“ҲАР МАКТАБГА 100 КИТОБ”


    Китоб ўқимаган, китобга ошно бўлмаган бола – бугунги ахборот асрида, билимлар ва технологиялар даврида “замонавий қул”га айланади...
   Лекин мактаблар кутубхоналарига етарлича китоблар етиб бормаётган, тўю томоша ва зиёфатлардан ортмайдиган айрим ота-оналар уйига битта китоб кўтариб келмаса, маънавият хазиналари бўлган газета ва журналларга обуна бўлиш анъанаси аллақачон ўтмишга айланган, болаларнинг бутун хушу хаёли телефондаги ижтимоий тармоқларда бўлса, муаммога қандай жиддий чора топмоқ мумкин?
  Бекобод тумани ҳокими Зайнилобиддин Низомиддинов томонидан “Ҳар мактабга 100 китоб” ташаббусини илгари сурилиб, пойтахтдан истеъдодли ва таниқли ёзувчи, шоир, санъаткор, олим ва нотиқлар иштирокида илм хазиналарини мактабларга адабий кечалар, маърифий суҳбатлар, ўзига хос байрам руҳи орқали етказилаётгани ҳақидаги хабарларни эшитиб, очиғи жуда хурсанд бўлдим.
    Зулфия мукофоти совриндори, мақом институти талабаси Олима Тожибоева, таниқли журналист ва олимлар билан туман марказидан анча олисда жойлашган 31-, 39-, 44- ва 46- ўрта мактабларга китобларни туҳфа қилиш бўйича ижодий учрашувларда иштирок этдик. Туман катта. Бошдан-охир қарийб 138 километр. Жазирама бўлишига қарамай, туман таълими раҳбари, ниҳоятда камтар ва дилбар аёл Нодира Зоирқуловна билан кунбўйи 120  километрдан ортиқ масофани босиб ўтдик. Соя-салқинда юрган биз шаҳарда яшовчилар  учун  бу очиғи осонмас. Бироқ беғубор ва китобга чанқоқ ўқувчи ёшлар, жонфидо ва дилкаш устозлар билан дилдан суҳбатлашиб, самимий мулоқотлар қуриб, улар билан рақсга тушиб, чарчоқни сира сезмадик. Аксинча, ҳузурландик. 
    Биз одамлардан янги ҳоким келиб, ҳудудда жуда катта ўзгаришлар бошланганини эшитдик. 5-6 соат давом этаётган қабулларда одамларнинг кўп йиллардан буён масала ва муаммолари бирин-кетин ечилаётганини, Сирдарё узра туманнинг иккига ажралиб қолган ҳудудларини (ҳозир айланиб ўтиш учун 40-70 км масофа босиб ўтилаётган экан) ўзаро боғловчи катта кўприк қурилаётгани, минглаб иш ўринларига эга бўлган йирик тўқимачилик ва паррандачилик комплекслари қурилаётгани оддий аҳоли қалбига кўтаринкилик бағишлаётганини эшитдик. 
   Ҳоким вақти тиғиз бўлишига қарамай, биз меҳмонлар билан шахсан учрашди.  Тумандаги 62 та мактабни йил якунига қадар мана шундай тарзда жонли мулоқотлар билан қамраб олинишини, “Янги Бекобод” газетаси 8 саҳифада рангли тарзда чоп этила бошлаганини, сентябрь ойидан барча мактабларни марказий газета ва журналлар билан таъминлашни, шу пайтга қадар эътибордан четда қолган бекободлик салоҳиятли ёзувчиларнинг китобларини чоп этиб бериш ва албатта тақдимотларини ўзига хос тарзда ўтказиш ниятида эканини эшитиб қувондик.  
    Пойтахтга қайтар эканман, ҳаётнинг турфа майда ташвишлари билан ўралашиб, шеъриятнинг сирли оламидан қанчалар узоқлашиб кетганимга – қалам тутмаганимга анча бўлганига, ёшлик йилларим ўтган Деҳқонобод туманидаги Қорашина мактабига кўпдан буён бормаганимга ва кутубхонага бирор китоб элтмаганимга, мактабдаги устозларимни доимий йўқлаб турмаганимдан озгина  уялдим.
    Бекободлик ёшларга эса чиндан ҳавасим келди...

Нигора Тоғаева,
тележурналист.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот