КОСМЕТОЛОГДАН БИР НЕЧА ЁЗГИ МАСЛАҲАТ


   Барча аёлларимиз ёзнинг иссиқ тафтида юз териси куйиши ва қорайиши, қуруқшаб қолишини истамайдилар. Ишбилармон ёки замонавий аёлларимиз эса, меҳнатдан кейин таътилга чиқишса, умр йўлдошлари билан денгиз ёки сиҳатгоҳга бориб, ҳордиқ чиқаришни, шунинг баробарида юзларини қуёшнинг аёвсиз қиздираётган нурларидан ҳимоялаш мақсадида турли муолажаларни қўллайдилар. Бироқ билиб-билмай турли амалларни  бажариш ёки айрим муолажаларни ёз фаслида қўллаш мумкин эмаслигини билмасликлари мумкин. Негаки ёзнинг жазирама кунларида пардоз-андозу косметик муолажаларни қўллашда бир талай ўзига хос қоида ва тақиқлари мавжуд. Айнан шу ҳақда косметолог Зарина Низомова тавсиялар ва кўп йиллик тажрибаларини биз билан баҳам кўрди.

     Ёзда юз териси алоҳида парваришга муҳтож бўлади. Иссиқ ҳаво, чанг, кондиционер, ультрабинафша нурларнинг таъсири – бу омилларнинг барчаси юз терисининг ҳолатига салбий таъсир кўрсатиб, айрим ҳолларда турли муаммоларни ҳам юзага келтиради: терининг қуруқшаб қолиши ёки ёғли бўлса терлаши, ёғ натижасида ялтираб қолиши, қизариши, куйиши ва барвақт ажинлар тушишига сабабчи бўлади. Жазирама кунларда терини парваришлаш унчалик ҳам қийин эмас, аслида, фақатгина бир нечта қоидаларга риоя қилиш керак.

   Аввало, ёзда тановул қилаётган таомларингизнинг таркибини назорат қилишингиз муҳим аҳамият касб этади: ёғли, ширин, шўр ва аччиқ нарсалар истеъмол қилишни чеклаш ва буларни таркиби антиоксидантлар ва А, Е, С витаминларига бой фойдали сабзавот, ёнғоқ ва меваларга алиштириш мақсадга мувофиқдир.

Қатъий тақиқ

     Ёзда терини зарарлаши мумкин бўлган муолажалар, масалан, хол, сўгал ва тукларни темир юлгич ёки қўл билан юлиш, олиб ташлаш мумкин эмас, айниқса, қуёш нури тушадиган соҳалар (юз, бўйин, елка, кўкрак ва қўллар)га бундай ҳолларда тегмаслик керак. Башарти, шу каби муолажаларни қилган бўлсангиз, у ҳолда 3-4 ҳафтагача қуёшнинг тиғи остида бўлиш, айниқса, қуёшда тобланиш тақиқланади. Шунингдек, лазерли эпиляцияда ниҳоятда эҳтиёт бўлиш даркор. Буни тобланмаган терига қилиш керак ва шундан сўнг ҳам 3 ҳафта мобайнида қуёш нуридан имкон қадар қочиш керак. Бундан ташқари, чандиқларни текислаш, ниқоблаш амалларини ёз фаслида амалга ошириш ярамайди – ақалли кузгача сабр қилинг.

Олтин қоидалар

    Ажинларни йўқотишда ёрдам берадиган ёшартирувчи гўзаллик инъекцияларини ёзда амалга ошириш тақиқланмаган. Бироқ бу муолажани таътилга чиқишингиздан камида бир ҳафта олдин бажарганингиз маъқул ва инъекциядан кейин тўрт кун мобайнида ҳаммом, сауна ва соҳил бўйларида тобланишга борманг ва иложи борича қуёшда умуман тобланманг! Юзни аппаратда, ультратовуш ёки вакуум ҳолда тозаловчи амалларни қўллаш даври ҳам иссиқ кунларда чекланмаган. Аммо ёдингизда тутинг – бундай муолажалардан кейин қуёш нуридан ҳимояловчи воситалардан фойдаланишингиз зарур.

    Терини ёзда минерал безак косметикаси ҳам яхши ҳимоялайди. Шуни ёдингизда тутингки: у фақат уваланувчи шаклда бўлиши лозим. Бундай косметика нам тортмаган бўлади, демакки, яллиғланишга олиб келадиган бактериялар урчиши учун қулай муҳит бўлолмайди. Агар сизга зичлаштирилган ёки крем ҳолатига келтирилган минерал воситаларни таклиф қилишса, демак унга ёғлар, силиконлар ва парабенлардан қўшишган бўлишади.

Нурга таъсирчанликни кучайтирувчи дорилар

    Ҳуснбузар тошмаларини даволашга эҳтиёткорона ёндошиш керак. Бу мураккаб тиббий муаммо турли усуллар ёрдамида ҳал қилинади, шу жумладан, таркибида антибиотиклар бўлган мазлар, шунингдек, антибиотиклар ва ретиноидлар (А витаминига ўхшаш) ичилади. Бундай препаратлар терининг фототаъсирчанлигини, яъни қуёш нурларига сезгирлигини кучайтиради, шу сабабли, юз, бўйин, қўлларнинг очиқ соҳаларини нафақат қуёшдан ҳимояловчи воситалар билан ишлов бериш, балки уларни кийим остига яшириш ҳам керак. Қуёшда тобланиш қатъиян ман этилади!

Ҳимоя косметикаси

   Ёзда ўзингизни уй шароитида кундалик парваришлаш усулларига айрим ўзгартиришлар киритишингиз талаб қилинади. Кремнинг такркибини диққат билан ўқиб чиқинг:  витамин А ва гликол кислотаси бўлган барча кремлар қуёшга таъсирчанликни ва пигментлар хавфини оширади, шунинг учун, қуёшдан ҳимояловчи кремлардангина фойдаланганингиз мақсадга мувофиқ. Шунингдек, шуни ҳам билишингиз муҳимки, теридаги ҳар қандай шикастланишлар, ҳаттоки оддийгина бўлиб туюлган тирналишлар ҳам жигарранг ёки оқ пигмент доғларининг ҳосил бўлиш хавфини кучайтиради. Шунинг учун яраларнинг битишини тезлаштирадиган восита ва малҳамлардан фойдаланиб, жароҳат йўқолмагунича терингизни ҳимоялашингиз муҳимдир.

Билишингиз шарт!

   Терини лазер ёрдамида текислаш амалиётини амалга ошириш қуёшда тобланмаган теригагина нисбатан татбиқ этилиши лозим, бундан ташқари, қуёш ванналаридан ҳам фойдаланмаган бўлишингиз шарт!

Терини юмшатамиз

   Ҳарорат иссиқ бўлганда, жозибадор кўриниш учун терингиз майин ва силлиқ, жилоланиб турмоғи даркор. Таассуфки, қайноқ кунда терилар қуруқшаб қолиши туфайли, терини бундай ҳолатда ушлаб туриш бирмунча душвор. Шунда юмшатувчи кремлардан фойдаланиш Сизга қўл келади. Имкон қадар терингизга юмшатувчи ва озиқлантирувчи кремлардан суртиб, терингизни озиқлантиринг ва эластиклик ҳолатининг барвақт йўқолиши, эрта ажинлар тушишинг олдини олинг!

Чиройли сочлар

   Ёзда сочларни қуруқшаб қолишидан асраш керак. Барчангизга маълумки, сочларни кимёвий усулда бўяш (айниқса, оч ёрқин рангларга) уларнинг қуруқшашига, хиралашиб, синувчан бўлиб қолишига сабабчи бўлади.  Табиий усулда хина ва басмадан фойдаланиш бундан мустасно, албатта. Шунинг учун, сочларингизни қайнатилган лавлаги суви ёки қатиқда ювинг. Совун таркибида ишқор кўп бўлгани боис, иложи бўлса совундан эмас, шампундан (бальзамли бўлса, янада яхши) фойдаланганингиз яхши.

Қандай кремлардан фойдаланиш мақбул?

   Юзингиз ва баданингиз терисини косметик жиҳатдан парваришлаш мақсадида крем суртар экансиз, дастлаб, юзингиз терисининг турига мос крем олинг (қуруқ, ўртамиёна ёки ёғли эканлигига қараб). Терингиз авваллари қуруқ ё ёғли бўлган бўлса, ёшингиз ўтиб, озишингиз ё семиришингиз натижасида юзингиз терисининг тури ҳам ўзгариши ҳам мумкин. Имкон қадар, табиий ниқоблар (сут, қатиқ, лимон, бодринг каби)дан фойдаланишингиз нур устига аъло нур! Чунки бундай ниқоблар терингизни озиқлантириш баробарида, ёшартиради, энг асосийси, ҳар қандай кимёвий воситалардан холи бўлади!

 Ана шу маслаҳатларга амал қилсангиз, гўзаллик шайдоларини лол қолдириб, ёшингизга нисбатан анча ёш ва тетик кўринишга ва латофатингизни узоқ йиллар мобайнида сақлаб қола олиш имконига эга бўласиз!


Музаффар МУҲАММАДНАЗАР ёзиб олди.

Манба: "Сабо" газетаси. 2016 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот