МАВЛУДА АЯНИНГ МУРУВВАТИ
Ҳукмдорлардан бири салтанатга муносиб вазир танлаш мақсадида олиму фузулоларни тўплаб, бир саволга тўғри жавоб берган кишини бу вазифага тайинлашини билдирибди. Вазирлик илинжида юрганларнинг жисму тани қулоққа айланди. — Осмонда, ерда ва ер остида нима кўп?
Олиму донишмандлар ўз жавобларини айтишди, ҳукмдор эса пешонасини кафтига босганча жим ўтираверди. Йиғин поёнига етай деб қолганида бир четда ўтирган ва кўпчиликнинг эътиборини жалб қилмайдиган ғариб бир киши оҳиста ўрнидан турди.
— Шоҳим, рухсат берсангиз, фикримни айтсам, — деди у.
Сўзлашга изн бўлгач, шундай жавоб берди:
— Осмон жисмларидан бўлган Қуёш ерга нур таратади. Ой кечани ёритади. Булут эса ерни яшнатади. Бунинг эвазига улар ҳеч нарса талаб қилмайди. Эвазига ҳақ олинмай қилинган яхшилик савоб саналади. Шу боис осмонда савоб кўп. Ер юзида яшовчи барча жонзотлар эса орзу билан яшайди, шунинг учун ерда орзу кўп. Орзусига етолмай кетадиганлар армонда кетадилар. Ер остида армон кўп.
Ҳукмдор жавобдан мамнун бўлиб, уни вазир этиб тайинлабди...
Орамизда ҳам савобталаб, мурувватли одамлар кўплаб топилади. Тошкентнинг эски шаҳарини Зарқайнар кўчасида АРСЛОНОВлар хонадони бор. Бу уйдан ҳар куни меҳмоннинг кети узилмайди, десам муболаға бўлмайди. Бугунги кунда меҳмон кутишнинг ўзи бўлмайди. Аммо мезбонлар ҳеч қачон бундан нолишмайди.
Бу хонадонга тез-тез ташриф буюрардим. Чунки Мавлуда опам — ҳамкасбим. “Ватанпарвар” газетасида ишлардик. Оқила ва доно қизи Дилафрўз ҳам биз билан биргаликда фаолият юритарди. Улар ишхонада ҳам кимнинг пули бўлмай қолса бериб турар, нима маслаҳат керак бўлса айтарди, ёрдам керак бўлса биринчилардан бўлиб кўмаклашарди. Ичимизда энг сахий ва мурувватли МАВЛУДА опам эди.
Бир куни жияним иккаламиз ҳамкасбимникига бордик. Ҳол-аҳвол сўрашгач, Мавлуда опам қўярда-қўймай бизни олиб қолди. Меҳмонхонага кирсак, аллақачон ётиш учун тўшак тўшалган экан. Ҳайрон бўлдим.
— Сурхондарёдан иккита меҳмоним келиши керак эди. Қўнғироқ қилишувди. Бироқ ҳанузгача улардан дарак йўқ. Бу жой сизларга насиб қилган экан, — дея кулди.
Орадан бир ҳафта ўтгач, Мавлуда опамларникига яна бордим. Улар ошхонада нималар биландир куймаланиб турган экан.
— Э келинг, келинг. Зап вақтида келдингиз-да. Менга озроқ қарашиб юборасиз. Ҳозиргина хўжайним ишхонасидан қўнғироқ қилди. Хоразмлик ўртоғлари келаётган экан. Донишмандларнинг бир гапи бор “Меҳмон ўз ихтиёри билан келади, кетишда эса уйдаги қайғу ғамларни ювиб кетади”. Меҳмонларнинг борига шукр.
Дарҳол енг шимариб ёрдамлашишга киришиб кетдим. Орадан бир соат ўтгач, айтилган меҳмонлар дарвозадан кириб келишди. Улар икки кундан сўнг жўнашди.
Бугунги кунда меҳмон ҳам бирон жойга отланса, ўйланиб, кейин боради. Аммо Мавлуда опамлар ҳеч қачон меҳмонни ёмон кутиб олмаган.
Қўни-қўшнилар ҳам уларникига тез-тез кириб туришади. Гоҳида бирон нарса керак бўлса ҳам Мавлуда опамдан сўрайди. Уларни ҳеч қачон “йўқ эди-я” деган гапларини эшитмадим. Чунки уйларида ҳар доим ҳамма нарса тахт бўлиб турарди. Айниқса Ҳошим акам доим озиқ-овқатни, сабзавотларни қопи билан олиб қўярди.
Кунларнинг бирида ижарахонада туришга қийналиб, Мавлуда опамникига бордим. Гап орасида ҳамкасбим мени қаерда яшаётганлигимга қизиқиб қолди. Минг истиҳола билан ижарахонадан чиқиб кетмоқчи эканимни айтдим.
— Ундай бўлса, бошпана излаб овора бўлманг. Бу уйларда кимлар яшамаган дейсиз. Келаверинг. Ҳовлимиз жудаям кенг бўлмасада кўнглимиз кенг, — деди опа астойдил мени кўчиб келишимни истаб.
— Қандай бўларкан? Фарзандларингиз бунга қандай қарашади? Турмуш ўртоғингиз-чи? — дея кетма-кет савол бердим мен.
— Ҳошим акангиздан, ўғилларимдан сираям хижолат бўлманг. Улар ижодкорларни жудаям яхши кўришади. Келинг, сизга турадиган хонангизни кўрсатиб қўяман, — дея Мавлуда опам мени кенг ва ёруғ хонага бошлади. — Мана шу ерда яшайверасиз. Болаларимга айтаман, хонтахта олиб кириб беришади. Бемалол ижодингизни қилаверасиз. Сизга ҳеч ким халақит бермайди.
Мусофир шаҳарда Мавлуда опамнинг меҳрибончиликларидан кўзларимга ёш қалқди.
Эртаси куниёқ уларникига кўчиб келдим. Бу оила аъзолари жудаям меҳрибон, мурувватли инсонлар экан.
Бир куни суратларни томоша қилаётганимизда Мавлуда опам айтиб қолди:
— Мана шу йигирмага яқин одам, шу ерда яшаб, ўқиб, ишлаб, кейин уйли-жойли бўлиб кетган. Ҳаттоки бир қизни шу ҳовлидан келин қилиб олиб кетишган. Раҳматли, Санобар онам ҳам бағри кенг, меҳмондўст инсон эдилар. Бир куни кўчада қолиб кетган бир татар аёлига ҳам уйимиздан жой берган. Кейин улар худди опа-сингилек бўлиб кетишди. Кейин у аёлни эрга бердилар.
Тасодифни қарангки, ўша аёл, яъни Рая хола рўпарамиздаги кўчага келин бўлиб тушди. Тўсатдан турмуш ўртоғи вафот этиб, у ёлғизланиб қолди. Онам яна унга ғамхўрлик кўрсатди. Ҳаттоки, онам бетоб бўлиб ётганларида ҳам мени ёнига чақириб дедилар:
— Қизим, Раяга қаранглар. Ош-овқатидан хабардор бўлинглар. Бечоранинг ҳеч кими йўқ.
— Сиз хавотирланманг. Биз, албатта, ундан хабар олиб турамиз, — дедим мен.
Кўп вақт ўтмай онам бечора омонатини топширди. Ортидан икки қизию бир этак неваралари бўзлаб қолдик. Ёлғизгина суянганим онам эди. Энди изларини излаб, йўқлаб, сўзларини ҳам тополмайман. Ёдимга тушса, кенжатойим Жавоҳирим билан йиғлаймиз. Онажоним ҳам ота, ҳам она бўлиб вояга етқизиб ўқитгандилар. Жавоҳирим бувисига жудаям меҳрибон эди.
Шу пайт телефон жиринглаб қолди. Гўшакни кўтардим. Рая хола экан. “Овқат олиб чиқинглар” деди секингина.
Мавлуда опам дарҳол ўрниларидан турди-да қозондаги иссиққина маставадан бир коса қўйиб, яна бир ликобчага салатлар солиб, менинг қўлимга тутқазди.
— Эъзоза неварам уйини билади. Икковинглар олиб бориб беринглар, кейин ўзимиз ҳам овқатланамиз.
Эъзоза иккаламиз Рая холанинг уйига бордик. Эшигини тақиллатдик. Ичкаридан “Кираверинглар” деган синиқ овоз эшитилди. Ҳовлига кириб у ёқ бу ёққа аланглаб овоз келган томоннинг эшигини очиб холага салом бердик. Рая хола инқиллаб-синқиллаб зўрға ўрнидан турди.
— Қўлларингдагини хонтахтани устига қўйиб кетаверинглар. Мавлудага айтинглар, бир келсин, — деди Рая хола.
Тезда уйга қайтиб холанинг омонат гапини опамга етқаздим.
Ҳаммамиз биргаликда овқатланиб бўлгач, Мавлуда опам Рая холаникига чиқиб кетди.
Орадан анча вақт ўтгач опам қайтди.
— Ювинтириб қўйгин, деди. Бироз кирларини ҳам ювиб келдим, — деди Мавлуда опам.
Шундай қилиб мен уларнинг оила аъзосига айландим. Бир куни тобим қочиб тўшакда ётиб қолдим. Мавлуда опам атрофимда парвона. Дорилар олиб кириб берган. Ҳошим акам бўлса “Нима керак, нима ейсиз?” деб турибди. Жавоҳир бўлса “Опажон, оч ётманг! Бирон нарса еб олинг!” дея меҳрибончилик қилишяпти. Бобур бўлса атайлаб менга бозордан мевалар кўтариб келибди. Уларнинг ғамхўрлигидан бошим осмонга етди. Икки кундаёқ оёққа турдим. Шундай меҳрибон инсонлар орасида яшаётганимдан хурсанд бўлиб кетдим. Дугонамга улар ҳақида гапирсам “Ростданми? Уларни кўргим келяпти. Бир кун мени ҳам олиб боринг. Яхши одамларни ўз кўзим билан кўрай!” дейди.
Вақт оқар сув экан. Яқинда Дилафрўзнинг қизи, опамнинг суюкли невараси Эъзозани келин қилиб узатдик.
Аслида бундай савобли ишларни ҳар куни қилиш лозим. Ўз уйидан жой берган, меҳру мурувватини мендан аямаган олижаноб Ҳошим акамни Худо раҳмат қилсин. Ҳошим акам менга худди отамдек меҳрибон инсон эди. Ўтган яхши кунларимни қаламга олар эканман, Хошим акам ва Мавлуда опамга бошим ерга теккунча таъзим киламан.
Хонбиби ҲИММАТ қизи, журналист.
2017 йил.