РАМАЗОН


БИР КУНИ... 
РАМАЗОН
 
    Олтинчи синфда ўқирдик. Математика дарси эди. Мактаб раҳбарларидан бири синфга кириб келди-да: “Мабодо, ораларингизда рўза тутганлар йўқми?” –  деди. Бараварига: “Йўқ”, деб жавоб бердик. “Ҳа, унда яхши, – деди, кейин ўқитувчимизга қараб давом этди, – марказдан вакил келган, кириб қолиши мумкин”. 
Шунда ўқитувчимиз бирдан ҳушёр тортди-да, орқа партада ўтирган бир синфдошимизга синчиклаб қаради. У бола кўзини олиб қочди. “Ҳожиакбар, – деди ўқитувчимиз сирли бир оҳангда. – Рангинг ўчган, лабларинг қуруқшаб турибди, тинчликми?” деб сўради. Ҳожиакбар ўрнидан туриб, индамай бошини эгди. Шунда ўқитувчимиз унинг бошини силаб қўйди-да, нари кетди:
– Майли, бир амаллармиз, Худойим сенга сабр берсин. Аслида, қурби етган одам ёшми, қарими рўза тутиши савоб, аммо саллани олиб кел, деса каллани олиб келадиган уч-тўртта вакил изғиб юрибди-да, болам, – деди, бошини сарак-сарак қилиб.
   Синфимизга кирган бир-икки нотаниш одамлар ортидан идишда сув кўтариб мактабимиз ошпази ҳам кириб келди. Ҳаммамизга бир ҳўпламдан сув ичира бошлади. Шунда кафти билан оғзини беркитиб, ранги бўздек оқариб ўтирган Ҳожиакбарга навбат етганида,  ўқитувчимиз жонига ора кирди: “Ҳозиргина шу боланинг тишини олдириб келдик. Дўхтирга ўзим олиб бордим. Совуқ сув ичкизманглар, илтимос”, – деди қўлини кўксига қўйиб. 
   Меҳмонларни эсон-омон кузатиб, синфга қайтиб кирган ўқитувчимиз доскага тенгламаларни ёза туриб, оҳиста бош ирғади.
- Эссиз, тутган рўзам увол бўлди.
   Шунда бараварига чувиллашиб сўрадик.
- Устоз, сизга сув ичирмади-ку?!
- Тўғри, сув ичиришмади. Лекин ёлғон гапиришга мажбур қилишди-ку, – деди кулимсираб. Устознинг юзига қарадим. Табассум эмас, аламми, ўкинчми... Мен англаб етмаган нимадир бор эди.

     Мунаввара УСМОНОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Саодат" журнали Бош муҳаррири, шоира.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот