ЁЛҒОН ЭЪТИБОР
Нилуфар ЖАББОРОВА
ЁЛҒОН ЭЪТИБОР
Ҳикоя
Дарсга қўнғироқ чалинган бўлса-да, ўқитувчимиз негадир синфга киравермади. Бироз вақт ўтиб синф раҳбаримиз бир аёл билан кириб келди ва уни ўқувчиларга таништирди. Бу аёл синфдошимиз Ойдиннинг онаси экан. Ҳамма ўрнидан туриб салом берди. Ойдиннинг онаси бир муддат ўқувчиларни бирма-бир кузатиб чиқди ва чуқур хўрсинганича қизига қаради:
– Қани менга айт-чи, қайси ўртоғингдан сени кам қилиб қўйибман. Бир фаррошликнинг маоши билан қайси бир талабингни қондирай. Ҳеч бўлмаса сингилларинг ва укангни ўйласанг бўларди, – деди-ю ўқувчиларга юзланди. – Бу ерга келиш мен учун осон бўлмади. Аммо мажбур бўлдим. Уйимизда ҳар куни эрта тонгдан жанжал бошланади. Ойдин мендан кўпроқ пул беришимни талаб қилади. Бунга менинг имкониятим етмайди...
Синф сув қуйгандек жим-жит эди. Ҳамманинг нигоҳи Ойдинга қаратилганди. Қизининг керилиб туришидан ранжиган она кўзига ёш олганча синфдан чиқиб кетди.
Дарс тугаб, танаффус бошланди. Ўқувчилар синф бурчагига тўпланиб тушлик учун олиб келган пулларини жамлашди. Синф боши бўлган Назокат пулларни Ойдинга узатар экан:
– Мана, отам фалон жойда, онам фалон касбда, катта лавозимларда ишлайди, деб биз учун ширинликларга сарфлаган пулларинг. Қолганини эртага яна йиғиб берамиз, – деди. Ойдин бир оғиз сўз демай пулларни четга сурди. Назокат эса:
– Йўқ, пулларни албатта оласан. Чунки бу уканг ва сингилларингни ризқи. Онангни кўз ёшларини кўриб ачиниб кетдик. Наҳотки шу муштипар онангга раҳминг келмаган бўлса...
Ойдиннинг боши эгилди. Юзларини икки қўли билан қаттиқ ёпганича йиғлаб юборди...