БУГУНГИ КУНЛАР
ЎЗБЕК ҲАЛҚИНИНГ АСЛ ФАРЗАНДИ,
ШОИР МУҲАММАД ЮСУФ ТАВАЛЛУД ТОПГАН
КУН МУНОСАБАТИ БИЛАН
ДАДА ЗАФАРНИНГ “БУГУНГИ КУНЛАР” РОМАНИДАН ПАРЧА
«МОНОЛОГ ВА ДИАЛОГЛАР…»
…Жамғарма ҳам олдингидек эмас. У иқтисодий таназзулга учраган.Барча ҳодимлар ишдан бўшаб кетишган. Бугунги кунларда бу идоранинг раиси ҳам, қоровули ҳам Отабек. Маош олмай ишлайдиган ягона ҳодим.У бир умр ишлаб, бирор марта ҳам меҳнат таътилига чиқмаган. Бирор марта ҳам дам олиш, сайри саёҳат, сиҳатгоҳ нималигини билмабди ҳам.У оила тебратиш учун уч тўрт сўмни ўқитувчилик фаолияти билан топар эди. Икки уч йилдирки, у Тошкент Маданият коллежида ”Драматургия асослари ва сценария ёзиш маҳорати” фанидан дарс бериб келяпти. Ҳарқалай, Шароф Бошбеков каби драматург бўлмаса ҳам оммавий байрамлар матнини ёза олади.
Бугун ҳам дарс чўзилгандан чўзилди. У “Монолог, диалог” деявериб, ўқувчиларни безор қилиб юборди. Унинг устига Отабекни синф ташқарисида бир неча киши зор бўлиб кутиб туришибди. Улар у ёқдан бу ёққа юришар, қани энди имкони бўлса, уни нимталаб ташлашса. Бу одамларнинг нафрати шунчалар тошиб турса ҳам, хеч нарса қилиша олмайди. Ахир, пулларига куйиб қолишсинми? Улар ҳорижга бориб ишлаш ниятида Отабекка пул беришган. У эса Риқсихонимга ишониб, шу фалокатга илашиб қолган.
Ё уларнинг иши битмайди, ёки маблағларини қайтариб олишолмайди. Дардисар, тузалмас дард! Билиб билмай ўртакаш бўлиб қолган Отабек эса “ўзи емаган” сомсага аллакачон пул тўлай бошлади. Бугун у коллеждан маош олган эди. Энди у ҳам “меҳмонлар”га сарифланадиган бўлди.Уйга яна қуруқ боради. “Кафил турма, кафансиз қоласан!” дегани шу. Кечаю кундуз тиним йўқ. Бир оёғи Ризқихоним Осмонованинг уйида. У иш битириш ўрнига важи карсон топиш билан банд. Отабек ҳам, унинг ортидан анчагина қоракўзлар ҳам сарсон. Отабек деганларини шунчалар лаҳма ва ландавур деб ўйларсиз. Унчалик эмас. Ахир у “опа”га жуда ҳам ишонади. Юқори лавозимда ишлайдиган Саъдулла Ғайбуллаевнинг айтишича, давлат мулозими Ризқихоним Осмонова ёрдамида ўнлаб одамлар Англияга сафарга, гостролга боришиб, кўп йиллар давомида доллар, фунтлар ишлаб юришган эмиш.
– Опа, ишимиз қачон битади? Ўлсам, ўлиб бўлимку, деди Отабек юрагини чангаллаб.
– Сабр қилинг, деди Ризқихоним, яна озгина!
– Яна бир оз, денг-а? Уйга бора олмай қолдим. Пул берганлар йўлимни пойлашиб безор қилишди. Оиламнинг ҳаловати бузулди. Бирор жойдан ижарага уй олиб, ўша ерда турмасам, болаларим қўрқиб кетишяпти. Одамларнинг важоҳати ёмон! Унинг устига, улар уйимизга кириб, ётиб олишяпти. Ҳудо урди, опа! Бир оз фойда кўраман деб, қарз гирдобига кириб кетяпман. Қишлоқлардан йиғилиб, ҳорижга ишга отланганларга Тошкентда ётоқхона, озиқ–овқат ва бошқа шароитлар яратиш учун чимқимлар ҳам меннинг гарданимда. Чимёнлик Ғайрат ва унинг шериклари Паркент бозорида туршак сотишар экан. Улар ҳам ҳорижга кетишни кутиш баҳонасида менинг ҳисобимдан уч минг долларлик маблағимни қийдилар, яна берган пулларини олиб кетишди ҳам. Ҳатто уларнинг ишлари битиб, кейинчалик Кореяга ишлагани жўнаб кетишган экан. Менинг бошимда шу кўргуликлар ҳам бормиди? Опа, тезроқ қутқаринг!
– Ижарага уй олиб зўр иш қилибсиз! Энди ўзингизга келибсиз, деди Ризқихоним.–Ҳорижга борувчиларнинг хужжатларини ҳам ўша ерга олиб бориб, яшириб қўйинг. Кўздан нари бўлади!
– Нега ундай деяпсиз? Иш битмаслиги ҳам мумкинми? Демак, бу фаолиятимиз жиноий харакат эканда? Бугун қандай қилиб дарс ўтганимни билмабман ҳам! Опа мени қўрқитманг! Кеча куни билан пул берганлар, мени қочиб кетмасин деб синфхона эшиги ёнида дарсим тугашини кутиб туришди. Дарсда ҳаёлим жойида бўлмай “монолог” билан “ диалог”ларни чалкаштириб юборибман.
– Ё тавба, – деди Рисқихоним хохолаб кулар экан, – эркак киши ҳам шунчалик қўрқоқ бўладими? Дадил бўлинг! Ҳали олдинда ишларимиз кўп! “Монолог”ингиз билан менинг бошимни қотирдингиз, энди боринг, “диалог”ингизни клиентларимиз билан давом эттиринг!
Отабек ана шу воқеаларни ўйлаб, ижарага олинган уй томон йўл олди. Аммо унинг нафаси сиқилиб, йўл четида ўтириб қолди, кўнгли беҳузур бўлиб, борган сари унинг аҳволи ёмонлаша бошлади. Унга кўзи тушган йўловчиларнинг баъзилари маст одам деб ўйласалар, бошқалари эътибор ҳам бермай ўтиб кетишяпти.
Вақт алламаҳал бўлишига қарамай, бу кўчада йўловчилар кўп. Кичик автбусларнинг сўнгги бекати ҳисобланувчи бу боши берк кўча “Буюк ипак йўли” метро бекатига қимти жойлашган эди. Авваллари уни Доғистон кўчаси деб аташар эди. Эндиликда унга истиқлол куйчиси, шоир Муҳаммад Юсуф номи берилган. Ҳа, ана шу улуғ шоир Отабекнинг яқин дўсти эди. Катта ҳарф билан ёзиладиган инсон эди у. Ҳудо раҳмат қилсин! Улуғ бахт, оғир тақдир, бу сўзлар шоирларнинг ҳаёти ҳақидаги қисқа тариф.
Шоир Муҳаммад Юсуф билан Отабек ўртасидаги самимий дўстлик, ижодий ҳамкорлик “қайта қуриш” йилларида бошланган эди. “Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари” кўрсатувида “Бухорога лайлаклар келди” деб номланган телевизион очерк кўрсатилади. Айнан шоирнинг ана шу номдаги шеърини ҳонанда Маҳмуджон Азимов куйлаган бўлиб, мавзу ўзининг бори йўғини советларга топширган, сталинчилик катағонига учраган азиз инсон ва халқ фарзанди Файзулла Ҳўжаевнинг армонли тақдири ҳақида эди.
Шоир Муҳаммад Юсуф ўз шеърида “Бухорога лайлаклар келди, ўзингиз қайдасиз Файзулла бобо? - дея унинг руҳига мурожаат қилса (ҳонанда ҳам), Журналист Отабек Юсупов эса ўтган асрнинг саксонинчи йиллари телемуҳбири сифатида йигирманчи йилларнинг давлат ва партия арбоби, халқ фарзанди Файзулла Ҳўжаевга мурожаат қилади. Бу образни Ўзбекистон халқ артисти Ёқуб Аҳмедов ижро этади. Ўша замонларда халқимиз дарди-армонларини айта олмай, қатағон, айтиш жоиз бўлса қатлиом қилинган азиз инсоннинг кечинмалари орқали мавзуга ечим топилади. Унда монолог ва диологлар замон ва маконларни бирлаштириб юборади ва кўрсатув ҳам таъсирли, ҳам ишонарли чиқади. Бу уч ижодкор томонидан ана шундай шакл ва шамоил Мирзо Улуғбек тақдири ҳақидаги лавҳада, “Самарқадга борсам мен агар…” дея номланган олдинги кўрсатувларда ҳам кўлланилган эди. Аммо Муҳаммад Юсуфнинг “Бухорога лайлаклар келди” деб номланган шеъри ва ушбу шеър асосида яратилган қўшиқнинг авжи “Сизни отганлар ким?”, “Сизни сотганлар ким?” саволига қўйилган эди. Айнан шу авжнинг видеотасвирдан қирқиб ташланиши, аниқроғи, телевидение раҳбарияти томонидан кесиб ташланиши умумий композицияга зарар келтиради. Маҳмуджон Азимовнинг бу қўшиғи “Самарқандга борсам мен агар” қўшиғи каби муваффақият қозонмайди. Отабек ҳам ижодкор сифатида буни яхши тушунган, аммо қўшиқ кесилмаса, кўрсатув бутунлай олиб ташланиши ҳақида уни огоҳлантирадилар. Кўрсатув намойиш этилгач, аввалгидек, бу муваффақият билан ижодкорларни қутлайдилар. Аммо “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида “Қўшиқкесарлар” деб номланган танқидий мақола чоп этилишига қарамай, ушбу кўрсатув ҳар учовлон ижодкорга ҳам шуҳрат келтирди. Бугунги кунларда ҳар уччала ижодкорнинг тақдири барчангизга маълум.
Жамғарма гуллаб-яшнаган пайтда ажойиб анъана бор эди. Ижод аҳлининг, оддий кишиларнинг таваллуд кунларини нишонлашга идора ҳомийлик қиларди. Апрель ойида юртимизнинг бир қатор таниқли кишилари билан биргаликда жамғарма фаолларини ҳам шарафлар эдилар. Улар орасида архивчи Ҳанифахон, ҳисобчи Зоя опа, адабиётшунос Норбой ака, шифокор Одилбек, олим ва даҳо Абдуқаҳҳор Шукурий, жамғарма раиси Отабек, бастакор Муҳаммаджон Шокиров ва ниҳоят, хатлар бўлими мудири Муҳаммад Юсуф ҳам бор эди. Кейинчалик шоир ишга келмай қўйди. Бир куни келиб ариза ёзиб кетибди. Ҳатто маошини ҳам , ишламаган тишламайди, деб олмабди ҳам. Котиба унинг таваллуд куни муносабати билан табрик дастхатини ёзиб ўтирган экан, раисингизга ҳам тилакларим бор, келинг ёзиб бераман, дея дастхат қолдирибди. Отабек бу дастхатни негадир яна эслади. Бу монологми, диалогми? Коллеж талабаларига нима деб тушунтирсам экан, деб ёнида олиб юрган эди. Лекин уни ўқиб бериш ёдидан чиқибди. Отабек уни ёддан билади.
Нима айтай, нима дей?
Ёғар сўзлар шодаси.
Салом сенга танти, Эй!
Йигитларнинг Додаси.
Элинг ташна сўзингга,
Сендан келар садодан.
Сен юртга соғ, ўзингга,
Ризқ ёғилсин Худодан!
Апрель ойининг об-ҳавоси ҳам беқарор. Яна ёмғир шивирлай бошлади. Йўл четида юрагини чангаллаб, хаёл суриб ўтирган Отабекнинг юзига осмон булутлари сув пуркарди. У баҳор ҳавосидан тўйиб нафас олди. Бироз ўзига келгач, яна хаёллар гирдобига ғарқ бўлди. У Муҳаммад Юсуфнинг шеърларини овоз чиқариб ўқир, гўё у билан суҳбатлашаётгандай эди.
Шоир дўстим нима дей?
Ўзинг йўқсан сўзинг бор.
Раҳмат тилаб, тўлдирай,
Сўнмагай юлдузинг бор.
Шеърият осмонингдан,
Мангу салом йўлларсан.
Ажралсангда жонингдан,
Умр тилаб қўлларсан.
Эй, дўстим, савоб ишнинг,
Бағри тешик бўларкан.
Шу тешикдан ташвишнинг,
Ниши кўксинг ўяркан.
Ёғар сўзим шодаси,
Беҳидек оқиб кетди.
Йигитларнинг Додаси,
Ғамлардан чўкиб кетди.
Сен-ку олис фалакда,
Юлдуз бўлиб порлайсан.
Мисраларинг даракда,
Қад кўтар, деб чорлайсан.
Яқинда Отабек шоир дўстининг рафиқаси билан “Муҳаммад Юсуф” жамғармасини ривожлантириш борасида суҳбатлашган эдилар. Унга бир янги ғояни таклиф қилган эди. “Буюк Ипак йўли” метросидан Паркент бозоригача чўзилган шу кўчанинг узунлиги бир ярим чақиримни ташкил этади. Муҳаммад Юсуф кўчасини сайлгоҳ қилиш таклифи билан шаҳар ҳокимиятига мурожааат қилиш зарурлигини у Назира Ас–Саломга тушунтирган эди. Бу кўчада савдо расталари, китоб дўконлари қуриш мумкин. Турли санъат ва маданият кўргазмалари ташкил этиш, сайёҳлик буюмлари бозорини ташкил қилиш, болалар учун мўлжалланган кўнгилочар ўйингоҳлар уюштириш мумкин. Шунда бу ерга ўн минглаб одамлар ошиқадиган бўладилар. Турли мавзуларга бағишланган маданият ва мусиқий анжуманлар, адабий учрашувлар мухлисларни оҳанграбодек ўзига тортади. Бу масканга бироз маблағ тўлаб кирилса, ундан тушган даромадлар яна шаҳар ободончилигига ва ижод аҳлини қўллаб–қувватлашга сарфланиши мумкин. Отабек Назира Ас-Салом билан биргаликда ана шундай эзгу ниятларни кўзлаган эдилар, аммо Отабекнинг вақти бўлмади. У ёмон ишга аралашиб қолиб, тинчини йўқотди, боши ғавғога қолди. Жамғарма фаолияти ҳам таназзулга учради.
Отабек ўрнидан туриб Муҳаммад Юсуф кўчаси бўйлаб борар экан, ана шу воқеалар хаёлдан ўтарди. Унинг боши айланиб, йўл четига йиқилиб тушди. Икки қўлини тираб, ўрнидан туришга ҳаракат қилди, лекин кўксидаги оғриқ янада қаттиқроқ санча бошлади. Энди унга баърибир. Монолог билан диологни ажрата олмас, ҳаёлан шоир дўсти билан суҳбатлашар эди.
Муҳаммад Юсуф:
Ёмон кўз тош ёрар дер,
Ёмон дўст бош ёрар дер.
Ёмон эркак тўй бузар,
Ёмон кўз уй бузар дер.
Ёмон бўлса йўлдошинг,
Бор бахтинг ҳам тўзар дер.
Отабек:
Кўзи ёмон кўп экан,
Сўзи ёмон кўп экан.
Кўксингга тиғ урган ким,
Зимистонда турган ким?
Муҳаммад Юсуф:
Ўрдак учди, кетди,
Мунғайиб қолдим.
Ҳайратим олиб кетди,
Қанотида у.
Ким мени алдаса
Худога солдим,
Майли алданмасин
Хаётида у.
Қолдим кул кўрпамда,
Тўшагим тупроқ.
Юмалаб ётаман
Илонлар билан.
Уларга ишондим,
Бир ёрдан кўпроқ.
Илон чақар,
Аммо гапирмас ёлғон.
Менинг кимлигимни
Билмайли ҳеч ким.
Мен бир ғалатиман.
Мен алоҳида.
Кийиклар қонини
Келади ичгим.
Чаённи чайнагим
Келар гоҳида.
Отабек:
Бугунги кунларда
Илонлар қочди.
Одамлар заҳридан
Қолмади чаён.
Капалаклар
Сиз билан кетди.
Ким–кимлигин
Билмайсиз аён.
Менинг ҳам кимлигим
Билмайди ҳеч ким.
Бойлар алоҳида,
Мен алоҳида.
Дунё фирибларин,
Келади ёққим
Пулларни чайнагим,
Келар гоҳида.
Муҳаммад Юсуф:
Боқ бу ёруғ оламга,
Кимлар зўрға кун кўрар.
Одамлар бор боғдаги,
Булбулдан ҳам пул сўрар.
Киприкдан ҳам қисқадир,
Молу дунё йўллари.
Ибрат бўлсин Искандар,
Очиқ кетган қўллари.
Отабек:
Кўпни ўйлаб адашган,
Сарбон бўлмаган яхши
Адашганга эргашган,
Карвон бўлмаган яхши.
Аллоҳпаноҳ, йўл топай,
Манзилга етсин карвон.
Шоир дўстим, айланай,
Йўлим этмишсиз равон.
Отабек юрагини маҳкам чангаллаганича ўрнидан турди. У хансираб–хансираб нафас олар, кўнгли беҳузур бўларди.Бир неча йўловчи машинани тўсди. Аммо уларнинг бирортаси ҳам тўхтамай ўтиб кетишди. Бир амаллаб, ёнидаги телефонини олиб, тезёрдам хизматига қўнғироқ қилди. Сўнгра уйига, болаларининг онаси Ферузабонуга қўнғироқ чалди.
– Алло Ферузабону, – деди Отабек бор кучини йиғиб. – Юрагим ушлаб қолди.
– Қаердасиз, ёнингизда ким ким бор?
– Муҳаммад Юсуф кўчасидаман, ёлғизман.
– Сиз менга қулоқ солинг, қимирламай ётиб олинг, қисқа-қисқа нафас олинг, иложи бўлса ҳаракат қилманг, ҳозир етиб бораман!
– Оввора бўлманг. Унда такси чақиринг. Манзилни айтмасангиз келмайди.
– Ёнингиздаги уйларнинг рақамини айтинг.
– Ҳозир, тўғри, – деди Отабек, атрофга назар ташлар экан. У икки қаватли уйлардан бирининг дарвозасида “54”рақамини кўрди.
– Ферузабону, Муҳаммад Юсуф кўчаси, 54.
– Ҳозир мен чақираман, қимирламанг. Бир неча дақиқадан сўнг, бекатга “Экспресс такси” келиб тўхтади. Отабек аста машинага ўтирар экан, таксичи унга юзланди.
– Муҳаммад Юсуф, эллик тўртми?
– Ҳа, эллик тўрт. – Отабек ҳайратдан кулиб юборди.
– Тинчликми?
– Бугун шоир дўстим Муҳаммад Юсуф ҳаёт бўлганида эллик тўрт ёшга кирар эди, иккаламиз ҳам эллик тўртинчи йилда туғилганмиз.
– Тушунарли. – Машина эски шаҳар томон йўл олди. Отабекнинг ҳаёлидан яна турфа хил воқеалар ўтарди. Машина ойнасидан унинг димоғига енгил ва ёқимли ҳаво урилгач, у анча ҳузур топди. Юрак оғриғи тарқади, аммо онда сонда у аста санчиб қўярди…
Негадир ўша Баҳодирнинг таваллуд куни ўтказилган кеча қайта–қайта унинг ёдига туша бошлади. Отабек худди ўша куни юрак оғриғини орттириб олган эди.
– Мана, шу қаҳвахонани сотиб олдим, – деди Баҳодир ўшанда. – Бу ерда Жиззах сомсасини тайёрлаб хўррандаларга сотишни мўлжаллаб турибман. Мана кўринг, татиб кўринг, баҳосини берасиз.
– Раҳмат, ўҳоо, бу жуда каттаку, роса ярим кило келади-я, – деди Отабек. – Бу Тошкент шаҳри учун янгилик!
– Менинг соғлиғимга, қани олинг!
– Раҳмат, соғ бўлинг, болаларингиз бахтига юзларга киринг!
– Зоҳиджон, Отабек акамга қараб ўтиринг.
– Ҳўп бўлади!
– Қани қадаҳларни кўтардик! Донишмандлар айтадиларки, биринчи қадаҳ билан иккинчи қадаҳ ўртасида узилиш “пауза” бўлмаслиги лозим, –деди Зоҳиджон исимли йўғон киши. Отабек Қаҳрамонга кўзи билан имо қилди. У ҳам тушунгандай, қадаҳни сув билан алмаштириб қўйди. Кеча давомида у оддий сув ичиб ўтирди. Бирдан Қаҳрамон кўринмай қолди. Отабек Камолиддинни имлаб ёнига чақирди.
– Қаҳрамон қани?
– Уйига кетди.
– Нега?
– Билмадим, чақиртиришибдию.
– Қайтиб келармикан?
– Ярим соатда қайтаман,деди.
– Камолиддин, негадир мен беҳузур бўлаяпман, –деди Отабек боши айланиб. – Мени ташқарига олиб чиқинг. Улар қаҳвахонадан ташқарига чиқишди.
– Ука, қўл-оёғим дармонсизланиб, бўшашиб кетаяпман, –деди Отабек Камолиддининг елкасига ёпишиб. Унинг қўллари бўшашиб, Камолиддининг елкасидан сирғалиб тушди. Оёқлари эса бўғинидан узилиб кетгандек, йиқилиб, у асфальтга тиззалаб қолди.
– Мен маст эмасман, демоқчи бўлдию, аммо унинг овози чиқмади.
– Озроқ ичиш керак эди, –деб Камолиддин Отабекни силтаб ташлади. У юзи билан қаҳвахона олдидаги гулзорга қулаб тушди. Отабек маст эмаслигини, унга нимадир ичириб юборилганлигини айтишга кўп уринди. Сўнгра “мени уйга олиб бориб қўйинглар” демоқчи бўлиб оғиз жуфтлади, аммо “уй”, деган сўздан бошқа унинг овози чиқмади. У ақлини йўқотган эмас, ҳамма нарсани равон сезиб турар, аммо Отабекнинг қаршилик кўрсатишга мадори етмас эди. Камолиддин уни ўрнидан турғазиб, яна қўйиб юборди. Энди Отабек орқаси билан йўл четига тўкиб қўйилган шағалга йиқилди. Шу пайт қаёқдандир Қаҳрамон кўринди.
– Мен ярим ярим соатга уйга бориб келдим, шу вақт ишида шунга ҳам ичиб қўядими, одам-а, –деди Қаҳрамон афсусланиб.
– Йўқ-йўқ,–деди Отабек, кейин “уй” деди. Қаҳрамон Нексиясини ҳозирлади. Камолиддин билан биргаликда уни уйига олиб боришди.
– Камолиддин ука, нима бўлди,–деди Ферузабону. – Шунча ичгунларигача қараб турдингизми?
– Бир минутга чиқиб кетган эдим. Баҳодир ниманидир ичириб қўйганга ўхшайди, –деди Камолиддин.
– Мен нега сизларни қўшиб юборган эдим, –деди Ферузабону уларни койиб.
– Мен ароқ ўрнига сув ичириб ўтирган эдим, –деди Қаҳрамон.
– Акангизга қарасангиз бўлмасмиди?
– Кенная, мени бироз ишим бор, бормасам бўлмайди, агар ўзини ёмон сезса мени чақиринглар. Улар иккаласи безовта бўлиб, уйдан чиқиб кетишди. Отабек ошхонадаги диванга ўтирди. Ферузабону қатиқ ичирди. Сўнгра чой содаси аралаштирилган сув берди, қон босимини ўлчади. Бироз ўтгач, у қайд қилди, кўзлари аста очила бошлади.
– Хоним, дўхтир чақиринг, –деди Отабек, ғалати бўлиб кетаяпман.
– Дўхтир чақирсам, шарманда бўласиз.
– Нега?
– Ичгансиз-ку?!
– Ахир ичганим йўқ, сув ичиб ўтирдим. Бир–икки рюмка лабимга теказган бўлсам маст бўламанми?
– Босимингиз тушиб кетибди.
– Неччи?
– Саксонга қирқ.
– Ўлаяпман чоғимда?
– Ўлмайсиз, –деди Ферузабону. –Ароқ ичиш шунақа бўлади!
– Мени заҳарлаб қўйишибди, чоғимда?
– Баҳодирми?
– Билмадим.
– У бундай қилмаса керак, –деди Ферузабону. – У ўзига муаммо туғдирмас?
– Унинг ўн етти минг доллар қарзи бор, Қаҳрамонники ҳам бор. Яна бошқа шерикларимдан ҳам бу мудхишликни кутиш мумкин. Эсингиздами, Муҳаммад Юсуф билан биргаликда Марҳаматга борганимиз? Иккаламизни туппатузук меҳмон қилишди. Муҳаммад Юсуф Марҳаматда, ҳайдовчимиз Қудрат билан мен Андижон шаҳар юқумли касалликлар шифохонасида бир неча кун ётиб чиқдик. Ўшанда меҳмонга бориб, йўқолиб қолган эдик-а? Бу сафар ҳам бир фалокат бошимиздан ўтди-да!
– Кейинги пайтда топган одамларингизнинг кўпчилиги имонсиз, эҳтиёт бўлинг! Эҳ, сиз, қандай одам эдингиз, ким бўлдингиз! Балоларга йўлиқдингиз – ҳаммасига ўзингиз айбдор! Рисқихоним Осмоновангиз ҳам бир балони бошламаса, деб қўрқаяпман!
– Ундай деманг, ахир яхши одамлар ҳам борку? Ундай десам, кўзга кўринган, машҳур одамларнинг атрофида ҳамиша бачкана, фирибгарлар ўралашар экан, улар тилингизни қисиқ қилиб олиб, сизнинг обрўингизни, машҳурлигингизни ўз нафси учун қурбон қилар эканлар. Энди бироз дам олай, яна юрагим санчиб қолмасин. Сизнинг диологларингиз жуда оғирда, Ферузабону, яна монолог бўлиб ўтирмасин.
– Қон босимингиз паст. Инфаркт эмас, лекин бу ҳам оғир асорат қолдиради, ўзингизни эҳтиёт қилинг, –деди Ферузабону.
– Отабек машинада борар экан, ўша кунги воқеани ўзича таҳлил этарди. Бундай хоинликни ким қилганига ақли етмасди. Лекин барибир, у ўзига яқин санаган одамлар орасида ёлғизланиб қолмоқда эди. Ҳар қадамда алдов, ҳар қадамда ҳиёнат уни таъқиб қиларди. Ҳайдовчи унинг юзига қараб, соғлиғи ёмонлигини сезди шекилли, “ тинчликми?”деб сўради.
– Тинчлик. Бироз юрак қурғур безовта қилди.
– Юракни асраш керак, ака!
– Ҳа, ҳар ким ўзини асрамаса, ҳозир биров унга мурувват кўрсатмайди.
– И-е, овозингиз таниш, кимсиз, – деди ҳайрат билан ҳайдовчи. – Танидим, Отабек ака, тележурналист. Ҳа, халқ қаҳрамони, Ватан ўғлони!
– Э, у кунлар ўтиб кетди, ука. Шоир дўстим Муҳаммад Юсуф айтганидек:
Ўтган кунинг ўтган кундир,
Ўз бошингга етган кун.
Қодирийни берган замин,
Қодирийни сотган кун.
Қўлин боғлаб, дилин доғлаб,
Етаклашиб кетган кун.
Воҳ! Болам деб айтолмаган,
Дудуғимсан, Ватаним!
– Ҳа, Муҳаммад Юсуф зўр шоир эди. Бугун Истиқлол саройида унинг ҳотирасига бағишланган кеча ўтказилибди. Бир-икки йўловчи гапириб берди. Концерт жуда яхши бўлибди.
– Маҳмуджон Азимов ҳам қатнашибдими?
– Йўқ. Уни таклиф қилишмабди.
– Сиз ҳам шеър ёзар эдингиз, чоғимда.?
– Ҳарқалай, машқ қилар эдим.
– Телевизорда зўр ўқир эдингиз, бир эшитайлик!
– Ҳозир ҳаёлимга келган ушбу мисралар дўстим Муҳаммад Юсуф ҳотирасига бахшида бўлсин.
Ўтган куним, ўтган кундир,
Қодирий ҳам кетган кун.
Бугунги кун уни қумсаб,
Сиз сўроқлаб етган кун.
Эртанги кун Аллоҳники –
Биз йироқлаб кетган кун.
Болаларин асролмаган,
Ҳур буғимсан, Ватаним!
Дадахон ЁҚУБОВ - Ўзбекистон санъат арбоби, тележурналист.