Машҳурлар ва танлаш ҳуқуқи


    Машҳурларга чиндан ҳам қийин. Айниқса, мухлислар бирга суратга тушишини илтимос қилишганида. Кайфияти борми, йўқми, кўриниши қанақа, бу нарсалар мухлисни мутлақо қизиқтирмайди. У ўзи ҳавас қилган таниқли шахс билан суратга тушса, бас. Илгари қайсидир санъаткор кимгадир суратга тушишни рад қилса, ғашим келарди. "Намунча ўзини осмонда деб ҳисобламаса", деб қўярдим ичимда. Аммо бора-бора уларни тушуна бошладим.
    Шахсан ўзимда ҳам шунга ўхшаш воқеа рўй берди. Таниқли бўлмасам-да, оддийгина қаламкашман. Аммо бир тадбирда танишим машҳур санъаткор билан бирга суратга олишимни илтимос қилди. Суратга олиб бердим. "Энди мен билан ҳам расмга тушасиз", – дейди. Ўша кезлар бироз тобим йўқ эди. Кўринишим кўнгилдагидек эмас: ҳорғин, касалманддек таассурот қолдирадиган даражада ҳолим хароб. Тадбирга илтимос қилишгани учун суратга олиш туфайлигина аранг борганман. Узримни айтсам, танишим: "Ҳа, сиз фақат таниқлилар билан бирга расмга тушасиз-да, биз машҳурмасмиз, менсимайсиз. Машҳур юлдузлар ҳам бунча ялинтирмайди, яхшиям юлдуз эмас экансиз", – деб таъна аралаш пичинг қилди.

– Машҳурларда кўп ҳолларда танлаш ҳуқуқи йўқ. Мухлисини ранжитмаслик учун ҳар қандай ҳолатида ва шароитда суратга тушаверади, "мухлисимнинг кўнгли совимасин", дейди. Ҳа, мен юлдузмасман, тўғри айтдингиз, мен оддий одамман ва менда ким билан, қаерда, қачон суратга тушишни танлаш ҳуқуқи бор, шу сабаб маъзур тутасиз! – деб жавоб қайтардим.

Музаффар Муҳаммадназар.
2020 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот