Японларнинг саломатлик ва узоқ умр кўриш сирлари
Японларнинг саломатлик ва узоқ умр кўриш сирлари
«ТОКИО ёки Япониянинг исталган шаҳрига сайр қилинг. Шу заҳотиёқ японларнинг кўринишлари жуда тетик эканлиги яққол кўзингизга ташланади... Инфаркт, кўкрак саратони ва простатит ўсмаси каби иллатлар шу мамлакат вакилларидагина энг паст кўрсаткични ташкил этади. Вазн ва қадди-қоматларини сақлай олишлари, камида ўн ёшга ёш кўринишларига ўзингиз ҳам амин бўласиз. Кўзларининг чақнаб туриши, териси соғломлигидан далолат берувчи – таранг ва эластиклиги, кўркини йўқотмаганлиги, сочларининг жилоланиб туришини кўриб ҳайратга тушасиз!»
Келли Бейкер - журналист.
Бугунги кунда японлар – ер юзидаги энг узоқ умр кўрувчи миллат эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Уларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги йилдан-йилга ортиб бормоқда. Японлар нафақат узоқ умр кўриш бўйича барчани ортда қолдириб келмоқда, балки жаҳондаги энг соғлом миллат ҳам ҳисобланади!
Уларнинг узоқ умр кўриш мобайнидаги саломатлиги 77.7 ёшни ташкил қилади. Японлар орасида, амалий жиҳатдан бақалоқлари йўқ: ҳар 100 та одамдан фақатгина 3 тасигина ортиқча вазнга эга бўлиши мумкин, бу эса французлардан уч маротаба, америкаликлардан эса 10 маротаба кам демакдир. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас! Бу мамлакатнинг аёллари ҳақиқий ёшларига нисбатан анча ёш кўринишади – қирқ беш яшар аёллар йигирма беш ёшли қизлардек кўринади. Ҳатто саксонга кирган бобо ва момолар ҳам ёшига нисбатан анча тетик ва бақувват ҳамда фаол, соғлом турмуш тарзини олиб боришади – гольф ўйнашади, велосипедда сайр қилишади.
Нима учун, дунёда ҳаммадан ҳам кўра кўпроқ мазали таомларни тановул қилишга ўч миллат барча тараққий этган мамлакатлардагиларга нисбатан семириш бўйича энг паст ва энг узоқ умр кўриш, саломатлик бўйича энг юқори кўрсаткичга эга?
Мутахассислар мазкур фавқулодда ҳодисани қуйидаги омилларга боғлаб, изоҳлашади – бу уларнинг ўзига хос фаровонлик фалсафасига амал қилиши – улар тўғри овқатланишади, кўп ҳаракат қилишади, минерал манбалар бой таомларни тановул қилишади. Соғлиқ ва узоқ умр кўриш каби бу тахлит энг биринчи кўрсаткичларга замонавий тиббиёт соҳасига деярли мурожаат қилмаган ҳолда эришмоқдалар. Улар дунёда биринчилардан бўлиб Веллнес саноатини яратишган – бу саноат соғликни сақлаш ва ёшлик даврини узайтириш имконини беради.
Деярли ҳар бир япон йигирма ёшидан бошлаб бўғимлар саломатлиги ва мустаҳкамлиги, терисининг анча вақт ёш сақланиши учун балиқ маҳсулотини истеъмол қилишади. Чунки балиқ гўшти таркибида, организм учун зарур бўлган биологик фаол моддалар, ёғ, фосфор, темир моддаси ва оқсиллар мавжудки, бошқа гўшт маҳсулотларида буларнинг барини учратиш мушкул. Шунингдек, улар жинсий қувватни узоқ муддат сақлашга ҳам алоҳида эътибор қаратишади, шунинг баробарида, «Виагра» ва шу каби сунъий дори-дармонлардан мутлақо фойдаланишмай, бунинг ўрнига устрица (еса бўладиган денгиз моллюскаси) ва устрица экстрактини ҳапдори кўринишида истеъмол қилишади.
Японлар таомларни кичкина, чиройли идишларда озроққина миқдорда дастурхонга тортишади.
Япониядаги таом миқдори ғарбликларнинг деярли учдан бирига тўғри келади. Биз, одатда, тўйгунча еяверамиз, айримларнинг эса ўзи тўйса ҳам кўзи тўймайди.
Японлар эса «Кам-кам е, ҳамиша е», деган қоидага амал қилишади. Шунингдек, японлар таомни яхшилаб, шошилмасдан, ҳар бир таом бўлагини сўлак билан аралашиб, яхлит ҳолатга келгунча чайнашади. Натижада, ҳазм жараёни осонлашади ва шунинг учун ҳам деярли очлик ҳиссини сезишмайди. Японларнинг таом ейишга мўлжалланган махсус таёқчалари ҳам таомни кўп миқдорда олиш имконини бермайди.
Кўпрок, нималарни истеъмол қилишади?
Япон ошхонасининг асоси — бу балиқ, сабзавотлар, мевалар, соя (дуккакли ўсимлик тури ва унинг дони) ҳамда гуруч. Японлар балиқ гўштини биз мол ёки қўй, парранда гўштини истеъмол этгандек тановул қилишади. Балиқ гўштини улар эрталаб, пешин ва кечки овқатда ҳам еяверишади. Японларнинг севимли балиғи — бу лосось, шунингдек, гулмоҳи, треска (шимол денгизларидаги балиқ тури), скумбрия, мидия, қиррабалиқ (тожбалиқ деб ҳам аташади), қисқичбақа, саккизоёқ сингари денгиз жониворлари гўштини ҳам хуш кўришади.
Японларнинг балиқ гўштига ўчлиги эрамизнинг VII асрида-ёқ пайдо бўлган. Бунга сабаб, ўша даврда император ер юзидаги ҳайвонлар ва паррандаларнинг гўштини истеъмол қилишни тақиқловчи фармон чиқарган. Ўшандан буён орадан кўп асрлар ўтган бўлса-да, японларнинг қадимий урф-одатлари, хусусан, балиқ гўшти — миллий таомига айланганлик анъанаси сақланибгина қолмасдан, янада мустаҳкамланди.
Бир йилда японлар ейдиган балиқ гўшти одам бошига деярли 68 килодан тўғри келаркан. Бошқа мамлакатларда балиқ истеъмол қилувчиларга нисбатан тўрт карра кўп экан. Демакки, ҳар куни инсон танаси учун фойдали бўлган балиқ мойини тановул қилишаркан.
Юрагим касал бўлмасин десангиз...
Бугунги кунда юрак касалликлари туфайли кўплаб мамлакатларда талайгина одамлар ҳаётдан бевақт кўз юмишмоқда. Омега-3 балиқ мойи юрак фаолиятини яхшилабгина қолмасдан, томирларини мустаҳкамлайди ва шифокорлар японларнинг саломатлиги ва узоқ умр кўриш сирларини англаш калитини шу ҳолат билан боғлашади. «Агар юрагингиз саломат бўлишини ва назорат қилишни истасангиз, — дейди кардиолог Роберт Фогел — ё ҳар куни оз-оздан балиқ гўштидан тановул қилинг ёки таркибида фойдали мой бўлган бир-икки граммлик балиқ мойи капсулаларини қабул қилинг».
Британиялик профессор Филипп Колдер эса қуйидагиларни таъкидлайди: «Балиқ таркибида минерал моддалар, масалан, селен (кимёвий унсур), йод ва айрим антиоксидантлар мавжуд. Айнан шулар ҳимоя вазифасини бажариб, юрак қон-томир касалликларини, томирларда хатарли тиқилмалар ҳосил бўлиши ва шамоллаш жараёнларининг олдини олади».
Шарқ мамлакати аҳолиси янги сабзавотларни ҳам хуш кўришади. Японлар редиска, бақлажон, исмалоқ, бамбук новдалари, сутчўп, шолғом ва кўкатларни ёқтиришади ҳамда уларни фақат ўз мавсумида ейишади.
Мевалар...
Меваларни Японияда ғарбдагилар билан баробар истеъмол қилишса-да, фарқли жиҳати, японлар фақатгина табиий меваларни афзал кўришади. Японияда олмалар, ўриклар, шафтоли, хурмо, узум, қовун, шунингдек, хушбўй юдзи цитруси ва мандаринлар кенг тарқалган. Мевалар ва сабзавотларнинг японлар саломатлиги ва узоқ умр кўришига дахли борми, дерсиз. Албатта-да. Илло, сунъий тарзда ишлов берилмаган, табиий мева ва сабзавотлар витаминлар ва минерал моддалар макони! Улар таркибида ёғ ва холестеринни парчаловчи моддалар ҳам бор. Мева ва сабзавотларни доимий равишда истеъмол қилиш юрак қон-томир касалликлари юзага келиш эҳтимолини камайтиради. Бундан ташқари, карамлар таркибидаги фитоэстрагенлар онкологик касалликлар — сут ва простата безларининг шиши, оғиз, ҳиқилдоқ, ўпка, ошқозон ва тўғри ичак соҳасидаги саратон хавфини камайтиради. Мева ва сабзавотларни мунтазам равишда тановул қилиш ортиқча вазндан халос бўлиш имконини ҳам беради.
Сувўтлари
Японлар яна озиқлантирувчи хусусиятларга эга бўлган, денгиз ва океанларда ўсадиган сувўтларини ҳам жуда яхши кўришади. Улар соя маҳсулотларисиз бир кунларини ҳам тасаввур қилишолмайди. Соя таркибида организм учун зарур бўлган аминокислоталар мавжуд ва калорияси паст. Таркибидаги оқсил эса ҳайвон танасидаги оқсилга тенг, фақат фарқли томони, ёғ миқдори оз. Мутахассислар Японияда соя маҳсулотларини бу қадар кўп истеъмол қилишлари (кунига 50 гр.) япон миллатининг саломатлиги ва узоқ умр кўришининг қўшимча омилларидан бири, деб ҳисоблашади.
Музаффар МУҲАММАДНАЗАР тайёрлади.
Манба: "Сабо" газетаси №3 (120) 21.01.2016 йил.