ОТАЛИК МАСЪУЛИЯТИНИ УНУТГАН ЭР


ОТАЛИК МАСЪУЛИЯТИНИ УНУТГАН ЭР ВА ЗОЛИМ ҚАЙНОНА

  Орамизда шундай инсонлар борки бировнинг фарзандини хўрлашади, одам ўрнида кўришмайди. Шундайлардан бири Расуловлар оиласидир.
  Самарқанд вилояти, Окдарё тумани, Янгиқишлоқ қишлоғида яшовчи Сабрия қизи Садоқатни (она-бола исми ўзгартирилган) 2019 йилнинг июль ойида Оқдарё тумани Бутанош қишлоғида яшовчи Жамол Расуловга узатди. Жамол тайинли бир жойда ишламади. Расуловлар хонадонидагилар кўчага чиқишса келинни уйда қолдириб, дарвозани қулфлаб юришди. Чунки улар келинни қулдек кўришди. 
  Садоқат ҳомиладор бўлгач, қайнонаси уни поликлиникага юбормади. Қудаси Сабрия Жамолнинг онаси Муҳтарамга келинини поликлиникага олиб чиқиб “рўйхат”га қўйдиришни илтимос қилди. Аммо бу илтимос жавобсиз қолди. Ҳамширалар уйма-уй юрганида Садоқатни ҳомиладор эканлигини кўриб, тезда поликлиникага чиқишини тайинлашди. 
  Золим қайнона эса ўғли Жамолнинг тавсияси билан Садоқатни ҳомиладор ҳолида Самарқанддан Тошкентга қизи Шаҳло ишлаётган "Аҳмад" номли кафега ишлагани юборди. Келин бечора дарди ичида эрталабдан кечгача тиним билмай ишлади. Ниҳоят, қайинопаси Шаҳло билан Самарқандга қайтишди. Номард эр дарҳол унинг қўлларидаги пулларни олиб гаров эвазига қўйган паспортини олди. Жамол бир ишни этагидан тутмагани учун декабрнинг охирларида Туркияга кетди.
  Садоқатга қайнонаси ва қайнопаси  Шаҳло ҳукмронлик қилишни бошлашди. Келин итоаткор бўлгани учун улар уни қулдек ишлатишди. Туғишидан олдин ҳам бир зум тиндирмади. Эндигина нон ёпган келинни тандир бошида дард тутиб йиқилди. Қайнона амаллаб уни туғруқхонага олиб бориб, қиз туққанини эшитдию қочди. Қудасига хабар ҳам бермади. Келинни аҳволи билан ҳам қизиқмади.
  Садоқат туғруқхонадаги ҳамширага йиғлаб, илтимос қилиб, ўзини аясига қўнғироқ қилди. Онаизор дарҳол етиб келиб, керакли нарсаларни унга етказди.
  Муҳтарам Туркияда яшаётган ўғли Жамолга қўнғироқ қилиб хотини қиз туққанини айтди. Ўғли онасига “Гувоҳнома олинг!” дегани учун зўрға қайнона уйдан керакли ҳужжатларни ФҲДЁга элтди. Неварасининг гувоҳномасини олди. Келинига “ Чақалоққа қарашни билмайман, онангиз олиб кетиб қарайверсин!”, дея ҳужжатларини туғруқхонага ташлаб кетаётганида қудасига кўзи тушди. Номига ҳол-аҳвол сўрашиб кетди. 
  Дарҳол ўғлига қўнғироқ қилиб қайнонаси туғруқхонага келганини айтди. Сабрия ўзининг телефонини қизига ташлаб кетди. Жамол қайнонасига қўнғироқ қилганида телефонни Сабрия кўтарди. Шунда у “Онанг сени туққанингни қаердан билди? Нимага телефон қилдинг?” дея уни йиғлатиб, руҳий босим ўтказди.
  Ноинсоф қайнона келинни олиб кетишга ҳам келмади. Туғруқхонадан ноилож Сабрия қизини невараси билан олиб кетди. Аммо эри унга қўнғироқ қилиб, сўкишдан бошқасига ярамади. Асабийлашганидан Садоқатнинг сути ҳам келмай қолди. Каша олиб берай деса пули йўқ. Эри бир сўм ҳам юбормайди. Ота-онаси зўрға қозонини қайнатаяпти. Эр бўлса Туркияда ялло қилиб юрибди. Қайнона бир ярим ойдан буён хабар олмайди. Янгиқишлоқдан Садоқатни маҳалла раиси пропискадан чиқариб юборган. Қайнона бўлса ҳанузгача уни ўз уйига пропискага қўймаган. Ҳаттоки қайнона ёшларни ФҲДЁдан ўтишига ҳам қаршилик қилган. Сабрия қаттиқ туриб олганидан сўнггина зўрға ФҲДЁдан ўтишган. 
  Май ойининг ўрталарида Муҳтарамнинг эсига келини тушиб қолди. Чунки иккита сигир бузоғи билан сотиб олди. Фермердан 1 гектар пахта ерини чопиқ қилишга келишди. Туркияда ишлайдиган қизига уй қуриш учун уста ёллади. Энди уйдаги ва даладаги шунча юмушни бажариш учун унга келин керак бўлди. Қудасига қўнғироқ қилиб Садоқатни тезда машинага ўтқазиб юборишини сўради.
  Муҳтарам келини ва неварасидан хабар олиш ўрнига ўғли Жамолга қўнғироқ килиб "Хотининг менга телефон қилиб аҳволимни сўрамаяпти?" дея ёмонлашдан нарига ўтмади.
  Қайнонага келин, тўғрироғи хизматкор керак бўлгани учун ўзи машина топиб олиб келди. Невара қаровсиз қолди. Ишнинг кўплигидан келин бечорани бели оғрийдиган бўлди. Бу ҳақда қайнонага айтганди у дўхтирга юбормади. Бу ҳақда у қайинсинглиси Рухшонанинг телефонидан аясига қўнғироқ қилиб айтди. Аяси менга қўнғироқ қилиб ёрдам сўради. Ўтган йили карантин бўлгани учун мен дарҳол Оқдарё тумани ҳоким ўринбосари, Маҳалла ва оилани  қўллаб кувватлаш вазирлиги бўлим бошлиғи Юлдуз Ўроқовага вазиятни тушунтириб, шу келинга ёрдам беришини илтимос қилиб телеграмдан ёзвордим. Аммо Ю.Ўроқова хўжакурсинга келиннинг оиласига бориб, иккита расмга тушириб, менга “Келинларнинг навбатдаги эркалиги экан. Яхши яшаяпти”, дея телеграмдан ёзиб юборди. Ҳолатни синчиклаб ўрганмади. Ҳокимиятдагилардан ҳафсалам пир бўлгани учун Самарқанд вилояти ИИБга ёрдам сўраб қўнғироқ қилдим. Оқдарё туман ИИБдаги айрим масъулиятсиз ходимлар эса мени қўйнимни пуч ёнғоққа тўлдирмоқчи бўлишди.
  Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар учун Самарқанд вилояти ИИБнинг “Telegramm” ижтимоий тармоғи орқали мурожаат қилдим.
  Самарқанд шаҳар “Гендер зўравонликни олдини олиш” ташкилотининг “Telegramm” ижтимоий тармоғига ҳам ёздим. Улар Садоқатга қўнғироқ қилишиб, болага каша ва памперсини олиб беришди.
  Муҳтарам ва Садоқатни август ойида Сабрия ИИБнинг эшиги ёнида кўриб ҳайрон бўлди. Садоқат аясига тез орада Туркияга кетишини маълум қилди. Муҳтарам қудасига неварасига иккаласи қарашлигини, келини ишлаши шартлигини таъкидлади. Сабрия яна мендан нажот кутиб қўнғироқ қилиб дардини айтди. Чунки у қизини четга чиқишини истамади. 
  Мен Самарқанд вилояти ИИБ бўлимига 6 август куни қўнғироқ қилиб, бир муаммони ҳал қилишда ёрдам сўрадим. Бироздан сўнг Оқдарё тумани ИИБ навбатчилик қисмидан қўнғироқ қилиб, муаммони эшитиб, “Эртага тезкор гуруҳ юбориб ҳал қиламиз” деди. Аммо ҳеч нарса қилишмади. 8 август куни яна Самарқанд вилояти ИИБ бўлимига арз қилдим. Улар телефон рақамимни Оқдарё тумани ИИБнинг тезкор вакили Бекзод Ҳамидовга беришди. У мен билан боғланди. Мен унга Садоқат исмли келинни апрел ойида қайнонаси туғруқхонага ташлаб кетганини, ҳозир қўлида тўрт ойлик боласи борлигини, келинни қайнонаси алдаб-авраб паспортини паспорт столга бердириб, чақалоғини олиб қолиб, ўзини Туркияга ишлатгани эрининг ёнига юбормоқчи эканини айтиб, уни Туркияга кетишининг олдини олишини таъкидладим. Чунки етти ойдан буён эри Туркиядан бир сўм пул жўнатмаган. Б.Ҳамидов менга “Садоқатнинг онаси ариза ёзиб берсин” деди.
  Сабрия ёрдам сўраб бир ой олдин Оқдарё тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилди. Қўнғироқ қилиб, қизига тезроқ ёрдам беришини ҳам илтимос қилди. Бироқ инспектор ёрдам бериш ўрнига Сабрияни ўзига танбеҳ беришдан бошқасига ярамади. 
Мана сизга ИИБнинг айрим ходимларини иш услуби! Наҳотки, бир муштипар келинга ёрдам бериш шунчалик қийин бўлса!
  Ниҳоят Оқдарё тумани ИИБнинг тезкор вакили Бекзод Ҳамидов Садоқатни, қайнонасини ва Шаҳлони чақиртириб, бўлаётган воқеаларни эшитгач, ёрдамга киришди.  Қайнона ва қайинопа ҳамма айбни келиннга ағдаришди. Туркияга ҳам келин ўзи боришни хоҳлади, дея нотўғри маълумот беришди.
  Садоқат турмуш ўртоғи Туркиядан келгунича тезкор вакилнинг ёрдами билан ўз аясининг уйига қайтди. Оналик вазифасини бажаришга киришди. Она-бола шифокор кўригидан ўтиб, керакли муолажаларни олишди. 
  Садоқат келинлик вазифасини сидқидилдан бажарди, аммо қайнона, қайинопа ва эр ўз вазифаларини унутиб қўйишди. Уни хизматкордек ишлатишни билишди холос.
  Бир муштипар келинни боласидан айириб, оналик вазифасидан мосуво қилиб, Туркияга юбормоқчи бўлганларнинг қўлидан қутқариб қолгани учун Оқдарё тумани ИИБнинг тезкор вакили Бекзод Ҳамидов вазиятни бир зумда ўрганиб, тезкор чора кўргани таҳсинга лойиқдир.
  Карантин тугаб, йўллар очилгач мен Тошкентдан Самарқандга йўл олдим. Садоқатга ёрдам бермоқчи бўлдим.
  Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти Пайариқ туманлараро судига 2 сентябрда “Алимент ҳамда фарзанди уч ёшга тўлгунга қадар моддий таъминот ундириш” ҳақида ариза бериб келдик. Аммо орадан 4 ой вақт ўтсада алиментдан дарак бўлмабди. Шундан сўнг мен Оқдарё тумани МИБ ва прокуратурага қўнғироқ қилиб, ниҳоят 2021 йилнинг январ ойида Садоқатнинг эри Жамол Ўзбекистонда бўлмаганлиги учун қайнонасидан 1500 сўм ундиришга эришдим. 
  Оталик, қайноналик масъулиятини ҳис қилмаган бундай инсонларни ким деб аташ мумкин? Келин ҳам бировнинг гулдек фарзандику! Қачонгача унга қулдек ёки хизматкордек қарашади! Зўравонлик қилиб ўзларини айтганларини қилдиришади? Қачонгача?

Хонбиби ҲИММАТ қизи, журналист










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:



Маълумот