Янги Ўзбекистоннинг Янги Конституцияси!


    Азалдан давлатчилик тамойилларининг адолатли ва мустаҳкам бўлишида қонунларнинг ўрни муҳим бўлган. Қонунлар халқ ва давлат ўртасидаги ишонч кўприги ва сиёсий-ижтимоий жабҳаларнинг ҳам ривожланишида аҳамиятли бўлган. Конституция мамлакатнинг бутун  ҳудудида олий юридик кучга эга ва тўғридан-тўғри амал қилади. Янги Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги конститутцияси 6 бўлиб, 27 боб ва 155 та моддадан иборат. Янги конституциядаги ҳар бир бўлим ва модда бугунги давлатимиз илгари сураётган сиёсий ва ижтимоий принципларни ўзида мужассам этган ва асосий қонунимизда шу юртда яшовчи  ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари аниқ ва адолатли тамойилларга таянган ҳолда кўрсатилган. 
    Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.
    Конституциянинг тўғридан тўғри амал қилиши фуқароларга нафақат қонунлар, балки бевосита конституциядаги нормаларга ҳам асосланган ҳолда иш олиб боришга, хусусан судга мурожаат қилишга имкон беради.
     Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрири 2023 йил 1 майдан эътиборан кучга кирди. Бунга 30 апрел куни бўлиб ўтган референдум натижасига кўра 11 та моддадан иборат тегишли қонуннинг қабул қилиниши асос бўлди. Бу қонуннинг 1-моддасига Конституциянинг янги таҳрири илова қилинган.
    Бунга қадар 1992 йилдан буён констититуцияга жами 15 марта ўзгартиш киритилган эди. Бу сафар эса ўзгаришлар кўлами катталиги сабаб ҳужжатнинг янги таҳрири қабул қилинди. Янгиланиш натижасида, бош қомусдаги моддалар сони 128 тадан 155 тага, ундаги нормалар эса 275 тадан 434 тага кўпайди. 
    Янги конституцияга кўра мамлакатимиздаги  ҳар бир фуқаро муносиб турмуш кечириши учун керакли шарт-шароитлар яратилади. Бунда – мавжуд ресурсларни ижтимоий адолат тамойиллари асосида тақсимлаш, жамиятдаги табақаланишнинг олдини олиш, энг заиф қатламлар учун ҳам сифатли таълим ва тиббиёт кафолатланиши, имконияти чекланган ва ёрдамга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватланиши, адолатли меҳнат қонунчилигини таъминлаш назарда тутилган. 
    Халқ билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади. Эндиликда, қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилмаган масалаларда зиддият юзага келса, масала давлат эмас, инсон фойдасига ҳал этилади.
    Бундан ташқари, турли ҳужжатларни юритишда давлат органлари томонидан хато-камчилик ўтган тақдирда, масалан пенсия тайинлашда тегишли ҳужжатлар базадан топилмай, ноаниқлик юзага келганида ҳам вазият фуқаро фойдасига ҳал этилиши керак.
    Инсоннинг конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас.
    Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг, давлат ва жамиятнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқлари ва эркинликларига путур етказмасликлари шарт.
    Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонунга мувофиқ ва фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш мақсадида зарур бўлган доирада чекланиши мумкин.
    Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади.
   Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади.
    Бундан ташқари Ер хусусий мулк, ОАВ фаолияти билан боғлиқ ваколатлар, Давлат бошқарувидаги ўзгаришлар, Маҳаллий давлат ҳокимиятидаги ўзгаришларни ҳам айтиш мумкин. 
   Бир сўз билан айтганда, янгиланган конституция шу юртда яшовчи ҳар бир фуқаронинг ишончи ва суянчиғига айланиб, адолатли қонуний ҳужжат сифатида унинг ёрқин келажаги ва орзу-мақсадларини ўзида ифода этади. 

 Наргиза Халилова,
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети профессори, психология фанлари доктори.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот