Парда ортидаги ҳаёт
«Парда ортидаги ҳаёт» номли ҳикоялар тўпламидан иборат китобим «Oltin meros press» нашриётида 1000 нусхада нашрдан чиқди. Китобимни нашрга тайёрлашда ўз маслаҳатларини аямаган Устозларим – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари: Абдуқаюм Йўлдошев, Мунаввара Усмонова ва Замира Бегимқуловага миннатдорлик изҳор қиламан.
Нашриёт муҳаррири, ношир ва шоир – Амирқул Каримовдан чексиз миннатдорман!
СЎЗБОШИ
Парда ортидаги ҳаёт – саҳна ёруғлиги ортида қолган инсон қалби, айтилмаган туйғулар ва умр давомида йиғилган сукутлар ҳақидаги ҳикоялар тўплами.
Унда санъат аҳлининг ижод йўли, юксалиши, қалбидаги оғриқлари ва инсон сифатидаги изланишлари тасвирланади.
Аммо бу ҳикоялар фақат санъаткорлар тақдири ҳақида эмас.
Бу – ҳар бир инсоннинг кўринмайдиган “парда орти” ҳақидаги ҳикоялардир.
Томошабин саҳнадаги ёруғликни кўради.
Лекин у ёруғлик ортидаги тунларни, курашларни, сабрни ва қалб изтиробларини ҳар доим ҳам билмайди.
Қаҳрамонлар тақдири орқали асарда муҳаббат, вафо, фидойилик, устоз-шогирд анъаналари ва инсоннинг бошқалар қалбида қолдирган маънавий изи ҳақида сўз юритилади.
Чунки ҳаётда баъзи инсонлар биз билан умрбод қолмайди. Аммо уларнинг меҳри, ишончи ва бизга берган ёруғлиги қалбимизда яшашда давом этади.
Ҳар бир инсоннинг ҳаётида бир “бўш курси” бор. Аввалига у йўқотиш ва соғинч рамзидек кўринади. Бироқ вақт ўтиб англаймиз: у жой бўш эмас. Унда хотира бор. Унда меҳр бор. Унда бизга қолдирилган ўчмас ёруғлик бор.
Парда ортидаги ҳаёт – инсон кетгандан кейин ҳам унинг эзгулиги бошқа қалбларда давом этиши ҳақидаги асардир.
Инсон қалбида ҳам саҳнадаги каби парда очилади, парда ёпилади. Аммо қалб саҳнасида умид чироғи ўчмайди!
Мунаввара УСМОНОВА – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира.