Озарбайжон ва Ўзбекистон ННТ учун илк бор қўшма грант танлови
Озарбайжон ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари учун илк бор қўшма грант танлови эълон қилинмоқда
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Озарбайжон Республикаси Нодавлат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш агентлиги билан биргаликда илк бор қўшма грант танловини эълон қилади.
Танлов доирасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг лойиҳа таклифларига доир ҳужжатларни қабул қилиш 2026-йил 1-июльдан бошланади. Озарбайжон нодавлат нотижорат ташкилотларининг аризалари Озарбайжон Республикаси Нодавлат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш агентлиги, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларининг аризалари эса Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш давлат фонди томонидан қабул қилинади.
Танлов шартларига кўра, Озарбайжон нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз лойиҳаларини Ўзбекистон ҳудудида, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари эса Озарбайжон Республикаси ҳудудида амалга ошириши лозим. Аризаларни топширишнинг охирги муддати — 2026-йил 30-июль. Ҳужжатларни қабул қилиш якунланганидан сўнг нодавлат нотижорат ташкилотлар тақдим этган лойиҳа таклифлари экспертлар баҳолашидан ўтказилади ва таҳлил қилинади. Кўриб чиқиш якунларига кўра танлов ғолиблари аниқланади ва эълон қилинади.
Танлов Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида танлов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссиясининг 2025-йил 24-февралдаги 01-10/3 сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат грантлари ажратишнинг тартиби ва шартлари тўғрисида”ги низомга мувофиқ ташкил этилади.
Танловда иштирок этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва Озарбайжон Республикаси Нодавлат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш агентлиги ўртасида тузилган ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ҳамда қўшимча аҳднома асосида ишлаб чиқилган. Бунда:
• кичик грантлар: Битта лойиҳа учун максимал грант маблағи 210 млн. сўмгача (ёки 30 000 манатгача).
• катта грантлар: Битта лойиҳа учун максимал грант маблағи 210 млн. сўмдан 280 миллион сўмгача (ёки 30 000 дан 40 000 манатгача).
Танлов қуйидаги йўналишлар бўйича ўтказилади:
• Ҳудудий ривожланиш ва ижтимоий фаровонлик ташаббуслари — Ўзбекистонда 2026-йил “Маҳаллаларни ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани муносабати билан.
• Шаҳар ташаббуслари — Озарбайжонда 2026-йил “Архитектура ва шаҳарсозлик йили” деб эълон қилингани муносабати билан.
Танловда иштирок этувчилар учун қўйиладиган талаблар:
– грант танловида фақат коалиция шаклида иштирок этишга йўл қўйилади. Коалиция таркибига Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтган камида битта маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилоти ва Озарбайжон Республикасида рўйхатдан ўтган камида битта нодавлат нотижорат ташкилоти кириши лозим;
– асосий ижрочи сифатида фақат маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилоти иштирок этиши мумкин;
– коалицияни тузиш тўғрисида коалиция таркибига кирувчи барча нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан тасдиқланган баённома тақдим этилиши шарт. Баённома озарбайжон ва ўзбек тилларида расмийлаштирилиши лозим;
– коалиция таркибига кирувчи Озарбайжон нодавлат нотижорат ташкилоти тўғрисида, жумладан унинг фаолият йўналишлари, иш тажрибаси, расмий веб-сайти ва бошқа ахборот манбалари ҳақида батафсил маълумот тақдим этилиши лозим;
– танлов доирасида тайёрланадиган барча ҳужжатлар озарбайжон ва ўзбек тилларида расмийлаштирилиши шарт;
– коалиция таркибида иштирок этаётган нодавлат нотижорат ташкилотлар ходимлари халқаро лойиҳаларни бошқариш соҳасида тажрибага эга бўлиши лозим;
– ҳар бир нодавлат нотижорат ташкилоти фақат битта коалиция таркибида иштирок этиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича парламент комиссиясининг 2025-йил 24-февралдаги 01-10/3 сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат грантлари ажратишнинг тартиби ва шартлари тўғрисида”ги низомга мувофиқ танловда иштирок этиш учун қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:
• лойиҳа аризаси;
• лойиҳани амалга ошириш режаси;
• лойиҳа харажатлари сметаси;
• лойиҳа бюджети бўйича молиявий асослантириш;
• нодавлат нотижорат ташкилоти устави, давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома;
• нодавлат нотижорат ташкилоти ваколатли вакилининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;
• маблағларни ўтказиш учун мўлжалланган нодавлат нотижорат ташкилоти банк ҳисобварағи реквизитлари;
• каолиция тузилганлиги тасдиқланган баённома;
• коалиция таркибида кўрсатилган хорижий ташкилотларга доир маълумот.
Қуйидаги мазмундаги лойиҳалар танловда иштирок этишига йўл қўйилмайди:
• мазмуни Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси Конституциялари, қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, шунингдек Озарбайжон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2026-йил 22-июндаги 188-сонли қарорига зид бўлган лойиҳалар;
• аввалги танловлар якунларига кўра мазмунан ўхшаш бўлиб, Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган лойиҳалар;
• грант шартномаси бўйича мажбуриятларни бузгани сабабли Ўзбекистон Республикаси донор ташкилоти томонидан танловда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган нодавлат нотижорат ташкилотларининг лойиҳалари, шунингдек донор ташкилот олдида қарздорлиги мавжуд бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлар лойиҳалари.
Лойиҳа таклифларини баҳолаш мезонлари:
• лойиҳа мақсад ва вазифаларининг аниқлиги;
• лойиҳанинг инновационлиги, муаммоларни ҳал этишнинг янги ёки янада такомиллаштирилган усулларини таклиф этиши;
• лойиҳани амалга ошириш муддатларининг асосланганлиги ва унинг ҳаётийлиги;
• лойиҳа бюджетининг фаолият йўналишларига мувофиқлиги;
• нодавлат нотижорат ташкилоти ва унинг ходимлари фаолиятининг эълон қилинган мавзуга мувофиқлиги, шунингдек зарур касбий малака ва ўхшаш лойиҳаларни амалга ошириш тажрибасининг мавжудлиги;
• лойиҳа хатарларининг таҳлил қилинганлиги ва самарали мониторинг механизмининг мавжудлиги;
• лойиҳа бенефициарларининг аниқ белгиланганлиги;
• лойиҳани амалга ошириш жараёнида тегишли соҳавий тузилмалар, ҳамкорлар ва медиа субъектлари билан ўзаро ҳамкорлик;
• лойиҳанинг кутилаётган натижалари;
• лойиҳанинг тегишли соҳадаги давлат сиёсатига, амалдаги соҳавий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни бажаришга ҳамда стратегик ҳужжатлар (дастурлар, йўл хариталари, концепциялар ва бошқалар) мақсадларига эришишга қўшадиган ҳиссаси.
Техник талаблар:
• асосий ижрочи бўлган нодавлат нотижорат ташкилоти лойиҳани Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг расмий веб-сайтидаги (https://ngo.gov.uz) махсус бўлим орқали электрон шаклда тақдим этади. Жамоат фонди веб-сайтидаги тегишли бўлимдан 2026-йил 1-июльдан 31-июльга қадар фойдаланиш мумкин бўлади;
• шахсан, почта алоқаси орқали ёки электрон почта орқали тақдим этилган лойиҳа аризалари кўриб чиқилмайди.
Боғланиш учун маълумотлар:
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди
Манзил: Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Ислом Каримов кўчаси 9-уй.
Телефон: 78 238 28 16
Email: oliymajlisfondi@gmail.com