Мухтор Худойқуловга табрик


  Таниқли ҳажвчи ёзувчи, масалнавис шоир ва олим - Мухтор Худойқуловни туғилган куни бидан табриклаймиз! 
     Мухтор Худойқуловга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, ишларига улкан муваффақият тилаб қоламиз!!!
   Маълумот: Мухтор Худойқулов 1937 йил 1 ноябрда Фарғона вилоятининг Риштон туманига қарашли Жалойир қишлоғида туғилган. 1959 йилда Ўрта Осиё Давлат университетининг журналистика бўлимини тамомлаб республиканинг марказий газета ва журналлари таҳририятларида ишлаган ва кўп йиллар давомида Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)да ишлаган. Ҳозирги кунда эса Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникация университетида Журналистика назарияси фанидан дарс бериб келади.
   Мухтор Худойқулов ўз ижодининг бошланишида масалчи шоир сифатида танилди. Унинг “Қоя ва Харсангтош”, “Зирапча”, “Ҳангомалар”, “Соялар”, “Қирқ масал”, “Аломат дунё”, “Кўз бўлмаса пешона”, “Минг бир масал” каби  масал ва ҳажвий шеърлари тўпламлари босилиб чиққан, “Тонгдаги чироқ” тўпламидан эса лирик шеърлари жой олган.  Ёзувчи, шунингдек, “Қадамларига ҳасанот”, “Ўйлаб топилмаган ҳикоялар”, “Ривоятлар ва ҳикоятлар”, “Дадам ҳақида ҳикоялар” сингари ҳикоялар, “Машҳур изқувар Шерлок Холмснинг уйида меҳмон бўлганим”, “Эверест чўққиси устида нонушта қилганим” каби саёҳат ва бошқа кўплаб насрий ва ҳажвий ҳикоялар тўпламларининг ҳам муаллифи саналади. Адибнинг болалар учун ёзган “Қувноқ алифбе”, “Саноқ сонлар суҳбати”, “Миттивойнинг ажойиб ва ғаройиб саргузаштлари”, “Китоб-офтоб”, “Синдбоднинг янги саргузаштлари” каби китоблари ёш ўқувчиларга манзур бўлган.
   2019 йилда унинг “Муйилишдаги уй” романи босилиб чиқди.
   Мухтор Худойқулов драматургия билан ҳам шуғулланиб бир қатор саҳна асарлари ёзди. Унинг “Ибтидо ва Интиҳо” драматик диологияси, “Искандарнинг шохи”, “Шаҳрихонлик канизак” тарихий драмалари,  замонавий мавзуда ёзилган “Омонёр”, “Кўксаройга йўл” драмаларида муҳим ижтимоий масалалар қаламга олинган. Бу драмаларнинг аксарияти саҳналаштирилган ва тамошабинлар эътиборини қозонган.
   Мухтор Худойқулов таржима соҳасида ҳам самарали ижод қилиб келади. У  қадимги юнон масалчиси Эзопнинг масаллари, машҳур хитой файласуфи Конфуцийнинг ҳикматлари,  француз масалчиси Ж.Лафонтен, рус масалчиси И.А.Крилов, ҳозирги замон рус шоири С.Михалковнинг  масал ва ҳажвий шеърларини, югослав ёзувчиси Б.Нушич, грузин адиби Н.Думбадзенинг роман ва ҳикоялари, булғор халқ юмори − “Габрово латифалари”ни ўзбек тилига таржима қилган.
   Серқирра ижодкор Мухтор Худойқулов филология фанлари доктори, профессор, матбуот назарияси бўйича йирик мутахассис олим ҳамдир. Унинг “Журналистикага кириш”, “Оммавий ахборот воситалари назарияси”, “Оммавий ахборот воситалари типологияси”, “Ўзбек ҳажвий публицистикаси”, “Бадиий публицистика жанрлари”, “Журналистика ва публицистика” каби асарлари бўлажак журналистлар учун ўқув қўлланма ва дарслик сифатида хизмат қилади. Мухтор Худойқулов республикамиз оммавий ахборот воситаларида фаолият олиб бораётган кўпгина журналистларнинг устози ҳисобланади.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот