Йирик халқаро лойиҳа


    Туркий маданият ва мерос жамғармаси Ботай ва Мағжан Жумабаев ватани ҳудудида йирик халқаро лойиҳани амалга оширди
   13–15-август кунлари Туркий маданият ва мерос жамғармаси кўмагида Шимолий Қозоғистон вилоятининг Айиртов тумани ҳамда Петропавловск шаҳрида туризм, маданият, таълим ва ёшлар сиёсати йўналишида халқаро тадбирлар бўлиб ўтди.
    Таъкидланишича, мазкур лойиҳа жамғарманинг жорий йилдаги фаолиятида туркий дунёнинг номоддий мероси ва маданиятини тарғиб этишда алоҳида ўрин тутади.
    Лойиҳага III-Халқаро рассомлар симпозиуми, Мағжан марказининг тантанали очилиши ҳамда Туркий маданият ва мерос жамғармаси томонидан чоп этилган “Бизнинг Мағжан” китоби тақдимоти, шунингдек, “Ботай – Буюк дашт маданияти” мавзусидаги илмий-амалий конференция киритилди.
    Тадбирлар доирасида Қозоғистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Ермек Кошербаев, Фан ва олий таълим вазири Саясат Нурбек, Туризм ва спорт вазири ўринбосари Ержан Эркинбаев ҳамда Маданият ва ахборот вазири ўринбосари Евгений Кочетов Шимолий Қозоғистон вилоятига ташриф буюрди. Улар кўргазмаларни томоша қилиб, уч давлатдан келган олимлар, 12 мамлакатдан келган ёш археологлар ва рассомлар билан учрашдилар, туризмни ривожлантириш, маданий меросни асраш ҳамда халқаро ҳамкорлик истиқболлари хусусида фикр алмашдилар.
   Тадбирлар давомида Туркий маданият ва мерос жамғармаси делегацияси ҳамкор ташкилотлар билан учрашувлар ўтказиб, Ботай маданий меросини халқаро илмий ва ижодий майдонларда тарғиб қилишни қўллаб-қувватлади ҳамда туркий мамлакатлар вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлади.
    Жамғарма томонидан етти тилда чоп этилган “Бизнинг Мағжан” китоби тақдимоти юқори савияда ўтказилиб, муҳим маданий воқеага айланди. Нашр Қозоғистоннинг кечаги, бугунги ва келажак ҳаёти билан қизиқадиган, ўз юртига ва туркий дунёга чуқур ҳурмат билан қарайдиган ўқувчиларга мўлжалланган. Китоб буюк қозоқ шоири Мағжан Жумабаевнинг ҳаёт йўли, жамиятга қўшган ҳиссаси ва бой ижодий меросини ёритади. Унда Мағжан нафақат адабиёт намояндаси, балки туркий халқларнинг умумий маданияти рамзи сифатида кўрсатилиб, унинг миллий ўзлик ва эркинлик ҳақидаги ғоялари ўқувчиларга таништирилади.
    Мазкур тадбирлар илмий, ижодий ҳамда туризм соҳаларидаги ҳамкорликни маданий ва тарихий тараққиёт доирасида кенгайтиришнинг ёрқин намунаси бўлди. Ботай маданиятининг руҳи ва Мағжан Жумабаев мероси келажак авлодларни илҳомлантириб, туркий дунёнинг ўтган, бугун ва келажагини ягона маданий маконда бирлаштираверади.
    Шуни ҳам қайд этиш керакки, Ботай маданияти нафақат Қозоғистон, балки бутун туркий дунё учун алоҳида аҳамиятга эга, чунки у қадимий отчилик анъаналари ҳамда энеолит даврининг ноёб моддий маданият ёдгорликлари билан боғлиқ.
    Бир ҳафталик мазкур дастур Туркий маданият ва мерос жамғармаси ҳамда Шимолий Қозоғистон вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилиб, минтақанинг маданий ва туризм салоҳиятини намойиш этишга, шунингдек, илмий алмашинув ва ижодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилди.

Асмия НАЗАР.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот