СЕН БИР ГУЛСАН


Меҳринисо ҚУРБОНОВА 

СЕН БИР ГУЛСАН 
Байрам ҳикояси

     Қайси аёл гулни, гул исини яхши кўрмайди?
     Март аёллар байрами фалончиларники, бизнинг миллатнинг байрами эмас, дейишади. Тўгри, лекин ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, аёл зоти худди шу куни яқинларидан бирон совға кутади, бу аниқ!
     Малоҳат ҳам ҳар йили турмуш ўртоғидан гул кутади. Аммо худди атайлаб қилгандек эри  шу куни  қаёққадир кетади ёки ширакайф бўлиб қайтади.
    Ижтимоий тармоқларда  байрам арафасида “Сизга байрамда гул совға қилишларини хоҳлайсизми, пулми?”  деб сўровнома ўтказишларига ўлсинми, куйсинми? Кимдир гул дейди, яна кимдир пул керак, дейди, яна кимдир эса ҳам гул, ҳам пул керак, дейди. Кўнглимнинг кўчалари! 
    Бизнинг қаҳрамонимизга айнан гул, чиройли гулдаста керак! Болалари ҳали кичкина Ҳозир эса эридан гул тутади. Эр жонивор бўлса ҳеч қачон нима совға қилай, дейишни хаёлига ҳам келтирмаган чиқар, шунинг учун гулдаста тугул, бир дона атиргул совға қилмаган. Шундай экан, тушингда кўрасан гулни!
    Яшаганларига  ўн йил бўлди. Турмуш қурганларининг еттинчи йилимиди, эри саккизинчи март куни икки дона ясама гул кўтариб тиржайиб кириб келди. Малоҳатга жуда алам қилди, “раҳмат” ҳам демади ва балконнинг бурчагидаги   банкалар, тақир туқурлар сақланадиган жавон ичкарисига улоқтириб юборди. Янаги йили эри аёллар байрами арафасида жавон ичидан нимадир қидириб, улоқтирилган ўша ясама гулларни топиб олган ва сувга бир чайиб, тиржайганича аёлига узатган. Малоҳатнинг жаҳли чиқиб, гулларни деразадан кўчага улоқтирган эди ўшанда.
    Аёл аёллар журналида ишлайди. Бош муҳаррирнинг топшириғи билан  газетхонлардан йиғилган саволларни йиғиб, жавоб олиш учун психолог ҳузурига йўл олди. Автобусга ўтирган Малоҳат  йўл -йўлакай қоғозга чиқарилган саволлар билан танишиб борди. Унда сиқилган, тушкунликка тушган одамлар психологдан маслаҳат сўрашган. Унинг диққатини бир савол тортди.
   -Ҳурматли психолог! Менинг орзуим эримдан гулдаста олиш. Лекин бефаросат эрим  менга бирон марта гул совға қилмаган. Ишора қилиб айтганимда ҳам, ойнаи жаҳонда   фильм намойиш этилаётганида аёлига табассум, меҳр билан гул узатган эркакларни кўрганида ҳам гул совға қилишга ақли етмайдиган одам билан яшайман. Гап гулдами, деб мени худбинликда айбламанг илтимос. Гап эътиборда! Кўча  тўла гул. Шунинг ёнидан неча марталаб ўтаётган эркакнинг наҳотки аёлига кичкина бўлсада гулдаста сотиб олишга фаҳми етмаса? Мен эрим кўчадан келиши билан чиройли кутиб олиб, олдига дарҳол иссиқ таом қўядиган, болалари учун жонини жабборга бериб юборадиган, орқасидан ҳуда беҳудага кириб келаверадиган меҳмонларини  чарчаб, толиқиб турсамда, илжайиб кутиб оладиган хотин сифатида керакман  унга.  Гул совға қилиш  - ҳар кимга ҳам буюрилмаган экан.  Бу  одамдан кўнглим совиб кетган. Эрим билан ажрашмоқчиман!
    Малоҳат ҳайрон бўлди. Эри гул совға қилмагани учун ажрашмоқчи эмиш! Шунақаси ҳам бўларкан-да! Момоларимиз, оналаримиз эрларининг гул совға қилишларини кутишмаган, ҳатто бу уларнинг даврида русум ҳам бўлмаган. Эрлари, болалари билан қорнилари тўқ, хотиржам, тинч яшашса бўлди, очигаяам тўқигаям, ур калтак, сур калтакларига чидашган, кўп туғишган, бугунгидек сақланиш воситалари ҳақида гап ҳам бўлмаган. Лекин пешаналарига битилган шу эр, шу хотин билан ўлгунларича умрзугаронлик қилишган. Шу топда ўзидан уялиб кетди. Аёлнинг дарди унинг ҳам дарди эди. Аммо ...арзимаган, ҳа, арзимаган гулдаста олмагани учун эридан ажрашмоқчи бўлаётган аёлдан ранжиди. Эсига ҳамиша чаккасига ҳовлидаги райҳонларни қулоғига тақиб оладиган момоси тушди. Райҳон иси анқиётган юзлари, томоқларидан ўпганида,  боладек  қиқир-қиқир куларди   раҳматли момоси.
   Психологга бирин-кетин саволларни берди. Психолог ўттиз беш ёшлардаги тепакал йигит бирин -кетин саволларга жавоб бераркан, Малоҳат хаммасиии  диктофонига ёзиб ола бошлади. У негадир гулдаста ҳақидаги саволга жавоб олишни сабрсизлик билан кутаётган эди. Ниҳоят, ўша саволни ўқиган психолог тепакал бошини силаганича жимиб қолди.
-  Мана, сиз нима деб ўйлайсиз?-журналистга савол берди у.-Эри гулдаста тутқазмагани учун ажрашаётган аёл ҳақида фикрингиз қандай? Болаларни тирик етим қилиб ажрашишга арзийдими ўша...ўша бир тутам супурги?
-  Билмадим, билмасам...-деди аёл нима деярини билмай.- Менимча, эри жуда қўпол одам бўлса керак. Фақат гулдаста бермагани учун ажрашмаётгандир. 
-   Эрининг бошқа  айбларини айтмаган-ку хатида?
-   Биласизми, кўпчилик аёллар турмуш ўртоқларининг хурмачага сиғмайдиган қўпол хатти ҳаракатларини, ёмон феълларини кўчага чиқариб, достон қилишни истамайдилар, буларнинг ҳаммасини эрининг гулдаста совға  қилмаслигига, меҳрсизлигига тақайдилар  ва исми шарифларини бошқача қўйиб, газетага саволларини йўллайдилар.
-  Энди бир гапда...Масалан, шу аёлнинг эри вояга етган хонадонда эркаклар аёлларига бирон марта гул совға қилмагандир. Буни кўриб ўсган йигитча бир кун келиб, уйлангач аёлига гулдаста совға қилишни ўзига эп  кўрмас. Масаланинг шу томони ҳам бор. Аёллар ҳам ҳар хил. Кимдир гул шайдоси, яна кимдир пул шайдоси. Мен аёлимга ҳар замонда пул бераман, хоҳлаган кўйлагингни ол ёки бошқа эҳтиёжларингга ишлат, дейман. Биз пойтахтнинг қоқ марказида яшаймиз, аммо аёлим мендан бирон марта гулдаста совға қилишимни сўрамаган, пул тутқазганимда эса қувонганини сезаман. Опам   бунинг акси. Поччам  кўп азоб бергани учун ёшлигида икки боласи билан ажрашиб кетган. Ўғли тез-тез гоҳида атиргул, гоҳида гвоздика гуллари опкелиб опамни хурсанд қилишни яхши кўради. Тунов  куни борсам, жияним  онасига бир даста сиёҳранг чиннигуллар олиб келибди. Опамнинг қувончдан қўзлари ёшга тўлди. ”Кўраяпсанми, бу  гуллар , бу эътибор менинг шунча йиллар давомида тортган машаққатларимни бир зумда ювиб юборади, бекорга яшамабман, умримни шуларга бағишлаганимга берилган мукофот” деди. 
-  Гулдасталар  жиянингизнинг онаизорига бўлган ҳурмат, меҳр-муҳаббати риштаси, шунинг учун опангиз бахтиёр, -деди Малоҳат.- Савол эгасига нима деб жавоб берамиз?
-  Диктофонингизни ёқинг, - деди психолог.- Саволга жавоб бермасак бўлмас.
- Синглим! Эрим гул бермагани учун ажрашмоқчиман, деган гапингиз анча ажабланарли. Ажрашаман, дейишингизга яна бошқа сабаблар ҳам бордирки, балки яшираётган бўлишингиз мумкин, бу  сизнинг шахсий ишингиз. Эрингиз вояга етган хонадонда эркаклар балки аёлларига гул тақдим этишмагандир, бу урф ҳам бўлмагандир. Бунга ўрганмаган эрингиз гул совға қилишни одат қилмагандир. Хоҳлайсизми-йўқми, эрингизнинг туриш турмуши, шакли шамойили шунақа яралган. Лекин  жуфтингиз  қандай  феъл атворга эга бўлишидан қатъий назар, яхши томонларига ҳам аҳамият қаратинг. Ўзингиз ўйланг, бу дунёда ким мукаммал? Ҳар биримизнинг ўзимизга яраша ёқимли ва ёқимсиз жиҳатларимиз бор. Эру хотин яхши ниятлар билан бир ёстиққа бош қўйишса-ю  бир камчилигини топиб олиб, ажрашиб кетаверишса...бу ёқда болаларнинг ҳоли нима кечади? Келинг, хаёлларингизни бир йиғиштириб олингда, эрингиз билан кечган бахтли кунларингизни ёдга олинг. Олти йил яшаб қўйибсиз. Наҳотки жуфтингиз билан боғлиқ бахтли, ёқимли кунлар бўлмаган. Ўйлайманки, бундай  кунлар календарингизда албатта бор. Титкилаб топишга ҳаракат қилинг. Бахтли бўлинглар.
     Малоҳат йўлда кетиб бораркан, психологнинг савол эгасига  эрингизнинг яхши жиҳатларини бир ёдга олинг, деган  гаплари эсига тушаверди.
    ...Аёлнинг иккинчи туғруғи анча оғир кечди. Шифокорлар катта қийинчиликлар билан боласини туғдириб олишди. Палатада учала аёлнинг ҳам болаларини  туққан кунлариёқ қўлларига тутқазишган. Унга гўдагини ҳали беришмагани учун алам  ва оғриқлардан бошини кўрпага буркаб йиғлаб ётганида, ҳамширанинг жонҳолатда бу ёққа кирманг, кириш мумкинмас, деган қичқириғи эшитилди ва  нима гаплигини билиш учун бошини кўтариб қараса, эри эшик олдида бир даста райхон аралаш сариқ, қизил гулларни кўтариб турибди. Бироз ширакайф ҳам. Туфлиси, шимининг пойчаси лойга беланган. Палатадаги аёллар ҳангу манг бўлиб қолишди. 
- Яхшимисан?- деди эри.- Ўғилча қалай, ўғилча? Исмини Бобур қўямиз. Эшитаяпсанми?
- Хўп, майли, -деди Малоҳат  ҳайрон бўлганича.- Бу нимаси? Буларни қаердан суғуриб олдингиз? Уҳу, бунинг ҳаммаёғидан чакиллаб сув, томаяпти! 
- Опамдан келинингизга нима оборай десам, гул обор, деди. Ҳеч қаерда гул сотилмас экан. Туғруқхона олдида ҳар хили ўсиб ётган экан. Яқинда суғоришибди. Томир помири билан суғуриб олдим. Ҳаммаёғим расво бўлди. Қоровул ортимдан қувлади. Хуллас, мана сенга гул! Мен кетдим. Ишга боришим керак. 
    Аёл ҳаётининг энг тушкунликка беланган, аччиқ кунларида ҳам  шу биргина кунини эслаб уни кечириб юборарди. Эрининг ҳаётда биринчи ва шу чоққача  қилган  илк совғаси шу бўлган.
    Автобусга ўтирганида телефонига кимдир ёзув юборди. Очиб қараса, қадрдон дугонасидан экан.”Бугун  эрим мени қаттиқ хафа қилди. Бир умр шу инсонга пойи патак бўлдим, оғзидан чиққанини муҳайё  қилдим. Аммо қўпол гапиришдан, сўкинишлардан нарига ўтмайди. Икки оғиз ширин сўзнинг гадосиман. Кеча укам кирувди мендан хабар олгани. “Сиз поччамнинг қулисиз! Қадрингизга етмайди ҳеч ким” деди. Укам кетганидан кейин роса  эзилиб йиғладим. Ҳақиқатдан ҳам мен қулман, қулман!”
    Дугонасига жавоб ёзди:
- Азизам, куйинма. Минг афсуслар бўлсинки, эркакларимиз аслида биз уларнинг эмас,  Аллоҳнинг қули эканлигимизни дунё  яралганидан бери англаб етишмаган. Бир нарсани тушуниб етгинки, тақдиримизга бежизга шу эрлар битилмаган. Улар бизнинг қазои қадаримизга битилган қўриқчиларимиз. Унга қанча бош кўтарсанг, қанча нолисанг, қанча қарши чиқсанг, ўзингга, ҳа, фақат ўзингга жабр  қилаётган бўласан. Ҳар нима бўлишидан қатьий назар, ким нима демасин, сен қул эмассан, сен бир гулсан! Гулки ифорлари, ҳатто тиконлари сўлмаган гулсан!










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот