Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинган кун
Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинган кун
Давлат герби Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 2 июлдаги 616-XII-сонли «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги Қонуни билан тасдиқланган.
Ҳаммамизга маълумки, ҳар бир давлатнинг Конституцияси, байроғи, герби, мадҳияси каби рамзлари мавжуд. Давлатимизнинг рамзлари Давлат байроғи (1991 йил), Давлат Герби (1992 йил), Давлат мадҳияси (1992 йил) қонун ҳужжатлари орқали мустаҳкамланган.
Маълумки, давлат рамзлари, яъни давлат байроғи, герби ва мадҳияси ҳар бир мамлакатнинг халқаро муносабатлардаги миллий тимсоли ва рамзи сифатида муҳим сиёсий ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлиб, ушбу рамзларсиз давлатнинг сиёсий мустақиллигини ва унинг халқаро муносабатларда тутган ўрни ва ролини тасаввур этиб бўлмайди.
Жумладан, 1992 йил 2 июлда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида”ги Қонуни билан миллий давлат рамзимиз, яъни Ўзбекистон Республикасининг давлат герби қабул қилиниб, тасдиқланди.
Аҳамиятли янгиликлардан бири жорий йилнинг 7 июнида Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан қонунда давлат рамзларидан фойдаланиш талабларини янада мустаҳкамлаш мақсадида бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар берилди ва янги таҳрирдаги мазкур қонунда бу қоида ўз ифодасини топди.
Қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда давлат рамзларидан тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализация қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) реклама қилиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш тақиқланди.
Хусусан, Қонуннинг 16-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тасвиридан ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси оҳангидан фойдаланиш ёки уларни айнан такрорлашга йўл қўйилмаслиги белгиланди.
Аслида гербимиз давлатимизнинг сиёсий, миллий, хўжалик, жуғрофий, этник ва бошқа ўзига хос хусусиятларини ҳамда бой тарихий анъаналарини ўзида мужассамлаштирган. Шунингдек, гербимизда Ўзбекистоннинг ижтимоий ва давлат тузилиши тамойиллари ўзига хос тарзда ифода этилган. “Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонунга биноан, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби республика давлат мустақиллигининг рамзидир.
Давлатимиз гербида халқимизнинг тарихи, бугуни ва келажаги ўз аксини топган. Унда тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса миллий бойлигимиз пахта чаноқлари қийғос очилган ғўза шохларидан иборат чамбаракка ўралганлиги ҳамда гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туриши акс эттирилган.
Гербнинг юқори қисмида ҳурлигимизнинг рамзи сифатида саккизбурчак, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз, марказида афсонавий Ҳумо қуши тасвирланган. Пастки қисмида юртимиз Давлат байроғини ифода этувчи чамбарак тасмасига “Ўзбекистон” деб ёзиб қўйилган. Биз учун суюк ва буюк ана шу заррин тасвирдаги ҳар бир чизиқ, ҳар бир ранг, ҳар бир белгида муайян рамзий маънолар мужассам.
Ўзбекистон Республикаси Давлат гербида ранглар жилосига ҳам алоҳида аҳамият қаратилиб, Ҳумо қуши ва дарёлар – кумуш рангида, қуёш, бошоқлар, пахта чаноқлари ва “Ўзбекистон” ёзуви – олтин рангида, ғўза шохлари ва барглари, тоғлар ва водий – яшил рангда, чаноқлардаги пахта – оқ рангда; лента – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангларини акс эттирувчи уч хил рангда, саккизбурчак – олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда ҳаво рангда, яримой ва юлдузлар – оқ рангда тасвирланган.
Гербда ўз ифодасини топган жаннатмакон диёримиз ҳусн-тароватига ишора этувчи манзаралардан тортиб, дарё, буғдой бошоғи, ғўза ва пахта чаноқлари халқимизнинг тинчлик, яхшилик, бахт-саодат, фаровонлик йўлидаги орзу-умидлари ифодаси, қуёш, ярим ой, юлдуз- жамиятимиз жипслиги белгиси, шунингдек, омад, ҳиммат, олижаноблик, эрксеварлик ва фидойилик рамзи бўлган афсонавий Ҳумо қуши – буларнинг барчаси миллатимиз, халқимиз ҳаёти, тарихи, руҳияти ва анъаналари билан чамбарчас боғлиқ тимсоллардир.
Бу тоғлар – юртимиз равнақи, истиқлолимизни таъминлаш ва халқимиз фаровонлиги, илму фанимиз, юксак маданиятимиз йўлида заҳмат чекиб, меҳнат қилган, ҳаттоки ўзларини фидо қилган ва бу йўлда фидойиликка тайёр инсонларнинг барҳаётлик сиймосидир.
Дарё – жаҳон тамаддуни ва илму фани ривожига ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшган, математика, тиббиёт, ҳуқуқ, адабиёт, ҳарбий санъат, давлат бошқаруви, ислом илми ва қолаверса илм-фаннинг деярли барча аниқ йўналишлари булоқларини очган буюк аждодларимиз, уларнинг бебаҳо меросидан самарали фойдаланган ҳолда тараққиётимизга самарали ҳисса қўшаётган олиму фузалолар ва зиёлиларнинг салоҳиятлари тимсоли сифатида гавдаланади. Улуғвор ва мустаҳкамлигини асрлар давомида исботлаб келган давлатчилигимиз, юксак маданиятимиз, буюк тарихимизни ҳам ўзида акс эттиргандек.
Порлаб турган қуёш – бой тарихга ва юксак маданиятга эга она халқимизнинг қалбидаги меҳр-оқибат, бағрикенглик, меҳмондўстлик, бардавомлик, шунингдек, кўҳна ва навқирон заминимиздаги тўкин – сочинлик, ободончилик, фаровонлик, пурнурлик рамзига ўхшайди.
Гербимизда марказий ўрин тутувчи афсонавий Ҳумо қуши рамзини халқимиз азалдан давлат қуши сифатида тасаввур қилиб келган. Заминимизда неча минг йиллар илгари пайдо бўлган афсоналарда Ҳумо гўзал қуш қиёфасидаги бахт, порлоқ тақдир ва бадавлатлик тимсоли ҳисобланган.