1980 ЙИЛЛАРГА САЁҲАТ


ТАНИҚЛИ ТЕЛЕЖУРНАЛИСТ ДАДАХОН ЁҚУБОВ КУНДАЛИГИДАН КЎЧИРМА...
(1980 ЙИЛЛАРГА САЁҲАТ)

   Ўтган асрнинг 70 йилларида Ўзбекистон телевидениесида “Янгиликлар”, “Ахборот” кўрсатувлари энг асосий томошабоб дастурлар ҳисобланган. Ўша давр руҳидан келиб чиққан ҳолда пахтакорларнинг кундалик юмушлари ва муваффақиятларини акс эттирувчи «Олтин водий» кўрсатуви асосий сиёсий-публицистик дастур эди. Уни қишлоқ хўжалиги муҳарририяти томонидан тайёрланарди. Ўзбекистон телевидениесида қишлоқ хўжалиги, адабий-драматик, «Ёшлик», «Болалар», «Мусиқа», «Кино» ва ўқув кўрсатувлари муҳарририятлари мавжуд эди. «Ёшлик» студияси томонидан тайёрланган «Қишлоқ ёшлари», «Студентлик олтин даврим» кўрсатувлари намойиш қилинар, уларда ўша даврнинг масалалари ёритилар эди. Бадиий-публицистика кўрсатувлари тайёрлашга уриниш Элбек Мусаев, Муҳаммаджон Обидов, Мираббос Мирзааҳмедовлар томонидан яратилган «Оталар сўзи — ақлнинг кўзи», телевизион «Романтика театри» каби туркумларнинг пайдо бўлишида кўзга ташланарди.
   Адабий-драматик кўрсатувлар муҳарририяти томонидан ёзувчи ва санъаткорлар ҳақидаги портрет-телеочерклар, театр ҳаётини акс эттирувчи кўрсатувларда публицистика бўлмаса ҳам бадиийлик намоён бўлар эди. Айниқса «Ёшлик» студиясининг «Телевизион минеатуралар театри» ҳажвий кўрсатуви, айтиш жоиз бўлса “ Ўзбекфильм “томонидан яратилган «Наштар» ҳажвий киножурнали саҳифаларида ҳажвий-юмористик лавҳалар, телекинофельетонлар берила бошланди. Ўша даврдаги камчилик ва нуқсонлар, муаммолар бир оз бўлсада ҳажв остига олинди. Кино кўрсатувлари муҳарририятида ҳам бадиий-публицистик кўрсатувлар яратиш сари илк қадамлар қўйилди. Чунки кино асарининг ўзи бадиийликни таъминлаш имкониятларини туғдирар эди. Киношунос олим, профессор Ҳамидулла Акбаровнинг «Кино оламида» кўрсатуви, адабиётшунос олим Наим Каримовнинг «Кўзгуда ҳаёт» ҳужжатли фильмлар асосида тайёрланган теледастурларида бадиий-публицистик кўрсатувларнинг дастлабки учқунларини кўришимиз мумкин. Тўғрисини айтганда, бадиий-публицистик жанрлардаги кўрсатувларнинг юзага чиқишида ҳужжатли фильмлар тўғрисидаги тақризлар туртки вазифасини ўтаган.
   Айниқса, кинофильмлар ёрдамида тайёрланган кинорежиссёр Собит Саидов, журналист Баҳодир Муҳамедов ва Дадахон Ёқубовларнинг «Оламга саёҳат», биолог Зафар Эгамбердиевнинг “Ҳайвонот оламида…”, киноҳаваскор Борий Хўжаевнинг «Киносаёҳатчилар клуби» каби туркумлари энг томошабоп телекўрсатувлар ҳисобланган.
   Мусиқали кўрсатувлар муҳарририяти томонидан тайёрланадиган Анорбой Рўзиматовнинг «Марҳабо, талантлар» ва таниқли шоир ва бошловчи Анвар Исроиловнинг «Таъзим» кўрсатувлари жуда катта муваффақият қозонган.
   80 йилларида эса телевидениедаги асосий кўрсатувлар матни журналистлар томонидан ёзилиб, суҳандонлар томонидан олиб бориш урф эди. Ўктам Жобиров, Даврон Зуннунов, Георгий Ирлин, Галина Мельниковалар телевидениедаги кўрсатувларни олиб борувчи, яъни экранга чиқиш ҳуқуқига эга бўлган асосий шахслар ҳисобланар эдилар.
   Техникавий жиҳатдан ҳам бадиий-публицистик кўрсатувлар тайёрлаш масаласида анчагина муаммолар бор эди. Кўрсатувлар асосан студияларда суратга олинар, кичик ҳажмдаги 16 миллиметрлик, оқ-қора тасвирдаги киноплёнкаларда акс эттирилиб, кўп ҳолларда асосий воқеа ва ҳодисалар тасвири техник носозлик туфайли экран юзини кўрмай қолар эди.
   Ўтган асрнинг етмишинчи йилларининг охирларида бир гуруҳ ёш журналистлар ва телеижодкорлар ўзига хос янги телевизион шаклларни қидира бошладилар. Журналист Дадахон Ёқубов режиссёр Соли Раҳимқулов билан ижодий ҳамкорликда «Наштар билан учрашув» деб номланган кўрсатув тайёрлади. Кўрсатув «Наштар» ҳажвий киножурнали суратга олиш майдонидан репортаж тарзида олиниб, унга киножурналнинг ҳажвий лавҳалари материал сифатида ишлатилди. Ҳажвчи адиб Мухтор Худойқулов, ёзувчи Саид Аҳмад, кинорежиссёр Ғиёс Шермуҳамедов, комик актёрлар Ражаб Адашев, Бахтиёр Иҳтиёров, Омина Фаёзова ва бошқалар суратга олиш майдонида муҳбирга интервью берардилар. Ушбу майдон телевизион студияда ташкил қилинган эди. Чунки кино суратга олиш майдонига ўта катта ҳажмдаги телевизион дастгоҳларни олиб боришнинг иложи йўқ эди. Ёзилган мукаммал сценария, ундаги сюжет ва композиция, яъни воқеаларни ташкил этиш ҳамда уларни бир-бирига боғлаш, жонли сўзлаш, муҳбирнинг кутилмаганда берган саволлари ва журналистик таҳлили кўрсатувнинг ғоявий-бадиий жиҳатини мукаммал қилди. Телевизион режиссура ва монтажнинг мукаммаллиги ушбу бир соатлик кўрсатувга катта муваффақият олиб келди. Албатта, бунда сифатли кинолавҳалар ва видеомагнитафоннинг дунёга келиши, айниқса, муаллиф-журналистнинг биринчи маротаба мутахассис сифатида экранга чиқиши катта омил бўлган эди.
   Саксонинчи йилларнинг бошларида, “қайта қуриш”дан олдинроқ собиқ Совет Иттифоқида сифат ва интизом масаласи кўтарилган эди. Камина бир қатор телефельетонлар тайёрлаб, жамиятдаги нуқсон ва камчиликларни фош этдим. “Меҳмонхонадаги машмашалар” деб номланган телекўрсатув Тошкент шаҳар меҳмонхона хўжалигида давлат мулкини толон-торож қилиш, порахўрлик каби иллатлар очиб ташланди.. Кейин эса, “Калаванинг учи”, “Трамвай депога боради…” каби фельетонлар томошабинларнинг эътирофига сазовор бўлди.
   Чунки юқорида таъкидлаганидек, энди су[андон, мутахассисгина эмас, балки экранда биринчи марта воқеа жойидан ҳикоя қилувчи, воқеаларни тахлил қилувчи тележурналист пайдо бўлган эди.
   1985 йилда Ўзбекистон телевидениесига «БЕТАКАМ» русумли видеокамера олиб келинди. Унгача «БЦН» русумли кўчма кичик станция ишлар эди. Унинг оғирлиги юз килограммга яқин бўлиб, муҳбир ва тасвирчиларга ноқулайликлар туғдирар эди. Ундан ташқари, ёритиш жиҳозлари, овоз ёзиш жиҳозлари билан ўн нафарга яқин ижодий ва техник ходим суратга олиш жараёнида қатнашишга мажбур бўларди.
   «БЕТАКАМ»нинг келиши энди қаҳрамон студияга эмас, муҳбир қаҳрамоннинг хонадонига, қаҳрамон ишлайдиган манзилларга бориши ва суратга олиши мумкин бўлиб қолди. 1985 йил янги йилга бағишланган «Янги йил оқшомида» деб номланган мусиқали бадиий-публицистик кўрсатув муаллиф ва олиб борувчи Дадахон Ёқубов, режиссёр Наби Раззоқов эдилар. Кўрсатув воқеалари сирдарёлик чўлқуварлар хонадонидан, ҳажвий қаҳрамон Маржон холанинг саргузаштларидан, хонанда Нуриддин Ҳайдаровнинг «Қайлардасан менинг Насибам» дея куйлаган клипидан ва бошқа тасоддифий воқеалардан иборат бўлиб, бадиий-публицистик кўрсатувнинг жанр хусусиятларини амалга ошириш имкониятини яратди.
   Ўзбекистон халқи бугунги кунларда ўзининг буюк ёзувчи ва шоирлари, режисс`р ва актёрлари, адабиётшунослари ҳамда етук журналистлари, таниқли кинорежиссерлари ва киномунаққидлари билан фахрланади. Уларнинг кўпчилиги Москва ва чет элларда тахсил олишган, ҳатто Тошкент давлат университети Журналистика факультети минглаб ушбу касб соҳибларини етиштирган, ўнлаб институтларда адабиёт ва санъат соҳасини битирган мутахассислар оммавий ахборот воситаларини юксак чўққиларга кўтарган эдилар. Лекин касбий ўзига хосликми? Ёки миллий менталитетми? ёки тузум шуни тақозо қилар эдими? Телевидение соҳасида журналистлар ҳамиша орқа планда бўлар эдилар. Меннинг Ахборот дастуридаги «Ўрик», «Она», «Хоразм ғужумлари», «Алданган бодом» каби телелавҳаларим, «Ҳаёт чашмаси», «Хотиралар дарёси» каби бадиий-публицистик кўрсатувларим ва ниҳоят журналист Ўғилой Юсуфжонова, режиссер Мели Маҳкамов, тасвирчи Рафаэль Камоловлар билан ҳамкорликда тайёрлаган «Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари» кўрсатувларим  журналистни, аниқроғи, Каминани қаҳрамон сифатида  биринчи даражага олиб чиқди. Чунки замонавий техник воситалар ёрдамида кино ва телевидение санъатининг тасвир, режиссура, мусиқа, шовқин, монтаж каби унсурларидан кенг фойдаланиш, қолаверса, тележурналистнинг ходиса ва воқеалар руҳига кириши, уларни таҳлил қилиши, муаммоларни кўтариш, ечиш масалаларида ҳам ижодий услуб билан ёндашиши сюжет ва композиция масалаларига эътибор муваффақиятлар гарови бўлди. Унинг бадиийлиги, турли жанрлардаги турли фактларни бир мавзу ва ғоя атрофида бирлаштириши тамошабинлар учун кутилмаган воқеага айланди. Қолаверса, одамларни қизиқтираётган, тамошабинларни ташвишга солаётган масалаларнинг дадил акс эттирилиши унинг ғоявий таъсирини янада кучайтирди. Ўша даврдаги ижтимоий зиддиятлар ҳужжатли, публицистик асарни драматургия даражасига олиб чиқди.
   Саксонинчи йилларнинг ўрталарига келиб тоталитар тузум нурай бошлади. Жамиятдаги ўзгаришлар, демократик ҳаракатлар, муаммоларни ёритиш ва ҳал этиш йўлларини излаш каби масалалар журналистлардан жанговорликни ва долзарбликни талаб қиларди. Ўша давр матбуотида ҳам кўплаб тақризлар пайдо бўлди. АПН муҳбири Темур Низаев «Муҳбир» журналининг 1988 йил 9 сонида қуйидагича ёзади: « Вақтли матбуотда Дадахон Ёқубовнинг «Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари» туркумидаги деярли ҳар бир кўрсатувига бағишланган тақризлар эълон қилинмоқда. Бу табиий ҳол. Чунки ушбу кўрсатув ўзбек телевидениесида кўзга кўринарли воқеа бўлди. Менинг назаримда тележурналистларимиз бадиий-публицистик жанр воситаларидан фойдаланган ҳолда Республикадаги «қайта қуриш» жараёнини мушҳада қилишга илк маротаба уриниб кўрдилар. Бу кўрсатув билан бир қаторда тура оладиган бошқа кўрсатувлар умуман йўқ».
   Мен муаллиф сифатида тайёрлаган кўрсатувларда республикадаги ижтимоий, демографик, экологик муаммолар кенг кўтарилди. «Бухорога лайлаклар келди», «Дашнобод анорлари», «Жида гуллаганда Фарғонага келинг» каби ҳужжатли теленавелаларни тилга олиш мумкин. «Журналист» журналининг 1989 йил 5 май сонида тарих фанлари доктори К.Норматовнинг «Об этом говорит вся махалля» деб номланган мақоласида ўзбек халқи бошига тушган тоталитар тузум мусибатлари ҳақида ушбу кўрсатувдан билдик, деб ёзади. «Долзарб мавзу» рукнида берилган ушбу мақолада олим халқ бошига тушган мусибатлар, «Пахта иши» қатағонлари, Оролнинг қуриши, Тожикистон альюминий заводи муаммолари, ўзбек халқининг бағрикенглиги, унинг орзу-умидлари, урф-одатлар ойнаси орқали ёритилганлигини таъкидлайди.
Ўзбекистон телевидениесидаги 80 йилларнинг охиридаги бадиий-публицистик кўрсатувлар миллий қадриятлар тантанаси «Наврўз» узлуксиз кўрсатувида жам бўлди ҳамда оммавийлик касб этди. 1990 йил «Наврўз»и ва 24 соатлик ойнаи жаҳон кўрсатувини халқимиз миллий қадриятлари, ўзлигини англаши, урф-одатлари, умуман, инсонийликни, меҳр-мурувватни  юксак чўққига олиб чиқди. Одамийлик ва инсонпарварликнинг телевизион бонггига, умуман халқ ҳайрия ҳаракатига айланди...

Дадахон ЁҚУБОВ - тележурналист.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот