Нега баданга сўгал тошади?
Сўгал – терининг шилинган, чақаланган, кўп терлайдиган жойларида пайдо бўладиган вирусли касалликдир. Оддий сўгал кўпи билан нўхатдай, оғриқсиз, ғадир-будур тугунча шаклдида бўлиб, кўпинча юз, қўл ва оёқ панжаларида учрайди. Сўгаллар туғма ёки куейинчалик пайдо бўлиши мумкин. Уларнинг айримлари маълум вақтдан кейин ўз-ўзидан йўқолиб ҳам кетади.
- Қонда кўпайган қуруқ балғам баъзан сўгалга айланади, - дейди дерматолог, тиббиёт фанлари доктори, доцент Қ. АҲМЕДОВ. - У, асосан, ўсмирларда кўп учрайди. Баъзан бир дона катта сўгал чиқса, қўшни аъзога келаётган озиқ миқдорини заҳарга айлантиради, шунда ўша аъзо қуриб-совиб, сўгал кўпаяди.
Теридаги турли яралар, модда алмашинувининг бузилиши ҳамда организмнинг ҳимоя тизими кучсиз бўлганида қўл ва тананинг бошқа жойлари терисида сўгал кўринишида намоён бўлади.
Инсон баданида сўгал пайдо бўлишининг асл сабаблари ҳозиргача тўлиқ илмий изоҳини топмаган. Уни қўзғатувчи вируслар ҳам аниқ маълумот йўқ.
Ушбу касалликнинг келиб чиқмаслиги учун, энг аввало, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш керак. Оёқ-қўлларни ҳар куни совунлаб ювиш зарур. Яраланган, шилинган, чақа бўлган жойларга спирт, йод каби воситаларни суртиб, тозалаш керак.
Юқиши мумкинми?
Ушбу касаллик юқумли бўлиб, соғлом одам териси беморнинг терисига тегишидан ҳамда рўзғор буюмлари орқали юқиши мумкин.
Оёқнинг пойабзал қисадиган жойларида, айниқса, кўп терлайдиган оёқда жуда қаттиқ, ғадир-будур, кулранг тугунчалар пайдо бўлади. Болалар ва ўсмирларда ясси сўгал кўпинча юз, бўйин ва қўл панжасининг устки қисмида оч пушти ёки сарғимтир, думалоқ, япалоқ тугунчалар кўринишида учрайди. Кексаларда эса тана, бўйин ва юзда кулранг, жигарранг ёки қорамтир рангда бўлади.
Даволаш усуллари...
Сўгални ўзбошимчалик билан даволаб бўлмайди. Уни шифокор кўригидан ўтиб, даволаш керак. Ўзбошимчалик қилиб турли куйдирувчи дорилар ишлатилса, сўгал ярага айланиб кетиши мумкин. Сўгал аччиқ ва буриштирувчи хусусиятга эга дори воситалари билан даволанилади.
Дарвоқе, тошкўмир қатрони (смола), нефть маҳсулотлари, рентген нурлари билан алоқадор кишиларнинг баданларига тошган сўгаллар хавфли шишга айланиш эҳтимоли борлигини унутмаслик лозим.