Радионинг қулоғини бурасам, унда севимли хонандамиз худди менинг дардимни куйлаётгандек қўшиқ айтаётганини эшитиб қолдим:
Дўстга зор бўлган куним,
Дўст мани зор айлади...
Қўшиқни тинглаб бўлгач, оғир аҳволга тушиб қолган дамларим кўз олдимдан худди кинолента тасмасидек бир-бир жонланди...
Ўшанда буйрагимдаги оғриқ кундан-кунга зўрайиб борарди. Шифокор ҳузурига бордим. Текширувлардан ўтганимдан сўнг у менга дарҳол ётиб даволанишим учун шифохонага йўлланма ёзиб берди. Ётоқхонамга келдим. Дугонам Фазилатга эртага шифохонага ётишимни айтдим. У мен билан биргаликда шифохонага боришга сўз берди.
Аммо эртаси куни у эрталаб хонадан чиқиб кетганича дараги бўлмади. Ноилож зарур нарсаларимни олиб, шифохонага ўзим бордим. Шифокорлар зудлик билан менга муолажаларни бошлашди. Эртаси куни тана ҳароратим кўтарилиб кетди. Кун бўйи ҳамширалар менга томчи дори қўйишди. Буйрагимдаги чидаб бўлмас оғриққа қўшилиб, дугонамнинг ортимдан келмаётганлиги мени баттар азобларди. Қишлоққа — онамга хабар бермаганимга афсусланардим.
Уч кундан сўнг бир амаллаб ўрнимдан туриб шифокорнинг хонасидан Фазилат дугонамнинг ишхонасига қўнғироқ қилдим. Афсуски гўшакни ҳамкасби кўтарди. Унга аҳволимни ва қаердалигимни айтиб, баъзи бир дорилар керак бўлаётганлигини, иложи бўлса Фазилат тезроқ мени ёнимга бир келиб кетишини илтимос қилдим. Ҳамкасби бу гапларимни, албатта, унга етказишни ваъда берди.
Орадан кунлар ўтди. Афсуски Фазилатдан ҳамон дарак йўқ эди. Даволовчи шифокор (у даволовчи эмас дилозорчи десам тўғри бўлади) ортимдан ҳеч ким келмаганини эшитган заҳоти мени худди илон каби аччиқ-тизиқ сўзлар билан чақиб оларди. Бу эса менинг дардимга яна дард қўшарди. Палатага кириб келаётган дилозорлар (хушмуомила оқ халатлилар мени кечиришсин) нигоҳидан қандай қутилишни билмасдим.
Бир куни томчи дорини томиримга қилган ҳамшира менга юзланиб:
— Яна ухлаб қолманг! Дори тугаши билан мени чақиринг! — дея палатанинг эшигини очиқ қолдириб чиқиб кетди.
Кўзим қандай илинганини билмай қолибман. Шу орада туш кўрибман. Тушимда кичкинагина нуроний бир кампирча "Кўзингни оч!" дея турткилашидан уйғониб кетдим. Чўчиб кўзимни очиб шишадаги дорига қарадим. Шиша бўш эди. Шошиб қолиб, рўпарамда ётган Сожида опадан шишада дори бор-йўқлигини сўрадим.
Сожида опа ўрнидан сапчиб турди-да, қўлимдаги нинани томиримдан суғириб олди-да дарҳол ҳамширани чақирди.
— Мен сизга нима дегандим? — деди ғазаб билан тепамга келган ҳамшира. — Ухлаб қолманг, демаганмидим! Сизга бирон нарса бўлса, биласизми ким жавоб беради?
Мен бўлсам карахт эдим.
— Сиз! — деди Сожида опа унга киноя билан. — Сиз жавоб берасиз, қизим. Беморни шу аҳволда ташлаб чиқиб кетишга нима ҳаққингиз бор? Ахир уни ҳарорати баланд эди. Бу аҳволда шишага термулиб ётиш осонми?
— Албатта, осон эмас, — дея гапга аралашди палатага кириб келган даволовчи шифокор. — Аммо бунга ким сабабчи? Унинг ўзи! Керакли дори-дармонни олиб келинг, деб айтганимизга қанча вақт бўлди. Орқасидан биров келмаса, биз нима қилайлик?
— Мусофирчилик осон эмас синглим, — деди Сожида опа шифокорга юзланиб. — Савоб ҳам керак-ку!
— Савоб! Шу замонда савоб иш қолибдими? Ахир ҳамма дорилармиз шунга кетаяпти!
— Қўйсангизчи синглим. Бунчалар қаҳри қаттиқ бўлманг. Ундан кўра айтинг, қанақа дорилар керак. Мен олиб келтираман.
— Сиз даволанишга келгансиз, опа, — дедию у шошилиб палатадан чиқиб кетди.
Эртаси куни менга қўшимча дори-дармонлар қилишди. Аҳволим яхшилана борди. Сожида опа ҳам ҳамширадан қўярда-қўймай менга зарур бўлган дорилар рўйхатини ёздириб, қизидан олиб келтирибди. Бу опанинг ширин сўзлари менга далда бўлди.
Бир куни телевиденияда ишлайдиган, андижонлик дугонам Зулфия палатага кириб келди.
— Сизни бу ерда ётганингизни эшитмабман. Андижонга кетгандим. Қайтгач, ётоқхонангизга бордим. Фазилатдан сўраб билдим. Нега бир оғиз менга хабар бермадингиз, ишхонамга қўнғироқ қилмадингиз. Ахир етиб келардимку. Қанақа дорилар керак. Олиб келиб бераман, — деди у.
Унинг меҳрибончилигини кўриб йиғлаб юбордим.
Зулфия ҳар куни хабар олиб турадиган бўлди. Дори-дармонларни олиб келди. Ҳамшира ва шифокорнинг муомаласи ҳам ўзгарди.
Шифохонадан соғайиб чиқар эканман, ҳаёт билан ўлимнинг ораси бир қаричгина эканлигини англадим. Дўсту қадрдон танлашда янглишганимни ҳам билдим. Аслида менинг энг қадрдон дўстим бу — Зулфия экан. Яхшиямки орамизда Сожида опа ва Зулфия каби олижаноб инсонлар бор. Зулфия Нўъмонова бугунги кунда ҳам телевидениенинг Ўзбекистон каналида реклама бўлимида фаолият юритади. Иккита фарзанднинг ғамхўр, меҳрибон, сабр-тоқатли онажонисидир. Сожида опани эса қаерда ишлашини сўрамабман ҳам. Майлига, қаерда бўлсалар ҳам бошлари омон бўлсин.
Хонбиби ҲИММАТ қизи.
2017 йил.