СИНТЕТИК ОҒУ
Премьера
НЕГА ЁШЛАРИМИЗНИНГ СИНТЕТИК ОҒУДАН ЗАҲАРЛАНИШИГА ЭЪТИБОРСИЗ БЎЛЯПМИЗ?!
“Ана кўрдингми, ўғлим?! Агар сенга ёки дўстларингга мактабда, кўчада, маҳаллада бегона шахслар турли конфет, газли ичимликларни “чарчоғингни олади”, “кўнглингни кўтаради” дея алдаб, таклиф қилса — олмагин. Ҳеч қачон, эшитдингми? Еяётган, олаётган нарсангга ҳушёр бўл. Турмуш озорларидан дилпора бўлган онангни ўйла, жон болам. Пул деб, бойлик деб айрим иблисдан ҳам баттар одамлар сен тенги ёш болаларни заҳарлаб, умрига зомин бўлаётганини кўриб, ўзимни йўқотиб қўйдим. Уйи куйсин ундайларнинг...”
Қулоғимга чалинган бу сўзлар ўтган чоршанба куни Ўзбекистон давлат сатира театрида Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни муносабати билан намойиш этилган “Тотли рўёлар” спектакли премьерасидан чиқиб кетаётган 40-45 ёш чамасидаги аёл томонидан ўз фарзандига куюнчаклик билан айтилди. Буларни эшитарканман, спектакль томошабин қалбида кўрилган воқеаларнинг изтиробли акс-садоси, бефарқлик, кечикиш, фарзандини қўлдан бой беришдек дахшатли қўрқувни рўйирост акс эттиргани билан ёдда қолди, дея оламан.
Аҳамиятлиси, бугунги кунда долзарб ижтимоий аҳамиятга эга ушбу асар “Адолат” СДП фаоллари — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи Абдуқаюм Йўлдошев ҳамда “Келажак бунёдкори” медали соҳиби Сардор Ҳамроев ижодий ҳамкорлигида яратилди. Пьеса режиссёр Ғофур Мардонов томонидан Президент администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази буюртмаси доирасида саҳналаштирилди.
Партиямизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлари, Марказий аппарат раҳбар-ходимлари, ёшлар, талабалар, зиёлилар, маданият ва санъат соҳаси вакиллари, шунингдек, санъатсевар томошабинлар катта эътибор ва қизиқиш билан кузатган спектакл аввалида қалбига олам-олам орзуларни туккан, 18 ёш ҳайратлари ила мустақил ҳаётга қадам қўяётган бир гуруҳ беғубор ёшлар қувончидан хурсанд бўлдик. Воқеалар ривожида шу болаларнинг бир қисми алдов ва фириб йўли билан заҳарли синтетик дори воситаларига қарам бўлиб қолдирилганини кўриб ларзага тушдик.
Саҳнада бундай иллатларнинг илдиз отишида кўпинча ота-оналарнинг бефарқлиги, фарзанд тарбиясидаги сусткашлик асосий омиллардан бири экани бадиий таъсир воситасида яна бир бор ўз аксини топди. Намойиш орқали айнан шу оғриқли нуқтага — оиладаги эътиборсизлик, меҳр етишмовчилиги, эшитмайдиган, кўрмайдиган, фақат таълим муассасасидан “интизом” кутадиган ота-оналар муаммосига урғу берилди. Ҳақиқатан, ён-атрофда фарзандининг дўстлари кимлиги, интернетда нималар билан шуғулланаётгани, кайфияти нега беқарор экани билан қизиқмайдиган ота-оналар ҳаддан ташқари кўп. Улар фарзандларини “уйда тинч юрса бас” дея эътиборсиз қолдиради. Аммо айнан шу ёлғизлик – синтетик моддалар савдогарлари учун айни имконият эканига томоша жараёнда яна бир бор гувоҳ бўлдик.
Спектакл мазкур фожиани ёрқин ва ҳаётий тасвирлар билан фош этади. Бу эса, айниқса, ёшлар онгида ҳушёрлик ва наркотик боситаларнинг барча турларига қарши иммунитетини шакллантиришга қаратилган муҳим бадиий восита сифатида катта аҳамият касб этади. Асарда акс этган воқеалар ҳар бир томошабинни ҳушёрликка, фарзандлар тақдирига бефарқ бўлмасликка, бу иллатга қарши ижтимоий иммунитетни шакллантиришга чақиради.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, бу иллат, биринчи навбатда, келажагимиз эгалари бўлган ёшларни ўз домига тортади. Бир марталик қизиқиш бир умрлик фожиага олиб келиши мумкинлигини ёшларга тушунтириш бугунги куннинг энг долзарб вазифасидир. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ушбу жараённинг фаол иштирокчиси сифатида маҳалла, таълим муассасалари ва нодавлат-нотижорат ташкилотлар билан самарали ҳамкорлик қилмоқда.
Партиямиз ташаббуси билан тегишли вазирлик ва агентликлар иштирокида ўқувчи ва талабалар ўртасида “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз!”, “Гиёҳвандлик – келажак кушандаси” каби шиорлар остида мунтазам равишда учрашувлар, спорт мусобақалари ва маърифий тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Бук тадбирларда иштирок этган кўп сонли ёшларга гиҳёвандлик, айниқса синтетик заҳар дориларнинг инсон ҳаётига қанчалар фожиа, дард, йўқотишлар олиб келиши хусусида маълумотлар ҳам берилмоқда. Зотан, бугунги замонавий таҳдидлар курашнинг янги усулларини тақозо этмоқда.
Яна бир жиҳат. Янги турдаги синтетик наркотикларнинг интернет, хусусан, “Telegram” каби мессенжерлар ва "Darknet" орқали тарқатилишига қарши қонунчилигимиз ҳам мутаносиб равишда такомиллаштирилмоқда. Яқинда Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, наркотик моддаларни телекоммуникация тармоқлари орқали сотиш ҳаракати алоҳида оғирлаштирувчи ҳолат сифатида таснифланиб, жазо чораларининг кучайтирилганини партиямиз тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Таъкидлаш жоизки, “Адолат” СДПнинг дастурий мақсадларида ёшларни ҳар томонлама баркамол қилиб вояга етказиш, уларда соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш ва ёш авлодни турли салбий иллатлардан асраш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Асримиз вабоси сифатида қайд этиладиган янги синтетик пхитроп моддалар бежиз интернет орқали тарқатилмаяпти. Зеро бу жараёнда сотувчси ва харидор бир биринии кўрмайди. Пул онлайн тўланади, сотавчи эса маҳсулотини бирон овлоқ жойга яшириб, харидорига локация ташламоқда. Натижада асосан сотувчи эмас, харидор қўлга тушиб қолмоқда. Интернетдан фойдаланувчилар асосан ёшлар эканлигини эътиборга олсак, фожиа кўлами янада ойдинлашади. Спектаклни катта ҳаяжон билан томоша қилдим. Унда кўрганларим фақат саҳна воқелиги эмас, балки ҳаётимизда рўй бераётган бугунги оғриқли ҳақиқат.
Маълумотларга қараганда, 2011 йилдан буён Ўзбекистонда “опий” гиёҳвандлик воситаси билан боғлиқ ҳолатлар деярли учрамайди. Шунингдек, томир орқали юбориладиган наркотик моддалар истеъмоли ҳам кескин камайган. 2020 йилгача бундай турдаги оғу оқибатида рўй берган ўлим ҳолатлари расман қайд этилмаган. Бироқ 2018–2020 йиллар давомида бутунлай янги, мисли кўрилмаган таҳдид — психоактив синтетик моддалар муаммоси пайдо бўлди. Ушбу таблеткалар жамиятга шу қадар шиддат билан кириб келдики, ачинарлиси — уларни яқин йилларгача оддий дорихоналардан эркин топиш мумкин эди.
Иккинчи томондан, бундай моддаларни тайёрлаш арзон, уни уй шароитида бир неча кимёвий моддаларни аралаштириш орқали осон тайёрлаш мумкин. Бу эса уларнинг тарқалишини назорат қилишни янада мушкуллаштирди. Оқибатда, сўнгги 5 йил ичида синтетик моддалар билан боғлиқ жиноятлар кўрсаткичи ёшлар орасида 74 фоизга ошди. Бу иллатга гирифтор бўлаётганлар орасида талабалар улуши 21 фоизни, мактаб ўқувчилари орасидаги ўсиш эса 6 баробарни ташкил этгани ойдинлашар экан, ҳар қандай онгли инсон беихтиёр сергак тортади: фарзандлар камолотини кимларнинг қўлига топшириляпти? Ўн гулидан бир гули очилмай, манфур кимсалар қўлида хазон бўлаётган ёшлар сонининг ортиб боришига сиз, биз, ҳаммамиз тенг равишда айбдор эмасмизми? Шу ўринда асар моҳиятида яширин чақириқни илғагандай бўлдим: “Ота-оналар! Фарзандлар! Ёшлар! Ҳушёр бўлинг!”. Чақириқни фақат бир томошабин сифатида эмас, аввало ёшлар вакили сифатида айтаяпман.
Ҳурматли ота-оналар, ҳушёр бўлинг, бугунги интернет тармоқларига бир назар солинг! “Чарчоқ кетказувчи конфет”, “энергетик ичимлик”, “таъмини синаб кўришин шарт бўлган ширинлик” қабилидаги ёшларни қизиқтирадиган рекламар тўлиб-тошиб ётибди. Ваҳоланки, уларни бир марта истеъмол қилиш билан фарзандингизнинг ҳаёти бир умрга заҳарланиши ҳеч гапмас. Спектакл бизга шуни уқтирди: фарзандини ҳар куни уйда кўриш — уни билиш, дегани эмас. Уни тинглаш, суҳбатлашиш, қўллаб-қувватлаш, ҳаётига дахлдор бўлиш тарбиянинг энг асосий таянчи экан. Бугун фарзанд мактабдан хурсанд кайфиятда келмадими, демак, у билан гаплашинг. Интернетда соатлаб ниманидир кўряпти — қизиқинг. Дўстлари ким, қайси гуруҳларга аъзо, кечқурун нимани ўйлаб ухлаяпти — билинг.
Чунки синтетик заҳарлар — меҳрсизликдан холи бўшлиққа кириб келаётган иллатдир. Бу бўшлиқни фақат сизнинг эътиборингиз, меҳрингиз ва фарзандингизга бўлган самимий муносабатингиз тўлдира олади. Фақат бефарқ бўлмайлик. Бундай ҳаётий ва зарур хулосаларга ўзингиз келишнигиз учун оила аъзоларингиз билан имкон топиб театрга келинг. “Тотли рўёлар” спектали айни шу оғриқли масаланинг оқибатлари, сабабларидан сизни яна бир бор огоҳ этади.
Илҳомжон АБДУСАЛОМОВ,
журналист.
©Музаффар МУҲАММАДНАЗАР фотолари.











