Ўт пуфаги яллиғланиши (холецистит) айни вақтда кўп тарқалган хасталик, айниқса аёллар ўртасида тез-тез учрайди. Бу касалликни орттириб олмаслик учун нималарга риоя этиш лозим? Бемор муолажани канда қилмаганда холециститдан халос бўлиши мумкинми? Бу ва бошқа саволларга гастроэнтеролог-шифокор, тиббиёт фанлари доктори, профессор Феруза Ҳамробоева жавоб беради.
- Ўт (сафро) жигар ҳужайралари ишлаб чиқарадиган сарғиш-қўнғир рангли суюқлик бўлиб, таркибида сув, органик моддалар, оқсиллар, аминокислоталар, витаминлар, гормонлар ва бошқа моддалар бор. Одам жигари бир кеча-кундузда 2 литргача ўт ишлаб чиқаради. Ўт пуфаги жигарнинг пастки юзасидаги махсус чуқурчада жойлашган. Унда ортиқча ўт сақланади. Ўт йўллари жигар ҳужайралари орасидан бошланиб, бўлакчалар ва бўлаклар оралиғида аста-секин умумийлашиб боради.
Ўт пуфагида ўтнинг димланиб қолиши холецистит пайдо бўлишида асосий омил саналади. Ўт димланишига ўт (сафро) чиқариш йўлларининг буралиб қолиши, сиқилиши, анатомик нуқсонлар сабаб бўлади. Ўт пуфаги яллиғланиши жараёнининг бирданига келиб чиқишига баъзан кўп овқат ейиш, жуда ёғли, шўр ёки аччиқ овқат истеъмол қилиш, совқотиш, бошқа аъзолардаги кучли яллиғланиш жараёнлари ҳам таъсир қилади. Холецистит ўткир ва сурункали турда кечади. Масалан, ўткир холецистит ривожланишига ўт қопида қон айланишининг бузилиши, ўт қопи бўйинчасининг букилиб қолиши, меъда ости бези ширасининг ўт йўлларига оқиб тушиши сабаб бўлади.
Ўткир тури тўсатдан бошланади
Касалликнинг ўткир тури бир неча кўринишда (масалан катарал, йирингли, флегмонали, гангренали) намоён бўлади. Катарал холециститда ўт пуфагининг шиллиқ қавати шишади, қизаради. Йирингли холециститда ўт пуфаги таранглашади, тортилади, пуфак бўшлиғида йиринг тўпланади. Флегмонали холециститда ўт пуфаги шиллиқ қавати некрозга учрайди, баъзида девори тешилиши ҳам мумкин. Гангренали турида эса ўт пуфагининг некротик жараёни унинг деворларига тарқалади.
Бемор ўнг қовурға ости ва қорин усти соҳасида бирданига оғриқ турганидан безовталанади. Кейин эса оғриқ ўнг елка ва ўнг курак соҳасига тарқалади.
Бемор кўпинча ўнг томонга ва орқага эгилган ҳолатда ўтиради, чунки ҳаракат ва нафас олиш оғриқни баттар кучайтиради. Ўткир холециститда тана ҳарорати ошади, бемор титраб-қақшайди. Тил қуруқлашади, оқ караш билан қопланади. Беморнинг кўнгли айнаб қусади, қорни дам бўлади. Гоҳида қабзият кузатилади.
Ўткир холецистит оғир турлари (флегмонали ва гангренали)да бемор операция қилинади. Бошқа ҳолларда (ўртачароқ турида) антибиотиклар буюрилади. Парҳезга риоя қилиш, иссиқ ширин чой, маъданли сувлар ва ёғли овқатдан ўзини тийиш беморнинг аҳволини анча енгиллаштиради.
Сурункали тури ухлатмайди
Сурункали холецистит ўткир холециститдан кейин пайдо бўлади. Бироқ кўп ҳолларда бу дард мустақил равишда, яъни ўт-тош касаллиги асосида келиб чиқади. Семириб кетган, ҳазм аъзолари ва ошқозон ости бези касаллигига дучор бўлган кишиларда ҳам сурункали холецистит келиб чиқиши кузатилган.
Сурункали холециститда бемор ўнг қовурға остида суст оғриқ сезади, бу оғриқ кўпинча ёғли ва қовурилган овқат егандан 1-3 соат ўтгач бошланади. Беморнинг оғзи тахир бўлиши, кекириш, кўнгил айниши, ич дам бўлиши, қабзият ёки ич кетиши сингари ҳолатлар безовта қилади.
Шунингдек, сурункали холецистит хуруж қилганда бемор асабий бўлиб қолади, ухлолмайди. Баъзан дори-дармонлар қабул қилгандан сўнг беморнинг аҳволи яхшиланади. Лекин овқатланиш тартиби бузилса, спиртли ичимликлар ичилса ёки оғир жисмоний машқлар бажарилса касаллик қайталаши мумкин.
Баъзида сурункали холецистит узоқ йилларгача чўзилади, гоҳ кучайиб, гоҳ пасайиб туради. Агар бемор етарлича муолажа олмаса, сурункали холецистит ўт пуфагида тошлар йиғилишига олиб келади.
Ўт қопи олиб ташланса...
Маълумки, жигар тўхтовсиз равишда ўт (сафро) ажратади. У ўт пуфагида тўплана боради ва зарур пайтда овқат ҳазми учун сарфланади. Ўт пуфаги операция қилиб олиб ташланганда эса овқат ҳазми фақатгина жигар ажратаётган ўт ҳисобига амалга оширилади. Шунинг учун ҳам ўт қопи олиб ташланган беморлар тез-тез ва оз-оздан овқат ейишлари лозим.
Бундан ташқари, уларнинг овқатлари ёғсиз ва қовурилмаган бўлиши шарт. Агар овқатланиш тартиби издан чиқса ёки бемор кўп овқат еб қўйса, ўт ишлаб чиқараётган жигар ниҳоятда зўриқади ва беморнинг аҳволи оғирлашиши мумкин.
Ўт қопи олинганда жигар ишлаб чиқарган сафро доимий равишда ичакларга қуйилиб, ичак шиллиқ қаватини емира бошлайди. Шу сабаб баъзан ўт қопи олингач, беморда ич кетиши бошланиши мумкин. Бундай бўлмаслиги учун доимий парҳез ва гастроэнтеролог назоратида бўлиш талаб этилади.
Умуман, ўт қопи олиб ташланганидан кейин 1-3 ой давомида бемор парҳез қилиши шарт. Кунига 4-6 марта овқатланиши зарур. Қатиқ, қайнатиб димланган ёки буғда пиширилган ёғсиз овқатлар, сабзавот ва мева шарбатлари ҳамда маъданли сувлар беморнинг кундалик таомномасида бўлгани маъқул.
Турли пишириқлар, қовурилган ва дудланган маҳсулотлар, сут ёки тухум солинган ҳамирли таомлар ҳамда барча қовурилган овқатлар тавсия этилмайди.
Қийшайса, тўғриланадими?
Баъзан турли сабабларга кўра (масалан, ўткир холецистит ёки ўт-тош касаллиги туфайли) ўт пуфагининг бўйинчаси букилиб қайрилади ва шакли ўзгаради. Бу вақтда беморнинг кўнгли айнийди, қусади, овқати ҳазм бўлмайди, баъзан қорнида оғриқ туради.
Ўт пуфаги қийшайганда ўт (сафро)нинг равон ўтиши қийинлашиб, у димланади, яъни узоқ туриб қолади, натижада ейилган овқат яхши ҳазм бўлмайди, бемор ўнг томонида ноқулайлик, кўпинча оғирликни ҳис этади. Айрим ҳолларда кишининг мунтазам оғир юк кўтариши туфайли ҳам ўт пуфаги қайрилади.
Кексалик ёшига яқинлашаётган ёки жисмонан заиф одамларда ўт пуфагининг қийшайиши ўз-ўзидан рўй беради. Кўпчилик беморлар «Қийшайган ўт пуфагини тўғирлаш учун операция қилиш шартми?» деб сўрашади. Агар бемор буюрилган дори-дармонларни ўз вақтида қабул қилса ва парҳезга риоя этса ўт (сафро) ажралиши яхшиланиб, ичакларга ўтиши равонлашади ва шунда ўт пуфаги ўз ҳолига қайтади. Ўт пуфагида қийшайиш бор беморлар ёғли ва қовурилган овқатлар, ични дам қиладиган шоколад ва донли маҳсулотларни ҳамда хамирли таомларни вақтинча емай турганлари маъқул. Зираворлар, қовурилган тухум, нордон мевалар ва қаҳва ҳам вақтинча таъқиқланади.
Бемор гўшт ва балиқнинг ёғли турларини, қўй ва мол ёғини, ёғли шўрвалар, какао, шоколад, ўткир, аччиқ таомлар, тухум сариғини истеъмол қилиши мумкин эмас. Сут маҳсулотларидан тайёрланган таомлар, масалан, ёғсиз қатиқ, творог, сузма еб туриш, ҳўл мевалар ва сабзавотлардан хоҳлаганча ейиш мумкин. Ичнинг равон келишига аҳамият беринг. Бунда мева шарбатлари яхши ёрдам беришини унутманг.
Шуни ҳам унутмангки, ўз вақтида муолажа олмасангиз, сурункали холецистит бора-бора холангит (жигарнинг ички ва ташқи ўт йўллари яллиғланиши), гепатит (жигар яллиғланиши), панкреатит (меъда ости бези яллиғланиши) сингари касалликларни ҳам ўзига «эргаштириб» келади.
Г. ЖАМИЛОВА ёзиб олди.
Холециститни даволашда қўшимча муолажалар
Бир ошқошиқ қуритилган тирноқгул (календула) япроқларига бир ярим стакан қайноқ сув қуйиб, паст оловда 5-6 дақиқа қайнатинг. Бирор соат дам едиринг, сўнг докада сузиб олинг. Бу қайнатма сафро (ўт) ҳайдаш ва яллиғланишга қарши хусусиятга эга бўлиб, ўт йўли касалликларида кунига -2-3 маҳал чорак стакандан ичилади.
* * *
Карамни гўштқиймалагичдан чиқариб, дока ёрдамида сувини сиқиб олинг. Идишга солиб салқин жойда бир-икки кун сақланг. Холециститда кунига 3-4 маҳал овқатдан ярим соат олдин ичилади.
Шунингдек, тузланган карам суви ҳам сафро ҳайдаш хусусиятига эга. Уни ҳар икки-уч соатда бир стакандан ичиш тавсия этилади.
* * *
Бир ошқошиқ далачой (зверобой) нинг устидан бир стакан қайноқ сув қуйиб, чой каби дамланади. Ярим соат тургач, докада сузиб олинг. Кунига 3-4 маҳал овқатланишдан ярим соат аввал чорак стакандан ичилади.
* * *
Бир ошқошиқ шивит уруғи устидан икки стакан қайнаган сув қуйиб, паст оловда 15 дақиқа қайнатилади. Совигач сузиб олинади. Ярим стакандан кунига 4 маҳал илиқ ҳолида ичилади.
* * *
Бўзноч (бессмертник) гулларидан тайёрланган қайнатма ўт пуфаги касалликларида шифо бўлади. Уч ошқошиқ қуритилган бўзноч гуллари сирли идишга солиниб, устидан бир стакан қайнаган сув қуйилади ва оғзи ёпилган ҳолда сув ҳаммомига (?) ярим соат муддатга қўйилади. Сўнг совитилиб докадан сузилади. Кунига 2-3 маҳал овқатланишдан чорак соат олдин, ярим стакандан илиқ ҳолида ичилади.
* * *
Янги тайёрланган карам шарбати (қирғичдан чиқариб сиқиб олинган суви) ни ҳар куни овқатланишдан ярим соат олдин, ярим стакандан бир ҳафта давомида ичиш керак.
Ярим стакан карам шарбатига чорак стакан тузланган карам сувини аралаштириб, овқатдан олдин илиқ ҳолда икки маҳал 7-10 кун мобайнида ичилади.
* * *
Маккажўхори попугидан тайёрланган қайнатма ўт пуфаги хаста-ликларида жуда фойдали. Қайнатма қуйидагича тайёрланади: 2-4 ошқошиқ попукнинг майдалангани олиниб, бир ярим стакан қайноқ сувда 30 дақиқа жуда паст оловда қайнатилади. Ҳар куни 3-4 соатда бир марта 1-2 ошқошиқдан ичиб турилади.
* * *
Қариқиз (лопух) уруғидан бир неча донаси бир стакан сутга солиб қайнатилади ва ҳар куни овқатланишдан олдин 50 граммдан ичилади.
* * *
Зайтун мойи кунига наҳорда ярим чойқошиқдан ичилади ва бу миқдор секин-аста чорак стаканга етказилади. Сўнг икки ҳафта дам олиб, муолажа яна такрорланади.
* * *
Бодринг шарбати олиниб, бир стаканига бир ошқошиқ асал солиб аралаштирилади. Уни бўлиб-бўлиб кун давомида 3-4 маҳал истеъмол қилиб турилса, ўт йўлларидаги муаммоларни бартараф этади.
* * *
Турп қирғичдан ўтказилиб, шарбати сиқиб олинади. Сўнг тенг миқдорда асал билан аралаштирилиб, оч қоринга оз-оздан ичиб турилади. Бу муолажа ўт йўлларида тош пайдо бўлишининг олдини ҳам олади.
* * *
Ўт пуфаги хаста беморлар наъматак дамламаси (термосда 7-8 соат дамлангани) ни ичиб туришлари, ёнғоқ, узум, карам, картошка, помидор, шивит ва кашнични мумкин қадар кўпроқ истеъмол қилишлари тавсия этилади.