Кинода шифокор образини яратиш ёқади


Таниқли сухандон ва актриса Мавлуда АҲМЕДОВА: “Кинода шифокор образини яратиш ёқади”

   Бундан бир неча йиллар муқаддам сухандон сифатида эл меҳрига сазовор бўлган Мавлуда Аҳмедова айни кунда актриса сифатида сериалларда ҳам суратга тушмоқда. 40 ёшидан кейин кино санъатида изланаётган санъаткорнинг ўзига яраша мухлислари бор десак муболаға эмас. Актриса шу кунларда томошабинларни ойнаи жаҳонда намойиш этилаётган “Журналист” ва “Ватан учун” сериалларидаги  ўзига хос образлари билан, шунингдек, “Маданият ва маърифат” телеканалида “Мутолаа” кўрсатувида бошловчи сифатида машҳур ёзувчиларимиз асарларини таъсирли ўқиш орқали хушнуд этмоқда. Латофатли Мавлуда Аҳмедова билан унинг умр йўллари, хасталикка чалинмаслик  ва гўзаллик сирлари тўғрисида суҳбатлашдик.
—  Мавлудахон, эпидемия ва карантинга қарамай касбингизга бўлган кучли меҳр-муҳаббатингиз боис  сериалларда ғайрат билан суратга тушмоқдасиз. Хасталикка чалинишдан чўчимаяпсизми? Бунинг учун нималар қиляпсиз?
— Тўғри айтасиз, бугунги шарт-шароитда суратга олиш майдончасига бориш жуда хавфли. Лекин ўз касбимга бўлган чексиз меҳр-муҳаббатим туфайли таклиф этилган ролларни рад этгим келмаяпти. Шу кунларда “Ўзбекча ажрашиш” комедия жанридаги фильмда келиннинг холаси образини гавдалантирдим. Агар инсоннинг иммунитети баланд бўлса, соғлом ва тўғри овқатланиш қоидаларига риоя этса, шахсий гигиена қоидаларига амал қилса, яъни қўлларни тез-тез ювиб, ниқобни тўғри тақиб, ҳимоя қилиш воситаларидан ўз ўрнида фойдаланса, хасталик  юқмаса ажаб эмас. Ўзим юқоридагиларга риоя этган ҳолда суратга олиш ишларига қатнашяпман.
—  Дарвоқе, бугунги кунда сиз фаолият юритаётган “Маҳалла” телеканалининг томошабинлари янада ортибди. Бунинг сабаби...
— Ҳақиқатан шундай бўлди. Айни дамда юртдошларимиз ўзларини асрашлари учун коронавирус тўғрисида қанча кўп маълумот билсалар шунча яхши. Шу боис телеканалимиз ходимлари кўрсатувлар тайёрлаш ишларига жиддий  ёндашишяпти. Умид қиламанки, ташриф буюрган мутахассислар томошабинларнинг қизиқтирган саволларга жўяли жавоблар берадилар. 
— Бугунги ёш авлод сизни кўпроқ актриса деб билади. Бир пайтлар Россияда илк ўзбек сухандони сифатида танилганингиздан хабардор эмаслар. Дикторлик фаолиятингиз тўғрисида сўз очилса, нималарни ёдга олгингиз келади? 
— Ҳақиқатан ёшлар мени кўпроқ актриса сифатида танишяпти. Дастлаб бундан хафа бўлардим, лекин ҳозир анча кўникиб қолдим. Чунки 35 йиллик фаолиятимни телевидениега бағишлаганман, таниқли дикторларнинг бири эдим. Катта авлод Москвада ҳам бир йил мобайнида жонли эфирни олиб борганимни яхши билади. Устозларим Даврон Зуннунов, Ўктам Жобиров, Насиба Қамбароваларнинг ўгитларини олиб кам бўлмаганман. Ўзим тенги ва сал каттароқ ҳамда сал кичикроқ ёшдагилар мени яхши танишади, ҳурматлашади, эслашади. Чунки телевидениеда ўша кезларда 2 та канал бўлиб, ҳам “Ахборот”ни ўқирдим, ҳам мусиқий, ҳам болалар учун кўрсатувларни олиб борардим. “Бир актёр театри”да шеърлар ўқирдим. Бундан ташқари турли давлат тадбирларида, байрам кўрсатувларида бошловчилик қилардим. Ҳеч қачон ишдан қочмасдим. Бугун ўша кунларни ширин хотиралар билан эсга оламан. Афсуски ўша кезларда ҳозирги каби қўл телефонларимиз йўқ эди, суратга тушолмаганмиз. Кейинги пайтларда дикторлик касбига кўп тош отиляпти. Дикторлик иккинчи планга тушиб қолган, бу ишни  кўпроқ журналистларнинг ўзлари бажаришяпти. Бундай йўл тутиш  ёмон демоқчи эмасман. Фақат дикторлик мактаби йўқолиб бораётганидан бироз ташвишланаман. Ўзим ҳам бир неча йилдан буён “Маҳалла” телеканалида муҳаррир вазифасида ишлаяпман. Кўп йиллар давомида “Саодатли умр” номли олимлар, ёзувчилар ҳақида, ундан кейин ҳаётда юз берган воқеалар асосида “Тақдирлар” номли кўрсатувлар тайёрлаяпман. Карантин пайтида кўрсатувларим бироз тўхтаб қолди. 
   Умримнинг кўп қисми телевидениеда ўтгани учунмикан, “Сиз актрисасиз-а?” деб сўрашса, хафа бўлиб кетаман. Бироқ актрисаликни ҳам жуда яхши кўрганман. Шунинг учун шу соҳага ўқиганман. Театр ва рассомчилик институтининг 2-курсида ўқиётганимда дикторликка танлов эълон қилинганида 500 нафар истеъдодли ва ниҳоятда чиройли қизлар номзодлар ичидан менинг омадим кулган. Ўша пайтларда дикторлар саноқли бўлишган ва ҳамма ҳам бу ишга киролмаган. Таниш-билишчилик орқали ишга олишмасди, фақат ўзига яраша талаблар бўлган. Нафақат чиройли бўлиш керак эди, муомала маданиятига эга, одобли, дунёқараши кенг инсонларни ишга олишарди. Чунки диктор фақат матнни ўқиб бермасди, балки турли кўрсатувларни олиб боришига тўғри келарди. Натижада диктор  кўрсатувда фақат матн ўқиш билан чекланмай, турли мавзуларда сўзлашига ёки суҳбатлашишига тўғри келарди.
— Сизнингча, истеъдод туғма бўладими ёки рус адиби айтганидек, “икки фоиз талант, тўқсон саккиз фоиз меҳнат”ми? Актриса бўлиш учун қобилият қай даражада муҳим? Чунки сериалларда роль ўйнаётган баъзи актрисалар ижросини кўриб, ўз-ўзини кўзлашдан буларга нима наф деган ўйларга бораман...
— Албатта ҳар бир инсон дунёга келганида озгина бўлса-да, истеъдод билан туғилади. Санъатга бўлган қобилият Худойимдан берилмаса қийин. Бироқ бу истеъдодни  албатта ўз устида ишлаш, изланиш орқали ривожлантириш керак. Ҳозир, минг афсуски, кино санъатида “конфеткалар” деб аталувчи бир гуруҳ актрисалар пайдо бўлишган. Уларнинг қобилиятлари деярли йўқ, лекин пуллари бор. Ролга эга бўлиш учун пул беришади ва образларини шу қадар ёмон ўйнашадики, кўриб хафа бўлиб кетаман. Албатта ўз ишини яхши кўрган инсонлар учун бундай ҳолат ҳеч ёқмайди. Санъатда фақат профессионал актёр ва актрисалар фаолият юритишини тўғри деб биламан. Пул бериб ёки ҳомийлар кўмагида роль ўйнашни кўнгилсиз иш деб ҳисоблайман. “Журналист” телесериалида ҳам профессионаллар билан ёнма-ён таниш-билишлари ёрдамида ролга эга бўлганлар ҳам бор.
— Айни кунда сизнинг “Журналист” телесериалидаги ижроингизни кузатиб қувоняпман. Юрагингизда ижод завқи борлиги боис кўзларингиз ёниб туради. Сериалда Ўзбекистон халқ артисти Муқаддас Холиқова билан опа-сингил ролини ўйнаяпсиз. Машҳур санъаткор билан ёнма-ён образ яратишнинг “плюс” ва “минус”лари ҳақида нималар дея оласиз?
—  Ҳақиқатан “Журналист” телесериалида ва бошқа фильмларда халқ артистлари билан бир сафда туриб роль ижро этишимга тўғри келяпти. Муқаддас Холиқова театр саҳнаси орқали томошабин билан юзма-юз мулоқотда бўлган бўлсалар, мен телевидениеда кўп йиллар мобайнида жонли эфирни, кўрсатувларни олиб борганман. Ўз касбим билан миллионлаб кишилар билан ойнаи жаҳон орқали мулоқотда бўлганман. Шу боис роль ижро этаётганимда ёнимдаги санъаткор халқ артисти бўладими, ёки энди санъатда тетапоя қилаётган артистми, фарқи йўқ, ҳаяжонланмайман, фақат образимни томошабинга манзур қилиш учун юракдан ўйнашга интиламан. Лекин “конфеткалар” билан роль ўйнашдан кўра халқ артисти билан ёнма-ён роль ўйнаш қизиқарли ва шарафли деб ўйлайман. Чунки нопрофессионал одам билан роль ўйнаш актёрга бироз қийин. Профессионал бўлмаган киши яхши ижро қилаётганига ўзи ҳам ишонмайди, натижада сизни ҳам ишонтиролмайди. Профессионаллар эса ўзаро бир ансамблни ташкил этишади. 
   Биласизми, яқинда йўлим тушиб Сергелидаги парфюмерия дўконига кирган эдим. Шунда сотувчи “Ҳозиргина опангиз ҳам келиб кетдилар” деди. Томошабинлар ростдан бизни опа-сингил деб ўйналашаётганидан роса хурсанд бўлдим.

“ШИФОКОР ОБРАЗИНИ ГАВДАЛАНТИРИШ ЁҚАДИ”
— Шифокор ролини таклиф этишса қайси йўналишни танлайсиз: педиатр, терапевт, гинеколог?.. 
— Шу кунгача “Оталар сўзи...” кўрсатувида, фильмларда асосан педиатр-шифокорларни ўйнаганман.  Шифокор образини гавдалантириш менга ёқади ва оқ халат кийиш жуда ярашади. Ҳатто ўзимни оқ халатим ҳам бор. (кулимсираб) Мана шу кунларда кўчада келаётсам ДАН ходими, ёшгина йигитча тўхтатиб: “Ҳужжатларингиз борми?” дея сўради. Мен унга:”Қанақа ҳужжат?” десам, “Опа, сиз шифокорсиз-а?” деди. Кулимсираб, бошимни силкитдим, у эса “Ўтаверинг”, деди. Лекин ёши катта ДАН ходимлари мени таниб, ҳурмат кўрсатишади. Режиссёрларимиз қайси йўналишдаги шифокор ролини беришса ҳам мен гавдалантиравераман. Ҳаёт йўлларимда турли йўналишларда ишловчи шифокорларни кўрганман, суҳбатлашганман. Шунинг учун уларнинг ўзига хос тарафларини ўрганиб жон деб ижро қиламан.

“СОҒЛОМ ТУРМУШ ТАРЗИ – МЕН УЧУН ТЎҒРИ ОВҚАТЛАНИШ”
— Инсоннинг соғ-саломат бўлиши учун энг зарур восита нима? Сиз соғлом юриш учун нималарга риоя этасиз? Фасллар алмашинуви саломатлигингизга қай даражада таъсир кўрсатади? Ёзда кўпроқ нимадан шикоят қиласиз?
— Фасллар алмашинуви таъсир қилади.Баҳор билан кузни яхши кўраман. Жуда қаттиқ совуқни ҳам, жазирама иссиқни ҳам хушламайман. Иссиқда бироз қийналганим учун тезроқ муздек жойга кириб олишга интиламан. Автомашинамда ҳам доимо кондиционер ишлатаман. Соғлом турмуш тарзи – мен учун тўғри овқатланиш. Эрта тонгда  2 стакан илиқ сув ичиб оламан. Орадан бироз вақт ўтгач нонушта қиламан. Кўпинча кечки овқатдан воз кечишга ҳаракат қиламан. Чунки кечқурунги таомларнинг ҳазм бўлиши қийин деб ўйлайман. Бундан ташқари, кўпроқ пиёда юришга интиламан. Бироқ ҳар доим ҳам бунинг уддасидан чиқавермайман. Ҳовлида яшаганим учун эрталаб ва кечқурун ярим соатдан тез-тез пиёда юраман. Пиёда юришнинг инсон соғлигига фойдаси жуда катталигини биламан. Шунинг учун пиёда юришни қон босими юқориларга, ортиқча вазни бор, қон томир тизими хаста кишиларга пиёда юришни тавсия этаман. Фақат секин эмас, бирон жойга шошилиб кетаётгандек камида ярим соат, кўпи билан бир соат тез-тез юриш фойдали бўлади. Мен каби ёшдагиларга югуриш, шейпинг билан шуғулланиш бироз қийинроқ. Лекин пиёда юриш ҳамманинг қўлидан келади ва бу барчанинг саломатлиги учун зарур. Юришни 10 дақиқадан бошлаб, вақтни аста-секин кўпайтириб 1 соатга етказиш керак. 
—  Тозалик ва шахсий гигиенага риоя этмаслик оқибатлари ҳақида...
— Ўзим тозалик ва гигиенага жуда-жуда эътиборлиман. Қолганларни ҳам шунга даъват этгим келади. Тозалик бор жойда барака бўлади. Ҳамма ёқ ораста бўлса кайфият ҳам кўтарилади. Уйларни тозалаб, чангларни артганда ҳам инсондаги ғуборлар ўз-ўзидан тарқаб кетади. Биласизми, аслида чанг ютиш оқибатида инсонда баъзи касалликлар пайдо бўлиши ёки хуруж қилиши мумкин. Шунинг учун ҳамма ўз уйини, ҳовлисини доимо саришталаши лозим. Ҳозирги кунда эса хоналарни тез-тез шамоллатиб туриш керак, ана шунда хонага кислород кириб, саломатлик яхшиланади. Хоналар йиғиштирилмаган, идиш-товоқ ювилмаган бўлса, бу  хонадондан барака кўтарилади. Баракасиз уй эгаларига бирон киши ҳавас қилмаса керак. Баъзи хонадонларда супур-сидир ишларини фақат келин бажариши керак деб хато ўйлашади. Шу хонадонда яшайдиган барча кишилар – қайнона, қайнота, қайнсингилу ўғиллар ҳам озодалик учун бирдай масъул. Кимдир кўчани, кимдир ҳовлини, кимдир ошхонани тозалаши даркор. Ўзим ҳам жисмоний меҳнатдан қочмайман, келиним бўлса-да, уйларимни ўзим саришталайман. Ҳовлига ўсма, гул, райҳон экиб, парваришлайман. Тагларини тешада юмшатаман. Меҳнаткашлик менга Ҳадяхон онамдан ўтган. Улар жуда оқила аёл бўлганлар. Афсуски онам билан отам мен 2 ёшлигимда ажрашиб кетишган. Отасиз ўсганман. Лекин онамнинг ота-оналари биз 4 қиз набираларининг тарбиясида яхшигина ёрдам беришган. Ҳеч кимдан кам қилмасдан вояга етказишган. Онам 6 йил аввал вафот этдилар. Лекин иш, турли съёмкалар боис уларнинг ёнларида кўп бўлолмаганман. Кўргани борган пайтимда ҳам ярим соат ўтириб “Яхши ўтирибсиз-а онажон” дея яна ўз ишларимга шўнғиб кетардим. Шундан жуда армондаман. Онаси ҳаётларга “Онангизни асранг, қадрига етинг, ёнларида ётиб қолиб бағирларида кўп бўлинг. Уларнинг ҳолидан тез-тез хабар олинг, дийдор ғанимат” дегим келади. Фурсати келиб,  мен каби армон қилиб юришмасин.

Муштарийларга саломатлик борасида ТАВСИЯ ВА МАСЛАҲАТЛАР
• Соғлом бўлиш учун энг аввало асабни асраш керак. Чунки асаб ишдан чиққанидан кейин бошқа хасталикларга чалиниш мумкинлиги тиббиётда исботланган. 
• 50 ёшдан ўтган аёллар ўзлари учун қайғурганлари маъқул. Аёл киши ўзини кўпроқ яхши кўриши, ўзига эътиборли бўлиши, вақтида дам олиши, кўчада сайр қилиши лозим.
• Кечқурун имкон қадар камроқ таом ейиш керак. Кечки таомни еб ухлаш ҳамма учун бирдай зарарли.
• Бугунги коронавирус пандемияси пайтида энг аввало кайфиятингизни кўтаринг. Тушкунликка тушманг. Тушкунликка тушганда касал юқиш хавфи ошади. Тозаликка риоя қилинг, тўғри овқатланинг, вақтида дам олинг. 

Маъпура НАБИЕВА суҳбатлашди.
2020 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот