Бекзод ортиқ тоқат қилолмади, нафасини бўғаётгандек халал бераётган бўйинбоғини ечиб ташлади. Шунда ҳам кўнгли таскин топмай, графиндаги муздек сувдан қуйиб ичди. Эшик очилиб котиба кириб келди.
– Бекзод Баҳромович, гулдасталар учун пул ажратгандик, илтимос қўл қўйсангиз.
– Қанақа гулдасталар?
– Аёллар байрамига-да, атиги бир ҳафта қолди-ку, –котиба узун-узун киприкларини ҳайронлик билан пирпиратиб.
– Ҳа-я, узр, ёдимдан кўтарилибди. –Бекзод қоғозга қўл қўяркан “бирпасда саккизинчи март келдими” деб қўйди паст овозда.
Котиба ниманидир тушунгандай Бекзодга ачиниш билан қараб қўйдида, оҳиста чиқиб кетди.
Бундан ярим йиллар илгари, баҳорнинг кўм-кўк майсаларга, гулларга тўлган дамларида Бекзод умр йўлдоши Нафисадан айрилган, шундан бери ҳамон ўзига келолмасди. Нафиса у қадар чиройли бўлмасада, қалби ниҳоятда гўзал аёл эди. Икки қизлари вояга етиб қолган бўлсада, бирон марта Нафисанинг қовоқ уйганини, жанжал чиқарганини эслолмайди. Қайтанга ишдан кайфиятсиз кириб келган Бекзоднинг олдида ўзини айбдор сезиб, ҳар бир гапини қўрқа-писа гапирарди. Улар аҳил яшашди, Бекзод топганини уйига ташиди, лекин барибир аёлига муносиб эр бўлолмаганлигини у ҳаётдан кўз юмганидан кейингина ҳис этди.
Бир куни Бекзод дўстлари билан ресторанда учрашишди. Базми-жамшид авжида, озгина бўлсада ичилган спиртли ичимликлар таъсирини кўрсатдими, улфатлар даврада рақс тушаётган нозанинлар даврасига қўшилишди. Бекзод сочлари жингалак, қош-кўзлари жозибали қиздан кўзини ололмай қолди. Қиз ҳар қанча ноз-карашма қилмасин Бекзод ўзини қўлга олди. Шайтонга ҳай берди, тўғри уйига йўл олди. Бироқ уйига кирганида телевизор қаршисида ўтирган хотинига кўзи тушдию, таъби хира тортди. Хаёлан ресторандаги нозанин билан сочлари бироз тўзғиган, кўзлари тагида билинар-билинмас ажин пайдо бўлган хотини Нафисани солиштирди.
– Яхши келдингизми дадаси, овқат ейсизми?
– Қорним тўқ.
Нафиса қайтиб жойига ўтирди.
– Индийский кино кўряпсанми? –Бекзод ҳам хотини ўтирган диванга бориб ўтирди. Нафиса эрининг ёнгинасига суриларкан, аста бошини унинг елкасига қўйди.
– Бекзод ака, нега мени ҳечам “азизам” демагансиз?
Бекзоднинг ғаши келди.
– Камроқ ҳинд киноларини кўргин, охирги вақтда жа суюлиб кетяпсан, –шундай деганча ўрнидан тураркан, беихтиёр елкаси билан Нафисани ўзидан итарди.
Эрталаб нонушта вақти Нафиса унсиз ўтирди. Бекзод унинг қизарган кўзларидан туни билан йиғлаб чиқганини англади. Қўполлиги учун узр сўрамоқчи бўлдию, ғурурини эггиси келмади. Орадан кўп ўтмай байрам арафаси ҳам етиб келди. Бекзод ҳайдовчиси билан саҳарлаб бозорга боришди. Ишхонадаги аёллар учун гулдасталар сотиб олишди. Ишхонага қайтишаётганида Бекзод ҳисоботлар солинган папкани уйда қолдирганини эслаб қолди. Машинадан тушаркан, дўкондан келаётган Нафисага кўзи тушди.
– Тинчликми дадаси?
– Стол устида папка турибди, тез олиб тушгин.
Нафиса югурганча йўлакка кириб кетди. Тезда қўлдида папка билан қайтиб чиқди.
– Вой-бўй, бунча чиройли гуллар! Менга ҳам аталгани борми? –деди кўзлари порлаб, кабинадаги гулларга суқланиб тикиларкан.
– Э, гулни бошингга урасанми?! Бўпти шошиб турибман, бугун кеч қайтаман, –Бекзод машинасига ўтирдию, кетди.
– Бекзод ака, келинойимни хафа қилиб қўйдиз-ку. Эртага албатта гулдаста совға қилинг уларга ҳам, –деди ҳайдовчиси кўзгудан ортига қараркан.
Бекзод ҳам ўгирилиб қаради. Нафиса машина ортидан маъюс қараб қолганди.
– Кап-катта аёлга гулни нима кераги бор ўзи, энди ишхонадагилар бу бошқа гап, расмиятчилик, –деб қўйди Бекзод бепарво.
Эртасига байрам куни Бекзод қизларига, хотинига конвертга солинган пулларни совға қилди. Қизлари дадаларини бўйнидан қучоқлаб жуда қувонишди. Нафиса эса маҳзун жилмайганча “раҳмат” деб қўйди.
Ўша куни Бекзод ишга кўмилиб ўтирганди, телефон қаттиқ жиринглади. Гўшакдан қизининг овози келди.
– Дада, дадажон! Тез етиб келинг, ойим ҳушларидан кетдилар!
Бекзод дарҳол уйига ошиқди. Етиб борганида йўлак бошида “Тез ёрдам” машинаси турарди. Югуриб уйга кирди. Нафиса ранги оппоқ оқариб кетган, миқ этмай ётарди.
– Хотинингизнинг юраги ҳаддан ташқари паст уряпти. Зудлик билан касалхонага олиб бориш керак, –деди шифокор.
Нафиса уч кун жонлантириш бўлимида беҳуш аҳволда ётди. Бекзод хотинининг тепасида ўтираркан, у билан ўтказган кунларини бирма-бир хотирлар, қуюлиб келаётган кўз ёшларини баъзўр тийишга ўзида куч топарди. Нафисанинг “Бекзод ака, нега мени ҳечам азизам демагансиз” деган гапларини эслади. Шу тобда ўлим билан олишаётган хотинининг кўнглини кўтаргиси, унга ёқадиган бирон сўз айтгиси келди. “Азизам” демоқчи бўлишга ҳарқанча оғиз жуфтламасин журъат қилолмади, тағин тузалиб ўзига келганида “дадаси, мени азизам дедингиз-а” деб эркаланишини ўйлаб негадир айтгиси келмади. Табиатан қўполроқ, қўрсроқ бўлганлиги учун бунақа чиройли сўзлар унинг учун ясамадек, эриш туюларди. Нафиса анча вақтлардан бери юраги хаста эканлигини, ҳеч кимга билдирмай юрганлигини Бекзод кейин, ҳаммаси тугаганида, умр йўлдошини бир умрга йўқотганидан кейингина билди.
– Наҳотки эри бўла туриб қизимнинг касалини сезмадингиз? Нега вақтида шифокорларга кўрсатмадингиз? –деди қайнонаси Нафисанинг майити тепасида қон йиғларкан.
– Ойи, қасам ичаман, хасталигини билмагандим. Билсам қаратмасмидим ёки қизингизни пулдан сиқганмидим.
– Қизим сизнинг пулларингга эмас, меҳрингга зор бўлиб яшади.
Бекзодга қайнонасининг гапларидан хафа бўлсада, индамади, тушунишга ҳаракат қилди.
– Бекзод Баҳромович, қизингиз телефонга сўраяпти, –котибанинг овози хаёлини бўлди. Гўшакни кўтарди.
– Дадажон, ассалом алайкум.
– Ҳа қизим, нима гап?
– Дада, эртага ойимнинг қабрига борамизми? Байрамгача анча бор, уларни жуда соғинганман.
Бекзоднинг кўзидан икки томчи ёш оқиб тушди.
– Мен ҳам қизим, ойингни жуда соғиндим.
Бекзод умрида илк бор ғурурига қарши чиқа олди.
Қабристон. Нафисанинг қабри тепасида Бекзод қизлари билан узоқ ўтиришди. Қизлари бири олиб, бири қўйиб ичларидаги гапларини тўкиб солишди, йиғлаб-сиқташди. Бекзод эса бошини эгган кўйи унсиз ўтираверди.
– Дада, кеч бўлиб қолди, юринг кетамиз, –дейишди қизлари.
Бекзод уларга эргашди. Машинага ўтиришганида Бекзод ўзини ортиқ тутиб туролмади.
– Қизлар, сизлар бораверинглар, мен ҳозир, –деганча машинадан тушди.
– Дада, қаёққа?
– Бораверинглар дедим-ку!
Қизлар бир-бирига қараб қўйишди. Дадаларига шу тобда битта гап ортиқчалигини билиб индамай қўяқолишди.
Бекзод бошқа машинани тўхтатди. Бозорга бориб чиройли гулдаста сотиб олди. Нафисанинг қабри тепасига қайтиб келганида ғира-шира қоронғи тушиб қолганди.
– Нафиса, кечир мени азизам. Ҳа, сен мен учун энг азиз инсонсан. –Бекзод чин юракдан айтаётган сўзларини Нафиса эшитишини истади. Баланд овозда давом этди. – Шу сўзларни вақтида айтолмаганим, сени хурсанд этолмаганим учун кечир мени, азизам. Манави гулдаста сен учун, бизнинг севгимиз исботи учун олиб келдим. Сен жуда чиройлисан, ҳаммадан ҳам чиройлисан...
Бекзод қабристондан узоқлашаркан, анча вақтлардан бери нафасини сиқиб турган армонлардан, пушаймонлардан фориғ бўлганини ҳис этди. Ўт-ўланларга бурканган қабристоннинг тоза ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олди. Бир дам тўхтаб ортига ўгирилди.
– Азизам, мен яна келаман. Сен учун гулдаста олиб келаман...
Раъно МАҲМУДОВА.