БАЧАДОН ТУШИШИ ХАВФЛИМИ?..


     6 октябрь – Олий тоифали шифокор, акушер гинеколог ва УТТ (Ультра товуш текшируви) мутахассиси – Маҳмуда Қиличевна Имомқуловани таваллуд топган куни билан табриклаймиз!
     Маҳмуда Имомқуловага соғлик, узоқ умр, бахт-саодат тилаймиз! Барча орзулари рўёбга ошишига тилакдошмиз!

      Қуйида гинеколог билан суҳбатни эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

БАЧАДОН ТУШИШИ ХАВФЛИМИ?..

    Аёлларимизда энг кўп учрайдиган гинекологик касалликлардан бири бу – бачадон тушиши (бачадон силжиши)дир. 
     “Аёлларда кўп туғруқ, қийин туғруқ ва асоратли туғруқлар бачадон тушиши ва силжишига сабаб бўлади” – дейди биз билан суҳбатда олий тоифали шифокор  - гинеколог, ультратовуш шифокори Маҳмуда Имомқулова.
     Бачадон тушиши, сабаблари ва асоратлари хусусида мутахассисдан бирга жавоблар оламиз...
– Маҳмуда опа, аёлларда бачадон тушиши ва силжишига умумий изоҳ берсангиз?..
– Ҳаммамиз биламизки, аёлларда туғруқ бор. Таъкидлаб ўтганимдек, аёлларда кўп туғруқ, қийин туғруқ ва асоратли туғруқлар бачадон тушишига сабаб бўлади. Бачадон мушакли орган бўлиб, тоз чаноғининг ичида жойлашган. Аёлларда кўп сонли туғруқда, ёки жароҳатли туғруқларда, асоратли туғруқлардан кейин тоз чаноғининг ичидаги жойлашув ўзгаради. Яъни, пастроққа силжийди, натижада қин деворлари осилади ва ён тарафдаги жойлашган органлар қовуқ ва ичакларда ҳам қон айланиш фаолияти бузилади. Демак, ҳар бир бачодон тушиши ва силжиши ёш жиҳатидан кўпроқ 35-40 ёшдан ошган аёлларда кузатилади. 40 ёшдан ошган аёллардан ҳар ўнта аёлдан уч тўрттасида учраса, 45-50 ёшдан ошган аёлларнинг деярли 50 % да учраши мумкин. 
    Бачадон силжишига яна оғир жисмоний меҳнат билан шуғулланадиган аёллар, оғир вазнли юкларни кўтариш, бозор ўчарларда ҳам 20-30 кило юк кўтарадиган аёлларимиз бор. Ўша аёлларни ўзини аямасдан оғир юк кўтариши сабаб бўлади. Бундан ташқари кам ҳаракатлилик, кўп ўтириб меҳнат қилиш, ортиқча вазнга эга бўлиш, нотўғри овқатланиш ҳам сабаб бўлади.
    Олдинлари аёллар бачадон силжишига ва тушишига унчалик эътибор беришмаган, буни ҳар-бир туққан аёлда кузатиладиган ҳолат деб ҳисоблашган, аммо, ҳозирда тиббиётимиз ривожланиши муносабати билан ташхис қўйиш яхшиланди. Аёллардаги ташхис қўйиш яхшилангани сабаб даво чораларини ҳам эртароқ бошлашмоқда. 
     Бачадон силжишининг уч-тўрт хил оғирлик даражаси (босқичи) бор, яъни биринчи енгил даражасида кўпинча аёлларда деярли кўп шикоят бўлмайди. Фақатгина қин деворининг кенгашиши ва осилиши натижасида қовуқнинг тез тўлиб қолиш ҳолати юзага келади. 40 ёшдан ошгандан кейин 45-50 ёшга борганда қин деворининг кенгайиши ва қовуқ деворини ҳам суриши натижасида аёлларда тез-тез ҳожатга чақириш... яъни қовуқ тўлгандек бўлади, борганда деярли кўп сийдик ажралмайди. Аксирганда йўталганда сийдик чиқиб кетиши, ич қотиши, ич қотиш натижасида ичакда бошқа касалликларнинг келиб чиқиши, бавосил (гемморой,) анус соҳасида тирқиш (ёриқ)лар келиб чиқади. 
     Жинсий алоқадаги оғриқ, қин соҳасидаги ноқулайликлар, кайфиятнинг бузилиши ва умумий аҳволга таъсир қилиши, қорин соҳасидаги ва қориннинг пастки соҳасидаги оғриқлар безовта қилиши ҳам бачадон тушиши ҳисобидан бўлади. 
– Гииекологияда қандай тиббий даво чоралари мавжуд? Янги услублар?..
– Бачадон тушиши абортлардан кейин, яъни нотўғри ва кўп аборт натижасида бачадон ва бачадон оғзи шикастланади, турли хил инфекциялар, тоз чаноқ соҳасида қон айналиш бузилиши ва яллиғланишларда ҳам кузатилади. 
     Бачадон тушиши ўз навбатида организмда қон айланиш бузилиши билан бирга қоннинг қуюқлашишига олиб келади. Қон қуюқлашгандан кейин бачадон атрофидаги боғламлар мушак деворларида қон айланиши бузилиб атрофия, дистрофия, гормонал бузилишларга олиб келади. Аёлнинг қорнида ва қорин остида ортиқча ёғ йиғилишига ҳам сабаб бўлади.
   Ҳозирги кунда тиббиётимиз ривожлангани туфайли аёлларимиз бемалол гинеколог шифокорга мурожаат қилиб, бачадон тушишини енгил даражасида ҳам даво чораларини кўришлари мумкин.  Енгил даражадаги бачадон тушишиши махсус тиббий машғулотлар, ҳамда лазер аппаратлари орқали қин деворини тонусини ошириш ва торайтириш йўли билан ёрдам қилса бўлади. Ўрта ва оғир даражадаги бачадон силжишлари нафақат машқлар, балки жарроҳлик амалиёти билан тузатилади. Ҳозирги кунда жарроҳлик амалиётининг жуда яхши самарали усуллари йўлга қўйилган.
– Жисмоний машқлар қай даражада самара беради?.. Қайси спорт тунлари билан шуғулланиш тавсия этилади?..
– Бачадон тушишини даволаш ва профилактикасида яёв юриш, спорт турларидан югуриш, сакраш, халқа айлантириш, волейбол, баскетбол, сузиш, умуман олганда ҳамма мушакларни қон айланишини яхшиловчи спорт турлари тавсия қилинади. Велосипед ҳайдаш, от миниш, бу ҳаммаси тоз мушак соҳасини бақувват қилиш ва қон айланишини яхшилашга ёрдам беради. Бундан ташқари сув муолажалари, гидромассаж, жакузи, айланма (циркуляр) душ, оёқни уқалаш, сон ва қин арофини  уқалаш ҳам мушакларнинг қон айланишини яхшилайди. 
– Асоратлари?.. Ўз вақтида даво чораларини кўрмаслик қандай салбий оқибатларга олиб келиши мумкин? 
– Бачадон силжишининг асоратларидан биринчиси, бу -- биринчи ўринда қовуқ деворининг осилиши натижасида келиб чиқадиган тез-тез хожатга чиқиш ҳолатлари, сийдик тутолмаслик ҳолатларини лазер ускуналари ёрдамида даволаш мумкин. 
     Ўта оғир ва оғир ҳолатларда эса, аёл кишининг соғлигида анча жиддий ўзгаришларга олиб келади. Аёл киши сийдик тутолмаслик билан бирга ичак фаолияти бузилганлиги туфайли жарроҳлик амалиёти буюрилади. Жарроҳлик амалиёти олдингидек қорин соҳасида эмас, лапараскоп усул билан қилиниши мумкин. Соҳадаги жарроҳлик амалиётлари енгил ва асоратларсиз олиб борилади. Аёллар амалиётдан сўнг жисмоний ва соғлом ҳаётга қайтишлари мумкин. Жарроҳликдан кейинги давр енгил кечади.
    Ҳар бир аёл ёшлигидан ўзини асраши, соғлом турмуш тарзига тўғри риоя қилишини биз қизларимизни мактаб давридан бошлаб-оқ тўғри йўналтириб боришимиз керак. Бу билан биз қизларимизнинг тиббий маданиятини ҳам ўз вақтида ривожлантириб борамиз. 
   Тўғри овқатланиш, ёшликдан спорт билан шуғулланиш, оғир юкларни кўтармаслик, оилани тўғри режалаштириш, биринчи ва иккинчи туғруқ орасидаги таътил уч йил бўлиши керак. Бунда онани соғлигига ҳам путур етмайди. 
    Оғир жисмоний меҳнатлардан ўзини аёлларимиз ақлий равишда тийишлари, идрок қилишлари керак, соғлом аёлларимиз ҳам 10 килодан ортиқ юк кўтариши мумкин эмас. Ваҳоланки, бошқа касалликлари бўладиган бўлса, масалан, қон айланиш, жинсий ва буйрак касалликларида 5 килодан ортиқ юк кўтариш мумкин эмас. Бу юк бел ва бўйин соҳасидаги яра (грижа)ларга олиб келади. Кўпинча ёш бўлса ҳам кексадек кўринадиган аёлларимиз бор. 
    Вақтида ўзига эътибор бериш, бачадон тушиши билан бирга аёлларда ич қотиши - қабзият,  қабзият ортидан келадиган ичак касалликлари, сийдик йўли касалликлари, асаб касалликлари олди олинади. 
    Бачадон силжиши сабаблари вақтида олди олинса, юқорида келиб чиқадиган барча касалликлар олди олинади. Бу касаллик ортидан аёл киши депрессияга тушиб қолади, кўчада эркин юролмайдиган бўлиб қолади. Сийдик тутолмаслик аёл кишини кийимидан ҳид келадиган бўлади. Ҳеч кимнинг ёнида ўтиролмайдиган, тортинадиган бўлиб қолади. Оилалар ажрим ёқасига келиб қолади. Руҳият бузилиши натижасида эса бошқа касалликлар, инфаркт ва инсульт касаллигига чалиниш эҳтимоли ҳам юқорилаб бораверади. 
–  “Бекажон+” газетаси мухлисларига тилакларингиз?
– Аёлларимиз ҳамиша ўзларига, соғликларига эътиборли бўлишсин. Зотан, аёл киши гўзаллик тимсолидир.

Дилором ДИЛХОҲ суҳбатлашди.
Манба: "Бекажон" газетаси.
2022 йил.










Изоҳлар 1
  1. qin devori tuwganda uy sharoitida aperatsiya lazerlarsiz davolasa buladimi

    qin devorini uy sharoitida aperatsiya lazerlarsz davolasa bulladimi
Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот