Таваллуд айёмингиз билан табриклайман
Бугун ажойиб бир инсоннинг таваллуд айёми. Фейсбукка кирсам жуда кўп Ватандошларимиз, дўстларимиз чиройли табриклар, эзгу ниятлар билдиришибди. Улардан ўтиб яна бир нарса ёзиш қийин. Ўйлаб, ўйлаб ҳеч ким айтмаган, ёзмаган хислатларинини ёзгим келди.
Баъзан қалтисроқ мавзуда мақола ёзсам сайтга қўйишга ҳижолат бўламан. Шунда Музаффар акани ўзи қўнғироқ қилади:
- Синглим, шу мақолангизни сайтга қўймаган экансиз, ўзим қўйдим муаллиф сифатида Сизни кўрсатиб. Рози бўлинг.
- "Мавзу қалтисроғу, қўрқмайсизми?", - деган саволим тугар-тугамас кескин эътироз янграйди:
- Ҳижолат бўлманг, хақиқат, адолат учун гап эшитишдан қўрқмайман!
Музаффар акани ана шу мардлиги, жасурлиги учун ҳурмат қиламан. Тўғри, яхши фазилатлари кўп, аммо эркак киши биринчи навбатда шерюрак бўлиши шарт!
Адолатпарварлиги, халқпарварлиги ҳам алоҳида ҳурматга лойиқ!
Сизни нафақат ижодкор, балки яхши инсон сифатида жуда ҳурмат қиламан. Ҳеч кимнинг дардига бефарқ қарамай, қўлингиздан келганча ёрдам беришингиз, бошқаларни ҳам бунга даъват этишингиз таҳсинга лойиқ.
Кўзи ожиз болалар мактабида ўтказган тадбирларимиз ёдингиздами? Ўшанда бир неча кун аввал эълон қўйсам ҳам, саноқли инсон болалар билан бўладиган учрашувга келди. Уларнинг бири сиз эдингиз. Китоблар совға қилиб, суратлар олиб ширинтойларни хурсанд қилдингиз, ширин сўзлар билан далда бўлдингиз...
Бунақа яхши ишларингиз ҳақида гапирсам, гап тугамайди.
Бугун Сизнинг туғилган кунингиз.
Бу кун — Аллоҳ бир инсонини зиёда меҳр билан яратган кун.
Сиз шовқинсиз яхшилик қиладиган, мақтанмасдан қўл узатадиган, муомалани жойига қўя биладиган одамсиз.
Шунинг учун Сизни ҳурмат қиладиганлар кўп, дуо қиладиганлар янада кўп.
Одам боласига энг катта бойлик — юрак хотиржамлиги экан.
Аллоҳ Сизга шу хотиржамликни, уйингизга барака, йўлингизга очиқлик, қалбингизга нур берсин.
Туғилган кунингиз муборак бўлсин!
Умрингиз узун, соғлигингиз мустаҳкам, қадамингиз доим хайрли бўлсин.
Аллоҳ Сизни ўз паноҳида асрасин!
Илоҳим, ҳамиша шундай фаол, жамиятга керакли инсон бўлиб юринг!
Таваллуд айёмингиз билан чин дилдан табриклайман, Музаффар ака!
Илоҳим, умрингиз узоқ, ризқингиз улуғ бўлсин! Келинойим билан қўша қариб, ширинтой жиянчаларимни роҳатларини кўринглар!
Муаззам ИБРОҲИМОВА.