Олимжон Салимов таваллуд топган кун


   Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби,  «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби,  Ўзбекистон давлат драма театрининг Бош режиссёри – Олимжон Салимовни таваллуд топган куни муносабати билан табриклаймиз. 
  Ўзбекистон давлат драма театрининг устоз санъаткори – Олимжон Салимовга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ижодий ва ижобий ютуқлар тилаймиз!   

     Маълумот: Олимжон Салимов 1991 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби” фахрий унвони ва 2009 йилда “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланган. 
    Олимжон Салимов 1969 йилда Тошкент театр ва рассомлик институтининг актёрлик, кейинчалик яъни 1993 йилда шу институтнинг режиссёрлик факультетини битирган. Таниқли режиссёр дастлабки иш фаолиятини 1969-1983 йилларда Қўқон шаҳар мусиқали драма театрида актёр, орадан бироз фурсат ўтгандан сўнг режиссёр сифатида давом эттирган. 1983-1993 йиллар давомида Фарғона вилоят театрида Бош режиссёр сифатида иш фаолиятини олиб борган. Ижодий изланишлари, саҳналаштирган спектакллари мутахассислар ва томошабинлар томонидан юқори даражада баҳоланган ҳамда 1993 – 2011 йилларда Республика ёш томошабинлар театрида Бадиий раҳбар бўлиб ишлаган. Сўнгра фаолиятини 2011 – 2016 йиллар давомида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида катта ўқитувчи сифатида олиб борган. Институтда бир қанча муносиб, етук режиссёрларни етишиб чиқишида хизмат қилган устоз санъаткордир. 2016 – 2017 йилларда Ўзбек Миллий академик драма театрида саҳналаштирувчи режиссёр бўлиб ҳамда 2017 йилдан то бугунги кунга қадар Ўзбекистон давлат драма театрида Бош режиссёр вазифасида ишлаб келмоқда. 
   Олимжон Салимов режиссёрлик ижодининг асосий жиҳати, унинг саҳналаштирган спектаклларининг халқчиллиги, миллийлигида. Унинг саҳналаштирган “Темир хотин”, “Тошкентга саёҳат”, “От йиғлаган томонда”, “Учар табиб”, “Боз масхарабоз”, “Уфқ”, “Соҳибқирон”, “Мирзо Улуғбек”, “Жинлар базми” спектакллари ўзбек миллий театр санъатининг энг ёрқин намуналари сифатида эътироф қилиниб келинмоқда. Олимжон Салимов томонидан саҳналаштирилган кўплаб спектакллар АҚШ, Полша, Белгия, Франция, Германия, Туркия, Миср Араб Республикаси, Россия, Украина, Беларусия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистонда ўтказилган халқаро театр фестивалларида муваффақиятли қатнашиб, кўплаб муносиб мукофотларга сазовор бўлган. У саҳналаштирган спектакллари билан бир неча хорижий мамлакатлардаги Халқаро фестивалларда иштирок этиб, Ўзбекистоннинг маданияти ва санъатини чет мамлакатларда тарғиб этиш бўйича эътирофга сазовор ишлар қилди, дейиш мумкин. 
     Устоз санъаткор Олимжон Салимов Ўзбекистон ёш томошабинлар театрида бадиий раҳбар сифатида фаолият юритиб, бу театр саҳнасида Т. Муроднинг “От кишнаган оқшом”, “Боз масхарабоз”, япон адиби Д. Киноситанинг “Турна патлари”, Ж. Б. Мольернинг “Алихўжа Хўжаали”, А. Авлонийнинг “Адвокатлик осонми?”, Ш. Ризаевнинг “Дискотека”, Т. Маликнинг “Заҳарли томчилар” каби ўнлаб энг замонавий режиссёрлик талқинидаги асарлар саҳналаштирди. 
   Олимжон Салимовнинг Ўзбек Миллий академик драма театрида саҳналаштирган С. Аҳмаднинг “Уфқ”, А. Ориповнинг “Соҳибқирон”, америкалик драматург В. Дельмарнинг “Омон бўлгин, азизим” ҳамда М. Шайхзоданинг “Мирзо Улуғбек” спектакллари ушбу театрнинг репертуаридан энг сара спектакллар сафидан ўрин эгаллади. 
     Олимжон Салимов 2017 йилда Ўзбекистон давлат драма театрига бош режиссёр этиб тайинланади. Бу театр саҳнасида К. Гольдонийнинг “Икки бойга бир малай” пьесаси асосида “Труффальдино - икки бойнинг малайи” спектаклини саҳналаштиради ва бу спектакль 2017 йилнинг “Энг яхши спектакли” деб тан олиниб, Туркия мамлакатида ва Қозоғистонда ўтказилган халқаро театр фестивалларида қатнашади. Шу театр саҳнасида яна, Ш. Бошбековнинг “Ер барибир айланаверади”, ҳамда Х. Дўстмуҳаммаднинг “Ёлғиз” қиссаси асосида улуғ адиб Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижоди ҳақидаги “Жинлар базми” спектаклларини саҳналаштирди. Унинг Германия, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон театрларида саҳналаштирган спектакллари ўзбек театр санъатининг чет элларда тарғиб қилиш, миллатлараро дўстлик ва бирдамлик ришталарини мустаҳкамлаш, маданият ва санъат соҳасидаги халқаро алоқаларни ривожлантириш борасидаги қилган катта хизматларидан биридир. 
     Олимжон Салимов Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги, “Наврўз” умумхалқ байрамларини тайёрлаш ва ўтказишда саҳналаштирувчи режиссёр сифатида мунтазам фаол қатнашган. 2001 йилда “Боз масхарабоз” спектакли учун «Офарин» мукофоти берилган. 1993 йилда Варшавада бўлиб ўтган “Халқаро театр режиссёрлари ассоциацияси” конгрессида ҳамда 2001 йилда Германиянинг Нюрнберг шаҳрида ўтказилган “Болалар ва ёшлар” театрлари Халқаро ассоциацияси – «ASSITEJ» конгрессида қатнашган ва ассоциациянинг фахрий аъзоси сифатида қабул қилинган. 
  Олимжон Салимовнинг ижодий фаолияти юқори даражада баҳоланиб, 2009 йилда Ўзбекистон мустақиллигининг 18 йиллиги муносабати билан “Фидокорона хизматлари учун” ордени, 2017 ва 2018 йилларда Республика ижодкорларининг “Эътироф” ҳамда “Эҳтиром” мукофотлари, 2023 йил «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот