Илмира Раҳматуллаевага табрик
Cанъатшунослик фанлари номзоди, тележурналист ва моҳир педагог - Илмира Раҳматуллаевани таваллуд топган куни муносабати билан чин қалбимиздан муборакбод этамиз! Илмира Раҳматуллаевага мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ижодий ва ижобий ютуқлар тилаймиз!
Умр йўлдоши, публицист, шоир, таржимон - Карим Баҳриев билан бахтли ҳаёт кечиришини тилаб қоламиз!
Камоли эҳтиром ила - Muzaffar.uz сайтининг ижодий жамоаси.
Маълумот: Ильмира Назруллаевна Раҳматуллаева 1966 йилнинг 9 Август куни Тошкент шаҳрида туғилган. 1988 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎЗМУ)нинг журналистика факультетини имтиёзли диплом билан тугаллаган. Меҳнат фаолиятини 1988 йили Ўзбекистон Телевидение ва Радиоэшиттириш Давлат Қўмитаси (ҳозирги ЎзМТРК) да бошлаган. “Ўзбекистон”(1988-1997), “Тошкент”(1997-1998), “Ёшлар”(1998-2012), “Маданият ва маърифат” (2013 йил 1 январдан буён) телеканалларида фаолият юритган.
Ильмира Раҳматуллаева замонавий ўзбек миллий телевидениесининг кўзга кўринган вакилларидан биридир. Унинг “Бу мунис лаҳзалар”, “Оила тилсими”, “Ҳаёт қадри”, “Яшаш сирлари”, “Мактуб”, “Кундаликлар”, “Мумтоз асарлар” номли кўрсатувлари жамоатчилик томонидан муаллифлик телевидениесининг энг яхши намунлари сифатида юксак баҳоланган ва ЎзМТРК, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, БМТнинг Аҳолишунослик, Гиёҳванд моддаларга қарши кураш, Болалар Фондлари томонидан тақдирланган. 150 дан ортиқ кўрсатувлари ЎзМТРК “Олтин фонд”ига қабул қилинган.
Ильмира Раҳматуллаева замонавий телевизион жараёнларга бағишланган 100 дан ортиқ илмий ва илмий- публицистик мақолалар муаллифидир.
У бугунги кунда “Маданият ва маърифат” телеканалида муаллифлик кўрсатувлари тайёрлаш билан бирга Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида “Телерадиожурналистика тизими”, “Аудиовизуал медиалойиҳаларни яратиш ва бошқариш”, “Аудиовизуал медиалойиҳалар менежменти ва индустрияси”, “ТВ ва РВда шарҳловчи маҳорати”, “Телевидение ва радиода шарҳловчилик маҳорати” сингари фанлардан дарс беради.
У санъатшунослик фанлари номзодидир.