўпни кўрган ёши улуғ одам сифатида Раънохонга нисбатан кўпроқ жавобгарман-ку?! Унинг қайнонаси Тўти Ғайбуллаевна ўз номини оқлаб олди, Раънохонни бузуққа чиқарди. Мени гап-сўз қилиб, шарманда қилди. Ферузабону ҳам уларнинг гапига лаққа тушди. У ҳам алданди, дардга устига чипқон бўлди. Энди нима қилиш керак? Бу гаплардан кимга фойдаю кимга зиён? Ўзимни бир ўқитиб юбормасам бўлмайди, шекилли. Йўлларим адашди, тақдиримда яна ҳам маҳкамроқ боғланган тугун пайдо бўлди. Мен осий бандани ўзинг кечир, Аллоҳим, хато қилиб қўйишдан ўзинг асрагин!
Отабек ўзи билан ўзи баҳслашар, ўзи билан ўзи сўзлашишдан чиқиб кета олмас эди.У уйига яқинлашар экан, бошини даст кўтариб, фикрини йиғиб олдида, эшикдан ичкарига кириб кетди.
Жамғармада ишлари анча яхшиланиб “Инсон манфаатлари” деб номланган хайрия лотореяси муваффақиятли ташкил этилди. Банк раиси Юнусов сидқидилдан жамғармага ёрдам берди. Уч юз миллион сўмлик лотореялар белгиланган муддатдан олдинроқ сотилди. Жанубий Корея билан ҳамкорликда “Асака” шаҳрида чиқарила бошлаган Dеу компаниясининг “Нексия”, “Дамас” ва “Тико” автомобилларидан 60 донаси ютуқ эгаларига ажратиб қўйилди. Тошкент шаҳридан 2-3-4 хонали 10 дона квартиралар ҳам ютуқ эгаларини кутарди. Жамғарма ўз қаддини тиклаб олган, мамлакатдаги энг бой обрўли ташкилотлардан бирига айланди. Ушбу хайрия тадбирини ташкил этишга нодавлат ташкилотлар ҳам кўмакдош бўлдилар.
Уй-жойларни сотиб олиш ва таъмирлаш жамғарма зиммасига юклатилди. Ишлар тартибга кела бошлади, аммо оилавий муаммолар борган сари авжига чиқиб борар эди. Ферузабонунинг қариндошлари ўртасида Отабекни муҳокама қилиниши янада авж олди. Унинг гапларига ҳеч ким ишонмай қўйган эди.
Отабек уларга “Раънохон энди хотин-қизлар қўмитасида ҳам ишламаяпти, у билан ҳеч қандай алоқам йўқ, деб ҳам чарчади. Кунлардан бирида унга Раънохон телефон қилди:
– Ассалому алайкум, Отабек ака! – яхши юрибсизми?
– Раҳмат, ўзингиз ҳам тинчмисиз? Янги ишингизга ҳам кўникиб қолгандирсиз,- сўради Отабек.
– У ерда ҳам ишлай олмадим, ўзимизнинг ишларга ўрганган эканман...
– Ҳозирги кунларда биз Тошкент шаҳар Қизил Ярим ой жамияти билан Қариялар кунига бағишланган “Эъзоз” кечаси ўтказяпмиз. Улар билан келишиб қўйганмиз. Ёрдамга бирор ходимингизни жўнатинг, дейишган эди. Мен уларга тайинлаб қўяман, ташкилотчи бўлиб ишга кирасиз, – деди Отабек ўйланиб туриб. Ўша куни тадбир кутилганидан ҳам яхши ўтди. “Анҳор” қаҳвахонаси раҳбари Мирзоҳид Аҳмедов билан Отабекнинг анчадан бери ҳамкорлиги бор эди. Қаҳвахона жамоат жамғармасининг барча тадбирларини ташкил этар, ҳатто жойларда ўтадиган турли маросимларни ҳам биргаликда уддалар эдилар. Жамғарма қошида ташкил этилган “Муҳаммад Гармон” ижодий гуруҳи санъаткорлари тадбирларнинг қизиқарли бўлишини таъминлашар эди. Жамғарма ҳомийлиги натижасида ҳар икки ташкилот ҳисоб рақамига анчагина хайрия маблағлари келиб тушди. Раънохон Қизил Ярим ой жамиятида ўз фаолиятини бошлади. Отабек уни тез-тез кўргиси келар, хаёллари Раънохон томон ўрмалаб кетаверар эди. Аммо Аллоҳдан ўзига мадад сўраб, имконият даражасида ундан наририоқ юришга, у билан учрашмасликка ҳаракат қиларди. Аниқроғи, икки ўт ичида ёнарди. Бир томонда уч боланинг отаси, катта оиланинг ишонган тоғи, болаларнинг орзу умидлари ва келажаги посбони. Иккинчи томондан озми-кўпми, бир аёлнинг оиласи бузилишига сабабчи бўлган одам. Ҳар икки томондан ҳам айбдор у. Отабек руҳан азобланар, изтиробга тушар, ўзидан қочишга имкон топа олмас эди. Қаёққа ҳам қочсин? Ферузабону билан ўрталаридаги ҳурматга путур етган. Бу бўлиб ўтган машмашалардан ҳар икки томондаги яқин қариндошлар ҳам хабар топгани ҳаммасидан ёмон бўлган.
Ферузабону синглиси Гулнорахон билан яна Раънонинг ишхонасига боришди. Раъно хонадан чиқиб улгуролмади. Уларни ҳамкасблари ҳам ажрата олишмади.
– Сен манжалақи, бировнинг эрини бошини айлантирмоқчимидинг?, – деди Ферузабону жаҳл билан Раънохоннинг сочини тутамлаб олди. Гулнорахон келиб Раънонинг юзи-кўзи аралаш ура бошлади.
– Мелиса чақираман, – деди ҳамкасбларидан бири, – бу ерда можароларинингизни қилманглар, илтимос!
– Сенлар ҳам бир гўрсанлар, – деди Гулнорахон, – шошмай тур, кўзларингни ўйиб оламан. Раънохон унинг қўлидан сирпаниб чиқиб, ташқарига қараб қочди. Бир нафасда кўзларининг ости моматалоқ бўлган Раънохоннинг юзи ҳам шишиб кетди. Уни тан ориғидан кўра, хўрлик, таҳқирланиш жон-жонидан ўтиб кетган эди. Ферузабону уни таъқиб этгани-этган, янги жойда ишлаётганини қаердан эшитганлигидан юраги қоп-қора эди. Отабекнинг хотини унга қаршилик қилган сари Раъно улардан узоқлашиш ўрнига, янаям Отабекка яқинлашиб кетаётгандек сезарди ўзини. Ишчилар шаҳарчаси марказидаги телефон қутиси ичига кириб, бир неча дақиқа сўмкачасидаги ойнага қараб, юз-кўзлари ва кийимларини тартибга солиб оларкан, кўзларида ёш билан онасига қўнғироқ қилди.
– Ойи, – деди юраги тўлиб, хўрсиниб-хўрсиниб, ўлсам-ўлиб бўлдим. Анави Феруза опа бу ишхонамни ҳам топиб келибди. Опа-сингил мани яна дўппослашиб, ҳамма ёғимни кўкартириб ташлашди.
– Вой болажоним, – деб дод солиб юборди Мавлуда опа, – Сени бир униси қийнаса, бир буниси қийнаса, бу нима дегани? Пешонанг шунчалик шўр эканми? Касал бўлсам ҳам ҳозироқ бориб, уларни чавақлаб ташлайман. Ўзинг тузукмисан, ишқилиб, ёнингда биров борми? Дарҳол шифохонага боргин! Мен ҳам орқангдан таксига ўтириб, етиб бораман.
– Йўқ, ойижон, ҳозир уйга етиб бораман.
– Милицияга хабар қилайми?, – сўради онаси.
– Йўқ, ойижон, – деди Раънохон – Отабек акага гап тегиб қолади. Ҳозир яхшиман, анча ўзимга келиб қолдим. Ҳозир ўзим уйга бораман.
Раънохон Отабекнинг қўлидаги иш телефони рақамини терди.
– Алло, эшитаман, ким бу? – сўради Отабек
– Мен Раъноман, бошқа ким ҳам бўларди. Сиз қаердасиз Отабек ака?
– Андижонда, сафарда эдим, тинчликми?
– Хотинингиз Қизил Ярим ойни ҳам топиб келибди, – деди Раънохон, йиғи аралаш, энтикиб-энтикиб гапирар экан, – мени яна калтаклашди. Қизлар ажратиб олишмаганда мени нақ ўлдириб қўйишарди. Шарманда бўлдим. Нима бўлса, бўлсин! Менга энди барибир... У нималарнидир гапирмоқчи бўлган эди, алоқа узилиб қолди. Отабек дарров ўз уйига телефон қилди. Телефон гўшагини Гулнорахон олди.
– Алло, эшитаман, гапиринг!
– Яхшимисизлар ўзи? Яна нима бўлди? Нималар қилиб юрибсизлар?
– Нима бўларди, анави манжалақига йўлни кўрсатиб қўйдик. Бахт ўғрисининг жазоси шу эмасми?
– Эҳ, бу нима қилганларинг ахир. Бекор қилибсизлар.Опангиз қани?
– Юраги ёмон бўлиб ётибди, опагинамни ўлдириб қўяқолсангиз бўлмайдими, шунча азоб бергунча?!
– Қаердасиз? Қаердасан хотинбоз, – деди телефон гўшагини тортиб олган хотинининг акаси Шуҳрат, – қорнингни ёриб ташлайман.
– Ўзингни бос! Ҳар нарсани гапираверма воқеликни билмай туриб.
– Қаерларда юрибсиз? Ўша Андижонингиздан қайтиб келманг! Дадангизга ҳам кўп марта айтдим, – Ферузабону аламдан йиғлар, унинг ўкириги телефон гўшагидан яққол эшитилиб турар эди.
– Энди қутулдим деганимда, – сўз бошлади Отабек...
– Сиз ундан ўлиб қутуласиз, – деди Ферузабону, – қайнонаси беш-олти йилдан буён қутула олмаётган экан. Сиз ўлиб қутуласиз, сиздай номардларга бу ҳали оз. Хотини телефон трубкасини узиб қўйди.
Отабек минг хил хаёллар ва қўрқув билан Андижондан Тошкентга қайтди. Шаҳар оқшом чўкаётганда гўзал манзара кашф этади. Ҳар сафар унинг хаёлига бир фикр келади. Дунёда Тошкентдан гўзалроқ шаҳар бормикан? Дунёда Тошкент оқшомидан бахмалроқ оқшом бормикин. Унинг ранго-ранг чироқлари, димоғингизга майин урилувчи фаввораларининг нафаси, қатор-қатор машиналар, равон йўллар, ҳар томонга шошилаётган одамлар. Яқинларингиз нигоҳи, болаларингизнинг сизга интилган табассуми. Яна инсонга нима керак, шу неъматларнинг шукрини қилса бўлмайдими эй, Отабек? У ҳар сафар Тошкентга қайтаётганида одамлар кўп сўзлайдиган иборани эслашга ўрганиб қолган. “Тошкентнинг донини еган чумчуқ, маккатиллодан қайтиб келади” дейишгани ҳақ. Отабек учун Тошкент болаликдан орзу қилган эртаклар олами. У олти-етти ёшлар чамаси уларнинг қишлоғига биринчи марта электр токи ўтказилиб, уйларида лампочкалар ёнгани эсида. Пиликли чироқ ўрнига ёруғ лампалар, ўшанда отаси Ёқубжон отанинг ҳаддан ташқари қувонганлигини биринчи марта кўрган эди. Бир неча кун ўтиб, отаси “Радий” деб номланган телевизор олиб келган эди, ўшанда. Отабекларнинг энди телевизори бор эди. Улар қишлоқда биринчи бўлиб телевизор сотиб олишди. Ҳар оқшом маҳалла ёш-яланглари, хотин-халажлар, болалар уларникига келиб, телевизор томоша қилишарди. Ўттиз-қирқ одам узум ишкомлари остига қўйилган телевизорга боқиб, қанчалар хурсанд бўлишарди. Отам телевизор олиб берди, деган ифтихор билан Отабек олдинги қаторда, телевизор ёнида турар, унинг мурувватини босиб экран ёришишини кутарди. Экран ёришиши билан “Тошкент оқшоми” номланган мусиқа янграб, дастурлар бошланарди. Суҳандон Насиба Қамбарова билан Ўктам Жобировлар ойнаи жаҳоннинг биринчи юлдузлари эдилар. Бир рус аёли эса, эстрада қўшиқчиларини эълон қиларди. Отабекнинг кейинчалик, улғайгач фаҳмлагани у аёл суҳандон Галина Мельникова эканлигини билди. У отаси олиб келган ойнаижаҳон орқали эстрада юлдузи Ботир Зокировни таниди ва худди унинг ёнида куйлаётгандек, унинг қўшиқларига маҳлиё бўлди. “Маҳаллада дув-дув гап” ни кўриб, Тошкент оқшомлари, унинг боғу хиёбонлари, ширин ва бетакрор муҳаббат ҳикояларига мафтун бўлди. Фильмнинг режиссёри, таниқли Шуҳрат Аббосов эканлигини билди. Актёрлар Ҳамза Умаров, Бахтиёр Ихтиёров, бастакор Манас Ливиев эканлигини билди. У улғайганича қирқ йил мобайнида йилига 5-6 марталаб, қайта-қайта кўрсатиладиган бу фильмни томошабинлар ҳар сафар орзиқиб кўришларини, бу кино уларнинг меъдасига тегмаслиги сабабларини билиб, ижод сеҳрига мафтун бўлиб келди. Ушбу кинофильмнинг сирли таъсири “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” кўрсатувини бунёд этганида янада яққол сезилди.Унинг мусиқаси “Маҳаллада дув-дув гап” фильмидан олинганиданоқ бу намоён бўлган эди. Ўшанда отаси Ёқубжон ака оиласига оддийгина “Радий” телевизори олиб келган эмас,балки Отабекка дунё сирларини, санъат ва маданиятни, сеҳрли шаҳар – Тошкентни олиб келиб, қалбига солган эди. Унинг болалик ҳайратларига телевизион ижодни жойлаган эди. Бу ҳайрат, улкан шаҳарга интилиш, орзу умидлар ва гўзалликка тўла муҳаббат, инсонни чорловчи гўзал санъатнинг эзгу ва тенгсиз қудрати уни Тошкентга етаклаб келди. Бунинг учун у авваламбор Аллоҳга, яратган 18 минг олами қанча бўлса, шунча, мингдан-минг бора шукроналар айтади.
Бутун бир улкан шаҳарни инъом этган, шаҳарнинг бутун борлиғини ўз ўғлига ҳадя қилган ота-онасининг борлигига шукурлар бўлсин! Отабек ҳар сафар Чортоққа депутатлик иши билан борганда водий томонларга йўли тушиб қолса, ишдан сўнг ота уйига бориб, ётиб қолар, отаси билан тонггача ширин суҳбатлар қилиб, ухламай чиқар эди.
Тўғри, унга ҳамроҳлик қиладиган одамлар кўп эди. Улар бир томондан Отабекнинг ёнида юришни ёқтирсалар, иккинчи томондан,унинг отаси билан суҳбатлашишга, ўгитларини эшитишга ошиқишар эдилар. Фақат унинг онаизори – Эътиборхон ая бошқа хонада ўтирар, ўғлининг дийдорига тўймас эди. Суҳбатдошлар тунни кунга улар эдилар. Эрталаб Отабек юз-икки юз чақирим узоқда, бошқа туманга, ўз юмушига жўнаб кетарди. Шу боис онаси “Дарров кетяпсанми? Яна қайтиб келиб, ётиб кетгин, дийдорингга тўйиб қолайин!” деб ёлвориб қолар эди. Бу сафарги келишидан Отабекнинг ўзи ҳам жуда мамнун эди. У отасининг илтимосини уддалади. Уйдагилари кичик укаси – Холбекни унаштириб қўйишган. Отаси аввал уйга борганида Отабекка тўй қилиш учун бироз маблағ етмай турганини айтганди. Отасининг бир одати бор, у ҳеч қачон болаларидан пул сўрамаган. Ўн нафар фарзандни вояга етказишнинг ўзи бўлмайди, албатта. Кексалик барибир ўз кучини кўрсатди. Холбек эндигина 22 ёшга кирганди. Укаси Отабекдан роппа-роса 18 ёш кичкина, Тошкентда ўқиб юрган кезларида туғилган. Энди уни ҳам уйлантиришмоқчи. Ўшанда Отабек онасига юзланиб шундай деган эди:
– Аяжон, Холбекни уйлашга шошилманглар, ҳали бирорта ҳунари йўқ. Тошкентга юборинг, ўқисин, бирор ишни бошини ушласин, кейин уйланаверади.
– Эҳ, болам-а, – деган эди Эътиборхон ая Отабекнинг бошини силаб, – Биз ҳам қариб қолдик. Беш кунлигимиз борми, йўқми,Худо билади. Кўзимнинг тириклигида уйли-жойли қилиб қўйганим яхши, сенинг ўқиганинг етади. Мана энди сени соғиниб ўтираман доим. Сендан бир нарсани сўрамоқчиман.Эшитишимча, бир ёш жувонга ўралашиб қолган эмишсан.
– Ким айтди, сизга,- унғайсизланиб сўради Отабек онасидан.
– Айтмаслигим керак, аммо сенга айтмасам бўлмайди, – деди ўйчан оҳангда Эътиборхон ая. – Келинимиз Ферузабону отангга хат ёзибди. Уни Тошкентга чақиртиришибди. Энди нима бўлади. Сендан илтимос, оиланг бузилиб кетмасин болам. Отангнинг жаҳлини биласан, яна ота-бола аразлашиб ўтирманглар! Отанг бунга йўл қўймайди. Яқинда қайниотангнинг маҳалласидан уй-жой сотиб олдинглар, болаларингга буюрсин!Ўйлаб иш қил! Бизнинг оилада бунақа гаплар чиқмаган. Биласанми, сени юрт танийдия, уят бўлади. Гап сўзга қолиб кетасан, болажоним. Онаси ҳам эркалаб, ҳам уришган оҳангда унинг қулоғини мулойимгина чўзиб қўяркан, гапини давом эттирди. Яқинда “Қорасу” томонларда бир воқеа бўлди. Бир келинчак эри билан уй талашиб, эрини заҳарлаб қўйибди. Натижада эри ўлиб, болалари етим қолди. Келинчакни қамашибди. Худо ундай кўргиликлардан ўзи асрасин!Оллоҳга шукур, озгина инжиқ бўлса ҳам келиним оқила жувон. Уни отанг ҳам, мен ҳам яхши кўрамиз. Болаларингни соғинамиз. Кейинги келганингда уларни ҳам албатта, олиб кел! Зафаржонни жуда кўргим келяпти.
Онасининг насиҳатлари Отабекнинг хаёлига қайта-қайта келарди. Отаси бир нарса демоқчи бўлди-ю, ёнида ҳамроҳлари бор учун унга ортиқча гапирмади. Уларнинг саволларига жавоб бериб ўтирди. Аммо унинг гаплари негадир анча илмоқли эди: “Аллоҳ таоло ҳамма китобларида Тавротда, Инжилда, Забурда ва Қуръони Каримда ота-она ҳақида зикр қилди ва барча пайғамбарларга ваҳий келди. Уларни ота-онанинг ҳуқуқ ва ҳақларини бажаришликка буюрди. Аллоҳ ўзининг ризоси ота-онанинг ризосида ва ўзининг ғазаби ота-онанинг ғазабида эканлигини билдирди. Ва айтилди. Учта оят, учта нарса билан бирга тушди. Улардан бирортасини иккинчисисиз Аллоҳ қабул қилмайди. Мен сизларга тавсирни тушунтиришга ҳаракат қиламан. Бақара сурасида “Намозни тўкис адо қилинг ва закотни беринг!”, демак ким намоз ўқиса-ю, закот бермаса, ундан намози қабул қилинмайди. Аллоҳнинг Оли Имрон сурасидаги сўзи “Аллоҳ ва пайғамбарига итоат қилингиз”, демак кимки, Аллоҳга итоат қилса-ю, пайғамбарига итоат қилмаса, ундан қабул қилинмайди. Луқмон сурасида Аллоҳ айтади: “Сен менга ва ота-онангга шукур қилгин, демак ким Аллоҳга шукур қилса, ота-онага шукур қилмаса, ундан қабул қилинмайди. Бу изоҳ ва тавсирларни отам раҳматли Мир Усмон ҳожи бизни ўтирғизиб олиб, айтиб берар эдилар. У киши 19 ёшида Мир Араб мадрасасидаги ўқишини тамомлаб, мир унвонига эга бўлганлар ва Ҳаж қилиб, ҳожи бўлганлар. Шу туфайли Отабекнинг бобосини Мир Усмон ҳожи, деб атар эдилар. Отаси Юсуфбек ҳожи деган киши бўлиб, у киши ҳам олим одам эканлар. Уларни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин!
Демак Аллоҳдан кейинги шукур айтадиган зотлар сиз ва мен учун азиз кишилар ота-онамиздир”. Отасининг гапларидан сўнг Отабек чуқур ўйга толди:
Ўз вақтида ота-оналаримизнинг ҳақларини адо эта оляпмизми? Баъзи масалаларда отаси билан баҳслашиб қолаётган Отабек бу хаёлидан чўчиб тушди. Ўзинг адаштирмагин, Аллоҳим, дея илтижо қилди.
***
Отабек хизмат машинасида Андижон сафаридан қайтар экан Қамчиқ довонидан ўтган йўл, аввал Тўйтепа, сўнгра яқиндагина Тошкент шаҳри тасарруфига олинган Бектемир туманига кириб келди. Шу ерда “Водник” деб номланган янги бунёд этилган мавзедан Қўйлиқ томонга, чапга юрилса Бектемир мавзесига кирилади. Шу мавзеда икки қаватли уйлар бўлиб, улар Хрушчев замонларида қурилган. Раънохоннинг онаси Мавлуда опа турмуш ўртоғи билан аразлашиб, Фарғонадан қайтиб келган, бир неча йиллар отасиникида уч боласи билан яшаган. “Чиққан қиз чиғириқдан ташқарида” деганидек, у ўз болалари билан алоҳида уй-жой олмаса бўлмаслигини сезди. Бектемир туманидан уч хонали уй сотиб олди. Болалари билан кўчиб келиб яшай бошлади. Мавлуда опа халқ таълими бўлимига ишга кирди. Кейинги пайтларда соғлиғи ёмонлашганлиги туфайли, ногиронликка чиқарилди. Раънохонни яхши жойга турмушга берди. Аммо унинг турмуши кўнгилдагидек кечмади. Иккинчи қизи Барнохон анча босиқ, ҳар бир ишни ўйлаб қиладиган, камсуқум, ўта оддий ва камтарин қиз бўлиб етишди. Уни институтга жойлай олмади, билим юртини тугатиб, у болалар боғчасида энага бўлиб ишлай бошлади. Ўғли Зафар эса бироз шўхроқ, лекин кечки мактабда таълим олади. У ҳам онамга ёрдам бўлсин деб тош-шағал кавлайдиган каръерга ишчи бўлиб жойлашди, баҳоли қудрат онасига ёрдам бера бошлади. Бу мавзеда асосан ҳар томонлардан келиб қолган одамлар истиқомат қилишади. Биринчидан Тошкент шаҳрининг чети бўлганлиги, уй-жойлар эски эканлиги туфайли уларнинг нархи анча арзонлиги учун кўпчилик шу ердан уй-жой ахтаради. Мавлуда опа ҳам бир амаллаб манашу уч хоналик уйни сотиб олди. У Фарғонада боғча мудираси бўлиб ишлаган, оиласи учун кооперативдан каттагина уй сотиб олган эди. Ҳаммаси Фарғонада қолиб кетди. Эри билан ажрашиб кетганларидан кейин, кийим кечаги-ю, болаларини олиб Тошкентга қайтиб келди.
Отабек Раънохон яшайдиган шу уй ёнига олдин ҳам бир неча марта уни кузатиб қўйиш учун келган эди. Машинадан тушиб, қўлидаги “моторолла” деган ғиштдек келадиган телефондан унга телефон қилди.
– Раънохон, мен келдим, – деди Отабек, – Ташқарига чиқинг, гаплашиб оламиз.
– Йўқ, тўғри уйга кираверинг!, – деди Раънохон, – ойимлар ҳам сизни кутиб ўтирибдилар.
– Қандай бўларкин, – деди Отабек ўнғайсизланиб, кейин ҳайдовчи Турсунбойга, йўлдан олган нарсаларни қўлимга олиб беринг, дегандек имо қилди. Турсунбой, тоғ йўлидан харид қилинган нарсаларни унинг қўлига тутқазди. Сўнгра бир қўлига қовун, иккинчи қўлига тарвузни олиб, Отабекнинг орқасидан уй эшигигача борди. Раънохон эшикни очиб, улар билан саломлашгач, Отабекнинг қўлидаги мева-чевалар солинган қоғоз халтани олди. Отабек эса Турсунбойнинг қўлидаги қовун-тарвузларни олди. Уйга кирар экан хона ичлари тор, деразалари кичиклигидан хона анча қоронғу кўринарди. Таъмирлаш ишлари ҳам охирига етмаганлиги кўриниб турарди.
– Ассалому алайкум!, -салом бериб уйга кирди у.
– Ва алайкум ассалом, – деди Мавлуда опа кичик дивандан бир амаллаб ўрнидан туриб қўлини узатаркан. Унинг хасталиги ҳаракатларидан сезилиб турарди. Раънохон дастурхонга бир-нима келтириш учун ошхонага чиқиб кетди. Отабек билан Мавлуда опа дастурхонга фотиҳа қилишди.
– Хуш келибсиз, Отабек ука! – деди Мавлуда опа. Бизнинг ғарибона кулбамизга ташриф буюрганингиз учун раҳмат. Биз сизни телевизорда кўрардик. Раънохоннинг сиз билан ишлаётганлигини эшитиб, қанчалар қувонганимни билсангиз эди. Оиламиз билан мухлисингизмиз. Аммо бу ёғи ҳам бошимизда бор экан, Раънойим қанча маломатларга қолиб кетди. У сиз каби сухандон, журналист бўлишни жуда-жуда орзу қиларди. “Қўй, ўша жанжаллардан нари юр!, деб кўп айтдим. У ҳам фақат “ўша ерда ишлайман” деб туриб олди. Шунинг учун мен ҳам қўлимдан келганча унга кўмаклашдим. Ўзи ҳам шу ишга меҳр қўйган эди. Қайнонаси қандай қилиб бўлса ҳам, Раънодан қутулиш чораларини излади чоғимда. Мана икки йилдирки, бирор марта орқасидан ҳам келишмади. Майли, биз ёмон эканмиз, ҳеч бўлмаса, набираси Моҳинурни соғинишмайдими?Бунинг устига ишхонангиздаги машмашалар ошиб тушди. Кечагина қайнонаси Тўти опа, қудам телефон қилиб қолди. Мен бирор яхши хабар бўлса керак, деб ўйлаган эдим. Йўқ, у “қизинг енгилтак, Отабек билан роса донғингиз чиқадиган бўлди”, деб ҳақорат қилди. Энди бемалол сўзлашаверсин эмиш. Жаҳлим чиққанидан хотинингиз қизимни хўрлагани, туҳмат қилгани учун судга ҳам бермоқчи бўлдим, аммо Раънохон кўнмади. Бу нима дегани, қизим шўрлик қуруқ туҳмат ва маломатга қолиб кетаверадими энди?
– Ҳа, яхши иш бўлмади, албатта, – деди Отабек, – Раънони ёмонлаганларида, шунақа экан деб, қўя қолсам бўларкан. Уни ҳар томонлама ҳимоя қилмоқчи эдим. Қайнонаси Тўти Ғайбуллаевнага ҳам тушунтиришга уриниб кўрдим. У аёл хотинимга ҳар хил гапларни етказиб, унинг бошини ҳам айлантириб ташлаган. Менинг кўнгилчанглигим сабаб бўлди ҳаммасига. Раънохон ёш бўлса, менинг ёнимга келиб, шунча гапларга йўлиқди, деб ўйладим. Уни ҳимоя қилиб жангга кирдим-у, бу ёғи тескарисига айланиб кетди, афсуски. Бунинг учун сизларнинг олдингизда ҳам хижолатдаман.
Мавлуда опанинг гап ўпқони очилдими, яна қизининг қайнонасидан гапира кетди:
– Сиз бунинг қайнонасини билмайсиз, ўта ман-ман аёл экан. Келин бўлиб тушгандан бери “сен ким бўлибсан, нимангга мақтанасан, биз зиёлимиз, биз ундоқ, биз бундоқмиз, бизга тўғри келмайдиган оила экансизлар, онангни қудам деб кўрсатишга ҳам уяламан”, деб қизимни кўзини очиргани йўқ. Кейин эса “онанг билан алоқангни узасан”, деган талабни қўйди. Ўзига келармикин деб кутдик, бўлмади. Унинг мақсади, ўғлига дугонасининг кичик қизини олиб бериш экан, ана, мақсадига эришди. Ўшани мўлжал қилган бўлса керак, деб ўйлагандим. Раънохон “бўлмаган гап, у қизни ҳамиша ёмонлайди-ку” деб ишонмади. Яқинда эшитдик. Ўғлини ўша қизга “загз”сиз уйлантириб қўйибди. Қайнонаси ўз айбини бекитиш учун Раънохонга ҳам, сизга ҳам туҳмат қилди. Обрўингизни тўкди. Қизимга олган буюмларга энди янги келин эгалик қиляпти. Устамон, фирибгар аёл экан қайнонаси, яна педагог, профессор эмиш. Ҳаёт мактабида ўқимаган экан, илмли бўлса ҳам.
– Мен ҳам шундай деб ўйловдим, – деди Отабек хомуш тортиб, – у аёлнинг бирорта мақсади бўлиши керак. Демак, мақсади бошқа келин олиш экан, олибди. Шуни очиқдан-очиқ айтиш мумкин эди-ку?! Куёв боланинг ўз мияси йўқ эканми?
– Куёв бамисоли қўғирчоқ. У “мен билмасам, уйдагилар ҳал қилади, мен хабарсизман”, дейишдан нарига ўтмади, – деди Мавлуда опа куюниб. – Ҳамма менинг боламни қақшатиб кетаверадими? Мен улар учун ҳамма нарсага тайёрман.
– Ҳа, мен ҳам қараб турмайман, албатта, қўлимдан келганча ёрдам бераман, – деди Отабек онахонга таскин бериб. Раънохон ўша жойда ишлайверсин, мен хотинимга тайинлайман. Бошқа унга халақит бермайди. Иложи бўлса, мен ҳам Раънохондан сал нарироқ юраман. Балки шунда миш-мишлар тўхтаб, майда гаплар унутилар. Энди бундан бошқа чора ҳам тополмайман, чоғимда.
– Раънохоннинг тақдири нима бўлади?
– Тўғрисини айтсам, мен уни ёқтираман, аммо уни бахтли қила оламанми, йўқми?
– Мен барибир Сизни дейман, – деди Раънохон секингина ва юзини бекитиб, йиғлаб юборди. Мавлуда опа ҳам қизига қўшилишиб йиғлади.
– Бўлмаса, қандай бўлади? Мен бу жумбоқни еча олмайман. – Биламан, иккалангизга ҳам осон эмас. Кейинги пайтларда ҳар иккингиз ҳам бир-бирингизсиз ниҳоятда қийналяпсизлар. Мавлуда опа бироз ўйланиб турди-да, қизига юзланди:
– Қизим, инсон ҳамма нарсага чидаши лозим, сен шу одам билан қувонч топишингга ишонасанми? Отабек ука, сиз ҳам қизимни чиндан севсангиз, мана уй-жой, мен қарши эмасман, келиб-кетаверинг!
– Хўп, буни мен ҳам обдан ўйлаб кўраман. Фақат сизлар хотиржам бўлинглар!
Отабек ҳам Раънохондан юз ўгириб кета олмас эди. Раънохон гапира олмай ҳўнг-ҳўнг йиғлар, бошига тушган савдолар оғир эканлигини ҳис этарди. Унинг назарида Отабекни йўқотиб қўйса, бутун бир ёруғ жаҳонни йўқотадигандек азоб чекарди. Нима, ўзининг турмуш ўртоғи кимдан кам эди?У севмасмиди, севарди. Балки Раънохон чиндан ҳам хато қилиб қўйгандир? Қайнонасининг барча қилмишларига чидаши керакмиди? У нега қайнонасининг кўнглини топа олмади? Улар икки йил давомида бир оғиз сўраб ҳам келишмади. Раънохон ҳам ўз ғурурини ерга урмади. Эрининг “ўзинг кетдинг, ўзинг қайтиб келасан”, деган сўзига таяниб, боланинг кийимларини баҳона қилиб, бир неча марта келин бўлиб тушган хонадонга бориб ҳам келди. Аммо улар ҳатто “келдинг-ми, кимсан ўзи ёки қол” дейишмади. Бола қайнонасига интилганида, улар болага қайрилиб ҳам қарашмади. Қўлига ҳам олишмади. Одам дегани шунчалар тошмеҳр бўладими? Ўзбекнинг ўзига хос шундай одати борки, қиз берган томон доимо паст юриши лозим. Қиз туққан одам доимо хизматда бўлиши керак. Балки онаси улар қўйган талабларни бажаришга ёлғизлик қилгандир. Балки Раънонинг отаси билан онаси ажрашиб кетганлиги, унинг қадрини бир қадар ерга ургандир. Балки унинг тақдирига шундай қисмат ёзилгандир.
Отабек Раънохоннинг ана шундай тушкунликка тушган энг оғир дамларида ҳам дўст, ҳам ака ўрнида меҳрибонлик қила олди. Яна ўзини айбдор санагани учун доимо унга ҳамроҳ. Раънохон ҳам унга қанчалар қаршилик кўрсатишгани сари, унга янада яқинлашиб кетаверди. Наҳотки ёши бир жойга бориб қолган, уч болалик одамни севиб қолиш мумкин? Севги ҳам ўлсин, менда унга нисбатан қандай ҳиссиёт уйғонганлигини ҳам билмай қолдим. Балки бу севгидир, балки дунёдаги ҳамма ҳислардан улуғроқ бир туйғудир. Билмадим, мен ўзимни унинг учун қурбон қилишга тайёрман. Уни ҳеч кимга бермайман. У меники бўлади.
“Нималар деяпман ўзи! Нималар бўляпти? Ахир, унинг гулдек хотини, уч фарзанди бор, улар нима бўлади? Уларни бахтсиз қилиб, мен бахтли бўла оламан-ми? Йўқ, бу гуноҳни бўйнимга илолмайман. Яхшиси, унинг чўриси бўлай, яхшиси Феруза келинойимдан кечирим сўраб, бошимни олиб, олисларга кетай. Йўқ-йўқ, ахир онам бетоб бўлса, унда онамга ким қарайди? Сарсонгарчиликда Моҳинурим нима бўлади. Йўқ, Отабек акани ҳеч кимга бермайман. Нима бўлса, бўлар. Уни севаман. Бир пайтлар эримни еру-кўкка ишонмас эдим. Охир-оқибат, мен интилдим-у, у ўзини олиб қочди. Уни бошимга кўтардим, у мени ер билан яксон қилди. Саволларимга, ҳатто тузукроқ жавоб ҳам қайтармади. Ўзини олиб қочди. Отабек ака-чи? У севаман деб айтмади. Аммо меҳрибонлиги, самимийлиги, инсонни улуғлаши, бутун борлиғи билан севишдан ҳам улуғроқ муносабати билан мени ўзига ром қилди. Балки дунё шундай одамлар туфайли ўрнида тургандир. Демак Отабек ака нимани ихтиёр қилса, мен шунга розиман. У мени қуруқ туҳматлардан асраб қолди. Менга қайта ҳаёт бахшида этди...”
Раънохон дилидан қуюлиб келаётган ана шундай ўйлар билан яшарди. Отабек билан бирга ишлаётган пайтларида, унинг иш столи четидан мижиғлаб ташланган бир қоғозни йиғиштириб қўйиш учун қўлига олиб, уни ёйиб текислаганди, ўшанда. У Отабекнинг шеърий машқлари эди. Отабек агар матн кўнгилдагидек чиқмай қолса, қоғозни мижиғлаб ахлат қутисига ташлар эди. У сатрларни ўқий бошлади, сўнгра азиз ёдгорлик сифатида сақлаб қўйди: Ўша мисраларни доимо такрорлар, улар ёд бўлиб кетган эди:
“Муҳаббат йўллари, шунча йироқми?
Кечикиб келгани, алам, фироқми?
Зулматни ёритган митти чироқми?
Бунча қийнамасанг руҳимни ибо!
Отабекнинг отаси болалигида магазиндан олиб келиб берган Тошкент, унинг орзулари ва тенгсиз эзгуликка етаклаган. “Ёшлик, ҳеч қачон нажот ва умид ўлмайдиган ҳаёт, Аллоҳ томонидан инъом этилган омадли ижод, шону-шуҳратга бурканган юлдузли онлар, чақмоқдан чақнаган ва сўнаётган чақин. Балки шукронасини қилмаган, оққан сувнинг қадрини билмайдиган одам. Болаларини еру-кўкка ишонмайдиган, меҳрибон ота. Бор оламни эзгу ва саховатли ишларга эргаштира олган, минглаб жоннисор қалбларга малҳам бўла олган халқнинг азиз фарзанди, сенга нима бўлди? Балки сенга кўз теккандир. Сен ишонмайсан, балки сенинг йўлингни илму амал қилувчилар боғлаб ташлаганми? Йўқ-йўқ.” Ундай нарсаларга Отабек ишонмайди, ишонган ҳам эмас. Хизмат машинасида бораркан, хаёл суриб кетаётган Отабекка ҳайдовчиси Қудрат ҳам унга қараб-қараб қўяр эди.
– Раис, мени кечирасиз-у, – деди ҳайдовчи, – Менинг назаримда сизни кимдир илму амал қилган, ўқитган.
– Нега, бу кимга керак?, – сўради ҳайрон бўлиб Отабек ичини ўқий олган ҳайдовчисидан.
–Бўлмаса, шу Раънога ўралашиб қоласизми?
– Сиз ҳам уни доимо мақтаб гапирар эдингиз? Энди ёқмай қолдими?
– Эри билан ажрашмай туриб, сиз билан...
– Қаёқдаги гапларни қўйинг!
У машинани тўхтатди. Сўнгра костюмини қўлига олди-да, калитни кабинага отиб юборди. Отабек машина ичида бир неча дақиқа жим ўтирди. Анчадан кейин Қудрат орқасига қайтди.
– Кечирасиз, менинг ҳам бошим айланиб қолибди, – деди у. – Шу яқин ўртада бир афсунгар фолбин бор, бормаймиз-ми?
– Майли, бўпти, борсак борибмизда, – деди Отабек, – қайтанга ўзимизни ўқитиб юборардик.
– Шуни истасангиз, юринг борамиз, ўқитсак, ўқитиб юборайлик. Зеро иккимизнинг ҳам ишимиз яхши бўлиб кетса, ажаб эмас.
Қудрат ўттиз беш-ўттиз олти ёшларга кириб қолган бўлса-да, негадир ҳалиям уйланмаган эди. “Тўғрида, ўйларди Отабек, – баъзи одамлар шунча ёшга кириб қолсада, ўзига жуфти ҳалолини топиб, уйланмаган бўлса-ю, бу жаноблари ўз ёрини унутиб, бошқа жононни севиб юрса, бу инсофсизлик эмасми? Эҳ, юракка буйруқ бериб бўлмас экан-да! Юрак қурғур ҳам ўз эгасига баъзан қулоқ солмай қўяркан. Отабек ҳайдовчиси билан афсунгарникига кириб боришди. Одамлар навбат кутишарди. Олтмиш-олтмиш беш ёшлардаги фолбин навбат келганда иккисининг елкасига кафти билан урди-да, ерга думалай бошлади. У тутилиб-тутилиб гапирарди:
– Ҳар иккингизни ҳам ўқиб қўяман, – деди у. – уч марта келишингиз лозим бўлади. Иккалангизнинг ҳам юкингиз оғир. Ҳар иккалангиз ҳам беморсиз. Ҳар иккингизнинг ҳам дардингиз бор. Ҳар иккингизга мен ҳам, бошқа кучли табиблар ҳам ёрдам беролмайди. “Дардни берган Аллоҳ, шифосини ҳам ўзи беради. Биз баъзан сабабчи бўламиз, холос. У бир неча калимани ўқиди-да, юзига фотиҳа тортди.
– Мен-ку афсунгару фолбинларга ишонмайман, – деди Отабек Қудрат билан суҳбатлашаркан, – аммо бу одам жуда ваҳима қилиб юборди-ю?!
– Билмадим, – деди Қудрат, – олдин ҳам бир-икки марта келгандим. Яна келасиз деганди, сизни ҳам олиб келдим. Билмадим, у фақат дилимга ғашлик солади-да.
– Менга барибир, булар Худо бўлибдими? Мен ишонмайман, – деди Отабек Қудрат билан машина ичида суҳбатлашиб кетаркан. Мана беш-олти йилдан бери улар бирга ишлаб келишади. Қудратнинг бўйи икки метрга яқин, кўзлари кўм-кўк, юзи думалоқ, паҳлавон йигит эди. У оғир карвон бўлса ҳам, сабр-тоқатли, чидамли йигит. Иккинчи ҳайдовчиси Турсунбой эса муомалани қотириб қўярди. Ҳар хил ходимларидан кўра, Отабек шу икки ҳайдовчини ўзига яқин тутарди. Ҳатто баъзи сирларини ҳам ишониб гапираверарди. Улар Отабекни ҳам бошлиқ сифатида, ҳам дўст сифатида ҳурмат қилишарди. Афсунгарнинг ёнидан чиққанларидан кейин йўл-йўлакай Отабек Қудратга дилидагини айтиб кетди.
– Қудрат, сезиб турибман, – деди Отабек, – сенинг дидингга ёқмайдиган ишлар бўляпти, ўзинг билиб турибсан ёки “мени бўшатиб юборинг” демасанг бўлди. Қолган ҳамма айтганингни қиламан.
– Озгина жаҳлим чиқади-да, ака. Оиласи, бола чақаси бўла туриб, бу одам ақлдан озганми, деб ҳаддимдан ошиб кетибман. Бировнинг иши билан менинг нима ғамим бор, дегандек, мени кечиринг!
–Кечирим сўрашга ҳожат йўқ, – деди Отабек қатъий, – Ёки сен шу бир- икки ой ичида уйланасан ёки ишдан бўшайсан. Кейин қирққа кириб, нега уйланмай юрибсан деб сўрамайман ҳам.
– Сизга мен аралашдим, сиз менга аралашдингиз. Айтишга мажбурман. Отам билан онамнинг муносабатлари яхши эмас. Отамнинг бошқа жойда ўрис хотини, ва эшитишимча болалари бор. Менинг топганим нима бўлади. Уйнинг таъмирланишини ҳали охирига ҳам етказа олмадим. Майли, айтганингизга кўниб, уйланаман, аммо пул топсам бўлди, эртасига тўй.
– Яхши, ташкилий ишларга, келди-кетди, борди-келдиларга қанча пул кетади, - сўради Отабек.
– 20 000 сўм етса керак, – деди Қудрат тортиниброқ.
– Унда ҳозир Тўйтепага етиб бор, - деди Отабек “Абдураҳим арқончини танийсан, у менинг дўстим бўлади. Унинг менга бироз беришлиги бор, яъни 21, 300 сўм. Ўша пулни олиб, тўйга ишлат! Уч юз кишига мўлжалланган кафе ҳам менинг бўйнимда, - деди тантилик билан Отабек. Шу тариқа бир ойнинг ичида Қудратнинг тўйи ҳам бўлиб ўтди. Анҳор қаҳвахонасида ўтказилган маросим кўпчиликнинг ёдида қолди. Қудрат машинани Турсунбойга топшириб, ўзи “Муҳаммад Гармон” дастасига ажратилган “Дамас” машинасига ишга ўтиб кетди. Турсунбой Отабекнинг доимий ҳайдовчисига айланди. У кирчимол, барча катта-кичик ишларни ўз ўрнида бажарувчи камтарин инсон эди. Фақат бир айби, ишдан қўли бўшади дегунча ароқ ичиб оларди. Отабек ўзгалар ташвишини ўз муаммоси деб биладиган бемор эди. У девона эди. Девоналик ҳам бир дард, чунки ундай одамлар кўпчилик кўз ўнгида қандайдир қилиғи билан, яхши ёки ёмон деган ном оладилар. Буюк истеъдод эгаси Рауф Парпи ҳам дарвешу девона эди. У умрининг сўнгги йилларида матбуотчилар уйи ёнида жойлашган қаҳвахонада келар, ўта ичкиликка ружу қўйиб, атрофдагиларнинг бир оғиз ширин сўзига зор бўлиб ўтирарди. Буюк истеъдоднинг, яна бир шеърият юлдузининг жисмоний жиҳатдан сўниб бораётгани на бир амалдорни, на шогирдни, ҳатто сарой шоирларию зиёлиларни ўйлантиргани йўқ. Кўпчилик, агар бошингга ташвиш тушса, ўзингдан кўр дейишади. Аллоҳнинг амрисиз товонга ҳатто зирапча ҳам озор бермайди деб, ҳамдард бўлиш, ёрдам бериш, кўнглини кўтариш ўрнига одоб-ахлоқдан дарс беришади. Аммо пайғамбаримиз(с.а.в)нинг кўпроқ балоларга пайғамбарлар, солиҳ кишилар ва шунга ўхшаганлар йўлиқишади, деган сўзларини эсламайдилар ҳам. Отабек ҳар сафар ўзбек халқининг ҳассос шоири Рауф Парфи билан ўша кафеда учрашганида, мириқиб суҳбатлашарди. Унинг ҳазинли мисраларидан ҳаётга бўлган чексиз муҳаббатнинг қудратини сезарди. Ҳа, Рауф Парфи мунгли мисралар битарди, чунки у чор-атрофдагиларнинг бошқалар устидан айюҳаннос солиб, кулиб дўзах томон бораётганларидан огоҳлантириш ниятида мунгли ҳайқириқлар, мунгли мисралар битарди. Унинг мунгли, ғамгин, елкасида тоғларни кўтарувчи фалсафий мисралари ва қиёфалари муаллифнинг ўзини ҳам домига тортиб кетмоқда эди. Отабекнинг назарида кўплаб ижодкорлар ҳаётда ўз образларини яратиб, ўзлари ҳам ана шу образ сифатида яшай бошлайдилар. Балки устоз Шайҳзоданинг Ҳасан Кайфий образи унинг дилига яқин бўлганмикан. Бу улуғ шоирни тушунмоқ учун қайтадан туғилмоқ керак. Адабиётшунос олим Ботирхон Акромов Рауф Парфини “Чўлпондан кейинги буюк шоир” деб таърифлайди. Лекин бундай одамларни улуғ ишлари учун баъзи бир хатоларини кечириш лозимдир, деб ўйлайди Отабек. Уни хароб қилган унсурлардан бири ўз шеъриятидаги эзгуликни яқин одамларидан тополмагани бўлса ажаб эмас. Отабекка нима етишмайди. У нимани ҳам дўндириб қўйди. Аммо бир нарса аниқ, у ўзи яратган муаллифлик кўрсатувидаги, адолат ва ҳақиқат курашчиси, эл дарди билан ёниб яшовчи журналист – Отабек Юсуф образи, қиёфаси қобиғидан чиқа олмаяпти, чоғи. Энди у кўрсатув ҳам йўқ, аммо унинг руҳида, фаолиятида ана шу суронли онлар қаҳрамони яшаётгандек. Шу боис билиб-билмай девонасимон, парвонасимон ўзини оловга ўраб олаяпти. Қани энди, кунлар асрга татиб, “жуан-жуван”лар келиб қолса, хотирасини олиб ташлашса, балки оддий ва бахтли ҳаётни бошидан бошларми-ди? Афсус, ўтган кунларни қайтариб бўлмайди. Бугунги кунлар ҳам ўтган кунларга айланмоқда. Келгуси кунлар яна қандай туҳфалари билан келади, уни яратганнинг ўзи билади. Балки бугунги кунларни Абдулла Қодирий тирик бўлганида, яна бир асар қилган бўлармиди? Бу Отабек у Отабек эмас. Лекин ҳаёт ҳамиша эврилаверади.
Отабек ўз хонасида хаёл суриб ўтирарди. Унинг ёнига Ҳосил исмли дўсти кириб келди. Ҳосил билан кўрсатувлар тайёрлаб юрган пайтида танишган. Хонанда Муроджон Иброҳимов уни етаклаб, таништириб, “мана бу марғилонлик дўстим Ҳосил бўладилар”, деди. Ҳосил Муроджоннинг доиракаши эди. Кейинчалик у тез-тез Отабекнинг ёнига келадиган, оилавий маросимларни биргаликда ўтказадиган бўлиб қолди. У Марғилонда яшасада, “ёшликда берган кўнгил” деб, ўз курсдоши бўлган хонанда аёлга уйланиб олган эди.
– Отабек, – деди Ҳосил. – Энди мен ҳам Тошкентда муқим турмоқчиман. Бир қизим юрак хасталиги билан туғилган. Катта хотинимга ёрдам бермасам бўлмайди, деб қолди.
– Жуда яхши. Гулзодахонга ҳам ёрдам беришинг керак, – деди Отабек, – у ҳам ёлғизликда жуда қийналяпти.
– Отабек, дўстим,–деди Ҳосил,– мен Марғилонда тижорат билан ҳам шуғулланяпман. Маданият соҳасидаги ишларимиздан натижа ҳам бўлмаяпти, тўйларда ҳам аввалгидек тушум йўқ. Ўзингизга маълум, Гулзодахондан ҳам икки қизим бор. Биринчи хотиним билан ажралишиб кетганман. Катта ўғилни олиб, Тошкентга кўчиб келдим. Энди шу ерда ишлаб, Гулзодахонга ҳам кўмаклашсам дейман. Кичик қизимнинг юраги туғма хаста, оз-моз пул топиб, уни Арманистонга олиб боришим лозим, унинг дардини жарроҳлик йўли билан даволаш мумкин экан.
– Яхши, дўстим, –деди Отабек, -биз сиз билан кўпдан бери танишмиз. Албатта, оилавий борди-келдимиз бор. Эсингиздами, Гулзодахон билан Муроджон “От йили” деб номланган қўшиғимизни зўр ижро этишган. Телемарафоннинг чорловчи қўшиғи бўлиб, ҳамманинг ёдида қолган.
– Энди бунақаси бошқа бўлмайди,–деди Ҳосил, –узлуксиз кўрсатувингиз бетакрор асар бўлиб, ўзиям 25 соат давом этган эди. Эсингизда борми, ўғил тўйи қилганим, сиз билан Шерали Жўраев ўшанда Марғилонга келиб, хизмат қилган эдингиз. Сиз сал кечроқ қолдингиз. Ҳалиги Юнус поччам ёдингизда борми, Шерали ака даврани олаётган эди, шерикларингиз билан сиз ҳовлимизга, тўйхонага келиб келдингиз.. Юнус ака Шерали аканинг торини маҳкам ушлаб, ашулани, ҳофизни тўхтатиб : “Шерали ака, илтимос, сизни тонггача эшитамиз. Даврамизга мухбир Отабек Юсуф келдилар, икки оғиз табриклаб қўйсинлар” деди. Шерали ака дарров сергакланиб, сизни ёнига чақириб сўз берди. Сиз ҳам сўзни қийиб ташлаган эдингиз, ўшанда. Видеога ёзиб олганман ва уни ҳалиям тез-тез томоша қилиб тураман.
– Эсимда, эсимда. Ўғил тўйингизда ўзиям беш-олти минг одам қатнашган эди. Ўшанда мен ўзимни биринчи марта эл ичида танилган одамга айланганлигимни сезгандим. Сўзлар ҳам бир қуйилиб келди. Шерали ака ҳам ўшанда менинг мақтовимни роса келтириб юборганди. Элнинг севимли мухбири, дилдоши ва дардкаши деган эди. Ўша сабаб Марғилондан номзодимни Иттифоқ Олий Советига қўйиб, сиёсатга аралашиб кетдим. Тинчгина ижод қилиб юрган эдим.
– Ғам қилманг, нимагадир нима сабаб бўлади, – мана Девонда ишладингиз, ҳозир катта бир жамғарманинг раиси бўлдингиз, деди Ҳосил, – энди мен ҳам бир ният билан ёнингизга келдим. Менга ҳам бирорта вазифа берсангиз, қўлимдан келганича, жамоат ишларида сизга кўмаклашсам?
– Майли Ҳосилжон. Мен ўйлаб кўриб, сизга муносиб иш топсам, бир-икки кун ичида жавобини айтсам бўладими?
– Дуруст, – деди Ҳосил, –Мен ҳам Гулзодахон билан маслаҳатлашай, раҳмат дўстим. Ҳосил Отабек билан хайрлашиб чиқиб кетди. Санъаткор аҳли ўзи ажойибда. Одамлар билан тил топади, ишларини шу тариқа юргизади. Энди Ҳосил билан Муроджон Иброҳимов орқали танишганман, хаёлидан ўтказарди Отабек. Ҳосилжон ҳам кўп ишларни қилиб қўйган. Жамғармада унга қандай иш берсам экан? Маданият бўлимида у нима қилади? Ташкилотчиликми, йўқ бу иш унга ёқмаса керак. Доирачиликнинг маоши оз. Айтгандек, қизимни даволатишга маблағ керак, деганди. Унга тижорат ишларидан берсам, Марғилонда фирмам бор, деяпти-ку. Пул топса жамғармага ҳам фойда, оиласига ҳам. Тўғри, унга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган бирорта иш, имконият яратиб бериш керак. Муроджоннинг айтишича, у биринчи оиласи билан ажралишиб кетганидан кейин курсдоши Гулзодахонга уйланиб олган, иккаласи биргаликда ижод қилар, тўйларга ҳам бирга боришарди. Ҳосил у билан биргаликда рўзғор тебратиб, икки фарзандли бўлишган. Ота-онасини ёлғиз қолдирмаслик ниятида Марғилондан ҳам ёш қизга уйланган. Қонуний хотини ўша, сўнггиси бўлса керак. Ҳосил йўлини топса, баъзи бир қонунга тўғри келадиган ва келмайдиган ишларни қилиб кетаверади. Сал худбинроқ. Муроджон кўпинча уни танқид қилиб, ўзининг ёнида ҳам бемалол фикрини айтаверар эди: “Бу Ҳосил хотинбоз, яқинда учинчисига уйланди. Буни ўлиги кўчада қолади,- дерди. Ҳосил бўлса, сенларга ўхшаб зинокор бўлгандан кўра, никоҳлаб, ҳалол қилиб, тўрттасини оламан, билдингми, дерди. Муроджон бўлса, астағфуриллоҳ, яна бошқаларга туҳмат ҳам қилади бу номард”. Аввал танишларингни, бола-чақаларингни ҳисобини қилиб олсанг-чи? Уларга ҳам дон, ҳам сув керак” дерди. Муроджон эса ўта оилапарвар, ижодда тенгсиз ижод соҳиби бўлишига қарамай, ҳокисор ва ўта ғурурли одам. У билан Отабек Фарғона вилоятидан тайёрланган “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” кўрсатувини тайёрлаш вақтида,80-йилларда танишган эди. Ушбу кўрсатувда Муроджон ижро этган Саъдий Шерозийнинг “Дил саройи” деб номланган қўшиқ билан иштирок этганди. Шу тариқа бу икки ижодкор ўртасида ижодий ва инсоний дўстлик туғилганди. Бир куни Бухородан тайёрланган “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” кўрсатуви учун Муроджон Иброҳимовнинг “Соғиндингми?” номли қўшиғи берилди. Отабекнинг Саёҳат исмли ёрдамчиси бўлиб, миллати тожик эди. Саёҳат расмбоп, чиройли бўлгани учун уни видеоклиплар урф бўла бошлаганда тажриба тариқасида Муроджонга хаёлий маҳбуба сифатида суратга олиниб, монтаж қилинди. Ролик шунчалик таъсирли ва муваффақиятли чиқди-ки, бу ўз-ўзидан кўрсатувга бадиийлик олиб келди. Аммо Муроджон маломатга қолди. Унинг турмуш ўртоғи “Cиз ким билан Бухорога бориб юрибсиз” деб жанжал кўтарди. Ўшанда Отабек бир амаллаб, воқеани тушунтириб, уларни яраштирган эди. Шу боис Отабек Муроджонни ўзига ибрат деб биларди. У кўп масалаларни ечишда у билан маслаҳатлашиб иш қиларди. Ҳосил масаласида ҳам у билан гаплашиб олишни дилига тугиб қўйди. Муроджоннинг отаси саксон ёшлардан ошган, бир умр ўқитувчилик қилиб кун кўрган инсон эди. У ўзбек халқининг улуғ ҳофизи Маъмуржон Узоқов ва Муроджон Аҳмедовлар билан дўст бўлган эдилар. Дўсти шарафига ана шундай улуғ санъаткор бўлсин дея ўғлига Муроджон деб ном қўйган эди. Унинг укаси Илҳом Иброҳимов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонига сазовор бўлди. Муроджоннинг онаси ёшлигида вафот этган. Унинг онаси Муроджонга ўлими олдидан “укангга меҳрибонлик қил!” деб васият қилган эди. Отабекнинг айтишича, “Муроджон Иброҳимов “Ўзбек В.Высоцкийси”. У куйлаган қўшиқлар миллий меросимиз дурдоналарига айланиб, диллардан дилларга кўчиб келмоқда. У ўз услуби билан минг йиллик маънавий ва маданий бойликларимизни “Бугунги кунларга олиб келган улуғ санъаткордир”. Унинг унвони бўлмаса-да Муроджон Аҳмедов каби халқимизнинг буюк санъаткор устазодалари сафида туришга муносиб ижодкордир. Унинг “Оқбилак ойим, Анжонлик”, “Юрагимда тош қолди”, “Арзимас”, “Дил саройи” каби халқ анъанавий лапарлари ва замонавий оҳанглар уйғунлиги билан йўғрилган қўшиқлари мухлисларнинг тили ва дилига кўчди. Отабекнинг хаёлидан ана шу ўйлар ўтарди. Ҳосил ҳам унинг доиракаши, яқин одами бўлса керак. У билан албатта, Ҳосилга ёрдам беришади.
Отабек хонасига хўжалик бўлими мудири Мамадали Эшонқуловни чақирди ва сўради:
– Ишлар яхшими, уйларни таъмирлайдиган “З.Зафар” корхонаси нима бўляпти. Анчадан бери Зоҳид кўринмайди. Нега қурилиш-таъмирлаш корхонангиз сустлашиб кетди. Ҳар хил қизлари ҳам кўпайиб кетибди.
– Зоҳид, ишлайди. Кейинги пайтларда унинг ишлари юришмайроқ турибди. Ажратилган маблағлари тугаган.
– Ҳамиша шунақа, –деди Отабек, норози бўлиб. –Кейинги пайтларда тадбиркорларингиз устамон бўлиб кетишяпти. Фойда келтириш ўрнига фақат зарар келтиришяпти. Республикада ташкил этилган 40 та корхонадан фақат учтаси яхши ишлайди, қолганлари кони зарар. Бўлмаса инфляция, пулнинг қадрсизланиши туфайли қарзидан бир амаллаб қутилишяпти. Фойдадан дарак йўқ. Ўн фоизлик даромад ҳам уларга оғирлик қиляпти. Улар бу кетишда жамғармани абгор қиладику.
– Тўғри, раис. Тўйтепалик “Абдураҳим арқончи”, Қўрғонтепалик “Неъмат”, Наманганлик Фазли Камол тузук. Тошкент шаҳридагилар туппа-тузук ишлаётган эди. Мирзакатта акаларнинг бўлимига ўтиши билан улардан тушадиган маблағлар Тошкент шаҳар бўлимига тушяпти, улар ҳисобот ҳам бермай қўйишди, –деди Мамадали Эшонқулов.
– “З.Зафар”нинг ишлари энг ёмон. Уни Ҳосил Баракага берсак қандай бўлади?,- сўради Отабек.
– Ўзингиз биласиз, раис, – деди ихтиёрни раисга ташлаб Мамадали ака.
– Ҳар қалай бекор турибди, фойда келгани яхши-да. Сиз маблағ топаверасиз, улар ҳам ишлайверадилар.
– Энди аҳолини иш билан таъминлаш деган масалалар ҳам бор..., – деди Отабек, – шу кичик корхоналар орқасидан беш-ўн оиланинг қозони қайнайди. Одамлар иш жойини йўқотмайдилар.
– Тўғри, бўлмаса мен унинг ҳужжатларини тайёрлатиб қўяй,–деди Мамасоли Эшонқулов, – Ҳосил Барокот келса, биргаликда кейин менинг ёнимга киринглар. Ҳа, айтгандек, “З.Зафар”нинг ҳисобчиси йўқ. Шу ўзимизда ишлайдиган Зояни унга ҳисобчи қилиб берсак, қандай бўлади?
– Маслаҳатлашамиз!
– Маъқул,–дея Мамадали Эшонқулов хонадан чиқиб кетди. Кечга яқин Отабек ўз ҳузурига Ҳосилни, Зояни ва Мамадали акаларни йиғди. “З.Зафар” қурилиш-таъмирлаш корхонасини ривожлантириш юзасидан таклиф ва тадбирлар юзасидан сўз олиб борди.
– Хўш, дўстлар, –деди у Мамадали акага юзланиб, – корхона ҳисобида маблағ борми?
– Йўқ, – деди Мамадали ака, – Ўзи кейинги пайтларда ҳисобингизни билмай қолибсиз, раис, -деди у.
– Энди сизлар журналистсизлар, – деди Фозил боши қотиб, – мен маданият ходими бўлсам ҳам савдо ишларини, тижоратни яхши биламан. Кўнгилга олмасангиз, бир кичик латифам бор. Бу латифани отам айтиб берган эди. Шу жумбоқни кўпчилик ечолмаган эди. Мен беш ёшимда ечиб ташлаган эканман. Отам: “Бир тўп лайлак учиб кетаётган экан, уларга қараб, ерда турган бир чўлоқ лайлак, эй, лайлаклар мени ҳам олиб кетинглар, шунда 100 дона бўлиб учамиз, дейди. Учиб кетаётган лайлаклар галасининг бошлиғи бизча, бизнинг ярмимизча. Ярмимизнинг ярмига ва сен қўшилганингда юзта бўламиз ва учиб кетамиз, деб жавоб қайтарибди.
Ўтирган ака-укаларим ҳарчанд уринсалар ҳам бу масаланинг ечимини айтиб бериша олмасди. Болаларни калака қилиб, мана бу кенжатойдан ҳам сўрайликчи, нима деб жавоб бераркин деб қолди. Шунда мен учиб кетаётган лайлаклар тўдасида 36 та лайлак борлигини айтганимда, улар “офарин, балли, топди-я азамат. Сендан келажакда ҳисоб-китобни биладиган ишбилармон етишиб чиқишига ишончим комил деб баҳо берган эди. 36+36+18+9=99+1=100. Ушбу рақамларни Ҳосил оқ қоғозга ёзиб ўтирар эди. Отабек дарров фаҳмлади, шу ҳазил билан бирингиздан Ҳосил, ўртага келган муаммодан ўтирганларни чалғитди, иккинчидан ўзининг ҳисоб-китобни яхши биладиган, тежамкор одам эканлигига шаъма қилиб қўйди.
– Отабек, деди Ҳосил кулгидан тўхтаб, жиддийлашиб, –тижорат учун сармоя зарур. Агар дастлабки сармоя бўлмаса, пул топиш ва фойда олиб бўлмайди. Бизга бир йил муддатга сармоя берсангиз, фойдасини олиб, пулни ўрнига қўямиз ва олган соф фойданинг 10 фоизини жамғарманинг хайрия мақсадларига ўтказиб берамиз.
– Об этом что вы скажите, Зоя Викторовна! Отабек Бош ҳисобчидан сўради. У ҳам энди қўлимга “З.Зафар”га ҳам бош ҳисобчи бўлаётганлигини ҳисобга олиб, дарров кўнди.
– Хорошо! Если намеченные выполниться, хорошую пользу и прибыль можем получать. Всё зависит от руководителя. Я думаю что Ҳосил Баракатович, будет стараться.
Яхши, –деди Отабек, –Ҳосил ака, дастлабки сармоя қанча бўлиши керак. Қандай тижорат ва тадбиркорлик режаларингиз бор?
– Биз Навоий азот корхонасидан 10 минг АҚШ доллари миқдорича маблағ эвазига 20 тонна сунъий ип сотиб оламиз. Уларни келишилган нархларда Марғилонлик ишбилармонларга сотамиз. Майли, агар маблағ топа олмасалар касаначилик маҳсулотларини ҳам қабул қилаверамиз, – деди Ҳосил.
– Майли мен розиман, ишни бошлайверинглар, маблағ ажратиб берилади,- деди Отабек қатъийлашиб.
Шу тариқа тадбиркор Ҳосил иш бошлади. У белгиланган режаларга ҳам қараб ўтирмади. Ажратилган маблағларни ҳар йўл билан айлантира бошлади. Бир неча ой ўтгач бош ҳисобчи Зоя Викторовна негадир хавотирлана бошлади. У раисга олиб борилаётган ишлар ҳақида ахборот берди. Маълум бўлишича, Ҳосил “З.Зафар” корхонасига ажратилган маблағлардан банк орқали пул кўчириш йўли билан Қорақалпоғистондан 10 тонна гуруч сотиб олган. Уни Фарғона ва Андижонлик тадбиркорларга нақд пулга сотган ва банк ҳисоб рақамига нақд пул ўтказиб, ўз тижоратини авж олдираётган экан. У яна Ҳосилни чақиртириб, тижорат ишларини у билан “З.Зафар” тижорат фирмаси ҳисоб-китобларини келишиб олмоқчи бўлади.
– Отабек дарҳол Фозилни қабулига чақиртирди.
Фозил қўрқа-писа Отабекнинг қабулига кирди.
— Келинг, укам, - дея қарши олди уни Отабек, жиддий оҳангда. – Ахир биз бундай келишмаган эдик-ку.Нималар қилиб юрибсиз?
– Раис бува, – деди Ҳосил ҳайрон бўлиб, – Бирор кор-хол бўлибдими?, деди талмовсираб.
– Бўлиш арафасида. Биринчидан, нақд пул билан ишлаш қонунга хилоф. Иккинчидан, тушган маблағларни дарров банкдаги ҳисоб рақамингизга кирим қилишингиз зарур. Агар текширувчилар келиб қолса, жиноий жавобгарликка тортилишингиз аниқ.
– Ахир бошимизда сиз турибсизку. Менимча, сиз мени жиноий жавобгарликка торттирмасангиз керак, шундайми? – деди Ҳосил киноя билан. Энди чўнтагимда уч-тўрт сўм маблағ бўлмаса, ҳозир тижорат қилиб бўлармиди? Сизга ҳам атаб қўйганим бор, раис. Ахир шерик бўлиб ишлаймиз-ку.
– Менга атаб қўйганингизни гапирманг!, – деди Отабек бироз жаҳли чиқиб, бош ҳисобчингиз икки ойдан бери маош олмабди. Ходимларингизга маош беришингиз, солиқ учун ажратилган ажратмаларни ўз вақтида тўлашингиз лозим. Ҳар ойда бир марта ҳисобот беришингиз керак.
– Тушунаман раис бува, – деди Ҳосил. Мен ҳисоботларни уч ойлигини бирданига топширмоқчи эдим. Ҳеч кимга маош ёзилмаган, шунинг учун солиқ тўламаймиз.Фойда олганимиз ҳам кирим қилинмаган, фойда ва даромад солиқлари ҳам тўланмайди шунда.
– Энди Ҳосил, – дея чайналди Отабек, – барибир белгиланган тартибга риоя қилиш керак, укам! Бошимиз балога қолиб кетмасин! Сизга бир ой муддат бераман. Шу муддат ичида қолган маблағларингизнинг шартномада кўрсатилган тартибдаги қисмини жамғарма марказий ҳисоб рақамига ўтказиб берасиз!
– Тушундим раис бува, – деди Ҳосил табассум билан, – Ёдингизда бўлса, мен кичик қизимнинг юрак хасталиги ҳақида гапирганман. Моддий ёрдам сўраганим билан жамғармада маблағлар кам, буни биламан. Сизни ҳам бошингизни қотирмай, ишлаб топишимга шароит яратиб берсангиз, ўзим шу муаммони ечар эдим?!
– Ҳа, айтган эдингиз, эсимда турибди – деди Отабек, – Биз энг аввало корхонанинг ишини тартибга солиб олайлик, қолгани кейин бўлаверади.
– Отабек дўстим, – деди яна Ҳосил. – Биз сиз билан нафақат жамоадош, балки яқин дўстмиз. Яқинда Марғилонда бўлган эдим. Эшитишимга қараганда сиз лоторея ютуқлари учун аҳолидан уй-жой сотиб оляпсиз экан, уларни таъмирламай туриб, ютуқ эгаларига бермайсиз, албатта шуларни таъмирлаш масъулиятини менинг корхонам олса қандай бўлади? Агар маблағларни ўтказиб берсангиз, биз таъмирлаб берардик?
– Тўғри айтасиз Ҳосилжон. Айтингчи, тўрт хоналик уйни қанча муддатда таъмирлаб бера оласиз, - сўради Отабек.
– Менимча, уч ой керак бўлади.
– Унда ўн дона квартирани икки йилда таъмирлаб беришингиз мумкин экан-да, – деди Отабек, – Аввал қурилиш-таъмирлаш ишларини бажарганмисизлар ўзи?
– Ўрганамиз, пул бўлса, конвеер қилиб ташлаймиз, – деди Ҳосил ҳазиллашиб.
– Ҳосилжон, бу ҳазил эмас. Уларни замонавий қилиб таъмирлаш учун энг яхши мутахассислар керак. Дизайнер, безовчи, қурувчиларнинг турли касб эгалари. Унинг устига муддат оз. Уч ой ичида биз 10 та квартирани сотиб оламиз, таъмирлаймиз ва ютуқ эгаларига топширамиз,–деди Отабек. –Биз бу соҳада “Карат” фирмасининг раҳбари Равшан Ризаевни таклиф қилганмиз. Бу фирма уйларни олди-сотди ҳужжатларини тайёрлайди, сотиладиган уй топади ва маблағларни тўлашни ташкил этади. Отабек “Карат” фирмаси раҳбари Равшан Ризаевни чақиртирди. У барча билан саломлашгач даврага келиб ўтирди.
– Равшанбек, дўстим, уйларни топиш масаласи қандай бўляпти, – сўради Отабек.
– Мен бу ишни тез бажариш мумкин деб ўйлагандим, янглишган эканман. Уйнинг эгалари биринчидан уй-жойларини пул кўчириш йўли билан сотишмас экан. Уларнинг кўпчилиги нақд пул у ёқда турсин, АҚШ долларига, “кўк”ида сотишармиш. Бунга нима дейсиз?
– “Кўк”и деганингиз нимаси?
– Нима бўларди, долларда дегани. Ўртача уй нархлари 7-8 минг АҚШ доллари миқдорида бўляпти. Унинг учун ҳозирги кунда бир долларни 150 сўмдан ҳисобласак, тахминан харажатлари билан бизнинг пулга бир ярим миллион сўм атрофида бўляпти. Ўзингиз биласиз, қайси тешикка бош урсангиз, пул, хизмат ҳаққи, оз-моз чойчақа. Менимча, биз бу ишни уддалай олмаймиз. Иккинчидан, нақд пул билан пул кўчириб ўтказилган маблағлар қиймати 20 фоизни ташкил этади.
– Бу нима деганингиз, – сўради Отабек, – менга дона-дона қилиб тушунтириб бермасангиз, яхши тушунолмаяпман.
– Мисол учун, сиз менга бир миллион сўм пул ўтказиб бердингиз дейлик, – деди Ҳосил гапга аралашиб. Мен унинг ўрнига саккиз юз минг сўм нақд пул қиламан. Шунинг учун ҳам “З.Зафар” фирмасидаги барча олди-сотдиларни ёзиб-чизиб ўтирмай нақд бажараётганлигимни сабаби шунда-да, раис бува.
– Тушунарли,–деди Отабек, – таъмирлаш учун лойиҳа ҳужжатлари, уларнинг ҳисоб-китоби олдиндан қилиниши керак, шундайми, Равшанбек!
– Ҳа, смета ҳужжатларини тайёрлаш учун ҳам маблағлар зарур, сарф-ҳаражатлари ҳам анча бўлади. Ишчиларнинг меҳнат ҳақлари, улардан тўловлар, қурилиш материаллари ва ҳоказо.
– Уларни соддалаштиришнинг иложи йўқми, – сўради Отабек.
– Бўлади, лекин яна қонунда белгиланган талаблар бузилади, – деди Равшанбек. – Бизнинг фирмамизда истайсизми-йўқми, 10 фоиз меҳнат ҳаққи тўлашингиз зарур. Нотариус ҳаққи, бош тўловлари эски қурилган бинолар учун 10 фоиз, янгилари учун йигирма фоиз қилиб белгиланган.
– Пул неча танга, минг танга, мана минг танга. Пул неча танга, бир танга, қани, бир танга бўлар эканда, – деди Ҳосил. –раис бува, пулингиз бор, тўлаб юбораверасиз-да.
– Демак уй сотиб олишимиз учун ҳозирги уй-жой нархига нисбатан икки баробар маблағ зарур бўларкан-да? – сўради Отабек ўйланиб туриб, –Унинг устига баъзи иқтисодчиларнинг тахминларига кўра, сўмнинг қадрсизланиши юз берармиш. Россияда долларнинг нархи кўтарилиб кетса, истаймизми йўқми, бизга ҳам таъсир қилади. Чунки ҳозир МДҲ ҳудудида рублнинг қадрсизланиши руҳий жиҳатдан бизнинг фуқароларимизни ҳам унга мослашишга интилиши билан ўлчанади.
– Иқтисодчи бўлиб кетинг-э, – деди Ҳосил ҳазиллашиб.
– Шу боис Равшанжон, дўстим уй сотиб олишни шу бир-икки ой ичида тугалламасак аҳволимиз чатоқ бўлади. Ҳозирги кунларда “Инсон манфаатлари учун” деб номланган хайрия лотореяларимиз, сотиб бўлинди. Қандай таклифларингиз бор,- сўради Отабек ўтирганлардан.
– Биринчидан, эски уйлардан сотиб олиб, яхшилаб таъмирлашни таклиф этаман, – деди Равшанжон, – бунинг натижасида расмийлаштиришдан ўн фоиз ютамиз. Шунда расмийлаштириш умумий уй нархининг ўттиз фоизини эмас, йигирма фоизини ташкил этади. Бизнинг фирмага уйларни ўзларингиз топиб беришингиз, шунда беш фоиз эмас, икки фоиз хизмат ҳаққи олади. Демак йигирма икки фоиз сарф харажатга йўналтирилади.
– Эски уйларни олсак, янгиси ҳам барибир ютуқ эгаларининг талаби даражасида эмас, уларни таъмирлашни қандай ташкил этиш мумкин. Отабек мажлис қатнашчиларидан сўради, бу пайтда барча мутахассислар, раёсатнинг бошқа аъзолари ҳам кириб келган эдилар.
– Уй сотувчиларининг ўзлари таъмирлаб кейин сотсалар, бу харажатлар эллик фоизга камаяр эди,- деди Ғайрат ака таклиф киритиб.
– Ким ҳам уйни ўз ёнидан ўзлари таъмирлатиб, яна “сотаман” деб кутиб турибди, – деди Мамадали ака.
– Если вы оплатите все расходы, я согласна, продаю свою 3-х комнатную квартиру, – деди бош ҳисобчи Зоя Викторовна. – Я сама организую свой ремонт.
– Хорошо, жуда яхши, –деди Отабек, –демак зудлик билан ўзимизга қарашли уйларни сотиб олсак, масала тезроқ ечилади. Чунки ютуқ эгалари уни яна ютуқ чиққан кундан 3 ой давомида олишга ҳақлидирлар, деб молия вазирлиги тасдиқлаган ўйин қоидаларига ёзиб қўйилган.
– Ўзимизникилардан сотиб олинар экан-да? – сўради Ҳосил.
– Бу дегани бегоналарники олинмайди дегани эмас, – деди Отабек, – шундай фуқаролар топинглар марҳамат.
– Билиб-билмай ютуққа уй-жойлар қўйилган экан, яхшиям раис бува, ҳар бир ютуқ учун ажратилган пуллар етарли қилиб белгиланган. Бўлмаса шўримизга шўрва тўкилар экан.
– Барча бўш. Ҳаммангизга раҳмат, деди Отабек йиғилганларга жавоб берар экан. Барча чиқиб кетишгач, хонада Равшан Ризаев билан Ҳосил қолди.
– Ушбу ишнинг энг нозик томони банкдан нақд пул олиш масаласи ҳисобланади. Мен “Транс” банк билан шартнома тузганман, – деди Равшан Ризаев, – нақд пул тўлашни банк ўз зиммасига олган, фақат банк хизмати учун белгиланган тариф бўйича хизмат ҳаққи тўланиши белгиланган. Аммо бу муаммо эмас, ўн фоиз нақд олиб қоладиган жойи бор.
– Яна тўла, тўла, – деди Отабек, – қандай замонга қолдик. “Бекорга мушук офтобга чиқмайди” деган мақолни энди тушуниб турибман. Бу айтган масалангиз энг оғири экан. Уни порахўрлик дейиш керакми, рибо ейиш деб баҳолаш керакми, шу ери ҳаром эканда.
– Иложимиз қанча, – деди Равшан Ризаев, – бўлмаса банкдан арзимаган маблағ учун ойлаб сарсон бўлишингиз мумкин.
– Энди пулнинг иши шу, – деди Ҳосил, бу масалаларда мен ёрдам беришим мумкин. Гулзодахоннинг икки хонали квартирасини жамғармага ўтказиб бераман. Таъмирлаб топшираман. Фойдаю зиёнимни ҳисоблаб, ҳаммасини имида-жимида бажараман.
– Ана икки дона уй бор, яна саккизта топсак бас, – деди Равшан Ризаев, – Сизнинг ишингиз – берилган ҳужжат асосида маблағ ўтказиб берсангиз бўлади. Қонунни бузмайсиз, жамғармани эса зарар кўришдан сақлаб қоласиз.
Отабек ўйлаб туриб рози бўлди. Шундай қилиб, уй-жойларни олдиндан ютуқлар учун тайёрлаб қўйишга киришилди. Бир ҳафтанинг ичида Ҳосил Гулзодахонга қарашли уйни жамғарма тасарруфига ўтказди. Бош ҳисобчи Зоя Викторовна ҳам белгиланган муддатда бу ишни уддалаб бўлди. Ҳар иккиси ҳам мўмай пулларни санаб олдилар. “Карат” фирмасининг ҳам ишлари юришиб кетди. Ҳосил мамнун ҳолда раис ҳузурига кириб келди.
– Ассалому алайкум, раис бува! Сизга минг раҳмат, миннатдорман!, – деди мамнунлик билан.
– Ишлар қандай бўлди?
– Хамирдан қил суғургандек, тез битди. Равшанжонга ҳам ҳаққини бердим. Мана бу сизнинг улушингиз, –деди-да Отабекнинг столига конверни қўйди.
– Энди буниси нима?, -сўради Отабек.
– Тўғри тушунинг, раис бува, – деди Ҳосил, - истайсизми, йўқми, бу ишда оз-моз чойчақа ҳам ишлаб олишингиз керак. Сизни бекордан-бекорга ҳамма талаб кетаверадими? Мен Худодан қўрқаман. Гулзодахоннинг уйини нархини уч минг АҚШ долларига чақдик. Барча сарф-харажатлар билан ўн бир минг АҚШ долларига нархи тўғри келди. Бизнинг пулга 1.650.000 сўм ажратилди. Мана бу 1000 АҚШ доллари сизнинг улушингиз.
– Йўқ, йўқ, Худонинг қаҳрига учраймиз. Пора олиш ҳам, пора бериш ҳам жиноят. Энди жиноятчи бўлишим қолувди, – деди Отабек эътироз билдириб. Агар менга ёрдам бермоқчи бўлсангиз, бир илтимосим бор. Шуни Мавлуда опа исмли бир қариндошим бор, унинг уйини ҳам сотиб олишимиз керак. Бироз чиқадиган фойда эвазига уй-жойларини яхшилаб оладилар, шунга беринглар!
– Э, бу ишни Равшанжон боплайди, – деди Ҳосил, – барча ҳужжатларни унинг ўзи тўғрилайди.
– Сиз мени тушунмадингиз, – деди Отабек, – сиз унинг уйи ремонтини бажариб бўлгач, жамғармага ўтказиб берсангиз, демоқчи эдим.
– Тушундим, аммо пуллик ишларни ҳозир бировга ишониш қийин. Мен-ку уйини таъмирлайвераман, кейин таъмирлаш пулини ундириш мушкул бўлади, – деди Ҳосил. – Ҳозир қўлимда маблағ бор. Яхшиси мен ўша уйни сотиб олай, майли опа оладиган фойдани ҳам қўшиб бериб сотиб оламан, сўнгра жамғармага ўтказиб бераман, нима дейсиз?
– Яхши, унда мен олдин Мавлудахон опа билан маслаҳатлашаман, – деди Отабек, – Лекин ҳар икки уйни ҳам ўз вақтида таъмирлашингиз, кўз кўрса, қувонадиган бўлиши лозим! Роза опа топширган уйларни кўрдингизми? Сиз ҳам ана шундай даражада топширишингиз лозим! Уй нархи қанча бўлса, таъмирлашга ҳам шунча маблағ ажратилади Ҳосилжон,- деди Отабек жиддий оҳангда.
– Тушундим, албатта шундай бўлади – деди ҳозиржавоблик билан Ҳосилжон.
Шундай қилиб уйларни сотиб олиш, таъмирлаш ишлари бошланиб кетди. Ҳосилжон ўзида йўқ хурсанд, бир томондан, уй-жой сотишдан фойда кўрса, иккинчи томондан, таъмирлаш учун ажратилган маблағлар ҳисобига одамларни, қурувчиларни ишлатади, ўзи ҳам маблағ топади. Тошкент шаҳрига келиб, бекор юрмайди. Яхшиямки, унинг дўсту ёрлари бисёр. Отабек раҳбар бўлса ҳам роса содда бир йигит-да. Журналистликни қойил қилгани билан бу пул ишига йўқ экан. Ҳосил Мавлуда опанинг уйини ҳам Гулзодахоннинг номига ўтказди. Лекин опага фақат келишилган пулни тўлади. Бир куни Мавлуда опа, Отабекка қўнғироқ қилиб қолди.
– Ука, бу Ҳосилжон менга олти минг ташлаб кетди, сиз саккиз минг беради деган эдингиз-ку!?
– Шундай қилдими? Яхши, мен аниқлайман. Биз шундай келишган эдикку, – деди Отабек ҳайрон бўлиб. У икки соат ичида Ҳосилни топдириб келди. Улар биргаликда тушлик қилиш учун кафега кирдилар.
Овқатни еб бўлишган Отабек гап бошлади:
– Ҳосилжон, дўстим, Мавлуда опангизга саккиз минг сўм тўланг дегандим-ку ахир, сиз бўлсангиз, олти минг сўм берибсиз, холос. Нега бундай қилдингиз?, – сўради Отабек норози бўлиб.
– Энди,опанинг уйи олти минг ҳам турмайди-ку, – жавоб берди Ҳосил, – Ахир ёнингиздан бермаяпсиз-ку. Уларга ҳам зарурми оз-моз фойда кўрмаса, ахир ҳеч ким уйини ўз-ўзидан сотмайди-ку. Шунда ҳам сизнинг таъмирлашингиз учун 2-3 минг сўм кетади, фойда ҳам қоляпти.Қолган икки мингни сизга бермоқчи эдим, – деди Ҳосил.
– Мана ҳозир икки мингни сизга бераман.
– Менга ёнингиздан пул тўлаётгандай гапирасиз-а, – аввал бировни рози қилиб уйини олиш керак!Бўлмаса бу пул буюрмайди, – деди Отабек, – Пул шайтон, дўстларни ҳам душманга айлантиради керак бўлса.
Ҳосил икки минг сўмни санаб, қўлига олгач Отабекнинг ёнига яқинроқ сурилди.
– Мана икки минг сўм, санаб олинг,- деди Ҳосил дона-доналаб, – Хоҳласангиз ўзингиз Мавлуда опага бериб қўярсиз, қайнонангизга. Ҳосил норози оҳангда юзида ўзгариш билан Отабекка пулни узатди. – Мана, мендан икки минг АҚШ долларини олдингиз, биз лабзимизда турамиз, деди ижикилаб.
– Ҳа, олдим. Нега қайта-қайта санайсиз, – деди Отабек ҳайрон бўлиб, – Тўғри, санадим, икки минг сўм. Ҳа, Ҳосил, Ҳосилжон-а, лайлаклар сонини топқирлик билан ҳисоблаб берганингизни айтиб берган эдингиз. Уй-жой савдосини ҳам ўша лайлакларга ўхшатиб юбордингиз, шекилли. Айтиб қўяй, ўша лайлаклар ҳисобини қилганингизда ҳам опаниям, мениям, жамғарманииям чув туширасиз. Қаранг, бизу бизча дегани, уйнинг нархи қанча бўлса шунча таъмирлаш харажатлари дегани. Буни Гулзодахоннинг уйи мисолида ҳисоблаймиз!
Уйнинг нархи уч минг, унга уч минг қўшасиз, олти минг бўладими? Бизнинг ярмимизча дегани, уйнинг дастлабки нархининг ярми бир ярим минг деганими?Демак етти ярим минг дегани.Ярмининг ярмича дегани етти юз эллик доллар дегани, жами қанча бўлди, 8250 (саккиз минг икки юз эллик) доллар дегани. Сиз эса кўринмайдиган харажатларни рўкач қилиб, ҳар бир уйга 11500 (ўн бир минг беш юздан, 23000 (йигирма уч минг) АҚШ долларини олдингиз. Ўн олти ярим мингни олиб ташласак, 6500 (олти ярим минг) доллар фойда кўряпсиз. Одамга бироз инсоф ҳам керак-да, дўстим – дея Отабек барчасини оғзаки ҳисоб-китоб қилиб берди.
– Раис бува, – деди Ҳосил, – Ҳар бир уйдан раисга 1000 (минг) АҚШ доллари беришимиз керак, деб “Карат” фирмасидаги Равшанжон олиб қолдилар. Сизга пул беришмадими?
– Нима деяпсиз, – деди Отабекнинг ранги бўзариб, – Менга жамғарма манфаати улуғроқ. Ютуқ эгалари олдида юзим қизармаса бўлди. Уларни тез топширмасангиз бўлмайди. Таъмирлашни тезлатинглар. Айтгандек, “З.Зафар” учун олган қарзларингизнинг тўлаш муддати келиб қолди. Маблағларни тезроқ фирма ҳисоб рақамига тушириб, жамғарма ҳисобига ўтказиб қўйинг! У ҳам лайлаклар ҳисобидан бўлмасин, – дея ҳазиллашган бўлди Отабек.
– Сиз ҳам ҳисоб-китоб қилганингизда чўлоқ лайлакнинг ҳисобини қўшмадингиз, – деди Ҳосил ҳам ҳазилга ҳазил қилиб, – бу пулларга атрофингиздагилар ҳам кўз тикиб туришибди. Ундан савобли ишларга ҳам сарфлаш керак-да!
– Тўғри айтасиз, – деди Отабек, – Фойда олганлар закотини ўзлари беришар, бу ҳам жамғарма ҳисобидан бўлмас.
– Ҳа раис, журналист бўлсангиз ҳам ҳисоб-китобда анча пишиқ экансиз, – деди Ҳосил ҳазиллашиб, – майли ҳамма ишларни кўнгилдагидек охирига етказишга ҳаракат қиламиз, раис.
– Яхши. Ишқилиб шарманда бўлиб қолмасак бўлди, – деди Отабек у билан хайрлашар экан, – Омадингизни берсин!
– Раис, тўхтанг, сизга яна бир гапим бор, – деди Ҳосил кетиш олдидан, – савдо, тижоратнинг ўз қонун-қоидалари бор. Истайсизми, йўқми, бу ишлар тижоратга киради. Одам пок бўлиш керак. Кўпчилик ичида Раънохонга бўлган муносабатларингиз ҳақида ҳалиям миш-мишлар юрибди. Уни ҳалоллаб олишингиз керак, бўлмаса гуноҳ ишларингизга уриб кетади.
– Қўйинг, дўстим, – деди Отабек жиддийлашиб.
– Тўғри тушунинг, бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур, деган мақол бор, – деди Ҳосил заҳарханда ҳазиллашиб, – бекорга Мавлуда опани уйини сотиб олиб, ёрдам бермаётгандирсиз?
– Энди уларнинг аҳволини биламан, бироз уларнинг оиласига ёрдам бўлсин деган ният қиляпман, савоб ҳам керак-ку.
– Ана, балли! Агар сиз истасангиз бугуннинг ўзида сизни Раънохон билан никоҳлаб қўяман. Зинокор бўлиб юргандан кўра, шу тузук. Ишларингизга фойдаси бўлади. Бу ҳам савобли ишлардан саналади. Сиз икки оилани ҳам таъминлай оласиз. Бу борада менинг ҳам озми-кўпми тажрибам бор. Сиз ўша аёл билан гап-сўз бўлдингизми, зино қилдингиз. Зинонинг каттаси бўлмасаям, кичигини қилдингиз.
Қуръони Каримнинг Анъом сурасидаги Аллоҳ таолонинг айтганларини Отабек китоблардан ўқиган эди. “Бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашмангиз!”, “Ошкораси, яъни каттаси зино, махфийси, яъни ўпишиш, силаб-сийпаш ҳаммаси зинодир.
Отабек узоқ ўйларга чўмди. У албатта, шунча гап-сўзлардан кейин одамлар кўзи ўнгида ярамас одам деган маломатларга қолишдан, Худонинг қаҳрига учрашдан қўрқар эди. Бунинг устига, Ҳосил ҳам дажжоллик қилишни бошлаган кўринади. Ростдан ҳам, Худонинг қаҳрига учраб, ишлар орқага кетса, жамғармада кўп йиллар давомида топган обрў-эътибори ҳам узлатга қулаши аниқ.Ҳадисларда келтирилганидек: Икки қўл зино қилади, икки кўз зино қилади”. Аллоҳ Таоло айтади: (Эй Муҳаммад) мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар. Мана шу, улар учун энг тоза (йўлдир). Албатта, Аллоҳ улар қилаётган ҳунарлардан хабардордир. Мўъминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар ҳамда кўриниб турадиган бошқа зеб-зийнатларини, (яъни, устиларидаги либослардан бошқа зеб-зийнатларини) номаҳрамларга кўрсатмасинлар” деб Аллоҳ Қуръони Каримнинг “Нур” сурасида айтади.
Баъзи саҳобалар (р.а.) айтишади: “Зинодан сақланинглар. Чунки унда олтита офат бор, учтаси дунёда, учтаси охиратда. Дунёдаги учтаси: ризқнинг камайиши, яъни ризқдан барака кетади, яхшиликлардан маҳрум бўлади ва одамларнинг қалбида ёмон кишиларга айланади.
Охиратдаги учтаси: Аллоҳ ғазаб қилади, қаттиқ ҳисоб қилинади, дўзахга киради. У дўзахни Аллоҳ таоло катта дўзах деб номлаган.
Ўзинг кечиргин, Аллоҳим, мен осий бандангнинг гуноҳларидан ўт. Дўзах азобларидан ўзинг сақлагин,-дерди у гуноҳларидан пушаймон бўлиб.Ҳа, уоиласига хиёнат қилиб қўйди, кўнгилчанлик гуноҳи азимга айланди. Отасининг гапига қулоқ солмади. Одамлар ичида маломатга қолди. Энди орқага йўл борми? Раънохонни ташлаб кетса, унинг олдида, онаси олдида нима деган одам бўлади. Енгилтак ва ёмон одамга чиқади. Отабек хаёлан ҳамма нарсани тарозига солиб кўрарди. У Ферузабону билан ажрашиб, Раънохонга уйлансачи? Ахир унда ундан ҳам каттароқ гуноҳи азим бўлади. Вояга етиб қолган болалари ҳақида олдинроқ ўйлаши лозим эди. Қонунчиликда қўшхотинлик жиноят саналади. Унда нима бўлади, ҳатто қонунга кўра 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши белгиланган. Ҳеч қандай чоранинг ўзи йўқ. Ҳеч бўлмаса ўз виждони олдида айбдор бўлса ҳам, виждон азобидан қийналса ҳам, қонун олдида жавобгар бўлса ҳам у яқинларининг ҳеч биридан ажралгиси келмасди. Унинг устига Ҳосилга ўхшаган устамон дўстларининг олдида паст, ярамас одам бўлиб кўринишни ҳам истамасди. Ана шуларни ўйлар кан охири қатъий қарорга келди. У Ҳосил, яна икки дўстини олиб,Мавлуда опаникига боришди. Уларнинг гувоҳлигида Отабек ва Раънохонни Ҳосил никоҳлаб қўйди. Энди Раънохон Отабекнинг завжаи ҳалолига айланди. Отабекнинг илтимосига кўра, оиласи, бола-чақасидан ажрашмай Раънохонни жуфти ҳалоли бўлди, ўлгунча унга ёстиқдош бўлишга розилик билдирди. Отабекнинг шундагина кўнгли таскин топди. Ҳеч бўлмаса, гуноҳи азимдан, зинокорлик ва беюзликдан қутулди.
Орадан икки ой ўтди. Негадир Ҳосил дўсти кўринмай қолган эди. Отабек Ҳосилнинг на ерда, на осмонда йўқлигидан хавотирга туша бошлади. “З.Зафар” корхонаси олган маблағларни тўлайдиган вақт ҳам келди. Хўжалик бўлимида ишлайдиган Камолиддин деган йигитга топшириқ берди. Ҳосилни топиб келишни буюрди. Маълум бўлишича, Ҳосил Тошкентдаги хотини Гулзодахон билан урушиб қолиб, Марғилонга кетиб қолган экан. Ҳосилни топа олишмагач, Гулзодахонни идорага чақиришди.
– Биз сиз билан анчадан бери танишмиз, - сўз бошлади Отабек.– Сиз куйлаган қўшиқлар доим элни ром этиб келган. Айниқса, Муроджон билан куйлаган “Наврўз” қўшиғингиз жуда зўр чиққан эди.
– Ҳа, ўша телемарафонда мен ҳам ўз ижодимни намойиш қила олган эдим, – дея Гулзодахон сўз бошлади. Кеча ходимларингиз, уйни бўшатасиз дейишди. Қаёққа бораман. Ҳосил акам биз Отабек билан бу ишни пул ишлаш учун қилаяпмиз деганди. Шунга ишониб барча ҳужжатларга қўл қўйиб берганман. Мавлуда опанинг уйини ҳам менинг номимга ўтказишди. Сўнгра яна қайтадан жамғармага олишди. У ҳужжатларга ҳам қўл қўйиб бердим. Ўз уйимни бўшатиб беришимни талаб қилишяпти, ахир бу номига шундай қилиняпти дейишган эдику?!
– Ҳосил барча пулларни банкдан олиб Гулзодахонга уй олиб бераман, пастки қаватга туширмасам, баъзан лифт ишламайди, деб маблағларнинг ҳаммасини олиб кетди. Мавлуда опага саккиз минг АҚШ доллари бериб, қолганини таъмирлаш ва бошқа харажатлар учун олиб қолган эди, ҳали уй олмадингизми?
– Йўқ, мен бир тийин ҳам олганим йўқ,- деди Гулзодахон, – Ҳосил акам Марғилондаги ҳовлисига иморат соламан деб бир ойдан буён ўша ёқда. Мен билан иши бўлмай қолди.
– Ана холос. Уй-жойларини бизга ўтказмоқчи бўлган уй эгалари кўнгилдагидек таъмирлашиб, гап-сўзсиз ўз зиммаларидаги вазифаларни бажаришди. Ана Зоя Викторовна ҳам, Роза ҳам, Алексей Иванович ҳам, ҳатто Роза деган рус хотин учта квартирани ибратли тарзда бизга топширди. Билмадим, мусулмон бўлмаса ҳам, қонундан қўрққаниданми ёки Худодан қўрқибми, бир оғиз гап-сўз қилишгани йўқ. Улар ҳам мамнун, биз ҳам рози бўлдик. Доим яқинлар шунақа қилишади. Ахир Ҳосил яқин оғамиз бўлса, унинг устига ҳаммамиз уни қори, иймонли одам деб ҳурмат қилсак, оқибат шуми? Уни Марғилондан чақиртиринг, яна бир балога йўлиқиб қолмайлик, – деди Отабек Гулзодахонга вазиятни тушунтириб.
– Нима қилай, сўзимга кирмасалар, қизим Донохон ҳам кундан-кунга мазаси қочяпти. Ҳозир қаёққа ҳам кўчардим. Отабек ака, Худо хайрингизни берсин!, – деди Гулзодахон йиғламсираб рўмолчаси билан кўз ёшларини артаркан. – Ҳеч бўлмаса уч-тўрт ойга, ўз уйимда яшаб туриш учун рухсат берсангиз. Ҳосил акам келганда, барча масалаларни ўзи охирга етказади. Ахир, қизим бетоб бўлса, буни яхши биласизку! Сиз ёрдам бермасангиз, менга ким ёрдам беради?
– Ҳа, болангизнинг бетоблигини биламан, – деди Отабек узоқ ўйга ботиб, – Шунинг учун ҳам уни ишга олгандим. Уч-тўрт сўм пул топса, муаммоларини ҳал қилади деб. Нима ҳам дердим. Ариза ёзиб беринг! Чунки текширув бўлиб қолса, яхши бўлмайди. У уйни сотган, Гулзодахон билан келишганман деб. Унинг устига, фирма учун ҳам жамғармадан катта маблағ олган. Тўлайдиган муддат ҳам келган, ўзи йўқ. Бу қандай масъулиятсизлик?
Гулзодахон ариза ёзди. Отабек унга олти ой уйида яшаб туриши учун қарор чиқариб берди. Бир неча кундан сўнг Ҳосил кириб келди ва дағдаға қила бошлади.
– Бунча ваҳима қилмасангиз, раис, – деди у норози бўлиб, – Шу ҳамма гапни Гулзодахонга айтиш шартмиди?! Ўзи билан гаплашаман, десангиз бўларди-ку?!.
– Эҳ,оғайни “ҳисобли дўст айрилмас” дейдилар. Бу пуллар меники эмас, отамдан ҳам қолмаган, пуллар жамғарманики. Шу пайтгача номимга доғ туширмай ҳалол ишлаб келаётгандик. Ҳамма шартнома шартларини бажарди. Сиз эса уйларни ремонт қилиб топширмадингиз ҳалиям.
– Топширамиз, сиз бошқа мижозларнинг уйига бостириб бориб “бўшат” демайсизми? Улардан лўмбиллатиб егансиз-да?
– Э қўйинг-э, уларга эътироз йўқ, – деди Отабек норозилик билдириб. – Майда-чуйда, фисқи-фасод гапларни гапириш ўрнига энг аввало “З.Зафар” фирмасидан олган қарзингизни тўланг! Мавлуда опанинг уйини таъмирлаб топширинг! Ўзингизникига, яна олти ойгача яшаш рухсатини бердим. Гулзодахоннинг аризасини қўл қўйдим. Уни ҳам алдаган экансиз, инсофингиз борми ўзи, оғайнижон?
– Ўзингизнинг инсофингиз борми, – ахир қизим бетоб деган эдим. Дўст бўлиб туриб, ёрдам ҳам қилмадингиз, – деди Ҳосил норози оҳангда, ахир шунча одамларга ёрдам қиляпсиз-ку.
– Бу бошқа масала, бу ҳақда белгиланган тартибда гаплашамиз, – деди Отабек, – ҳозирча бу муаммони тижоратингизга аралаштирманг! Ҳисоб-китобларни шартномада белгиланган тартибда, жойига келтириб қўйинг! Ахир шунча пулни нима қилдингиз? Ҳеч бўлмаса, оилангизга уй-жой сотиб олиб, тезроқ ютуқ учун ажратилган жойни бўшатиш лозим! Ахир, пулни олиб, фойдани ҳам чўнтакка уриб, яна дағдаға қилишингиз ортиқча!
– Майли қарзларимни тўлаб олай, сизлар билан кейин гаплашаман, – деди Ҳосил ғазаб билан. “З.Зафар” корхонасининг ишлари барбод бўлди. Ҳосил фойда келтириш ўрнига жамғармага катта миқдорда зарар келтирди. Отабекнинг олдида қандай қилиб бўлса ҳам жамғармага келтирилган моддий зарарларни ёпиш масаласи кўндаланг бўлиб қолди. Ҳосилнинг таклифига кўра, 1992 йилда чиқарилган, таъмирталаб, “Волга” русумли машина, ўн дона фабрикаларни қайта жиҳозлаш ниятида ишлаб чиқаришдан олиб ташланган “Подольск” тикув машиналари, пахта теришга мўлжалланган чит этаклар, қўлқоплар эвазига “З.Зафар” корхонасининг қарзлари ёпилди. Гулзодахон эса уйда яна ярим йил ўтишига қарамай, жамғарма сотиб олган икки хонали уйни бўшатай демасди. Улар ўзларини гўё ажрашиб кетаётган оиладек кўрсатишиб, Ҳосил ўзига қарашли эски, шалоғи чиқиб кетган “Нексия” автомашинасининг том қисмига ўрнатилган юк қўйгичга кўрпа-тўшак, кийим-кечакларини юклаб олиб, гоҳ жамғарма идораси ёнидан, гоҳ Отабекнинг уйи ёнидан ўтарди. Гўё унинг бахтсизлигига Отабекни айбдор кўрсатишга интилар, асабийлашар, Отабекка туҳмат тошларини отарди. Ўз уйларини бўшатиб, жамғармага топшириш у ёқда турсин, Мавлуда опанинг уйини таъмирлаш учун жамғармадан олган пулларини ҳам сарфлаб юборган эди.
У бир амаллаб Гулзодахоннинг уйини ўзида қолдиришларини сўраб, Отабекка мурожаат этди. Ҳатто унинг эвазига пора беришини ҳам шаъма қилди. Отабек кўнмагач, фитна, фисқи-фасод йўлига ўтиб олди.
– Уйни топширишинг лозим, – деди Отабек, – биласизми, одамлар Ҳосил билан келишиб жамғарма пулларини раис еб юборди, деган гаплар чиқаряпти. Агар шу ишни жойига қўймасангиз, ҳуқуқ идораларига мурожаат қилишимизга тўғри келади.
– Қилсангиз, майли, – деди Ҳосил, – ахир сиз ўз қайнонангизга ҳам шу маблағлар ҳисобидан уй олиб бердингиз-ку!
– Ҳа, номард уни сиз сотиб, таъмирлаш учун ажратилган маблағларни ютиб юбордингиз-ку, – деди Отабек куйиниб. Номардликнинг ҳам чегараси бор.
– Мен сизга икки минг АҚШ доллари миқдорида пора бердим-ку, – деди Ҳосил заҳархандалик билан уялмай.
– Қанақа пора, у Мавлуда опанинг пули эди-ку, биргаликда олиб бориб, унинг қўлига тутқазиб, рози қилдик-ку.
– Сизга ҳамма нарса мумкин экан-да, – деди Ҳосил, – у киши барибир сизнинг қайнонангиз.
– Номард, қайнона бўлганида, сиз мени Раънохон билан никоҳлаб қўйганингиздан олдинроқ, бу ишни қилган эдингиз. Улар ўз уйининг тўлов пулларини олишди. Ахир, шунчалик юзсизлик бўладими, худодан қўрқинг! Отабек куйиб-пишиб гапиргани билан Ҳосил ғолибона гердаяр, емаган сомсасига пул тўлайдиган қилиб бўлган эди.
– Майли урушманглар,–деди уларнинг можаросини кузатиб ўтирган Гулзодахон. Сизлар нима олди-берди қилгансизлар, ўзингиз келишиб оласизлар. Икки дўст тил топасизлар деган умиддаман. Аммо ўзингиз биласиз, менинг бир болам юрак хасталигига йўлиққан. Аҳволим яхши эмас, Ҳосил акамларнинг вақти кўпроқ Марғилонда ўтяпти. Мен уйни бўшатиб беролмайман. Сиз алдадингизми, Ҳосил акам алдадими, бу менга менга қоронғу. Пулни ўзингиз сарфладингиз, мени уйимни ўзимга қолдиринглар!
– Ҳосил, дўстим, бу қандай муаммо бўлди, – деди иложсиз қолган Отабек, – Гулзодахоннинг уйи эвазига олган ўн бир минг беш юз доллар пулни қайси гўрга йўқотдингиз?
– Вой бўй! Шунча пул олганмидингиз, жанжал чиқариб хонани бошига кўтарди Гулзодахон, – Марғилондаги қирчанғингизга солиб берган уй шу пулдан экан-да?! Камбағални туянинг устида ҳам ит қопар эканда!
Озодахон жанжал кўтариб, йиғлай бошлади. Қўлидаги бемор қизчаси бир отасига, бир онасига қараб мўлтирар эди. Отабекнинг дили хуфтон бўлди. Улардан яхшилик чиқмаслигини, бу фирибгарлик олдиндан мўлжаллаб ташкил этилганини ҳам, ҳозирги машмашалар театр томошаси эканлигини ҳам кўнгли сезди. Ҳужжатларни расмийлаштириб Гулзодахоннинг уйини ўзига қолдиришга қарор чиқариб беришга тўғри келди. Чунки у ҳам ўзининг эри қурбони бўлганлигини сезиб турарди. Ҳосил шу даражада усталик билан ўз фирибини амалга оширди. Ҳам пуллик бўлди, ҳам Отабекнинг кўнгилчанглигидан усталик билан фойдаланди. Барибир юзхотир, одамгарчилик деган гаплар бор, Отабек аламини ичига ютди. Ҳосил эса оилавий муаммоларини бироз ҳал қилиб олди.
– Сиз барибир менга яхшилик қилмадингиз, – деди Ҳосил, – Мен сизни дўст деб ўйлаган эдим. Сиз ҳаммага хайрия ёрдами қиласиз, бизга келганда ҳеч нарса йўқ.
– Ахир, сиз менинг ёнимга хайрия сўраб келмадингиз, ишлайман деб фирибгарлик қилдингиз. Мен жамғармада ўн йилдан бери ишлаб, унинг маблағларига кўз олайтирганим йўқ. Сиз бўлсангиз бир-икки ой ичида, ҳамма нарсани алғов-далғов қилиб юбордингиз. Сиз билан ади-бади айтишиб ўтирмоқчи эмасман. Гулзодахон учун, унинг хаста боласи учун майли уйнинг ярим пулини хайрия ёрдами билан қоплайман. Қолган ярмини пулингиз бўлмаса, буюмларингиз билан тўлаб юборишингизни талаб қиламан. Иккинчи уйни, Мавлуда опанинг уйини таъмирлаш ҳаражатларини ҳам олгансиз, уни охирига етказасиз.
– Барака топинг, Отабек ака, – деди Гулзодахон. Биздан қайтмаса, худодан қайтсин, раҳмат.
Ўша охирги учрашувдан кейин на Ҳосил, на Гулзодахон қайта кўринмади. Хўжалик бўлими ходимлари, бош ҳисобчи Зоя Викторовна бир неча марта қидириб бориб, топа олмай келишди. Зоя Викторовна, бу фирибгарликдан қўрқиб, бошқа вазифага ўтиб кетди. Янги келган бош ҳисобчи “З.Зафар” фирмасида юзага келган қарзларни, солиқ ва бошқа тўловларни Отабекнинг илтимосига кўра, жамғарма ҳисобидан тўлади. Ордан ярим йил вақт ўтди. Бир куни эрталаб Отабекнинг хонасидаги телефон жиринглади.
– Бу “Наврўз” жамғармасими?- сўради нотаниш овоз.
– Ҳа, худдий шундай!
– Биз Шайҳонтоҳур тумани прокуратурасиданмиз, – деди нотаниш овоз, – мен катта терговчи Нурмуҳамедов бўламан, бизга Юсупов Отабек керак!
– Мен Отабекман!
– Айни муддао, – деди прокуратура катта терговчиси, – Сиз туман прокуратурасига келиб кетсангиз?!
– Нима масалада, – сўради Отабек, – яна қандай ҳужжатларни олиб борай?
– Мен сизга келинг, деяпман, – деди у, – ҳозирча ҳеч нарса керак эмас, келсангиз билиб оласиз. Сизни қирқ иккинчи хонада кутаман, – деди ва гўшакни қўйиб қўйди.
Отабек шу йиллар давомида катта лавозимларда ишлаган, халқ депутати бўлган журналист, ҳозир ҳам салкам министр лавозимида ишлайдиган бу одамга ҳеч ким бундай қўпол муомала қилмаган эди. Отабек бироз асабийлашди. Кейин ўзига келиб, “демак мени прокуратура чақирибдими, бирор воқеа юз берган ёки кимдир менинг устимдан арз қилган” деб ўйлади. Депутатлик муддати тугамасидан олдин уни бўлар-бўлмасга чақиришмасди. Ҳозир давлат идораларида ўтирган амалдорлар ҳам, ҳуқуқни ҳимоя қилувчилар ҳам, солиқ идораларида ишловчилар ҳам, ўт ўчириш идораси ҳам, табиатни муҳофаза қилиш идорасида, санэпидстанция, шаҳар сув хўжалигими, кимнинг иши тушса, чақириб, иш юритишга ўрганишган. Ёшлар ўта амалпараст, мансабпараст ва беоқибат бўлиб кетишяпти. Кўпчилик кейинги пайтларда катта-кичикнинг ҳам фарқига бормай қўйишди. Шу боис одатдаги ҳолат сифатида Отабек Шайҳонтоҳур тумани прокуратураси идорасига кириб борди. Айтилган қирқ иккинчи хона эшигини тақиллатаркан, ичкаридан бир ёш йигит чиқиб келди-да, “бироз кутиб туринг”, дея ичкарига кириб кетди. Отабек эшик ёнида жуда узоқ вақт кутди. Оёқда туравериб жуда чарчади, уни ҳеч ким чақирмади. Энг ёмони, бу идорада кутиб турувчилар учун курси ҳам қўйилмаган эди. Отабекнинг кутавериб кўзи тўрт бўлди, чунки бугун жамғармада қабул куни эди. Уни ҳам фуқаролар кутишаётган эди. Котиба бир неча марта қўл телефонига алоқага чиқиб, ўн-ўн беш киши уни қабулхонада кутаётганлигини айтди. Отабек қабулга келган фуқаролардан узр сўраб, иложлари бўлса, тушдан кейин келишларини, шошаётганларни Саидғаффор ота қабул қилишлигини тайинлади.
Бир ярим соатлар чамаси вақт ўтди. Ҳалиги йигит ичкаридан ташқарига мўралади. Отабек ҳайрон қолди, энди у прокуратура формасини кийиб олган эди.
– Отабек Юсупов сиз бўласизми?, - деди у хона ичидан у чиқиб.
– Ҳа,- деди Отабек бу муомала унга эриш туюлди. Чунки уни чеҳрасидан ҳамма танирди. Ўзбекистоннинг биринчи рақамли фуқароси деб эълон қилинганига атиги олти-етти йил ўтди. Наҳотки прокурор жаноблари уни танимаган бўлса? Ҳа, тез-тез телевизорга чиқиб туриши керак экан-да. Бўлмаса, оддий телетомошабинлар ҳам унутиб юборишади, хаёлидан ўтказди Отабек.
– “Наврўз” жамғармаси раисимисиз?
– Ҳа,-деди Отабек 25-26 ёшлар чамасидаги прокуратура ходимига назар ташлар экан.
– Устингиздан хат тушган, – деди у жиддий оҳангда Отабекнинг юзига ҳам қарамай, қўлидаги хатга кўз югуртирар экан.
– Нима мазмунда, – сўради Отабек.
– Гулзода Абдураҳимова деган аёлни танийсизми,-сўради у Отабекка маъноли қараш қилиб. Айтгандек, мен туман прокуратураси катта терговчиси Азиз Нурмуҳаммедов бўламан. Бу жиноий ишни менга топширишган.
– Қанақа жиноий иш?,- сўради Отабек ҳайрон бўлиб.
– Мана, Гулзода Абдураҳимованинг аризаси. Ўқиб чиқинг, танишинг, кейин қонуний сўроқ қиламан, – деди терговчи хатни Отабекка узатиб.
“Шайхонтоҳур тумани прокуратурасига Юнусобод тумани 4 мавзе 5 уй 9- хонадонда яшовчи Абдураҳимова Гулзодахондан даъво аризаси. Мен Абдураҳимова Гулзода икки болам билан юқорида қайд этилган уйда истиқомат қиламан. Уй-жой масаласида “Наврўз” хайрия жамғармаси раиси Юсупов Отабек деган одамга ишим тушиб қолди. У менинг ишларимни битказиб бериш ниятида икки минг АҚШ доллари миқдорида мендан маблағ талаб қилди. Мен ушбу маблағни танишим Ҳосил Баракатов орқали берганман. Маблағ берилаётган пайтда Отабек Юсуповнинг овозини ёзиб олганман. Ушбу ариза билан бирга, магнит лентасини далилий ашё сифатида сизга ҳавола қиламан! Ундан ташқари, бу одамнинг бошқа юлғичликларини билмоқчи бўлсангиз “Наврўз” хайрия жамғармасини текшириб кўринг! У ўзининг иккинчи хотини Раъно Акромова билан тил бириктириб, унинг онаси номида бўлган Бектемир тумани 3 мавзе 26 уйнинг 12 квартирасини ҳам жамғарма номига ўтказиб, катта миқдордаги давлат маблағларини ўзлаштириб юбордилар. Бу хотинбоз, порахўр, давлат мулкини талон-тарож қилувчи кимсага чора кўриб, менинг икки минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағимни ундириб беришингизни сўрайман! Қачонгача пулдор одамлар фуқароларга жабр-зулм етказадилар. Имзо.
– Танишиб чиқдингизми,-сўради терговчи. Сўнгра у қўшни хонадан иккинчи терговчини чақирди-да:“Бу кишини олиб кириб, тергов қилинг!Қилган жинояти кўриниб турибди, қонунда белгиланган барча талабларга амал қилинг!, деди.
– Тушунмадим, нима қиляпсизлар, – ахир битта ариза билан текшириб ўтирмай жиноят очиш мумкинми, бу қуруқ туҳмат-ку, – деди Отабек.
– Туҳматми, туҳмат эмасми, буни тергов аниқлайди, – деди терговчи йигит ва у Отабекни энг четдаги хоналардан бирига олиб кирди.
– Келинг ўтиринг, мана бу қоғозларга қўл қўйинг, мен тергов қилишим керак.
– Агар мени ариза муаллифи, даъвогар Гулзода Абдураҳимова билан учраштирмас экансиз, мен кўрсатма беришдан бош тортаман, – деди Отабек норозилик билдириб.
– Керак бўлса учраштирамиз ҳам, – деди терговчи. Сўнгра у гувоҳни чақиринглар, – дея қаттиқ овоз берди. Хонага кўзлари олакзарак ҳолда Ҳосил кириб келди. Қўл учида Отабек билан кўришиб, столга келиб ўтирди.
– Бу нима қилиқ, – сўради Отабек Ҳосилдан.
– Бу ерда сиз эмас, мен савол бераман, – деди терговчи Ҳосилга юзланиб.
– Сиздан пул олганлигини исботловчи қандай ҳужжат ёки далилингиз бор?, – сўради терговчи Ҳосилга юзланиб.
– Мана бу овозни магнитофонга ёзиб олганман, – дея Ҳосил уни қўйиб берди. Бу тасмада Отабек ва Ҳосилнинг овози эшитилар эди:
– Ҳосил: Мана, мен сизга икки минг сўм бераман. Сизга икки минг АҚШ доллари миқдорида маблағ бердим.
– Отабек, – Ҳа, мен икки минг сўмни олдим. Нега қайта-қайта санаб, икки минг, икки минг деяверасиз.
– Азамат, ўз пулимни ўзимга берганингда ёзиб олган экансан-да,–деди Отабек жаҳл аралаш, номард экансан! Отабек уни сал қолса, ҳақорат қилиб юборай деди.
– Ўзингизни босинг, – деди терговчи далил исбот яна керакми?
– Бунақа далил исботни мен ҳам келтиришим мумкин, – деди Отабек. – Гулзода Абдураҳимовани алдаб чув туширган, менинг ишончимни суистеъмол қилган мана бу – Ҳосил Барокатов бўлади. Бу одам “З.Зафар” фирмаси учун жамғармадан қарз олиб, тўлаб-тўламай юрибди. Солиқларни ҳам Ҳосил учун жамғарма тўлади. Менинг қайнонам деб айтилаётган аёлнинг уйини сотиб, таъмирлаш харажатларини олиб, қочиб юрган одам ҳам шу Ҳосил Барокатов бўлади. Жамғарма жамоаси бу “эпчил” йигитни қидириб юрибди, текширинг, буларни ҳам!
– Биз текширадиган бўлсак, бошқа сизнинг айбларингиз ҳам қаторлашиб чиқиб келаверади. Яхшиси келишиб ҳал қилинса, яхши бўлади, – деди терговчи ва Отабек билан Ҳосилни ёлғиз қолдириб хонадан чиқиб кетди. Бу нохақликдан азбаройи жони хиқилдоғига келган Отабек Ҳосилни еб ташлагудек ғазаб билан ўтирарди.
– Қандай уятсизлик, қилғилиқни қилиб хотининг олдида ўзингни оқламоқчи бўлибсан-да? Яна Гулзоданинг номидан хат уюштириб маҳоратингни кўрсатибсан. Сани Худо уриб кетади, кўрнамак!
– Ҳақорат қилма, аблаҳ – деди Ҳосил уялмасдан. – Мен ҳам сен ҳақингда бой акага учини чиқарганман. Ҳали сени янчиб ташлайди.
– Ифлос, сен қори бўлганинг билан Аллоҳдан қўрқмас экансан. Кўча йигитлари ким ноҳақ, ким ҳақ эканлигини билмай туриб, масалани ечмайди. Уларнинг ҳам Худодан умиди бор. Бир сўмсиз менинг ёнимга келиб, қилган яхшилигимга ҳамма ёқни ҳаром қилдинг! Камига, яна мени порахўр қилмоқчимисан, юзсиз, ифлос!. Яна овозимни ёзиб олгани уялмадингми, номард!
– Ўзинг номардсан, ҳали кўрамиз, ким номардлигини, – деди Ҳосил. – Жамғармадаги барча ишларингга, хотинбозлигингга ҳам жавоб берасан!!!
– Ҳа, ит! Ахир ўзинг ҳам қонунни бузиб, масжид билан келишмай мени никоҳлагансан,–деди Отабек. – Сен ҳам жавоб берасан. Жамғармадаги қилиқларинг, фирибгарлигинг учун тафтиш ҳайъати устингдан барча ҳужжатларни йиғиб қўйган. Фақат мен ушлаб турган эдим.
– Бир бошга бир ўлим, – деди Ҳосил, – майли, кимнинг айби бўлса, жавоб бераверсин!
– Биласан, мен раҳбарман, мен ҳам сенинг қилмишларингни яширганим учун жавоб бераман,–деди Отабек. – Сен буни яхши биласан, яна яхши биласанки, мен номард эмасман.Бунинг устига, жамғарманинг обрўси кетмаслиги учун анча-мунча нарсага кўз юмиб кетишимни билгансан. Яна пул ундириш пайидасан. Ниятинг ўзи нима?
– Мени бошқа ҳеч қандай ниятим йўқ, – деди Ҳосил, – менинг пулимни берсанг бўлди.
– Яна қанча беришим керак, – деб сўради Отабек, – Икки минг АҚШ доллари миқдорида қарзингиз бор, шуни берсангиз бўлди. Бошқа давоим йўқ.
– Аблаҳ, сўкмай дейману, яна сўкиб юбораман, – деди Отабек, – Ҳе, сени мен билан таништирганниям. Носир ака ҳам сендан эҳтиёт бўлишимни айтган эди. Мен ахмоқ унинг гапига кирмадим. Эсингдами, ўтириш қилгандик, Муроджон ҳам “бу қўшмачидан эҳтиёт бўлинг!” деб огоҳлантирганди, қулоқ солмабман, афсус. Бу сафар жуда паст кетиб юбординг, сени Худога солдим.
Тергов хонасига прокуратура ходими қайтиб киради. Сўнгра у Ҳосилни ташқарига чиқиб туришини айтиб, ташқарига чиқариб юборади.
– Гаплашиб олдингизми?,- сўради терговчи.
– У билан келишиб бўладими? Икки минг АҚШ доллари миқдорида қарзинг бор, шуни берасан деб талаб қиляпти, – деди Отабек. Майли, жиноий ишингизни очаверинг, агар адолат бўлса, ҳаммаси аён бўлади. Жамғармада юзага келган вазиятда унинг фирибгарлиги кўзга кўринади.
– Ўйлаб жавоб қайтаринг, – деди терговчи, – Биз сизни яхши таниймиз. Ҳурмат қиламиз, албатта иш бор жойда хато бўлади. Буни бир амаллаб тинчитиб юбормасангиз, иш бошқачасига айланиб кетади.
– Сиз мени қўрқитманг!Мен алданиб, фирибга тушиб қолган одамман. У мени алдаб қўйнимга кириб олди, – деди Отабек.
– Балки жамғармада ҳақ чиқарсиз, аммо излаган одам топади. Унинг устига қўш хотинли эканлигингизни ҳам унутманг! Шу жиноятингизнинг ўзи сизга етади, яна аризани аёл киши ёзяпти.
– Бу Ҳосилнинг иши. Унинг устига, агар жиноят иши очмоқчи бўлсангиз, бунга ҳаққингиз йўқ, – деди Отабек.
– Нега энди. Воқеа С.Раҳимов туманида бўляпти, яшаш жойи Юнус-Обод туманида. Менинг яшаш жойим А.Икромов туманида. Ариза Шайхонтоҳурга бериляпти, бу ҳаракатингиз ноқонуний эканлигини ўзингиз ҳам билиб турибсизку?!
– Майли Отабек ака! Тушлик пайти бўлди. Соат 15 да учрашамиз. Унгача фикрингизни йиғиб оласиз, келишдикми,-деди прокуратура ходими Азиз Нурмуҳамедов. Сўнгра Ҳосил билан биргаликда идорани тарк этди. Отабекнинг ўйи-ўйига уланар эди. “Энди нима бўлади. Хотиним бу воқеалардан хабар топса, нима қиламан? Болаларим билан ажрашиб кетаманми? Отам Ёқубжон отанинг қулоғига етсачи?”
Отабекнинг юраги сиқилиб, прокуратура жойлашган бинонинг ёнидаги улкан чинор остига ўрнатилган ўриндиққа бориб ўтирди. Атрофга аланглади. Шу пайт бино ичидан бир гуруҳ прокуратура ходимлари чиқиб келишди. Улардан бири тўсатдан тўхтаб: “Ие, Отабек! Бу ерда нима қилиб ўтирибсиз? деди ва ёнида кетаётган ҳамроҳига уни таништирди.
– Бу кишини танидингизми, машҳур тележурналистимиз Отабек Юсупов.
– Танидим,–деди ҳалиги одам Отабекка бошдан оёқ разм солар экан.
– Прокуратурага чақиртирилган эдим. – деди Отабек! Маҳмуд ака билан Отабек бир неча йиллар муқаддам ҳизмат юзасидан танишиб қолган эди. Унинг исми шарифи Муҳаммадназар Умбаров бўлса-да, унинг ёри дўстлари Маҳмуд ака деб унга мурожаат қилишади. У шаҳар прокуратурасида алоҳида ишлар бўйича терговчи бўлиб ишлар эди. Отабек “Калаванинг учи” деб номланган танқидий кўрсатувини олиш жараёнида бир ўқитувчига уюштирилган туҳматни фош этиб, адолат тикланишида ёрдам берган эди. Айтиш жоизки, бу соҳаларда самимий одамлар кам бўлади.
Муҳаммадназар ака соҳаси бўйича ҳуқуқшунос бўлишига қарамай, адабиёт ва санъатни севар, айниқса, Фахриддин Умаров қўшиқларининг жуда катта мухлиси эди. Турмуш ўртоғи Малоҳат Мирзамуҳаммад журналист бўлиб, “Саодат” журналида интервью ва шеърлари чиқиб турар эди. Шу боис ҳам Маҳмуджон ака журналистларнинг қувонч ва ташвишларини яхши билар эди. Тўғриси, Отабекнинг барча кўрсатувлари, уларнинг мавзулари ҳақида у билан, тез–тез учрашар, баъзан телефон орқали мулоҳазаларини билдирар эди.” Муҳаммадназар аканинг қандай одамлиги, сийрати суратида акс этиб туради. Беғубор, дилкаш, суҳбатдошининг иззатини жойига қўя биладиган, суҳбатдошини эшита оладиган, саховатпеша зиёли инсон у киши.Дардимни унга айтсаммикан?” деб ўйларди Отабек. Муҳаммадназар ака, муаммо борлигини дарров англади, чоғи Отабекка юзланди.
– Отабек,–деди Муҳаммадназар ака, – Қувонч ва ташвишларингизни телеэкран орқали кўролмай қолдик. Амалдор бўлиб кетганингиз, вазифа ва лавозимлар ишларингизнинг белига тепгани аниқ. Одамлар билан ишлашнинг ўзи бўлмайди. Жамғарма раисига ҳам осон эмас, пулли ишнинг юки кўп оғир.
– Мухаммадназар ака, - деди унинг ҳамроҳи. - Алоҳида хонага кириб гаплашиб олинглар!
– Айтгандек, бу киши туман прокурори Солиев Ҳамиджон бўладилар. Биз Бош прокуратура топшириғига биноан хизмат текширувига келганмиз. Масалангизни адолатли ва қонуний ҳал қилиб берадилар,–деди. Шу пайт тушликдан қайтиб келаётган Ҳосил ва прокуратура ходими Азиз Нурмуҳаммедовларнинг кўзи Отабек билан гаплашиб турган Муҳаммадназар ака билан Солиевга тушди. Улар анча наридан ўтиб, хизмат хонасига кириб кетишди.Отабек, улар билан ҳайрлашиб, бинонинг иккинчи қаватида жойлашган прокуратура қабул хонасига кўтарилди. Аммо хона эшиги очиқ, ҳеч ким кўринмасди. Бир неча дақиқа у хонада ёлғиз ўтирди. Сўнгра хонага прокурор формасидаги ёш бир йигит кириб келди.
– Ассалому алайкум, ака! Яхши келдингизми? деди ва ўзини таништирди. –Мен терговчиман.
– Раҳмат, ука! Ҳосил Баракаев ҳам келадиларми?
– Йўқ, Отабек ака,–деди терговчи йигит, - энди очиқчасига гаплашамиз. Ҳосил Баракаев деган кишининг яхши одам эмаслиги кўриниб турибди. Мени прокуратура катта терговчиси Азиз Нурмуҳамедов сиз билан суҳбатлашишимни илтимос қилди. Бу аблаҳнинг пулини беринг, уни яқин одами катта жойдан қўнгироқ қилган экан. Бошингизни оғритиб нима қиласиз. Беринг, ёпиғлиқ қозон ёпиғлиғича қолсин! Бўлмаса булар сизни кўпга туширади, сарсон қилиб юборишади. Мен-ку, сизни танийман, булардан худонинг ўзи сақласин. Прокуроримиз ҳам тинч йўл билан ҳал қилинглар, деди.Беринг, қутулинг!
– Ҳа, майли, - деди чуқур уйга толган Отабек, - бошга тушганни кўз кўрар экан, унда бераман, олсин-да, гумдон бўлсин!
Яхши ҳамки эски таниши Бош прокуратуранинг махсус ишлар бўйича терговчиси Муҳаммадназар Умбаровнинг учраб қолгани. Яхши одамнинг қадами эзгулик ва яхшилик бўларкан. Бўлмаса аҳволимга вой эди. Аллоҳ асради. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ходимларининг барчаси пулли жиноятларни кўриб чиқишни орзу қилар экан.
Орадан анча вақт ўтишига қарамасдан бўлиб ўтган машмашалар Отабекнинг қалбида қаттиқ жароҳат қолдирди. Кўнгилчанглик қилмаганида, Ҳосилга ишониб жамғармага қарашли корхонани, уй-жой сотиб олишда Ҳосилни жалб этиб, Гулзода Абдураҳимованинг уйини сотиб олмаганида ҳаммаси яхши бўларди. Ёки Мавлуда опанинг уйини ўзининг номига расмийлаштириб, Ҳосилга ишониб фалокатга учрамас эди. Миш-мишлар кўпайиб, шунча гап сўз бўлмас эди.
Отабекнинг майда-чуйда гаплардан қўрқишини сезган Ҳосил уни ўзи истаган сўқмоқлардан юришга мажбур қилди. Ҳатто у ўзи никоҳлаб, қовуштириб қўйган Раънохон ва Отабекнинг шахсий ҳаётини оммага ошкор қилиб, пул ундириш режаларини ўйлаб топди. Агар Отабек жамғармага ва ўз ҳамёнига зарар бўлса ҳам, ундан қутулишга ҳаракат қилиб, ўша пулни бермаганида нима ишлар бўлиши фақат Аллоҳнинг ўзига аён. Биргина шу воқеа, жамғарма атрофига турли йўллар билан ўралашиб қолган очкўз фирибгарлар қилмишларидан бир парча, холос. Жамғармада бир оз ишлаб, тез фурсатда ишлан бўшаб кетган ёзувчи Ориф Фармон шундай деб ёзади: “Айёрлик, муттаҳамлик ва фирибгарлик ақлни ҳайвонларча ишлатишдир. Чунки ҳайвонлар фақат қорни ва жонини асраб қолиш учунгина бор ақлини ишлатади. Ўз халқини алдаш эса каннибализм, яъни ўз зотини ейишдан қайтмаслик. Ўзбек тили луғатида бу “ямямлик” дейиларкан.
Ориф Фармон”.
Отабек жамғарманинг ижодкори, маблағ ишлаб топувчи асосий одам, ташаббускор. Айтиш жоизки,у раҳбар сифатида уни ривожлантиришга мажбур. Хизмат юзасидан унга ишониб топшириб қўйилган вазифани чин юракдан бажариш бурчи борлиги учун эмас, балки орият учун ҳам ҳаракат қиларди. Унга жамғарма раислиги вазифасини биров ишониб топширган эмас, балки уни ўзи ўйлаб асос солган. Ўтган даврдаги саховатпеша инсонлардан андоза олиб, аждодларга муносиб бўлиш ниятида шу хайрия фаолият билан шуғулланишни бошлаган эди. У чорак аср бу фаолият билан ўралашиб қолишни хаёлига келтирмаганди. У болаликдан, ҳеч кимдан ҳеч нарсани қизғанмасликка ўрганган. Бировнинг оғирини енгил қилса, кўнгли таскин топиб, ўзини мамнун сезар, олувчи эмас “берувчи” қилиб қўйгани учун Аллоҳга шукроналар айтарди.
Журналистик ижодининг ғояси ҳам, мақсади ҳам одамларга яхшилик қилиш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, адолатни тиклаш, қахрамонларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, йўқсилларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга одамларни ҳам чорлашдан иборат. Унинг бирорта журналистик мақоласи йўқ эдики, ундаги зиддият ва ечимлар, яхшилик ва эзгулик тантанаси инсонларнинг тақдирига, одамлар ҳаётига албатта, ўзгариш олиб келган эди. Агар бундай ечимга эриша олмаса, турмушнинг ўзида ечими учун қахрамоннинг ёнида туриб курашарди. Отабек улуғ бобокалон, ҳазрати Алишер Навоий ўзининг буюк ижодий фаолияти билан биргаликда, кенг-кўламдаги ижтимоий фаолият олиб борганлиги, саховатли ишларининг ибрати унинг ўз ижодига кўчганлиги ҳақидаги маълумотларни чуқур ўрганарди.
Бир кўнгли бузуқнинг кўнглин шод айлади,
Каъба вайрон эрса, уни обод айлади...
мисраларининг мағзини чақарди. Алишер Навоийнинг “Мушаот” асаридаги мактубларида улуғ аждодимизнинг тенгсиз инсоний фазилатларидан фахрланар ва руҳланарди. Узоққа бормайлик, жадидларнинг энг улуғ ҳақиқати ҳам миллат ҳамжиҳатлиги, унинг маърифатли ва саховатли эканлигида, бир-бирларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашида эканлигини ўқиб, уларнинг матонатига қойил қолар эди. Минг йилларки “Наврўз” удумлари фақат бир мақсадга, табиатнинг ажралмас бир бўлаги ҳисобланган инсонни улуғлашга, уни авайлаб-асрашга хизмат қилган. Кўҳна аждодларимизнинг “Авесто”да ҳам, Марказий осиё халқларининг достону ривоятларида ҳам, Алпомиш, Манас, “Маҳобхората”, қўйингки, Илида-ю, Геракл, “Одисей” эпосларида ҳам бош қаҳрамоннинг бутун фаолияти ўз халқини, инсонни ёвуз кучлардан ҳимоя қилишдек эзгулик ва саховат анъаналари дилларда достон бўлган. Отабекнинг 1990 йилда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида эълон қилинган журналист Ислом Ҳамро билан суҳбатини ҳам “Саховат – муқаддас мерос” деб номлаган эди. Ўша мақолада тилга олинган масалалар Отабек ҳаётини қандайдир дастурига айланиб, келгуси тақдирини белгилаган бўлса, ажаб эмас. У ўзининг журналистик фаолиятини тарк этишни хаёлига ҳам келтирган эмас. Юнон халқининг “Одисей” эпоси воқеалари сингари, ҳаётдаги ўзгариш ва вазиятлар уни қирғоққа, номаълум бўлган соҳилга суриб ташлади. Гўёки денгиз жумбушга келади, унинг ижод кемаси тўлқинлар зарбидан мажақланади. Унинг бўлаклари сирли соҳилга сурилиб чиқади, бу соҳилда уни қандай саргузаштлар кутаётганини яратганнинг ўзи билади. Девлар гоҳ энг яқин дўсти, меҳрибон ҳамроҳи қиёфасида, гоҳ қутурган одамлар қиёфасида унинг йўлидан чиқарди. Гоҳ уч бошли аждар мисоли ўт пуркаса, гоҳ чиябўрилар қиёфасида увилларди. Гоҳ фаришталар мисоли авраб, гоҳ тобе қуллар каби унинг хизматида бўлардилар.
Отабек шуларни ўйлар экан, ўзини ана шу асарлар қаҳрамонидек тасаввур этарди. Балки ибратли қахрамонларнинг, одамларнинг эзгу ишларига, достонлару афсона ва ривоятларга айлангандир. Уларнинг хатолари, бошқа ишлари ҳақидаги маълумотлар сақланиб қолмаган бўлиши ҳам мумкин-ку?!
Ҳосилнинг қилмишини қандай баҳолаш мумкин? Уни қори деб эъзозлардилар. Диний илми ҳам Отабекникидан кўпроқ эди. Лекин фитна уюштириши, ана шу илмдан ўзмақсадлари учун фойдаланиши, одамларни чалғитиши, одамни айбдор ва гуноҳкор эканлигига ишонтира олиши, бу тўғри йўлга чорлашми? Ёки атайлаб адаштириб синаб кўришми? Отабек қилган хатоларини ҳам тан олар ва улардан қаттиқ пушаймон эди. Виждони азобланган пайтда, нажот қидирарди. Унинг назарида Чингиз Айитматовнинг манқуртлари ғариблардек туюлар, жуан-жуванлар эса бугунги кунлардаги фирибгарлар олдида, гуё фариштага ўхшар эдилар. Жуан-жуванлар инсон хотирасини йўқотадилар. Улар тайёрлаган манқуртлар эса онгсиз мавжудотга айланадилар. Уларнинг руҳига шайтон кира олмайди. Жуан-жуванларнинг ўзлари ҳам иблисдан ҳазар қиладилар, қўрқадилар. Аммо фирибгарлар шайтонни миниб олиб, уни ҳам ўзларига хизмат қилдирадилар, одамларни шайтонга айлантирадилар. Нафақат одамга, балки бутун бир салтанатларни вайрон қилиб, шайтанатга айлантира оладилар.
Отабек ана шуларни ўйлар экан, давлатлар ўртасидаги кўринмас уруш ҳам иблисни миниб олган фирибгарлар ёрдамида амалга оширилиши мумкин, деган фикрдан ўзи ҳам чўчиб тушди. У пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг “Умматимга бир замон келади, уларнинг сўзлари масжидларда дунё ишлари ҳақида бўлади. Аллоҳнинг уларга ҳожати йўқдир. Бас, улар билан ўтирманглар” деган ҳадислари ёдига тушди. Улар ўз юзларини кўрсатмайдилар. Улар орамизда. Орамизда шайтон кезиб юрибди. Аллоҳнинг ўзи иблис малайи, фирибгар бўлиб қолишдан ҳаммамизни асрасин!
Ҳамма нарса аралаш-қуралаш бўлиб кетди. Бугунги кунларда ким тўғри келса халқ номидан гапиришга ўтиб олди. Албатта, сут соғувчи аёл депутат бўлгандан кейин катта минбарларга чиқиб олиб, оғзига келганини гапиради-да. Ахир, Андижондан бориб Москва Кремлида нутқ сўзласа-ю, Давлат томонидан қилинаётган ғамхўрликларни тилга олмаса, бу ишларни кўролмаётган академик Сахаровга ўхшаган одамларнинг кўзини очиб қўймаса, бу қандай гап? Унга коммунистик партия ишонч билдириб, шу лавозимга тайинланган-ку! Афсус, афсус!
Аммо Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Правленияси Раиси, СССР ёзувчилар уюшмаси Правлениясининг котиби, СССР ёзувчилар уюшмасидан сайланган СССР Халқ депутати Одил Ёқубов ўз нутқида Ўзбекистон олдида, ўзбек халқи олдида юзага келган барча муоммоларни шарта очиб ташлади. Бутун мамлакатни ларзага солди:” Биз асрлардек чўзилган 70 йил давомида кўп қадриятларимиздан айрилдик. Уларнинг орасида бир қадрият борки, унинг ўрнини қоплаш жуда мушкул. У тирикчиликнинг оғирлиги, очин тўқин яшаётганимиз, инсон қадр-қимматини ерга урувчи узундан-узоқ навбат кутишлар туфайли юз берди. Бизда одамнинг энг олийжаноб фазилати – раҳм-шафқат ва мурувват қолмади. Унинг ўрнини тошбағирлик, ўзганинг дардига лоқайдлик эгалламоқда. Офтоб радиация пуркаб турган жазирамада хотин-қизларимиз аёлбоп ишни қилишаётгани йўқ. Худди ана шу офтоб, заҳарли дориворлардан ҳуда-беҳуда фойдаланиш оқибатида рак, сариқ, меъда касаллиги ва аёллар камқонлиги, бошқа касалликлар жуда кўпайди ва бу аёллар билан болаларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда.Хўш, уларнинг турмуши қай ҳолатда? Уларнинг турмуши шундайки, пахтакор аёллар қош қорайганидан кейин даладан уйларига қайтиб, ўша алмисоқдан қолган ифлос тезакни ўчоққа қалаб, болаларига оби-ёвғон пиширадилар”. Отабек устоз адибнинг нутқини такрор-такрор ўқир, ўзбек аёллари,хотин қизлари тимсоли сифатида ўз волидаси Эътиборхон аяни кўз олдига келтирар эди.
Бир йил ўтгач Ўзбекистон Республикаси Олий Совети халқ депутатлигига сайловлар бўлиб ўтди. Янги келган раҳбар – Ислом Каримов, сайловни ошкоралик руҳида, демократик асосда ўтишига шароитларни яратиб берди. Журналист Жаҳонгир Маматов Самарқанд вилоятининг Жомбой сайлов округидан, Ўрол Ўтаев Қашқадарё вилоятининг Чироқчи сайлов округидан, Отабек Юсуф эса Наманган вилоятининг Чортоқ сайлов округидан Ўзбекистон халқ депутати этиб сайландилар. Бу уч номзод битта ишхонадан Ўзбекистон телерадио компаниясида сайланган эдилар. Бунақаси ҳали тарихда бўлган эмас. Яна бошқа мисол, шу йили Ойим қишлоғидан икки нафар халқ депутати сайланди. Бири Ўктамжон Охунов, рус тили ўқитувчиси, иккинчиси журналист Отабек Юсуф. Отабек ҳеч қандай партияларга, расмий ва норасмий ташкилотларга аъзо бўлмаган ҳолда телетомошабинларнинг қўллаб-қувватлашлари сабабли 8 нафар номзод ичида энг кўп овоз тўплаб, Чортоқ сайлов округидан Ўзбекистон халқ депутати этиб сайланганди. Шу тариқа мустақилликдан кейин бодроқдек ўсиб чиққан – Халқ демократик партияси, Либирал Демократик партияси, “Адолат” партияси, “Фидокорлар” партияси каби расмий партияларнинг бирортасига ҳам аъзо бўлиб кирмади, уларнинг ишларида қатнашмади. Ҳатто, сайлов пайтида юз кўрсатадиган ташаббускор гуруҳлар фаолиятида ҳам иштирок этмади. Норасмий “Эрк”, “Бирлик”, “Деҳқонлар партияси” каби норасмий партиялар ҳам уни яқинлаштирмадилар. Бунинг асосий сабаби уларда эмас, Отабекнинг ўзида! Чунки у бирор мақсадни кўзлаб қилинган ҳар қандай саҳоват – миннатлидир. Миннатли саҳоват эса, гуноҳ эканлигини яхши биларди. У сиёсий жараёнларда якка тартибда қатнашган бўлса, одамларга кўпроқ фойда келтириш, хайрия ва беминнат ёрдамларга одамларни чорлаш ва бу фаолиятнинг қонуний муҳофазасини таъминлаш зарурати юзасидан қўл урган эди. Диний фирқаларнинг пайдо бўлиши, охир-оқибатда ҳокимият учун кураш унинг дунёқарашига зид ҳодисалар эди. Шу боис, у ҳеч кимга қўшилмади ҳам, унинг инсонни улуғловчи, миллий қадриятларимизни тарғиб қилувчи кўрсатувлари экрандан тушиб қолди. Мусулмончилик аста-секин дейдилар, шошма-шошарлик билан ўзларини ҳар томонга урган одамларнинг кўпчилиги бадном бўлдилар. Давлат ишониб амал курсисини берган одамларнинг кўпчилиги, давлатга ҳам, халққа ҳам, ҳаққа ҳам хиёнат қилиб, гуноҳга ботдилар, қонун олдида жавобгар бўлдилар.
Қанийди, Отабек имкон топса-ю, шу жамғармада ишламаса, ахир пуллик иш қачонлардир яхшилик билан тугамаслиги аниқ. Отабекда нафс йўқми, унинг атрофида асаларидек зув-зув учаётган корчалонларда нафс йўқми? Нафс шайтондан, бир оз ғафлатда қолдингми, тамом, шайтон васваса қилади. Сен эса адашасан. Бугунги кунларда сиёсатда адашсанг, бошингга балолар ёғилди. Ҳа, агар тижоратда адашсанг, хароб бўласан, ҳаётда адашсанг, бадном бўласан. Шу боис унинг ягона орзуси, ўз касби ва ижоди бўлмиш журналистика соҳасида, аниқроғи, телевиденияда муҳаррир бўлиб ишлаш эканлигини бот-бот гапирадиган бўлиб қолган. “Озодлик” мухбирига ҳам шу ниятини айтган эди интервьюсида. Ҳосил билан бўлиб ўтган машмашаларку унинг ҳаётида юз берган бир кичик воқеа, холос. Лекин тўфонли денгиз бағрида сузиб кетаётган одамнинг кемаси қайси қирғоққа урилишидан қатъий назар, Аллоҳнинг шафоатидан умидвор.
Шунча гап-сўзларга қарамай “Инсон манфаатлари учун” деб номланган хайрия лотореяси муваффақият билан охирига етказилди. Ютуқ эгалари 62 дона мамлакат автосаноати қалдирғочлари бўлмиш автомобилларга эга бўлишди. Ўнта оила жамғарма томонидан ютуққа қўйилган уй-жойлар эгаси бўлиб, янги уйларга кўчиб кирдилар. Жамғармага юз миллион сўмдан ортиқроқ маблағлар келиб тушди. Ҳамкорликда тарғибот ишларини ўтказган телевидение учун ўттиз олти миллион сўм маблағ ажратилди. Отабек бу муваффақиятлардан ниҳоятда мамнун эди.
Ўзбекистон телевидениеси раҳбари Фарҳод Рўзиев жамғармага миннатдорчилик мактубини йўллади. Ҳатто шу фаолиятда яна ҳамкорлик қилишни, агар вақт топиб Отабекнинг шахсан ўзи кўрсатувлар олиб бориши мумкинлигини ёзган эди. Жамғармага Мирзакатта Хурсандов ўринбосар сифатида юборилди. У молиявий ишларга бош қош бўла бошлади. Жамғармада маблағлар камайиб, ишлар сустлашиб қолганидан кўпчилик даромадли жойларни топиб, ишдан бўшаб кетишди. Илҳомжон пахта саноатига, Дилшод хусусий фирмага, Мирзакатта аканинг ўзи эса, янги ташкил этилаётган Амир Темур жамғармасига ижрочи директор вазифасига ишга жойлашди. Жамғарма раиси этиб, академик, тарихчи олим – Бўривой Аҳмедов сайланган эди. Бир марта у “Отабек, сизнинг жамғармангиз мамлакатимиздаги обрўли ва энг бой ташкилотлардан бири, менга мутахассислар билан ёрдам берсангиз, деб, Мирзакатта Хурсандовнинг номзодини шахсан ўзи сўраган эди. Отабек фикр билдиришни ўзига эп кўрмади. Биринчидан, Мирзакатта ака Отабекдан анча ёши улуғ. Иккинчидан, Отабек раис сифатида ўз ходими тўғрисида салбий фикр билдиришни истамади. Учинчидан, бу одам лавозимларни ўта ҳурмат қиладиган, унга интиладиган киши. Ўзи раҳбар бўлибди, майли хурсанд бўлсин!Майли, у ҳам раҳбар бўлиб ишлаб кўрсин, деган ўй билан розилик билдирган эди. Ўшанда кетиш олдидан Мирзакатта Хурсандов унинг ёнига кирди. Ғолибона юриш билан Отабекнинг ёнига келиб, доимгидек ҳазиллашган бўлди.
– Энди сиз билан мусобақалашиб ишлайдиган бўлдик, раис. Социалистик мусобақа. Аммо хафа бўлмасангиз бир гапни айтиб қўйсам. Энди “Наврўз” жамғармасини Маҳалла жамғармасига қўшиб юборар эмишлар. Сиз каттага ёқмай қолибсиз. Шу боис Сизни телевизорга чиқаришмай қўйишган экан, мен юқоридаги ишончли манбалардан бу гапларни билиб олдим” деган эди. Бу гаплар албатта, ғирт миш-миш эди. Мирзакатта аканинг башорати ёлғон чиқди. “Наврўз” жамғармаси яна телевидения билан “Буюк келажак” деб номланган хайрия режаларини ишлаб чиқди. Шу ном билан кўрсатув намойиш қила бошлади. Кўрсатув ижодкорлари жамланди. Яна Отабек Ўзбекистон санъат арбоби Мели Маҳкамовни режиссер сифатида жамғармага ишга таклиф қилди, тасвирчи, афсонавий Рафаэль Камалов бўлди. Отабекнинг ўзи кўрсатув муаллифи ва олиб борувчиси сифатида қайтадан оинаи жаҳонда кўрина бошлади. Биринчи кўрсатувданоқ томошабинлар ўз мухбирини топиб олгандек хурсанд бўлишди. У яна аввалгидек одамлар қалбида яшаб, савобли ишларни қилишга интилаверди. Келажакка умид, яхши кунларга ишонч ғояларини тараннум этди. Нисор қалбларнинг руҳини кўтара бошлади.
– Демак менинг йўлим тўсилган бўлса, ҳамкасбларимнинг иши экан, чунки ҳомийлик кўрсатувини девондан ҳеч ким тўхтатиб қўймади-ку. Ҳамма яна олдингидек қабул қиляпти-ку” деган фикр Отабекнинг хаёлидан ўтарди. Кўрсатув саҳифаларидан бирида “Муроджон ва Муштарий” деб номланган лавҳа намойиш этилди.
Ушбу лавҳада Отабек икки ҳикояни бирлаштириб, ягона мақсадга бўйсундирилди. “Муроджон Иброҳимов машҳур хонанда, унинг қўшиқларини мухлислар жуда-жуда ёқтирар эдилар. Негадир бир неча йиллардан буён Муроджон саҳнадан тушиб кетган, қўшиқ куйламай қўйган эди. Маълум бўлишича, отаси Абдуллажон бобо, саксон ёшлардан ошгандан сўнг бир неча йил тўшакка михланиб қолади. Муроджон ҳатто ўзи севган санъатни ташлаб, бемор отасини ўзи парвариш қилади. Отабек Абдуллажон бобо ҳузурига ташриф буюрганида июль ойининг бошлари, ҳаво ниҳоятда иссиқ эди. У узум ишкомлари орасидаги айвонда ётар, Муроджон эса қўлидаги елпиғич билан отасини елпиётган эди. Отабекнинг одати шунақа, қаерда юрса ёнида тасвирчиси бўларди. Олдингидек телевидение ижодий гуруҳ ажратиб бермаган бўлса ҳам, дўстларидан бири Қудратжон Тошкентда “Кўзгу” видеостудиясини очиб, фаолият юргизарди. У билан ҳамкорлик тўғрисида шартнома тузди-да, ёнида тасвирчи олиб юриш имкониятига эга бўлди. Абдуллажон бобонинг ўз ўғлига бераётган дуосини тасвирга туширди. Сўнгра иккинчи лавҳани, Муштарий исмли қизчанинг тақдирини шу лавҳага боғлади. Тошкент шаҳридаги Қўйлиқ мавзесида қўйилган ахлатхона ичидан чақалоқнинг йиғлаган товуши эшитилади. У ерда ўйнаб юрган болалар ахлат қутиси ичидан бир-бир ярим ёшли қизчани топиб оладилар. Уни шу ерга яқин хонадонлардан бирига олиб кирадилар. Хонадон соҳиби 60 ёшлардан ошган Холисхон ая билан Рафиқжон акалар қизчани боқиб оладилар. Уларнинг 5 нафар фарзанди бўлиб, улар вояга етишиб, уйли-жойли бўлиб кетишган, набираларга сероб оила эди. Холисхон ая болани ўз номига расмийлаштириб олиш учун бормаган идораси, кирмаган эшиги қолмайди. Аммо ҳеч ким бунга рухсат бермайди. Шунда хат билан Отабекка мурожаат қилади. Унинг ёрдами билан қизчани Муштарий деб номлаб, мақсадларига етадилар. Шу икки тақдир мисолида “Бола, ҳаётимиз чироғини ёқувчи” муқаддас Аллоҳ неъмати, Абдуллажон бобо қариганида, дармондан қолганида, солиҳ фарзандлар, набиралар ўстириб вояга етказгани учун чексиз меҳр кўради, муҳаббат кўради. Муштарийни ўз боласидек бағрига олган Холисхон ая каби улуғ зотлар, миллатимиз болажонлиги рамзидир.
Бугунги кунлардаги ўз боласини ташлаб кетганлар-чи, ўз ота-оналарини хўрлаганлар-чи, улар ҳақида гапиришга, сўз топилмади, афсуски.
Қизим Муштарий, сен камол топасан. Ўзингнинг одобинг, меҳнатинг билан элимизга хизмат қиласан. Сенинг бахтинг ва иқболинг элимизнинг бахту иқболи бўлади. Болалар даврасида улғайган Муштарийнинг ширин табассуми тасвирларда акс этгач Абдуллажон бобонинг дуо қилаётган чеҳраси, атрофини ўраб олган набиралари кўзга ташланади. Муроджон Иброҳимовнинг энг янги, ҳали мухлисларга нотаниш бўлган “Қани, Омин!” деб номланган қўшиғи янграйди.
Ўғлинг бўлса, полвон бўлсин,
Елкасида Ватани!
Қизинг бўлса, бир гул бўлсин.
Қучоғида чамани
Қани, Омин!
Муроджон Иброҳимовнинг ёнидан Абдуллажон бобо ҳузуридан чиқиб, Отабек Марғилондан тўғри Андижонга, Ойим қишлоғига жўнаб кетди. Тешиктош қишлоғидан ўтиб бораётганларида анча кеч бўлган эди. Ҳайдовчи Турсунбой одатдагидек йўлга қараб жимгина “Нексия” машинасини бошқариб борарди. Отабек эса олдинги ўриндиққа ўтириб олиб, Турсунбойни гап билан сергаклантириб борарди. Унинг рулда ўтириб ухлаб қоладиган одати бўлганлиги учун олис йўлга чиққанларида Отабек уни турли латифалар билан кулдириб кетарди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Обид Асомов бошчилигидаги “Обид-А” сатира театрининг Халқлар дўстлиги саройидаги бу йилги чиқишлари Отабек кўрсатувларига тақлид, ўртоқлик ҳазили бўлиб, гоҳ жамғарманинг хайрия фаолияти ҳазилга олинар, гоҳ унинг кўрсатувларидаги баъзи воқеалар кулги аралаш тақлид қилинар эди. Айниқса, Отабекнинг овозига тақлид қилиш Ҳамза Умаров, Наби Раҳимов, Соиб Хўжаев каби санъатимизнинг улуғ дарғалари овозини ўхшатишдан осонроқ эди. Отабек ўз кўрсатувларида энг кўп қўллайдиган иборалар қизиқчиларнинг талқинида кулгили чиқарди:” Лайлаклар, сиз оила рамзисиз. Наманганга борганингизда менга саватга солиб битта, бир дона, бир нафар қиз чақалоқ олиб келинг, иккинчи саватни ҳам унутманг. Унда олма тўла бўлсин! Уйда ўн бир нафар ўғил фарзандларим бор. Хотинимдан қиз сўрайвериб чарчадим. У киши ҳозир Чортоқда дам олишда, маликаи дилоромим уйга келгунича чақалоқ “есть” бўлсин. Лайлаклар, сиз менинг халоскоримсиз! Қанотингизда албатта, қиз чақалоқ олиб келинг!”.
Мана шу оддий матн Обид Асомов талқинида Отабекнинг овози билан одам дилида ширин орзиқишлар уйғотар, Отабек ҳам бўш келмасди. У Обиднинг овозида латифа айтишни яхши кўрарди. Йўл-йўлакай Турсунбойга машина ойнасидан лип-лип этиб ўтиб кетаётган нарсалар ҳақида латифалар, топишмоқ тўқиб борарди.
– Турсунбой, ука, – деди Отабек Обид Асомов овозига ўхшатиб. – Сизга бир саволим бор. Ўзбек халқининг энг буюк кашфиётларидан бирини айтиб берсангиз?!
– Техника соҳасидами?, – деб сўради Турсунбой.
– Ҳа!
– Атом, йўқ, қуёш энергиясидан фойдаланишми?
– Йўқ, шундай бир кашфиёт борки, у дунёда бетакрор. Энг буюк кашфиёт! Отабек “жумбоқни топ!” дегандек ҳайдовчи Турсунбойга кулиб қаради. Ҳозир кўзингизга кўринди-ку!
– Йўқ, тополмадим?
– Бўлмаса, иккинчи савол. Ўтган асрда, аниқроғи Еропа мамлакатлари “Катта пойга” ўтказишган, улар аэропланларда Австралия қитъасига учиб ўтишган. Бизнинг юртимиз устидан учиб ўтишаётганда даҳшатли бир қуролга кўзи тушган, уларни суратга олиб, инглиз учувчилари Қироллик махфий хизматига топширишган. Ушбу қурол ҳақида бутун Европада турли гаплар тарқалиб, ҳамма ваҳимага тушган. У қандай қурол?
– Менимча, лазер бўлса керак. Минг йиллар олдин Муқанна ишлатган дейишади-ю,- жавоб берди Турсунбой. – Э, тополмадим. Мендан араб алифбосида урғуни қайси ҳарфга бериш керак, қаерида ҳижжалаш, қаерида чўзиб айтиш кераклигини айтсангиз, айтиб бераман. Зебу-забарлар вазифасини сўранг, тушунтираман. Мисол учун, “куз” сўзидаги битта нуқтанинг тушиб қолиши кўзни “кўр” қилиб қўяди, шуни сўранг!
– Ўзбеклар бир ярим минг йилдан буён сиз айтган араб тилида “қандай ўқилади?” деган савол устида бахслашиб келадилар. Аммо аниқ бир ечим топган эмаслар. Техника соҳасида ҳам худди шундай. Сиз ҳозир ана шу қуролни ҳам, техника мўъжизасини ҳам ўз кўзингиз билан кўрдингиз. Шундай йўл бўйида турган экан.
– Э, топдим, ҳазилингиз ҳам бор бўлсин! Эшакка тўқим, отга эгар, ҳўкизга омоч, томга ёғоч деганларидай..., – деди Турсунбой хохолаб кулиб.
– Яқинлашдингиз, аммо тополмадингиз!Топсангиз ҳам мени андиша қилиб айтгингиз келмади. Ошга қирқ қулоқли қозон, минг кишига дамланган палов, тўйга олиб борувчи туя, от – улов!
– Шунақа демайсизми, – деди кулиб Турсунбой, – мен ўйлабманки, буюк бобокалонларимизнинг буюк кашфиётлари, Фарғонийнинг миқёси Нил– сув ўлчағичи, Улуғбекнинг расадхонаси, меъморларнинг шу пайтгача сира тополмаган ранглари, атласнинг дунёга келиши ва ҳоказолар. Топдим, бу – ҳаттотлик санъати.
– Мен сизга буюк техник кашфиёт, қурол ҳақида латифа айтяпману, сиз бўлсангиз минг йиллар олдин яратилган аждодлар мероси билан фахрланишдан нарига ўтмайсиз.
– Э, улар ҳозир ҳам ишлатиладими?
– Албатта, ҳа-да, ишлатилади!
– Топдим, бу – “Нексия”, “Дамас”, “Тико”!
– Бундай гапларни айтинг “Тико!” Улар корейсларники ёки немисларники. Ҳа, яқинлашдингиз, – деди Отабек.
– Майли шаҳар бердим, – деди Турсунбой тополмаганидан, – ҳозиргина “Олтин омоч” деган жойдан ўтдик, ўшани бердим.
– “Олтин омоч” деган жойда, ўнг тарафда тўхтадик, – сўради Отабек, – нимани кўрдик?
– Нима бўларди, от-аравани кўрдик, – деди Турсунбой. Бошқа ҳеч нарсани кўрмадик.
– Унинг ғилдираги қанақа экан?
– Ўзидан ҳам катта экан.
– Уни қўшмаганда нимага ўхшайди?
– Осмонга қаратиб қўйилган қўштиқ тўп, пушкаларга ўхшайди, – деди Турсунбой.
– Энди тасаввур қилинг, ўтган асрнинг бошлари, самолётлар парвози, улар Марказий Осиё, яъни юртимиздан ўтаётганларида минглаб осмонга қаратиб қўйилган қўштиғ пушкаларни кўрадилар. Бу махфий маълумотларни суратга тушириб, “давлат аҳамиятига молик иш бажараяпман” деб ўйлаган учувчилар пойгада ютказиб қўйганлар.
– Э боринг-е, – деди Турсунбой хохолаб, – Лофчи, лофни ҳам ўхшатиб айтинг-да ака!
– Ҳеч қандай лофэмас бу. Бизнинг аждодларимиз Қўқон аравани ўйлаб топганларида дунёда бошқа транспорт воситаси бўлмаган! Биз дунё ва охират ғамларида фалсафа билан шуғулланиб юраверганимиздан буён Европа ва Америка ойга ҳам чиқиб тушди. Энди Марсни кўзлашаяпти. Бундан юз йиллар муқаддам: “Тўй ва таъзияға сарф қилинатургон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм ва-дин йўлиға сарф этсак, анқариб оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимиз-да обрўй ва ривож топар. Йўқ, ҳозирги ҳолимизға давом этсак, дин ва дунёға зиллат ва мискинатдан бошқа насибамиз бўлмайдур”.-деб ёзган эканлар Маҳмудхўжа Беҳбудий исмли жадид бобомиз «Ойна» журналида. Биз ҳануз кимўзарга тўй, маракалар ўтказамиз. Ким қандай қозонда неча кило ош дамлаб тўй қилди, қанча одам тўйга таклиф қилинди, деган гаплар билан минг йилларни ўтказиб юбордик. Қўқон араваларимиз ҳамон хизматда. Кундузи юк транспорти, кечқурун қўриқчи қуштиғ пушка. Зангор тўпнинг ўзи-я. – бу Қўқон арава. Тормоз...!!!
Турсунбой чўчиб тушиб, машинани таққа тўхтатди.
– Ухлаб қолганим йўқ-ку, – деди Турсунбой,– қўрқитиб юбордингиз. Олдингиздан чопиб ўтган “Қора от”ни айтяпсизми?
– Ҳа, Сизни кўрмай қолди, деб ўйладим, – деди юрак ютиб Отабек. – От бўшаб кетибди, шекилли.
– Ўзингиз уйқусираб қолибсиз, – деди Турсунбой , – юракни қинидан чиқариб юбордингиз, – кечасида бундай масалалар ҳақида гапирманг, демабмидим. Ие, нима шовуллаяпти? Бу қандай товуш?!!
– Қорағуноннинг, Қора тойчоқнинг товуши, – деди Отабек яна жумбоқли маънода Турсунбойга қараб.
– От кишнаши мумкин. Лекин бу сувнинг товуши, дарё шовуллаяпти чоғи, – деди Турсунбой машинани юргизаркан.
– Ҳа бизнинг қишлоқдан, ҳовлимиздан оқиб ўтувчи дарёни Қорағунон дейдилар. Кечалари унинг шовуллаши бутун борлиқни тутиб кетади ва шовуллаши олис-олислардан эшитилиб туради.
Машина қишлоққа яқинлашиб бораркан Отабек болалигидаги каби йўлнинг ўнг томонидаги қирлар қоронғуда улкан қора деворларни эслатар, унинг ён бағридаги тош унгурлар худди уларнинг қош-кўзига ўхшарди. Осмондаги ой ҳам қирма-қир уларни қувиб бораётгандек, қирнинг чўққиси билан туташганда кўздан йўқолиб, икки қоря ўртаси кесишганда кўринар, гуё у бекинмачоқ ўйнаётган қизчани эслатар эди. Менимча Моҳларойим – Нодира болалигида шу ерда отлардан қўрқиб кетган бўлиши керак, хаёлидан ўтказди Отабек. Дарёнинг шовуллаши янада кучайди. Ой нурларида Қорағуноннинг тўлқинланиб оқаётган илон изи икки қирғоғи яққол кўзга ташланарди.
Отабек туғилган “Ёвкессак” деб аталувчи бу қишлоқнинг тугашида дарё адирга урилиб, кейин Қорадарё томонга қўшилиш учун бурилиб оқарди. Адир ёнбағри бульдозер ёрдамида кесилиб йўл солинганлиги учун ҳам бу ер дарвозага ўхшайди. Ҳар сафар Отабек уйга қайтганида энг аввало дарёга салом беради. Бу асов дарё қанчадан-қанча одамларни ўз домига тортиб кетган, аммо Отабекни ютмаган меҳрибон она! Отабек шундайгина дарё бўйидаги уйда дунёга келган. Она алласидан олдинроқ унинг қулоғига кирган сас, шу дарёнинг шовуллаши бўлган. Ҳар сафар уни соғиниб келади, болаликнинг сирли соҳилини соғинмаган ким бор? Ўн болани ўтда куйдирмай, сувга оқизмай катта қилган онаизори, меҳрибони бир умр уни соғиниб, шу дарё билан сирлашиб, шу ерда унинг йўлига кўз тикади. Зор, хумор бўлиб соғинади. Отабек ҳам соғинади, лекин ота-она соғинганидан, унинг меҳридан кучлироқ нима бор, бу ёруғ оламда?! Эсида, мактаб узоқ бўлгани учун уни ёшлигида “Ойим” қишлоғидаги интернат мактабга беришган эди. Унга ҳафтада бир марта, якшанба куни уйга жавоб беришар эди. Отабек уйидагиларни жуда соғинарди. Онаси эса отасига билдирмай, баъзан, ҳафта орасида ўғлини кўриб келарди. Бир куни Отабек ниҳоятда зерикди, онасини соғинди. Интернат мактабнинг панжараси ёнига бориб, кўчага қараб, хаёл суриб турган эди, катта кўчада бир тўп аёллар ўтиб қолишди. Уларнинг ичидан бир аёл отилиб чиқди-да, ўзини панжара томонга отди. У овозининг борича “болам...” деб йиғларди. Қай кўз билан қарасинки, у аёл онаси – Эътиборхон ая экан. Унинг қўлида кичик тугун бўлиб, ичига олма тугиб олган экан. Олмаларнинг ҳар бири пиёладек келади. Аёл қип-қизил олмаларни панжара ортидан Отабекка узатди. Отабек олмаларни оларкан, онасининг юзига боқди. Унинг кўз ёшлари маржон-маржон оқиб тушарди. Бу ёшлар соғинч ёшлари эди. Отабек ҳафтада бир марта ўз уйига келганида ҳам, душанба куни эрталаб, уни онаси интернатга кузатиб қўйиши керак эди. Андижон – “Ойим” автобуси ҳар икки соатда бир марта шу ердан ўтарди. Агар у биринчисига улгурмаса, дарсдан кеч қолади, шу боис саҳар тўрт-бешларда туриб, автобус кутишига тўғри келарди. Айниқса, қиш кунлари ўз вақтида дарсга етиб бориш жуда азоб эди. Онаизор кўзда ёш билан уни кузатиб қоларди. Сўнгра Отабек Тошкентга ўқишга кетди. Ўқишни битириб, Тошкентдан уйланди, ўша ерда яна ишлаб қолди. Эътиборхон ая 30 йилдирки, кўзлари нигорон бўлиб, дилбандини кутиб олади, кузатиб қўяди. Уларнинг ҳовлиси четидан Қорағунон дарёси шовуллаб оқаверади, умр эса оқар сув мисоли ўтиб кетаверар экан. Дарё ҳам одам танасидек қишин-ёзин бир хил ҳароратда ер остидан қайнаб чиқади. Доимо йигирма даража иссиқликда. Ёзда дарё суви танага оромбахш ёқса, қишда ҳаво ҳарорати совуқ бўлгани учун қайнаётган қозонни эслатади. Қишлоқдаги дарахтларни булдуруғ қоплаб, қишда қор ёғса ҳам, ёғмаса ҳам оқ либос кийиб олишади. Отабек хаёл оғушида бўлиб, машинада уйига етиб келганини ҳам сезмай қолди. Тун ярмидан ошган бўлса-да, машина келиб тўхтадими, томом, Эътиборхон ая ва Ёқубжон ота дарров дарвозани очиб, кўчадан хабар олишга одатланиб қолишган. Отабекнинг одати шундай, доим кечаси ёки кундузи, айтмай тўсатдан уйга кириб келади. Яқинлари унинг келишини доим кўзлари тўрт бўлиб, кутишгани кутишган. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Ёқубжон ота дарвозани очди.
– Онаси туринг, ўғлимиз келди,– деди-да, машинадан тушаётган Отабекни маҳкам бағрига босди. Сўнгра Турсунбой билан ҳам эски қадрдонлардек кўришди. Қўлида видеокамера, елкасига халта осиб олган тасвирчи йигит билан ҳам кўришиб, унинг елкасидаги халтани олди.
– Ассалому алайкум, бувижон, – деди Отабек онасининг бағрига ўзини отар экан.
– Ваалайкум ассалом! Келдингми болажоним, жуда соғинтириб юбординг-ку!,–деди Эътиборхон ая. Яна келинни олиб келмабсан-да, ахир невараларимни соғиндим-ку.
– Онажон, қўйинг уларни. Уларни ҳам бошқа сафар олиб келаман. Ўзингиз тузукмисиз? Тузалиб кетдингизми,–сўради Отабек. Жалолқудуқдаги дўхтир, қаричилик!Дармондорилар билан онангиз яхши бўлиб қувватга киради, деб ёзиб берган эди, ўтган ҳафтада. Дориларингизни олдингизми, онажон?
– Ҳа, оляпман. Дилфуза синглинг, барака топсин, уколлар қиляпти. Аммо тўлиқ яхши бўлиб кетганим йўқ ҳали. Вой эсим қурсин! Ёнингдагилар билан ҳали кўришмабман ҳам. Келинглар, соғ-саломатмисизлар, ойингиз ва дадангиз, бола-чақаларингиз тинчми? Қани ичкарига киринглар, жой тайёр!
– Отабек ака,–деди Турсунбой, – биз чарчадик, тасвирчи ва мен дам олаверайлик!Сизлар отам ва бувим билан мазза қилиб гаплашиб ўтиринглар! Турсунбой ва тасвирчи йигит дам олгани Отабек учун махсус қурилган хонага кириб кетишди. Отабек ота-онаси билан бошқа уйга киришди. Эътиборхон ая дастурхон солмоқчи бўлган эди, негадир дармони етмади. Буни сезган Ёқубжон ота дарҳол дастурхонни солиб, иккита нон олиб, ушатди. Электр плитага чойнакни қўйди. Эътиборхон ая зўрға ҳансираб борганча пойгакда тўшалган кўрпага чўккалади. Ёқубжон ота ерга гугурт қутисини отиб, уни тик тушганини кузатиб, аста гап бошлади.
– Онангнинг касали оғирга ўхшайди, ўғлим, – деди ўйчан хаёл сураркан, – Дилфузага бугун жавоб бердик. Унинг оиласи бор, яна гап тегиб қолмасин! Қиз бола бировнинг хасми. Эртага Маърифат синглингга онангга қараш навбати. Келинлар ҳам қарашяпти, аммо қизларимга раҳмат! Бири қўйиб, бири онасининг атрофида парвона бўлишяпти, шуларнинг борига шукур!
– Мен билан шифокорларга боргандан буён, бошқа кўринмадингизми, она? сўради Отабек онасидан, – ахир онангизнинг касали йўқ, оддий қаричилик, бироз шамоллабдилар, холос деган эди-ку, шифокорлар. Сизни даволатиш учун эртага ўзим билан Тошкентга олиб кетаман.
– Тошкент менга узоқ, болам!, – деди Эътиборхон ҳарсиллаб нафас оларкан, – тузалиб қоларман!
– Сен армияга кетган йили ҳам онанг қаттиқ оғриган эди, – деди Ёқубжон ота, – Сенга билдирмаганмиз. – Ўшанда сариқ касал бўлган экан. Менимча, онангнинг жигари хасталанган. Ўшанда икки ой касалхонада даволанган эди.
– Йигирма беш йил олдинги гапни айтяпсиз-а, ота, – деди Отабек, – Унинг асорати қолмаган бўлса керак.
– Билмадим,–деди Ёқубжон ота, –Кейинги пайтларда онанг жуда кўп безовталаняпти? Дўхтирлар уйимизга ҳам келиб кўриб кетишяпти, аммо улар кўнглимизни кўтаришгани билан вазият оғирлашяпти?
– Билмасам, болам, – деди Эътиборхон ая, – Иссиқ жон, шунақа бўлиб туради-да, тузалиб қоларман. Табибларга ҳам бордик. Қорасув тарафда бир табиб бор экан, бир ой ҳеч қаёққа кетмасангиз тузалиб кетасиз, деди. Тошкентингни қўй, бир ой кутамиз, ўша табибда тузалмасам, сен айтган дўхтирга бораман ўшанда.
– Энди, касални вақтида даволатиш керак, онажон! – эртага ўзим билан олиб кетсам, яхши бўлади. Ҳукумат касалхонасида яхши дўхтирлар бор. У ерда тез даъво топардингиз. Чунки шаҳарда тиббиёт жуда ривожланган. Ташхисларни ҳам аниқ ва тўғри қўйишяпти.
– Майли, кўрамиз. Яна бир-икки ҳафта қарайлик-чи, – деди Ёқубжон ота, – ўзгариш бўлмаса, Тошкентга олиб бориб даволатамиз онангни.
– Яхши, – деди Отабек, – Ҳа, онажоним, менимча касалингиз сувдан, мана шу дарёдан сув ичасизлар, водопровод йўқ, олдин унинг суви жуда тоза эди, ҳозир экология туфайлими, негадир жуда ифлосланиб кетди. Ундан, яна адирларнинг пайнобларини ичаяпсизлар. Ахир, ғўза суғорилса, унга қанча кимёвий ўғитлар, ҳар-хил ҳашоратларни қирувчи заҳарли дорилар сепилади. Албатта, булар инсон соғлиғига зарар-да. Бу ерга водопровод олиб келиш ҳам, улови тушовидан қиммат. Темир трубаларнинг қимматлилигини айтмайсизми?
– Қўй болам, битта менинг касалим деб, бутун дунёни ташвишга соласизлар-ми? – деди Эътиборхон кўрпача четидаги ипни қўлида бураркан камсуқум ҳолатда.
Отаси эса жимгина ўтирар, унинг ичида нима кечаётганини Отабек ҳам ўқий олмас эди.Отасининг жаҳли чиққанда узоқ мулоҳаза қилиб гапирадиган одати бор. Отабек қирқ ёшлардан ошганига қарамай, ҳамон отасидан қўрқади. Айби борми, йўқми, барибир отасининг юзига тик қарай олмайди. Отабекнинг ўзига хос одати, уйларида бирон воқеа бўладими, муаммо туғиладими, ўзини айбдор сезаверади. Агар у Тошкентга кетиб қолмаганида балки бундай бўлмасмиди? Балки ота-онасининг ёнида, узоқларга кетмай яшаганида уларга кўпроқ фойдаси теккан бўлармиди? Ҳарқалай ўғил болалар ичида энг каттаси, унинг зиммасида маъсулият кўпроқ эди. Ўзи бу томонлар чет туман бўлгани учунми, маиший шароитлар унча яхши эмас. Бир кило оқ қанд ҳарид қилиш учун ҳам 8-10 километр жойга “Ойим”га ёки “Олтин Омоч”га, қир ошиб Серго деган жойга бориб келиш керак. Айниқса, бировнинг кўзи ёриса ёки бетоб бўлиб қолса, “тез ёрдам” деган машинани чақириш амри маҳол. Яхшиям бир синглиси “Ойим” қишлоғидаги касалхонада ҳамшира бўлиб ишлайди, ота-онаси қариганида энг асқотгани ҳам Дилфуза бўлади. Болаларнинг ичида энг ҳаракатчани ҳам, энг жафокаши ҳам шу. Ҳатто келин бўлиб тушган жойидан уй-жой етишмагач ер олиб, уй қурган ҳам шу. Дилфуза ишга боради, молга қарайди, қўни-қўшниларга ишдан кейин ҳамширалик қилади. Бир амаллаб чойчақа топиб, кун кўради. Эри Фарҳоджон ҳам тинмайди. У бир неча марта Россияга бориб ишлаб ҳам келди. Бир марта ишлаётган жойидан иш ҳақини ундиролмай қуруқ келган йили ҳам бўлди. Албатта, ака сифатида Отабекнинг топар-тутари яхши пайтида қўлидан келганча синглисига ёрдам берди. Ўнта фарзанди бўлгани билан ҳамманинг ўз уйи, ўлан тўшаги, оиласи бўлар экан. Бирга туғилмоқ бору, бирга яшамоқ йўқ экан.
– Онангнинг қон босими кўп йиллардан буён борлигини ўзинг ҳам биласан, – дея сўз бошлади Ёқубжон ота ўртадаги жимликни бузиб. – Хайриятки, кейинги пайтда қон босими ўрнига тушди, унинг касали шунданмикан, деб ўйлагандим. Шу боис онагни доим эҳтиёт қилардим, шифокорлар сендан кейин ҳам бир неча марта текширишиб, аниқ ташхис қўя олмадилар. Қорни кўп марта оғрийди. Қорасув шаҳрида яхши табиб бор экан, ўшанга бордик. У бир ҳафта онагни даволади. Турли гиёҳлардан малҳам тайёрлаб берди. Жалолободнинг Қорашўрак деган жойидан шифобахш сув чиқар экан. Ўшандан ҳам олиб келиб ичирдик. Ўша сувни анча фойдаси тегди, чоғимда. Майли, сен чарчаб келдинг, бироз ётиб дам ол, эрталаб гаплашамиз!.
Отабек ўз хонасига кирмай онаси ётган жойда тўшакка ёнбошлади. Ёқубжон ота айвонга, ўз ётоғига чиқди. Ёдида, Отабек болалик чоғида бу дунёда унинг онасидан гўзалроқ ва меҳрибонроқ одам йўқ деб ўйларди. Онасининг қоп-қора сочлари узун ва қалин эди. Онаси сочини юваётганида унинг ёнида туриб тамоша қилишни яхши кўрарди. Онаси узун сочларини ёғоч тароқ билан тараганида унинг юзларига сув сачрар, Отабек эса қиқир-қиқир куларди. Энди у сочлар сийраклашиб қолган, қордек оппоқ. Юзларини ажин қоплаган. Аммо ана шу ажинлардан қуёш янглиғ меҳр нури таралади. Отабек кўзлари уйқуга кетган онаси билан гаплашгиси келди-ю, у ухлаяптими ёки бедармонлиги туфайли кўзини юмиб ётибдими, уни безовта қилгиси келмади. Йўлдан чарчаб келган бўлса-да, кечаси мижжа қоқмади, уйқуси келмади. Эътиборхон аянинг юзларига термулиб, болаликнинг сирли олами хаёлида гавдаланар, ўзини кичкина боладек тасаввур этарди. Кўз олдидан кино лавҳалардек онаси билан боғлиқ хотиралар бирма-бир ўтарди...
Тун..., лампачироқ ёниб турарди. Отаси “полотерка” русумли машина ҳайдовчиси бўлиб ишларди. У кўпинча сафарда ёки ишда бўлар эди. Онаси чироқ ёруғида кашта тикарди.
– Онажон, электр қанақа бўлади, – сўрарди тўрт-беш ёшлардаги Отабек, – у қандай ёнади?
– Худди лампачироқ каби ёнади, болам. Чироқнинг пилигини кўряпсанми, худди шунақа ёнади, – деб жавоб қиларди онаси.
– Унинг ҳам ёғи бўладими?
– Йўқ, у сим орқали ёнади.
– Сиз бу кашталарни тикиб нима қиласиз?, – яна сўрарди Отабек қўли билан сариқ атлас матонинг учини тортиб.
– Сени уйлантирганимизда, сен куёв бўлганингда, белингга боғлаймиз, беқасам тўн, қизил этик киясан...
– Куёвлар шундай чорси боғлайдими?
– Ҳа, ўғлим, шундай боғлайди.
– Ўшанда сиз қариб қоласизми?
– Ҳа, ўғлим, қариб қолсам керак...
– Энамга ўхшаб, сочларингиз ҳам оқариб кетадими?
– Ҳа! Мен ҳам кампир бўламан. Невараларимни боқаман.
– Невараларингиз ким бўлади. Қаердан келади?
– Худо беради, болам!
– Онажон сиз ҳеч қачон ўлмайсиз-а?
– Туғилган одам борки, ўлади, болам.
– Унда мен нима қиламан. Йўқ, сиз ўлмайсиз, ўлмайсиз,-дея Отабек инжиқлик қила бошларди. Отабек хархаша қилиб ухламасди, ўтириб оларди.
– Хўп, болам, энди ухла! Сен айтганчалик бўлақолсин, мен ўлмайман. Ўлмайман дедим-ку. Отабек тинчланиб, ухлаб қоларди...
– Кунларнинг бирида осмонни қора булутлар қоплади. Куппа-кундуз куни худди кеч тушиб қолгандек, чор атроф қоронғулашди. Қаттиқ момақалдироқ гумбирлаб, яшин чақнади. Кейин шовуллатиб ёмғир ёға бошлади. Отабек ҳовлида синглиси Қорияхонни ўйнатаётган эди. Ўша пайтларда кенжа синглиси Олияхон уч-тўрт ёшларга яқинлашиб қолган бўлса-да ҳали юрмасди. Тили ҳам яхши чиқмаган эди. Ҳафта давомида ёмғир ёғавергани учун ўша куни ҳам онаси далага чиқмаган, уйда хамир қилаётган эди. Отабек бошидаги дўпписини осмонга отиб, Қорияхонни синглисини жиғига тегарди.
Ёмғир ёғалоқ, эски чақалоқ,
Бойнинг қизини қорни думалоқ...
Отабекнинг кўзи ҳовли четидан оқиб ўтаётган дарёга тушди. У сап-сариқ бўтана бўлиб оқарди. Секин-аста унинг суви кўпая бошлади. Ҳатто у тошиб, болалар ўйнаётган тепаликка яқинлашди. Дарё бўйидаги уйга ҳам эшикларидан сув кира бошлади. Негадир одамларнинг бақир-чақирлари эшитилди. Шовуллатиб ёғаётган ёмғир, момақалдироқ ва дарёнинг шовқини аралаш-қуралаш бўлиб кетди. Бутун қишлоқ аҳолиси қирнинг устига чиқиб олишганди. Шундай ёмғирда одамлар қирда нима қилишади, хаёлига келтирди Отабек. Секин-аста тепадан йиғилиб, пастга дарёга қараб оқиб келаётган ёмғир сувлари кўпая бошлади. Аввал синглисини, сўнгра Отабекни дарё томонга оқизиб кета бошлади. У синглисини маҳкам қучоқлаб олди, шунда ҳам борган сари кўтарилиб бораётган сел уларни суриб борар эди.
– Бувижон, буви, биз оқиб кетяпмиз, ёрдам беринг!,– деди овозининг борича бақириб Отабек. Эътиборхон ая хамирли қўллари билан ташқарига югуриб чиқди.
– Вой шўрим қурсин, – деди дод солиб, – Сел келаяпти, сел!
Онаси икки қизини бир қўлидаа кўтариб, иккинчи қўлида Отабекни етаклаб, тепага адир томонга югурди. Эътиборхон ая ҳаллослаб яланг оёқ чопганидан баъзан сув тўлқинларида йиқилар, ўрнидан туриб, яна болаларини маҳкам қучоқлаганича қир томонга кўтарилиб борар эди. Унинг оёқларига лой ёпишган, кийимлари шалаббо, Қорияхоннинг калиши оқиб кетган эди. Отабекнинг дўпписи ҳам бошидан тушиб кетиб, селдада анчагача сув юзасида оқиб борди-да, кўздан йўқолди. Қўшниси Абдураҳим бобо югуриб бориб, Отабекни онасининг қўлидан олди. Улар қирга чиқиб олганларида паста жилға томонидан келаётган сел йўлни ювиб, Отабекларнинг ҳовлиси ичидан дарёга келиб қўшиларди. Момақалдироқ гумбурлаб чақар, сел шовқини ҳаммаёқни тутиб кетган эди. Маҳалланинг хотин-халажлари, болалар, ёшу-қарилар табиатнинг бу хуружидан қўрқиб, титрашиб, қир устида пастда юз бераётган жараёнларни кузатиб туришарди.
– Хайрият болам, омон қолдинглар, бир худо сақлади сизларни, – деди ичига тупуриб Абдураҳим бобо, – узр, сизларга хабар етказа олмабмиз. Ҳаммаёқни шовқин-сурон босиб кетди. Сел ўлгур даб-дудурстдан бошланди. Худога шукурки, одамларга талофат етмади, ҳамма жон сақлаб қолди.
– Ана, ана, дейишди болалар дарё юзида оқиб келаётган қора сигирни кўрсатиб. Отабек табиатнинг бу даҳшатли қудратига лол қолиб, болалар билан пастни, дарёни томоша қиларди. Дарё юзида ёғочлар, дарахт шохлари, тоғоралар, ҳар хил буюмлар оқиб келарди. Бир неча сония ичида қора булутлар, бор еруғ жаҳонни чўмилтириб, шарқ томонга ўтиб кетди. Ғарб томондан эса кўм-кўк, мовий осмон кўринди. Бир нафасда она қуёш чарақлади. Унинг заррин нурлари қутуриб оқаётган дарё юзида, ниҳоятда гўзал манзара кашф этганди. Гўё дарё кумушга айланиб оқаётгандек эди. Ёмғирдан кейин мусаффо ва ёқимли ҳаво унинг димоғига урилди. У секин онасининг юзига аста боқди. Унинг узун сочлари ёйилиб кетган, дуррачасидан тортиб, эгнидаги либоси шалаббо ва лой бўлиб кетган эди. Қирда майин эсаётган шабадада эгни хўл бўлган болалар туришарди. Онасининг кўзларида ёш, вужудида қўрқув аломатлари бор эди.
Қаранглар, ана,-дея ҳайратдан овозининг борича Отабек бақира бошлади. Осмоннинг очилган, мусаффо, кўм-кўк томонида қуёш янада ёрқинроқ чарақлаган, булутли томонида эса, камалак ўз жамолини кўрсатарди. Камалак уфққача чўзилган бўлиб, у шундай аниқ ва ёрқин рангларда эдики, бундай мўъжизани болакай ҳеч қачон кўрмаган эди. Онасининг нигоҳи камалакка тушди. Отабек унинг юзларига боқди,юзидаги қайғу шу оннинг ўзида табассумга айланди. Эътиборхон аянинг кўзларидаги ёш эса, севинч ёшларига алмашди. Аллоҳга шукрона ёшлари, ҳаётга муҳаббат ва болаларига нажот тилаган илтижо ёшлари эди.
Абдураҳим бобо, одамларга аста яқин келди-да, – “Аллоҳга шукр, маҳалла омон қолди. Бу рангин камалакни– Ҳасан-Ҳусан камалаги дейишади. Бу омонлик белгиси. Отабек болам, яқинроқ кел, сизлар ҳам яқинроқ келинглар! Нуҳ алайҳиссалом даврида Аллоҳни қаҳрига учраган қавмни жазолаш учун Аллоҳ Ер юзини тўфон билан, сувга бостириб юборган. Нуҳ (а.с.) нинг уч ўғли, келинлари ва ҳар бир жониворлардан бир жуфтдан олиб, ўзи ясаган улкан кемада жон сақлаб қолган эканлар. Шунинг учун ҳам Нуҳ (а.с.)ни иккинчи Одам Ато деб аташади. Ер юзидаги барча одамлар шу уч фарзандлардан тарқалган авлодлармиз. Бу даҳшатли воқеадан сўнг, Нуҳ (а.с.) Аллоҳга илтижо қилиб, қайта одамзодга бундай тўфонлар балосини яна юборасанми, деб илтижо қилганида, Аллоҳ то қиёматгача бундай балони одамзодга юбормасликка ваъда берган экан.Қачонки, осмонда Ҳасан-Ҳусан камалагини кўрсанглар! Аллоҳ ўз ваъдасини эсдан чиқармабди. Шунга шукур қилинглар!
Абдураҳим бобо бир калима Қуръон ўқиди-да, қўлларини очиб дуо қилди. Отабек ҳам жажжи қўллари билан дуога қўшилди. Ҳамма қўллар дуога қўшилди. Эҳ, болалик! Ҳали тўла ўзлаштирилмаган, ҳайрат уйғотувчи, сирларга тўла олам! Ечилмаган жумбоқлар! Одамлар томонидан билиб-билмай Аллоҳ яратган мувозанатнинг бузилиши. Бугунги кунларда одамлар керак бўлса, ёмғир ёғдирадилар, сунъий қурғоқчилик ҳосил қиладилар. Тўплар билан дўлни ҳайдашади. Ҳатто сунъий тарзда тўфонлар ҳосил қилиш имкониятига эга бўлган илмларни ҳам ўзлаштириб олдилар. Лекин барибир ҳеч ким, ҳеч қачон Аллоҳ каби чевар эмас. У яратган мўъжизалар асл ҳолига қайтиш қудратига эга.
“Одамлар бугунги кунларда инсонни қайтадан ёшартириш борасида илмий изланишлар олиб боришмоқда. Генлар ёрдамида жониворларнинг нусхаларини яратишяпти. Америкалик қўшиқчи Майкл Жексон ўзини оқ танли одамга айлантирган эмиш. Зодагон аёллар жарроҳлик йўли билан қариганларида ёш аёллардек қиёфага кираётган эмишлар. Оддийгина тўкилган тишни қайта чиқаришга ожиз бандалар, яна нималарни орзу қилишмайди дейсиз. Инсоният ер юзида пайдо бўлгандан буён ўз кашфиётларини тузаверади, бузаверади. Ҳар сафар улкан илмий кашфиёт очганларида, у кашфиёт одам зоти томонидан олдин яратилиб, сўнгра унут бўлган нарса эканлигини билмайдилар ҳам.
Қадим замонларда бир онаизор бўлиб, унинг паҳлавон бир ўғли бор экан. Унинг онаси қариб, бетоб бўлиб қолибди. У онасини табибларга кўрсатибди. Э, болам, бу қаричилик, унинг даъвоси йўқ, дейишибди. Лекин Чин-Мочин деган томонда, баланд тоғлар бағрида бир нок дарахти бор, у йилига фақат битта нок ҳосил қилади. Уни девлар қўриқлайдилар. Кимда ким, ўша нокни еса, кекса бўлса, ёшаради, ёш бўлса, гўдакка айланади, дейишибди. У нокни олиб келиш жуда хатарли, девларга емиш бўлиш ҳеч гап эмас. Пахлавон йигит “мен онам учун нокни олиб келаман” деб йўлга тушибди.
Паҳлавон йигит не-не машаққатлар билан ўша тоғлар юртига етиб борибди. У Чин-Мочиндан ҳам нарида, девлар юртида жойлашган, бир боғда ўсадиган нок дарахти экан. У мўъжизага на одам боласи, балки инсу-жинслар, аждарлар ҳам кўз тикар экан. Шу боис девлар уни кеча-ю кундуз қўриқлашар эканлар. Йигит унга яқинлашиб бораётган бир пайтда, ер қаъридан бир вулқон отилиб чиқибди. Ундан кўтарилган чанг, тутун қуёш юзини тўсиб, ёруғ олам зимистонга айланибди. Аммо дарахт учидаги бир дона нок қуёш янглиғ атрофни ёритиб турганмиш. Оғиз-бурунларига, кўзларига чанг кирган девлар бир-бирларини кўрмай, ўзаро урушиб, бир-бирларини, қимирлаган жон бор-ки, гурзи билан уриб, янчиб ташлай бошлашибди. Вулқон уясидан бир аждар осмонга кўтарилибди. Учиб келиб, тумшуғи билан яна қайтадан яшартирувчи нок мевасини узиб олиб, осмонга кўтарилибди. Паҳлавон йигит қўлидаги ёй билан мўлжалга олиб, аждарнинг кўзига ўқ отибди. Аждар ўт пуркаб, душманга ҳамла қилиш ниятида нокни ютиб юборибди. Шу заҳоти учиб бораётган аждар осмоннинг ўзида тухумга айланибди. Тоғ қояларига урилиб, чил-парчин бўлиб кетибди. Барча девларнинг жони ўша нок мевасида экан, уларнинг барчаси, ўша заҳоти жон таслим қилишибди. Инс-жинслар ҳам кўздан йўқолибди. Ер юзида фақат одам боласи-ю ҳайвонлар, парранда ва даррандалар қолибди. Шундан буён Аллоҳ яратган барча жонзотлар охир-оқибат қариш касалига йўлиқар, кейин бу ёруғ оламни тарк этар эканлар. Паҳлавон йигит бемор ва кексайиб қолган онасининг ёнига қуруқ ва хомуш қайтиб келибди.
– Ўкинма болам, – дебди йигитнинг онаси. Мен шундай бўлишини билардим. Сендек солиҳ фарзандим борлигидан, яратганга шукроналар айтиб, сенинг ҳаққингга дуо қиламан. Аллоҳ дунёдаги барча дардманларнинг давосини ҳам берган. Фақат бир дардни давосиз қилган. Бу кексаликдир. Инсонга ҳаёт фақат бир марта берилади. Уни беҳуда ўтказма. Унинг қадрига ет!, деб онаизори васият қилган экан”.
Отабек ҳамон онасининг ажин тушган юзларига термулар, кумуш сочлари сийраклашган бошини силар, “эй,ўтган кунлар, онамнинг ёшлигини, ғайратини, шижоатини олиб кетдингми?” дея қалби нидо қиларди. Аммо ўрнига яна ҳам кўпроқ меҳр қолдиргани аниқ. Биламан, бугунги кунларда мен ҳам эллик ёшни қоралаш арафасида бўлсам ҳам, ўша 4-5 ёшларда онам менга қандай қараган бўлса, ҳозир ҳам шундай боламан. Ота-она учун бола доимо болалигича қолади. “Онанинг кўнгли болада, боланинг кўнгли далада”, дейди доноларимиз. Онамнинг кўнглини олиш учун мен нима қилолдим, афсуски, ҳеч нарса қилолмадим. Отабек ана шулар ҳақида ўйларди. Одамлар ўз ота-оналарини олис шаҳарларга, курорт ва зиёратгоҳларга олиб борадилар. Унинг онаси ҳеч қачон ана шундай жойларни орзу қилган эмас. Ўн нафар бола, пахтазор, чигит экишдан тортиб уни териб олгунича даладан, қишлоқдан чиқмаган муштипар аёл. Ахир пахта бригадирининг хотини бўлиш осонми? У далага чиқмаса, бошқа аёллар нима дейди? Ҳатто ёши бир жойга бориб қолганида ҳам кетмон чопаверган онажоним! Эллик ёшдан ошганида ҳам Олияхон қизига ёрдам бериш ниятида чопиққа чиққан онаизорим! Яна бошига бир боғ ўт кўтариб, уйдаги чорвага олиб келишини айтиб ўтсам, юрагим эзилади. Катта қизи Шарофатхонни турмушга берганда Отабек Тошкентда ўқишда, бошқа укалари ҳали мактабда ўқишар, рўзғор ва хўжалик ишларини бажаришга онамнинг кучи қандай етди экан-а? Ёқубжон ота ишидан ортиб келиб, унга хўжалик ишларига доим ҳам ёрдам бериш имкониятига эга ҳам эмасди. Бир томонда хотин-қизлар чопиқ қилишса, иккинчи томондан, самолётлар зараркунандаларга қарши заҳарли кимёвий дорилар сепаверар эди. Пахтани тезроқ очилиши учун сепиладиган дефолянтлар ҳеч нарса эмас, фақат ёз ойида сепиладиган кимёвий дорилар кўнгилни айнитар, онасининг бошини қаттиқ оғритар эди. Отабекнинг Турсунбой исмли амакиси бир неча йил пайкал ўртасида туриб, самолётлар йўналишини белгилаш учун ола байроқ ушлаб турарди. Унинг ҳимоя кийими бўлиб, у худди космонавтлар кийимини эслатар, яна ҳам ваҳималироқ кўринарди. Кўп ўтмай Турсунбой амаки жигар касалига йўлиқиб, эллик ёшга етмай вафот этди. Унинг тўққиз нафар норасидалари чирқиллаб қолишди. Бир ўғилчаси дадасига қизиқиб, ола байроқнинг устида учаётган самолётни томоша қилишга бир неча марта борган экан. Бола тушмагир ўн беш ёшга тўлмай жигар ҳасталигидан вафот этди. Бетўхтов пахта экилиши натижасида ерларнинг таркиби бузилди. Ёмғир ёғди, дегунча қатқалоқ балоси пайдо бўлади. Ҳар бир кўчат қулоғини пуфлаб очишга тўғри келарди. Далаларда ишлайдиганларнинг асосий қисми хотин-қизлар бўлганлиги сабабли, уларнинг кўпчилиги қон касаллиги билан оғир, кимёвий ўғитлардан заҳарланганларнинг саноғи йўқ эди. Қишлоқ болаларининг тенг ярми камқонлик ва сариқ касали билан оғрир, ҳатто катталар ҳам шу касалга учрар эдилар. Кейинчалик Отабек фаҳм қилишича, кимёвий дорилардан заҳарланганларнинг кўпчилигига ана шу ташхис қўйилган. Қорахонийлар салтанати даврларида душман, ёв босиб келса, улар билан жанг қилиш, уларни кўриш ва жон сақлаш мумкин эди. Аммо фуқаролар манфаатига нисбатан давлат манфаатлари устун бўлган совет жамиятида Эътиборхон аяга ўхшаган аёлларнинг меҳнатига медалу орденлар беришса-да, уларнинг ҳаёти, соғлиғи, келажаги билан ҳеч кимнинг иши йўқ эди. Радиолардан “Турсуной бўлай дейман” деб номланган қўшиқлар янграр, ундай чақириқли, чорловчи қўшиқларни албатта, Ўзбекистон халқ артисти Коммуна Исмоиловадек юлдузлар куйлаган эдилар. Отабекнинг муаллифлик кўрсатувларидан бирида Социалистик меҳнат қаҳрамони, донгдор механизатор Турсуной Охунованинг юлдузли ва оғир кунлари ҳақида ҳикоя қилинган эди. Айнан Турсуной Охунова ҳам жигар касали билан вафот этган эди. Тўрт ва олти қаторли пахта териш машиналари ўзини оқламаган. Ҳатто сурхандарёлик Шойимардон Қудратов, битта машинада бир мавсумда минг тонна пахта териб, олтин юлдуз соҳиби бўлгани ҳақидаги афсоналар, охир-оқибат унинг ўзини оғир аҳволга солиб қўйган эди. Ўзбекистон телевидениесининг биринчи сухандонларидан бўлган, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ўктам Жобиров ҳам ҳар йили пахта терими масумида машинада пахта териш учун партия чақириғига кўра, далада трактор ҳайдар эди. Бир неча йиллар ўтар-ўтмас унинг кўзлари хиралашди. Кейин жигар касали билан вафот этди. Ўтган асрнинг етмиш-саксонинчи йилларида “Уден” деб номланган заҳарли кимёвий дорилар билан ишлаган трактор ҳайдовчилариниг кўпчилиги 60 ёшга кирмасдан турли касалликларга чалиниб, бу ёруғ дунёни бевақт тарк этганликлари ҳақидаги махфий маълумотлар бугунги кунларда юзага қалқиб чиқа бошлади. Амакисининг ўғли Алишер техника паркида муҳандис эди. У дори сепадиган мосламани таъмирлаш жараёнида заҳарланиб, жигар касали билан қирқ ёшга тўлмай ҳаётни тарк этган эди.Отабек бу тун ухлай олмади. Хаста ва жабрдийда онасига термулиб, айқаш-уйқаш хаёллар гирдобида ўртаниб чиқди. Эътиборхон ая яқинда яна бир медаль соҳиби бўлибди. “Уруш йилларида фронт ортида кўрсатган фидокорона меҳнатлари учун” ушбу мукофотга сазовор бўлдилар. Уруш бошланганида бобоси Қосимбой ота эллик ёшлардан ошган, навқирон эркак бўлган. Уни урушга олишмади, пахтачилик бригадири этиб тайинлашди. Ўшанда ўн икки ёшларга кирган Эътиборхон ая кўп пахта терганлар сафида газетага ҳам чиққан экан. Ахир пахта бригадирининг болалари ишламаса ким ишлайди? Кеч куздан то қишнинг ўртасигача кундузлари кўсак узишар, кечалари эса ўчоқ ёнида мудраб ўтиришиб, уни чувашарди. Турмушга ҳам пахта бригадири Ёқубжон акага турмушга чиқди. Ўшанда онаси ўн етти ёш бўлган экан. Бу хонадонда ҳам ўша ҳикоя давом этди. Болалари билан пахта, кўсак теришар, доимгидек қишгача қўллар музлаб, тунлари билан кўсак чувишлар... Аввалига овсинлари билан, кейинчалик эса болалари билан. Отабек ҳам эсини танибдики, кўсак чувирди. Интернатга ўқишга кетди. Олтинчи синф олтмиш кило пахта териши керак. Болалар у ерда ҳам шу муаммога дуч келишарди. Кунларнинг бирида Отабек ўз режасини бажара олмади. Кечқурун мажлис бўлиб, қолоқларни муҳокама қилишди, қулоқлар чўзилди. Ҳар куни шу аҳвол эди. Бир куни Отабек интернатдан қочиб келди. У сингиллари билан чақчақлашиб ўтирарди. Ярим тунда уйга қандайдир машина тўхтади. Отам ишдан қайтди деб сингиллари кўчага чопиб чиқишди. Отабек айб иш қилган, пахтадан қочиб келган эди. Шунинг учун отасидан қўрқиб, онасининг ёнида жим ўтирарди. Қорияхон уйга қайтиб кирди-да, “буви сизни бир нотаниш одам чақиряпти, – деди.
Эътиборхон ая ташқарига чиқса, машина турибди. Сир бермай улар билан саломлашди.
– Ассалому алайкум, ая, – деди ҳалиги киши, – мени танияпсизми?
– Ҳа, танидим, келинг, домла. Нима гап, тинчликми?, – сўради Эътиборхон ая. У Отабекнинг тарбиячиси Ортиқ Абдуфаттоев эди. Уни ўқувчилар ҳам, уларнинг ота-оналари ҳам ҳурмат қилишар ва ўша даврнинг одатига кўра, “Ўртоқ Абдуфаттоев” деб чақиришарди. Отабек тарбиячидан жуда кўп нарса ўрганган. Ўзи адабиёт ўқитувчиси бўлиб, у шеърлар ҳам ёзар, болаларда адабиётга бўлган меҳрни уйғота олган ижодкор киши эди. Отабекнинг дастлабки шеърларини “Шонли меҳнат” газетасида чиқариб келганида, Отабекнинг қувончи оламга сиғмаганди, ўшанда. Отабек Тошкент шаҳрида университет борлигини, у ерда журналистликка ўқиши мумкинлигини ана шу улуғ устози –Абдуфаттоевдан эшитган ва билган эди.
– Отабек келдими?, -сўради ўртоқ Абдуфаттоев.
– Вой, келди, – деди Эътиборхон ая, – боласи тушмагур бирор иш қилиб қўйдими?
– Қочиб келибди, – деди тарбиячи, – энди ўзингизга маълум, пахта пайтида қочиб кетган ўқувчиларни интернатдан ҳайдашади. Эртага эрталаб муҳокама бўлади. У менинг энг яхши, аълочи ўқувчиларимдан бири. Уни ҳайдаб юборишларини истамайман. Қани чиқсин, кетдик. Уни ўзим билан олиб кетаман.
– Жон, домла, ҳали дадаси ишдан келгани йўқ, уни ўзим эрталаб олиб бораман,– дея Эътиборхон ая ялина бошлади. – Ахир бир ойдан бери уйга келмади. Ҳаммамиз соғинганмиз!
– Йўқ, мумкин эмас, – деди ўртоқ Абдуфаттоев. Отабек бошини эгиб, жим турарди. – Қани ўртоқ Юсупов, олдимга тушинг, кетдик!!!
– Домлажон, ахир бу бола-ку, – деди Эътиборхон ая, – Йўқ, бугун бермайман. Отаси келсин, кейин кетади. Эътиборхон ая ўғлини маҳкам қучоқлаб олди. Отабек бўлса, нима қилишни билмас эди. Онаси ўзиники, аммо ўртоқ Абдуфаттоевнинг сўзини ҳеч қачон икки қилмаган. У устозига итоат қилиб, машинага ўтирди. Машина гур этиб ўт олди-да, кўздан йўқолди. Эътиборхон ая йиғлаганича қолди.
Ўша дамларда пахта одамдан азизроқ ҳисобланган дамлар бўлса керак. Ҳар бир одамнинг тақдири шу оқ олтинга боғланган. У ким бўлишидан қатъий назар барча иш пахта билан, барча гап пахта билан боғлиқ бўлган. Ҳатто эрта баҳорда далаларга тортилган чигитлар ҳам заҳарли кимёвий ишловдан кейин олиб келинган. Минерал ўғитларни айтиб ўтирмаса ҳам бўлади. Улар дала шийпонларида, пайкаллардаги хирмонларда эриб, сочилиб ётаверар эди. Хандалакка солсангиз ошқовоқдек бўлиб кетарди. Тарвузларни айтмайсизми, бир донасини бир киши бемалол кўтара олмайдиган даражада катта бўлиб, етилиб кетарди. Ана арзончилигу, мана арзончилик. Ҳар йили август ойининг охирларида пахта чеканкаси тугагач, оқойим очилгунга қадар хотин-қизларнинг қўли дала ишларидан бироз енгиллашар, кўпчилик шу паллада тўйларини ўтказиб олишарди. Бригада-бригада бўлиб, сайлларга боришарди. Андижондаги “Навоий” номидаги истироҳат боғида ўтказиладиган “Андижон ерининг саховат кўргазмаси”га боришганида онаси билан роса мазза қилиб музқаймоқ егани ҳеч эсидан чиқмайди. Бир колхоз ўзининг эллик килолик ошқовоғини намойиш қилиб, совриндор бўлганди, ўшанда. Отабекнинг хаёлига онаси билан боғлиқ воқеалар қайта-қайта келаверар эди.
Ўшанда Андижондаги боғда, катта бургут ҳайкали ёнида артистлар концерт қўйишди. Онаси олдинги қаторда ўтирарди. Отабек онасига қимтиниб олганди. Хонанда “Қир-адирда гуллола, мисоли қирмиз пиёла, мисли қирмиз пиёла, Очилибсиз қизлар, сизлар...” деб хониш қиларди. Сўнгра дуторни ўйнатиб чалиб, Ўзбекистон халқ ҳофизи Неъмат Қулабдуллаев ўзи куй басталаган “Индамади...” деб номланган қўшиғини бошларди. Раққоса Қундуз Миркаримова бетакрор хиром этарди. Ширакайф томошабинлар “Дод, вой-дод...” деб, ижрочиларни олқишлар эдилар. Тик туриб томоша қилаётган томошабинлар бир-бирини суришиб, тирбанд бўлиб кетишарди. Отабекни ҳам ўзлари билан қўшиб суриб кетишди. Эътиборхон ая ўрнидан туриб, Отабекни қўлидан тортиб олгунча, у ўтирган стулни бир семиз одам эгаллаб олди. У жойни бўшатмади, ўшанда онаси тик оёқда туриб, концертни бошидан охиригача томоша қилган эди.
Йиллар ўтиб Отабек девонда ишлаётган пайтда унинг қабулига ўша хонанда, “Индамади...” қўшиғи билан эл орасида маълум ва машҳур бўлган Неъмат Қулабдуллаев кириб келди. У ўзини таништириб, қизи бемор эканлигини, унинг уй навбати келса ҳам, уй-жой беришмаётганлигини норози бўлиб ёзган аризасини олиб келганди. Отабек зудлик билан шаҳар ҳокими Фозилбеков билан боғланиб, масалани ҳал қилиб берган эди.
– Ўзбекистон халқ артисти Неъматжон Қулабдуллаевни ҳузурингизга юборяпман. Бу масаладан Президентимиз хабардор, деб ёлғон ҳам қўшиб юборганди ўшанда. Чунки онаси билан томошо қилган ўша болалик лаҳзалари ёдига тушиб, Неъматжон акага жуда-жуда ёрдам бергиси келиб кетди.
– Отабек ука, – деди Неъматжон Қулабдуллаев, раҳмат, умрингиздан барака топинг. Узр, сиз мени “халқ артисти” деб юбордингиз, менинг ҳеч қандай унвоним йўқ!, деган эди у камтарона.
– Ким билиб ўтирибди, – деди Отабек кулиб, – сиз ундай унвонларнинг ўнтасидан устунроқ санъаткорсиз.
– Раҳмат, раҳмат, – деб Неъматжон аканинг кўзларидан ёш оқиб тушган эди.
– Тўхтанг, ҳужжатлар тайёрланг, мен сизга тавсия бераман. Сизни халқ артистига “Наврўз” хайрия жамғармаси беради. Ҳеч қанча вақт ўтмай бу улкан санъаткорга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони берилди.
Э, ана шундай камтарин, катта санъаткор ҳам дунёдан ўтди, кетди. Аммо қариганида бўлса ҳам унинг хизматлари давлат томонидан эътироф этилди. Минг афсус, онажоним Тошкентда бир неча марта бўлдилар. Аммо бирор марта ҳам биргалашиб санъат саройидаги концертларга олиб бормабман-а! Энди бизникига борсалар, албатта концертга олиб кираман, деб ният қилиб ётарди Отабек. Наманган вилоятида Отабекнинг Лутфиддин Ғаффоров исмли курсдоши бор эди. У ниҳоятда кўркам йигит бўлиб, ҳамма уни ҳурмат қилар, қизлар эса унга маҳлиё эдилар. У шаҳарлик йигит эмасми, жуда чиройли кийинар, галстукларининг ўзи юздан ортиқ эди. У “Ғаффорий” тахаллуси билан жуда мунис шеърлар ҳам ёзарди. Улар бир неча бор телевиденияда муҳаррир бўлиб ишлайдиган Самад Пўлатовнинг эски ҳовлисида ижарада турар эдилар. Отабек унинг кийимларини илиб кетавериб, жаҳлини роса чиқарарди. У билан талабаларча уришиб, ярашиб яшасаларда, кўп йиллар ака-укадек дўстлашиб кетишди. Отабек Чортоқдан депутатликка номзоди қўйилган кундан бошлаб, унинг энг яқин қадрдони, керак бўлса, жангга ҳам бирга кирадиган садоқати намоён бўлди. У Фазлиддин Жалилов исмли бир савдогар йигит билан таништирди. У ҳам “Оллоҳ берадиган қилиб қўйганига шукрона айтувчи” бебаҳо одам эди. Улар кўп йиллар “Наврўз” хайрия жамғармасини биргаликда юргаздилар. Аслида улар каби вафодор дўстларни топиш бугунги кунларда ноёб ҳодиса, айтиш жоиз бўлса, тарихий воқеадир. Жамғарманинг Наманган вилоятига раҳбарлик қилаётган Лутфиддин Ғаффоров билан “Фазли-камол” фирмасига раҳбарлик қилаётган Фазлиддин Жалиловлар “Уйчи туманида” хайрия концерти ўтказиш таклифи билан чиқдилар. Отабекнниг зиммасига хайрия тадбирини олиб бориш, совға ва хайрия инъомлари, ногиронлик аравачалари, уй-рўзғор буюмлари ҳамда мамлакатимизда кўзга кўринган санъаткорлар билан таъминлаш вазифаси юклатилган эди. Республика йўл транспорт агентлиги янги келган “Мерседес” автобуси билан таъминлади. Режага кўра, тадбирдан кейин “Шоҳимардон” саёҳати белгиланиб, Отабек барча қатнашганларга яқин кишиларини, болаларни бирга олиб боришга рухсат берди. Оилавий дўстлашув уюштиришни кўпдан бери ўйлаб юргани учун ҳам режага ана шу тадбир ҳам узукка кўз қўйгандек ярашиб тушди. Ходимларнинг хурсанд бўлганликларини айтмайсизми? Бу сафарга Ферузабону ҳам болалари ва жиянларини олиб кетди. Фарғонада Муроджон Иброҳимов, Наманганнинг ўзидан Хамид Маллабоев, телевидение артистларидан Эргаш Каримов, Ортиқ Юсупов каби сўз усталари ҳам таклиф этилди. Ушбу тадбирда вилоят ҳокимлигининг вакиллари ҳам иштирок этдилар. Уйчи ўйингоҳига бутун Наманган вилояти кўчиб келди, дейилса муболаға бўлмайди. Ҳисоб-китобларга кўра, томошабинларнинг ўзи ўн беш минг кишидан ошган. Тадбир кутилгандан ҳам муваффақиятли ўтгандан сўнг, санъаткорлар, меҳмонлар Шоҳимардон томон йўл олдилар. Отабек автобусга жамғармада раис маслаҳатчиси бўлиб ишловчи Наримон Орифжоновни раҳбар қилиб тайинлади. Ўзи эса ҳайдовчиси Қудрат билан Андижонга йўл олди. Ўйлаб қараса, ўз ота-онаси билан бирга фарзандлари ҳеч қачон сайилга чиқмаган экан. Отабек отаси ва онасини олиб, Шоҳимардон томон жўнади. Улар кун ботиш арафасида Чимён қишлоғига етиб келишди. Баланд қирлар ёнига жойлашган бу қишлоқда, уруш йиллари ўн-ўн икки ёшларида Ёқубжон ота Чимён энанинг уйида яшаган эди. Ота-онаси ўттизинчи йилларнинг охирларида бола-чақаси билан қатағон бўлишдан қўрқиб, Қирғизистоннинг Лайлак районига кўчиб кетишади. У ердан кейин Қорасув томонларга, сўнгра Ойим қишлоғига яқин жойлашган “Ёвкессак” қишлоғидан паноҳ топишади. Чимён энанинг уч ўғли бўлиб, уччаласи ҳам урушга кетган, ёлғиз кампир эди. Отабек бу ерларга отаси билан болалигида беш-олти ёшларда борган эди. Чимён эна вафот этгач, борди-келдилар узилиб, ҳар ким ўзи билан ўзи бўлиб кетди. Отаси бу ерларга, болалиги ўтган азиз даргоҳларни зиёрат қилишни кўпдан буён орзу қиларди. Мана, энди Ёқибжон ота ўғли Отабек, турмуш ўртоғи Эътиборхон ая билан ташриф буюришди. Ўша воқеаларга ҳам эллик йилдан ошиб кетибди. Ичкаридан саксонларни қоралаб қолган Умрзоқ бобо, унинг ўғли Абдуллажон невара-чеваралар, хотин-халажлар чиқишиб, уларни кутиб олишди. Ўшанда урушдан Чимён энанинг Умрзоқ исмли ўғли омон қайтиб, бошқалари қайтишмади. Чимён эна умрининг охиригача “Менинг ўғилларим ўлмаган, улар бошқа подшоликнинг сувини ичишяпти, қайтиб келишади”, деб сўнгги кунларигача уларни кутиб яшади. Ўтганлар ҳаққига Қуръон тиловат қилишгач, отаси ҳовли ўртасига ўрнатилган сўрида ўтиролмади. Ўрнидан туриб, “Юр, аяси, ўғлимизга болалигим ўтган изларни кўрсатай”, дея ўрнидан турди. Умирзоқ бобо саксон ёшларни қоралаган бўлса ҳам ҳали анча бардам эди. У савлатли, бўйи баланд, кўкраклари кенг, қўллари йўғон одам. У севинганидан ўзини қаерга қўйишни билмай “Ёқубжон-ей, эй Ёқубжон-ей, келиб қолдингизми?, деб болалик хотираларини эслар эди.
– Мана шу ўрик, – деди Умирзоқ бобо, – одам қулочи танасига етмайдиган ўрик дарахтини кўрсатиб, ўша урушга кетиш олдидан 1942 йилнинг баҳорида иккаламиз эккан эдик, – эсингиздами?
Ҳа, ҳа эсладим, – деди Ёқубжон ота. Бу ёққа келинглар онаси, Отабек бери кел! Мана шу ўрикни экканимизга росса эллик беш йил бўлибди. Оқ ўрик, жонивор ҳамон олдингидек ширин. У ерга тўкилган бир-икки дона ўрик мевасини териб олди-да, иккитасини Эътиборхон аяга тутди. Икки донасини Отабекка берди.
– Мен экканман, жонивор у ҳам қарибди. Ўрик узоқ яшайдиган дарахт бўларкан, – дея бориб ўрик дарахти танасини қучоқлади. Гўё болаликдаги энг яқин дамлар билан учрашгандек дарахт танасини маҳкам юзига босиб, кўнгли бузилиб, йиғлаб ҳам олди. Бу қишлоқнинг ҳамма хонадонлари ўрик, йўл четларида ҳам ўрик. – Ўшанда сизлар урушга кетганингизда бутун қишлоқ ўрик туршакларини қуритиб, фронтга жўнатишган. Ўғилларимга етиб борсин дея, Чимён энам билан беш қопми, ўн қопми ўрик тайёрлаган эдик. Менинг данак чақавериб қўлларим қавариб кетганди, ўшанда. Ўрик мағзидан алоҳида совға тайёрлаб, халтага солганимиз эсимда. Фақат ўша оғир йилларда эсдалик бўлиб, ҳовли ўртасидаги мана шу ўрик, шу уй ва мана бу эски эшик қолибди. Ўшанда колхоз боғига артистлар келишиб, Мукаррама Турғунбоева, Тамарахонимлар колхозчи боғбонлар ҳузурида, ўз санъатларини намойиш қилган эдилар. Уларга термулиб, орзу қилардим “менинг ҳам мана шундай опам бўлганда эди, мени ҳам ўзи билан Тошкентга олиб борарди”, деб.– Худога шукур, орзуларим ушалди. Худо ўғил берди. Унинг орқасидан Тошкентларни ҳам кўрдим. Бу менинг отам – Отабегим, – деб ўғлини эркалаб қўйди..
Улар Умирзоқ бобонинг хонадонида анча маҳалгача чақ-чақлашиб ўтиришди. Эрталаб тонг саҳарда Шоҳимардонга жўнашди. Аввал Водил, унинг минг ёшлик Чинори ортда қолди. Қадамжой дарасидан ўтишлари билан осмонўпар тоғлар уларни ўз қучоғига олди. Шовуллаб, тошлардан тошларга урилиб оқаётган Шоҳимардонсой оқимига қарама-қарши йўналишдаги йўл, аввал Қирғизистон Республикаси ҳудудидан ўтади. Дўппидек Шоҳимардон қишлоғи Ўзбекистон давлатига қарашли бўлиб, у мамлакатнинг ягона сўлим тоғлар орасидаги бахмал маскани ҳисобланарди. Айниқса, фарғоналикларнинг дам олиш ва зиёратгоҳ гўшаларидан бирига айланган эди. Эндиликда бу ерга ҳар йили минглаб одамлар дам олгани келашади. Отабекнинг назарида бу ерда фақат икки фасл айланади, баҳор ва қиш. Фарғонада ҳарорат қирқ беш даражага чиқиб, одамларнинг жазирамадан тинкалари қуриганда ҳам бу ерда ҳар лаҳзада ёмғир ёғиб, момақалдироқ чақар, майин тоғ ҳавоси дилларга ҳузур бағишларди. Фақат қиш қаттиқроқ келади. Йўлларни қор босиб қолади. Эътиборхон ая, машинанинг орқа ўриндиғи ойнасидан баланд тоғларга, осмонда сузаётган паға-паға булутларга боқар эди. Айниқса, Шоҳимардонсойнинг мусаффо сувлари, худди сут оқиб келаётган жаннатни эслатарди. Отабек ҳам ўзига хос хаёллар оғушида борарди. Нима бўлса ҳам, она Ватан тарихи, унинг ўзига хос мафтункор тоғлари-ю боғлари унинг қалбига тенгсиз ифтихор туйғуларини уйғотарди. Шоҳимардон қишлоғи табиатнинг шундай бир мафтункор масканига жойлашганки, бундай гўзаллик дунёнинг бирон бир бурчагида учрамаса керак. Бу ерларда ўзбеклару қирғизлар, тожиклар минг йиллардан буён биргаликда, иноқ ва тотув яшаб келадилар. Не-не босқинчи-ю, ўткинчиларни кўрмади бу юрт. Қирғизларку ўта қадимий турк уруғи, ўзбеклар ҳам осмондан тушмаган. Октябрь тўнтарилишидан бўл-бўлларда дунёга келган миллий ҳудудий тузилмалар, аралаш-қуралаш қилиб, бўлиб ташланган. Ўзбекистон миллий ҳудудий тузилмасига ўтроқ халқлар хусусиятидан келиб чиқиб, яйловлар, қишлоқ хўжалиги ривожланган водий ва воҳалар тегади. Қирғизларга кўчманчи халқларга хос, чорвачилик ривожланадиган тоғ ҳудудлари ажратиб берилади. Олмаотадан Олтойгача бўлган даштнинг кўпроқ қисми уларга ажратилади.
Ким ўйлабди, дейсиз. Совет Иттифоқи парчалангач, алоҳида-алоҳида мустақил давлатлар пайдо бўлади деб?! Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Низомига яхшиям Республиканинг 1991 йил ҳолатига кўра, ҳудудий чегаралар ўзгартирилмаслиги тўғрисида Низомга аниқ қилиб белгилаб қўйилди. Бўлмаса,“бу сеники, бу меники” деб одамлар яна қайтадан тўфон балосига йўлиқиши ҳеч гап эмас эди.
Отабек ота-онаси билан Шоҳимардонга етиб келишганида ҳали қуёш осмонга кўтарилмаган, тонг саҳар палласи эди. Кеча тунда етиб келган “Мерседес” автобусидаги меҳмонлар ҳали автобус ичидан чиқишмаган экан. Эътиборхон ая “Волга”дан тушиб чор-атрофни кузата бошлади. Қишлоқ устидаги тоғлар шу даражада тик эдики, қарасанг, бошинг айланиб кетади. Бир томондан Кўли ғуббон томондан оқ сув, “Ёрдан азиз” кўли томонидаги жилғадан кўм-кўк сув оқиб келарди. Улар Шоҳимардон қишлоғининг қоқ марказида бир-бири билан қўшилиб, эртакларга хос манзара касб этарди.
– Аллоҳнинг шунчалар чиройли жойлари ҳам бор экан, – деб гапирарди Эътиборхон ая, – Еткизганингга шукр! Шивалаб ёмғир ёға бошлади. Яна бир неча дақиқа ичида тинди. Улар автобус ёнига яқин келишди.
– Невараларим қани, келин қани?,- деб сўради Эътиборхон ая Отабекдан.
– Ана улар ойи, ана Нодирабегим!– деди Отабек. “Мерседес” автобуси эшиги очилиб, Тошкентдан келган меҳмонлар бирин-кетин туша бошладилар. Уларнинг ичидан Нодирабегим билан Зафар ажралиб чиқиб, улар томонга илдам юра бошлади.
– Бувижон, бувижон! Уларнинг иккиси ҳам чопиб келиб Эътиборхон аяни қучоқлаб олишди.
– Вой, менинг ширинларим, – дея кўз ёш билан уларни бағрига босди бувиси. Кейин улар Ёқубжон бобоси билан кўришдилар. Ўша куни Отабек ўз ота-онаси, турмуш ўртоғи Ферузабону, уч нафар фарзанди билан табиатнинг сўлим масканида сайр қилдилар. От қўшилган, қўнғироқлар осилган қадимий аравада Шоҳимардон қишлоғи манзараларини томоша қилишди. Отабек Эътиборхон аянинг бир томонида, тўнғич қизи Дилнозабону иккинчи томонида ўтириб олишди. Дилнозабону худди онаси Эътиборхон аяга ўхшаркан. Нодирабону эса бобоси Ёқубжон отага тортибди. Зафар бобосини маҳкам қучоқлаб олган эди. Бу ширин онлар Отабекнинг ҳам, Ферузабонунинг ҳам ҳеч қачон ёдидан чиқмайдиган, эртакларга хос умрнинг азиз онлари бўлиб қолди. Шоҳимардон тепалигига кўтарилаверишда зинапоялар бўлиб, зиёратчилар уларни санаб тепага кўтариладилар. Отабек лифт ёнига келганида Ёқубжон ота “ биз бувинглар билан бир кучимизни синаб кўрамиз”, дейишиб зинапоялардан тепага чиқиб кетишди. Тоғ тепалигидан Шоҳимардон водийси кўзга ташланарди. Сойнинг икки бети сўлим оромгоҳлар, болалар каруселлари, чойхоналар ва дам олиш масканларидан иборат бўлиб, у ерда ҳордиқ чиқараётганлар гўё чумолидек кичкина кўринар эдилар. Айниқса, бу манзаралар болаларда катта қизиқиш ва ҳайрат уйғотарди. Кун пешиндан оққанда улар ўзлари учун ажратилган айвонга қайтдилар. Бу масканлар денгиз сатҳидан анча баланд бўлгани учун ҳам сувнинг қайнаши секинроқ юз бераркан. Жамғарманинг Фарғона вилояти бўлими раҳбари Гавҳар Жалилова меҳмонларга атаб, дастурхон ёзди. Таниқли шоир Наримон Орифжонов шеърлар ўқиб, латифалар айтиб, ҳамманинг кўнглини шод этди. Шоҳимардон сафари Аллоҳ яратган бу мўъжизаларнинг шукронаси бўлди.
– Шундай жойлар ҳам бор экан-да, – деб Эътиборхон ая ҳам болалар каби ҳайратланар эди.
– Етказганига шукур. Дуои фотиҳа ўқилгач, “Мерседес” меҳмонларни олиб, яна Тошкентга йўл олди. Отабек автобусга чиқар экан, ота-онаси билан қайноқ хайрлашиб, уларнинг дуосини олди. Қудрат “Волга”да уларни олиб, Андижонга жўнаб кетди. Шундай пайтда, табиатнинг бу улуғвор, маҳобатли тоғлари бағрида инсоннинг қанчалар ожиз, қанчалар митти мавжудот эканлиги сезилиб қоларкан. Аллоҳ дунёнинг барча гўзаллигини, унинг ноз-неъматларини, мусаффо чашмаларию бойликларини инсон учун яратган. Оллоҳ булбулларни куйлатиб, гулларни ранг таратадиган қилиб қўйибди. У тоғларни оби ҳаёт заҳираси, мўътадиллик муҳофазаси, мусаффолик дарвозаси, малҳамлар хазинаси қилиб қўйибди, дала ва боғларни ризқ-рўз манбаига айлантирибди. Ундан меъёрида олган, шукронасини қилган инсон боласи тириклигидаёқ жаннат неъматларидан баҳраманд бўлишдек бахтга муяссар бўлади.
Отабек тайёрлаган кўрсатувлардаги олам гўзаллигини акс эттирувчи энг яхши тасвирлар мана шу муқаддас Шоҳимардонсой атрофларида суратга олиниб, чорак аср давомида барча кўрсатувларнинг рамзига айланди. Саксонинчи йилларнинг бошларида “Ҳаёт чашмаси” деб номланган, Йўлдош Охунбобоевга бағишланган кўрсатувда ҳофиз Ҳамроали Раҳимов Йўлдош ота образида Шоҳимардонсой бўйида суратга олинган эди. “Олтиариқда Наврўз” кўрсатувини суратга олганларида эса барча ҳикоялар мана шу Шоҳимардон сойдан бошланган эди. Ўзбекистон халқ артисти Қобилжон Юсупов ўзининг энг яхши кўрган “Гулдаста тутинг” деб номланган, улуғ шоир Оқилжон Ҳакимов шеърига басталанган қўшиғини ҳам шу азиз макондан ҳайратга тушиб, табиат оҳангларидан мафтун бўлиб яратганлигини сўзлаб берган эди. Ўзбекистон халқ артистлари Нуриддиин Ҳайдаров ва Маъмиржон Тўхтасиновларнинг дастлабки қўшиқларини ҳам шу ерда, сой қирғоғидаги мана шу тоғдан думалаб тушган улкан харсанг ёнида суратга олган эди. Ўшанда Отабек эндигина ижодини бошлаган бўлиб, унга “ “Ўзбектелефильм” студиясининг кекса тасвирчиси, истеъдодли оператор Абдусаттор Далабоев ҳамроҳ бўлиб, унинг Шоҳимардонсойдан тумшуғи билан сув хўплаётган қуш тасвири, полапонларини боқаётган лайлак уясидаги лавҳалар, тўлқинланиб оқаётган сойнинг юзида, уфқдан кўтарилаётган қуёшнинг заррин чеҳраси кўриниши Отабек кўрсатувларига олиниб, унинг қайта-қайта кўрсатилиши, табиатнинг ибтидоий жамоли, бутун борлиғи билан ҳар қандай мавзуларга тўғри келиши, улар мавзу эмас, Аллоҳ яратган ҳақиқатлар эканлиги унинг дилидан ўтарди. Ана Қадамжой дарасидан чиқиши билан Шоҳимардонсой олтиариққа бўлинади. Шу боис сой ҳаёт бахшида этаётган бу маскан Олтиариқ деб номланган. Ариқлар Олтиариқликлар томонидан қазилган бўлиб, улар ҳам Олтиариқ қишлоғи атрофидаги аҳоли яшайдиган масканлар номи билан аталган. Олтиариқ, Киткон, Повулгон, Поласон, Жўрак ва Бурбонлиқ қишлоқларидир. Шоҳимардонсой тошиб кетганида ана шу қишлоқларнинг экин майдонлари, ариқлар бўйидаги тураржой масканлари ҳам талофат кўрган. Отабек, Шоҳимардонга ташриф буюрган меҳмонлар ҳали бундай талофатлар бўлишини, сўнгги бор Шоҳимардон қишлоғининг азалий қиёфасини кўраётганликларини билишмайди ҳам. Чунки Ёрдан азиз кўли сувлари кўпайиб, табиий тўсиқларни ювиб кетишига ҳали икки уч йил бор эди. Отабек ўша воқеалар ҳақида бугунги кунларда ҳам ўйлайди. Минг марта Аллоҳга тавба қилган ҳолда, тасаввур қилади. Ўша тонг палласида чор-атрофдан Шоҳимардонга борган саёҳатчилар, меҳмонлар улар каби автобуслардан ҳали тушишмаган, оламни тонг нурлари ҳали ёритмаган бир пайт эди. Этни жунжиктирувчи совуқ шамол тоғ томондан эса бошлади. Ёмғир майин шивирлаб, Андижон, Фарғона, Қўқон томонлардан ўзларининг енгил машиналарида келганлар, ҳали жой эгалари билан келишиб жойлашиб, улгуришгани ҳам йўқ эди. Олдинги кунларда келганлар, айвончаларда, дам олиш масканларида, тоғнинг мусаффо ҳавосига тўйиб, ширин тушлар кўриб ухламоқда эдилар. Улар зиёратга келган кекса оталар, оналар, ёшлар ва болалардан иборат эди. Бирдан даҳшатли момақалдироқ товушига ўхшаган товуш барчанинг қулоғини қоматга келтирди. Сўнгра бир лаҳзада чор-атрофни ёзнинг иссиқ кунлари бўлишига қарамай туман қоплади. Зилзила пайтида содир бўладиган тирашдан еру-кўк ларзага келди. Бир лаҳзада Шоҳимардонсой ўзанига сиғмай, икки тоғ ўртасини тўлдириб, тоғдан тушаётган шовва қудратидан уйдек-уйдек харсанг тошларни пўкак мисоли оқизиб, бир-бирига урилиб, чақмоқтош уриштирагандек сой ичидан ўт чақнатиб, йўлда учраган ҳамма нарсани талқондек эзғилаб, оқизиб кетди. Қанча-қанча одамларнинг паймонаси тўлди. Не-не одамлар бедарак, бенишон йўқ кетишди. Машиналар, уй-жой бўлаклари, йўлда учраган ҳайвонлар Олтиариқ каналига оқиб келди. Бу даҳшатли воқеа, одамзод табиатдан эҳтиёткорона фойдаланиши кераклиги тўғрисида огоҳ этувчи ҳодиса бўлди. Бу ҳодиса кутилмаганда юз берди. У бундан икки-уч йил олдин Отабекнинг яқинлари зиёратга борган пайтда ҳам юз бериши мумкин эди. Худонинг ўзи асради. Қилган гуноҳларимиз учун, товба қилдик, ўзинг кечир! Отабек шуларни ўйларкан, қачонлардир табиий мувозанатнинг бузилиши оқибатида сув омборлари емирилиб кетса нима бўлади, деб ваҳимага тушди. Агар сув йиғиладиган ҳавзалар бошқа давлатлар ҳудудида бўлса, деган масалани хаёлига келтирарди. Аслини олганда сув ҳавзалари, дарёлар она сайёрамизнинг яшил ва ҳаёт камарларидир. Уларнинг маълум манфаатлар йўлида узилиб қолиши инсоннинг бошига кулфатлар солиши аниқ. Чунки табиий камар, инсон иродасидан ташқари боғланади. Чунки Аллоҳ оламни мувозанатда яратган. Отабек ана шу хаёллар билан тонг оттирди. Эрталабга яқин кўзи илиниб, ухлаб қолди. Чўчиб кўзини очди, унинг бошини силаб, ширин табассум билан унинг юзига термулиб, онаси Эътиборхон ая ўтирарди.
– Тур болам, тонг отди, – деди Эътиборхон ая ўғлига меҳр билан боқаркан, – меҳмонлар аллақачон туришди. Отанг билан сўрида чой ичишяпти.
– Э, ухлаб қолибман,–деди Отабек хижолат бўлиб.
– Ўзингиз яхшимисиз? Тузукмисиз! Сизни бугун Тошкентга олиб кетаман. Яхши дўхтирларга кўрсатаман. Кейин театрларга тушамиз. Эсингиздами, болалигимда, сизлар мени Ўшга олиб борган эдинглар. “Ёрил тош”га олиб кирганингиз ёдингиздами?
– Ҳа болам, – деди Эътиборхон ая, – Ўшда театр яхши бўларди. Ўшанда мен ҳам биринчи марта театрга тушган эдим, болам. Саҳнанинг орқасида ҳам, бутун бир катта шаҳар экан деб ўйлабман! Отангдан сўрабман. Отанг уларни рассомлар чизишган, чироқ берса, шунақа кўринади, деса роса кулибман. Вой товба!
—Турақол болам, тур энди!
Отабек ўрнидан туриб, дарё бўйига борди. У сув олгичдан муздек сув олиб, юз-қўлларини ювди. “Қорағунон” сувлари унинг юз терисига шунчалар ёқдики, худди шифобахш малхам суртгандек ором бағишлади. Ёқубжон ота Отабекка яқинлашди-да, балиқ ушлаш учун дарёга ташлаб қўйилган човнинг арқонини қўли билан тортиб, унга ушлатиб қўйди.
– Торт, – деди у, – қани сенга нима чиқар экан!
Отабек отасининг бу одатига қўникиб қолган, чунончи, у “ўғлим қувонсин” деб ҳар сафар ундан олдинроқ дарё бщйига бориб човни сувдан кўтарар, агар каттароқ балиқлар тушса, қайтариб ташлаб қўяр, агар чавоқлар кўп бўлса, олдин тутиб, ҳовузга ташлаб қўйган каттароқ балиқларни олиб, чов ичига солиб қўяр эди. – Сен келганда доим катта балиқ илинади, иқболинг борда, болам!, дер эди у.
– Яна каттароқ балиқ чиқади-да, – деди Отабек, – биламан сиз атайлаб мени ҳурсанд бўлсин деб катта балиқ солиб қўясиз, дедида човнинг арқонидан кўтарди. Кучи етмади. Икки қўллаб қаттиқ, бор кучи билан тортди, яна чиқмади.
– Бирор жойга илиниб қолибди, чоғимда,– деди Ёқубжон ота ўғлига қараб, – дарёга тушиб, остидан кўтар! Отабек кийимини ечиб, дарёга сакради. Дарё чети саёз бўлгани учун човни осонгина кўтарди. Ота бола бир амаллаб човни сувдан чиқаришди. Унинг ичи патир-патир қилиб, балиқларга тўлиб кетган эди.
– Сени ўзи омадинг бор болам, булар меҳмонларнинг ризқи-да. Янги тутилган балиқлардан бир нечтасини ёриб, тозалашди. Синглиси Олияхон уларни пиширди. Дастурхонга қовурилган балиқ тортилди. Турсунбой жўнаб кетиш учун машинани тайёрлай бошлади. Бирин-кетин Отабекнинг келганини эшитишиб, опа-сингилларнинг барчаси болаларини етаклаб кириб кела бошладилар. Бирданига ўн беш набира тўпланганида хонадон болалар боғчаси ёки мактабга ўхшаб кетади. Эътиборхон ая ичкарида қизлари билан суҳбатлашиб ўтирди. Отабек ҳам бир-икки марта ичкарига кириб, уларнинг ширин суҳбатларига аралашар, кейин яна ташқарига меҳмонлар ёнига чиқарди. Тасвирчи йигит Эътиборхон аяни ҳовлига чақириб, суратга ола бошлади. “Тандир тўла нон пишмоқда. Эътиборхон ая қизи ёпиб берган, қип-қизариб пишган бўрсилдоқ нонларни узмоқда”.
– Буларнинг ҳаммаси менинг болаларим,-дея Эътиборхон ая тандир ёнидаги саватга нонларни навбатма-навбат, узиб ташлаяпти. Тасвирчи йигит ишга тушиб кетди. У чапдан, ўнгдан, пастдан, тандирдан нон узаётган она образини, қиёфасини суратга оларди.
– Аяжон, юзингизни баландга кўтаринг!
Тасвирчи йигит вазият ва ҳолатларни ўзи кўрсатиб берар ва суратга оларди. – Энди саватни кўтариб, мен томонга юринг! Болалар бувингизнинг ёнига чопиб келинглар, яхши, энди атрофини ўраб олинглар! Кулинглар! Ая сиз икки қўлингиз билан саватни олдинга узатиб, кулчаларни болаларга узатинг! Элёр, ол сомсадан, Умиджон, сен сават четидаги кулчани ол! Мунира қаёққа қараяпсан, -деб Отабек ҳам доимгидек тасвирчининг ишига аралашиб, воқеа ҳолатини саҳналаштирдилар. Эътиборхон ая”олинглар” деб самимий табассум билан сават тўла кулча ва сомсаларни чор-атрофини ўраб турган набираларига тутарди. У бироз чарчади. Набираларини эргаштириб уй ичига кириб кетди. Тасвирчи эса ҳовли пастки бўлагидан оқиб ўтаётган дарё сувларини тасвирга олишни давом эттирди.
– Ота,–деди Отабек Ёқубжон отага қараб, – онамни Тошкентга олиб кетсам, нима дейсиз? Ҳукумат касалхонасида барча шароитлар бор. Ўша ерда даволатсак, қандай бўларкин?
– Даволатиш керак, –деди ўйчан ҳолатда Ёқубжон ота, – Қорасув шаҳрида бир табиб бор экан, ўша жойга боряпмиз, ҳафтасига икки мартадан. Яна йигирма кундан кейин муолажалари тугаркан. Кўрайликчи, Худо шифосини берса, ажабмас. Агар тузалмаса, албатта олиб борасан, даволатишга.
– Табиблар ҳам яхши-ю, аммо ташхис қўйилган эмас. Бу ердаги шифокорлар ҳам аниқ гап айтишмабди,–деди Отабек. – Онамнинг хасталиги нима эканлигини аниқлаш керак! Шунда шифо топилади. Ичкаридан Эътиборхон ая чиқиб келди. Ота-бола унинг ёнига ўтиришди. Аёл анча хорғин, аҳволи оғирлашиб бораётганлиги сезилиб турарди. Отабек киссасида бир даста қоғоз пулларни олди-да, онасига тутқазди.
– Ҳо, яна алдаб қўйяпсанми? Чоғимда кетмоқчига ўхшайсан, – деди ая шу ҳолида ҳазиллашган бўлиб.
– Ўғлингиз сизни Тошкентга олиб кетмоқчи, – деди Ёқубжон ота.
– Тошкентга ҳам борарман,–деди Эътиборхон ая. –Қорасувлик табиб йигирма кун ҳеч қаёққа бомасангиз, тузалиб кетасиз деди-ку?!
– Яна икки ҳафта шу ерда қараймиз,–деди Ёқубжон ота аянинг гапини тасдиқлаб. Майли, сўнгра онангиз Тошкентга боради.
– Майли мен розиман,–деди ая. Отабек отасининг ҳам, онасининг ҳам раъйига қаради. Доимгидек ота билан она дарвоза ёнида уни дуо қилиб, кузатиб қолишди. Йўл-йўлакай онасини яна бир нечта ерда суратга олиб, лавҳа тайёрлаши лозим эди. Кўнглига сиғмади. Тўғри, Тошкентга жўнаб кетишди. Хушчақчақ ҳайдовчи Турсунбой ҳам Отабекнинг кўнглига қараб, ўйчан ҳолда борарди...
***
“Қош қорайиши билан Қорағунон дарёсининг шовуллаши кучайиб кетади. Унинг шовуллаши олис-олислардан эшитилиб туради. Ҳамиша шундай бўлган ва ҳамиша шундай. Унинг овози Қорахонийлар давлати барпо этган қалъаларга ҳам эшитилган. Ана оппоқ соқоллари кўксига тушиб турган Ойларойимнинг бобоси. У ҳорғин ва аламли нигоҳи билан Отабекка қаради. Дарёни шовуллатиб, бошидан оёққа тентираб Ойларойимни қидираётган қора тойчоқ. Баланд қирлар ёнбағридаги тош қояли унгурлардан қўрқув ва ҳаяжон билан пастга боқиб, нималардандир огоҳ этаётган Моҳларойим, уни бағрига босиб эркалаётган отаси Раҳмонқулбий. Отабекнинг дўпписини бир чўқиб учиб кетган бургут, саватида чақалоқ кўтариб юрган лайлаклар, хира нур сочиб турган ҳорғин ва кўкси доғли оймомо. Қўлларида ҳозиргина тутиб олган балиқларини кўз-кўз қилаётган Ёқубжон ота, дарё устидаги осма кўприкдан арқонларини тортиб, Отабек томондаги соҳилга қараб ўтаётган бобоси Қосимбой ота. Самолёт билан дори сепаётиб, пастга қараган учувчи ва ниҳоят Отабекнинг бувиси Тўтихон эна, сочларини дарё сувларига ювиб, тараётган – Эътиборхон ая, селда оқиб келаётган беш-олти ёшлардаги Отабек, дарё юзида оқиб бораётган бешикдаги чақалоқ... Ҳамма сергак. Улар замонлар оша дарёнинг шовуллашига қулоқ тутадилар. Ҳамманинг нигоҳи ёш келинчакдай чиройли кийинган, юзларидан нур таралиб турган Эътиборхон аяга қараган. Тўтихон эна ўз қизи Эътиборхон аянинг қўлига, дарё сувида ювиши учун бир қилэлак тўла гуруч тутқазади. Эътиборхон ая дарёга солиб, уни юва бошлайди. Сув бир тўлқин уриб гуручларни оқизиб кетади. Онаси бу ҳолдан қаттиқ афсусланиб, йиғлайди. Юзини Отабек томон буради. Отабек эса “дод” солиб, дарёдан узоқроққа қочади. Дарё эса қаттиқ шовуллайди. Унинг шовуллаши бутун борлиқни тутиб кетади. Отабек тушидан қўрқиб уйғониб кетади. У уйғонсада, ёш боладек ҳўнг-ҳўнг йиғлар эди.
– Жуда чарчаб келдингиз,–деди Ферузабону, – дадаси, уйқусираб қолибсиз. Узоқ йўлнинг азоби шунақа бўлади. Онангиз, адангиз, қариндошлар тузукми?
– Сизга салом айтиб юборишди, – деди Отабек.
– Э ёмон тушлар кўрибман. Худди бола эмишман. Энам раҳматли вафот этганига ўн йилдан ошиб кетган, тушимга кирибди. Дарёдан қўрқиб йиғлабман, чоғимда. Тушларим ҳам аралаш-қуралаш бўлиб кетибди.
– Онангиз тузукми,-сўради айвонда ниманидир тикув машинасида тикиб ўтирган қайнонаси Раънохон опа.
– Ойим бетоб эканлар, – деди Отабек, –Онамни даволатиш учун Тошкентга олиб келмоқчиман.
– Шунга узоқ жойга олиб келишни ўзи бўладими, касал одамни. Андижоннинг ўзида ҳам тиббиёт анча ривожланган бўлса керак?!
– Аммо, шифокорлар онамнинг касалини топа олишмабди, қарилик, шамоллаш бор, деган ташхисдан нарига ўтиша олишмабди, – деди Отабек куюниб.– Тошкентда адамларни даволатган касалхона бор-ку, ойимни ўша ҳукумат касалхонасига олиб бораман. У ерда яхши мутахассислар кўп.
– Олиб келганингиз яхши, – деди Ферузабону, – агар бирор-бир корҳол юз берса, бошингиз маломатга қолиб кетади.
– Нега маломатга қоларкан?, – деди Отабек норози бўлиб, – ахир ўзимнинг онам. Ота-онамнинг тўнғич ўғлиман, мен меҳр кўргазмасам, уларга ким қарайди. Ахир, даволатиш менинг фарзандлик бурчим-ку?!
– Мана, биз ҳам касалхона демабмиз, курорт демабмиз, – деди Раънохон опа, –Дилноза қизингиз ҳам анчадан буён дард чекади, онангизни олиб келсангиз, уни ҳам ёнига ётқизинг!
– Онам оғир аҳволда, менга тўсиқ қўймай туринглар!, – деди Отабек жаҳли чиқаётганини билдирмай. – Онамни даволатай, кейин Дилноза бир гап бўлар.
– Онангизни тубконнинг тагидан Тошкентга олиб келишга вақт топасизу, Дилнозага топилмайди-ми? Биз ҳам одаммиз-ку! – деди қайнонаси.
– Ахир ойижон, онам оғир хасталар, мен барибир олиб келишим керак, – деди Отабек.
– Биз билан ҳам ҳисоблашиб, маслаҳат қилишингиз керак! – деди Раънохон ая. – Оилам нима дейди, хотинимнинг имкони борми, деб сўрасангиз бўларди бир оғиз.
– Шуни ҳам сўрайдими? Онамни олиб келаман, вассалом, – деди Отабек. –Қанақасизлар ўзи!
Дарвоза олдида ҳайдовчиси Турсунбой жамғарма учун янги сотиб олинган “Нексия” машинасида Отабекни кутиб турарди. Онасини олиб келиши учун кейинги душанбани кутиб ҳам ўтирмади. У зудлик билан Андижонга, Ойим қишлоғига онасини олиб келиш учун жўнаб кетди.
Одамзод тирик экан, бошига турли хил савдолар тушаверар экан. Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида кичик ва тик, тор ва илонизи йўллардан иборат Қамчиқ довони Тошкент билан Фарғона водийсини боғловчи асосий магистрал йўллардан бирига айлантирилаётган эди. Тоғнинг дарё ўзани бўйлаб икки томони ҳам кенгайтираётгани учун ҳам бу ер улкан қурилиш майдонига айланди. Бекобод – Қўқон темирйўли Тожикистон ҳудудидан ўтганлиги боис, пассажир поездлари аллақачон ўзаро келиша олмаётган икки қўшни давлат томонидан тўхтатиб қўйилган эди. Бу темир йўли Қирғизистоннинг то Жалолобод шаҳригача XIX асрдаёқ Россия томонидан ётқизилган бўлиб, Совет Иттифоқи империяси даврида холис хизмат қилган, ўлка бойликларини ташиб кетишга мўлжалланганидан ташқари, одамларнинг юкини енгил қилувчи, айтиш жоиз бўлса, шу ўлкаларда яшовчи барча халқларни бирлаштириб турувчи ҳаётнинг қон томири эди. Энди эса ҳамма ўзи билан ўзи овора. Ҳар бир муаммони қўшни мамлакатлар якка тартибда ҳал қилмоқчи бўладилар, иккинчи муаммони бошларига кийиб олганларини ўзлари ҳам билмай қоладилар. Шу тариқа учинчи, тўртинчи муаммолар юзага келаверади. Дарров буюк ва қудратли давлатлар ёрдамга келишади. Аслида бу муаммоларни ана шу “буюк” деб аталмиш давлатларнинг кўзбойлағич сиёсатдонлари атайлаб юзага чиқариб, атайлаб яна ўзлари ечадилар. Улуғ ва доно аждодимиз Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” асарида тасвирланган қўғирчоқбоз қўғирчоқларни ўйнатиб, ҳаракатга келтираверади. Сиёсий саҳнада томошалар юз бераверади. Фирибгарларнинг кучига куч, қудратига қудрат қўшилаверади, бойликлари ўз-ўзидан ошаверади. Жуан-жуванлар манқуртларни яратишиб, уларни ўз манфаатлари учун ишлатишган бўлса, олимлар робот ва одамсимон киборларни яратадилар, уларни бошқарадилар. Сиёсатдонлар эса инсоният тараққиётини ҳам ўз манфаатлари йўлига бурадилар, улар ҳар қандай кўринишда бўлишидан қатъий назар, энг қудратли “қўғирчоқбозлар” манфаатига хизмат қиладилар. Улар ўз қўғирчоқларига барча жамоат ҳаракатини, сиёсий курашни, диний оқимни ниқоб қилиб кийдирадилар. Одамлар бундай ниқобни ўтган кунларда била олишмайди. Бугунги кунларда ҳам англамайдилар. Бўлғуси кунлар келганида надомат билан афсус чекадилар. Биз уларни “қўғирчоқбоз” ва “қўғирчоқлар” деб атай қолайлик. Чунки бобомиз Чўлпон уларни шундай номлаган. Уларнинг ҳаракатлари икки қўли ва икки оёғига боғланган тўртта ип билан – иблис қўғирчоқбозлар томонидан бошқарилди. Қанча ақли доно бўлса ҳам унинг қўл оёқлари унинг онгига итоат қилмаслик даражасида чирмаб ташланган. Бундан минг йиллар муқаддам ҳамюртимиз улуғ фақиҳ Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим ҳазратлари айтганларидек: Бандасининг тўртта душмани бор, улар билан курашмоққа банда муҳтождир. Яъни ана шу тўрт ипдан қўл-оқларни халос қилмай туриб, инсон зоти нажот топа олмайди.
1. Дунё. У алдамчи ва маккордир. Аллоҳ Таоло айтади: “Бас, ҳаргиз сизларнинг ҳаётингизни дунё (ўзининг ўткинчи неъматлари билан) алдаб қўймасин ва ҳаргиз сизларни ғурур (яъни, шайтон) Аллоҳ (ҳар қандай гуноҳни кечираверади, деган алдов) билан алдаб қўймасин”, дея Қуръони Каримнинг Луқмон сурасида огоҳ этади.
2. Нафс. У душманларнинг энг ёмонидир.
3. Шайтон.
4. Шайтоний инсонлар. Улардан эҳтиёт бўлиш керак. У жин шайтонидан ёмонроқдир. Чунки жин шайтоннинг азияти васваса билан бўлади, шайтоний одам эса энг ёмон дўст, унинг азияти ҳар қадамда одамга рўбарў келиб туради. У доимо бандани тўғри йўлдан чалғитиш пайида бўлади. Одамларнинг кўпчилиги мана шу мангу ҳақиқатларни биладилар! Аммо амал қилишга келганда, хато қилаверадилар. Отабек чор атрофда ишлаётган ўнлаб техникалар, юзлаб йўл созловчилар шижоатига қойил қолиб, довондан машинада кетиб борарди. Янги қурилаётган тунел битказилса, Қамчиқ давони ҳам хавфсиз ва замонавий йўллардан бирига айланиши, шубҳасиз. Йўлсозлар қояларда портлатиш, текислаш ишларини амалга ошираётганлари учун бир неча дақиқа, баъзан соатлаб, йўлда машиналар ҳаракати тўхтарди. Йўлларда қаторлашиб туриб қолган минглаб машиналар йўл очилишини кутиб туришар эди. Водий томонга ҳам, яна шунча транспорт Тошкент томонга кетадиган машиналар ҳам шундай тўхтаб, чумолидек қатор кутиб турар эдилар. Яхшиям ер бўлувчилар мана шу тоғлар орқали мамлакат харитасидаги узилишга барҳам берган эканлар. Бўлмаса, Сўҳ ва Шоҳимардон ҳудудлари каби Фарғона водийсидаги вилоятлар марказдан узилиб қолиши ҳеч гап эмас экан. Тоғли Қорабоғда эса ана шундай хатоликларга йўл қўйилган, натижада, ўнлаб йиллар давомида юзага келган муаммолар, ер талашиш кабилар қирғинбарот урушларга айланиб кетди.
Кавказ ва Кавказорти юртларида авж олаётган масалалар ҳали бери ечилмаслиги аниқ! Доно халқимизнинг бир мақоли бор: “Қўшнини ўғри тутма, ўзингга эҳтиёт бўл”. Бу мақолда минг бир ҳикмат мужассам.
Э, одамзоднинг хом калласи бўш қолдими, қаёқдаги муаммоларнинг ечимини излайди, бировларнинг ишига аралашади.
“Аввал ўзингга боқ, кейин ноғора қоқ!”
Тошкент зилзиласидан кейинги йилларда шаҳар бутунлай қайта қурилди. Бутун мамлакат “Тошкентга ёрдам берамиз!” шиори остида Украина, Молдовия, Беларуссия, Россия, қўйингчи, барча иттифоқдош республикалар Тошкентни бунёд қайтадан этганларидан сўнг, ўзлари қурган уйларнинг асосий қисми, ана шу томонлардан келгани учун ажратиб берилди. Туб аҳоли кўп қаватли уйларда яшашдан кўра, шаҳар четидаги эски майдондан ажратиб берилган участкаларда қўлларидан келганча иморатлар қилишиб, кўчиб чиқиб кетишган эди. Чунки ҳақиқий тошкентликлар қадимдан маҳалла-маҳалла бўлиб яшашар, атрофдан келган одамлар билан аралашиб истиқомат қилиш одат тусига кирган эди. Ўзига хос урф одатлар, фарзандлар тарбияси, тўю маросимлар ҳам шуни талаб қиларди. Чор Россияси замонларда ҳам улар эски шаҳар, янги шаҳарга бўлиниб яшаганлар. Бугунги кунда шаҳарнинг турли янги мавзелари пайдо бўлган бўлса ҳам, улар орасида ҳатто қўшнилари ким эканлигини билмайдиган одамлар кўп учрайди. Чилонзор, Алгоритм, Қушбеги, ТошМи, Тансиқбоев, Қорақамиш, Қорасув, Қўйлиқ, Ғалабанинг қирқ йиллиги каби янги тураржой масканлари ва мавзеларнинг ташкил этилгани бунинг яққол мисоли деса бўлади.
Кўҳна мавзелар ва даҳаларнинг кўпларидаги эски уйлар бузилиб, янги кўпқаватли мавзелар дунёга келди. Себзор, Шайхонтоҳур, Хадра, Бешёғоч, Минор ва Юнусобод каби мавзелар қайта қурилиб, гўзал масканларга айлантирилди. Мустақилликдан кейинги йилларда маҳалла деб аталмиш ташкилий халқ институтлари жамиятда ўз ўрнини топди. Тошкентнинг бу қадимий анъанаси бутун мамлакат бўйлаб, ўз-ўзини бошқариш тузилмаларининг андозаси бўлиб қолди. Тошкентликлар бир қарич ери бўлса ҳам, маҳаллада, ўз ҳовли-жойларида яшашни жуда-жуда яхши кўрадилар. Ҳатто бу уларнинг фазилатига ҳам айланган. Совчилар ҳам ҳовлида катта бўлган қиздан келин олишни обрў-эътибор деб ҳисоблайдилар. Чунки “Бир болага, етти қўшни ота-она” деганларидек, ҳовлида катта бўлган қизлар ўз одоби, ибрати, тонг саҳардан кўча супуриш каби хислатлари билан кўпқаватли уйларда вояга етган қизлардан ажралиб турадилар, дейишади. Шу боис кўп оилалар қизларини кўп қаватли уйларга нисбатан ҳовли-жойда яшовчи оилаларга узатишни муҳим, деб ҳисоблайдилар.
***
Ферузабону билан Отабек ҳам турмуш қурганларидан сўнг бир неча йил Раънохон ойининг ҳовлисида яшашди. Тўнғич қизи туғилгач, Лабзак даҳасидан бир томнинг остида яшайдиган ва ўз юрти – Россияга кўчиб кетаётган одамдан уч хонали кичкина ҳовлини сотиб олишди. Аммо қўшнининг талаби билан уйнинг томини бўлиш муаммоси пайдо бўлди. Шунда қайноғаси Шуҳратнинг номига ер-майдони олишди. Қайтим ер бўлгани учун у одатдагидан кенгроқ бўлиб, бир томонида қайноғаси ўз оиласи учун уй сола бошлади. Ҳовли этагидан эса Отабек уй қуришга киришди. Аммо “шерикли ошга пашша тушди”. Ўша пайтларда қайнотаси Ўткир Фозиловичнинг илтимоси билан Отабек қайноғаси Шуҳратни ўзи раҳбарлик қилаётган жамғармага ишга олган эди. У билан Мирзакатта Хурсандов ҳам Хожираҳбар Муллаев ҳам тез тил топишиб кетишди. Қалами ўткир Олим Бўриевнинг ижодига мавзу топилди. Президент девонига хат ёзди.“Биз ким, қуйида шуни маълум қиламизки, жамғарма раиси Отабек Юсупов ўз хизмат мавқеини суистеъмол қилиб, Тошкент районидан ер участкаси олган, жамғарма маблағларини талон-тарож қилиб, ўзига иморат солмоқда. У маънавий жиҳатдан бузуқ, оиласини хўрлаб қўйган кимсадир. Тегишли ташкилотлар бу масалани текшириб, тегишли чора кўришларингизни сўраймиз”. Ана сизга мавзу, ана сизга ғавғо...!
– Хатни думалоғини чиқариб юбордим, – деди Олим Бўриев хохолаб кулар экан, – Қани, энди бир имзои шарифларингизни қўйиб бериб, тасдиқлаб қўйинглар буни!
– Ўзингиздан бўлсин, ўзингиздан, – деди Дилшод Алиев. –Ростдан ҳам раиснинг димоғи кўтарилиб кетди, бир жойига тушириб қўйишимиз керак!
– Мана Шуҳрат, ерни ўзи олди, аммо қурилишда унга ёрдам беришмаяпти, – деди Хожираҳбар Муллаев, – почча бўлгандан кейин ёрдам беришга мажбур-ку!
– Сиз олдин имзо чекинг, Мирзакатта ака, – деди Олим Бўриев, – Агар у ишдан бўшатилса, сизга биздан кўра кўпроқ фойдаси тегадику?!
– Энди, мен имзо чексам, амал олиш учун атайлаб хат ташкил қилди, дейишлари мумкин, – деди чайналиб Мирзакатта Хурсандов.– Ундан кўра мен аралашмай қўяқолай. Аммо доим сизлар билан биргаман!
– Мирзакатта акамлар, жуда доно одамлар-да, – деди Дилшоджон Алиев, – Тўғри айтаяптилар, бизни бошқариб турса бас!
– Дилшодхон, сиз Отабекнинг яқин дўстисиз, кўп йиллар оинаи жаҳонни гуллатгансизлар! Сиз нега уни ёмон кўрасиз, – дея ҳазил аралаш сўради Олим Бўриев.
– Сиз-чи? Қайта савол берди Дилшодхон Алиев.
– Менга оғир-енгили йўқ, – жавоб беради Олим Бўриев, – Мирзакатта акамлар оқ десалар оқ дейман, қора десалар қора. Бу хат ёзиш ҳам ижод. Қалам ҳақи дурустроқ бўлса, шундай тўқийманки, уни ўқиган одам нақ ҳайратдан қотиб қолади. Исботлар ва далиллар тизимини илма–тешик қилиб ташлайман. Унинг дўсти Нурали Қобул ҳали ўзига келгани йўқ. Келмайди ҳам! Ёзувчилик касбим бўлганидан кейин ёзаман-да!.
– Ишқилиб балоларга қолиб кетманг! Афғон жангчиси деган ҳужжатингиз ёдингиздами?
– Уни ҳам Худо кўп кўрди. Қалбаки ҳужжат тайёрлашда айблаб, қамамоқчи бўлишди. Мен ҳам ердан чиққан қўзиқорин эмасман, – деди Олим Бўриев, – жиннихонада ҳам танишим бор. Икки энлик қоғоз қилиб беришди. Шоир олим, мақсадига эришди!!!
– Э, яшанг, – деди Дилшодхон Алиев, – Мен уни ёмон кўрмайман, аммо “мен сабачья сердце” деган китобни ўқиганмисиз? Мен нега телецентрдаги чироқ устаси бўлган касбимни ташлаб бу ерга келдим? Болалар катта бўлишяпти, “рўзғорга уч-тўрт сўм топаман” деб ишга келгандим. Қарасам, Отабек ўзи ҳам емайди, бировга ҳам едирмас экан. Мирзакатта аканинг бўлимига ўтиб кетдим.
– Қўрқоқда у, – деди Хожиракбар, – бўлмаса ямламай ютар эди. Эсингиздами, пахта сотганимиз? Кўкида уни одам деб, уч юз минг “доля”сини олиб келгандим, олмади. Вагонлар пулини жамғарма ҳисобидан тўламай, боринг, шу пулни темир йўлга тўланг, деб чиқариб юборди. Олти юз минг тўлаш керак эди, ана шу уч юзни бердим, қарз ҳам ҳал бўлди, қўйди! Темирйўлдагиларнинг ҳам жиғилдони бор, ахир. Битта маош билан яшаб бўлар экан-ми?
– Унинг маоши мўмайгина-да, – деди Дилшод Алиев, – Жамғарма раиси бўлса, Президент ёрдамчиси, Олий мажлис депутати, ҳам телерадио мухбири, одамнинг бир омади келса, келаверар экан.
– Отабекнинг пули бўлгани билан яшаш шароитларини кўрганмисиз, уч хонали коммуналкада яшайди. – деди Мирзакатта Хурсандов.– Ота-онаси билан яшаётган жойларни ҳам кўриб келганман. Хароба қишлоқ, пастқам уйлар. Яна ҳам Ёқубжон ота, койиб бермаганига ҳайронман. Келинг, уч-тўрт сўм қилайлик, раисликни ҳам боғлаб бермаган сизга десам, камбағалларнинг маблағи эвазига бой бўлгандан кўра, ахлат титган яхшироқ дейди. Мана, қайноғаси Шуҳрат уй-жой қуряпти, бунга ҳам ёрдам берай демайди. Унинг назарида “бир умр шундай амалдор бўлиб ўтаман” деб ўйлайди. Шуҳрат ўзимизнинг одам, Отабекни нима қилиб бўлса ҳам тилини қисиқ қилиб олиш керак. Шунда йўлимизга юради.
– Қандай қилиб, – сўради Ҳожираҳбар, – у пул, бойликка қизиқмайди. Яхшиси бирорта аёл билан...
– Э қаёқдаги гапларни айтасиз! Осмону заминда бўлса, юлдуз бўлса, анча мунча аёлларга қарамайди ҳам.
– Қисқаси гапни йиғиштириб, ишни қилайлик, мана мен имзо чекаман, – деб Ҳожираҳбар Муллаев деб имзо қўйди. – Бу ерда кўпроқ сизнинг манфаатингизни кўзлаяпмиз, Шуҳратбек! Бизга ҳам уч-тўрт сўм берарсиз ёки битта чойхона сиздан бўлар. Ҳовли сизга қолади...
Шундай қилиб йиғилганлар ичида хатни ташкил қилган ўринбосар Мирзакатта Хурсандовдан бошқа ҳамма имзо чекди. Хат Олим Бўриев орқали тегишли жойга етказилишига ваъда берилди.
Отабек уй-жой масаласидаги хатни билиб туриб, ёзаётганларнинг гувоҳи бўлган, имзо қўйиб берган қайноғасининг бу ишидан қанчалар хафа бўлганлигини айтиш қийин. Бундай номардликдан хабар топгач, у зудлик билан эндигина пойдевори битган уй-жойини арзон баҳода бировга ўтказиб юборди. Ўзининг яримта ҳовлисини ҳам сотиб, йиққанларини қўшиб, қайнотаси Ферузабонуга деб ,йиғиб юрган маблағларни жамлаб, Ўткир Фозиловичнинг хонадонига яқин жойдан ҳовли-жой сотиб олди ва Ферузабонунинг номига расмийлаштирилди.
“Сенинг ризқингни, болаларингни ризқини ўйнашига ташиб кетади, сени ташлаб кетади”,– деган қариндошлар васвасасидан қутулган Ферузабону, Отабекка энди талаблар ортидан талаблар қўя бошлади. Отабекнинг топган-тутганидан қолганларни ҳам сотиб олинган уйга сарфлади.
Отабекнинг кўнгли бўш, нима қилса ҳам болаларининг онаси. “Уни хафа қилмаслик керак!”, деган ўй билан топганини таъмирлашга сарфлаб, тинкаси қуриди.
Тошкент таомилига кўра, янги уй сотиб олган оилалар маҳалла оқсоқолларини чақириб, худойи қиладилар. Отабек янги ҳовлида эрталаб ош бериб, маҳалла оқсоқоллари, ёш-ялангларни чақириб танишув тўйи ўтказди. Ёру-дўстлари, ҳамкасбларини ҳам чақирди. Кундузи пешиндан сўнг маҳалла онахонлари, хотин-қизлар, қариндош уруғ, амма-холалар учун дастурхон ёзилди. Андижон томонлардан Отабекни қутлаб, онаси, келинлар, сингиллар, жиянлар келишди. Ҳамма нарсага эътибор берилди-ю, Отабекнинг яқинлари бўлган онасига маросим таомилларини билмайдиган Ферузабону кўнглини тўлдириб, муомала қилолмади. Аниқроғи, унинг кўнглига уй-жойлару тўю томошалар сиғмас эди. Отабек қандай қилиб хотинининг кўнглини олса, қандай қилиб аввалгидек аҳилликни тиклаш йўлини қидирар, бор вужуди билан шунга ҳаракат қиларди. Унинг ҳовли олганидан қариндош-уруғ, ёру-бироларлари қувонишди. Отабек ва Ферузабону турмуш қурганларига 20 йил бўлганида, ниҳоят уй-жойли бўлиб, қўним топишса-да, ичларига чироқ ёқса, ёришмасди. Қайтанга, уй-жойлари бўлмаган пайтларда қандай бахтли эди улар. Қани, ёшликнинг ширин дамлари?
Андижондан келганлар, сингиллари ҳам бу кўнгилхушликни сезган бўлишлари табиий. Эътиборхон ая негадир ўйчан, кўнгли ёзила олмай ўтирарди. Отабек дарвоза олдига қўйилган ўриндиқда келди-кетдига ҳурмат кўрсатиш билан банд. Меҳмонлар сийраклашгач, у онасининг ёнига кирди, кўнгил сўради. Яхшиямки, Одилбек дўсти ўз онасини ҳам тўйга олиб келган экан, онахонлар меҳмонхонада суҳбатлашиб ўтиришди. Икки онахон Отабекни икки томонидан қучоқлаб, елкасига қўлларини ташлаб, унга янги тилаклар изҳор қилишар эди.
Отабекка “Чўлпон” нашриётидан келган меҳмонлар янги босмадан чиқиш арафасида турган “Муҳаббат мавсуми” шеърий тўплами намуна нусхасини инъом этишди. У ушбу китобнинг дастлабки нусхасини ўз онасига инъом этди.
– Худога шукур, боламнинг китоби чиқди, – кўзларига ёш келди онасининг, – болаликдан шоир бўлишни орзу қилардинг! Орзуларингга етгин, болаларингнинг бахтини кўргин болам! Ҳали, яна кўп китобларинг дунё юзини кўрсин, болам!
– Уйлар муборак, китоблар муборак, – деб улар қўллари билан Отабекнинг елкасини қоқдилар.
— Эътиборхон, синглим, шундай фарзанд туғиб, тарбиялаганингиз учун сизга раҳмат, – деди меҳмонга ташриф буюрган Одилбек дўстининг онаси. Тасвирчи Камолиддин уй тўйини бошдан оёқ видео тасвирга олар эди. Шунда Отабек оналарга бағишланган “Саждагоҳим қаерда?” деб номланган шеърни ўқий бошлади. Унинг негадир ҳаяжонданми, шеърнинг таъсириданми ёки уй-жойга етишганиданми, кўзлари жиққа ёш эди. Эътиборхон ая ҳам ана шу ҳолатда эди.
***
Отабек пурвиқор тоғлар ошиб, водийга кириб борарди. Турсунбой ҳам ўз хаёли билан банд эди. Улар яна оқшом қўниши билан қишлоққа етиб келишди. Энди Эътиборхон аяни касаллик бутунлай енгиб, тўшакка михлаб қўйган эди.
– Онажон, мен келдим, сизни олиб кетгани келдим, – деди Отабек онасини бағрига босиб. Нега атрофингизда ҳамма қариндошлар йиғилиб олишган. Нега улар уйларига кетишмади.
– Мен билан гаплашиб ўтирай дейишган-да, болам, келдингми? Худога шукур, дийдорингга мушарраф бўлдим, яна – деди Эътиборхон ая фарзандининг келганидан оғриқ азобини ҳам унутиб.
– Қаерингиз оғрияпти ўзи,–деди Отабек онасининг аҳволидан қаттиқ изтиробга тушиб.
– Ие, ўнг оёғингиз шишиб кетибди-ку?!
– Нега шифокорларни чақирмадингиз. Мен уйдагиларга шифокорга олиб боринглар, деб тайинлаб кетган эдим-ку!
– Шифокорлар ҳам келиб туришибди, болам! Ҳатто аппаратларини ҳам олиб келиб, шу ерда кўришяпти. Аммо аниқ ташхис қўйиша олишмаяпти.
– Қаери оғрияпти, онамнинг, айтинглар! – деди Отабекни қўрқув ва ҳаяжон қамраб, – ахир кичкина бола ҳам оғриётган жойини кўрсатади-ку?!
– Болам, – деди онаизор, – ҳеч қаерим оғримайди. Икки-уч кундан буён, ўнг оёғим шишиб, энди қаттиқ оғрий бошлади. Анчадан буён ухлай олмайман, энди томоғимдан овқат ўтмаяпти, ҳатто сувни ҳам юта олмаяпман. Дўхтирлар касалхонага олиб кетишмади. Куним битганга ўхшайди.
– Ундай деманг, онажон! Бизни қўрқитиб юборяпсиз,– деди Отабек онасининг қўлини юзларига суртиб.– Сизни Тошкентга олиб кетаман, доим ёнимда бўласиз! Отабек кўзларида ёш билан онасини эркалар, эрталабгача унинг ёнида тўнғич опаси Шарофатхон, кенжа холаси Дилоромхонлар билан ўтириб чиқишди. Эътиборхон ая инграр, кўзи кетиб ухлаганда “Опа” деб онасини чақириб алаҳсирар эди. Кўзини очиб Отабекни кўрганида ҳам бир таниб, бир танимасди. Унга “Дўхтир ука, мен тузукман”, дерди. Отабек инграб ҳовлига чиқар, қайтиб онаси ётган хонага кирар, унинг юраги йиғлар эди. У онасини Тошкентга олиб борса, “онам шифо топади” деб ўйлар, ёмон нарсаларни эслашни ҳам истамасди.
—Онам полвон аёл, у албатта тузалади, шифо топади, деб ишонар эди. Тонгга яқин Эътиборхон ая ўзига келди.
– Ҳа, болам, сен йўл юриб келгансан, ухламабсан ҳам, – деди у, – Шофёр бола ҳам ухлаб олдими?
– Ҳа, ухлади. Онажон, ўзим айланай, тунда қўрқитиб юбордингиз, бизни,- деди Отабек.
– Яна уйқусираб, босинқираб қолибман,–деди Эътиборхон ая. – Анаву меҳмонлар эшитиб қолишмадими, ишқилиб?
Ёқубжон ота Отабекни имлаб ташқарига чақирди.
– Ўғлим, онангнинг касали оғирга ўхшайди. Оёқлари ҳам шишиб кетди. Ўзи Тошкентга олиб бормасанг ҳам бўларди. Аммо кеча ўзини ёмон сезиб, сенинг келишингни истади. Мени ҳам вақти-вақти билан танимай қоляпти. “Мен Тошкентга, ўғлимнинг ёнига кетаман. Сизларнинг ҳеч нарсангиз керак эмас, Отабекнинг қўлидан ҳамма нарса келади. Энди уникида яшайман”, деб қайта-қайта гапиради. Майли, онангнинг истагини ҳам бажо қилайлик. Ноумид шайтон, Аллоҳ шифо берса, ҳеч гап эмас.
– Хўп, биз кетишга тайёрмиз, – деди Отабек отасига. Йўлда бирон корҳол юз бериб қолса, нима қиламан. Шу боис аввал шифокорни чақиртириб, бир кўрсатиб олсак, яхши бўлармиди, демоқчи бўлди. Аммо вазият буни тақозо этмасди. Уч-тўрт кундан бери тўшакка ётиб қолган Эътиборхон ая амаллаб ўзи ўрнидан турди. Бир неча қадам ташлаган эди ҳамки, кўзи қоронғулашиб қалқиб кетди. Уни суяб олишди. Эътиборхон ая ҳовли пастидан шовуллаб оқаётган дарё томонга термулиб, бир неча дақиқа жим қолди. Тонг палласида “Қорағунон”нинг шовуллаши яна ҳам қаттиқроқ эшитиларкан. Отабекнинг назарида шундай туюлди. Майин шабада туриб, онаси ўз қўллари билан экиб, парваришлаган райҳонларнинг ҳиди димоғига урилди. Бир неча дақиқада ҳамма йиғилди. Маҳалла аҳолиси, қўни-қўшнилар, Эътиборхон аянинг қизлик дугоналари, ҳатто қўшни қишлоқларда яшайдиган қариндошлар “Эътиборхон аянинг ўғли Тошкентга олиб кетгани келди” деб йўл муюлишида кутиб туришган эди. Гуё ҳамма аяни сўнгги йўлга кузатаётганларини билишгандек. Уқувсиз, фаҳмсиз, ғофил уйқуда бўлган Отабеккина буни ҳис этмас, “онам ўлмайди, у шифо топади” деб ўйлар эди. Йиғилган одам анчагина эди. Отабек муштифар онасининг шунчалар ҳурматга сазовор эканлигини англаб, кўнгли тўлқинланди, кўзларида ёш кўринди. Йиғилганлар қўлларини очиб, Эътиборхон аяга шифо топишини Аллоҳдан сўраб, оқ йўл тиладилар. Аянинг қизларидан бири Қорияхон ҳам ҳамроҳ бўлиб, машинага ўтирди. Машина жўнар экан, Отабек ойнадан орқа томонга қаради. Кузатиб қолганлар ичида отаси ҳам уларни мунғайибгина кузатиб қолганини кўриб, юраги жағиллаб ёнди. Чунки уни биринчи марта шундай ҳолда кўриши. Отасининг бечорахол, изтиробли ҳолатда кўриб, юраги эзилди. “ Ёвкессак”ликларнинг шовқин-сурони, дарё шовуллаши аста-секин эшитилмай қолди. Машина катта йўлга чиқиб, пойтахтга томон учиб борар эди.
– Онажон, бу одамлар сизнинг тонг саҳардан Тошкентга кетишингизни қаердан билишибди, – сўради Отабек орқа томонга эгилиб.
– Улар менинг қадрдонларим-ку. Доим бола-чақалари билан ҳолимдан хабар олиб туришадию, сенинг олиб кетаётганингни билишмайдими, болам?! -деди шу оғир ҳолатидаям ўғли билан фахрланишни билган ая.
– Онажон, мен барибир сизни даволатаман, шифо топасиз, ҳали кўп яшайсиз. – деди Отабек кўзларидан оқаётган ёшини дастрўмол билан артаркан.
– Эҳ, болам-а, болам-а! Илоҳим айтганинг келсин! – деди Эътиборхон ая сергакланиб, – Худодан сўрайлик, болам, Худодан!
Машина довондан ўтиб, Тошкент томон юқори тезликда илдамлар эди. Шанба куни бўлишига қарамай, қўнғироқ қилиб қўйгани учун ҳукумат касалхонасининг раҳбари кутиб ўтирган экан.Эътиборхон ая анча ҳолсизланиб қолган, онда-сонда кўзини очиб, мунча узоқ йўл, етдикми?, - деб сўрайверарди.
Отабек нима қилсин! У олдин уйга олиб бориб, дам олганларидан сўнг касалхонага олиб келсинми ёки тўғри касалхонага олиб борсинми? У иккинчисини танлади. Зудлик билан шифохонага олиб борилган Эътиборхон аяни лаборатория текширувларидан ўтказишди, қон таркиби аниқланди. Шинам хонага жойлаштиришди. Бир оздан сўнг қайнонаси келганидан хабар топган Ферузабону ва қизи Нодирабегим етиб келишди. Муолажалар бошланган бўлишига қарамай, бувиси Нодирабегимни қучоқлаб ўпди, дуо қилди. Улар аяни жойлаштириб, овқатлантириб кўнгиллари хотиржам бўлганидан сўнг касалхонадан яна уйга қайтишди. Отабек ва Қорияхон синглиси онасининг ёнида қолишди. Тун ярмидан ошгандан сўнг онасини уйқуга кетганини кўриб, ювиниб олиш истагида Отабек ҳам уйига қайтди. Эрталаб Отабек парҳез таом тайёрлатиб олиб келди. У анча кечикиброқ келди.
– Акажон, қаерларда қолиб кетдингиз, – деди Қорияхон йиғлаб. Онам сиз кетгандан кейин безовталаниб, ухламадилар. Онам тонг отгунча номингизни айтиб чиқдилар.
– Майда-чуйда олиб келгунимча, вақт ўтиб кетди, – деди Отабек онасининг юзини силаб. – Ие, онамнинг оёқлари қорайиб кетибди-ку. Зудлик билан ҳамширани чақиришди. Ҳамшира малҳам суртиб, Эътиборхон аянинг оёқларини силади. Сўнгра бу муолажани Отабек давом эттирди. Отабек муолажада иштирок этаётган шифокорларнинг чўнтагига қўймасдан пул солиб қўйди. Бир оздан сўнг бўлим бошлиғи ва профессор аёл Отабекни шифокорлар хонасига чақиришди. Улар аянинг ташхислари натижаларини кўришар экан, бошларини чайқашди.
– Ёнимга келиб, манабуларни кўринг, – деди профессор, – мана бу доғлар, аниқ ташхис қўйиш имконини беради. Биз навбатчи шифокорлар маслаҳатлашиб шундай фикрга келдик. Онангиз, ошқозон ости безининг яллиғланиши натижасида ошқозон саратонига чалинган. Унинг илдизлари аллақачон жигар ва буйракни эгаллаб, ўпканинг чап бўлагини ҳам зарарлаган. Энди бош миянинг чап томонига ўсиб чиқяпти, афсуски. Сиз буни нима эканлигини тушуняпсизми, ука?
– Ҳа, тушуняпман, – жавоб қайтарди Отабек, – бу касалликка даво борми?
– Саратон метастаз бермаганида эди, жарроҳлик йўли билан даволаш мумкин эди. Энди ҳатто кимёвий муолажа ҳам фойда бермайди. Онангизни касаллик ҳолдан тойдириб бўлган, у химиявий муолажаларни ҳам кўтара олмайди. Афсуски, жуда кеч қолибсизлар. Наҳотки ,бундан бир-икки ой олдин буни аниқлашнинг имконияти бўлмаган. Ахир, Андижонда ҳам тиббиёт анча яхши ривожланган-ку! Янги тиббий дастгоҳ ва анжомларнинг кўрсаткичларини афсуски мутахассисларимиз ҳали яхши тушуна олмаяптилар. Ҳеч бўлмаса, ранг ёрдамида ренген туширганларида ҳам билиш мумкин эди.
– Ҳа, яқинда “Соғлом авлод учун” Халқаро хайрия жамғармасига ажратилган, махсус техник воситалар билан жиҳозланган “Анбуланс” машинаси онамга тиббий ёрдам кўрсатиш учун икки марта борган, аммо бундай ташхис қўймаган. Охирги текширув ўтказилганига 10 кун бўлди, шифокорлар касалликни аниқлай олмадилар.
– На илож, бугун ва эртага дам олиш куни. Биз душанба куни кучли мутахассисларни олиб келиб, консилиум ўтказамиз, – деди бўлим бошлиғи, – Мен шу соҳа бўйича профессорман, 30 йилдан буён шу ерда ишлайман. Сизга ростини айтганим маъқул, онангизни бир неча кунлик умри қолган, холос. Шифокорнинг вазифаси беморнинг сўнгги нафасигача тиббий ёрдам бериш. Аммо мен сизни таниганим учун айтяпман. Биламан, сиз юзлаб ногиронлар ва беморларга моддий ёрдамлар бергансиз. Савобли ишларни қилиб юрган одамсиз. Вазият шу. Душанбани кутинг ёки онангиз ҳаётлигида уйга етказинг!
– Яхши, демак умид йўқ эканда, – деди Отабек изтироб билан. Шифокор жавоб бермади. Отабекнинг ичи эзилиб онаси ётган хонага кирди. Эътиборхон ая, “Вой бошимлаб” инграр эдилар. Синглиси Қорияхон онасининг бошини силар, оёқларини уқалар эди.
Онам овқат сўраяпти, – деди синглиси Қорияхон, – аммо олиб келган овқатингизни ея олмади. Балки қатиқли хўрда ичар. Иложи бўлса,келинойим шу овқатни қилиб, олиб келсинлар! Отабек индамади, уйга ҳам қўнғироқ қилмади. Чунки Октябр даҳасидан Луначарский даҳасигача хўрдани тайёрлаб олиб келишга анча вақт кетади. Ундан кўра Раънохон яқинроқда туради. Унга қўнғироқ қилса, қатиқли хўрдани ўн-ўн беш дақиқада етказиб келади. Ростдан ҳам йигирма дақиқадан сўнг Қорияхон онасининг оғзига қатиқли бўтқа тутарди. Негадир сув ҳам томоғидан ўтмаётган Эътиборхон ая ярим коса хўрда ичди. Тақдирнинг тақозоси билан Отабекнинг сўнгги кўрсатуви бошланишига бир неча дақиқа қолган эди. Унинг адабий матнини ёзиб, суратга олиш ишларини тугаллаб, йиғиш қолганда Отабек Андижонга кетиб қолган эди. Белгиланган тартибга кўра телевидение кўрсатувлар дастури икки ҳафта олдин тузилиб, эълон қилинган эди. Отабек касалхона палатасида турган телевизорни қўйди. Кўрсатув бошланди. Ҳайрият, бекор қилишмабди. Унинг ҳамкасби, аниқроғи, шогирди, журналист Қосим Супиев билан ёш режиссер Солижон Қодировлар уни ниҳоясига етказишибди. Отабек онасини олиб келиш олдидан, кўрсатувни шошиб тайёрлаган, унинг руҳиятида юз берган тушкунликнинг таъсири сезилган эди. Ҳатто “Она – оила ҳамжиҳатлиги риштаси” деб номланган телевизион ҳикояси ҳам киритилган эди. Унда бир неча одамларнинг тақдири, оилаларнинг яшаш тарзлари мисолига учта лавҳа бир-бирига боғлаб берилганди.
Биринчи ҳикояга мавзу излаб ўтиргани ҳам йўқ. Ўз ҳайдовчиси Турсунбой Дўстмуҳамедовнинг онаси ҳақидаги лавҳа ниҳоятда ҳаяжонли чиққан, чунки Турсунбойнинг онаси билан у кўп суҳбатлашган, унинг ибратли ҳаёти ва ҳикояларига мафтун бўлган эди. Саксон ёшни қоралаган онахон ҳаётнинг барча аччиқ-чучугини тотиб кўрган, 12 ёшида ота-онаси билан Украинага сургун қилинган бўлиб, бегона юртларда ўзбек мумтоз адабиёти намуналаридан Алишер Навоий, Машраб, Нодирабегим ғазалларини мутолаа қилиб, Қуръони Каримни ёд олган, ҳадислардан баҳраманд бўлган ва шу тариқа оилада энг гўзал урф-одатларимизни сақлаб қолган экан. Фақат якка-ю ягона ўғли Турсунбой эмас, бутун қариндош-уруғлари бу доно онахондан бемаслаҳат иш тутишмас, унинг дуосини олмагунча бирор ишга киришмас эканлар.
Иккинчи мавзуни Отабекнинг ўзи ривоят қилиб, ёзиб берганди.
– Бугунги кунларда бир куни Меҳри исмли онахон бўлган экан, унинг уч нафар ўғиллари бўлиб, улар ўзларига тўқ, бою бадавлат яшар эканлар. Ҳар бирининг ўз уйи, ўз оиласи бор экан. Кунлардан бирида Меҳри она оғир бетоб бўлиб қолибди. Уни тўнғич ўғли уйига олиб кетибди. “Она сизники ўзингиз қаранг” деб унинг хотини хархаша қила бошлабди, - ахир сиздан бошқа ҳам ўғиллари бор, улар ҳам оналарига қарашсин-да, деб кунора жанжал чиқараверибди. Меҳри она қарасаки, тўнғич ўғлининг оиласида тинчлик йўқоляпти. У ўртанча ўғлиникига меҳмонга келибди. У ерда ҳам на меҳр, на қўним топибди. Кейин кенжа ўғлиникига келибди. Бўлмабди. Кўнгли оғриган Меҳри она ярим тунда билдирмай кенжа ўғлиникидан ҳам чиқиб кетибди. Ўғиллар онасини излаб бормаган жойлари қолмабди. Онаизор топилмабди. Уч ака-ука Худонинг қаҳрига учраб, учта қоятошга айланиб қолишибди. Уларга раҳми келган онаизор қиш палласида оппоқ қорга айланиб, “болаларим совқотмасин”, деб уларни оқ чойшаб бўлиб ўраб олар экан. Ёзда эса “Ўғилларим қуёш офтоби ва жазирамасидан титилиб кетмасин” деб, ёмғир бўлиб, уларнинг устига сув пуркар, меҳри жўшиб кетганида тоғлардан оқаётган зилол шаршараларга айланиб, уларни ўз бағрига олар экан. Аммо тош қотган ўғиллар қиёматгача тош қотиб қолаверишибди.
Ривоятдаги лавҳаларни Отабек тоғ манзараларида суратга олган эди. Кутилмаганда, экранда Отабекнинг ўз онасининг тасвири кўрсатила бошлади. Ушбу видео тасвирларни шунча-ки, эсдалик учун суратга олишган эди. Меҳр тўла табассуми билан аяси тандирдан кулчаларни узиб, саватга солаяпти. Атрофини неваралари ўраб олишган. Эътиборхон ая, саватдаги кулчаларни икки қўллаб набира фарзандларига тутмоқда. Улар талашиб иссиқ кулчаларни “пуф-пуф”лаб қўлларига олишяпти.
– Булар менинг болаларимда, – табассум билан болаларга боқади аяжон. Улар кулчаларни тишлайдилар... Отабек ҳикояларига қуйидаги сўзлар билан якун ясайди. Бу сўзлар Отабек ўзининг телевидение орқали гапирган энг сўнгги сўзи ва сўнгги кўрсатуви эканлигини ҳали билмас эди ҳам.
“Ота-она рози, Худо рози” дейдилар. Бир парча гўштлигимиздан боқиб, тарбиялаб вояга еткизган, ўзи емай-едирган, киймай-кийдирган онаизорим! Сизнинг меҳрингиз қаршисида ёруғ жаҳоннинг бор неъматлари ожиздир. Аллоҳ сизни қуёш янглиқ ёруғ ва иссиқ қалб эгаси қилиб яратган. Бир томчи оқ сутингиз қарзини узмоққа ожизмиз. Ҳатто пайғамбарлар ҳам сиздан қарздордирлар. Она ҳаёт тимсоли ва рамзидир.
Аллоҳим, онамга узоқ умр бер,
Шунда мен қайтадан гўдак бўламан.
Гуноҳсиз бўламан, Ҳажга бормайин,
Шунда мен мусулмон бўлиб ўламан!
Кўрсатувни Отабек билан биргаликда Эътиборхон ая ҳам кўришга, эшитишга ҳаракат қиларди. Аммо танасидаги оғриқ борган сари кучайиб борарди. Айни шу лаҳзаларда отаси унинг қўнғироғини кутаётганди. Буни юракдан ҳис этган Отабек падари бузрукворига қўнғироқ қилди. Хонадан ташқарига чиқиб, вазиятни отасига тушунтирди.
– Майли, қайтиб келаверинглар, болам. Энди бу ёғи Аллоҳдан, – деди Ёқубжон ота, Онанг гаплаша олармикин, овозини эшитсам, илтижоли овозда сўради Ёқубжон ота. Отабек қўл телефонини онасининг қулоғига тутди.
– Яхшимисиз, тузукмисиз онажониси?!
– Ҳа, адажониси, тузукман. Хавотир олманг!, – деди бор кучини тўплаб Эътиборхон ая.
– Сизлар қайтиб келаверинглар, Ўзимизнинг дўхтирлар сизларни кутишяпти.
– Хўп, адажониси, Бир нафас дам олай, кейин йўлга чиқамиз!
Отабек салқин тушгач, кечки пайт йўлга тушишни, тунда етиб боришларини отасига тушунтирди. Эътиборхон ая безовталанар, оғриқ зарбидан қийналар эди. Оғриқ қолдирадиган уколлар қилишди. Ая бироз тинчланди. Уни машинанинг орқа ўриндиғига ётқизишди. Қорияхон синглиси уни маҳкам бағрига босганича жўнаб кетишди. “Нексия” довон ошиб Андижон томон борарди. Олдинги ўриндиқда ўтирган Отабек Андижон вилояти жамғарма бўлим бошлиғи Акрамжон Араббоевга телефон қилди. Вилоятга киришда Қорадарё кўприги ёнида шифокорлар билан кутиб олишини илтимос қилди. Отабек дили тўла изтироб, алам билан Аллоҳга илтижо қилар, онасига шифо ва нажот сўрарди.
– Олдинроқ отам Тошкентга келишингизга рухсат берганида эди, балки шифо топиб қайтаётган бўлардингиз, онажон, дер эди ички нидо билан Отабек.
– Болам, отанг энг яхши одам, яхши одам-а!!! Сен ҳам яхшисан, болажоним. Ҳаммангиз яхшисиз. Бу сўзлар Эътиборхон аянинг сўнгги, рози-ризолик қилиши эканлигини Отабек ҳам, Қорияхон ҳам, Турсунбой ҳам билишмади. Отабек онасининг энди тузалмаслигини, сўнгги кунлари қолганлигини шифокорлар айтишган бўлса ҳам, ишонгиси келмасди. У болалигидаги каби инжиқлик билан онаизорига мурожаат қилар, Аллоҳга муножот қилар эди. Унинг овозини фақат Турсунбой эшитар, чунки машина шовқини орқа ўриндиқда ўтириб бораётган онасига ҳам, синглисига ҳам эшитилмас эди.
“Онажоним, меҳрибоним, мендан рози бўлинг! Мен сизни даволай олмадим. Мен сизни сақлаб қололмадим. Ношуд ўғлингизни кечиринг! Аллоҳим, онамнинг дардига шифо бер! Эвазига менинг жонимни олсанг ҳам майли. Ахир, мени онам дунёга келтирганку! Бутун жисму жоним онамга бўлсин! У бизни деб ҳаётда кўргани фақат меҳнат бўлди. У борлиғини, ҳаётини, умрини ўн нафар фарзандларига бўлиб берди. Онажоним, мендан рози бўлинг?! Мен сизни энг кўп қийнадим, энг кўп соғинтирдим. Мен ҳақимда ҳаммадан кўпроқ ўйладингиз, мени ҳаммадан кўпроқ яхши кўрдингиз, ҳаммадан кўпроқ менга ишондингиз. Онажоним, ўлманг! Ҳали уйга етиб борганимизда отам мени уришади-ку, “онангни нима қилдинг” деб. Мен унга нима деб жавоб бераман?! Сизни қишлоғимиздаги ҳамма одамлар орзиқиб кутишяпти, онажон! Сизни ҳамма яхши кўради, ҳаммамиз яхши кўрамиз, онажоним!
Машина Андижон вилояти чегарасида “Қорадарё” кўпригидан ўтиб тўхтади. У ерда уларни Акрамжон Араббоев ва шифокорлар кутиб туришарди. Шифокорлар йўлдаёқ аянинг аҳволини текшириб, қон босимини ўлчашди. Яна оғриқ қолдирадиган укол қилишди.
Отабек онасининг юзига боқди, у ухлаб қолган эди. Шифокорнинг тавсиясига кўра, машинани йўл четига олиб, эшикларини очиб, ая ором олишини кутишди. Ёз палласида Қорадарё соҳили жуда баҳаво эди. Турсунбой ҳам бугун учинчи “сутка” давомида рулда, машина бошқараяпти. У ўтирганча мудраб қолган эди. Бир соатлардан сўнг машиналар қатор бўлиб, “Куйган ёр” қишлоғи орқали “Тешиктош” ва “Ойим”га қараб йўлга тушдилар. “Олтин омоч”га келганларида Отабекнинг кўзи илинди. Қишлоққа икки уч чақирим қолганда, Турбунбой аянинг “Она ,она, ота, отажон” деб алаҳсираётганини эшитди. Қорияхон ҳам онасини бағрига босганича ухлаб борар эди. Мудраб қолган Отабек ҳам нималардир деб алаҳсирар эди.
Тонг отмаган бўлсада, Қорағунон дарёсининг шовуллаши эшитила бошлади. У борган сари кучайиб “Ёвкессак” қишлоғини тутиб кетди. Отабекни болалигида онаси “тойчоғим” деб эркалар, отаси ҳам уни “Той”, деб чақирарди. Унинг мучали от бўлгани учун ҳам у серҳаракат, доимо ишларини шошиб бажарадиган, меҳрибон, кўнгилчан ва ишонувчан, баъзида оғир, баъзида асов бўлиб, ўжарроқ ҳам эди.Буни Ёқубжон ота ва онаси Эътиборхон ая яхши билишарди. Шу боис, уни кўп эркалатишар, яхши гап билан йўриқларига солишарди. Отабек ҳар қандай оғир шароитда ҳам яхши гап билан айтилган юмушларни бажарар, олқиш олишга эришарди. Койишганида аразлаб қолар, баъзан ўз билганидан қолмасди. Шу туфайли бўлса керак, Ёқубжон ота ҳам юзлаб беморлар касалига малҳам топишига кўмаклашгани, миллионлаб телетомошабинлар ёқтирадиган мухбир бўлган ўғлига қаттиқ ишонар эди. У одамлар “онасини даволатишга ярамади”, деган маъломат қилмасин деб, ўғлига оғир аҳволда ётган жавчасини Тошкентга, хукумат касалхонасига юборишга розилик билдирган эди. Онасининг “Отабекнинг ёнига бораман, у мени Тошкентда даволатади!” дегани, ўзидан олисда яшайдиган ўғлига бўлган 30 йиллик соғинчнинг оғир алами эканлигини яхши биларди. Отабек ўз онаси – Эътиборхон ая тимсолида бутун бир Ўзбекистон дея аталмиш Ватан тимсолини кўрарди. У Ватан бугун оғир бетоб, хаста эди.
Отабек яна машина ичида мудраб алаҳсиради. “Дарё шовуллаб оқар, шарқироқ товуши оламни тутар, замон ва маконни писанд қилмагандай ўз йўлига шошиб оқиб борар эди. Унинг товуши ўтган кунларга ҳам, бугунги кунларга ҳам, ҳатто бўлғуси кунларга ҳам эшитилиб турарди эди, гуё.
Отабек аллақачон, тойчоқ эмас, Қора байрга, қудратли отга айланган. У ҳар қандай оғир юкни кўтара оладиган, одамлар юмуши ва ташвишларини елкасига олиб, енгиллатадиган тулпорга айланган. Унга ҳеч нарса писанд эмас, оғир яраланган “Ойларойим, осмондан унинг елкасига келиб тушди. У тўлқинланаётган, шовуллаб оқаётган дарёдан, елкасидаги энг азиз ва муқаддас эгасини олиб ўтади. Аммо, унинг тақдир тақозосига, вазиятнинг ўзгаришига тайёр эмаслиги аён бўлди. Ойларойимнинг қўллари бўшашиб, дарёга йиқилди. У сувга ғарқ бўлди. Қора байир қаттиқ кишнади. Қаёқдандир, осмонданми, ерданми машина сигнали эшитилди.
Ана шундай тушлар таъсирида мудраб келаётган Отабек машина сигналини эшитиб, чўчиб кўзини очди. Етиб келганликларини билдириш ниятида машина сигналини чалган Турсунбойга уқрайиб қараб қўйди. Қўрқинчли туш кўраётган Отабек бутун маҳалланинг чироғи ёниқ турганини ҳайрон. Уларни қариндош-уруғлар кутаётган эди. Орқа эшикни очган Отабек “Отажон, “мана онам, билан қайтиб келдик, - деди-да эҳтиётлаб кўтариш ниятида онасининг қўлларини ушлади. Унинг қўллари жонсиз. Эътиборхон ая машина ичида бандаликни бажо келтирган эди. Аяни уйга олиб киришгач “Ла илаҳа иллаллоҳ! дея унинг жағини боғлашди. Барчанинг боши эгик, кўзларида ёш бор эди.
Барча расм-русумлар ўтказилгандан сўнг, аяни адирнинг энг баланд чўққисида жойлашган “Ёв кессак” қабристонига дафн қилишди. Бу ўтганлар оромгоҳида Отабекнинг она томон ва ота томон аждодлар, қариндош-уруғлари мангу макон топишган. Қуръон ўқилгач йиғилганлар юзларига фотиҳа тортишиб, ўтганлар ҳаққига дуо қилдилар. Сўнгра қирдан пастга қараб туша бошладилар. Отабек ва унинг яқинлари қабр ёнидан кетиша олишмасди. Отабек маҳзун ҳолатда баланд қирдан пастга, водийга тикилди. Шарқдан кўтарилган қуёш самога кўтариларди. У “Қорағунон” дарёси сувлари юзида қуёшнинг нурлари жилвасини кўрди. Дарё ҳаёт абадийлиги, инсон умри дарё каби шошиб ўтиб кетаверишидан огоҳлантириб, шовулларди. Минг йилларки “Қорағунон” дарёсининг шовуллаши олис-олислардан эшитилиб туради. Фасллар алмашаверади, умрлар ўтаверади. Отабек онасига бағишлаб ёзган марсиясидаги сўзларни у тез-тез унсиз такрорайди:
“Чимёну, миндонда ўрик гуллади,
Ям-яшил, майсалар сариқ гуллади.
Баҳор ёмғирлари бошим ҳўллади,
Тушларга айланиб қолган онам-эй!
Қалдирғочлар бошим силаб ўтдилар,
Барокат ризқимни тилаб ўтдилар.
Омонлик элимни тилаб ўтдилар
Қушларга айланиб қолган онам-эй!
Отабек жудоликдан оғир азоб чекарди. Ёши улуғ мўътабар онахонларни кўрса, ўз онасини кўргандек, азобланар эди. Шу кунларда Мустақиллик майдонидаги хотира боғи, қайтадан таъмирланди. Бу муқаддас маскан мамлакат фуқароларининг азиз зиёратгоҳига айлантирилди. Оғир урушларда ҳалок бўлган халқимиз азиз кишиларнинг номлари хотира тахтасига мангу ёзиб қўйилди. Уларнинг бошида мотамсаро она ҳайкали армон билан, ўйчан ҳолда ўтирибди. Отабек ҳар сафар зиёратга борганида она ҳайкалига боқиб, ўз онаси – Эътиборхон аяни кўргандек бўлиб кетади. Унинг ижодкорлари Отабекнинг онасининг суратини экрандан олишганми ёки шу тасвир онасига ўхшаб қолганми, бу энди жумбоқ. Дастлаб Отабек мен ҳам бошқалар қатори тасаввур қилганман чоғи, деб ўйларди. Кейинчалик ўғли Зафар билан боришганида у ҳам худди шу сўзларни айтди. Онасининг суратини олиб бориб, солиштириб кўришди. Ҳа, бу ҳайкал унинг онасининг тимсоли эди! Балки бу санъат асари ҳайкалтарошнинг маҳоратидир. Айтишларича, у ўз онасининг тасвирига ўхшатишга ҳаракат қилган бўлса керак. Баъзи маълумотларга кўра, ижодкорлар Президент Ислом Каримовнинг онасига ўхшатишга ҳаракат қилган дейишади. Чунки Мустақиллик майдони бош лойиҳачиси ва муаллифи шахсан Ислом Каримов эканлигини ҳамма билади. Қўлида бола ушлаган “Ўзбек мадоннаси” асари муаллифи бахтиёр она тимсолида қайтадан дунёга келган Ватан образини яратган. Унинг бошида ер шари, у оламни бошида кўтариб турибди. Лайлаклар тимсоли эса болажон халқимизнинг рамзидир. Бу муқаддас масканга ташриф буюрганлар агар ота-оналари дунёдан ўтган бўлсалар, менинг онам, бу менинг онамга қўйилган ёдгорлик деса, ота-онаси ҳаёт бўлганлар бола кўтариб турган онани“менинг онам” дейдилар. Улар миллионларнинг онаси – яъни Ватан тимсолларидир.
Бироз вақтдан сўнг Ватан равнақи йўлидаги фидокорона меҳнатлари учун Отабек “Меҳнат шуҳрати” орденига сазовор бўлди. У мамлакатнинг бу юксак мукофотига шахсан Президент И.А.Каримовнинг тавсияси билан сазовор бўлган эди. Орден билан биргаликда унга анчагина пул мукофоти ҳам топширилди. Бу мукофотларга мен эмас, онам муносиб эди. Бу орден ҳам онамники, берилган маблағлар ҳам онамнинг хизматлари учун деган ўй Отабекнинг вужудига сингиб кетган эди. Ана шу Мустақиллик майдонининг ёнгинасидаги “Анҳор” қаҳвахонасида Эътиборхон аянинг эҳсон дастурхони ёзилди. Эҳсонни ҳукумат томонидан берилган юксак мукофот маблағлари ҳисобига ўтказди. Отабек шуни истади.
У Ферузабону билан турмуш қурганига ҳам ўша кунларда 20 йил тўлганди. Ташвишлар билан бўлиб, қувончли саналарни унутиб ҳам қўйдилар. Лекин ҳаёт давом этаверар экан. Тўнғич қизи Дилнозабону вояга етиб қолганлигини ҳам, уларнинг хонадонига кунора келаётган совчилар сездириб қўйишди. Қиз болани жойи чиқса, дарров узатиш керак деб бекорга айтишмайди. Қизи Тошкент тўқимачилик ва енгил саноати институтини тамомлаётган бир пайт эди. У ўта иқтидорли, аълочи талабалардан бўлиб, Ферузабонунинг отаси таниқли муҳандис-олим Ўткир Фозилов доимо набирасига ишонар, “Набирам мен сингари техника соҳаси бўйича олим бўлади” дер эди.
2000 йили Ўзбекистон тарихида биринчи марта ижодкор, намунали хулқи ва аъло ўқиши билан ажралиб турган талабаларга Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси учун кўрик-танлов эълон қилинди. Кўрик-танлов аввал олий ўқув юртлари ўртасида, учинчи босқичи мамлакат миқёсида ўтказилиб, ғолиблар ҳар бир вилоятдан бир нафардан, Тошкент шаҳридан бир нафар талаба ва Қорақалпоғистон Республикасидан бир нафар талабага ўрин ажратилиб, мамлакат бўйича жами 14 нафар талаба Президент степпендианти унвонига сазовор бўлишди. Улар орасида Отабекнинг тўнғич қизи Дилнозабону ҳам бор эди.Бу муваффақиятдан бутун оила, қариндош-уруғлар, боболари ва бувисининг қувончини сўз билан таърифлаш қийин. Отабекнику айтиб ўтирмаса ҳам бўлади. У қизи доимо ўзидек истеъдодли санаганидан, бу муваффақият унга одатий туюлди. Дилнозабонуни ўша пайтда Нодиржон исмли ҳуқуқшунос йигит билан унаштириб қўйишган эди. Ҳар икки томон тўйга тайёргарлик кўраётган эдилар. “Қуда-андачилик минг йилчилик” дегани билан Отабек билан Раънохон ўртасидаги воқеалардан қудаларнинг хабар топиши, қизининг бахтига зомин бўлиши билан баробарлигини ҳис этар, ўз сирини ичига ютарди. Бунинг устига, ўша пайтда Раънохон бошқоронғи эди. Аниқроғи, шу кунларда кўзи ёриш арафасида эди. Раънохонниг собиқ қайнонаси анойилардан эмас экан, ўғлини суд орқали ажратиб олганига 5 йил бўлганига қарамай унинг келинлик сеплари, мебел ва буюмларини қайтариб бермаган эди. Шу боис охирги чора ҳужум қилиш учун Отабекни излаб, унинг ишхонасига борди.
– Салом Отабек ука, – деди Отабекка кинояли боқиб, – нега келганимни билгандирсиз?
– Келинг, опа! Мен фолбинмидимки, нега келганингизни олдиндан билсам, аммо ақлли одамлар вақтини беҳуда ўтказмайдилар, – деди Отабек ҳам, – фақат шуни биламан!
– Билганингиз яхши, – деди Тўти Ғайбуллаевна, – эшитишимга қараганда қизингизни турмушга бераётган эмишсиз? Куёвлар муборак бўлсин!
– Раҳмат, – деди Отабек ичидан нимадир узилиб тушгандек. У пиёлага чой қуйиб, опага узатди. Иккинчи пиёлага ҳам чой қуйиб, ҳаяжондан қуруқшаб кетаётган томоғини ҳўллаш учун чойни ҳўплади.
– Иккимиз бир-биримизни кўпдан бери биламиз. Мен сизни ҳурмат қиламан. Ўнлаб оилаларни моддий ва маънавий қўллаб қувватлашингизни бутун эл билади. Сиз Раънохонни хотин қилиб олганингизга ҳам анча бўлди, тўғрими?, -сўради у Отабекдан.
– Ахир, ўғлингиз суд орқали орани очиқ қилиб, бошқага уйланиб, икки нафар фарзандли бўлди деб эшитдим, тўғрими? – деди Отабек, – шунча воқеалар, шунча йиллар ўтди. Бу можароларни эслашдан энди нима фойда бор?!
– Сизга керак бўлмаса, менга керак, – деди аёл, – Раънохон-ку, сизга тегиб олди,у бахтли. Онаси Мавлудахон бизни тинчитмаяпти-да. Қизимнинг мебеллари ва буюмларини қайтарасан деб, 5 йилдан буён судлашади. Бироз пул ваъда қилган эдим, кўнмади.
– Ахир бировнинг буюмини қайтариб бериш керакда, – деди Отабек бошини кўтарар экан.
– Энди биз камбағал одамлар бўлсак, отаси ҳам, мен ҳам олим одамлармиз. Ўғлимиз Журъатбек тайинли маош ҳам олмайди. Яна болага алимент сўрашгани ортиқча.
– Алиментни ҳам қотиряпсизлар, – деди Отабек, – Раънохоннинг айтишича, бир йилдан буён алимент олмаяпти эканку?
– Сиз ўша чойчақадан умид қиляпсизми?, – Ўғлим ётган эски мебелларда сиз ҳам ётмоқчимисиз? Киноя ва жаҳл аралаш гапирди аёл.
– Опа, мени кечирингу, – деди Отабек, – мени аралаштирманг! Бировнинг буюмини, олди-бердиларингизни ўзингиз ҳал қилинглар! Сиз гапираётган муаммолар менинг ҳам бошимда бор. Ҳали қизимга ҳеч нарса олганим йўқ. Ҳамма ерда ҳисоб-китоб бор.
– Ана яшанг. Бу ҳолатдан бўлғуси қудаларингиз хабар топса, нима бўлади, – деди Тўти Ғайбуллаевна, – агар қизимнинг тўйи бузилиб кетмасин десангиз, Мавлудахонни тинчитинг! Бу ҳақда ҳеч ким ҳеч нарса билмайди ўшанда!
– Бошқа муддао йўқми?
– Йўқ, фақат шу, – деди Тўти Ғайбуллаевна.
– Майли, мен Мавлуда опага тушунтираман унда, –деди Отабек ғазабини ичига ютиб. Унинг қўрқувдан юзи пахтадек оқариб кетган эди.
– Мана бу бошқа гап. Билар эдим, сиз барибир яхши одамсиз. Шу боис неварам Моҳинурни сизга ишониб қолдирганман-да!
Отабек жавоб қайтармади. Отабек учун ҳар икки оиланинг тинчлиги унинг тинчлигига, ҳар икки оиланинг қувончи унинг қувончига айланиб бўлган эди. Лекин уларнинг ташвишлари ҳам унинг елкасида эди. Раънохоннинг собиқ қайнонаси ўз ўғлини, аниқроғи, худбинлиги билан қанчадан-қанча машмашаларни ташкил этгани Отабекка аён эди. Худбин-фирибгарларнинг устмонлиги билан қанчадан-қанча бегуноҳ одамлар азоб чекдилар. Аммо албатта, Яратганнинг қудрати билан тундан кейин кун бошланади. Қайғулар ўрнини шодлик эгаллайди. Азадан сўнг тўй бошланади. Эски нарсалар ўрнига янгилари келади. Қалбларнинг қора тунлари ўтиб, юракларда қуёш чарақлайди. Ўтган кунлар ўрнини, бугунги кунлар эгаллайди. Аёзли қишдан сўнг гўзал баҳор бошланади. Балки “Наврўз” дегани икки қутбни бир- бирига боғловчи нуқтадир.
Олам ва онгнинг буюк мувозанати. Яратганга шукурлар бўлсинким, йилнинг энг узун куни ҳисобланмиш лаҳзаларда, қуёш одатдагидан ҳам эртароқ осмонга кўтарилди. Раънохон қизчалик бўлди. Унинг чақалоқларга хос сирли йиғиси оламни тутди. Отабек чақалоқни қўлига олиб, бағрига босди. У ўз тақдирининг қувонч ва ташвишлари рамзи сифатида Аллоҳнинг азиз неъмати учун яратган олам қанча бўлса, шунча шукроналар айтди. Унга “Моҳларойим” деб ном қўйишди. Зеро, фарзанд ҳаёт чироғини ёқиб турувчи Яратганнинг тенгсиз неъматидир. Албатта, Отабекнинг ҳаёти энди қандай кечади. Кўра била туриб, Ферузабонуга зулм қилиб қўйган бўлсачи?! Барча ялтираган нарса олтин эмаслигини ҳам сезар эди, аммо вазиятлар, одамларо, воқеа ва ҳодисалар унинг бошини айлантириб қўйган эди. У ўзига Аллоҳдан нажот сўрар эди. Онаси Эътиборхон ая, бошқа ўтган аждодлар ҳаққига у дуо қилди. Отабек Қурони Каримни қўлига олиб юзига суртди, сўнгра аста очиб, ҳижжалаб “Зуҳо” сурасини ўқий бошлади. “ ... Вад-дуҳа, вал-лайли из-засажа,ма-вад-да-ака роб-бука ва мақола, валал, ахироту ҳойрул-лака, минал-ула. Вала-сав-фа ю-тийка роб-бука фатар-до. Аълам-яжийд-дака,ятийман-фава-ажадака дол-лан фаҳада,ва-важа-дака аъийлан фа-а-ғана. Фаамалятима,фа-ла тақ-ҳар ва-ам-масса ила ҳала тан-ҳар, ва ам-ма биниамати роб-бика фаҳаддис...” Отабек дуо қилиб, эзгу ниятлар қилар экан унинг мағзини чақди:
“Чошгоҳ билан қасам, сукунатга чўмган тун билан қасам, роббинг сени тарк қилгани йўқ, ғазаб ҳам қилгани йўқ. Албатта, охират сен учун бу дунёдан яхшидир. Роббинг тезда сенга ато қилур, сен рози бўлурсан. У Зот сени етим топиб, жойлаб қўймадими? У сени ҳайрон ҳолда топиб, ҳидоятга бошламадими? У Зот сени камбағал ҳолда топиб, бой қилмадими, бас, сен етимга қаҳр қилмагин. Сўровчига зажр қилмагин. Роббинг берган неъмати ҳақида эса сўзлагин”... Омийн!
IV боб. Ёқубжон ота
Ўтган асрнинг охирги ўн йилликлари ва янги асрнинг дастлабки ўн йиллигида замон ҳам, ҳаёт ҳам, илмий техника ҳам ниҳоятда ўзгарди. Ер юзида юз берган техникавий революция инсоннинг ўзини ҳам тубдан ўзгартириб юборди. Кўпчилик сайёра ва юлдузлар сари учаётган космик кемаларни, инсониятни даҳшатга солаётган уруш қуролларини, одам ва ҳайвонларнинг генетикасини бузиш оқибатида яратилган кашфиётларни илмий-техникавий тараққиёт деб ўйласалар, анчагина янглишиб қоладилар.
Интернетнинг пайдо бўлиши инсониятни, инсоннинг маънавий қиёфасини издан чиқариб ташлади. Ер юзида яшайдиган одамлар сони қанча бўлса, шунча фикр бемалол интернет тармоғига жойлаштирилиб, тарқатилаверади. У на миллат, на давлат, на эътиқод, на ахлоқ чегараларини билади. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеалар, ҳодисалар. Билиб-билмай ўзимиз ҳам унинг иштирокчисига айланиб қоламиз.
Бугунги кунларда энг зарур чора ҳисобланган уяли телефонларнинг турмушимизга кириб келиши қанчадан-қанча оворагарчилик ва сарф-харажатларнинг тежалишига сабаб бўлди. Аммо ўз навбатида турмуш ташвишларини ошириб юборди. Бир лаҳза ҳам осуда дам йўқ. Уяли телефонларнинг дастидан одамга ўхшаб овқатланиш у ёқда турсин, ўчириб ташламасанг, бирорта фикр ўйлашга ҳам имконият бермайди. У чақиргани чақирган, уни ўчириб ташлайсан, бир неча сония ором топасан, лекин таниш-билишлар билан ади-бади айтишиб қолишинг ҳам ҳеч гап эмас. “Нокия” русумли телефон аппаратларида бутун бир институтлар, ҳисоб-китоб, об-ҳаво, пул алмаштириш курслари, хат юбориш, олиш, расм ва видеотасвирлар, овоз ёзиш, қўйингки, бундан йигирма, ўттиз йил олдин минглаб одамлар, юзлаб техник ускуналар бажарадиган вазифани гугурт қутисидек телефон аппарати бажаряпти. Ҳозирги авлод бу ҳодисалардан ҳайратга тушиш у ёқда турсин, парвонга ҳам келтирмайди. Ёши улуғ одамлар бу ўзгаришларни ўз ҳаётидан, турмушидан келиб чиққан ҳолда дарров сезадилар. Айниқса, рақамли рангли тасвирда суратга оладиган фото ва видеокамераларнинг тенгсиз суратларда ривожланиши Отабекни ҳам, унинг ўғли Зафарни ҳам ниҳоятда қувонтирган бўлса, оддий ҳаваскорларнинг тенгсиз хазинага эга қилгани аниқ. Журналистлар истаган ахборотини, истаган тасвирини интернет орқали топиши, бир-бирларига юбориши мумкин.
Зафар тушмагур, эски оилавий альбомдаги суратларнинг кўпчилигини, аллақачон рангли тасвирга ўтказиб, янгилаб қўйибди. Уларнинг кўпини Отабекнинг ўзи суратга олган. У интернат-мактабда ўқиётган пайтида, ўн икки ёшлигида Ёқубжон ота ўғлига “Смена С” русумлик фотоаппарат сотиб олиб берди. У интернат-мактабда ташкил этилган фототўгаракка қатнаша бошлади. Тўгарак раҳбари Нуриддин Бегматов Отабекдаги сурат олишга бўлган иштиёқни дарров сезди. У суратга туширган расмларда ўзига хос нурлар жилоси, воқеа, айтиш жоиз бўлса, ҳаракат мужассам эди. У Ёқубжон ота билан учрашиб, ўғлининг расм олишга, уларни ишлашга қўли келиб қолганлигини айтиб, керакли фото анжомларининг рўйхатини берди. Ота-бола якшанба кунини орзиқиб кутишди. Якшанба куни қўйни сотиб, ниҳоят фото суратлар ишлайдиган кимёвий моддалар, тасмани ювадиган қутича, қизил чироқ, тасвир катта қилувчи аппарат, махсус мосламаларни белгиланган рўйхат бўйича харид қилишди. Ёқубжон ота, бутун бир қўй пулига шу тарақа-туруқларни сотиб олди. Унинг яна беш-олти боласи бор. Уларга кийим-кечаклар сотиб олишни, кейинга қолдирди. У ўғли Отабекнинг кўнглига қарарди. Отаси Мир Усмон ҳожи вафот этишидан олдин, ўғилларини тўплаб васият қилиб, “мендан кейин қайси биринг ўғил фарзанд кўрсанглар, Ота, Отабек деб номланглар, зеро менинг йўқлигимни билдирмаса, менинг ўрнимга ота бўлса, – деган эди. Ўшанда уч ака укаларнинг хотинлари бирданига бошиқоронғу эдилар. Улар ичида энг аввал Ёқубжон отанинг оиласида, Эътиборхон ая ўғил кўрдилар. Уни Отабек деб номладилар. У интернат-мактабда ўқиганлиги учун ҳам ҳар якшанба уйга жавоб берилар эди. Уни ҳамма соғинар эди. Оилада унга ҳамма яхши гапирар, унинг истакларини тўла-тўкис бажаришар, эркалатишар эди. Отабек бешинчи синфда ўқиётганида бир нечта фотосуратларни ўзи олиб, ўзи тайёрлади. “Лолақизғалдоқлар гиламдай тўшалган қирлар, лолазорлар ичида қўшниси Абдураҳим бобо, у ўғил набираси билан Отабекка гул тутишмоқда. Боланинг гул ушлаган қўллари, олдинда кўзгуга яқин бўлгани учун тасвирининг ярмидан кўпини эгаллайди. Гўё бобо ва невара ўз юрти табиатидан чексиз баҳра олиб, уни Отабекка ҳам, ёки суратга қараётган инсонга ҳам инъом этмоқда. Табиат қанчалар саховатли бўлса, унинг бағрида дунёга келган одамлар ҳам саховатлидир. Отабек суратни “Саховат кенгликларида” деб номлаган экан. Мана салкам ярим асрдан буён у қўлидан фотоаппаратни туширмайди. Балки телевизион ижоднинг муқаддимаси шундан бошланган бўлса ажаб эмас. Лекин у фотографликни касб қилмади, бу унинг шунчаки қизиқадиган машғулоти. Улар бугунги кунларнинг ўзига хос хотира захирасига айланган. Кейинчалик кино ва видео билан ҳам шуғулланди. Аммо фото унинг энг яхши кўрган машғулоти бўлиб қолаверди. Аввалига фото, кино ва видео архиви қилиб, уларни йиғиш хаёлига ҳам келмаган эди.
Ижодий фаолияти давомида ажойиб фазилатларга эга бўлган одамлар билан учрашиб қолар, уларга ҳавас қилар эди. Ана шундай ўзигахос одатлари бор одамлардан бири, ноёб овозлар ёзилган пластинкаларни йиғиш ишқибози Зокиржон ака эди. У Ўзбекистон Радиосининг мақомчилар дастасининг хушовоз хонандаси, хизмат кўрсатган артист Зокиржон Султонов. У биринчи марта Фарғона каналининг қурилишида, ҳашарчилар олдида қўшиқ куйлаганда ўн уч ёшларда эди. Унинг ўша даврдаги Республика раҳбари Усмон Юсупов ва Тамарахонимлар билан тушган фотосурати бўлиб, у уни каттайтириб, ўз уйида ташкил этган “Ноёб овозлар” музейида сақлайди. Отабек бу улуғ санъаткор, ажойиб коллекционер Зокиржон Султоновга бағишланган кўрсатув тайёрлаганида Ўзбекистоннинг биринчи оқсоқоли Йўлдош Охунбобоевнинг овозини эшитган. “Ўзбек хонадонларида маданият юксалиб бормоқда, хонадонларда доира, дутор, най каби мусиқа асбоблари кўпайиб бораяпти. Баъзи хонадон ва оилаларда патифонлар мавжуд...” Йўлдош отанинг ушбу сўзларини, Мулла Тўйчи Тошмуҳамедовнинг ХХ аср бошларида куйлаган “Қоракўзим” қўшиғини ҳам ҳофизнинг ўз овозида Зокиржон ака хонадонида эшитган. Отабекнинг кўрсатуви орқали миллионларга намойиш қилинган. Унинг “Умр” деб номланган телевизион очеркида Ўзбекистонда яшаётган энг ёши улуғлар, бобо ва бувилар 136 ёшга кирган Тошкентнинг “Обод” маҳалласида яшовчи Меҳри она, 110 ёшлик Наманган вилоятининг Уйчи туманида яшовчи Абдураҳмон бобо Ғаниев, асакалик кекса ўқитувчи Турсунали бобо Тўйчиев каби асрларни ошиб яшаган кишилар ҳақида, уларнинг ибратли ишлари ва ҳаёти ҳақида ҳикоя қилиб берган эди. Бу кўрсатувлар Отабекнинг отаси Ёқубжон отага ҳам жуда ёқарди.
– Ўғлим, сендаги шу фазилатдан жуда хурсандман, – деган эди Ёқубжон ота. – Кўпроқ ёши улуғ кишилар ҳақида кўрсатавер. Улар ғанимат. Уларнинг ҳаётда тажрибаси кўп, иссиқ-совуқни ўз бошларидан ўтказганлар. Қандай яшаш кераклиги тўғрисида ёшларга ибрат бўлади. Сени дуо қиладилар.
– Тўғри айтасиз, – деди Отабек мамнун бўлиб, – Биринчи бўлиб ўзбеклардан чиққан Совет Иттифоқи Қаҳрамони Қўчқор Турдиев ҳақида “Биринчи қаҳрамон” деб номланган телеочерк тайёрлаш ниятим бор.
– Жуда яхши, ўғлим, – деди Ёқубжон ота. – У кишининг довруғи катта эди. Уруш йилларида, аниқроғи у 1942 йилда Ўзбекистонга келган. Ойим қишлоғида зўр тантаналар билан кутиб олган эдик. Мен ўн тўрт яшар бола эдим. Акаларим Абдуллажон амакинг ҳам, Юсуфжон амакинг ҳам урушга кетган эдилар, Додам раҳматли менинг ўғилларим ҳам қаҳрамон бўлиб келадилар, иншаоллоҳ деб дуо қилган эдилар, ўшанда. Абдулла акам ном-нишонсиз кетди, Юсуфжон амакинг, юрагида осколька билан қайтиб, унинг оқибатида вафот қилиб кетди. Серго қишлоғидаги Дилбарали Мақсудов деган одамни яхши танийсан, у пилла бригадири бўлиб ишлайди. Сталинграддан Берлингача жанг билан борган. Жанговар қизил байроқ орденини ва яна икки марта “Шуҳрат” ордени олган, яна бир марта олганида қаҳрамон билан тенг бўлар экан. Дилбарали ака яқинда маршал Чуйковдан хат олди. Рейстагга ҳужум бошланиш олдидан, рейхканцлер, яъни Гитлер билан музокара олиб боришни ташкил қилишга киришади. Шунда Василий Иванович Чуйковнинг эсдаликларида “сержант Максимов алоқа симларини Гитлер бункерига қараб тортиб кирди, алоқа ўрнатди”, деб ёзилган экан. Уни аслида Максимов эмас, сержант Мақсудов амалга оширган бўлиб, Дилбарали ака буни маршал Чуйковнинг шахсан ўзига ёзиб юборади. Маршалдан жавоб келди. Мазкур мактубда шундай сатрларни битилган: “Ҳурматли Дилбарали Мақсудов мактубингизни олдим. Архив ҳужжатлари орқали текшириб кўрдим, дарҳақиқиат буни 102 алоқа ротаси бажарган бўлиб, унда сизнинг номингиз сержант Дилбарали Мақсудов номи ёзилган. Менинг бу фаромушлигимни авф этинг. Китобимнинг иккинчи нашрида Максимов эмас Мақсудов деб ўзгартирилади. Эҳтиром ила маршал В.И. Чуйков” деб имзо қўйилган эди. Ана шундай жасур кишиларни ҳам рўйхатингга киритиб қўй! Уларни ҳар қанча эъзозласак, оз!
– Яхши отажон, сиз айтганингиздек бўлади, – деди Отабек. – Амакиларимнинг расмлари сақланмаганми?
– Бобонгнинг бир дона кичкина расмини, амакинг Абдуллажон акамни ҳарбийга жўнаб кетиши олдидан Қорасув темир йўл станциясига кузатгани чиққандик. Ўшанда тушган расмларини эски чойнак ичида сақлаб юрардим, – деди Ёқубжон ота, – тополмай қолдим. Менимча, расмларга қараб ҳадеб йиғлайвермасин, деб онанг беркитиб қўйган бўлса керак?! Сенинг шу одатинг яхши, расм оласан, расмларни йиғасан. Булар инсон учун яхши хотира.
– Тўғри айтасиз. Яқинда қўшнимиз Абдурахим бобонинг, худо раҳмат қилсин, расмини сўраб, набираси Набижон чиққан эди. Бор экан, бердим. Катта қилиб кўтартиришибди, – деди Отабек, мамнунлик билан.
Отабек ўзи тайёрлаган оилавий альбомга боқар экан, ҳар бир фотосурат маълум бир воқеаларни эсга солар, гўёки улар жонланиб, худди бугунги кунларда содир бўлаётганга ўхшар эди. Ўн етти ёшлик Отабек отаси Ёқубжон ота билан. Бу фотосуратга Тошкент шаҳрида тушишган эди... Отабек мактабни тугатганидан сўнг, Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетига бориб ўқишни жуда орзу қилар эди. У отасининг қўлига ўрта маълумот тўғрисидаги гувоҳномани берди.
– Хўш, энди нима қилмоқчисан, – сўради Ёқубжон ота, – ҳойнаҳой ўқишга киришни мўлжаллаб турган бўлсанг керак?
– Ҳа, албатта, – деди Отабек, – Тошкент давлат университетининг журналистика факультетига ўқишга бораман!
– Бу киши журналист бўлар эмиш, – деб Ёқубжон ота қўлидаги пиёлани отиб юборди, – Эҳ, сени, Тошкентда менинг танишим бўлмаса, сен қандай кирасан! Журналист эмиш, – Отабек отасининг сержаҳллигини билар эди. Аввал койишга койийди, сўнгра жаҳли кетгач, насиҳат қила бошлайди.
– Майли ўғлим, – деди Ёқубжон ота, – мана шу қор бағридаги Андижон – Ойим йўли қурилганида, унинг инженери Аъзамжон деган йигит бизникида яшаган эди. У ҳозир қурилиш техникумида директор бўлиб ишлайди, жияним Неъмат акангни ўша ўқишга олган. Ана ҳозир у техникумни тугаллаб, прораб бўлиб ишлаяпти. Кам бўлгани йўқ.
Отабек отасининг гапларига кўнди. Улар ҳужжатларни тайёрлаб Андижон қурилиш техникумига бордилар. Директор қабулхонасида кечгача ўтиришди, директор ота-болани қабул қилишга вақт топмади. Сўнгра Ёқубжон ота: “Майли, Андижондаги хоҳлаган ўқишингга топшир, майли мен розиман”, – деди.
Отабек Андижон тиллар институтининг рус тили ва адабиёти факультетига ҳужжат топширди. Агар имтиҳонлардан муваффақиятли ўтса, ўртоқлари билан Украинанинг Херсон шаҳрида ўқиши мумкин. Аммо рус тилидан яхши тайёрланмагани боис, биринчи имтиҳонданоқ йиқилди. Ҳатто Ёқубжон ота “атайлаб йиқилгансан” деб ишонмади. Ўз кўзи билан имтиҳон натижаларини билиб келди.
– Майли, хафа бўлма, ўғлим, келгувчи йилда кирарсан, – деб ўғли Отабекнинг кўнглини кўтарган ҳам бўлди. Отабек ўнинчи синфда ўқиётган пайтда аълочи ўқувчилар сафида, Ленин яшаган шаҳарлар бўйлаб, саёҳатга юборилган эди. Сафар таассуротлари ҳақида иншо ёзиб, ҳатто вилоятда ўтказилган кўрик танловда совринли ўринга сазовор бўлган. Синф раҳбари, тарих ўқитувчиси Турсунбой Мирзаев унинг иншосини Андижон районида чиқадиган “Коммунизм тонги” газетасига топширганида, уни ҳам ўзи билан газета муҳарриятига олиб борган эди.
Отабек институтдан ҳужжатларини қайтариб олиб, газетахонага борди. Хона ичига у қимтинибгина кириб келди.
– Ассалому алайкум, – деди Отабек хона эшиги ёнида нималарнидир ёзиб ўтирган ёш бир йигитга қараб.
– Ва алайкум ассалом, – деди ҳалиги йигит, Отабекка ҳавас билан қараб.
– Мен Отабек Юсуф бўламан! Эсингиздами менинг шеърларим ва саёҳат таассуротлари ҳақидаги мақолам шу газетада босилган эди.
– Тўғри танидим сизни, Оташ шоир, – деди ҳалиги, – ... сиз Тешиктош қишлоғидансиз. Ука яхши ёзибсиз!
– Бу ернинг бошлиғи ким, – сўради Отабек.
– Мен бошлиқман! Мен газета бош муҳаррири Назиржон Саидов бўламан. Мана бу йигит эса менинг ўринбосарим Абдуғулом Султонов бўладилар. Хўш! Хизмат, – деди ёнидаги яна бир бошқа йигитни кўрсатиб, сўнгра хохолаб кулиб юборишди. – Келинг, ўтиринг!
– Мен шу ерга ишга кирмоқчиман, – деди Отабек, – келгувси йили журналистикага ўқишга бораман!
– Яхши, – деди Назиржон Саидов, – Биз сиз билан ҳазиллашдик, мен газетада адабий ходим бўлиб ишлайман. Абдуғулом эса синовдан ўтяпти. Сиз сингари ишга кириш ниятида, бир ҳафтадан буён шу ерда ижод билан машғул. Оташ шоир, шеърларингизни мен ишлаб, босиш учун тайёрлаганман. Қаламингиз бор. Бизнинг бош муҳарриримиз шоир Нурмат Қўзибоев бўладилар. У киши ҳозир йўқлар. Шу киши билан гаплашиш лозим.
– Бўлмаса мен кутиб ўтираман, келсалар гаплашаман. – Отабек астойдил ўтириб олди.
– Сизга маслаҳат бераман, – деди Нозиржон Саидов, – бирорта каттароқ одам, отангизми, у киши билан гаплашгани маъқул. Ҳозир бизда битта жой бор. Газетага корректор керак.
Отабек уйга борганида бу гапларни отаси Ёқубжон отага айтди. У ўғлини етаклаб, Мамадолим Мадаминов исмли шаҳарда ишлайдиган уруғи бор эканлигини айтиб, унинг ёнига етаклаб борди. Мамадолим ака ота-оналаридан етим қолган бўлиб, болалар уйида катта бўлган, ўқиган. Давлат хавфсизлиги соҳасида ишлаб, катта вазифаларга кўтарилган экан. Ёқубжон ота унга ниятларини тушунтиргач,у газета бош муҳаррири Нурмат Қўзибоевга телефон қилди.
– Хўш йигитча, энди журналист бўлишни орзу қилибсиз, жуда яхши, – деди Мамадолим Мадаминов, – Ёқубжон бу касб, жуда олийжаноб касб. Ҳамма ҳам шунча иштиёқ билан журналистика соҳасига қизиқавермайди. Албатта, унга ёрдам бериш керак, – деди. Тўғри Қўзибоевга учранглар, – деди у, – менга натижасини айтиб қўйинглар!
Отабек эртасига “Коммунизм тонги” газетаси жойлашган бинога борди. Янги ишга келган Абдуғулом Султоновни ҳам, Отабекни ҳам синаб кўришди.
– Абдуғулом ишига пишиқ, газета саҳифаларида унинг текширувидан сўнг, икки дона хато чиқди, у ҳам тиниш белгилари бўйича, Отабекда қандай натижа, – сўради Нурмат Қўзибоев.
– Отабекда хато кўп, лекин эпласа керак, – деди газета масъул котиби Мирзаабдулла Назиров. Аммо биз Абдуғулом Султоновни ишга қабул қиламиз. Отабек Юсупов тайёргарлик кўрсин.
Бош муҳаррир хонасида яна бир нотаниш киши ўтирар эди. У кулиб: – Йўқ, Абдуғуломга биз совчимиз, – деди. Маълум бўлишича бу бинода икки район Андижон районининг “Коммунизм тонги” газетаси ва Хўжаобод районида чиқадиган “Шонли меҳнат” газеталари жойлашган бўлиб, ҳалиги нотаниш киши “Шонли меҳнат”нинг бош муҳаррири экан. Шундай қилиб, Абдуғулом у газетага корректор лавозимига, Отабек эса бу газетага ишга жойлашди.
– Бола, сенинг ҳаракатчанлигинг яхши, лекин сенда қунт етишмайди, энди қаттиқ ҳаракат қиласан, – деди Нурмат Қўзибоев, – Мадаминов қариндошинг бўлмаганида ишга олмаган бўлардим! Давлат хавфсизлик қўмитаси Андижон вилояти бўлими бошлиғи, полковник Мамадолим Мадаминов биздан илтимос қилади-ю, биз бажармас эканмизми? Марш ишга, – деб хонадан чиқариб юборди.
– Ота, танишим йўқ дейсиз, – деди Отабек отасига юзланиб, – Мамадолим тоға вилоят КГБ сининг бошлиғи экан. Ундай лавозимга одамлар нафақат Андижонда, балки шу ерда туриб, ҳамма ерда ўз сўзларини ўтказадилар.
– Майли ишни қилинг, бир гап бўлар, – деди Ёқубжон ота, ўғли Отабекка қараб. У таҳририятга келганидан кейин, газета чиқаришнинг барча жараёнларини қунт билан ўрганди. Ҳатто босмахонага кириб, ҳарф терувчига ёрдам берар, газета тархини тайёрлашдан тортиб, бигиз билан ҳарф хатолари мавжуд қаторларни алмаштиришни ҳам ўрганди. Бир сўз билан газетчиликнинг ҳам техникавий жиҳатларини, ҳам ижодий жараёнларини ўзлаштириб олди. Йил давомида ўнлаб мақола, хабар ва лавҳа жанрларида журналистик асарларини газеталарда эълон қилди. Тошкент давлат журналистика факультетига ҳужжат қабул қилишнинг асосий шарти матбуотда чоп этилган мақола ва асарларнинг кўрик танловидан бошланар эди. Матбуотда қатнашмаган абитуриентлар журналистика факультетига қабул қилинмас эди. Отабек имтиҳонлардан муваффақиятли ўтишини асосий мезони газетада ишлаш эканлигини ҳам билиб олган эди. Ўша даврларда Область ва Республика матбуот нашрларида мақола чиқаришнинг ўзи бўлмас эди. Шаҳарда яшаш ҳам осон эмас. Энди унинг учун мустақил ҳаёт бошланаётган эди.
Отабекнинг Андижон шаҳрида яшайдиган Туҳфахон исмли холаси бўлиб, уларникида яшаб, газетада ишлади. Газета кунора чиққанлиги учун, у бир кун ишлаб, иккинчи куни бўш эди. Шу боис, Андижондаги “Навоий” номли истироҳат боғидаги болалар атракционига ишга ҳам кириб олди. Тошкентга ўқишга кетиш учун бир оз маблағ жамғарди. Ҳар якшанба куни, Тешиктош томонларга уйига борар эди. Автобусда қайтаркан, қишлоқ мактабининг директори Алижон Хўжамовни учратиб қолди. Отабек ўнинчи синфни тамомлаш арафасида Олтин медалга номзод қилиб кўрсатилган, барча фанларни аъло топширишга қарамай, бундай юксак шараф насиб қилмаган эди. Отабекнинг ўрта маълумотли гувоҳномасига шахсан Алижон Хўжамов иккита тўрт баҳо қўйиб беришга мажбур бўлган эди...
– Сенинг билиминг етарли, биламан Тошкентга ўқишга бормоқчисан. Мен ўзим сенга ёрдам бераман. Курсдошим Эркин Ҳайитбоев, биласан-ку, телевизорда халқаро шарҳловчи сифатида чиқади, у университетга проректор бўлиб қолибди. Мен сени унинг ёнига олиб бораман, деб айтган эди. У сўзида турди, иккаласи келишиб, Тошкентга жўнаб кетишди. Отабекнинг ўзи жамғариб қўйган маблағлари бўлганлиги сабабли, Эътиборхон аяга, онасига бу ҳақда айтди, аммо отаси Ёқубжон отадан берухсат, шундай қилишга мажбур бўлди. Улар Андижон темир йўл вокзалига келганларида Алижон ака бошқа танишларини ҳам учратди. Улар Андижон – Москва поездига чиқишди. Шу поезднинг биринчи вагонини Андижон районидаги энг донгдор ҳисобланган Киров номли колхоз раиси, Социалистик меҳнат қаҳрамони Сайфиддин Ашуров ва унинг ҳамроҳлари эгаллаган бўлишиб, улар Москвага, халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмасига кетаётган эканлар, Сайфиддин ака ўрта бўйли, қотмадан келган, жуда келишган одам экан. Эгнидаги оқ кителининг ёқасига олтин юлдуз тақиб олган эди. Унинг қизи Ойистахон опа билан куёви Нохидхон Ниёзовлар Тошкентнинг ишчилар шаҳарчасида яшар эканлар. Нохидхон ака Ўзбекистон ССР министрлар советида референт бўлиб ишлар экан. Сайфиддин аканинг набираси Дурбек, ўн икки-ўн уч ёшлардаги бола бўлиб, Отабек билан тез киришиб кетди. Улар ҳам шу вагонда жойлашишган эди. Бошқа купелар ҳам бўш, уларнинг кўп хоналарига кўргазма учун олиб кетилаётган қишлоқ хўжалик ноз-неъматлар тўлдирилган эди. Уларнинг ичида 17–18 ёшлар чамасидаги бир қиз бўлиб, у Нохидхон аканинг жияни – Шоира эди. У ниҳоятда гўзал, эгнидаги атлас кўйлак унга сирли жозиба кашф этарди. Поезд Тошкент томон борарди. Отабек учун янги бир олам ўз эшигини очаётган эди. Бу сирли ва романтик саргузаштлар оламини у болалигидан кўришни, унинг мафтункор жамолидан баҳраманд бўлишни орзу қилар эди. Унинг устига қандай ажойиб кишилар билан танишди. Отабек билан ҳамроҳ бўлиб Тошкентга кетаётган мактаб директори Алижон Хўжамов ҳам, институтни битириб, мактабга келганига кўп бўлмай, директор лавозимига мана шундай танишлари ёрдамида кўтарилган бўлса ажаб эмас. У талабалик йилларида уларнинг хизматларида бўлган. Худди шу Андижонда Эркин Хайитбоев билан битта курсда – тарих факультетида ўқиган. Қишлоқ боласи бўлган Отабек учун одамлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар очилмаган қўриқнинг ўзи. Айниқса, уларнинг эгнидаги либосларига, кийим-кечакларига боқиб, улар бу либослар учун қаерлардан пул олишади, деган хаёл унинг кўнглидан ўтарди. Бу одамларнинг катталарининг ҳам, болаларининг ҳам юзлари тиниқ, офтоб кўрмаган оппоқ эди. Отабек ўн етти ёшларида ўрта бўй, ўта ориқ, кўзларининг остида тангадек доғи ҳам бор эди. Алижон ака, сариқдан келган ўттиз-ўттиз беш ёшлардаги одам бўлиб, унинг офтобдан юзлари қизариб кетган эди. Ҳамроҳлар билан қиттак-қиттак коньяк урганларидан кейин унинг юзи помидор рангига кирди. Тошкентга етиб келганларида кўргазмага отланганлар вагонда қолишди. Алижон ака, Дурбек ва жиян қизлар тўғри Ишчилар шаҳарчасига йўл олдилар.
Тошкент деган шаҳри азим, тунда ҳам чиройли бўларкан, худди ўша киноларда кўрганидек, Тошкент куранти бонг урди. Отабек чўчиб тушди. У ўзининг Тошкент тупроғига қадам қўйган онларини, курант бонги шарафлаб, огоҳ этиб турганга ўхшарди. Соат 23.30 сония, 1971 йил 14 июль, дея хаёлидан ўтказарди, Отабек. Улар ўша тунда Уста Ширин кўчасида жойлашган Нохидхон ака билан Ойистахон опаларнинг уйларига келиб тушдилар. Ўша ерда тунни ўтказишиб, эрталаб Университет томонга йўл олишди. Талабалар шаҳарчаси деб ташкил этилган бу мавзеда олисдан Тошкент давлат университетининг янги биноси кўзга ташланиб турар экан. Бундай чиройли ва бежирим, турли шаклларни акс эттирувчи бинони кўрган эмас. Шу атрофга яқин жойда Алижон аканинг дўсти, курсдоши Эркин Ҳайитбоев истиқомат қилар экан. Унинг турмуш ўртоғи Дилбар опа, улар яшайдиган тўрт қаватли уйнинг қўшниси бўлган бинодаги ТашЗНИИП, яъни Тошкент ҳудудий қурилиш лойиҳалаш институтида реферант бўлиб ишлар экан. Уларнинг тўрт фарзанди – икки қизи, икки ўғли бўлиб, тўнғичи Бобир ўн икки ёшда, кенжаси Ойбек уч ёшда эди. Эркин ака, полвон, баланд бўйли, кўркам одам бўлиб, уни Отабек телевизор орқали кўрган. Дилбар опа русча талаффуз билан ўзбек тилида гапирса ҳам, жуда чиройли аёл эди. Икки курсдош анча чақ-чақлашиб ўтиришди. Сўнгра Отабекни ўзлари билан олиб, Пахтакор стадионига футболга боришди. Ана ўша Отабек кинофильмларда кўрган ўйингоҳ. Энди у ҳам мана шу жойда ўтирибди. Стадионга йиғилган футбол ишқибозлари Пахтакорни қўллаб-қувватлашиб овозларининг борича бақиришар, қарсаклар чалиб яхши ўйинчиларни қўллашар эди. Пахтакор–Тошкент, Спартак–Москва командалари ўртасидаги ўйин дуранг натижа билан тугади. Кейин улар Хадра майдонигача, сўнгра Калинин майдони деб аталувчи, Эски Жўвагача ўйингоҳдан тарқалаётган одамлар билан пиёда келишди. Отабек ҳеч қачон бунчалик кўп оломонни кўрмаган эди. Навоий номли кўчадаги машиналар ҳаракати бутунлай тўхтатиб қўйилди. Одамлар йўл ўртасидан юриб, чор атрофга тарқалишар эдилар. Икки дўст Гулистон ресторанига кириб, яна узоқ маишат қилишди. Сўнгра улар Эркин акаларникига қайтишди. Алижон ака бир оз ширакайф бўлиб қолган, талабаликдаги воқеаларни гапиришиб, кулишиб ўтиришди. Кейин нимадандир тортишиб кетишди. Алижон акани кейин кўчага ҳайдаб чиқарди. Отабек нима бўлаётганлигини тушунмас эди. У ҳам бақир-чақирдан ташқарига отилиб чиқди. Икки дўст шу тариқа хайрлашди. Отабек ҳам китоб, дарсликлар тўлдирилган жамадонини кўтарганча, Алижон аканинг орқасидан эргашди. Улар анча жойга борганларида, қўлида кенжа ўғилчаси Ойбекни кўтариб, Эркин ака уйдан кўчага чиқди. Отабекни имлаб чақирди.
– Сен бу тентакнинг гапига қулоқ солма, – деди Эркин ака баланд овозда, – Сен тезлик билан ҳужжатларингни топшир. Кейин бизникига қайтиб келгин!
– Хўп, – деди Отабек, айб қилиб қўйган боладек ерга қараб.
Алижон ака билан Отабек таксига ўтириб темир йўл вокзалига етиб борганларида, унинг ёнида сариқ чақаси ҳам қолмаган эди. Йил бўйи йиққан маблағлари бир кунга ҳам етмади. Такси ҳаққини Алижон ака ҳайдовчи билан жанжаллашиб юриб тўлади. Улар қайтишга билет ола олмадилар. Андижон–Тошкент поезди Тошкент–Андижон деган ёзувни илиб олиб, станцияга келиб тўхтади. Янги қурилган Тошкент темир йўл вокзали орқада қолди. Алижон ака проводник билан келишди. Устоз–шогирд умумий вагонга чиқиб олдилар. Шундай қилиб устоз ва шогирд бир амаллаб қишлоқларига етиб келишди. Отабек қош қорайганда уйига кириб борди. Отаси далада ишда экан. Онаси Эътиборхон ая ўғлининг бу ҳолда қайтиб келгани учун бир оз уни койигандек бўлди, бир томондан унга ачинди ҳам.
– Болам, – деди Эътиборхон ая, – узоқ жойларда ўқиб нима қиласан, нима қилса ҳам бегона юрт, қийналасан, отангнинг гапига кириб қўя қолсанг-чи!
– Ахир мен журналист бўлишни истайман, – деди Отабек , – ахир бундай ўқиш фақат Тошкент давлат университетида бор, бошқа жойда йўқ!
– Унақа овора бўлиб, жонингни қийнаб нима қиласан, – деди Эътиборхон ая. – Унақа ўқишларга кираман деганлар озмунчами?
– Ҳа студент, – деди улар суҳбатлашиб турганларида ишдан қайтиб келган Ёқубжон ота, елкасидаги бир боғлам ўтни ерга қўяр экан. – Нега қайтиб келдинг?
–Тўғриси, Алижон ака мени Эркин Ҳайитбоев деган проректор билан таништирди, – деди Отабек, – сенга ёрдам бераман деб айтди у киши.
– Унда нега қайтиб келдинг? – деди Ёқубжон ота. – Ўзинг бир оғиз сўрамай кетиб қолибсан. Мени Тошкентга юбормайди, деб ўйлагансан-да. Сиз буни ҳамиша тарафини оласиз. Бу ўзбошимча бўлиб кетяпти!!!
– Пулим тугаб қолди, – деди Отабек қўрққанидан четроққа ўзини олиб қочиб.
– Нима? Ҳа, бир йилдан буён йиққан пулингни дарров тугатдингми? Ҳойнаҳой Алижон ичиб юборган. Жуда сенга ёрдам бераман деб, кўзи учиб ўтирмагандир. Хе... Сени!!!
Ёқубжон ота қўлидаги ўроқни Отабекка қаратиб отиб юборай деди, жаҳлига хайр бериб, ерга ташлади. Отабек кўчага қочиб чиқиб кетди. Шу кетганча уйига қайтиб кирмади, укаси Ойбекни чақириб, онаси Эътиборхон аянинг олдига юборди.
– Онамга айтгин, – деди Отабек, – фақат йўлкира учун етти сўм берса бўлди. Қолганини ўзим эплайман!
Эътиборхон ая Отабекни адирдан топди. Уйдаги гуручдан уч-тўрт кило халтага солди, ёпган иссиқ нонларидан тўрттасини чорсига тугди. Отабек Тошкентдан кўтариб келган эски жамадонга китобларни ва кийим-кечакларни солиб, тонг саҳарда дуои фотиҳа қилиб йўлга кузатиб қўйди. Ёқубжон ота эса, бу воқеалардан гўё бехабардек, ўз иши билан машғул бўлди. Отабек Тошкент томон йўл олди. Университетга ҳужжатларини топширгач, Эркин аканинг уйига борди. Улар меҳнат таътили олиб, Наманганга дам олгани кетаётган эканлар. Эркин Ҳайитбоев жуда самимий ва олийжаноб киши эди. У Отабекдаги қишлоқ болаларига хос тиришқоқлик ва интилишни сезган бўлиб, унга ўз уйидан жой ажратиб берди. Эркин ака ўша даврларда Тошкент давлат университетида проректор бўлиб ишлаган. Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси маданият ишлари вазири, Ўзбекистон телерадиокомпанияси раиси лавозимларида ҳам ишлади.Эркин аканинг қизи Гулбаҳор ўша пайтда 5 ёшларда эди. Кейинчалик Россиянинг таниқли шоираси бўлиб етишди. Атоқли ёзувчи ва шоир, Нобель мукофоти совриндори академик Иван Аликсеевич Бунин номидаги мукофот совриндори бўлди.
Отабек имтиҳонларни топширгач, балл йиға олмади. Шунда Эркин Ҳайитбоевнинг тавсияси билан журналистика факультети декани, тарих фанлари доктори, профессор Тўғон Эрназаровга бориб учради.
– Энди ука, сиз ўн беш балл йиғибсиз, – деди Тўғон Эрназаров, – агар хоҳласангиз кечкига қабул қиламиз, шарти, сиз албатта “Главташкентстрой”да ишлашингизга тўғри келади. Сизга қурилишга йўлланма берамиз.
Отабек мамнуният билан бу таклифни қабул қилди. У қурилишда ишчи бўлиб ишга кирди. Унга яшаш учун ётоқхона ажратилди. Қурилишда иш оғир бўлгани билан тузуккина маош ҳам тўланар экан. Шу тариқа қишки сессия бошланди. Отабек барча имтиҳонларни аъло баҳога топширди. Янги йил арафасида Ёқубжон ота мактаб директори Алижон Хўжамовни топиб, иккаласи биргалашиб Отабекни қидириб келишди. Улар тўғри университетга бориб. Отабек ўқиётган биринчи курсни топишди. Унинг ўқиётганлигидан ота ниҳоятда мамнун бўлиб кетди. Ахир, Ёқубжон отанинг болалиги уруш йилларига тўғри келмаганида, у ҳам мана шундай олий ўқув юртларида ўқиган бўлар эди. Маҳаллада бирорта ҳам одам олий маълумотли эмас. Ҳа, энди унинг ўғли маълумот олади, орзу қилганидек, журналист бўлади. Ёқубжон ота унинг ўқишга ўз кучи билан кира олишига ишонмаган эди. Пора эвазига институтга ўз фарзандларини жойлаган одамлар ҳақида кўп эшитган. Аммо Ёқубжон отада ундай имкониятнинг йўқ. Яхшиям, емоқ-ичмоқ ўз томорқаларидан чиқади. Агар кузга бориб, томорқага етиштирилган шоли, буғдойдан, ёзи билан ўриб йиғиштирилган пичандан бир оз маблағ тушмаса, пахта терими пайтида бутун оила аъзолари билан қилишган сайр ҳаракат эвазига қўллари пул кўради. Қизлар вояга етишяпти, уларнинг ҳам ғамини қилиш лозим. Отабек қурилишга ишга жойлашиб олганлиги айни муддао бўлибди, унинг ишлагани ўз харажатларига етиб туради.
– Майли ўғлим, ўзинг буёғини эплабсан, қолганини Тошкентга юбормаганлигимнинг асосий сабабини ҳам ўзинг яхши биласан. Укаларинг бор, қийналмагин деган эдим. Бирда-иккида ёрдам беролмай қолишим мумкин. Яхши қурилишга ишга кирибсан, ётоғинг ҳам яхши экан.
– Раҳмат отажон, – деди Отабек, – тушунганингиздан хурсандман. Ўзимни ўзим эплайман.
– Энди ўғлим, ёмон ишлардан, ҳар хил балолардан узоқроқда бўл, ҳар қалай адашиб қолишдан худонинг ўзи асрасин, – деди Ёқубжон ота, – қорнинг тўйиб, оч қолмасанг бўлди. Ортиқча орзу ҳавасни қувлама, ўқишни битирсанг, секин-аста ҳаммаси бўлади.
– Хўп, – деди Отабек, – ҳаммаси сиз айтганингиздек бўлади.
– Маҳалламиздан Исмоил исмли бола бундан бир неча йил аввал ўқишга келган эди, – деб сўз бошлади, Ёқубжон ота, – унинг ота-оналари ўғлим ўқияпти деб ишониб юришаверибди. У ҳеч қаерда ўқимаган экан, қиморвозларга қўшилиб, қўли келиб дастлабига бойиб кетибди. Тошкентдан ҳовли сотиб олишибди, кейин уйланибди. Секин-аста омади кетиб, қарзга ботиб қолибди, уй жойидан, хотинидан ҳам ажралибди. Маҳаллага бориб, бир ненча болалар билан қимор ўйнабди. Уларни ғирромлик билан, ҳаммаёғини ютиб олибди. Исмоилнинг ғирромлигини билиб қолишгач, уни роса дўппослашибди. Қайси гўрдандир у наган топиб келиб, маҳалламиздаги уч одамни отиб ўлдириб, қочиб кетибди. Унинг ота-онасини, болаларини маҳалладан қувғин қилишди. Бир катта хонадон шу тариқа йўқ бўлиб кетди. Шу боисми, кўпчилик палончи Тошкентга кетибди, ёки ўқияпти экан, деса яна бир каззоб пайдо бўлмасин деб, хавотир оладиган бўлиб қолишган. Сен Тошкентга қочиб кетганингда, одамлар ўғлингиз топилдими? Ундан хабар борми, деб сўрайверишиб чарчатишди, шу боис Алижон аканг билан бирга сени қидириб келдим. Сен туфайли Тошкентни ҳам кўрдим. Ошнанг Орифжон ҳам яхши йигит экан, у қаерлик?
– Ориф Фармоновми? У Фарғонанинг Каримдевона қишлоғидан, – деди Отабек. – Э унинг китоблари чиқаяпти? Ҳажвчи ёзувчи бўлиш нияти бор. У ўқишни битириб, Тошкентда яшашни ўйлайди.
– Ўғлим, расмхона борми, бир иккимиз расмга тушиб қўярдик, – деди Отабекнинг отаси.
– Ўзим оламан!
– Йўқ, сеники бўлмайди. Мен ҳам ният қилдим. Иккаламиз бир расмга тушайлик, – деди Ёқубжон ота, – кўп йилларга эсдалик бўлиб қолсин.
– Яхши, Инқилоб хиёбони ёнидаги суратхона яхши, ўша ерда тушамиз, – деди Отабек. – Онангга олиб бориб уни кўрсатмасам, кўнгли ўрнига тушмайди.
– Унда портрет қилиб олдирамиз, – деди Отабек.
Ота-бола суратга тушдилар. Тошкентнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилишди. Кечки пайт Ёқубжон отанинг ҳамроҳи Алижон Хўжамов ҳам ишларини битказиб келди. Отабек уларни кузатиш учун Тошкент вокзалига чиқди. Поезд келгунга қадар ота-бола суҳбатлашиб ўтирдилар. Ёқубжон ота сўзларди:
– Менинг Жўрак қишлоғида Саминжон исмли тоғам бўлар эдилар. Худо раҳмат қилсин, улар ўтиб кетишган. Улар бутун оила аъзолари билан бўз тўқир эдилар, келин бувимлар ҳам ип йигирар, бўз тўқишда у кишига тенг келадигани йўқ эди. Мен ҳам болалигимда бўз тўқишни улардан ўрганганман. Қиш фасли ичи улар бўз тўқишар, баҳорга чиққач, бўз сотишдан топган маблағларини Саминжон тоғамларга берар экан.Тоғамиз “Тошкентга ишлагани”, пул топгани кетар эканлар. Ёзи билан Тошкентдаги чойхоналардан бирига жойлашиб, чойкашлик қиларканлар. Ўзлари ҳам ана шу чойхонада яшарканлар. Совуқ тушгач, уйга қайтар эканлар. Келинбувим йиққан пулларни сарифлаб, уйга қуруқ қайтиб келар эканлар. Ҳар йили шу аҳвол такрорланар экан. Пул-мул ишлаб келмадингизми, отаси деб сўрасалар, “Э хотин, нимасини айтасан, бу йил Тошкентда қурғоқчилик бўлиб, экин-тикин битмади. Ишлаганимиз билан, фойдаси бўлмади. Келгувси баҳорда албатта, пул ишлаб келарман”, деб жавоб берар эканлар. Ишқилиб, Тошкентда қурғоқчилик бўлмасинда, деб, барча қариндош-уруғлар уни калака қилишар экан. Унинг тенги-тушлари Олтиариқ атрофларида касаначилик қилишар, деҳқончиликдан ҳам озми-кўпми, даромад олишар экан. Ишқилиб, ўғлим, омадингни берсин, Тошкентда “қурғоқчилик” бўлмасин.
– Ота кўнглингиз тўқ бўлсин, – деди Отабек, отаси сўзлаб берган ҳикоя мағзини чақаркан, – ҳаракат қиламан. Ўқишни битириб олсам, қурғоқчилик бўлмас!
Отабек фотосуратларни томоша қилар экан, уларнинг ҳар бири энг аввало унинг тақдири билан қолаверса, яқинлар тақдири билан чамбарчас боғлиқлигини ҳис этар, гўёки бўлиб ўтган воқеалар унинг кўз ўнгида гавдаланар эди. Мана бу суратлар Ферузабону билан ЗАГС дан ўтганлигидан эсдалик сифатида ўша онларни ёдга солиб турибди. Тошкентда, Ферузабонунинг уйида ўтказилган тўй маросими, маҳалла оқсоқоли Шожалил ота ёшларни қутламоқда. Бу эса Ўткир Фозиловичнинг уйидаги икки ёшга ажратиб берилган хона. Ёш рўзғорнинг буюмлари, уй жиҳозлари кўзга ташланиб турибди. Тўй бўлиб ўтгандан кейин улар Ферузабонунинг ота-онаси ажратиб берган мўъжазгина хонада яшашди. Бир йил ўтгандан сўнг, улар фарзандлик бўлишди. Қизалоқлари икки ёшга киргунга қадар, Ферузабону ижара уйда яшамайман, деб туриб олди. Отабек қайнотасининг уйида ичкуёв бўлиб яшашга мажбур бўлди. Бекорга турмуш деб номламайдилар. Унинг ўзига хос талаблари бор. Қайниси Шуҳрат билан бўлар-бўлмасга тортишар, унинг кўнглига фақат Ферузабону қарар эди. Уй-жойи тайин бўлмаган одамга қизларини бериб қўйган қариндош-уруғларнинг гаплари кўпайгандан кўпайди. Отабекнинг иши асосан кечқурун бўларди. Ишдан телевизион кўрсатувлар тугагач, қайтарди. Эртага ҳайит деган куни, арафа куни ишдан ярим тунда уйга келди. Ўша куни аксига олиб, кўрсатувларни йиғиш режалаштирилган бўлиб, ажратилган вақтда бу тадбир бажарилмаса, кўрсатув намойиш қилинмай қолиши мумкин. Ундай ҳолда қаттиқ жазоланиши, ҳатто ишдан бўшатиб юборишлари ҳам аниқ. Ўз хонасига кирди. Бешикда қизалоғи Дилнозабону мазза қилиб ухлаётган экан. Ферузабону буйрак хуружи билан оғриб қолган, ҳарорати баланд, инграб ётарди.
– Келдингизми, – деб бошини кўтарди Ферузабону, – бугун ҳам кеч қолибсиз. Арафалик қилдик, сизга косада ош олиб қўйдик.
– Сизга нима бўлди? – сўради Отабек.
– Буйрагим оғриб қолди, – деди Ферузабону. – Сиздан илтимос, мени ижарага уй олиб бўлса ҳам, бу ердан олиб чиқиб кетинг.
– Нима бўлди? – сўради Отабек, – яна сингилларингиз билан уришиб қолдингизми?
– Бу сафар ёмон бўлди, – деди Ферузабону, – мен ёлғиз қолдим. Уйдагиларнинг ҳаммаси, бири қўйиб бири сизни ёмонлашди. “Унинг эрига Ферузанинг кўзи билан қаранглар лейишиб, роса талашди. Эртагаёқ ижарага уй топинг. Холамнинг қизининг, Мавлуда опанинг иккинчи уйи бўш экан, мен гаплашдим. Хонадоннинг газ, сув ва уй ҳаққини тўласак бўлди экан, чиқиб кетамиз.
– Яхши, – деди Отабек, қўлини Ферузабонунинг бошига текизиб. – Ху-хў... Ҳароратингиз баланд, қаттиқ шамоллаган кўринасиз.
– Билмасам, – деди Ферузабону, – онам Дилнозани бешикка белаётган эдилар. Бола ухлаяптими?
– Феруза, тузукмисан, – ташқаридан Раънохон ойининг овози келди. Отабек сергакланиб, хона эшиги ёнига чопиб борди. – Келдингизми, Отабек! Бунча кеч! Бу қанақа ишхона экан, кечаси билан ишласа, одамлар вақтида ишлайди, вақтида уйига келади. Эртага ҳайит бўлса, ҳеч бўлмаса арафа деган нарсаларни билиш керак!
Отабек ҳовлига чиқди. Ҳовлидаги ҳовуз олдига, сўри қўйилган бўлиб, у ерда Ферузабонунинг отаси Ўткир Фозилович, акаси Шуҳрат ва синглиси Мунира ўтирар эдилар.
– Ассалому алайкум, – Отабек салом бериб, бориб, сўрининг четига ўтирди.
– Ваалейкум ассалом, – деди Ўткир Фозилович, – бугун ҳам иш бўлдими? Сизларда иш вақти қандай ташкил этилган. Ахир, улуғ айём кунларига сўраб, қайтиб келсангиз ҳам бўлар эди, биз сизни кутдик.
– Буни рўзғор деб қўйибди, – деб жаҳл аралаш сўз бошлади. Раънохон ойи, – Буёқда Феруза бетоб бўлиб, ишдан қайтиб келибди, Дилнозага қарайдиган одам йўқ, мен ҳам эрталабдан кечгача мактабда бўлсам. Яхшиям Муниранинг ўқиши эртароқ тугабди. Бу қандай ишхона экан, ярим тунгача иш тугамаса.
– Индинга кўрсатувим эфирга чиқиши керак, – деди Отабек, – газетада вақти белгиланган, кўрсатув монтажи учун вақт ҳам олдиндан режалаштирилади. Бир ижодий гуруҳ ўз вақтини бошқага бермайди. Ўзига ажратилган вақтда техникадан фойдаланиб улгуриш керак.
– Маошингизнинг ҳам тайини йўқ экан, мана Шуҳрат Авиация бирлашмасида уста, мастер бўлиб ишлайди, – деди Ўткир Фозилович, – қанча маош оласан?
– Мен уч юз олтмиш сўм маош оламан, – деди Шуҳрат, – оддий ишчиларимиз мендан ҳам кўп оладилар.
– Бу уй масаласи нима бўляпти, – сўради қайнотаси. Навбатингиз келай демадими? Раҳбарларингиз ҳам қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдириб кетган экан. Энди оилалик бўлганингиздан кейин, у ҳақда ғамхўрлик қилиш ҳам бурчингиз. Гап шундай, – деб Ўткир Фозилович сўзини давом эттирди, – Заводга ишга ўтасиз, мен ўзим гаплашиб бераман. Бунақа билан бўлмайди.
– Лекин касбим нима бўлади?
– Касбингизни уй-жой қилганингиздан кейин давом эттирасиз, – деди Раънохон ойи. – Отангиз ҳам Тошкентда ўғлим бор эди, деб ўйлайдими?
– Ойи, худо хоҳласа, ишларим яхши бўлиб кетади. Мана шу маҳалладан сизларнинг уйингиздан ҳам каттароқ ҳовли оламан, – деди Отабек, – пулим бўлади, албатта. Уларни одамларга вертолётда сочаман.
– Жинни бўпсиз, – деди қайнонаси, – шу ҳам гап бўлди-ю. – Энди ҳаракат қилинг, оилангизни уй билан таъминланг!
– Ҳозирча кучим етмай турибди, ҳаракат қиламан, – деди Отабек ҳижолат бўлиб. – Биз Ферузахон билан келишиб қўйдик, энди ижарага уй олиб ўша ерда яшаймиз.
– Очдан ўласизлар, – деди қайнонаси. – Болага ким қарайди? Феруза бу ёққа чиқ, эринг нима деяпти?!
– Майли кетса, кетишаверсин. Иссиқ-совуқни фарқига борадиган бўлишади, – деди Ўткир Фозилович, – лекин болани бермаймиз, ўзимиз қараймиз.
– Бу жиннича ишхонада ишлаб, ҳеч кимнинг бири икки бўлмайди, – деди Шуҳрат, – Сизнинг ҳақингизда Тоҳир Дўстмуҳамедов тўғри айтган экан. Фозил дадамлар Убай Бурҳоновнинг ёнига бориб, яхшироқ иш бер, деб илтимос қилибди. Собитхон аканинг айтишига қараганда бу боладан иш чиқмайди, дейишибди. Кўрсатувларингиз ҳам ўртача, ўртачадан паст. Ана Москва телевидениесини кўринг, Александр Бовин, зўр олиб боради-да!
– Энди Ўзбекистонда ундай мутахассислар кам, унинг учун билим керак, – деди Ўткир Фозилович.
– Энди Отабек акада, билим етарли эмас, қишлоқ мактабида яхши ўқитишмаган, – деди Шуҳрат, – агар рус мактабида ўқиганида, балки бирор нарса умид қилса бўлар эди. Ҳали ҳам кеч эмас, менда бир ишчи ўрни бўш, уч юз-тўрт юз оласиз.
– Мен, заводда ишлайман деб журналистикани тамомлаганим йўқ, – деди Отабек эътироз билдириб, – мен Тошкентга катта ниятлар билан келганман.
– Э, ниятингиздан ўргилдим, отангизга айтинг, ниятингиз бўлса, уй олиб берсин, – деди Шуҳрат қўлини шоп қилиб.
– Сен аралашма, – деди Ўткир Фозилович, – билганларини қилишсин. Бўлар иш бўлди энди!
Отабек билан Ферузабону Тошкентнинг Чилонзор мавзесида турувчи холаси Мавлуда опанинг яқиндагина ишхонадан навбатда туриб олган уйларига кўчиб ўтишди. Ферузабону 1-клиник касалхона қошидаги болалар туғруқхонасига ҳамшира бўлиб ишга жойлашди. Отабек эса, қўшимча тарзда болалар боғчасига қоровул ва фаррош бўлиб ишга кирди. У уй сотиб олиш учун маблағ йиғишга киришди. Кундуз кунлари телевидениенинг кино кўрсатувлар муҳарририятида фаолият кўрсатиб, таржимон тариқасида юзлаб ҳужжатли фильмларни рус тилидан ўзбек тилига ўгирди. Турли мавзуларда Совет Иттифоқининг Марказий киностудияларида, иттифоқдош республикалар илмий оммабоп ҳужжатли фильмлар студияларида, ҳамда телефильм студияларида ишлаб чиқарилган кино маҳсулотлари ўзининг бадиий ва публицистик жиҳатлари билан ажралиб турарди. Кечалари болалар боғчасининг қоровулхонасида “Москва” русумли Отабекнинг ёзув машинкаси чиқиллар, тинимсиз ижодий иш билан машғул бўларди. Бунинг натижасида у икки нарсага эришди, биринчидан, қалам ҳаққи учун анчагина маблағлар ишлаш имконини топди, иккинчидан, таржимон сифатида унинг қалами чархланди. Учинчидан эса, ҳеч ким ўйламаган бир натижа юз берди-ки, ҳужжатли фильмлар услубини ўрганиш, унинг тили ва шаклларини, айниқса мавзулари Отабекнинг ҳақиқий журналист сифатида маҳоратини оширишга, мавзулар танлашга, тасвирлар ва товушлардан унумли фойдаланишга ўргатди. Айниқса, ўтган асрнинг саксонинчи йилларида ишланган ҳужжатли фильмлар ижодий жиҳатдан ҳам, техникавий жиҳатдан ҳам кино санъати ва саноати энг юқори чўққига чиққан бир пайтда яратилаётган эди. Аниқроғи кинолента, тасмаларга олинишининг юқори чўққисига етишган,кинофильмларни картина деб аталганлигининг боиси ҳам шунда эди. Видео техниканинг пайдо бўлиши, кинофильмларнинг видеокамера орқали суратга олиниши, бутунлай бошқа бир йўналишни бошлаб берди. Аммо, киносаноатидаги энг ноёб асарлар бугунги кунда ҳам киноплёнкага олинаётганлиги Америка ва Ҳиндистон киностудияси тажрибасидан маълум. Унинг ижодига мансуб бўлган “Биринчи қаҳрамон”, “Разведкачи” номлари билан “Ўзбектелефильм” студиясида суратга олинган фильмлар, ҳамда кейинги йилларда Ўзбекистон телевидениесида яратилган “Ҳаёт ташвишлари ва қувончлари” кўрсатуви бадиий публицистик кино-тележанрнинг дунёга келишига асос бўлди.
Отабек йил давомида анчагина маблағни ишлаб топишга эришди. Бир оз ҳамкасб дўсти, телевидениеда ҳайвонот олами мавзусининг энг яхши шарҳловчиси Зафар Йўлдошевич Эгамбердиевнинг ёрдами билан кўзланган мақсад – ўз оиласи учун уй сотиб олиш арафасига етиб келди. Қайнотаси Ўткир Фозилович ҳам ўз ҳиссасини қўшди.
– Энди, отангизга, Ёқубжон акага, айтинг, – деди қайнотаси, – бекитиб қўйган пулларини чиқарсинлар, уй олиб, оилангиз билан одамдек яшанглар. Шуҳрат билан ишлайдиган бир рус чилангар бор. У Лабзакдаги яримта ҳовлисини етти минг бир юз сўмга сотиш ниятида. Ўзингиз қанча топдингиз?
– Ада, мен беш минг сўмдан ортиқроқ маблағ йиғдим, – деди Отабек.
– Яхши, мана, мана бу минг сўм, бизнинг қўшганимиз, отангиз ҳам шунча ёрдам берсалар, вассалом уйлик бўлиб оласизлар, – деди қайнотаси.
Отабек Ферузабону ва Ўткир Фозилович билан биргаликда бориб, ўша яримта ҳовлини кўрди. Уйнинг эгасидан нархини сал арзонлаштириб беришни илтимос қилишди. Менинг бошқа харидорларим ҳам бор, деб у кўнмади. Бу уй етти минг бир юз эмас, ундан ҳам қимматроқ туришини, аммо мерос қолдирилган аёл Россиянинг Калуга шаҳрида яшаши, қўлидаги бир олти мингни ҳозир бериб, кўчиб келиб яшашлиги мумкинлигини айтди. Бировларнинг уйида ижарага яшашнинг қанчалар оғирлигини бошидан ўтказаётган Отабек ҳам, Ферузабонунинг отаси ҳам бу келишувга рози бўлишди. Улар янги уйга кўчиб келишиб, бир оз таъмирлаш ишларини бошлаб юборишди. Бир он ўтар-ўтмас, уй эгаси қолган бир минг бир юз сўм ҳаққини талаб қилиб, кун ора кела бошлади. Отабек ёру дўстларидан бу маблағни қарзга олиш ниятида кўп ҳаракат қилди, аммо унинг имкони топилмагач, қишлоққа отаси Ёқубжон отанинг ҳузурига боришга тўғри келди.
Отабек Андижон яқинидаги “Ёв кессак” қишлоғига жазирама ёзнинг нақд пешин пайтида етиб келди. Ҳарорат қирқ даражадан баланд. Қишлоқ кўчаларида бирорта қимирлаган жон кўринмайди. Адир томондан келаётган қайноқ шамол унинг юзига урилар эди. Қишлоқ кўчаларидаги чанг-тўзонни осмону замингача кўтарар, уй-жой, чорбоғлар деворига урилиб, кўздан йўқолар эди. Жимжитликдан адирлардаги ҳашаротларни, ёки илону бошқа судралиб юрувчиларнинг чириллаган товуши қулоққа чалинар, гўё ҳамма қишлоқни ташлаб кўчиб кетганга ўхшарди. Бу йил баҳорда ёғингарчилик кўп бўлгани учун барча ҳовлиларни ўраб турган пахса деворлар нураб кетган, одамлар дала ишлари билан машғул бўлганликлари боис, уларни қайтадан суваш ва таъмирлашга вақт топмаганликлари сезилиб турарди. Отабек ўз уйига яқинлашган сари “Қорағунон” дарёсининг шовуллаши қулоққа чалина бошлади. Бу ерда шаҳардаги каби хонадонлар дарвоза ҳам қурмайди, у бўлса ҳам номига, аммо икки табақаси ланг очиб қўйилган ҳолда қолаверади. Ҳовлига кирди, “она, она” деб овоз чиқарди. Ҳеч ким йўқ. Ишкомларда чилги узум ғарқ пишган, ҳусайни узумларга сув югурган экан. Чилгининг энг яхши узум бошларига қоғоз кийдирилган. Онаси бу Отабекнинг ҳаққи деб, улар пишиб ўтиб кетса ҳам, чумчуқ ва чуғурчуқлардан сақлаб қўядиган одати бор. Отабек ҳовлини айланиб юрар экан, дарё қирғоғига яқинлашган сари, анорларнинг ҳосили кам, япроқлари анча сарғайиб кетганлигига кўзи тушди. Ҳовлидаги олма, анор ва гилослар негадир касалланиб қуриб қолган эди. Олдинлари дарё қирғоғидаги меваларни сув ариқлардан келмай, танқис бўлганида челаклар билан суғорар эдилар. Аммо дарёга яқинлашган сари ер ботқоқ, қандайдир захоб сувлар тепадан пастга ер бағридан сизиб оқаётганига кўзи тушди. Во ажабо, пастдаги, дарё бўйидаги уйларининг тагидан зах уриб, йиқилиб кетибди. Молхоналар ҳам босиб қолиш арафасида. Бунинг сабаби, нима экан. Балки бу ердан олтмиш чақирим олисда жойлашган Андижон сув омборининг таъсири шу ерларгача келдимикан, деган хаёлга ҳам борди. Бундан ўн йиллар муқаддам Андижон туманининг “Коммунизм тонги” газетасида ишлаётган пайтида “Ёмон адир ўзлаштирилмоқда” деб номланган мақола ёзган эди. Энди асрлар давомила қақраб ётган “Олтин омоч” қирларида боғу роғлар, ширин-шакар мевалар етиштирилади. Жаннат боғларида ҳақиқий олтин омоч ўз саховатини кўрсатади, деб ёзгани эсида. Қудратли насослар дарё сувларини юз метр баландликка чиқариб беради. Боғларимиз шарбатга тўлади. Отабек ана шу хаёллар оғушида дарё бўйига тушди. Уларнинг ҳовлиси жазирама иссиқ бўлишига қарамай, сўлим ва салқин бўлади. Дарёнинг оромбахш нафасидан танангиз яйрайди. Аммо унинг болалиги чоғларида ёз ичи “Қорағунон” остидаги қора тошлар, сувнинг ўта тиниқлигидан кўзга ташланиб турарди. Насослар сувни адирга чиқариб берарди, қирларда боғу роғлар эмас, пахта майдонлари ташкил этилиб, ҳосил бўлса-ю, бўлмаса ҳам деҳқонлар бир қарич бўйли, битта ёки иккита чаноғи бўлган оқ олтинга нажот кўзи билан термулардилар. Адирдаги суғорилган пайкаллар пайноби, яна қайтиб шу асов дарёга оқизилади. У беминнат хизматкор сифатида одамларнинг билиб-билмай қилган айбларини ёпиб, оқизиб кетаверади. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра “Ёмон адир” ўн-ўн беш метрга пастлаган экан. Миллионлаб тонна адирнинг шўр тупроғи, бутун бир водий “пахта майдонларини” ишдан чиқара бошлади. “Ёмон адир”нинг жанубий қисмида Отчопар деган қишлоқ бор. Номи отчопар бўлгани билан қир ёнбағрида жойлашган бу қишлоқнинг “Қорағунон”дек дарёси йўқ. Шу боис, адирдан оқиб тушаётган ҳамда ер бағридаги ғовак қирларга сингаётган пайноб–“Отчопар” боғларини хароб қилди. Бу ҳақда Отабекнинг “Отчопарда олма гуллади” деб номланган репортажи берилгач, бу мухбирнинг ўзи Андижонлик бўлса-ю, Андижонни танқид қилгани қилган, бир отаси билан гаплашиб қўйинглар, деб маҳаллий амалдорлар Ёқубжон отанинг дилини вайрон қилишган эди. Бу ҳақда Ёқубжон ота ўғли Отабекка ҳеч нарса демаган эди. Адирларга пахта экиш оқибатида минглаб гектар янги ерлар ўзлаштирилди, аммо йиллар давомида эллик-олтмиш гектар пахта етиштириладиган майдонлар шўрланди. Фойдадан кўра зарар кўпроқ бўлди. Одамлар меҳнатига яраша ҳосил кўтариб, даромад олиш ўрнига, қашшоқ бўлдилар. Унинг устига ўзларининг умр қўри, ризқ-рўзи бўлган зилол сувларидан, аниқроғи соғлиқларидан ажралишди. Даромад бўлмагач, қишлоқда сув ва бошқа маиший шароитлар ҳақида гапиришга ҳожат йўқ. Ёшлар шаҳарларга кетиб, ўша ерларда яшаб қолишни орзу қиладиган кунлар келди. Бутун бир Совет иттифоқида шундай муаммолар юзага келди, Россия, Украина ва бошқа республикаларда қишлоқлар бўшаб ҳувиллаб қолди. Аҳоли зичлиги жиҳатдан дунёда етакчи ўринда турувчи Андижон вилоятида бир қарич ернинг қиммати олтин баҳосига айланди. Чунки Хутор тузилишини тугатиш ҳақидаги қарордан кейин, қишлоқ аҳолисининг кун кўриш манбаи бўлган томорқалар тортиб олинди. Қишлоқ аҳолиси яна ҳам қашшоқлашиб борди. Яшаш шароитлари ёмонлашди. Одамларнинг даромади пахта даласидан, деҳқончиликдан бўлиб қолди. Қимирлаган жон борки, далага чиқади. Кетмон чопади, пахтазорларга ишлов беради. Шу тариқа бола чақа боқадилар. Отабек ҳовлидан кўчага чиқди. “Ёвкессак” қишлоғи “Ёмон адир” қирлари этагига жойлашган бўлиб, чеккасининг шимолий қисми “Қорағунон” дарёси билан чегараланади. Дарёга қурилган кўприк пахтазор далалар билан қишлоқни боғлаб туради. Ёқубжон ака, яъни Отабекларнинг уйи худди шу кўприк ёнида бўлгани учун ўтган-кетганларни шу ерда учратиш мумкин. Кўприкдан тепага қараб, елкасига бир ғарам ўтин кўтариб олган бир киши тепага қишлоққа қараб кўтарилиб, чиқиб келарди. Отабек, саломлашгач, у одамни дарров таниди. Бу Турғунбой ака эди. Унинг ёши олтмишлардан ошган бўлса ҳам, ҳали бақувват, қуёшдан юзлари қорайиб кетган, ҳар бир қўли белкуракдек келар эди. Унинг болаларга хос фазилатлари бўлиб, катта-кичик, ҳурмат қилар, у билан бемалол суҳбатлашар эди. У кўпроқ ҳазил қилиш одати бўлганлиги учун ҳам унга “Турғунбой ғижжак” деб лақаб қўйишган эди. Гарчи болалар ҳам унинг лақаби билан мурожаат қилишса, уни ҳам самимий қабул қилар эди. Унинг битта-ю битта ўғли бўлиб, у ҳам Тошкентга кетиб қолган эди.
– Ассалому алайкум, Турғунбой тоға, – деб Отабек у билан саломлашди. У елкасидаги бир ғарам хўл ўтни ерга қўйди.
– Ваалайкум ассалом, э бормисан, Оташ, қачон келдинг! Ўғлим Анваржон сен билан келмадими?
– Йўқ, у ишда бўлса керак, – деди Отабек, – ўтган куни кўришган эдик.
– Ўзи яхшими, – деди Турғунбой тоға, – анчадан бери келгани йўқ. Онаси Подшохон аянг, жуда соғиниб кетди. Кўрсанг, тайинлаб қўй, бир келиб кетсин.
– Хўп, айтаман, – деди Отабек. – Бир ғарам ўт кўтариб олибсиз.
– Э, одамлар тушликка чиқишди, – деди Турғунбой тоға. – Сигирим болалади, подага қўшмадим. Шунга ўт олиб кетаяпман.
– Нега кўчада одамлар кўринмайди, – сўради Отабек, – ҳеч ким йўқ!
– Бугун комиссия келган, ҳамма далада, – деди Турғунбой тоға. – Эрталаб кун чиқмасданоқ, Ёқуб “гермон” билан табелчи Абдулатиф уйма-уй юриб, ҳаммани далага ҳайдашди. Ғўзани ҳам ўт босиб кетди. Молларга яхши бўлди-ю, одамларга азоб, комиссиядан “Гермон” ҳам қўрқиб кетди. Жаҳлининг авжи баланд!!! Мен ҳам тез орқамга қайтишим керак. Бўлмаса “Гажжак, гажжак” деб, гажжагимни чиқариб қўяди, хе, “Гермоннинг боласи” Анварга салом деб айтгин, кўрсанг.
– Улар қайси пайкалда, – сўради Отабек.
– Кўпчилик тегирмоннинг ёнида, тезроқ бор, тушлик тугаса, пайкалларга тарқаб кетишади, қидириб юрасан, ҳа, Гермоннинг боласи.
– Ҳа, Гажжак! Омон бўлинг!
Отабек икки томонида жуфт қатор бўлган дала йўли бўйлаб, тегирмон томонга юриб кетди. “Гермоннинг боласи” деб, Ёқубжон отанинг ёру биродарлари Отабекни болалигида эркалатиб чақиришар эди. Ёқубжон ота “Гермон” лақабини олишининг ҳам ўзига яраша тарихи бор. У ёшлигиданоқ турли катта-кичик лавозимларда ишлаган. Уни комсомол ёшлар пахтачилик бригадири этиб тайинлаганларида Қорағунон ва Қорадарё ўрталигидаги тўқайзорлар ўзлаштирилиб бўлинган, унумдор ерларда яхши ҳосил етиштирилаётган пайт эди. Ҳар йили Қорадарёнинг суви кўпайиб, тошиб кетарди. Анчагина пахтазорлар ва экин майдонларини дарё ювиб кетиши оқибатида, колхозлар анча зарар кўрар эдилар. Унинг бригадаси жойлашган майдоннинг “Қора дарё” томонида улкан сепоя қурилди. Сепоянинг орқа томонидан то Ёқубжон ота даласигача ўн-ўн беш гектар атрофида режага киритилмаган тошлоқ майдон экин экишга яроқсиз бўлгани учун қақраб ётган эди. Андижон вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби Ашур Ҳайдаров далаларни айланиб юриб, шу тошлоқ жойга кўзи тушади.
– Комсомол, исминг ким эди, ҳа, Ёқубжон, – деб сўз бошлайди обком секретари, – нега бу ер бўш? Ўтган йили сепоя ташлангандан сўнг дарёнинг эски ўзанидан шунча ер пайдо бўлдими?
– Ҳа, – деди Ёқубжон.
Ашур Ҳайдаров унга қараб: – Энди бу сенинг еринг, менинг ерим. Уни бригадангга қўшиб ол, бу йилнинг ўзида пахта эк!
– Обком ака, – деди Ёқубжон эътироз билдириб, – ҳали бу ерга пахта экиб бўлмайди. Ғумай босиб кетади. Бир неча йил қора экин қилиш керак!
– Мен сендан нима қилиш керак, деб маслаҳат сўраётганим йўқ, – деди обком секретари, – пахта эк, деяпман!
– Хўп, пахта экамиз, аммо ўзингиз айтганингиздек иккаламизнинг еримиз, оталиққа оласиз.
– Бу бошқа гап. Бу менинг ерим, – деди Ашур Ҳайдаров, – раис эшитдингми, комсомолга ҳар томонлама ёрдам берасан.
– Хўп бўлади, – деди Раис ва Ёқубжонга ўз ишингга кетавер, деб имлади.
Ёқубжон ота обком секретарининг айтганини бажарди. Қишлоқнинг барча аҳолисини сафарбар қилиб бўлса ҳам, маҳаллий ўғит ҳисобланмиш гўнг чиқаришди. Эски тупроқларни замбилда, араваларда ташидилар. Бир амаллаб чигит экишиб ундириб олишди. Аммо бу майдонга экилган пахта кўчатларини парвариш қилишда катта муаммоларга дуч келишди. Қум ва тош, шағаллардан иборат майдонларга экилган чигит тез униб чиққани билан ғумайлардан иборат ёввойи ўтларни культивация билан ҳам юмшатишнинг иложи йўқ, кетмон чопиш натижасида улар ғовлаб кетди. Ёзи билан қилинган ҳаракатлар фойда бермади. Вилоят миқёсида махсус комиссия бўлиб, улар пайкалларга берилаётган парвариш натижаларини тафтиш қилар, маслаҳатлар берарди. Ҳатто баъзи ҳолларда ундай бригадирлар ва раҳбарлар устидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ишлари олиб борилар эди. Хакан қишлоғида ғўзага ишлов бериш юзасидан Андижон область қишлоқ хўжалик ходимларининг йиғилиши бўлиб ўтади. Аввал илғор хўжаликларнинг раҳбарлари ва мутахассислари сўзладилар. Сўнгра қолоқларни минбарнинг ўзида савалай бошлашди.
– Пахтанинг қанчалар муҳим сиёсат эканлигини унутиб қўйган одамларимиз ҳам бор. Ҳатто маккажўхори етиштиришда катта натижаларга эришаётган Савай совхози бригадири, Социалистик меҳнат қаҳрамони Найни Маматқодировдан ибрат олсангиз бўлмайдими, ҳатто маккажўхори пайкаллари ичида бир туп ҳам ёввойи ўт йўқ, – деди вилоят комиссияси раҳбари. Ёввойи ўтлар тарқаб кетмаслиги учун ишни баҳордан эмас, куздан, ҳатто қиш ойларидан бошлаш керак. Йўл бўйларидаги, тутқаторлар остидаги хашак, ғумай, ажриқларни кимёвий йўл билан йўқ қилмас эканмиз, яхши натижага эришиб бўлмайди. Кимёвий йўл билан куйдириб ташлаш керак. Баъзи калтабин одамлар мол, чорвани, аҳоли чорвасини қандай боқамиз, деб масалага ечим ўрнига ғов қўймоқчи бўладилар. Бизнинг халқимиз зиммасига пахта етиштиришдек, интернационал вазифа қўйилган, ким уни англамас экан, жамиятимиз душманидир.
Бизга чорвачилик маҳсулотларини мана қўшнимиз Қирғизистон етказиб беради. Бундай доно сиёсатни тушунмаслик, кўрлик эмасми? Пахта бу ризқимиз, у нондек азиз. Уни увол қилганлар жавоб берадилар. Андижон туманидаги Серго номли колхоз комсомол ёшлар бригадаси бошлиғи Ёқубжон Усмон ўғлини олайлик. Қаранг ўн гектар ерни ғумайга бостириб юборибди. Зудлик билан чоралар кўрдик. Бутун район ёрдамга борди. Бир ҳафтада аранг ўтдан чиқардик. Шунчалик ҳам лоқайдлик бўладими? Унинг устидан жиноят иши қўзғатилган. Прокуратура тергов ишлари олиб бораяпти. Халқ олдида жавоб берсин деган ниятда унинг ўзини ҳам мажлисга мелиса билан олиб келдик.
– Ҳурматли мажлис қатнашчилари! Энг аввало сизларнинг олдингизда мулзам бўлиб туриш менга ҳам оғир. Бригадир бўлганимга ўн йилдан ошган бўлса, бирор марта ҳам, пахта планини бажармаган йилим бўлган эмас. Бизга бу йил ҳам режа бўйича тўқсон етти гектар майдон ажратилган. Барча пайкалимизни сифатли ишловдан чиқариб қўйганмиз, – сўзини давом эттирди Ёқубжон ота. Бу йил ҳам кўзлаган мақсадимизга етамиз. Аммо у янги ер. Тош, шағал, ҳатто режада ҳам йўқ. Область партия комитетининг биринчи котиби Ашур Ҳайдарович Ҳайдаровнинг топшириғи билан у ерни ўзлаштириб пахта экдик. Аммо унга ишлов беришга ўз кучларимиз етмай қолди. Илтимос қилишимизга қарамай, ёрдамчилар ажратилмади. Натижада шу ҳол юз берди.
– Сиз лоқайдлик қилгансиз, – деб сўзини бўлди комиссия раҳбари. – Бепарвосиз. Ҳозирги халқаро аҳвол танг бўлиб турган пайтда, Америка бир томондан, Германия иккинчи томондан бизга дағдаға қилиб турган пайтда ўз ишига бепарволик, лоқайдлик хоинлик билан тенг эканлигини билмаслик, бу сиёсий гўлликдир. Бундай хоинликни кечириб бўлмайди, бунақаларни қамаш керак. Сиз ука, тилингизни бурро қилмай, айбингизга иқрор бўлиб кечирим сўранг, халқдан, обкомдан.
– Ҳурматли обком секретари! Ҳурматли мажлис қатнашчилари, бизнинг бу бепарволигимиз, ҳақиқатда ҳам оғир жиноят. Албатта, пушаймонмиз. Бизни кечириб айбимизни ювиш учун имконият беришингизни илтимос қиламиз, – деб сўзини давом эттирди Ёқубжон ота. – Ҳурматли Ашур ака. Ёдингизда бўлса, бу янги ерга режадан ташқари пахта экишни сиз буюрган эдингиз. Мен жавоб бераман деган эдингиз. Аслини олганда, пахта етиштиришни кўпайтириш ниятида қилган бу ҳаракатимиз, интернационал бурчимизни бажаришга қўшган салмоқли ҳиссамиз эканлиги, ўша Америкага қарши, Германга қарши чорамиз эканлигини англаган ҳолда, камчиликларни тугатиб, мўл пахта ҳосили олиш имкониятини беришингизни сўрайман.
– Ҳа эсимда, – деди, ўйланиб туриб обком секретари, бу менинг пахтам, бу Ёқубжонниг пахтаси, бу ҳаммамизнинг пахтамиз. Бу халқаро аҳвол оғирлашган бугунги кунларда, партия чақириғига лаббай деб жавоб беришдир. Қанча кўп пахта етиштирсак, ўша Америкага ҳам, Гермонга ҳам берган кескин зарбамиз бўлади. Бу комсомол, Гермонни ҳам мот қилади. Ҳа, Ёқуб гермон, ишларни яхшила! Агар планни ошириб бажармасанг, қамаласан!!!
Ўшандан буён Ёқубжон отани “Гермон” дейишади. Уни бундай лақаб билан аташларининг асосий сабаби, қатъиятлиги, ўз сўзида туриши, масалаларни адолат билан ечиши, керак бўлса қишлоқ аҳолисининг муаммоларини кўтариб чиқиб, унинг ечилиши учун жонкуярлиги оқибатидан эди. Маҳалланинг катта-кичиги, рўзғор, турмуш масалаларида ҳам унинг маслаҳатларига суянади. У қўли остидагиларга меҳрибон бўлиши билан биргаликда, ўта талабчан ҳам эди. Маҳаллада ўтказиладиган барча тадбирлар “Ёқуб Гермон” нима дейди, деган савол билан бошланар эди. Отабек шуларни ўйлар экан даланинг чанг-тўзон қоплаган йўли билан тегирмон бошига етиб келди. Тушлик вақти тугаб, одамлар аллақачон пайкалларга чиқиб кетишган экан. Қуёш ҳарорати кун чошгоҳдан ошгандан сўнг, ниҳоятда қизиб кетар, аммо одамлар ишларини тугатиш ниятида чопиқни давом эттиришарди. Тегирмон атрофида дала шийпони қурилган, кичик бир шийпон ташкил этилиб, унга тегирмончи Йўлдош ака қарар эди. Сал нарида тол ва тераклардан соя салқин маскан бўлиб, далада ишлайдиган болали аёллар учун боғча ташкил этилган. Дарахт шохларига беланчаклар осилиб, боғча опа уларга қарар эди. Кимнингдир боласи йиғлади. Боғча опа Тегирмон ёнидаги тепаликка чиқиб, пайкалда ишлаётган чақалоқ онасини чақира бошлади. “Холисхон-у! Холисхон!
– Э, Бульба! Кўрдингми? – деб тегирмончи Йўлдош ака Отабек томонга кела бошлади. Бу одам маҳалладаги ягона туғма ногирон одам бўлиб, чап томонга қийшайиб юради. Дала шийпонида ошпазлик қилади, тегирмонга қарайди. У жуда ўқимишли одам бўлиб, болаларга китоб ўқиб беришни яхши кўрар, ўзини эса, Йўлдош маймоқ, деб аташарди. Унинг айтишича, Гоголнинг Тарас Бульбасини ўн марта ўқиб чиққан экан.
– Ассалому алайкум, Йўлдош ака, соғ-саломатмисиз, – Отабек у билан қучоқлашиб кўришди.
– Бульбажон, Бульба, яхши келдингми? Тошкентлар тинчми?
– Яхши, бу тегирмонингизнинг парракларини янгилабсизми, яхшиям тўсиб қўйибсиз, болалар новга тушиб кетса ёмон бўларкан. – Отабек тегирмон новини томоша қилар экан, сўради, – Бу тегирмон эски бўлса керак?
– Урушдан кейинги йилларда қурилган, – деди Йўлдош ака, – отанг Ёқуб Гермонга раҳмат! Янгилатиб берди. Сенга ҳозир бир мўъжиза кўрсатаман. – У қийшиқ белини ушлаб бориб, тол дарахтига илиб қўйилган саватни қўлига олди. У нов ёнига яқинроқ келиб, Отабекни ҳам ёнига чақирди. – Қара, балиқларни сакрашини, мана бундай қилиб, саватни тутсанг бўлди, балиқ саватда-да! – У новда сакраётган балиқлардан тутиб кўрсатди. Отабек ҳам саватни Йўлдош аканинг қўлидан олиб, нов устига сакраётган балиқларга тутди. Ҳатто бирданига иккита балиқ саватга илиниб, Отабекнинг қўлидан сават чиқиб кетай деди. Жазирама иссиқда новдан отилиб пастга тушаётган сув ором бағишлар, Отабекнинг ўша болалик чоғларини эслатар эди.
– Йўлдош ака, – сўради Отабек, – нега мени Бульба дейсиз?
– Сен Тарас Бульбага ўхшайсан. Инжиқ эдинг болалигингда. Менинг муштугимни ўйнашни яхши кўрар эдинг. Ўшанда мен сизларга китоб ўқиб бераётган эдим. Тарас Бульба ўз муштугини душманга қолдиришни истамади, отдан тушиб, муштугини олмоқчи бўлди, деган жойига келганимда, сен “билдим”, сиз Тарас Бульбанинг муштугини олган экансиз-да, деб юборсанг бўладими? Ҳамма кулиб юборди. Шундан бери сени Бульба деб аташади. Ҳар бир одам болалигиданоқ қанақа одам бўлиши маълум бўлиб қолади. Ошнанг Абдураҳмонни Алпомиш дердим. Ҳозир унга тенг келадиган улоқчи йўқ. Мадаминни Манас дердим, у қирғиз бўлса ҳам, ўзбекча лапарларни, қўшиқларни қийиб юборади. Сен Тарас Бульбадек, курашчи бўласан, одамлар дарди сенинг дардингга айланади. Сен эл-юрт учун катта ишлар қиласан. Аммо шахсан ўзинг уни ҳузурини кўрмайсан. Сени улкан муваффақият ва улкан манфаатлар кутяпти. Ўз меҳнатинг билан юксакларга чиқасан, арзимаган нарсадан тойиб, ютқазасан. Муваффақиятинг элники, талафотинг ўзингники. Сен Тарас Бульбасан!
– Э, ваҳима қилиб юбордингизда! Барча жасоратларни аждодларимиз қилиб бўлишган. Элнинг дарди билан яшайдиган раҳбарларимиз бор. Коммунистик жамиятда ҳамма бахтли яшайди.
– Менинг назаримда, бу гапимни ҳеч кимга айтма, – деди Йўлдош ака, Отабекка яқинроқ келиб, – худосиз салтанатлар вайрон бўлиши аниқ. Ҳатто буюк Афина ҳам.
– Афинангиз нимаси, у узоқ ўтмиш, эртак ва афсона, – деди Отабек, – Афинангизнинг бугунги кунларимизга нима алоқаси бор. Китоблар бошингизни айлантириб ташлабди.
– Э, болам, – деди Йўлдош ака, – китобларда гап кўп. Мана мен бир маймоқ одамман. Худо ризқимни бериб турибди. Укам Йигитали Тошкентга кетиб қолди. Бола-чақали бўлиб кетган. Аммо қийналиб яшайди, топгани рўзғорига етмайди. Мен эса мана шу ерда ризқимни териб еб юрибман, эл қатори топаман, худога шукур! Қуръони Каримнинг Шўро оятида Аллоҳ шундай айтади (ушбу оятни ўқиб “Агар Аллоҳ (барча) бандаларнинг ризқларини мўл-кўл қилса, албатта, улар ер юзида зулм-тажовузкорлик қилган бўлур эдилар”. Аллоҳу Таоло агар бандаларимга касб-ҳунарсиз ризқ берганида, улар ишсиз қолиб, оқибатда бузилиб кетардилар. Лекин бузғунчиликка бўш вақт топмасинлар, дея уларни касблари билан шуғуллантириб қўйди”. Сен ҳам эшитишимча яхши касб танлабсан, унга хиёнат қилмасанг, бахтли бўлганинг ўша!
– Хиёнат деганда нимани назарда тутяпсиз, – деди Отабек, – яхши тушунмадим.
– Мана сен журналистсан, у касбни ўрганиб, чин дилдан элга хизмат қилсанг, омадинг келгани, уни ярим йўлда ташлаб, бошқа иш бошласанг, адашганинг шу демоқчиман, – деб жавоб айтди Йўлдош ака.
– Амалдор бўлиб кетсангизчи, мана Шароф Рашидов ҳам журналистдан чиққан. Энди эса Ўзбекистон раҳбари, – деди Отабек.
– Э, амални қўй болам, биринчидан ҳамма ҳам Шароф Рашидов бўлиб кетавермайди. Иккинчидан, амал ва бойлик қўлнинг кири, у кетади. Касб эса қолади.
“Бордим ўшал Ойим томон,
Баққоллари экан ёмон.
Бозорида топдим зиён.
Фойдасин қувлаған экан.
Муқимий ҳазратларининг бир қўлида қалам, бир қўлида бийгиз бўлган. Этикдўзликни касб қилиб, ҳалол меҳнати билан кун кўрганлар. Шунақа болам! Мен агар ногирон бўлмаганимда, бир боғ яратар эдим, унинг ҳосили ҳаммага етган бўларди. Тегирмон олдидаги боғчамда ҳам, барча маҳсулотлар бор. Помидор, бодринг, маккажўхори.
– Уларни бозорга олиб бориб сотмайсизми, – сўради Отабек.
– Қизиқ гапларни айтасан, боласи тушмагур, – деди Йўлдош ака. – Унда даладагилар учун нимадан таом тайёрлайман. Ер элники, бу нози-неъматлар ҳам уларники.
– Бизникилар қаерда чопиқ қилишяпти, – деб сўради Отабек.
– Ариқ бўйи билан тўғри кетавер. Улар ўн саккиз гектарликда, чопиқ қилишяпти. Эътиборхон аяни ҳам кўрдим. Эрталаб қизлари билан чопиққа келган эдилар.
Отабек шудгор оралаб, ўн саккиз гектарлик ер томон кетди. Янги чопиқдан чиққан далаларда ғўзалар икки-учтадан кўсак ушлаган, қийғос шоналаган, ғўза гуллари эса сариқ ва қизил рангларини сочиб кўзга ташланади. Пайкалларда бошига оқ рўмол ўраб олган қизлар, бир-бири билан ҳазиллашиб, қийқиришиб, ғўза чопардилар. У биринчи бўлиб, чопиқ қилаётган синфдоши Муборакни кўрди. У билан қўл бериб кўришди. Унинг қўллари қаттиқ, қўл териси ёрилиб кетган, унинг қадоқларини Отабек, дарҳол қўли билан сезди. Ҳозир ҳам аввалгидек гўзал бўлсада, юзларига ажин тушган, қуёш ҳароратидан юзлари қорайиб кетган эди. Керзи этикни кийиб олиб, ғўза чопар эди. Отабек уни турмушга чиққанини, уч нафар фарзанди борлигини эшитган. Пайкал ичидан “Акам, акам келдилар!” деган овоз эшитилди. Отабек орқасига қаради. Олдига укаси Холбек чопиб келарди. Унинг орқасидан қолишмай энг кичик синглиси Кенжахон у томонга қараб, ғўзалар ичидан югуриб келишяпти. Холбек тўққиз ёшда, у Отабек Тошкентга ўқишга кетган йили туғилган. Кенжахонни туғруқхонадан олиб чиққан куни Отабек ҳарбийга кетган эди. Улар учун олисларда яшовчи энг яқин киши – улар билан ҳеч қачон бирга яшамаган бўлса, жуда қизиқ. Лекин улар ота-онасидан доимо, аканг келганида ундоқ қиламиз, бундоқ бўлади, буни акангга олиб қўйган эдик каби гапларни эшитар эдилар. Отабекнинг ҳам уларни соғингани аниқ., аммо уларнинг болаларга хос соғинганини сўз билан таърифлаш қийин. Улар бир нарсани билардилар, агар яхши бўлишса, Тошкентга боришади, акаси билан кўришадилар. Ёки акаси уларга истаган нарсасини олиб келиб беради. Шу тариқа Ёқубжон ота ҳам, Эътиборхон ая ҳам уларнинг қалбида тўнғич акалари, Отабекка нисбатан чексиз муҳаббат уйғота олган эдилар. Қорияхон билан Олияхон Тошкентда ўқийдиган акалари билан фахрланиб яшардилар. Укаси Ойбек бўлса, Тошкент давлат педагогика институтида сиртдан ўқийди. У тез-тез акасини кўриб туради. Акаси Отабек қайнотасининг уйида яшаётган пайтда, у ҳам имтиҳонларга киргунча ўша ерда яшади. Кейинчалик ижарага жой олиб чиқиб кетди. Бунинг сабабларини Отабекнинг ўзи билади. Шу боисми, уй-жой масаласи, унинг учун ҳаёт-мамот масаласи каби муҳим ҳисобланади. Отабек укалари билан қучоқлашиб кўришгач, Кенжахонни кўтариб олди, онаси чопиқ қилаётган эгатга яқинлашган сари, юраги орзиқиб, ичидан йиғлагиси келиб борар эди. Уларнинг бутун бир умри шу аҳволда кечади-да. Ука-сингиллари ҳаёти ҳам мана шундай турмуш тарзи билан чамбарчас боғланиб қолган. Онаси билан кўришиш ниятида қўлидан Кенжахонни ерга туширди. Холбек ҳам, Кенжахон ҳам ялангоёқ эди.
– Вой болажоним, келдингми? – деб Эътиборхон ая Отабекни бағрига босди, пешонасидан ўпиб кўришди. Қуёш тикдан пастлаган бўлса ҳам жазирама, иссиқ эди. Бу пайтлар Қорадарё ва “Қорағунон” дарёлари оралиғида тўқайзорлар ўзлаштирилган бўлиб, бу ерлар энг унумдор тупроқли, серҳосил ҳисобланади. Адирнинг шўри бу жойларга зарар етказа олмайди. Беминнат “Қорағунон” адир пайнобларини ўзи билан оқизиб кетаверади.
– Келин ҳам яхшими? Сингилларингга ёрдам берай деб, мен ҳам чопиққа чиққан эдим. Олдингидек кучимиз қолмабди. Ёшлигимда менга етиб ғўза чопадиган аёл бўлмаган. Сени ҳам мана шу тегирмон тепадаги тутларга осилган беланчакларда катта қилганман. Сен бўлар-бўлмасга йиғламас эдинг, фақат қорнинг очмаса, бармоғингни сўриб ётаверар эдинг. – Отабекнинг ёнига барча сингиллари келиб кўришишди. – Бугун ҳамма далага чиқди. Дилфуза, Маърифат, Саида, олти киши кетмон чопяпмиз. Холбек билан Кенжахон эгатларни ўтаяпти. Молга олиб кетамиз! Сингилларинг кун ботгунча, ғўза чопишсин. Мен энди бас қилдим, ҳеч бўлмаса сен келганингда уйга эртароқ қайтай!
Отабек онасига боқди. У жуда чиройли ва паҳлавон аёл эди. Қўллари кетмон сопидан қадоқ бўлиб кетган, юзлари қорайиб, тандирда сингиб пишган нонни эслатар эди. Отабек уларнинг яшаш шароитлари, юмушларини айтиш жоиз бўлса сиртдан биларди. Эътиборхон ая бир боғ ўтни боғлаб қўйган эди. Отабекка бошимга қўйиб қўй деб сўрамоқчи бўлиб турган эди, Отабек уни кўтармоқчи бўлди. Жуда оғирлигидан довдираб, қўлидан тушириб юборди.
– Қўй, болам, кўйлагинг кир бўлиб кетади, – деди Эътиборхон ая. Ўзим олиб чиқиб кетаман.
– Э, нима деяпсиз, – деди Отабек, эгнидаги оқ кўйлагини ечиб, онасига берди. Ўтни елкасига олдида, уларнинг олдига тушиб юриб кетди. Холбек билан Кенжахон ҳам ўзига яраша ўтни боғлам қилиб, кўтаришиб, унинг ортидан эргашдилар. Дарё кўпригидан ўтиб, уйга киришаётганларида, қишлоқ кўчасини чангитиб подадан моллар ҳам қайтишди. Сигир, бузоқлар ўз эгасининг уйини топишиб, кириб кетар эдилар. Дарвозадан маъраганича она сигир, бир ғунажин ва бузоқ кириб келди. Эътиборхон ая уларни ўз жойларига боғлади. Ҳозиргина даладан кўтариб келган ўтнинг боғини ечиб, уларнинг олдига ташлади. Эътиборхон ая она сигирни эркалаб, у ёқ бу ёғини қашлади, сўнгра хўллаб унинг елинини артди, оёқларини тушовлади.
– Отабек ўғлим сен нарироққа бориб тур, – деди Эътиборхон ая, – ётсираб челакни тепиб юборади.
Отабек онасининг ҳаракатларини кузатиб турарди. Бузоқни қўйиб юборди, эркаланиб, бир-икки тамшаниб сигирни эмди, сўнгра унинг орқасидан тортиб, онасининг ёнига боғлаб қўйди ва сигирни соға бошлади. Сигирни соғиб бўлиб, сутни пишкакка қўйди ва дарё соҳилидаги суволғичга қоқиб қўйилган темир қозиққа боғлаб, сувга ташлаб қўйди. Кейин ўчоқ ёнига келиб, болалар даладан қайтишларига овқат тайёрлаб улгуриш ниятида, пиёз арча бошлади. Отабек сабзи арчди, аммо у яхши тўғрай олмас эди. Аслида маҳаллаларда яшовчи йигитларнинг ҳаммаси сабзи тўғрашни яхши билишади. Ўзбекнинг одати шунақа, тўйми, маъраками, албатта ош қилинади. Шу боис катта маросимлар арафасида ўтказиладиган тадбирнинг номи ҳам “Сабзи арчди” деб юритилади. Отабек интернат-мактабда ўқиган, Тошкентда эса, бундай маросимларга талаба йигитни ким ҳам таклиф этсин. Отабек шуларни ўйлар экан, ўчоққа ўт қалашни бошлади. Онаси Эътиборхон ая, сабзини бир неча дақиқа ичида тўғраб ташлади. Отабек ғўзапоя ғарамидан ўтин олиб келди. Ўчоқни ёқди. “Ёвкессак” қишлоғига газ келган эмас, водопровод деган нарса ҳеч кимнинг хаёлига келмаган. Ўтин эса сероб. Эътиборхон ая ҳам илғор пиллакорлардан, пилла боқишдан анча ўтин қолади. Ғўзапоя ғарамлашда барча оила аъзолари қатнашади. Яхшиям болалар анча улғайишиб қолди. Икки қизини турмушга берди, Отабекни уйланди. Ҳали Эътиборхон аянинг бошида яна қанча ташвишлар турибди. Отабек кўп марта отасидан илтимос қилган. Ҳеч бўлмаса “Ойим” қишлоғи марказидан уй олайлик, ахир бу дарё бўйида шароит бўлмаса. Ёз жазирамаси, қора пашша, кун ботиши билан чивинларнинг ҳужумидан ҳамма болаларнинг юз-кўзи маматалоқ бўлиб кетади. Қишда эса бу уйлар яхши иситилмайди. Чўян печка кечқурун овқат тайёрланаётганда қизиб, нафас олиб бўлмас даражада иссиқ бўлса, ҳамма ётгандан кейин ўт ўчиб, бутун уй музлаб қолади. Бу уйларни иситадиган мослама ҳам йўқ. Турдиали деган тракторчи қўшнилари солярка билан ёнадиган иситгич мослама ясаб, синаб кўрди. Уни бола-чақалари билан худонинг ўзи асради. Сандалга кўмир солган нариги қишлоқдаги бир одамнинг боласи ис газидан заҳарланиб нобуд бўлди. Шу боисданми, бир-икки ой қиш ўтади, кетади, деган ҳолда яшайдиган бўлиб қолишди. Маҳалладагиларнинг ҳаммаси шу тариқа кун кўришади. Ёзда иссиқ, чидаса бўлади, пашша ва чивинларни кушандаси пашшахона ва самолётда ҳашаротларни қириш учун сепиладиган дори. Энди сув тиндирадиган хумлар маҳаллада унут бўла бошлабди. Энг муҳими, сув тинади, муздек туради. Бу ердагилар сезадими, йўқми, Отабек дарё сувининг жуда ҳам бемазалигини сезадиган бўлиб қолган. Болалигида сув жуда мазали туюлар эди, ҳозир керосиннинг ўзи. Отабек ана шуларни ўйлар экан, ота-оналарига, ука-сингилларига қандай қилиб, яшаш шароитларини яхшилаш мумкин, деган саволга жавоб қидирар эди. Унинг ҳозирча топган ечими мана шу жар, дарё бўйидаги қишлоқдан марказга, айниқса “Ойим” қишлоғига кўчиш зарур деган фикрга келар эди. Отабекнинг ёдига, бу сафар нима мақсадда келганлиги тушиши билан, юраги эзилиб кетди. Балки у яхши ҳаёт ҳақидаги орзу-ҳаваслар билан Тошкентга кетган эдида! Унинг ота-онасига фойдаси тегадиган кунлар ҳам келар? Отабекни шу хаёллар қийнар эди.
– Онажон, – деди Отабек, секин-аста сўз бошлаб, – биз уй олдик, уч хоналик. Кўчиб ҳам ўтдик, ижарада туриш осон эмас экан.
– Муборак бўлсин, – деди Эътиборхон ая, – Яхши қилибсизлар!
– Сизга айтсам, олти минг сўмини тўладим, яна минг сўм қарзим қолди, – деди Отабек, – шуни тўласам, марра меники. Қайниотам минг сўм берди, қолганини ота-онангиз берсин, деб айтишяпти. Ўшаларнинг олдида бошим эгилмасин, деб отамдан ёрдам сўрагани келган эдим.
– Энди буни отанг билан гаплашасан, – деди Эътиборхон ая, – менинг пулим бўлганда, ҳеч кимдан сўраб ўтирмай берар эдим.
– Ўзингиз гаплашиб бермасангиз, мен отамдан сўрай олмайман, яна жанжалга қолиб кетаман.
– Мен ҳам сўрай олмайман, – деди Эътиборхон ая, – Олияхон синглингга совчи келиб турибди. Энди укаларингни ҳам ўйлайдиган вақт келди. Мен сенга шу ердан уйланавер деган эдим. Рози бўлмадинг!
– Ўзингиз яхши биласизку, – деди Отабек, – Ойим қишлоғига совчи бўлиб бериб, мулзам бўлиб қайтгансиз, чекка қишлоққа қиз бермаймиз, деб очиғини айтишган эди-ку?!
– Тенгинг чиқиб қоларди, – деди Эътиборхон ая, – ана холангнинг кичик қизИ, шунақа чиройли ва одобли қиз бўлган эди-я.
– Тенгим чиққани билан мени қайси уйга уйлар эдингиз, – ахир шу бир уй бир даҳлиздан бошқа уйимиз бўлмаса, – деди Отабек, – шу уйда ўн болани катта қилдинглар!
– Мана энди сен, Ойбек, катта бўлдинглар, энди ўзинглар қурасизларда, – деди Эътиборхон ая, ўчоқ бошида ошни дамлар экан. – Бу қизлар ханузгача даладан қайтишмади, кеч қолишди. Қоронғу тушиб кетди-ку, ахир сал пастроққа бориб уларни қараб кел, чоғимда кўпроқ ўт кўтариб олишган бўлса керак, кеч қолишяпти.
– Бирорта эскироқ кийим беринг, – деди Отабек, – мен кўтаришиб келарман. – Эътиборхон ая Ёқубжон отанинг эски шими, кўйлагини олиб берди. Отабек энди кийиниб, чиқиб кетаман, деб турган эди ҳамки, қизлар қаторлашиб кириб келишди. Олияхоннинг бошида бир боғ ўт, Маърифат ва Дилфуза боғлам қилиб, кўтариб олишган эди. Саидахон кичкинароқ бўлгани учун далага олиб борилган идиш-товоқлар, қолган қаттиқ нон солинган тугунни кўтариб олган эди. Оиладаги қимирлаган жон борки, далага пахтазорга чиқар эди. Пахта теримида эса, тонгдан оқшомгача, ҳамма далада бўларди. Қизлар даладан қайтгач, юз-қўлини ювишди. Ҳамма биргалашиб, ҳовли ўртасидаги сўрига дастурхон ёзишди. Биров шакароб тайёрлади, биров ўчоқда қайнаётган қўрадан чой дамлаб келди. Эътиборхон ая энди ошни сузаман деб турган эди, Ёқубжон ота ҳам кириб келди. Отабек билан қучоқлашиб кўришгач, қўлини ювиб дастурхон атрофига келиб ўтирди.
– Бугун иш кўпайиб кетди, – деди Ёқубжон ота, – райондан комиссия келди. Энди кузатдик. Ўзинг яхшимисан, келинимиз Ферузахонни олиб келмадингми? Дилноза қизимиз катта бўлаяптими? Қайниотанг, қайнионанг ҳам яхшими? Фозил дода яхшимилар? Жуда зўр одам-да!
– Раҳмат, ҳаммалари салом айтишди, – деди Отабек.
– Ишқилиб, Тошкентда “қурғоқчилик” йўқми?
– Ҳай, йўқ. Ҳаммаси яхши.
– Собит аканг, яхшими? Анчадан бери “Оламга саёҳат”ни кўролмадим. “Ўтган кунлар” фильмида зўр гапирганда. Овози яхши у кишининг. Келганларида дарёнинг чавақ балиғига жуда ишқибоз бўлган эдилар. Жуда маззали экан, бунақа ширин балиқни ҳеч қачон емаган эдим, деб айтган эди. Ёзувчи Саид Аҳмад ака ҳам яхшими, ҳозир ҳам у кишининг ёнига бориб турасанми? Ноҳидхон аканг, Эркин аканглар ҳам яхши юришибдими?
– Раҳмат.
– Аяси ошни олиб келинг, – деди Ёқубжон ота. Эътиборхон ая ошни катта чинни товоққа сузди. Иккинчи сопол товоққа эса болаларга сузди. Паловхон тўрани, энди бир-икки қошиқ олишган эдиҳамки, кўчадан товуш эшитилди.
– Ёқубжон ака! Ёқубжон ака!
– Бор, қарачи, яна ким келди экан, – деди Ёқубжон ота, – қўй, тўҳта, ўзим чиқайчи? У ўрнидан туриб, дарвоза томонга юрди. Унинг ортидан Эътиборхон ая ҳам эргашди. Бир неча дақиқадан сўнг, онаси қайтиб кирди.
– Раиснинг вилис машинаси экан, – деди Эътиборхон ая, – мажлисга чақиришибди. Дадангнинг иши шунақа, баъзан кечаси ҳам идорага олиб кетишаверади. Комиссиядан, кейин доим шунақа ё мажлис, ёки гап-сўз! Кейинги пайтда ишлар оғирлашиб кетди, деб юрибди. Йўқ пахтани ёзиб план тўлдириш кўпайибди. Отанг кейинги йилдан қора экинга бригадир бўламан деб юрибди, бўлмаса ишламас эмиш. Қўшиб ёзишнинг барибир чуви чиқади. Мен унақа ишга қўшилмайман, дейди отанг. Ол болам, нега қараб ўтирибсан. – Эътиборхон ая болалари билан мириқиб гаплашиб ўтирар эди. Холбек доимгидек инжиқлик қила бошлади.
– Йиғлама, – деди Олияхон опаси, – йиғласанг акам кетиб қолар экан.
Холбек ер остидан аста Отабекка қаради, секин-аста йиғиси ҳам тўхтади. Анча кеч бўлишига қарамасдан дарвоза олдидан яна овоз келди. “Ойбек, ҳо Ойбек!” Ойбек ўрнидан туриб дарвоза ёнига борди. У Аҳмаджон исмли маҳалладоши билан бирга қайтиб киришди.
– Ассалому алайкум, – деб Аҳмаджон Отабек билан қучоқлашиб кўришди. – Қачон келдинг! Келганингни эшитиб чопиб келдим!
– Келинг, келинг ука, – деди Эътиборхон ая, – дастурхонга марҳамат!
Дастурхонга дуо қилишгач, – Ая, овора бўлманг, мени маъзур тутасиз, – деди Аҳмаджон пиёладаги чойни ҳўплаб. – Ўғлимни олиб кетяпти, демайсиз. Уни оғайнилари, болаликдан бирга ўсган дўстлари ҳам соғинишган. Бугун бизникида “гап” эди. Оташни олиб келасан деб, қўйишмади.
– Шунақасизлар-да, – деди Эътиборхон ая. – Биз ҳам соғинган эдик, майли фақат отанг келгунча қайтиб келгин болам!!!
Отабек Аҳмаджон билан бирга чиқиб, уларнинг уйига борди. Уй эгалари билан кўришгач, ичкарига кирди. Бир хонада оқсоқоллар, иккинчи хонада эса ёш-яланглар ўтиришар эди.
– Ассалому алайкум, – деди Отабек қўлини кўксига қўйиб ва бош эгиб. – Кўрганимиз кўришган, безовта бўлманглар!!!
– Ваалайкум ассалом, ҳа йўқ, – деди оқсоқоллардан бири алоҳида кўришамиз. Бизнинг қишлоқдан ҳам телевизорда чиқадиган журналист пайдо бўлади-ю, биз қувонмай, ким қувонсин!
Отабек оқсоқоллар билан кўришиб чиққач, хона пойгакига бориб турди.
– Қани, тўрига, – деди Ғанижон ака. У Отабекнинг қўшниси бўлиб, Абдураим бобо раҳматликнинг катта ўғли эди. Ғанижон ака, Тошкент қишлоқ хўжалик техникумининг қишлоқ хўжалиги техинкаси факультетини тугатган. У мумтоз қўшиқларни маҳорат билан куйлар эди. У ёқимли овози ва маҳорати билан анча-мунча ҳофизларни ҳам лол қолдирар эди. Шу атрофдаги маҳаллаларнинг, қишлоқларнинг тўй маросимлари усиз ўтмайди.
– Тошкент жойидами, биз ўқиётган пайтдагига нисбатан ўзгариб кетгандир?! Оҳ, бу Тошкент, Тошкент, – деб у талабалик йилларини эсга олди. Отабекни давранинг тўрига ўтқазишди. Дуо фотиҳадан кейин ширин суҳбат бошлашди.
– “Наштар” билан учрашув деган кўрсатувингни кўрдик, – деди уй эгаси Аҳмаджон, – жуда бопладинг-да! Ойим қишлоғида газ етишмаслиги муаммоси тўғри танқид қилинган.
– Уни мен суратга олмаганман, – деди Отабек. “Ўзбекфильм” студиясида шундай ҳажвий киножурнал чиқарилади. Унинг ҳар бир сонида битта кинофельетон ва иккита ҳажвий асар берилади.
– Ҳалиги, Саид Аҳмад акадан зўр интервью олдинг-да.
– Бахтиёр Ихтиёров, Ражаб Адашевлар ҳам анчадан буён кинода чиқмай қўйишди, – деб даврадагилар навбатма-навбат саволга тутишарди.
– Ғиёс Шермуҳамедов деган режиссёри бор эканми? Уларнинг энг каттаси ёзувчи Сами Абдуқаҳор деган одам экан. Омон бўл, Оташ. Бизнинг маҳалладан ҳам одам чиқар экан-а? Ғанижон Отабекка бағишлаб “Гул узорим” қўшиғини айтиб беринг, биз жўр бўлайлик.
Ғанижон ака қўшиқни завқ билан куйлар, даврадагилар нақоратни такрорлар эдилар.
Эй гулизорим, раҳм айла нигорим,
Эй гулизорим, бергин муродим.
Қўйма мани зор йиғлатиб, нигорим.
Қўшиқ тугагач, анчагача суҳбатлашиб ўтиришди.
– Ўзбекнинг санъати зўр, ҳофизлари мириқиб куйлайди, лекин биргалашиб, жўр бўлиб айтадиган қўшиқлари йўқ ҳисобда.
– Русларда тўрттаси бир бўлди – ашула бошлайди, – деди Ғанижон ака Йўлдош аканинг сўзини қувватлаб.
– Қирғизларда ҳам шу, ҳаммаси биладиган, биргаликда куйлайдиган ирлари кўп, – деди Мадаминжон, – қозоқларда ҳам, тожикларда ҳам бор.
– Э, бизнинг аксиямизга етадиган нима бор, – деди Аҳмаджон.
– Аксия эмас, – деди Йўлдош ака, – аския дегин. – Ҳамма кулиб юборди. Овқатлар тортилди, уларни тановул қилишгач, оқсоқоллар дастурхонга дуо қилишиб, секин-аста тарқалиша бошладилар. Аммо ёшлар бир оз ўтирамиз, дейишиб, уйларига кетишмади. Баъзилар шахмат, баъзилар карта ўйнашиб, суҳбатлашиб ўтиришди. Катталардан бекитиб, оз-моз ароқ ичилди ҳам. Болаликдан бирга ўсган дўстлари даврасида Отабек ҳам яйради, у ҳам бир-икки рюмка ароқни тушириб ташлади. Даврада тоғасининг ўғли Ғулом ҳам бор эди. У билан Отабек тенгдош, улар мактабда бирга ўқишган. Саккизинчи синфни битиргандан сўнг, Отабек Тешиктош қишлоғида жойлашган мактабда тўққиз ва ўнинчи синфларда ўқиган пайтда, тақдирнинг тақозоси сабаб, Ғулом билан синфдош бўлганди. Ғофур тоғанинг ўн етти нафар ўғил-қизи бўлиб, Эътиборхон аядан каттаси, Ғулом эса Отабек билан ака-сингилларнинг болалари ҳисобланади. У негадир ширакайф бўлгач, Отабекка хиралик қила бошлади.
– Сен бола, телевизорда чиқишинг билан мақтанма, – деди Ғулом, Отабекка яқинроқ келиб, унинг юзини ўзига буриб олиб, икки юзини маҳкам ушлаб, гапирар экан. – Каттаотам ўлганларида етиб келолмагансан, анчадан кейин келиб, фотиҳа ўқиб, кетгансан. Одамгарчилик деган нарсалар, сенга бегона!
– Эшитмай қолганман, – деди Отабек, – бирортанг почтага кириб, икки энлик телеграмма беришга ярамабсанлар-ку!
– Сен Тошкентларда юрсанг, мен айбдор эмасман, – деди Ғулом унинг юзини қўйиб, икки қўли билан унинг икки елкасига шапалоқлаб.
– Ғуломни ушланглар, бу нима қилганинг, ахир Отабек меҳмон-ку, нари тур, – деб Абдумалик Ғуломни ўз жойига ўтқазиб қўйди.
– Ҳа, бу меҳмон! У фақат меҳмонга келишни билади, агар ота-онасига бирор нарса бўлса, етиб келиши даргумон, – деди Ғулом.
– Қизиқ гапларни айтяпсан Ғулом, – деди Йўлдош ака, – насиб қилмаса, бир томнинг тагида яшаб ҳам, бехабар қолиш мумкин. Қўй бундай гапларни!
– Ўзбек деган ўз юртида, ота-оналари билан бирга яшайди, уларга қанот бўлади. Бу эса енгил ҳаётни қидириб Тошкентга кетган, телевизорга чиқар эмиш, журналист бўлган эмиш, ўргилдим!
– Сен ота-онангнинг ёнида яшаб, нимани ҳам дўндириб қўйдинг, – деди Абдумалик, – энди биздан ҳам журналист чиқсин, дўхтир чиқсин. Умримиз шу “Ёвкессак” қишлоғида ўтиб кетаверадими?
– Ҳамма ота-онасининг ёнида ўралашиб юраверса, ишни ким қилади. Бу ҳаётнинг тақозоси, – деди Аҳмаджон. – ҳали Отабекнинг қишлоғимизга фойдаси тегиб қолар. Яқинда Қўрғонтепага борсам, бир танишим сўраяпти, телевизорда чиқадиган Отабек Юсуф деган журналист, сизларнинг қишлоғингиздан экан, ростми, деб. Жуда фахрланиб кетдим.
– Автобусдаги йўловчилар ҳам, қишлоғимиздан ўтиб кетишаётганларида, мана Отабекнинг қишлоғи, дейдиган бўлиб қолишган, қандай яхши, – деди Абдумалик, – сен Ғулом, билиб-билмай валдирама, Отабек сиз ҳам, унинг гапига хафа бўлиб ўтирманг!
– Мана менинг чўнғотам Норинда яшайди, биз эса бу ерда, – осмон узилиб тушгани йўқ, – деди Мадамин, – қариндош-уруғлик ришталари маҳкам боғлансин. Норинликлар келади, биз борамиз!
– Ота-она қадрини Отабек ҳам, сиз билан мендан кўра яхшироқ билади, – деди Йўлдош ака, – қаерда бўлса ҳам, уларнинг юзини ерга қаратмаса, яхши ишлар қилса, шунинг ўзи кифоя. Унинг фойдаси, сен билан мендан кўра кўпроқ тегиши мумкин. Одамлар Магаданда ишлаб юришибди, Тошкент икки қадам. Агар Ёқубжон ака рози бўлмаганида, ўша ёқдан келин олармиди? Ота-она ҳақида гап очилиб қолди. Уларни ҳурмат қилиш, хизматида бўлиш ҳар бир одамнинг бурчи. Аммо бу дегани, уйдан чиқмай ўтиравериш деган эмас. Унда чўлларни ким ўзлаштиради, ким заводларда ишлайди. Корейсларнинг зўр гапи бор, улар ота-онани жуда ҳурмат қиладилар. Ҳатто уларни, инсоннинг ёнида, кўриниб турадиган худо дейдилар, уларга ҳамиша меҳрибон бўладилар.
Йўлдош аканинг гапидан кейин Ғулом ҳам тинчиб қолди. Отабек уй эгасидан рухсат сўраб, уйига қайтди. Ярим тун бўлишига қарамай ҳовлида чироқ ўчмаган, Эътиборхон ая Отабекни кутиб, ҳали ухламаган эди. Ҳовлининг четида оқаётган дарё шовқини, жимликни бузди. Сўрида Ёқубжон ота ёнбошлаб ётарди.
– Келдингми, – деди Ёқубжон ота ўйчан ҳолда, – кел. Аксига олиб, бугун мажлис белгилашибди. Яна ғўза парвариши масаласи. Комиссия эртага ҳам бизга келар экан. Қишлоқ хўжалигини иши шунақа, ишдан ошиниб, уй-жойларга ҳам қарай олмадик. Бу йил баҳорда ёмғир кўп ёғди. Пахса ва гувала деворлар йиқилиб кетди. Биз ҳам молхоналарни тиккалаб қўйишимиз керак. Уй оляпсанми?
– Ҳа, – деди Отабек, – лекин бир оз маблағим етмай турибди. Қайнотам минг сўм ёрдам қилдилар!
– Энди шаҳарнинг иши бошқа, – деди Ёқубжон ота, – уларнинг маоши тайин. Бизда эса берган олтмиш сўм пули чой, қанд билан тугайди. Энди кузда бўлса бошқа, шолимиз, экин-тикинларимиз, даромадимиз бўлади. Анабу омборда ўтган йилги шоли ҳали ётибди, уни охлаб, бозорга олиб борай дейману, вақт тополмаяпман. Онанг ҳам, сингилларинг ҳам далада. Ойбек бечора ёз бўйи шолипоядан чиқмайди. Бир нарсалик бўлайлик деб ҳаммамиз ёпишамиз.
– Уйни сотиб олсам, яхши бўлади, – деди Отабек, – олти минг сўмини бердик. Яна минг қолди. Шошилишда топа олмадим. Шу уй қўлимдан чиқиб кетмасин деяпман-да!
– Мен сенга қаердан топиб бераман. Бу ёқда сингилларинг, Олияхонга совчи келиб турибди, уларнинг ҳам худога айтгани бор. Мактаб келяпти. Уларга усти-бош қилиш керак. Шарофат опанг ва Қорияхон сингилларинг турмушга чиққанлари билан уларнинг ҳам турмушларини мустаҳкамлаб қўйиш керак. Икковларига биттадан совлиқ олиб бердим, ўзлари кўпайтириб олишар. Сендан бошқа бирорта болам чизиғимдан чиқишган эмас. Ана кичик сингилларинг, эртадан кечгача далада. Бирортаси гапимни икки қилмайди. Ойбек уканг ёз ичи, мактабдан таътилга чиққандан бошлаб, шолипояда. Ўқишга бораман дединг, рухсат бердим. Тошкентдан уйланаман дединг, келин олишнинг ўзи бўладими? Худо ишимни ўнглаб, уч-тўрт сўм йиққан эканман, уйлаб қўйдим. Ҳозир мен сенга ҳеч қандай ёрдам беролмайман. Айт, қаердан олай?!
– Қайниотамнинг олдида нима деган одам бўламан, имконини қилиб берсангиз, қайтариб бераман, –деди Отабек.
– Мен сенга имконим бўлса, қарзга берармидим. Энди бу масала чиқди, ишқилиб. Имкониятим йўқлигини тушунасанми?
– Мен-ку, тушунаман, аммо қаердадир яшашим керак-ку? Уй эгаси сўрайвериб, шоштириб юборди.
Ёқубжон ота икки қўлини юзига ишқалаб, бир оз жим қолди. Сўнгра, “ух” тортиб йиғлаб юборди. У ўз муаммоларини ўзи билар, ичидан изтироб чекарди. Бир томондан ўн бола, улар ҳам вояга етишиб, ҳар бирининг тақдири билан шуғулланиш, уларни ҳам ғамини ейиш бўлса, иккинчи томондан Отабекнинг ишини ҳам ярим йўлда қолдириш оғир масала эди. Агар у уй-жой керак эмас, қайтиб кел, дейдиган бўлса унинг оиласи нима бўлади. Тошкентликларнинг, аниқроғи шаҳарликларнинг одатини яхши билади. Қизини ҳеч қачон бу олис қишлоққа юбормаслиги аниқ. Оиласи бузилиб кетса, йўқ, у бунга йўл қўя олмайди. Ўғли Отабек, бир оз маблағ топиб, турмушини яхшилай бошлабди, албатта ёрдам бериш керак. Аммо нима қилсин, қўли калталик қиляпти. Бу муаммога айнан ҳозир жавоб ўйлаб тополмади. Нима қилиш керак? Ёқубжон ота, анча жим қолди. Ўзбекнинг бу муаммоси тугамайдиган масала. Ўнта бўлса ўрни бошқа, деганларидек. Бошқа тўққиз нафар фарзандлари ёнида, фақат у ёлғиз. Уларнинг биттаси азоб чекса, қийналса, ёки уйда йўқ бўлса, ота-она учун бутун бир хонадон ҳувиллаб қолганга ўхшайди. Негадир Отабекка нисбатан қаттиққўлроқ, у тўнғич бўлгани учунми, буни ўзи ҳам яхши тушунмайди. Тўғрисини тан олиш керак. Кечки ўқишда, икки йил ҳарбийдалигини қўшса, саккиз йил ўқиди. Ана шу йиллар давомида Отабек ўзини ўзи эплади. Мардикор ишлади, қоровуллик қилди, телестудияга фильмлар ташиб берувчи ишчи бўлиб ишга кирди. Оғирлигини туширмади. Ҳаракат қиляпти. Интиляпти. Ўз мақсади сари, қийналиб бўлсада, эришяпти. Балки уй-жойлари яхшиланиб, ишларида омади келиб қолса, балки оилага ҳам ёрдам берар. Ундан умидвор бўлиб нима қилади. Шаҳарда яшашнинг ўзига яраша ташвишлари бор. У бу ерларга кўника олмади. Балки бу интернатнинг, ана шундай шароитда яшашнинг таъсиримикан? Энди бу қишлоқларда ҳамманинг турмуши шундай кечади. Отабек болалигидан ота-онасига доимо бир талаб билан мурожаат қиларди. “Дарё бўйидан текисроқ ерга уй солайлик, бу ердан кўчиб чиқайлик” дегани-деган. Аммо Ёқубжон ота, отасидан қолган бу ҳовли жойни тарк этгиси келмайди. Ахир бу жой отасидан қолган, ҳамма нарса ўша болалик онларини ёдга солиб туради. Айтиш жоиз бўлса, Ёқубжон отанинг энг қувончли кунлари ҳам, энг қайғули онлари ҳам шу дарё бўйидаги, ярим жар, ярим тепалик бўлган шу хонадон билан чамбарчас боғланган. Унинг отаси Мир Усмон ҳожи шу тупроқда омонлик топган, бола чақалари билан жон сақлаб қолганлар.
Отаси Мир Бухородаги Мир Араб мадрасасини тамомлагач, Жўрак қишлоғида имомлик қилган. Унинг онаси Қория бувига уйлангач, анча йиллар, фарзанд кўришмаган. Кейинчалик отаси Чимён қишлоғида кичик бир чой дўкони очади, иш юзасидан ўша ерда анча вақт туриб қолади. Сўнгра чимёнликлар уни ўз мачитларига имом қилиб оладилар. Бу орада у ўз қишлоғи Жўракка келар, бемор бўлиб қолган хотини Қориябонудан хабар олиб турар эди. Хотини бемор бўлгани учун унинг ота-оналари Чимёнга, эри ёнига жўнатмайдилар. Маҳалла имомининг сўққабош яшаши, ёлғиз мачитда туриши ўша даврларнинг одатига тўғри келмас эди. Унинг устига чимёнликлар бундай олим одамни, ўз масчитларида маҳкам ушлаб қолишга интилишар, унга барча шароитларни яратиб беришга ҳаракат қилишар эди. Шундай масчитнинг ёнгинасида бир хонадон бўлиб, у ерда Меҳмон буви исмли бева аёл яшарди. У аёл ўта билимли, дунёвий ва исломий билимлар эгаси эди. Маҳалла хотин-қизлари ундан сабоқ олар эдилар. Оқсоқоллар кенгашиб Мир Усмон ҳожи билан у аёлни никоҳлаб қўядилар. Кунлардан бирида Мир Усмон ҳожи Жўрак қишлоғига, ўз хонадонига борганда, хотини Қория бувининг боши қоронғу эканлигини билади. Чимёнда эса Меҳмон буви ҳам ҳомиладор эди. Худонинг ол қулим дегани шу-да, ҳар икки хотин ҳам бир неча ой фарқи билан болалик бўлишади. Икки фарзанднинг ҳар иккаласи ҳам ўғил эди. Қория бувининг ўғлига Абдулла деб ном қўядилар. Меҳмон бувининг ўғли эса Юсуфжон бўлади. Ҳар икки қишлоқ оралиғи йигирма-ўттиз чақирим бўлиб, айниқса қиш палласида борди-келдилар камайса ҳам, Мир Усмон ҳожининг отасидан қолган катта хонадонда Қория буви ўғли билан яшар, бутун қариндош-уруғлари шу қишлоқда бўлгани учун, у ердан кетгиси келмас эди. Бу орада Меҳмон бувининг олдинги турмушидан қолган қизи вояга етиб, уни узатадилар. Ёш жувон бир ўғил фарзандлик бўлганидан кейин касалликка чалиниб, вафот этади. Икки ёшли Турсунбой ҳам Меҳмон бувининг қўлида қолади. Шундай қилиб уч ўғилни тарбиялаш Мир Усмон ҳожи зиммасига тушади. Ўша замонларда босмачилик ҳаракати авжига чиққан, алғов-далғов замонлар эди. Қишлоққа ким келса, аввал мачитга тушар эди. Тўртинчилар анча кучайиб, қўрбошиларнинг одамлари тоғу тошлар ичига чекинган бўлишига қарамай, кечалари улар маҳалла оралар эдилар. Улар баъзи хонадонларга кириб, қизилларга сотилган деб эшитган одамларни отиб юборишар, мол-мулкини ўзлари билан олиб кетишар эди. Эртасига аскарлар етиб келишиб, бошқаларнинг паймонасини тўлдиришар эди. Бир куни томоша қилиб турган, ўн тўрт яшарлик қишлоқ боласини ҳам отиб, ўтиб кетишди. Уни ким отганлигини, қизилларми, босмачиларми? Ҳеч ким билмасди. Мадаминбек қизилларга ўтгандан кейин, Фарғона, Водил, Чимён, Миндон, умуман Қўқон атрофлари тинчиб қолганига беш-ўн йил бўлишига қарамай, шу атрофлардан босмачилик ҳаракатига қўшилган одамлар, кечалари пайдо бўлиб қолишар, эртасига ҳамма ёқни аскар босиб кетар эди. Кунлардан бирида, Мир Усмон ҳожи хонадонининг дарвозаси тақиллади. У секин бориб, дарвозани очди.
– Ким-у, – сўради Мир Усмон ҳожи!
– Очинг, мулла ака! – деди номаълум, нотаниш киши. У дарвозани очди.
– Келинг, келинг ука. Хизмат, – деди Мир Усмон ҳожи.
– Биз мана шу чимёнлик йигитлармиз. Отим Одилбек. Сиз мени эшитгансиз. Бу йигитлар ҳам Чимёнлик. Мулдирис қирғиз деган қўрбошининг йигитларимиз.
– Қани, уйга киринглар, – деди Мир Усмон ҳожи.
– Йўқ, мулла ака, сизни безовта қилмаймиз. Эшитдим, хотиним Робияхон, вафот этибди. Э, худо! Бизни олис сафарлар кутяпти. Ўғлим Турсунбой сизнинг қўлингизда экан. Бир марта кўриб, бағримга босай. Шу ниятда келдим, мулла ака!
– Мен ҳозир, – деди Мир Усмон ҳожи, – ҳозир бувингизни чақираман. У ичкарига кириб Меҳмон бувини уйғотди. Сўнгра айвондаги лампани хира қилиб ёқиб қўйди. Меҳмон буви ичкаридан Турсунбойни кўтариб, айвонга чиқди. Бир оз йиғи-сиғи бўлди. Одилбек Турсунбойни маҳкам қучоқлаб бағрига босди.
– Уйғон болам. Энди қачон кўришамиз.
– Бечора ношуд отангни кечир! Уйғон болам, мудрама! Турсунбой кўзини уйқу аралаш очди. Одилбек ўғлини юз-кўзидан ўпар, ҳўнграб йиғлар эди. Унга қўшилиб, барча кўз ёш тўкди. – Мулла ака, сиз энди Турсунбойнинг ҳақиқий отасисиз, буви – сиз эса онасининг ўрнига қолдингиз. Менинг жоним, Турсунбой билан қолди. Сизлар менинг ҳам ота-онамсизлар. Энди биздан рози бўлинглар, биз, албатта қайтамиз. Юртимизни душмандан озод қилмагунча курашамиз. Озод Ватанга албатта қайтамиз, иншаоллоҳ!!!
– Ой бориб, омон қайтинглар, соғ-омон дийдор кўришишни Аллоҳ насиб этсин! – Мир Усмон ҳожи дуога қўл очди. Дуо қилишгач, бешала йигит ҳам қибла томонга қараб, руку қилишди, сўнгра саждага бош эгиб, тупроқни ўпишди ва икки қўли билан юзларига суртишди. Улар ўринларидан туришиб, мулла акага, Меҳмон бувига қараганларида, Турсунбой бувиси бағрида, унинг бўйнидан қучоқлаганча ухлар эди. Тонг ёриша бошлагач. Улар отларига сакраб миндилар-да, қир-адирлар ичида кўздан ғойиб бўлишди. Мир Усмон ҳожининг кўзи, йўлнинг нариги бетидаги қабристонга, “Хувайдо” мақбарасига тушди... мана шу қишлоқ четидаги қабристонда ислом оламининг улуғ олимларидан бири, шоир ва мутафаккир “Хувайдо” мангуга қўним топган. Аллоҳ ҳар биримизни тупроқдан яратиб, ризқимизни ҳар томонга сочиб юборар экан. Тирик эканмиз, уни йиғиб олаверамиз. Бу йигитларнинг ризқи қайси юрт, қайси мамлакатларга сочилган экан. Яратган ҳеч қайсимизни бегона юртларда саргардон бўлиш балосидан ўзи асрасин! Бу йигитларнинг насибаси қўшилиб, ой бориб омон келишсин. Аллоҳу акбар.
Эртаси куни пешин намозидан кейин, мачитга ИНКВД одамлари кириб келишди.
– Мулла ака, биламиз сиз яхши одамсиз, – деди улардан бири, – кейинги пайтларда босмачиларнинг қолган-қутган бандалари қишлоқларимизни оралаб қолишибди. Улар совет ҳукуматининг душманларидир. Ким биз билан эмас экан, у душман томонда, шундайми, мулла ака? Нега индамайсиз?
– Гапингиз тўғри, – деди Мир Усмон ҳожи, – аммо кўпчилик қўрбошилардан қочишиб, ўз оилаларига қайтиш ниятида эканлиги ҳам барчангизга аён. Менимча, уларнинг аксарият қисми, тинч-тотув яшаш мақсадида, ёки бола-чақасини кўриш ниятида келишяпти, чоғимда.
– Сиз буни қаердан биласиз? Улар билан тез-тез учрашиб турасизми? – сўради ИНКВД ходими?
– Йўқ, энди ҳарқалай, баъзи отахонлар сўраб туришади. Давлатнинг ярашиш тўғрисидаги битими бор, унга амал қилинармикан дейишади, – деди Мир Усмон ҳожи, – уйларига қайтиш истагини билдираётганлар кўп эмиш.
– Кўп эмишми, кўпми? – сўради ИНКВД ходими. – Яхши демак, орамизда ҳали босмачилик ҳаракати тарафдорлари қумлаб ётибди, сиздан илтимос, мулла ака, уларнинг рўйхатини берсангиз. Аниқроғи, ана шу рўйхатни тузишда кўмаклашсангиз.
– Энди ука, мен оддий бир мулламан, унинг устига мен бу ерлик эмасман. Кўпчиликни танимайман. Сиёсат билан шуғулланишни ислом дини рад этади. Менга тўғри келмайди.
– Сиз сиёсат билан шуғулланмасангиз, сиёсат сиз билан шуғулланади. Э, мулла, жоним омон қолсин десангиз, бизнинг таклифимизга кўнасиз. Бўлмаса... Тушунарлими? – сўради унга кўзини лўқ қилиб қаратиб ИНКВД ходими.
– Ахир, йўқ. Мен оддий бир кекса одамман. Болаларим кўп. Ундай ишларга аралаша олмайман.
– Шунақа денг, – деди унинг ёнида ўтирган қишлоқ кенгаши раҳбари. – Сиз Одилбек деган босмачини беркитиб юрган эмишсиз?
– Мен ундай одамни танимайман, – деди Мир Усмон ҳожи.
– Танимас эмиш, бешта отлиқ босмачини куни кеча сизнинг кўчангизда кўришибди, айтишларича ўша каззоб, босмачи сизнинг куёв болангиз бўлар эмиш...
– Ахир менинг болаларим, ҳали кичкина, унинг устига ҳаммаси ўғил бола. Учаласи ҳам ўғил. Э, иккитаси ўғил, – деди Мир Усмон ҳожи.
– Нима, ҳисобингиздан адашиб кетяпсиз, чоғимда? – сўради ИНКВД ходими.
– Йўқ, ҳаммаси ўғил, биттаси Жўрак қишлоғида қолган, – деди мулла ота.
– Э, шундай демайсизми, – деди қишлоқ шўроси раҳбари, – Меҳмон буви онанинг куёви, сизнинг куёвингиз эмасми? – Мир Усмон ҳожи жим қолди. Чунки Одилбек ҳақида эшитган, Меҳмон буви қизи Робияхонни турмушга чиқаргандан сўнг, унга розилик билдирган эди.
– Тушунарли, – деди ИНКВД ходими, – Жўракда ҳам хотин бола-чақа бор денг. Яхши унинг устига уйингизда босмачининг боласини ҳам боқаяпсиз, тўғрими? Ади-бади айтиб ўтиришга вақт йўқ. Бу унсурни қамаб қўйинглар!!!!
– Ўртоқ Тошматов, – деди қишлоқ шўросининг раҳбари, – бу одамни менга беринг, ўзим у билан тушунтириш ишлари олиб бораман.
– Қанақа тушунтириш, – деди ИНКВД ходими, – ундайларни шартта отиб ташлаш керак. Мулла ака, билиб қўйинг! Сизга ўйлаб кўриш учун бир сутка муҳлат бераман. Биз кетдик!!!
Улар мачитдан чиқишиб, отларига миниб жўнаб кетишди. Мир Усмон ҳожи уйга қайтиб келди. Уйда хотини Меҳмон буви Чимён буви билан гаплашиб ўтиришган эди. Мир Усмон ҳожи уйга кириб келиб саломлашгач, аста сўз бошлади.
– Опа, вазият ёмон, аҳвол чатоқ, – деди Мир Усмон ҳожи, – бугун мачитга ИНКВД ходимлари келишди. Синглингизнинг куёви Одилбекнинг кечаси уйимизга келганини кимдир кўрган экан, чоғимда, чақиб қўйишибди. Зудлик билан бугун тунда, бу ердан кўчиб кетмасак бўлмайди.
– Қаёққа кетасизлар? Жўракками?
– Энди Жўракка қайтгандан иш чиқмайди, – деди Мир Усмон ҳожи, – олисроққа кетадиганга ўхшаймиз. Мени Исфанада бир дўстим бўлар эди. У билан Мир Араб мадрасасида бирга таҳсил олганмиз, шу томонларга кетсакми, ҳайронман?
– Исфана деганингиз қайси томонларда, – сўради Меҳмон буви, бу Исфара томонда.
– Анча чет жой, бир неча йил, бу воқеалар ўтиб кетгунча, кетмасак бўлмайди.
Улар анча маҳалгача чекиб ўтиришди. Сўнгра Чимён бувининг ўн тўрт-ўн беш ёшлардаги Умрзоқ исмли ўғли кириб келди. У аравани қўшди. Меҳмон буви ўзига, чолига ва болаларга зарур бўлган кийим-кечакларни, буюмларни тугунларга тугди. Отасидан мерос қолган Қуръон китобини ҳам, Турсунбойнинг кийимлари устига қўйиб, тугди. Эрталаб ёпилган нонлардан, ўрик қоқилардан, магиз ва бошқа ширинликлардан яна бир халтага солди. Ҳамма ёқни қоронғилик босиши билан, улар йўлга тушдилар. Чимён буви синглиси Меҳмон бувини, Юсуфжонни, Турсунбойни маҳкам бағрига босиб, хайрлашди. Уларга оқ йўл тилаб дуо қилди. Умрзоқ аравани эски Араб қишлоғи томон ҳайдаб кетди. Улар Чимён адирлари бағрини кесиб ўтган йўл билан Олтиариққа яқинлашдилар. Киткон қишлоғи орқали Эски Арабга кириб боришди. Бу қишлоқда Мир Усмон ҳожининг ота уруғи Мулла Абдували деган одам истиқомат қиларди. У аравадан тушиб, дарвоза ёнига борди, занжирни бир-икки тортқилаб, овоз чиқарди.
– Абдували тоға, тоға, – деб Мир Усмон ҳожи, эшикни ичкари томонга қўли билан итарган эди, эшик очилди.
– Ким у, келаверинг, дарвоза очиқ, – ичкаридан эркак кишининг товуши эшитилди.
– Мен Мир Усмонман.
– Э, Ҳожи акамлар экан, – ичкаридан йигирма беш-йигирма олти ёшлардаги бир йигит чопиб чиқди. Унинг бўйи баланд, елкадор, келишган йигит эди.
– Мулла Абдували тоғамлар бормилар?
– Ие, келинг, келинг, – деб ҳалиги йигит, қучоғини очиб, унга қараб юрди, – мени танимадингиз, чоғимда, Ҳожи ака, мен Қирғизбой бўламан!
– Э, э, Қирғизбой, бу сизмисиз, – деб Мир Усмон ҳожи ҳам унга қучоқ очди. – Вой азамат-эй!
– Дада, дада, – деди Қирғизбой, ҳовлига қараб, – Мир Усмон ҳожи акамлар келдилар!
– Қадамларига ҳасанот, келинг, келинг, – деди Мулла Абдували тоға, – Мир Усмон ҳожи, қани ичкарига! Қирғизбой арава устида, икки болани бағрига босиб ўтирган Меҳмон буви ёнига келиб, саломлашди. Юсуфжонни кўтариб аравадан тушириб ерга қўйди, аравадаги буюмларни, тугунларни олиб, дарвоза ичкарисига ташиб кирди. Сўнгра ухлаб ётган Турсунбойни кўтариб олиб, ҳамма ичкарига кирди. Дарвозадан ичкарига киргач, аввал ёнида, юзидаги паранжисини юқорига кўтариб, уй ичидан чиққан аёллар билан кўришди. Мир Усмон ҳожи Абдували тоға билан қучоқлашиб кўришдилар. Шу пайт бомдод намозига азон чақирилди!!!
– Бомдод вақти бўлибди-ку, – деди Мулла Абдували тоға. Унинг эгнида мисириш тўн, белига тўрт қатор чорси боғлаган. Елкасига қора чакмон ташлаб олган эди. У киши басавлат, юзлари оппоқ, соч-соқол