ҲАМ ЁЗУВЧИ ИЖОДКОР, ҲАМ ИСТЕЪДОДЛИ АКТЁР


ҲАМ ЁЗУВЧИ ИЖОДКОР, ҲАМ ИСТЕЪДОДЛИ АКТЁР 
  
   Музаффар Муҳаммадназар. Мени бу жонкуяр, ижодкор дўстим ўзининг Muzaffar.uz сайти ва фейсбукдаги саҳифасида  турли мавзулардаги  бири-биридан қизиқарли  ва долзарб мақолалар, ҳикоялар, шеърлар қўйиб борадиган, ижодкор халқига чексиз эътибори билан диққатимни тортган. Сайтда эълон қилинган материалларга муносабат билдириб юрардим. Музаффарнинг ҳамма билан бирдай самимий ва меҳрли муомаласига ҳавас қиламан. 
   Музаффарнинг вафот этиб кетган Ота-Онасига бўлган меҳри ва ҳурмати рамзи сифатида уларни расмларини қўйиб, кўнгил тубидаги армонларини, хотираларини доимо ёзиб бориши ҳам унинг яхши  инсоний фазилатларидан бири, деб биламан. 
   Музаффарнинг ҳикояларини ўқиганимда шунга амин бўлдимки, мен бу инсонни танимасимдан аввал унинг ижоди билан яқиндан танишган эканман. Матбуотда эълон қилинган таъсирли мавзудаги ҳикояларининг ҳаммаси кўнгилга яқин.
   "Ёнаётган тирик ҳайкаллар" китоби - Музаффар Муҳаммадназарнинг ўттиз йиллик ижодини - ҳикоялари, шеърлари, таниқли шахслар, санъаткорлар билан суҳбатини ўз ичига олади. Мен бу китобни маза қилиб ўқидим ва ўзим учун Музаффарбекни яхши ёзувчи, серқирра  ижодкор ва ҳозиржавоб журналист сифатида кашф этдим. 
   Фейсбукдаги "Ижод тараннуми" гуруҳини очишда ҳам, ундаги безак ишларини бажариш-у, гуруҳда рубрикалар ташкил қилишда ҳам Музаффарнинг хизматлари беқиёс. Доимо ундаги ишбилармонлик, ижод ва санъат аҳлига ҳурмат ва эътиборига, давримиз воқеаларига ҳозиржавоб муносабатига  ҳавасим келади.
    Музаффарбек дўстимизнинг туғилган куни. Тўғриси, ташқи кўринишидан сира ярим асрлик умрни қоралаб қўйганга ўхшамайди. Мен Музаффарбекка энг аввало мустаҳкам соғлик, узоқ умр ва туганмас илҳом тилайман. Ярим аср - бу инсон умрининг айни камолотга эришган, ҳаётда маълум бир муваффақиятдан завқ-шавқ олиб, фарзандлар ютуқларидан хурсанд бўлиб яшайдиган ёши. Музаффарбек дўстимиз ҳам ўз ҳаётларининг энг гўзал ва комилликка эришиш ёшига етиб келди. Самимий, меҳрибон, очиқкўнгил дўстимизга бундай ёшларнинг кўпини кўриб, эл-юртнинг зиёли ўғлони бўлганча, кўнгилларимизни нурафшон этиб юришига тилакдошман.Омон бўлинг, Музаффарбек. Доимо шундай навқирон, чиройли йигит бўлиб юринг. Нозимахон келинимиз билан қўша қаринг. Ўғлонларингиз орқасидан солиҳа, илмли келинлар келиб, хонадонингизни тўлдирсин. Юз ёшга кирганингизда ҳам Сизни табриклаш бизга насиб бўлсин.
   
   Ҳурмат билан - Моҳигул Ўктам қизи Назарова - Бухоро вилоят мусиқали драма театрининг адабий бўлим мудираси, ёзувчи, шоира, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот