Ёхуд ҳар бир она нимани билиши шарт?
"Ҳадемай илк фарзандимни дунёга келтираман. Албатта, гўдагимни тарбиялашда қайнонам ва онам ёрдам беришади. Лекин, шунга қарамай, тажрибали педиатр-шифокорнинг тавсиялари ҳақида ҳам билгим келяпти...”
Мақсуда ТЕМИРОВА, Янгийўл.
Оилада "янги меҳмон” дунёга келиши билан, ёш оналарнинг зиммасидаги масъулият икки баравар кўпаяди. Улар тез-тез ўзларига "Қилаётган ишим тўғрими? Мана бу кремни ёки совунни ишлатсам бўлармикин?” деган саволларни беришади. Гўдак эса ҳар куни ўз қилиқлари билан бундай саволлар учун имконият туғдиради. Ўз вақтида айтилган маслаҳат эса бебаҳо!
Бу борада бизга олий тоифали шифокор-педиатр Гулираъно КАРИМҚУЛОВА ўз тавсияларини беради.
1. Болалар косметикаси? Меъёрдан оширманг!
- Кун мобайнида ғамхўр она ёш гўдак танасига нималар қилмайди дейсиз - болалар креми, ёғ, упа, гигиеник сочиқча(салфетка), антибактериал совун... Бироқ чақалоқ 3 ойга тўлиши билан танасига диатез ва тошмалар тошмаса, унга косметик воситаларнинг умуман кераги йўқ. Гўдакни ҳар куни чўмилтириш ва ҳаво ваннаси етарли бўлади.
2. Таъм сезгисини шакллантириш
- Бола ҳаётининг биринчи йилида унда таъм сезгисини шакллантириш лозим. Тузсиз ҳаёт йўқ – у сув-туз алмашинув бошқарилишини таъминлайди ва ошқозоности шарбати ишлаб чиқаришда керак. Бироқ тузни кўп истеъмол қилиш зарарли, у қон босимини ошириши мумкин. Бола учун тайёрланган шўрва ва бўтқаларга ½ чойқошиқда тузли эритма солган маъқул. Сувли эритма тайёрлаш учун 100 мл сувга 25 г туз солиб, паст оловда 10 дақиқа давомида қайнатилади. Кейин эритма устига қайнаган сув солиб аввалгидай 100 мл га келтирилади. Уни яна қайнаб чиққач, 2 қават докадан ўтказинг.
3. Терлашга рухсат этилмайди
- Она сутини эмаётган гўдак деярли терламайди – бола туғилганида тер безлари тўлиқ шаклланмаган бўлади. Агар сиз болани об-ҳавога кўра кийинтирсангиз, исиб кетмаётган бўлса, гўдакнинг кўйлакчаси намиқса, уни шифокорга кўрсатинг. Бу тер ишлаб чиқариш нерв бошқаруви бузилгани, рахит белгиси бўлиши мумкин.
4. Ширин сувлар тақиқланади
- Биринчидан, ширинсувлар чанқоқни қондирмайди, иккинчидан, кичкинтойни ширин таъмга ўргатиб қўясиз. Натижада у оддий сувни ичишдан бош тортади. Учинчидан, шакарни ўзлаштиришга масъул ошқозоности бези ишини оғирлаштирасиз ва гўдагингизни диабет билан касалланиш имкониятини кўпайтирасиз.
5. Гўдак хонасида чироқни ўчиринг
- Кўпчилик оналар чақалоқни тинчлантиради деган фикрда тун бўйи болалар хонасида чироқни ёқиқ қолдиришади. Бироқ тунги ёруғлик кичкинтойлар учун ўта фойдали эмас: у уйқу ва тетиклик биоритмини меъёрлаштирувчи мелатонин гармонини камайтиради. Натижада биологик соат бузилади, болакай ўзини ёмон ҳис этади, кундуз куни инжиқланади ва тунда ёмон ухлайди.
6. Ўнг ва чап томонга ўгириб туринг
- Кичкинтойлар кўпинча бир томонда ётишни ёқтиришади, бу эса бошни деформациялайди, қон айланиши ва бош мияси шаклланиши бузилади. Бундай ҳолат болани ақлан заифликка олиб келиши эҳтимоли бор. Шу боис боланинг ўзи мустақил равишда буни ўргангунича уни ўнг ва чап томонларга навбатма-навбат ётқизиб туринг.
7. Ўйинчоқларни баландроқ осинг
- Болалар аравачаси ва кароватчасидаги ёрқин ранглардан иборат шиқилдоқ ўйинчоқлар тизмаси болакайнинг қўли етадиган даражадаги узоқликда бўлиши керак. 6 ойликдан сўнг чақалоқнинг қўлига бериладиган букланадиган китобчасифат картинкалар эса катта бўлиши лозим. Гап шундаки, кичкинтойлар кўзи узоқни яхши кўрадиган бўлиб туғилади. Шу боис майда нарсаларни болакайлар яқиндан кўрмаганлари маъқул – бу уларнинг кўзлари ғилай бўлишига сабабчи бўлиши мумкин!
8. Ўзингиз таом пиширишга эринманг
- Ўз қўлингиз билан пиширилган таомлар мазали ва ишончли. Дилбандингизга тез-тез сабзавотли ва мевали бўтқалар тайёрланг. Бананни қошиқ билан эзиб беринг, олмани қирғичда қириб беринг. Янги узилган олмаларда ҳазм қилиш жараёнини яхшилайдиган керакли витаминлар бор.
9. Чой ўрнига – сув
- Суюққина қилиб дамланган чой ҳам темирнинг яхши сўрилишига таъсир кўрсатади ва камқонликка сабаб бўлиши мумкин. Болалар ҳаётининг биринчи йилида бунга мойил бўлишади. Гўдак учун энг яхши ичимлик – бу қайнатилган сув ҳисобланади. Эмизишлар орасида болага сув бериб туринг. Бироқ кўп сув берманг, бу унинг буйрагига оғирлик қилиши мумкин.
10. Сайрдан воз кечманг
- Кичкинтой учун тоза ҳаво жуда зарур. Баъзан кун илиқ, қуёш ёрқин нур сочиб турса-да, кўчада сайр этиш учун сизга жуда совуқ бўлиб туюлиши мумкин. Шифокорлар болакай 1 ойлигида кўчада – 10оС, кейинги 11 ойда – 15оС ҳарорат бўлса, шунингдек, кучли шамол(15-20 м/сек ва ундан кучли) ёки юқори намлик (85%) да сайр қилмасликни тавсия этишади.
11. Болалар кремини совуткичда сақланг
- Унинг жойи пастда ёки эшикда жойлашган дори-дармонлар яшикчасида. Таркибида ёғ бўлган барча косметика воситалари каби бу ерда крем яхши сақланади. Йил мобайнида совуқ жойда у ўзининг фойдали хусусиятларини йўқотади. Тумба ёки ошхона шкафчасида, аптечкада кремнинг таркиби 5-6 ойдаёқ "қарийди”.
Маъпура НАБИЕВА тайёрлади.
Савол беринг...
Набирамда юрак нуқсони бор...
"Ўғлимнинг фарзандли бўлганига 6 ой бўлди. У туғилган пайтдаёқ шифокорлар юраги яхши эмас деган сўзни айтишди. Биз бунга эътибор бермаган эдик. Лекин у кейинги пайтда жуда кўп инжиқланиб, йиғлайди. Ушбу безовталик юрак нуқсони билан боғлиқ бўлиши мумкинми? Набирамни даволатиш учун қаерга мурожаат этсам бўлади?”
Мовлуда, Келес шаҳри.
- Айни дамда юрак нуқсони билан туғилган болаларни жарроҳлик усули орқали даволаш йўлга қўйилган. Шу боис сиз республика Педиатрия илмий-текшириш институтига ёки республика перенатал марказига мурожаат қилишингиз лозим. Бу ерда мутахассислар керакли ташхисот (диагностика) ишларини амалга оширишади.
Боланинг инжиқланиб йиғлаш сабаби жуда кўп омилларга бориб тақалади. Шунинг учун чақалоқни кўрмасдан аниқ бир жавобни бериш қийин. Аммо баъзи ҳолларда юрак нуқсони билан туғилган болаларда инжиқланиш аломатлари кузатилади.
Иммунитетни мустаҳкамлаш омиллари
"Ён атрофимдагилардан бола кўп касал бўлса унинг иммунитетини кўтариш керак деган сўзларни эшитаман. Тез-тез касалланадиган болалар иммунитетини дориларсиз мустаҳкамлаш йўллари ҳақида маълумот берсангиз”.
Сайёра ЮНУСОВА, Янгийўл тумани.
- Агар болада туғма ва орттирилган иммун танқислиги касалликлари бўлмаса, биринчи навбатда, соғлом турмуш тарзига риоя этилиши керак. Яъни шахсий гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш, рационал овқатланиш, тоза ҳавода сайр этиш, ўз вақтида дарс тайёрлаш ва ухлаш, ҳар кунги жисмоний машғулотлар билан шуғулланиш, организмни чиниқтириш, вақти-вақти билан массаж олиш, мактабдан ёзги таътилга чиққан пайтларида тоғли ҳудудлардаги болалар дам олиш масканларига бориш – буларнинг бари болалар иммунитетини мустаҳкамловчи асосий омиллар ҳисобланади.
Болаларнинг ҳар кунги таомномасида сут маҳсулотлари ва мева-сабзавотлар ёки улардан шарбатсиққич ёрдамида янги сиқиб олинган шарбатлар бўлиши лозим. Уларга вақти-вақти билан лимончой наъматак дамламасини бериб туриш мақсадга мувофиқ. Болани ўзи қизиққан спорт тўгаракларига беринг. У жисмоний чиниқиши лозим. Шу ўринда бир маслаҳат: спорт турлари ичида организмни чиниқтириш учун энг мақбули сузишдир. Шунингдек, бир йилда бир маротаба фарзандингизни шифокор кўригидан ўтказишни ҳам унутманг.
Саволларга шифокор Зиёда ПЎЛАТОВА жавоб берди.