АЁЛ


Зулфия ҚУРОЛБОЙ қизи


АЁЛ


Ҳ и к о я


Деворлари оппоқ хона. 

Дераза ойнасидан тўкилаётган оппоқ нур аёлнинг юзида жилва қилди, юмуқ қовоқларини қизартирди, ёноқларига илинган  марварид томчиларида ва бармоқларидаги узукнинг олмос кўзчаларида акс этди. 

Аёл кўзларини хиёл очди. Шуъла энди унинг қорачиқларида аксланди. 

“Қандай ёқимли... Тирикликнинг яна бир тонги отди, – аёл кўзларини юмиб, қуёш нурларини симирди, кейин яна оҳиста пичирлади: – Сени қанчалик яхши кўраман қуёш!..”

Қуёш нурларини мўл-кўл тўкди. Аёл буткул офтоб нурига ғарқ бўлди...


                   * * *

 Кейинги ҳафта сурункасига Назокатнинг ҳарорати кўтарилиб, тушиб турди... 

Даволовчи шифокор Шавкатни хонасига чақирди. 

– Назокатнинг аҳволи яхши эмас. Ҳозирлигингизни кўраверинг.

Шавкат бошини чангаллаб қолди. 

– Оғир бўлинг. Бўшашманг. Ҳали у кўп азоб тортиши мумкин. Булар ҳали ҳолва... – дўхтир жимиб қолди. 

Шавкат илкис бошини кўтарди.

– Наҳотки... Шунча қийналгани етмайдими?..

– Кўп азоб турибди олдинда, – деди дўхтир, сўнг маҳзунлик билан хайрлашди. 

Шавкат касалхона ҳовлисида анча вақт айланиб юриб кейин палатага кирди. Назокат ухлаб ётарди. У жуда озиб кетганди. Қовоқлари ичга ботган, ёноқ суяклари туртиб чиққан, лабларининг четида чуқурча пайдо бўлган, чекка томирлари кўм-кўк бўлиб бўртиб турарди. 

Дунёдаги барча касалликларга лаънат ўқиди Шавкат. 

Назокат тикилиб турган нигоҳларни ҳис этди шекилли, аста кўзларини очди.

– Яхшимисан?..

– Тузук, – ўрнидан қўзғалди Назокат. – Ҳовлига чиқиб келсамми, девдим.

Шавкат унга қўлини узатди. 

– Ҳали кучим бор, ўзим юра оламан, – деди Назокат ғалати қараб.

Шавкат беихтиёр чуқур хўрсинди.

Улар ҳовлига чиқишди.  

– Дўхтир сизга бир балоларни вайсаган шекилли, – деди Назокат ташқарига чиққанларидан кейин эрининг қовоқлари салқиган, кайфиятсиз юзига зимдан тикилганча. – Лекин улар янглишяптилар. Афт-ангоримга қаранг, яхшилаб қаранг, мен яқин-ўртада ўладиган одамга ўхшайманми? Ўзимни ҳар қачонгидан яхшироқ ҳис этяпман. Яшаш учун бундан ортиқ яна нима бўлиши керак? – Аёл юришдан тўхтади. Ҳаво совуган, осмонда увада булутлар кезинар, қуёш хирагина нур сочар, қорнинг ҳиди келарди. – Мен ойнага боқиб, қайта-қайта тикилдим ўзимга, ўладиган одамнинг юзи бунақа бўлмайди. Сиз ҳам эшитганмисиз шу гапни? 

– Ҳа, эшитганман, – деди Шавкат шубҳага ўрин қолдирмайдиган оҳангда. 

– Ана, кўрдингизми, – Назокатнинг аллақандай ички нурдан юзи ёришди. У нарироқ бориб кунгай ерда турди, аёлнинг қорачиқларида олов аксланди. – Ҳалиям ҳаво булут, – деди у, –ёруғлик тиниқ эмас. Бу ҳаво одамнинг рангини очмайди, бўғиб қўяди! 

Ҳақиқатан ҳам очиқ ҳавода унинг юзида касаллик нуқси сезилмас, эгнига тўкилган упа ғубори, ҳавога таралаётган ёқимли ҳид унинг ўзига оро берганини билдириб турарди. 

Бирдан кутилмаган ҳол юз берди. Назокат югуриб келиб Шавкатнинг қучоғига ўзини отди. Авваллари ҳеч ҳам бундай қилмасди. 

– Биз фақат эр-хотин эмас, ундан ҳам яқинроқ бўлиб кетганмиз, а, дадаси? – деди у эрининг кўксига юзини босиб. 

Шавкат кучли ҳароратни ва кўз ёшларни туйди. У қимир этолмай қолди. 

Шавкат нимадир дейишни, хотинининг кўнглини кўтаришни истади, аммо тили айланмади. Кўксидан беихтиёр яна оғир хўрсиниқ отилиб чиқди.

Назокат эрининг юзидан ўпди, авайлаб, назокат билан ўпди. Шавкатнинг танасига титроқ кирди. Хотинининг қовжираган лаблари иссиқ эди. Юзи иссиқ эди. Нафаси иссиқ эди. Юзига тегиб турган сочларидан-да ҳовур сачраётгандек эди.  

 – Сенга нима бўлди?.. – дея олди Шавкат.

Назокат жилмайди. Бир вақтлардагидай... Аммо бу кулгу эмас, оғриқ, армон тўла шодмонлик эди. 

Шавкат уни бағрига босди, нигоҳларини яширди. Назокатнинг юзига қарашга ортиқ бардоши етмади.

– Мана кўрасиз, икки-уч кун ўтсин, яна аввалгидай бўлиб кетаман. Шундай бўлишини кўнглим сезиб турибди, – шивирлади Назокат.

Шавкатнинг кўзига дунё қоронғу бўлиб кетди. 

* * *

Кечаси Назокатнинг яна иссиғи кўтарилди. Алаҳсиради. Болаларини сўради. 

Шавкат навбатчи врачни чақирди. Уколдан кейин Назокат тинчланиб ухлаб қолди.

Эрталаб одатдагидай вақтли уйғонди.

– Қаттиқ ухлаб қопман-а? – деб у сўради алланарсадан ҳадиксирагандек бўлиб. 

– Чарчагансан, – деди Шавкат.

– Радиони нимага ўчириб қўйдингиз? 

– Сенга тинчлик керак. Дўхтир айтди. 

– Мен атай радиони ёқиб қўйгандим. Ғинғиллаб турса қаттиқ ухлаб қолмайман... 

– Бугун ҳам ҳаво жуда яхши, ҳовлига чиқасанми? Ёзга ҳам, кузга ҳам ўхшамайди сира, – деди Шавкат. 

– Чиқаман, албатта. Эрталабки тоза ҳавони яхши кўраман. 

Назокат адёлни устидан олиб ташлаб, оёқларини каравотдан пастга туширди. Бирдан оёқларига кўзи тушган аёлнинг юзи ўзгариб кетди. Иккала оёғи ҳам шишиб, пўрсиллаб турарди. Бир кечада-я...

– Кейинроқ чиқарман... – Назокат бўшашганча ўринга чўзилди. Оёқлари устига адёлни ташлади. 

– Нонуштани шу ерга олиб кела қолай. Иккаламиз ўтириб чой ичамиз, кейин болалардан, ишдан хабар оламан, – деди Шавкат хотинининг бирдан авзойи ўзгарганидан таажжубланганини сездирмай.  

– Майли... 

Шавкат ғилдиракли столда нонушта олиб келди. Назокат оёқларини адёл билан ўраб ўтириб чой ичди...

Кечга бориб Назокат болдирлари ҳам шишиб, кўпчиб турганини кўрди. Унинг ҳафсаласи пир бўлиб кетди. Кечаси яна иситма тутди. 

Эртасига саҳар уйғонганида қорин қисмида аллақандай ғашни келтирувчи оғирликни туйди. Қоқсуяк қўлини қорни устига қўйди-ю, шу заҳоти тортиб олди. Шиш энди қоринга ўтган, у ошган хамирдай кўпчиб турарди. 

– Дўхтир! – қичқириб юборди Назокат. Лекин буни ўзи сезмади. 

 Салобатли кекса дўхтир, унинг кетидан озғин ҳамшира ичкарига киришди.

– Қалайсиз, қизим, иситма безовта қилмаяптими энди? – табуреткага ўтирди дўхтир.

Назокат маҳзун жилмайди, кўзларининг остида ажин ғужуми пайдо бўлди. 

– Яхшиман. 

– Ҳароратини ўлчанг, – деди дўхтир ҳамширага қараб. Кейин яна Назокатга юзланди. – Менда гапингиз бор экан. Эшитаман, қизим.

– Шиш масаласида... – Назокат гапиролмай қолди. 

– Хўш.

– Қорниимда яна сув тўпланган шекилли? Қаранг... Шу суюқликнинг ҳаммасини бирдан олдирсам, шиш қайтадими?.. – Назокатнинг кўзлари ғилтиллади.

– Шиш қайтади, – деди дўхтир вазминлик билан. – Лекин менимча... Сизга дўхтир сифатида эмас, оддий бир одам, отангиз қатори бир одам сифатида айтадиган бўлсам... буни маслаҳат бермайман.

– Нега?

– Энди... шуниси маъқул... – Дўхтир нигоҳларини қаерга яширишни билмасди.

– Бу гал жудаям қийин бўлса керак-а? Қаттиқ азоб тортсам керак. Қайсидир палатада бир аёл кечадан бери чинқириб ётибди-ю, шунга ўхшаб. Лекин буни қаранг, қорним соат сайин катталашиб кетяпти. Ҳадемай дўмбирадай бўлиб қолса керак. Мен бундай хунук алфозда... – Назокат юзини девор томонга бурди. Ёстиқ нам тортди.

Тоғдай дўхтир бирдан кичрайиб қолгандек ҳис этди ўзини. 

– Тушуниб турибман... – деди бир оздан кейин овози хириллаб. – Биз керагини олдик суюқликнинг... Аммо ортиқча азобнинг нима кераги бор? 

– Майли, мен чидайман... – деди Назокат терс қараб ётган кўйи. – Ҳаммасига чидайман. 

Дўхтир ўрнидан турди. Назокат жон ҳолатда дўхтирнинг қўлидан ушлади. 

– Биламан, оз қолганини биламан. Лекин бундай хунук алфозда ўлишни истамайман. Истамайман!..

Дўхтир қўлини авайлаб тортиб олиб, хонадан чиқди...


            * * *

Тун.

 Шавкат тезда ухлаб қолди. Аммо Назокат ёта олмади. У оёқларига илашган енгил кўрпани нари суриб, қийнчилик билан тиззаларини қучоқлаганча тўшак устида ўтирмоқчи бўлди, аммо бу ноқулай эди. Тўғрироғи жуда ўнғайсиз эди. Хипча белида осилиб турган ёқимсиз оғирлик ўтиришга халақит берарди. Аёл ўрнидан туриб дераза олдига келди. Унинг уйқуси ўчган, бутун оламни нигоҳлари билан қамраб, унга жойлаб олмоқчидек, очиқ деразадан унсиз осмонга тикилар, ҳайратомуз манзарадан донг қотарди. Зеро бу вақтда ҳад-ҳудудсиз осмон нурафшон, тилларанг ёғдуга ғарқ бўлиб ётарди. Уфқ тепасида осилиб турган ой, жимир-жимир қилаётган юлдузлар яқинлашиб келаётган тонгга ўрин бермасликка, аста-секин хира тортиб, сўниб йўқ бўлиб кетмасликка тиришаётгандай янада ёрқинроқ жилва қилишарди. 

Тун ва тонг ўртасида кескин кураш кетаётган бир вақтда борлиқда теран сукунат ҳукм сурарди. Аёл бутун жисму жони қулоққа айланиб аллақандай эшитилмас товушларга, сирли оҳангларга ғарқ бўлди, ой нурида ялтираётган япроқларнинг сеҳрли титроғини ҳис этди... Кейин чуқур нафас олиб ўпкасини тоза ҳаво билан тўлдирди. Лабларини қаттиқ қимтиб, нафас чиқармай турди. 

Аста-секин борлиққа кумушранг оқим ёйилди. Қушлар чаҳ-чаҳлаб юборди...

Назокат чуқур хўрсинди. Кўзлари ёшланди.

Шавкат безовталаниб, қимирлаб қўйди.

Назокат ўринга чўзилди. Бошини кўрпа билан буркаб олди. Зум ўтмай адёл силкина бошлади.

Аёл йиғларди, унсиз йиғларди...


               * * *  

Кечга бориб Назокатнинг нафаси сиқа бошлади. Боши ёстиққа тегиши ҳамон ҳаво етишмай қолгандек бўларди. Қорни яна бир оз катталашгандек эди. 

Врач Назокатга ёстиққа суяниб ўтирган кўйи ухлашни тавсия қилди. Ётган пайтида қорин бўшлиғида пайдо бўлган суюқлик ўпкани сиқиб қўярди, шунинг учун Назокат нафас олишга қийналаётган эди...

Палатага ҳамшира кирди.

– Эрим келса ичкарига киритманг, илтимос, – деди Назокат унга.

– Нега? Дўхтир кечаси ёнингизда одам бўлишини тайинлаган, – деди ҳамшира.

– Вақтинча киритмай туринг, илтимос.

– Лекин у хавотирланади...

– Бирор баҳона ўйлаб топарсиз! – Назокат ҳамширанинг чўнтагига пул солди. 

Ҳамшира иккиланганча чиқиб кетди.

Назокат деразага тикилди. Унинг кўз олдида ўғиллари пайдо бўлди.

Аёл ўкириб юбормаслик учун лабини қаттиқ тишлади...

Шавкат ишдан чиқиб тўғри касалхонага келди. Лекин уни палатага киритишмади.

– Мумкин эмас! – деди ҳамшира дарчага энгашиб.

– Аҳволи оғирлашиб қолдими?!. – даҳшат ичида сўради Шавкат. Бирдан унинг юзи кўкариб кетди.

– Аҳволи ёмонмас, лекин...

– Врач билан гаплашсам бўладими?

– Врач кечки обходда!

Шавкатнинг юраги хавотирли увишди. Назарида атай врачлар уни ичкарига киритишмаётгандай туюлди. Аллақандай қора хаёллар бирдан бостириб келди ва у ўзини боса олмай қолди.

– Эшикни очинг! Очинг, деяпман! – дея қичқирди у эшикни муштлаб. – Врач билан гаплашишим керак! Хотинимни кўришим керак!

Ичкаридан жавоб бўлмади.

Шавкатнинг хавотири кучайди. Дунё кўзига қоронғи бўлиб кетди.

– Эшикни очинг! Очинг! – дея қичқирди у жони бўғзига тиқилгудай бўлиб. Кейин эшикни бир-икки тепди ҳам.

– Нима гап, тинчликми? Нега тўполон қиляпсиз? – деди бир маҳал кекса навбатчи врач эшик олдида пайдо бўлиб.

– Дўхтир, хотинимни кўришим керак... Кўришим керак... Лекин улар мени ичкарига киритишмаяпти! – деди Шавкат ҳовлиқиб.

Эшик очилди.

– Ортимдан юринг, – деди кекса доктор.

Шавкат унга эргашди.

Кекса врач уни Назокат ётган палатага бошлаб борди. Лекин ичкарига киришга рухсат бермади.

– Ана, хотинингиз ухлаяпти, энди кўнглингиз тинчидими? – деди кекса врач эшикни қия очиб.

Шавкат қия очилган эшикдан ичкарига бош суқди. Ҳа, ҳақиқатан ҳам дераза остидаги каравотда Назокат ухлаб ётарди. Қуюқ қора сочлари оппоқ ёстиқ устида паришон сочилган... Кўрпадан сал чиқиб турган елкасида ой нури жилва қиларди. Шавкат сал хотиржам тортди. Аммо дилидаги ғашлик ва қўрқув тарқамади.

– Нега мени ичкарига қўймаяпсиз? – деб сўради у кекса врачдан. – Ахир ўзингиз айтгандингиз-ку, кечасига олдида одам бўлиши керак, деб.

– Тўғри, ўзим шундай дегандим. Лекин бу беморга ёқмаяпти. У тинчликни истаяпти чоғи. Майли, кўнглига қараймиз.

– Мен нима қилай унда?

– Сиз? Истасангиз уйингизга бориб, болаларингиздан хабар олиб келинг. Дарвоқе, уларни эртага олиб келсангиз ҳам бўлади. Фақат дераза ортидан гаплашишади, хўпми?

– Хўп...

 Кекса врач уни эшик олдигача кузатиб қўйди-да, кейин хонаси томон кетди.

Шавкат касалхона ҳовлисида анча вақт туриб қолди. Унинг кетгиси келмаётганди. Бирдан унинг хаёлига дераза томондан борсам-чи, деган ўй келди. Кейин касалхонани айланиб ўтиб, Назокат ётган палата деразаси тагига келди. Аммо ичкарини кўриб бўлмасди. Дераза ойналари ярмигача тўсиб қўйилганди.

Шавкат ерга чўк тушди. Кейин бу ердан бир қадам ҳам жилмади...


                      * * *

Азоб эди... 

Ёта олмасди. Ўтириш ҳам анча ноқулай. Икки-уч қадам юрмасдан ҳарсиллаб қоларди. Ҳолдан тойган вужуди ортиқча юкни кўтаролмай қийналарди. 

Кечга бориб Назокатни ҳиқичоқ тутди. Икки-уч марта “ҳиқ-ҳиқ” этди-ю, бирдан ичидан қандайдир суюқлик отилиб чиқди...

– Ҳамшира! – хирқироқ овозда қичқирди Назокат.

Зум ўтмай врач етиб келди.

– Энди сувни олмасликнинг иложи йўқ, а? – деди Назокат врачга қараб.

Врач жавоб бермади.

– Дўхтир... – Назокат бармоғидаги тилла узугини врачнинг чўнтагига солди. – Сувни олинг, илтимос. Фақат охиригача!

Врач яна жавоб бермади. Ҳатто қараб қўймади. Аёлнинг қўли чўнтагига кириб чиққанидан кейин ҳам юзига қарамади. Бироқ…

– Ҳамшира! – дея чақирди йўлакка қараб. 

 Назокат жилмайди. Кейин ёстиғи остидан упа-эликни олди...


                   * * *

Тун чекинди.

Дераза ойнасига кумушранг ёғду ёпирилди.

Кейин уфқ қизариб, аста қуёш бош кўтарди. Қуёш нурлари хира ва кучсиз эди, аммо у тез кўтарлди. Ҳар ер-ҳар ерда уни увада пардалардек кулранг булутлар тўсди, лекин қуёш юришини тўхтатмади. Бирдан қуёш кўзни қамаштирадиан даражада оппоқ бўлиб порлаб бепоён осмонни ёритди, сўнг юришини секинлаштиргандай бўлди ва касалхона тепасига келганида бор шуъласини деразаси очиқ хонага туширди, шуъла шу лаҳза каравотда ётган хушбичим ва гўзал аёл юзида жилва қилди, қовоқларини қизартирмоқчи бўлди, лекин тош қотган қовоқлар қилт этмади, шуъла ўзига қадрдон қорачиқларда аксланмоқни истади, аммо уларни топа олмади, у фақат аёлнинг бармоқларида пайдо бўлиб қолган узукнинг олмос кўзчаларидагина акс эта олди. 

Бу кун қуёш қанчалар порлоқ ва нурафшон бўлмасин, унга ҳеч ким муҳаббат изҳор қилмади, мулойим нурларини симирмади... 

 Барибир қуёшнинг бу ердан узоқлашгиси келмади, у сахийлик билан нурларини мўл-кўл тўкди, жимгина ётган аёл вужуди кўзни қамаштириб, ярқираётган оппоқ нурларга омухта бўлиб кетди...










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот