Маръям Ихтиёрова (1939 - 2022)
Театр ва кино актрисаси, устоз санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти - Маръям Ихтиёрова таваллуд топган кун.
Марям Ихтиёрова 1939 йилнинг 21 Апрель куни таваллуд топган.
Маълумоти олий. 1963 йили Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини мусиқали драма театр актёрлиги бўлимини битирган.
Театрда иш фаолиятини 1959 йилдан бошлаган.
1982 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, 1997 йилда “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвони билан мукофотланган, шунингдек 2016 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.
Марям Ихтиёрова Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида актриса сифатидаги ўз ижодий фаолияти давомида саҳналаштирилган 100 дан ортиқ спектаклларда бош қаҳрамонлар роллари ва характерли образларни юксак маҳорат билан ижро этиб, репертуарни бойитган. Жумладан, “Паранжи сирлари” спектаклида Мастура сатанг, “Ҳар кимки вафо қилса, вафо қилур”да Она, “Тошболта ошиқ”да Каромат, Рисолат, “Жон қизлар” да Кунсулув, “Девона”да Она, “Тошкентнинг нозанин маликаси”да Хайри, “Алмандар уйланармиш”да Хатича, “Муҳаббат навоси”да Она, “Ойонам-қайнонам”да Қумри, “Меҳр нури”да Норгул момо, Ҳожар, “Жайдари келин”да Карима, “Отабек-Кумуш”да Ўзбек ойим, “Аршин мол-олон”да Жаҳон хола каби образлари томошабинлар қалбида муҳрланиб қолган.
У театр билан бир қаторда кино ва телевидениеда ҳам сермаҳсул ижод қилиб, эл-юртнинг эътиборига тушган. Жумладан, “Водийлик келин”да Ҳалима, “Бомба”да Раҳима, “Дев билан пакана”да Розия, “Эр бермоқ, жон бермоқ”да Мастура хола, “Келганда келин”да Жаҳон ая бадиий фильмларида, “Кўнгил кўчалари”, “Опа-сингиллар”, “Туташ тақдирлар”, “Она дарё”, “Бир кам дунё”, Жиблажибон” ва бир қатор телесериалларда яратган салмоқли роллари томошабинлар ёдида қолган.
Шунингдек, “Табассум” радио эшиттиришлари, “Шумтакалар” болалар хажвия дастурларида ва “Телеминатюра”лар кўрсатувларида доимо фаол қатнашган.
Марям Ихтиёрова 2022 йил Тошкент шаҳрида вафот этган ва Чиғатой қабристонига дафн қилинган.