ВЕГЕТАРИАНЛИК ҲАҚИДА


  Вегетерианлик ҳаёт тарзи одамларни ўзига жалб қилмоқда. Туғма вегетерианлар ва кейинчалик гўшт емасликка ўтганлар гўштхўр инсонларга қараганда ёш ва соғлом бўлар эканлар. Бедаво касалликка чалиниш ҳолатлари ҳам вегетерианлар орасида жуда кам экан. Вегетерианлар 100-120 йилгача умр кўришар экан. Шу мавзуда шифокор Шоира Орипова ўз фикрлари билан бўлишади.
  Шоира ОРИПОВА, “Умуминсоний қадриятлар маркази” директори, шифокор:

ИНСОН ТАНАСИ ГЎШТ ЕЙИШГА МОСЛАШМАГАН

- Мен йигирма йилдан буён вегетарианликка ўтганман. Бунга соғлиғимдаги салбий ўзгаришлар сабаб бўлган эди. Ўзим аслида гепатолог, яъни жигар хасталиклари бўйича шифокорман. Шу боис ушбу касалликлар сабабини қидирганимда ички касалликларнинг 90 фоизи овқатланиш билан боғлиқ эканлигини билганман. Ўша пайтлар қўлимга «Вегетарианлар», деган китоб тушиб қолди. Китобни ўқиб, гўштхўрлик инсонда нафақат ички касалликларни, балки ревматизм, артрит ва саратон каби оғир хасталикларни ҳам келтириб чиқаришини билдим. Аслида инсон ўтхўр мавжудот экан ва унинг танаси ҳам шунга мослашган. Масалан, ичагимиз бўйимиздан олти баравар узун. Гўштхўр йиртқич ҳайвонларники эса уч баравар узун. Гўшт маҳсулотлари ва унинг қолдиқлари бизнинг танамиздан олти соатда чиқиб кетса, гўштхўр ҳайвонларда бу жараён уч соатда амалга ошади. Демак, уларнинг ичаклари шунга мослашган, яъни гўшт ейишга. Биз эса ўтхўрликка мослашган танамиз билан гўшт маҳсулотларини ҳаддан зиёда кўп истеъмол қиламиз. Бу эса гўшт маҳсулотларидаги зарарли моддаларнинг танамизга сингишига олиб келади.
 Эътибор берсак, гўштхўр инсонларнинг кўпчилигида нафақат вазн билан боғлиқ муаммолар, балки юрак ва саратон хасталиклари ҳам кўп учрайди. Албатта, ушбу хасталиклар инсонда бирданига пайдо бўлмайди. Олдин уларда кўпроқ ич қотиш ҳолатлари кузатилади. Чунки жуда катта босим билан ишлаётган юрак, жигар, талоқ каби аъзолар катта миқдордаги заҳарли моддаларни чиқаришда зўриқиб ишлайди ва уларнинг фильтрлаш, яъни тозалаш хусусияти 50 фоизга камаяди. Аслида ҳар бир инсонда эллик ёшдан кейин аъзоларнинг тўлиқ ишлаши эллик фоизга камаяди, яъни вужуд қарий бошлайди. Шу боис, овқат билан тушадиган зарарли моддаларни тозалаш хусусияти ҳам сусаяди.

“ҚИРҚ ЁШГАЧА МОЛНИ ЕГИН, ҚИРҚ ЁШДАН КЕЙИН МОЛНИНГ ЕГАНИНИ ЕГИН”

  Туркларда «қирқ ёшгача молни егин, қирқ ёшдан кейин молнинг еганини егин» деган нақл бор. Бу бежизга эмас, албатга. Чунки инсон қаригани сари унинг организми гўшт маҳсулотларини ҳазм қилишда янада қийналиб ишлай бошлайди ва оқибатда турли хасталикларни келтириб чидаради. Мен тиббиёт ходими сифатида шуни айтмоқчиманки, инсон танасида гўшт билан бирга холестерин моддаси ҳам ниҳоятда купайиб кетади. Бу эса юрак-қон томир касалликларини келтириб чиқаради. Шунинг учун ҳам гўшт маҳсулотларини айниқса, ёғли гўштларни камроқ истеъмол қилишни тавсия қилган бўлардим. Албатта, гўштнинг ҳам турлари кўп. Масалан, қон босимини оширадиган гўштларга қўй ва чўчқа гўштлари киради. Мўътадиллаштирадиган гўштлар эса балиқ, қуён ва товуқ гўштларидир.
  Буни халқ тилида оқ гўшт ҳам дейишади.

МАШҲУР  ИНСОНЛАРНИНГ  КЎПЧИЛИГИ  ВЕГЕТАРИАН  БЎЛГАН

  Менга 20 йил олдин миома касаллиги ташхиси қўйилганда аҳволим анча оғир эди. Шифокорлар операция ёки гормонотерапия қилиш кераклигини айтишганда иккаласидан ҳам воз кечганман ва ўзимнинг устимда тажриба ўтказишга киришганман. Яъни гўшт ва гўшт маҳсулотларини ейишни тўхтатганман. Икки ҳафтада аҳволим яхшилана бошлаган. Биринчи навбатда ич қотишдан халос бўлганман. (Инсон учун кунига уч марта ичнинг юришиши меъёр ҳисобланади). Буйрак билан жигар фаоллашгач  танадаги кераксиз суюқликлар ҳам чиқиб кетар экан. Оқибатда ўн кило вазн ташладим. Муҳими, ўзимни жудаям енгил ҳис қила бошладим. Буйрагимдаги оғриқлар ва жигаримдаги,  танамдаги шишлар йўқолди. Икки ойдан кейин эса бутунлай соғайдим. Миома ўз-ўзидан сўрилиб кетди. Шундан билдимки, агар биз танадаги суюқлик ва ҳар хил заҳарли моддаларнинг чиқишини вақтида таъминласак, вужудимизнинг ўзи барча касалликларга қарши курашар экан. Мен бунга ўз ҳаётимда амин бўлдим.
  Аслида бутун дунё бўйича вегетарианлик азал-азалдан жуда кенг тарқалган. Ҳатто машҳур инсонлар орасида ҳам шундай ҳаёт тарзига ўтганлар кўп бўлган. Масалан,  Ньютон, Эйнштейн, Акбаршоҳ, Пифагор, Сократ, Аристотель, Махатма Ганди, Тагорлар ҳам шундай ҳаёт кечиришган. 
  Вегетарианлик нафақат соғлиққа ижобий таъсир этади, балки бу ҳолат  инсоннинг дунёқарашини ҳам ўзгартиради. Қадимги китобларда айтилишича, вегетарианлик тирик жонзотга меҳрни ва шу орқали  Аллоҳга бўлган муҳаббатни кучайтиради, деган ақида бор. Чунки комиллика интилган инсон қачондир барибир вегетарианликни қабул қилар экан. Масалан, бизда ҳам улуғ  алломалардан Ҳожа Юсуф Ҳамадоний, Ҳожа Аҳрор Валий каби улуғ зотлар вегетариан бўлишган. 

САРАТОН ХАСТАЛИГИ ГЎШТХЎРЛИКДАН КЕЛИБ ЧИҚАДИ

  Америкалик олимларнинг олиб борган тадқиқотларига кўра, бачадон, кўкрак бези  ва ичак саратонларининг 90 фоизи гўштхўр давлатлар зиммасига тўғри келар экан. Гўшт кам истеъмол қиладиган давлатларда эса бу касалликлар ниҳоятда кам. Масалан, ўзим ҳам японларнинг жуда узоқ умр кўриш сабабларини ўрганганимда бу уларнинг овқатланиш рациони билан боғлиқ эканлигини билганман. Юқорида санаб ўтилган касалликлар ҳам японларда жуда кам учрайди. Сабаби улар денгиз маҳсулотлари ва гўшт ўрнига кўпроқ балиқ  истеъмол қилишади. 
 Албатта, вегетарианлик ҳақида гап борганда агар инсон гўшт емаса оқсил маҳсулотларининг ўрнини қандай қоплайди, деган савол туғилиши мумкин. Биз биламизки, аминокислотоларнинг 8 тури фақат гўшт маҳсулотларида бўлади. Шунинг учун кўпчиликда “Агар инсон гўшт емаса бу кислоталар организмга етишмайди ва бу ҳар хил салбий ҳолатларни келтириб чиқаради”,  деган фикр бор. Аммо шуни алоҳида таъкидлаш керакки, табиатда аминокислоталарнинг ўрнини босадиган барча ўсимликлар бор. Буларга дуккакли ўсимликлар, сут маҳсулотлари, ёнғоқлар киради. Илмий текширишлардан шу нарса маълумки, Ҳиндистон умуман Осиё давлатлари аҳолисининг кўпчилиги туғилганидан буён гўшт емайди ва узоқ умр кўришади. Ана шундай инсонларнинг организми ўрганилганда уларнинг жигари 8 та аминокислоталарнинг ҳаммасини  ишлаб чиқариши аниқланган. Маълум бўлишича, агар инсон гўшт маҳсулотлари истеъмолидан батамом тийилса унинг жигари табиий равишда ана шу аминокислоталарни ўзи ишлаб чиқара бошлар экан. Аслида инсон танаси шундай яралган. У шундай хусусият билан туғилади. Аммо  кейинчалик у гўшт истеъмол қилишга ўтгач жигарнинг ана шу хусисияти ёпилиб қолади. Инсоннинг ўтхўр мавжудот эканлигини яна шундан билса бўладики, бизнинг тишларимиз ҳам гўштхўр ҳайвонларникидан тубдан фарқ қилади. Сўлакларимиздаги кислотанинг миқдори ҳам гўштхўр ҳайвонларникидан ўн баравар кам. Бизнинг кислоталармиз ҳолати ўтли маҳсулотларни ҳазм қилишга мўлжалланган. Шунинг учун сергўшт таомларни еганимизда уни ҳазм қилишга ферментларимизниннг кучи етмайди. Ошқозон ости безимиз ва ўт қопимиз ниҳоятда зўриқиб ишлайди. 

ҲАЙВОНЛАРДАГИ ҚЎРҚУВ ҲИССИ ИНСОНГА ЎТИШИ МУМКИН
 
  Маълумки,  ҳайвонлар ҳам ҳар хил усулда сўйилади. Бунинг ҳам инсонга таъсири бор. Масалан, мусулмон бўлмаган  давлатларда ҳайвонлар электр токи ёрдамида сўйилади. Бу эса ҳайвонда жуда қаттиқ қўрқув ҳиссини пайдо қилади ва бу қўрқув унинг қонига заҳар тарқатади. (Умуман олганда, барча жониворларда ўлимдан олдин қўрқув ҳисси пайдо бўлиши табиий). Гўштдаги ана шу заҳар ва информация кейинчалик инсон танасига ҳам киради. Бундай гўштни истеъмол қилган кишида қўрқоқлик ва бошқа салбий иллатлар пайдо бўлади. Маълум бўлишича, инсонда энг катта қўрқув бу ўлимдан қўрқиш экан. Бу эса унда бошқа қўрқувларни пайдо қилади ва унинг зўравонликка, худбинликка, сотқинликка бўлган мойиллигини оширади. 
  Мен вегетариан  инсонларнинг фикр доираси кенг, меҳр-оқибатда юксак ва илм олишга чанқоқ эканлигини жуда кўп кузатганман. Уларда ҳеч қандай қўрқув бўлмайди ва жуда комил инсонлар бўлишади. Шунинг учун комилликка  эришмоқчи бўлган инсонлар гўшт истеъмолидан воз кечишади.

ВЕГЕТАРИАНЛИККА ҚАНДАЙ ЎТИШ МУМКИН?

  Албатта, бизда деярли ҳамма таомларимиз гўштли маҳсулотлардан тайёрлангани учун бунга бирданига ўтиш жуда қийин. Инсон вегетарианликка дунёқарашининг ўзгариши туфайлигина ўтиши мумкин. Кўпчилик комилликка эришиш ёки  касалликдан халос бўлиш учун ҳам шу йўлни танлайди. Касалликлар жиҳатидан олиб қарайдиган бўлсак, гўштхўрликнинг салбий оқибатлари пандемия даврида ҳам яққолроқ намоён бўлди. Вирусга чалинган инсонларнинг аксарияти қандли диабет хасталиги ёки семизлик туфайли бу оламни тарк этишди. Шунинг учун ҳозир бутун дунё бўйича одамларнинг соғлом турмуш тарзига ўтиш эҳтиёжи икки баравар кучайган. Вегетарианликка ўтишни хоҳловчилар буни босқичма- босқич амалга оширганлари маъқул. Бунинг учун биринча навбатда қизил ва ёғли гўштлардан воз кечиш керак. Бундан ташқари, олдин ҳар куни гўштли таомлар истеъмол қилган бўлса аста-секин ҳафтада икки марта гўшт ейишга ўтиши керак.Кейинчалик қизил гўштдан оқ гўштга яъни товуқ ва балиқ гўштига ўтиши керак. Бора-бора товуқ гўштидан ҳам воз кечиб, балиқ ейишга ўтса бўлади. Агар кучи етса кейинчалик балиқдан ҳам воз кечган маъқул. Баъзи вегетарианлар ҳатто тухум ва сутли маҳсулотлар истеъмолидан ҳам воз кечиб фақат мевалар ейишга ўтишади. Бундай инсонлар ўз устида муттасил ишловчи ва йога билан шуғулланувчи комил инсонлардир. Улар ҳаво ва қуёшдан ҳам қувват олишни билишади. Яқинда бир олим шу ҳақда маъруза ўқиганда “Агар сиз шашликхонанинг олдидан бемалол ўтиб кетсангиз ва сўлакларингиз оқмаса ўшанда вегетарианликка ўтинг. Агар асабийлашиб ўтсангиз ўша гўштни енг. Чунки асабийлашишдан ҳам турли касалликлар келиб чиқиши мумкин “ деган эди. Демак, вегетарианликка ўтиш бу  инсоннинг руҳий ҳолатига ҳам боғлиқ экан. У руҳан тайёр бўлсагина буни қабул қила олади. Акс ҳолда салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. 

КЕЙИНЧАЛИК ҲАММА ГЎШТ ЕМАСЛИККА ЎТАДИМИ?

  Эколог  ва бошқа соҳа  мутахассисларининг таъкидлашича, ер юзида сув ва озиқ-овқат танқислиги кун сайин кучайиб бораётган бир пайтда охир-оқибат барча инсонлар вегетарианликка ўтиши мумкин экан. 
  Ҳозир ҳайвонларни семиртириш учун жуда кўп гормонлардан фойдаланиляпти. Касал бўлмаслиги учун эса антибиотиклар аёвсиз ишлатилаяпти. Бу эса инсон ҳаётига аллергик хасталиклар сифатида хавф соляпти. Энг ёмони, бу ҳолат инсоннинг ирсиятига ҳам таъсир этади. Бугунги кунда экологик тоза гўштни топишнинг ўзи амримаҳол бўлиб қолди. Ана шу хавфлардан қутилиш учун ҳам инсоният қачондир гўшт истеъмолидан воз кечиши мумкин.

ОҚСИЛ КЎП МАҲСУЛОТЛАРГА НИМАЛАР КИРАДИ?

  Ўзим ҳам аввал оқсил етишмайдиган маҳсулотларни еганда қандай қилиб, инсон танаси ривожланади, қандай кучга киради, нимжон бўлиб қолмайдими, деб ўйлардим. Шундай кунларнинг бирида Ҳиндистондаги спортга бағишланган бир анжуманда иштирок этиб қолдим. У ерда 6 ёшдан то 25 ёшгача бўлган спортчилар ўзларининг шу соҳада эришган ютуқларини намойиш этишди. Шу ерда саволимга жавоб топдим. Демак, инсон соғлом бўлиши ва жисмоний ҳаракатлар билан боғлиқ ютуқларга эришиши бу унинг гўшт истеъмолига боғлиқ эмас экан. Масалан, фил ҳам ўт ейди, лекин у дунёдаги энг кучли жонивор. Демак, танамизда модда алмашинуви жараёни уйғунлашганда биздаги жуда кўп ноёб хислатлар очиларкан. Аслида биз шундай хусусиятлар билан туғиламиз. Гўшт емаганда инсонда асосан интуиция  ва сезгирлик кучаяди, ҳиссиётлар нафислашади.

ИНСОН ТАНАСИ ҲАРАКАТЛАНАДИГАН МОЗОР

  Вегетариан бўлган яна бир машҳур инсонлардан бири Леонардо Да Винчи  “Инсон танаси бу ҳаракатланадиган мозор. Биз кимнингдир жонини олиб, шунинг эвазига яшайдиган махлуқотмиз. Лекин қачондир шундай давр келадики, бизнинг танамиз масжидга айланади”, деган экан.
  Вегетарианлик борасида 20 йиллик тажрибам борлиги учун, шуни тавсия қилардимки,  шундай ҳаёт тарзига ўтмоқчи бўлган инсонлар танага оқсил моддасини етказиб беришга катта аҳамият беришлари керак. Агар танада оқсил камайса турли шишлар пайдо бўлади. Бу эса буйракка ҳам таъсир қилади. Шунинг учун оқсил моддаси кўп бўлган таомлардан творог, пишлоқ, ёнғоқ, мош, ловия, соя ва дуккакли маҳсулотлардан кўпроқ ейиш керак. Қўзиқоринлар ҳам оқсилни кўпайтиради. Аммо руҳияти ва дунёқарашини шакллантирмоқчи бўлган одамлар қўзиқориндан ҳам воз кечишади. Вегетарианликка ўтганлар тоза ҳавода сайр қилиши ва қуёшдан кўпроқ баҳраманд бўлишлари керак. Мевалардан эса қуёш нурида тўйинганларини еган маъқулроқ. Сарёғда ва хар хил зираворларда инсон танасига керакли моддалар жуда кўп. Бундан ташқари, буғдой ва мошни ивитилган ҳолатда ейиш ҳам мақсадга мувофиқ бўлади. Буларнинг ҳаммаси тирик овқат ҳисобланади ва инсонга катта қувват беради.
  Қизиқ маълумот бор, ёввойи ҳайвонлар ҳечам касал бўлмас экан. Уларга нисбатан уйда боқиладиган ҳайвонлар кўпроқ касалликка чалинар экан. Чунки ёввойи ҳайвонлар тирик маҳсулотлар ейди. Шунинг учун инсоният ҳам тирик овқатлар ейиши лозим. Кўкатларда ҳам оқсил моддалар жуда кўп. Айниқса, исмалоқ истеъмол қилиш инсон учун ниҳоятда фойдали. Табиий  овқатланишга ҳам бирданига эмас, аста-секинлик билан ўтган маъқул. Мен вегетарианликка ўтганимдан кейин турмуш тарзим, дунёқарашим, руҳиятим ва ён-атрофимдаги инсонлар ҳам ўзгарди. Олдинги таниш-билишларим, дўстларим билан мулоқотлар ўз-ўзидан барҳам топди. Руҳияти баланд, маънавияти кучли ва пок инсонлар билан яқинлаша бошладим. Ўзим тиббиёт бўйича илмий ходим бўлиб, диссертация ёзаётганимда ҳайвонларда жигар циррозини пайдо қилиш ва уни даволаш учун тажриба ўтказар эдим. Вегетарианликка ўтганимдан кейин дунёқарашим шу қадар ўзгардики, мен ҳайвонларни бундай қийнашга қодир эмасман, деган фикрга келиб, ишимдан ҳам воз кечдим ва “Умуминсоний қадриятлар маркази”ни очдим. Ҳозирда шу ерда фаолият юритяпман. Вегетарианлик  инсонда бировларга  беминнат меҳр бериш хусусиятларини ҳам оширади. Бунда инсон фақат меҳр беришга ҳаракат қилади, олишга эмас. Бу эса жамиятнинг ўзгаришига ҳам олиб келади. Умуман умуминсоний қадриятларни оширишга хизмат қилади.

Гулруҳ ЁРМАТОВА - журналист.
Манба: "Бекажон" газетаси.
2021 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот