Мэлис Абзаловнинг хотираси


   Бугун,  ўзбек киномухлисларига “Суюнчи”, “Майсаранинг иши”, “Келинлар қўзғолони” каби бир қатор севимли картиналарни тақдим этган таниқли кинорежиссёр Мэлис Абзалов таваллуд топган кун. Агар Мэлис ака ҳаёт бўлганларида, таваллуд топган кунини нишонлаётган бўлар эдик. Биласизми, ҳозир шу ҳақида ёза туриб, ўша кун қандай ўтишини хаёлан тасаввур қилаяпман. «..Мэлис ака қизлари Назира билан юртга қайтишган.. “Киночилар уйи»нинг катта залида тумонат одам.. у кишининг ҳамкасблари, шогирдлари, дўсту-ёрлари, киномухлислар..гулдасталар, зар тўнлар, унинг фильмларида элга танилган киноюлдузлар қуршовидаги режиссёр саҳнанинг тўрида ўтирибдилар... Келганларнинг барчаси, умрини кино санъатига бағишлаган, ўзбек кино санъати хазинасини ўлмас асарлар билан бойитган киноижодкорни сермаҳсул ўтган ҳаёти билан олқишламоқда.  Мэлис Абзаловнинг ўзбек кино санъатини ривожлантириш йўлидаги камтарона ва беминнат хизматларини эътиборга олган Ҳукумат раҳбарлари ҳам уни қутлагани келишган. Эҳҳе.. шундай онларда ундан бахтли инсон бўлармиди?
   Лекин, Мэлис ака бу кунларни кўришга улгурмади, унинг қабри ҳам бегона ўлкада қолиб кетди… унга кино мухлислар учун севимли бўлган, кундалик ва байрам кунлари эфирларни безайдиган картиналари, ўзбек киноси ривожига қўшган беқиёс хизматлари учун миннатдорчилик билдиришга кеч қолдик. Энди бизда фақат ўзбек халқининг истеъдодли, содиқ фарзанди, кинорежиссёр ва шунчаки катта қалбли, беғубор ИНСОН - Мэлис Абзаловнинг хотираси ҳаққига узоқдан туриб дуо қилиш имкониятигина қолди холос. 
    “Ўлдинг азиз бўлдинг”-деган гап қачон ва ким томонидан ўйлаб айтилган билмайман. Лекин шу ибора тил бойлигимиздан чиқиб кетишини, унутилишини жуда ҳам истайман. Биз инсонларни, истеъдодларни,  бир-биримизни  тиригида қадрлашни ўрганишимиз керак азизлар. Қадр қиёматга қолмасин!

Шоҳира Ҳамро (Рауфбоева)










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот