МЕН ҲАМ ЎША РОБОТБОЛАЛАРНИНГ БИРИМАН!


ОЛИМЖОН  САЛИМОВ:
“МЕН ҲАМ ЎША РОБОТБОЛАЛАРНИНГ БИРИМАН!”    

   Ўзбекистон Республикаси Санъат  арбоби, Ўзбекистон  давлат драма театрининг бош режиссёри Олимжон Салимовнинг “Темир хотин”, “Тошкентга саёҳат”, “Ер барибир айланаверади”, “От кишнаган оқшомлар”, “Жинлар базми” каби кўплаб спектакллари аллақачон халқимиз қалбидан чуқур жой олган. Орадан кўп йиллар ўтди, лекин биз ҳамон бу спектаклларни қўмсаб қоламиз, кўргимиз келади. Мана шундай  ажойиб спектакллар бугун ҳам мазкур театрда намойиш этилмоқда. 
- Ассалому алайкум, Олимжон ака, ижодлар билан ҳорманг!
- Раҳмат. Хуш келибсиз театримизга! “Темир хотин”, “Тошкентга саёҳат” каби спектаклларимиз ҳақида кўп, жуда кўп гапирилган. Кейин  қўйилган  спектакллар ва ёш режиссёрларимиз ҳақида гаплашсак. Нима дейсиз?
- Сиз тилга олган спектакллар ҳақида сўзламаслик мумкин эмас. Майли, бир саволимга жавоб берсангиз. Агар “Темир хотин” драмаси бугунги кунда ҳам қўлингизга тушса, саҳналаштирган бўлармидингиз?
- Албатта-да! “Темир хотин” асари яратилганига кўп йиллар ўтган бўлса-да, унда тасвир этилган турмуш тарзимиз жуда-а-а  ўзгариб кетган, деб бўлмайди. Ҳаётимизда муаммоларимиз, қусурларимиз, ўзимиз тушуниб, тушунмаган, ўзимиз билмаган ва тан олишни истамаган камчиликларимиз кўп. Бир гапни айтишим лозим: миллатимиз ҳаётидаги қусурлар давр ўтгани сайин ҳал этиб борилади. Миллат ўзининг камчиликларини, хатоларини тан олмагунича қусурлар йўқ бўлиб кетмайди. Чунки иллатлар яшашимизга халақит бераверади, ишларимиз олға силжимайди. Ҳар иккала асарда ҳам ҳаёт ҳақиқатлари яққол акс этган. Бу асарлар бугун қўлимга тушса  ҳам жон-жон деб қўярдим. ”Темир хотин”ни Шароф Бошбеков ёзган пайтда Совет Иттифоқи мустамлакаси тазйиқи остида эдик. “8 миллион, 9 миллион пахта топширамиз”, деб Москвага қуллуқ қилаверардик. Москва бизнинг тақдиримизни ҳал қиларди. ”Оқ олтинни олтин қўллар яратади” деган шиор остида бизнинг бор-йўғимизни шилиб, миллатимизни қай даражага олиб келганлигини яхши биламиз. “Ўзбек “деса, пахта тушунилган. “Темир хотин”нинг бошқа жиҳатлари ҳам бор. Одамнинг роботга айланиши, истаган гапларини айта олмаслиги, истаган ишларини бажара олмаслиги, бажаришга қурби етмаслиги бош мавзу қилиб олинган. ”Темир хотин” жуда эскириб кетди, йўқолиб кетди, дейиш жуда қийин.
- Барибир, бирмунча бўлса-да, пахтакорнинг ҳаёти яхшиланди. Болалар қўл меҳнатидан фойдаланилмайди. Бу қонун ҳимоясига олинган...
- Гапингиз тўғри. Эсимда, 3 ёки 4-синфда ўқиб юрганимизда, ўқитувчиларимиз бизни пахтага олиб чиқишарди. Бўйим ғўзапоянинг бўйидан паст бўлган (кулади). Ўқитувчиларимиз бизни йўқолиб қолмаслигимиз учун эгатнинг бошига пахта қўйиб, кейин топишарди. Токи талаба бўлиб, ишлаб юрган кезларимиздаям пахта теришдан бўшамадик-да. Пахтани терган пайтимиздаги билим олишимиз мумкин бўлган, ўқилмай қолиб кетган китобларимизнинг ҳисоб-китобини оладиган бўлсак, эҳе, жуда кўп нарсаларда ютқазганмиз. Бугун давр ўзгарди. Бугун пахта асосий  фигура  эмас. Боғдорчилик, чорвачилик ва бошқа кўплаб соҳаларда жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Косонсой томонларга илгари борсак, фақат пахта далаларига кўзимиз тушарди. Бугун гектар-гектар ерларда кўзларни қувонтирадиган чиройли боғлар бор. Тепангизда калтак ушлаб  турадиганлар бўлмаганидан кейин, мустақил бўлганингиздан кейин мамлакат, миллат ўз тақдирини ўзи ҳал қилади-да, тўғрими?
- Олимжон ака, республика “Ёш томошабинлар театри”да режиссёрлик қилган йилларингизда Тоғай  Муроднинг “От кишнаган оқшомлар” асари асосида спектакль саҳналаштирдингиз. Бу асарни саҳналаштириш ишлари осон кечмагандир? Спектаклни йиғламасдан кўриб бўлмайди. Шу спектаклни бошқа театрларда нега саҳналаштирмагансиз?
- Яқинда шу асарни Қашқадарё театрида қўйдик. Фарҳоджон деган актёр бор экан. Бош ролни жуда чиройли ижро этди. Шу спектакль билан театр фестивалида қатнашиб келишди. Қозоғистон театрида қўйдик. Қозоқ актёрларининг ролларидан  ҳам кўнглим тўлди. Миллий театрда  қўямиз, деган режамиз бор эди. Келгусида мен бугун  бадиий раҳбарлик қилаётган театрда ҳам қўйиш ниятларимиз йўқ эмас. “От кишнаган оқшомлар” миллатнинг ғурурини, орини, ҳеч бир миллатларга ўхшамайдиган ўзига яраша хислатларини ярата олган  фалсафий асардир.
- Анчадан бери театрларимизда режиссёрлар етишмаяпти, деган гаплар юради. Институтларни тугатиб чиқаётган  ёш  режиссёрлар қаёққа кетишаяпти?
- Бу  жуда оғриқли масала. Битта суҳбатда бу ҳақда батафсил айтиш анча қийин. Ҳар йили институтларни бир-икки йилда бир марта 10-15 та режиссёрлар тугатишади ва диплом спектаклларини қўйишади. Режиссёр институтни тугатиб, театрга ишга келади ва театрнинг аҳволини кўриб, қочиб кетади. Театрларимизда ҳамма нарса тайёр, мукаммал, шароитлар зўр, деб айта олмаймиз. Режиссёрларга бериладиган маошларимиз кам. Эртага оила қурадиган бўлса, турмуш аравасини қандай тортади? 10-15 йил институтда режиссёрларга дарс бердим. Иқтидорли шогирдларим бор. Мендан бой одам йўқ. Чунки бешта шогирдим республикамизнинг турли театрларида сабр-тоқат билан ишлашаяпти. Миллий театрда  Асқар Холмўминов, Жиззах театрида  бош режиссёр  Шоҳрух  Йўлдошев, Қўқон  шаҳар мусиқали драма театри бош режиссёри  Ғиёс  Мирзамаҳмудов,  Андижон вилоят мусиқали драма театрида Нажот Ҳошимов ва  Мухтар Реймов ўзимизнинг театрда режиссёр  ассистенти бўлиб ишлашаяпти. Уларнинг ҳар бири изланувчан, илмга чанқоқ шогирдларимдир. Режиссёрларга, театрга  бўлган муносабатларимизни яхшилаб кўриб чиқиб, то Вазирликдан бошлаб, юқори давлат органлари томонидан жиддий ўрганилиб, ислоҳ қилиниши зарур. Театрда шароит бўлмагач, режиссёр нима қилади? Битта ёки иккита спектакль қўяди. Эътибор бўлмагач, айрим театрларда бўлиб турадиган чиқиштирмаслик, майда гап-сўзлар, гуруҳбозликлардан толиқади. Бунинг устига моддий томонлама қийналади ва бошқа иш ахтариб кетишга мажбур бўлади. “Бизга роль бермади, дўқ  қилаяпти, урушаяпти”, деб тўрттаси устидан ёзади. Тепада ўтирган бирорта мансабдор нималар бўлаётганини чуқур ўрганиб ўтирмасдан, “Майли, аризангни ёзиб кетақол. Оч қулоғим, тинч қулоғим”, - дейди ва режиссёрни кеткизишади. Йиллаб режиссёрсиз ўтиришади. Қани  ўша бошқа яхшиси?  Ўзи бармоқ билан санарли бўлса. Қўқон театрида ишлаётган шогирдимни яқинда бориб кўриб келдим. Театр пардозхонасида яшаяпти. Оиласини ҳафтада бир марта бориб кўради. Театр учун алоҳида уй қурилган, лекин шу уйдан биттасини унга беришмаган. Театр санъати ҳақиқатдан ҳам бизга керак бўладиган бўлса, театрни “режиссёр” деган касб эгаси ҳал қилиши керак эканлигини тан олсак, шу режиссёрнинг интилишу иқтидорини, салоҳияти-ю  жамоага бўлган муносабатларини ҳисобга оладиган бўлсак, уларни эҳтиёт қилишимиз ҳамда муносабатимизни тубдан ўзгартиришимиз керак. Бизда ҳанузгача маданият ҳақида қонун йўқ. Миллат учун маданият нима ўзи? Миллатга маданият нима учун керак? Ривожланган мамлакатларда маданият ҳақида қонун ишлаб чиқилган. Қонун ишлаб чиқилса, маданият ва санъат соҳаси вакилларининг қадр-қиммати ошади. Бир кун кексайиб, нафақага чиққанида ҳам нафақаси айрим касб эгалариники каби кўнгилдагидек бўлиши керак-ку, ахир. Бу ҳақда  жиддий ислоҳот қиладиган пайт келди. Ўзгаришлар, янгиликлар бўлишига ишончим комил.
- Кинога катта эътибор берилаяпти-ку. Театр соҳасини  ҳам ислоҳ қилиш пайти келар...
- О, қани эди! Битта фильм олиш учун 6-7 миллиард маблағ ажратилаяпти ва яхши фильмлар суратга олинмоқда. Лекин мен битта спектакль саҳналаштирадиган бўлсам, костюмларимизга пул топа олмай, бошим қотади. Олдинги спектакллардаги кийимларни олиб, у ёқ, бу ёғини ўзгартириб,  фойдаланамиз  ёки бошқа жойлардан олишимга тўғри келади. Майли, миллиард беришмасин, ҳеч бўлмаганда 150-200 миллион ажратишсин. Маданият вазирлиги пул ажратмайди. Биз ўзимиз пул топиб, спектакль қўямиз. Лекин кўнглимда умидларим йўқ эмас. Муаммоларимизни бугун бўлмаса, эртага бўлмаса, индин ҳал бўлишига ишонаман. Мен кўрмасам, шогирдларим кўришар. Қозоғистонда ҳар йили тўрт марта Театр фестивали ўтказилади. Тожикистонда ҳам театр фестивали ўтказилиб турилади. Бизда ҳали бир марта ҳам Халқаро театр фестивали ўтказилмади. Биз ҳеч кимни таклиф қилолмаймиз. Келишсин, спектаклларимизни кўришсин, биз  бориб кўрсатайлик. 
- Олимжон ака, сизнинг мактабингиз такрорланмас, катта мактаб. Шогирдларингиз мактабингизнинг ҳеч бўлмаганда учдан бир қисмини давом эттира олади, деб ишонч билдирасизми?
- Жуда ишончим комил! Шохруҳ деган шогирдим Жиззахда “Тошкентга саёҳат”ни қўйди. Чеховнинг “Айиқ” пьесаси асосида ҳам спектакль қўйган ва ҳар иккаласи-да ажойиб. Миллий театрда Асқар Холмўминов “Жалолиддин Мангуберди”ни қўйди. Бу истеъдодларни ёмон кўзлардан асрамасак, театр яхши режиссёрдан айрилади. Театр яхши режиссёрини йўқотдими, бўлди, ривожланиш тўхтайди. Ҳар бирини ўз боламдек яхши кўраман ва ардоқлайман. Бирор муаммолари бўлса елиб-югуриб, вазирнинг олдига бориб, илтимос қилиб, ҳал қилишга ҳаракат қиламан. 
- Ўзингиз нималарга сабр қилгансиз? Машҳур спектаклларингизни қўйганингизда театрларда шароитлар ҳозиргидан ҳам ҳаминқадар бўлган. Тўсиқлар, тазйиқлар бўлгандир. Шулар ҳақида сўзлаб беринг, ёшларга ибрат  бўлсин?
- Мен  шогирдларимга “Биринчи навбатда зўр спектакль қўйгин, спектаклларинг сени ҳимоя қилади. Сенга душман бўлган, атрофингдаги гуруҳбозликлардан бўшамаётган одамларнинг овозини  ўчириб қўй! Сени яхши одам дейишса-ю спектаклларинг яхши чиқмаса, қандай режиссёрсан? Бориб, ўша зўр спектаклларингни кўришсин”, дейман уларга. Ўҳу, ўз вақтида бошимга қанча маломатлар ёғилган. Шунда мени спектаклларим қутқарган. ”Темир хотин”, “Тошкентга саёҳат”лар ҳимоя қилган. Вазифамиз оғир. Инсон бир ишни бошлаб, шу ишни охиригача  бажараман  деб олдига мақсад қўйдими, охиригача мукаммал адо этиши керак.
- Олимжон ака, қаҳрамонларингиз турфа феъл-атвордаги одамлар ва тақдирнинг  турли измларида яшашади. Инсониятнинг бошидаги турли синовлар, бахтли ва бахтсиз кунлари синовми ёки тасодиф? Саҳнага олиб чиқадиган қаҳрамонларнинг  характерини очиб беришда асосан қайси жиҳатларига эътибор қаратасиз?
- Тасодиф бўлмайди дунёда. Бошга бирор кун келдими, демак, биз шунга келганмиз ва содир бўлади. Бу қонуният! Ҳар бир инсоннинг ҳаёти ўзига хос. Театрда бирор асар қўйиладиган бўлса, қаҳрамон ҳаётидаги ҳамма нарса маълум бўлиши шарт эмас. Ҳаётда юз бераётган ҳамма воқеаларни саҳнага қўядиган бўлсак, театрнинг нима кераги бор? Инсоннинг сирли томонлари ўзи билан қолаверсин. “Темир хотин”- бу машина. Олим  йигит  уни ясаб, қишлоққа олиб келди. Шароф Бошбеков асарни ўқиб берганида мен айтдим: ”Шароф, робот бу аёл эмас, биз роботга айланиб бўлганмиз. Аломат  эмас, Қўчқор - робот” дедим. Чунки кимдир тепадан буйруқ бериб Қўчқорвой ва унинг атрофидаги одамларни программалаштириб қўйган. “Бугун шунча пахта терасан, фалончи ашулани айтасан, партияга кирасан”, деган гапларни миясига қўйган. Онам 8 болани катта қилган. Меҳнатдан боши чиқмаган темир хотин эди. Мен ҳам ўша роботболаларнинг бириман (кулади). Буни ёшим бир жойга боргандан кейин билдим. Трагедия шундаки, Қўчқорвойнинг ўзиям роботга айланиб қолганлигини билмайди. Бу - фожиа! Мен робот эканлигимни тушуниб қолган бўлсам, хавфли одамман. “Мен Тошкентга икки марта борганман, катталарнинг олдида байроқ кўтариб турганман, нималар деяпсиз, ака?” деб мақтанади Қўчқорвой. Биласизми, гап режиссёрнинг топилмасида. Мен шу томонига эътибор қилганман.  Бир режиссёр “Гамлет”ни саҳна  қўйганида кўриб қойил қолган эдим. Отасининг арвоҳи ўғлининг  тушига кириб, “Мени амакинг ўлдириб,  онангга уйланиб олди. Ундан қасдингни ол”, дейди. Гамлет бир умр қасос ўти билан яшайди ва амакисини ўлдиради. Ўзи ҳам ўлади. Шунда режиссёр ўлиб ётган Гамлетнинг тепасига отасининг арвоҳини олиб келтиради. “Ўғлим, мени кечир, сени  ўзимнинг ифлос ишларимга аралаштириб, ҳалок қилдим”, деб отаси йиғлайди. Режиссёрнинг топилмасини кўрдингизми? Ота-она ўзининг ҳаром-ҳариш ишларига фарзандларини аралаштирса албатта, фожиа билан тугайди. Режиссёрнинг буюклиги шунда! Театр одамларга шуниси билан қизиқ. Театрнинг айтадиган гапи бўлмаса, асарнинг ўзи билан  яхши  спектакль дунёга келмайди. Ёзилган асарнинг ўзини қўйиш билан иш битмайди. Унда ксерокопия бўлиб қолади. Уни ўқисангиз ҳам, саҳнада  кўрсангиз ҳам бир хил бўлиб қолади. У - театр эмас!  Қачонки режиссёр бир асарни олиб, ўзи айтиши лозим бўлган гапни айта олган тақдирдагина, у ҳақиқий театр бўла олади.
- Сир бўлмаса, айтинг-чи, сиз ҳақингизда нималарни билмаймиз?
- Мен қарийб дунёнинг 40 та давлатларида бўлиб, театр фестивалларида ўзимнинг спектаклларим билан иштирок этдим. Ўрта Осиёда битта мен Бутундунё  режиссёрлари Ассоциациясининг ҳақиқий аъзоси, академигиман. Бу ҳақда менинг ўзимдан  бошқа ҳеч ким билмайди. Варшавада, Рим ва Парижда спектаклларимни академиклар кўришиб, Ассоциацияга аъзо қилишган. 
- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат сизга! 

Меҳринисо ҚУРБОНОВА суҳбатлашди.
2021 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот