Маҳкам Маҳмудов вафот этди
Устоз ижодкорнинг оила аъзолари, қариндошлари, ҳамкасблари ҳамда шогирдларига чуқур таъзия билдирамиз.
Маълумот: носир ва адабиётшунос – Маҳкам Маҳмудов 1940 йилда Андижон вилоятининг Асака туманида туғилган.
1947-1957 йилларда Андижон шаҳридаги Муқимий номли мактабда таълим олгач, 1957-1962 йилларда Тошкент Давлат университетида ўқиган.
У 60-йиллардан бошлаб газета ва журнал таҳририятлари ҳамда нашриётларда ишлаб келган.
Маҳкам Маҳмудов дастлаб шоир сифатида қалам тебратган. Кейинчалик у насрга ҳам ўтиб, тарихий мавзулар ва фантастик жанрда ижод қилиб келган.
Агар унинг «Бибихоним», «Шоҳлар маликаси», «Мовароуннаҳр юлдузи», «Султон Маҳмуд Ғазнавий», «Бойсунғур ибн Шоҳруҳ», «Имом Зайниддин Ғаззолий» каби қисса, ҳикоя ва бадиалари тарихий мавзуларда яратилган бўлса, «Мен – мен эмасман», «Тескари кўзлар сайёраси», «Сирли қаср», «Мангу куй излаб» цингари асарларида эса у фантастик жанрга қўл урган.
Маҳкам Маҳмудов адабиётшунос сифатида ҳам самарали ижод қилиб келган. Унинг «Талант ва ижод фалсафаси» (1976), «Абадият лаҳзалари» (1981), «Ҳайрат ва тафаккур» (1992) каби асарлари адабий ва илмий жамоатчилик эътиборига тушган.
У филология фанлари номзоди сифатида М. Уйғур номидаги Санъат институти, А. Қодирий номидаги Маданият институтида ўзбек ва чет эл адабиёти курсларидан маърузалар ўқиган.
Маҳкам Маҳмудов таржимон сифатида ҳам қалам тебратиб, Аристотелнинг «Поэтика» рисоласини, Бальзакнинг «Сағри тери тилсими» романини, Андерсен эртаклари, Стефан Цвейгнинг «Куйган кўнгил фарёди» новеллалар тўплами (Ўткир Ҳошимов билан)ни, Оскар Уайлднинг «Юлдуздан тушган бола», «Садоқатли дўст» ҳикоялари ва бошқа асарларни ўзбек тилига ўгирган.
Адабиёт соҳасидаги хизматлари учун унга «Эл-юрт ҳурмати» (1998) ордени берилган.