ТУРКИЯ ТЎҒРИСИДА


   Тўра МИРЗО, Туркия Жумҳуриятининг тўртта адабий мукофоти совриндори, Туркия Жумҳурияти Диёнат вақфининг наът ва муножот ёришмаси икки карра ғолиби, халқаро Фузулий мукофоти совриндори     

ТУРКИЯ ТЎҒРИСИДА ТУРКУ

Оҳ, Туркия, имкони қия,
Осмондан ой кетмас нур ия,
Пакач тоғлар сақлайди сукут,
Чўққи узра кунда хун мия?

Чиқувчи кун чиқмасдан қолмас,
Ялагани элнинг бол эмас,
Тор кўкда кўп юлдузлар маҳзун,
Туси сустлаб, юзи ол эмас. 

Оҳлар-воҳлар қоришиқ тупроқ,
Ҳамоқат пайт хуружи кўпроқ,
Ер остида исёнчи сабр,
Мувозанат тоқати чўпроқ.

Не орзулар ерга кўмилган,
Тупроқ қуртин кўзи юмилган,
Ҳаяжони қадим заминнинг
Кўздаги сел ёшга чўмилган.

Тупроқ яна кетди тупроққа,
Қора кунни бўяди оққа,
Оҳ, Туркия, бўлма ҳеч қия,
Кўзёш томар ол-ол байроққа.

Синов собмас, бошланар синов,
Ўнг кўзинг сўл кўзни қилар ов,
Асли улкан чеҳра Ер меҳвар,
Буюк миллат дов бергайдир, дов.

ТУРКИЯ ВА СУРИЯДАГИ  ШАҲИДЛАР  УСТИДАН  КУЛГАНЛАРГА  ЖАВОБ

   Францияда нашр этиладиган «Шарли Эбдо» дарғиси(журнал)да фаранги рассом Пьеррика Жуэннинг «Танк юборишнинг ҳожати йўқ» деб аталган карикатураси чоп этилди. АҚШда яшовчи мусулмон олими Умар Сулаймон «Минглаб мусулмон ўлими устидан кулган Франция барчамизни инсонпарварликдан тойдирди» деб ёзган бўлса, Туркия Жумҳурбошқони Эрдоғаннинг матбуот котиби Иброҳим Қалин Твиттердаги ўз саҳифасида «Замонавий вахшийлар ўз нафратининг қурбони бўладилар» дея рақам этди.

              Туркияни тарклар шўх шарқи,
              Мунгли ун ҳам тоққа ўхшарку,
              Йигирма минг мурда эҳ, гўрда,
              Буюк дардга оғриқ қўшарку.

              Йиғлайвериб кўз суйи йўқ чўл,
              Кун кўзига тикил, нурлар ҳўл,
              Ер айланар, оқар қора тер,
              Топган-тутган мусибати мўл.

              Ғамдан бутун дунё будуни
              Сустлар, чиқмас музлаган уни,
              Таассуфли кўзлар ёш туфлар,
              Учган чанг ё севинч кукуни.

               Ер лўкиллар кўзда хавотир,
               Ҳатто сиёҳ тусда ҳаводир,
               Ер ерлашган, айланар боши,
               Ичагида шовқин, ғавғодир.

               Оғироёқ аёллар кетди,
               Ғамгин, тотли хаёллар кетди,
               Она қорнин тор мозорида
               Болаларми ё боллар кетди.

               Туркияга қайтарку турку,
               Буюк миллат ки мангу ҳур-ку,
               Туркистоним Аршга анграйиб
               Кўзёшларин кўкка тўкирку.

               Гоҳ рўшнолик ўхшар қаҳатга,         
               Етиб борар дуо Аҳадга,
               Ватанни тарк этган қач мардум
               Қовушсинлар фақат раҳматга.
                        
   11.02. 23 й.
   
ОСМОН ХАРИТАСИ: ТУРКИСТОН-ТУРКИЯ

Кўнгилга кўп севинч ёғди,
Само томон нурлар оғди,
Шуъла аҳли бошлар пойга,
Ким осмонга ёғду соғди?

Нурлар ҳурлик истагандир,
«Ҳақим бер» деб қистагандир,
Маъюс булут пислагандир,
Ким осмонга ёғду соғди?

Қия кўкда зиё истаб,
Суст отини бот-бот қистаб,
Фалакка лол очилган лаб,
Ким осмонга ёғду соғди?

Тунда ҳам нур нурамайди,
Шўхлиги мўл шуъла дайди,
Оҳ-оҳ, ярим кеча пайти
Ким осмонга ёғду соғди?

Туркистондан Онадўли
Йўлга чиққан дуо мўли,
Тўрт тараф ўнг, йўқ йўл сўли,
Ким осмонга ёғду соғди?

Йўлдан қайтмас таманнолар,
Ҳар дуода том маънолар,
Кафт очган эр ҳам анолар,
Ким осмонга ёғду соғди?

Шўх юлдузлар кўз қисишар,
Булут аҳли тез писишар,
Шуълалар-да шўх исишар,
Ким осмонга ёғду соғди? 

Ёрқин осмон харитаси,
Четга чиққан мунг митаси,
Тиним билмас нурлар саси,
Ким осмонга ёғду соғди?

Туркистону Туркияда,
Ғаниму ғам ҳам қия-да,
Самодан йўл сол пиёда,
Ким осмонга ёғду соғди?
     
  12. 02. 23 й.


           ДУОГА ОЧИЛГАН ҚЎЛ

Ер пастлаб, осмонга бош урдим,
Фалакка бўйланиб, ўй сурдим, 
Аммолек самода типпа-тик
Дуога очилган қўл кўрдим.

Тўп эди, кўп эди ўтинчим,
Неча кун чўкмайди ўкинчим,
Умиддан ёришди тунд ичим,
Дуога очилган қўл кўрдим.

Кўзларда, сўзларда йўқ маъно,
Арш қадар чўзилган ҳўл сано,
Ижобат миллиард таманно,
Дуога очилган қўл кўрдим.

Қаримсиқ хаёлни лол сила,
Кўкракда қўпади зилзила,
Нақшбанд бошлаган силсила,
Дуога очилган қўл кўрдим.

Ерла кўк ораси бир қарич,
Қаримас дуолар бўлса зич,
Осмонга илинган кўп ўтинч,
Дуога очилган қўл кўрдим.

Арз қилди Аршга Арз араз-ла,
Арш Аъло тепадан сал пастла,
Дуолар пичирлаб лаб сасла,
Дуога очилган қўл кўрдим.

Дуойи хайр экан хайрли,
Чекингай кимсалар ғайирли,
Бўм-бўш кўк бирдан мўл тайрли,
Дуога очилган қўл кўрдим.

Кўпчилик дуоси кўл бўлур. 
Таманно пурмаъно йўл бўлур,
Ижобат пайти кўз ҳўл бўлур,
Дуога очилган қўл кўрдим.
          
 12.02. 23 й.

ОҚУ ҚАРОГА ИДДАО

Зилзиладан уч кун бурун
Олим Хуберт деди маҳзун:
«Туркиянинг кунтуғари
Зилзиладан сил, оқар хун».

Бир пайт Мирзо Улуғбек ҳам
Кўк тикилиб, чеккандир ғам,
Юлдуз аҳлин ҳолатидан
Бўлар байрам ёхуд мотам.

Холланд олим огоҳликка
Ундаса-да ишлар чикка,
Мамлакатда ҳозирлик йўқ,
Ҳалокатга борди тикка.

Фалак Оллоҳ яратиғи,
Яралидир тош қаттиғи,
Ою юлдуз ҳолатидан
Англашилар офат тиғи.

Самарқандда расадхона
Ўрнида бор ҳасадхона.
Дунё аҳли эмас аҳдли,
Ҳар жойда фисқ-фасодхона.

Илм аҳли бўлсин шахдли,
Қалби кўрлар тожу тахтли,
Буюк чевар мардумсевар,
Инс, йўқ, инсон бўлсин бахтли.

Ўттиз мингга етди шаҳид,
Яратганнинг ўзи шоҳид,
Хабар келган насронийга,
Барча ишни билгай Воҳид.

Хорланади анчак ҳақир,
Ахир ҳақ гап ҳар пайт тахир,
Келишмоқчи бўлсанг, иллоҳ,
Қурултойга юрак чақир.

Ҳар кимсаким, энг-энг оқил,
Булутларга қора, оқ ил,
Тинглайвер ҳақ ё ноҳақни
Ҳам юракка бир зум боққил.

Киприкларинг хам воҳ-воҳлар,
Тугамайди ҳеч оҳ-оҳлар,
Бандасан ҳам шармандасан,
Кўнглинг тўнғиб, сукут хоҳлар.

Насронийми ё мусулмон,
Тоқ Худога таслим шоён,
Барча динлар тоқ Тангридан,
Қовушган ер ила осмон. 
      
   12-13.02. 23 й.

ОҚИМТИЛ  ҚОРА  БАЙРОҚ

Кўзинг кўп қораси ё оқи?
Орада тиккадир ашк тоғи.
Умид-ла тикилсам, сўнг билсам,
Ҳилпирар киприклар байроғи.

Парвосиз парволи нигоҳинг,
Кундан кун ортади гуноҳинг,
Ғадалар ичинг, ич тирноғинг,
Ҳилпирар киприклар байроғи.

Отилди кўздан ўт, ҳарорат,
Бор-бор, бор йўғимта барорат,
Бир чимдим тоқатим ҳам ғорат,
Ҳилпирар киприклар байроғи.

Алвиру шалвир-ку алвонинг,
Қамрайди, ўрайди тўрт ёнинг,
Афсуски, қарийди ҳар онинг,
Ҳилпирар киприклар байроғи.

Тик тоғлар ҳамиша сўққабош,
Чўққининг кўзида лиқ-лиқ ёш,
Аразлаб кетгайдир тоқ қуёш,
Ҳилпирар киприклар байроғи.

Ўтганда ёш тўла кечикдан,
Тўнгаклар ичиккан, ҳеч экан,
Тонг десам, минг афсус кеч экан,
Ҳилпирар киприклар байроғи.
          13-14. 02. 23 й.

   Эслатма. 1993 йилдан буён Туркия жумҳуриятининг илк ўқул, лицей ва коллежларининг «Гўзал туркчамиз» адабиёт дарслигига Раҳмон Чўлпон, Ойбек, Эркин Воҳидов ва Тўра Мирзо ижоди ўрганиб келинади. Муаллиф Туркиянинг тўртта халқаро мукофоти билан сийланган.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот