«Янги фильмимни «қароқчи»лардан ҳимоялайман»
Озод ШАМС: «Янги фильмимни «қароқчи»лардан ҳимоялайман»
Ёз фасли бўлгани учун айни кунда кўплаб ижодкорларимиз ҳордиқ чиқаришмоқда. Бироқ баъзи режиссёрларимиз қайноқ ёзнинг жазирамасига қарамай изланишда давом этишмоқда. Шулардан бири ёш режиссёр Озод ШАМСдир. Уёш бўлишига қарамасдан, шу кунгача бир нечта фильмларга режиссёрлик қилишга улгурди. Жумладан, «Қадамлар»,, «Телба эмасман», «Ваҳший», «Танловга йўл», «Вой-дод», «Етти олам», «Кўз ёшим», «Кўз ёшим-2» сингари фильмлари томошабинлар томонидан яхши кутиб олинган.
Озод Шамснинг янги фильми «Ёлғизлар» дея номланиб, тарбиявий, маънавий-ахлоқий жанрдадир. Фильмда тўкин-сочин яшаётган ёш оила, опа-ука ёлғиз қолиб кетиши орқали реал ҳаётда юз бераётган баъзи воқеалар тасвирга олинади.
«Янги юзларни кашф этишга интиламан»
— Бирон янги фильмни суратга олишдан аввал унинг сюжети жуда қизиқарли бўлишига интиламан. Акс ҳолда томошабин бу фильмни кўрмайди. Ҳатто керак бўлса, сценарийни ҳам ўзим ёзаман. Бугунги ёшларнинг отасини бойлигига, пулига ишониб қолаётгани, тўқликка шўхлик қилаётгани, тарбиясизлиги мени шу фильмни олишга ундади, — дейди режиссёр.
— Лекин ёшларни тарбиялашнинг ўзига хос йўллари бор. Фильм орқали шуни айтишга интилдик. Энг аввало, ушбу фильмни тарбиявий аҳамиятга эга бўлишидир. «Кўз ёшим» фильмининг иккаласида ҳам ижобий қаҳрамон ролини ижро этган маҳоратли акгёр Шавкат Комиловни бу картинада салбий қаҳрамон образида кўрамиз. Устоз-санъаткорлардан ўрнак олган ҳолда мен ҳам ҳар бир картинамда янги юзларни кашф этишга интиламан. Беҳруз Тоҳиров шундай ёш актёрлардан биридир.
Фильмда иккита тижоратчининг ўртасидаги ўзаро низо сабаблари, уларнинг оқибатлари драматик тарзда ёритиб берилган.
«Тижоратчи ва унинг ўғли қаерда?», «Икки тижоратчининг ўртасидаги ихтилоф қандай якун топди?», «Улар топиладими ёки йўқми?» каби саволларга фильмни кўриш мобайнида жавоб топасиз. Фильм, айтиш мумкинки, детективга ўхшаш жиҳатни ҳам ўз ичига қамраб олган, яъни жиноятда гумон қилинган шахс ва «жабрланувчилар»- нинг тақдири моҳирона тарзда кўрсатиб берилган.
Ролларда: Беҳзод Муҳаммадкаримов, Алишер Отабоев, Жумадилла Раметов, Саида Раметова, Убайдулла Омон, Шаҳло Темирова, Шавкат Комилов, Севара Солиева, Отабек Маҳкамов, Беҳруз Тоҳиров (дебютант) ва бошқалар иштирок этишган.
Сценарий муаллифлари — Озод Шамс ва Даврон Умаров.
«Фильмим сотувга чиқиб кетишида ўзим айбдорман»
— «Қароқчилар» томонидан сотувга чиқариб юборилган илк фильмим адиб Абдуқаюм Йўлдошев сценарийси асосида суратга олинган «Қадамлар» кинокартинаси эди. Очиғини айтганда, бугунги кунгача ким томонидан бу иш амалга оширилганини билмайман. Жуда ачинарли ҳол. Чунки ўша пайтда уйимдаги машинамни сотгандим, дўстим оиласи учун керак бўлган пулларни сарфлаганди. Тўғри, бу фильмимиз орқали катта пул ишлашни ўйламагандик, лекин нималардандир умидвор эдик. Яқиндагина томошабинлар ҳукмига ҳавола этилган «Кўз ёшим-2» фильмида ҳам яна жабр кўрдим. Ахир фильмни тасвирга олишга қанча маблағ сарфланади?! Уларнинг сарф-харажати қопланмасдан туриб, фильмнинг тарқалиб кетиши, кинотеатрларга томошабинлар кирмаслиги катта миқдорда моддий зарар келтиришини ҳамма яхши билади. «Кўз ёшим-2»нинг сотувга чиқиб кетишига ўзимни айбдор деб биламан.
Вилоятларга фильмимизни сотганимизда унга код қўймаганим, яъни махфийлаштирмаганим шу ишга сабаб бўлди. Мен ишонган одамлар ишончимни оқлашолмади. Натижада мен бирон кишига қонуний чора кўролмадим. Энди янги фильмимда хатоларимдан сабоқ чиқариб «қароқчи»лардан ҳимоялаш чораларини кўраман. Мени хафа қиладигани биринчи продюсерлик ишим — «Кўз ёшим-2» кетказилган маблағни тўла қопламади.
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР тайёрлади.
"Сабо" газетаси, 28.07.2016 йил, №30 (147)