Билдирилган ишонч – масъулиятдир


ЮРТ БАЙРОҒИНИ КЎККА КЎТАРАЁТГАН ЎҒЛОН

     Бугун спортнинг катта майдонларида, ғалаба шоҳсупаларида Ўзбекистон байроғини баланд ва мағрур кўтараётган андижонлик чемпион ҳақида билмаганлар кўп, номини эшитмаганлар бор. Бир пайтлар бўлажак спорт устаси бугунги кунини фақат орзу қиларди. Устозлари ютуқларига ҳавас билан қарарди. Шу боис ҳам тинимсиз машқлар, машғулотлар уни тоблади. Сираям “чарчадим” дейишни ўзига эп билмади...
     Андижоннинг Шаҳрихон туманидаги оддий меҳнаткаш оилада улғайган Шоҳрухнинг ниятлари бўйидан баланд бўлгани рост. Таҳсил олган мактаби БЎСМ (болалар ва ўсмирлар спорт мактаби)га яқин жойда жойлашган эди. Муассаса залида спортчиларнинг машғулотларини томоша қилиб карате спортига қизиқишни ҳис қилган ўсмир мураббий танлашда адашмади. Илҳом Умаров талабчан, қаттиққўл, ҳақиқий спортчи эканлигини ҳар қадамда, айниқса, ғалабалари самарасида ҳис қилганини бот-бот таъкидлайди. 
– Дарслар чиниқиш жараёнларига айланди, дейди биз билан суҳбатда Шохруҳ Турсунмаҳаматов. - Мақсадим қатъийлашди: албатта, чемпион бўламан! 2011 йили биринчи марта Андижон шаҳрида вилоят чемпионатида 1-ўринга сазовор бўлиб, Ўзбекистон чемпионатига йўлланмани қўлга киритдим. Ўша ондаги қувончимни тасвирлаб беролмайман. У илк ютуқ, илк ғалаба нашидаси эди. Тошкентда бўлиб ўтган мамлакат чемпионатида олтин медаль соҳибига айланганимда эса кўнглимдан бир ўй ўтди: энди яна ҳам қаттиқроқ ўз устимда ишлайман ва халқаро, жаҳон чемпионатлари ғолибига айланаман!
     14-15 ёшида аллақачон Ўзбекистон Терма Жамоаси аъзоси бўлиб улгурган йигит тиришқоқлиги билан Халқаро мусобақаларда қатнашишни бошлади. 15 ёшида Марказий Осиё чемпионатида Олтин медаль соҳибига айланди. Юрт байроғини осмон узра фахр ила кўтарди. Японияда ўтказилган Осиё чемпионати, кейинроқ жаҳон чемпионати мусобақалари ёш спортчини курашларда тоблагани ҳақиқат. Фахрли медаллари кўпайди. Ютуқлари янги ютуқларга пиллапоя бўлди: Андижон Давлат Университетига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди. 16-ёшида “спорт устаси” сертификати соҳиби бўлди.  Буларнинг барчаси Шохруҳни яна ва яна олдинга қадам ташлашга, янги марраларни забт этиб, Андижон, Ўзбекистон номини дунёга кенгроқ ёйишга ундайверди.
     Канада давлатида уч марта олтин медаль олиб чемпионликни қўлга киритган бўлса, Хорватия давлатида Ёшлар Олимпиадасига йўлланма берувчи мусобақада қатнашиб устозлари, ота-онаси ишончини оқлади. Америка, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон давлатларида бўлиб ўтган халқаро ва Осиё чемпионатларидаги иштироклари медаллари сони ортишига хизмат қилди.
     Жорий йилда Американинг Техас штатида ўтказилган чемпионатда иштирок этиб, икки йўналишда мутлақ чемпион бўлган андижонлик йигитнинг юрагидаги фахрни ўша ондаги нигоҳларда порлаган қувонч ва ифтихордан билса бўларди... 
     “Кўз олдимда мени ҳамиша қўллаб турган оилам, куч берган устозларим, асосийси, бизга доимо ишонч бағишлаб, ғамхўрлик қилаётган давлатимиз раҳбари, юртдошларим гавдаланди. Барчанинг ишончини оқлай олганимдан фахрландим. Бунинг учун мураббийим Илҳом Умаров ва Андижон карате Федерация президенти Донёрбек Холматов ва Ўзбекистон Карате миллий Федерация президенти Рашид Талиповларга таъзимдаман!” – дейди фахр билан  қаҳрамонимиз.
     Шохруҳни улғайтирган, чиниқтирган, ҳаётга, воқеликларга теран нигоҳ билан қарашни ўргатган аслида бу спорт.  Унинг ўзи “Карате – менинг хоббийим эмас, у менинг тақдиримга айланди!” дея таъкидлайди. Бу рост, у ўзига билдирилган ишонч аслида жуда катта масъулият эканини ўзининг ғалабаларида исботлаб келаётир. 

Зилола РАҲМОНОВА.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот