ИБРАТ СОҲИБАСИ


   Устозим Адиба Мансурхон қизи ҳақидаги хотираларимни гапирар эканман, аввало, ҳар бир талабага оналарча самимият ва меҳр билан қарашларини,  улар билан эринмасдан иш олиб боришларини кўп эслайман. Талабалар дарс давомида бирозгина шовқин қилсалар, устоз ўринларидан турардилар-да, талабаларга қарата: “Илоҳим, сизлар ҳам мендек ўқитувчи бўлинглар, сизларни ҳам ўқувчиларингиз мана шундай шовқин қилсинлар”, – дея мулойимлик билан койиган бўлардилар. Шундан сўнг  ҳамма жим бўлар, устозимиз дарсни давом эттирардилар.
  “Оммавий байрамлар режиссёр-ташкилотчиси” йўналишига ўқишга кирганимда режиссёрлик касби ва унда ўтиладиган фанлар ҳақида тўла маълумотга эга эмасдим. Режиссёрлик касби, актёрлик маҳорати учун керакли фанлардан биттаси – бу “Саҳна нутқи” фани эди. Ушбу фан сирларини устозим А. Носировадан ўрганишга ҳаракат қилдим: ифодали ўқиш, бадиий ўқиш, ижро этиш маҳоратини ўргандим. Дарс давомида устозимиз нутқ техникаси, нафас, овоз тарбиясига оид турли мажмуавий  машқлар бажартирибгина қолмай, талабаларни мустақил ижод қилишга, манзаравий тасвирий парчалар, ҳикоялар ёзишга ўргатарди. Устознинг йўл-йўриқлари асосида илк маротаба “Тонг” деб номланган манзаравий ҳикоя ёздим.
  Бир гал дарслар тугагандан сўнг устоздан А. Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романидаги Кумушнинг Отабекка ёзган мактубини монолог сифатида ижро этишни ўргатинг, деб борганимда, менга табассум билан қараб турдилар-да: “Қизим, бу мураккаб жараён. Сиз ҳали биринчи курс талабасисиз, сиз билан  аввал кичик манзаравий матнлар, ҳикоялар, шеърлар, масаллар устида ишлашимиз керак. Ана ундан кейин биз тарихий драмаларга ўтамиз”, – деб тушунтирдилар. “Агар чин дилдан шу монологни ишламоқчи бўлсангиз, дарсдан кейин бўш вақтингизда келинг, бирга ишлаймиз”, – дедилар. “Саҳна нутқи” фанида ҳам шу монологни ижро қилиб бердим. Шунда А. Носирова: “Ижро маҳоратингиз яхши, лекин сиз билан алоҳида шуғулланиш керак, дарсдан кейин қолинг, сиз билан ишлаймиз”, – деб қолдилар. Дарсдан кейин олдларига бордим. Қўлларида  А. Қодирийнинг  “Ўткан кунлар” китоби, айнан ўша бетини очиб мени кутиб олдилар. Шунда англадимки, устоз ғоятда талабчан ва масъулиятли эканлар. Ушбу матн устида ишлаш жараёнида мени овозимни, нафасни тўғри олиш ва йўналтиришим кераклигини, артикуляция, тил, жағ, лабларни равон ишлата олишни ўргатдилар. Аввал кичик матнлар, тез айтиш, манзаравий парчаларни ўқитиб, кейин мураккаб жараёнга ўтардилар. Ҳар гал тайёргарлик кўришимиз учун янги машқлар ўргатардилар. Мен баъзан “Нима кераги бор, монологнинг ўзини ишлайверсак бўлмайдими?”, – деб қўярдим. Ижро давомида англадимки, дастлаб овоз йўлларини очиб, нутқ техникаларини чархлаб олиш керак экан. Ана шунда ижодий ижро маҳорати сайқалланиб боради.
   Монолог устида ишлай бошлаган давримизда тушуниб етдимки, монологни шунчаки ўқиш керак эмас. Биргина монологнинг ўзида ҳис-ҳаяжон, нафрат, киноя, кесатиқ, меҳр, вафо, муҳаббат тушунчаларини ҳис қилиб ўқиш керак экан. Сентябрь ойидан бошлаб ишлаган монологимиз апрель ойида А. Қодирийнинг таваллуд кунига тайёр бўлди. Устозим А. Носирова менга монологни энди катта саҳнада ижро этишим мумкинлигини айтдилар. Ижром барчага манзур бўлди. Кумуш монологини тўрт йил давомида, институтни тамомлагунимча қайта ва қайта ижро этдим! Бундан ўзим ҳам завқланардим.
   Кейинчалик биз А. Носирова билан Ёқутхон Акрам қаламига мансуб “Телбалик бахти” ҳикоясини, А. Ориповнинг “Аёл”, “Тийран кўзлар” шеърларига композиция яратдик, М. Юсуфнинг “Ватан” шеърини, Х. Худойбердиеванинг “Бегим, сизни табиат” шеърларини ва яна бир қанча дастурларни ҳам ана шундай талабчанлик билан ишладик.   
  А. Носирова каби фидойи, ўз касбининг устаси бўлган устоз қўлида таҳсил олганимдан фахрланаман ва мамнунман.
   Устозим Адиба Носированинг нутқ техникаси, саҳна нутқи ва жонли сўз санъати йўналишида барпо қилган санъат мактабларини биз каби шогирдлари давом эттирибгина қолмай, Устознинг ёрқин хотираларини қадрлаб, эъзозлаганча, Устозга муносиб издош бўлишга ҳаракат қиламиз.
    Қуйидаги мисралар Адиба опа ва шу каби устозларга миннатдорлик туйғусидир:


УСТОЗ

Қачон пайдо бўлмиш улуғ одамзод,
Шундан дунё юзи бўлмоқда обод.
Илм деб аталмиш буюк қасрга,
Ҳамиша шоҳ эрур мураббий Устод.

Эй, улуғ устозлар, ҳурматда сизлар,
Қаршингизда доим таъзимда бизлар.
Сизнинг таърифингиз сиғмас оламга,
Табриклаб сизларни Садоқат сўзлар.

Арасту аталгай устози аввал,
Муаллим сонийдир даҳо Форобий.
Беруний, Навоий, Бобуршоҳ, Темур,
Барчаси ҳам бизга устод – мураббий.

Лек осон бўлмаган донишларга ҳам,
Илмсиз нодондан етган жароҳат.
Ақл чироғида топади барҳам,
Илмнинг қасрига келган ҳар офат.

Устозга хиёнат  – юртга хиёнат,
Шогирдлар қалбида бўлсин диёнат.
Устозга содиқлик юртга содиқлик,
Бор бўлсин доимо шу улуғ ният.

Шундай ҳикмат бордир она халқимда,
Устозни атарлар – отадай улуғ.
Илм чўққисини забт этиб бир-бир
Шогирдлар айласин юзингиз ёруғ! 


Садоқат ЭРМАТОВА.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот